Улуғбек Бакир

ДАВЛАТ ТИЛИ. МИЛЛАТ ДАРДИ. ХАЛҚ ҚАЙҒУСИ. (2-қисм)

4. ҚУВҒИН

Асл ватанпарвар зиёлиларимиз Ватандан қувиб чиқарилганларидан кейин ҳам улар “менга нима, нима бўлса бўлмайдими, шунча курашдим, шунча гапирдим фойдаси бўлмади. Мана энг фаровон, ривожланган давлатларга келиб қолдим, бу ерларга келишни орзу қилганлар қанча, энди бу ёғига ўзим учун, фарзандларим, яқинларим учун мазза қилиб яшай, қорним тўқ, устим бут, тагимда машина, уйим, яхши маош тўланадиган ишим бор, дунёни кўриб, саёҳат қилиб умргузаронлик қилай” демасдан, хорижда ҳам ўзи туғилиб ўсган ватани ғамида кеча-ю кундуз ёниб яшашди, яшашмоқда. Охир-оқибат, юқорида айтганимдек, “халқ душмани”, “ватан хоини”, “ватангадо” каби ёрлиқларга “эришишди”. Худди бундан 80 йил муқаддам босқинчилар томонидан отилган миллатимиз ойдинлари бўлмиш – буюк Қодирий, Чўлпон, Фитратлар бу ёрлиқларга “эришгани” каби.

Нима бўлишига қарамасдан, барча машаққатларга чидаган ва чидаб келаётган бармоқ билан санарли даражада, ватан ичида жуда оз қолган миллатпарвар, халқпарвар зиёлиларимизга таъзим қилишимиз керак. Улар ўзлари ва яқинларининг ҳаётига хавф бўлса-да, урилиб-сурилиб, таъна-дашномлар эшитиб, ҳақиқат ва адолат қарор топиши учун тинмай курашиб келишмоқда.

5.ОСМОНИМИЗ МУСАФФО

Бугун президент таъкидлаётган, чорак аср мобайнида йиғилган муаммоларни миллат ойдинлари ўз вақтида айтган пайтларида уларга душман деб қаралди. Улар келтирган далил ва асосларга, ҳужжатларга кўз юмулиб, унинг ўрнига ярим ўрисча, ярим ўзбекча “а зато юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, қолган нарсалар секин бўлаверади” қабилидаги манқуртона иборалар ёппасига урчиб кетди. “Ҳой, барака топгур, осмон мусаффо бўлгани билан, юртда эрталабдан кечгача бемаза лапарлар янграни билан муаммолар ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Уни биров келиб, ҳал қилиб бермайди” дейилганда, қаердаги бўлмағур аҳмоқона гаплар билан бу ҳаққоний сўзларга болта урилди. Охир-оқибат топганимиз бугунги аччиқ ҳолат бўлди.

Албатта, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳаммамизга керак. Илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин! Лекин, бизлар нима учундир ватанимизни ҳамиша нотинч бўлган, ривожланмаган давлатларга солиштираверамиз. Тўғри, дунёнинг айрим жойларида урушлар кетмоқда. Уларга ачинамиз, албатта. Биз уларга ачиниш, имконимиз бўлса ёрдам бериш баробарида, Яратганга шукроналар келтириб, дунёда ривожланган, халқи фаровон яшаётган, тараққиётга эришаётган мамлакатларга қараб, ўзимизни таққосламаймизми? Шунда бизлар ҳам улар каби ривожланмаймизми? Қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаб, баландпарвоз, қизил гаплар билан ёш болага ўхшаб “мени хўрозқандим ҳамманикидан ширин”, деб мақтаниб юраверамиз?!

6.ҚАРСАКБОЗЛИК

“Бизда ҳамма нарса зўр, олам гулистон, ура-ура”, деб мана чорак асрни ўтказдик. Бу давр мобайнида қанча сувлар оқиб ўтди, қанча азизларимиз дунёдан ўтиб, яна қанча гўдакларимиз дунёга келди. 25 йил! Инсон умрининг айни гуллаган, кучга тўлган палласи!..

Президент бугун деярли барча соҳани янгитдан ислоҳ қилиб (сиёсий ислоҳотлар ҳозирча кўринмаяпти), янги тизим яратмоқчи бўляпти. Лекин, бир муҳим савол очиқ қолмоқда. Орадан яна 20-25 йил вақт ўтгандан кейин, худди бугунгидек, ҳамма ишни яна қайтадан бошламаймизми?!

Бир вақтлар Ислом Каримов ҳам ҳокимиятга янги келганда ислоҳотлар тўғрисида, ҳозиргидек, гап-сўзлар бўлмаганмиди? Бўлганди… Натижасини эса, мана кўриб турибмиз…

Ҳозирда ҳам бирор хатолик бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Албатта, иш бор жойда хато бўлиши табиийдир. Беайб парвардигор! Бу ҳақда Мирзиёев ҳам “хатоларим бўлса, тан оламан ва тўғрилайман” деган мазмунда яқинда гапирди. Бундай бўлса, яхши.

Лекин, ҳар қандай инсон, шу жумладан, давлат раҳбари ҳам, ҳатто, доноларнинг доноси, олимларнинг олими бўлган чоғида ҳам ўзининг хатоси ўзига кўринмайди, билинмайди. Президентнинг ёнидаги давлат маслаҳатчилари ва вазирларимиз ҳеч қачон президентга дадил тарзда бу хато, бу тўғри деб айта олмