Таҳлил

Улуғбек Бакир: ДАВЛАТ ТИЛИ. МИЛЛАТ ДАРДИ. ХАЛҚ ҚАЙҒУСИ. (3-қисм)

7. “ЧЎНТАК ПАРТИЯЛАР”. “ҚЎҒИРЧОҚ” ДЕПУТАТЛАР.

Инсоннинг хатосини чин дўсти кўзгу бўлиб, айтиб туради, камчиликлари тўғриланишида астойдил ёрдам беради. Душман бўлса, кулдириб, мақтаб, маддоҳлик қилиб, ишини битиради. Унга барибир, ҳар қандай замонда ҳам, ҳар қандай раҳбар даврида ҳам ялтоқлик қилиб, думини ликиллатиб, нафсини қондирса бўлди.

Хўш, бугун президентга хато ва камчиликлар ҳақида юрак ютиб, тўғридан-тўғри айтадиган сиёсатчи борми, Ўзбекистонда? Йўқ! Сабаби, буни айтадиган сиёсий мухолифат (оппозиция) йўқ, аниқроғи, улар йўқ қилинди, бадарға қилинди. Энг камида 10 йилдан бошлаб, 25 йилгача чет элларда яшаётган мухолифатчиларни ватанга қайтариш ҳақида шу кунгача лом-мим дейилмаяпти. Бу кетишда бўлса, дейилмаса ҳам керак.

Дунёнинг исталган демократик давлатларига қаранг, ҳамма ерда мухолифатчилар эркин, қонуний асосда сиёсий партиялар ўлароқ, фаолият олиб боради. Ўзбекистондаги мавжуд тўрт сиёсий партиялар эса “қўғирчоқ”, “чўнтак партия”лар эканлигини халқ ҳам, президент ҳам, уларнинг ўзлари ҳам яхши билади. Бу партиялар фақат сайловлар пайтида кўзга кўриниб, ўзларига берилган ролларни қойилмақом тарзда ижро этиб, навбатдаги сайловгача яна йўқлик қаърига ғарқ бўладилар. Партияларнинг Олий Мажлисдаги “қўғирчоқ” депутатлари ҳам, асосан, қарсак чалишдан бошқа ишга ярашмайди. Тўғри, яқиндан бери, президентнинг кескин танқидларидан кейин халқ уларни ойнаи жаҳон орқали оз-моз таний бошлади. Лекин, шунда ҳам улар юрак ютиб, ўзларининг сиёсий фаолиятларига доир асосий масалаларни гапирмай, 85-ўриндаги муаммолар ҳақида чиқиш қиладилар. Эссиз, буларга ажратилган эфир вақти…

Бошқа нормал давлатлардаги каби бу депутатлар икки дунёда ҳам расмий ҳукуматга мухолиф бўлиб, аниқ-тиниқ сиёсий дастурлар билан ўртага чиқолмайди. Ҳеч қачон президентни, ҳукуматни танқид қилишга юраги бетламайди. Бундай қилиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Танқид дегани бу – томонлар бир-бирига мағзава ағдариб, ёқалашади, бир-бирини ҳақоратларга кўмади, туҳмат-бўҳтонлар ёғдиради дегани эмас. Асосли, холис ва конструктив танқид – келажакнинг меваси эмасми?! Мухолифат дегани бу асло – душманлик дегани эмас. Бу соғлом рақобат демакдир. Айтингчи, рақобат йўқ жойда ривожланиш бўладими?

Мухолифат бу – ойна, кўзгу! Ҳар куни президент ҳам, ҳукумат ҳам бу ойнадан ўзларининг аксларини кўриб туришлари керак. Шундагина олдинга силжиш бўлади, тараққиётга эришилади. Фақат шундагина яна орадан йиллар ўтиб, бугунгидек, афсус ва нодамат чекиб, барча ишларни янгитдан бошламаймиз.

8.ШАФФОФ САЙЛОВЛАР КЕРАК

Олий Мажлисда ўтирган депутатлар эркин, шаффоф сайловлар орқали сайланмаганлигини бугун ёш болалар ҳам билса керак. Ўзбекистонда сайловлар қандай ғирромлик ва адолатсизликлар билан ўтишини, ҳозир бу ерда, яна такрорлашга ҳожат йўқ. Шахсан ўзим бундай сайловлар пайтида ишлаганим учун ҳам, бу тизимни яхши биламан, десам бўлади. Ҳар қандай депутат номзоди аввал Тошкентдаги юқори идоралардан тасдиқлангандан кейин жойларда номигагина, кўзбўямачилик учун сайлов ўйинлари бўлиб ўтади. Кейин улар депутат этиб “сайланади”. Афсус, йиллар давомида халқимизнинг қанчадан-қанча маблағлари бу ўйинларда ҳам кўкларга совурилди. Депутатлик лавозими бир неча минг долларга, мўмай пора эвазига сотиб олинишини ҳар қандай соддадил ўзбек ҳам билса керак.

Ўзбекистонда порахўрлик, коррупция аралашмаган бирор бир соҳа қолмаганини биз эмас, президент Мирзиёев минбарларни муштлаб, куйиниб гапирябди. Бир йил ичида амалдорларга “ҳамманг порахўр, ҳамманг нонкўрсанлар”, деб очиқ айтиб, қанча раҳбарни президент ишдан олмади, дейсиз.

Гарчи шундай экан, президент дарҳол бугунги Олий Мажлис депутатларини тарқатиб юбориб, янги эркин, шаффоф, адолатли, ҳаққоний сайловларни ўтказиши керак. Бундай қилишга қонунан, президентнинг тўла ваколати бор. Сайловда халқ ўзи танлаган халқпарвар фарзандларига эркин овоз берсин. Ҳокимлар ҳам шундай умумхалқ сайловлари орқали сайланишлари зарур. Бу ҳақда президент бир гапирди-ю, кейин бу мавзуга бошқа қайтмади. Балки бугун бу ишларнинг фурсати эмасдир. Бугун президентнинг бошида сони бор-у саноғи йўқ, жуда чигал ва оғир ишлар қаторлашиб турибди.

Бир йил ичида чорак асрлик муаммоларни бирданига ечиб ташлайдиган президентнинг сеҳрли таёқчаси йўқлигини ҳам яхши тушунамиз. Шу билан бирга президентнинг барча фармон ва қарорлари Ўзбекистон бўйлаб бир хилда ишламаётганини ҳам ҳамма кўриб, билиб турибди. Лекин, эртами кечми барибир мамлакатда эркин сайловлар бўлиши керак. Фақат шундагина ривожланамиз!

Бутун Ўзбекистон фақат бир президент ва вазирларга қараб, ҳокимларга кўз тикиб, “олма пиш оғзимга туш, берсанг ейман, урсанг ўламан”, деб ўтираверса, яна бир неча ўн йилликларга орқага кетишимиз муқаррар. Бундан эса Худонинг ўзи асрасин!

Давлат ва жамиятнинг ҳамма бўғинлари аравани тенг тортиши керак. Ҳукумат ҳам, парламент ҳам, маҳкама (суд тизими) ҳам, бизнес ҳам, мухолифат ҳам, фуқаролик жамияти ҳам, матбуот ҳам биргаликда елкама-елка ишласагина ривожланиш бўлади.

Ҳозир фақат ҳукумат ўз билганича ишламоқда. Парламентимиз эса нима иш қилаётганлигини ўзи билмайди. Уларни ҳам президент туртиб турмаса, тебранишмайди. Ваҳоланки, улар тўла мустақил бўлишлари керак. Маҳкаманинг ҳам ўта абгор аҳволини Мирзиёев ўзи яхшилаб телевизорда халққа тушунтириб берди. Тадбиркорлик (бизнес) соҳаси ҳам давлатдан тўла ҳолда мустақил эмас. Бу соҳада ҳам муаммоллар қалашиб ётибди. Мухолифат эса таг-туги билан йўқ, ҳаммаси хорижда. Фуқаролик жамияти ҳам шундай йўқ ҳолда. Матбуотимиз аввалгига нисбатан анча жонланиб қолди. Лекин, улар ҳам тўла мустақил эмас.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги Ўзбекистоннинг бир қаноти бор-у иккинчи қаноти йўқ қуш кабидир. Икки қаноти бўлмаса, қуш учолмайди. Ўша иккинчи қанотни тўғрилашимиз, биргаликда тузатишимиз керак. Бу ишни қанча эртароқ қилсак, шунча яхши. Зотан, жонажон Ўзбекистонимиз, барчамизнинг азиз она Ватанимиздир!

9.ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг қудрати энг аввало, унинг тилидадир. Бугун дунёдаги энг қудратли давлатларга боқинг, ҳаммаси биринчи галда, ўз она тилларига катта эътибор ва ҳурмат билан қарашади. АҚШ, Европа, Хитой, Россия, Туркия, Араб мамлакатлари каби бир қатор давлатларни олиб қаранг, барчасида ўз тили ҳукмрон. Бежиз ҳазрат Навоий “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз”, деб айтмаган.

Ўзбекистонимизда бугун давлат тили – она тилимизга эътибор қай даражада? Бу саволга жавоб топиш учун ҳам яна ўша касаллигимиз ташхисига мурожаат қилишимиз керак.

“Балиқ бошидан сасийди”, деганларидек ўзбек тилига эътибор энг юқори поғоналарда қай ҳолдалига назар солишимиз керак бўлади.

Ўзбек тили давлат тили мақомини олганлигидан 28 йил ўтиб ҳам давлатнинг энг юқори идоралари асосан рус тилида иш олиб боришини қандай тушунишимиз керак?!

28 йил эмас, атиги 3-5 йилда, боринг ана 10 йилда ҳар қандай хорижий тилни мукаммал ўрганиб, ўша тилда ҳужжат ишларини ҳам юритиш даражасига эришиш мумкин. Агарда бунга истак ва ирода бўлса, албатта. Табиийки, ўша тил сизга керак бўлса, албатта…

Мустақилликка эришганимиздан 26 йил ўтиб ҳам она тилимизни мукаммал ўргана олмадик. Ҳали ҳануз президент фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа қатор юқори давлат идораларининг норматив ҳужжатлари аввал рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Бунда ҳам ҳамма ҳужжатлар ўзбек тилига таржима қилинмайди.

Президент Каримов 27 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган бўлса, бирор марта ўзбек тилида ёзилган ҳужжатга имзо қўймаганлиги маълум. Аввал рус тилидаги ҳужжатни имзолаган. Бирор марта ўз қўли билан ўзбекча матн ёзмаган, бу тилда ўқимаган. Ҳаттоки, оғзаки нутқида ҳам (қоғоздан ташқари ҳолда) ўзбекча сўзларни яхши талаффуз қилолмаган, гапларни ҳам тўғри шаклда тузолмаган. Бу сўзларни шунчаки осмондан олиб ёзаётганим йўқ. Агарда сиз эътибор бермаган бўлсангиз, архивлардан топиб кўришингиз мумкин. Бу ҳақда ўша пайтларда ҳам минг марта гапирганмиз, ёзганмиз…

Балки Ислом Каримов ўзбек тилида таҳсил олмагани, уни устига оиласи ҳам русий забон бўлганлиги учун ҳам ўзбек тилини яхши ўзлаштирмаган, дейишимиз мумкиндир. Хўп, 25 йил ичида тўпланган муаммоларнинг бир бўлаги сифатида бу муаммони ҳам бир четга суриб турайлик. Лекин, нима учун ҳозир ҳам айнан шу муаммо давом этмоқда. Ҳозир ҳам президент Мирзиёев ҳужжатларни рус тилида имзолашни давом эттирмоқда. Бу ҳам етмаганидек, русча ёзилиб, имзоланган ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам ўзбек тилига таржима қилинмаябди.

Ўзбекистонда фаолият юритадиган sof.uz сайтида 21 октябрь куни нашр этилган “Ўзбек тили – халқники, рус тили – давлатники” номли мақолада айнан шу муаммо келтирилган.

Иқтибос:

“«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси биринчи қисмида қуйидагилар битилган: «Ўзбекистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарор ва бошқа ҳужжатлари республика давлат тилида тайёрланади, қабул қилинади ва эълон этилади. Расмий нашрларда уларнинг рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа тиллардаги таржимаси берилади»…

Афсуски, президент чиқарган норматив ҳужжатларнинг фақат рус тилида эълон қилиниши биринчи марта содир бўлиши эмас. 21 август санасидан бери president.uz сайтида жами 25 та норматив ҳужжат, жумладан, 8 та фармон ва 17 та қарорнинг имзолангани тўғрисида хабар берилгани ҳолда, фақатгина 12 та ҳужжат матни (6 та фармон ва 6 та қарор) ўзбек тилида эълон қилинган. Қолган 13 та норматив ҳужжат имзолангани ҳақида фақат рус тилида ахборот берилган”. (Иқтибос тугади).

Бу муаммо биринчидан, амалдаги қонун бузилиш ҳолати бўлса, иккинчидан ва энг асосийси, бу ўзбек тилига бўлган ҳурматсизлик ва фақат ўзбекча биладиган фуқароларнинг ҳуқуқларини топташдир.

Шу ўринда, Абдулла Қаҳҳор домланинг: “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди”, деган сўзларини эслашимиз фойдадан ҳоли бўлмайди.

(Давоми бор)

Улуғбек Бакир
журналист

24 октябрь, 2017 йил,
Норвегия

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil, Uzbek. Bookmark the permalink.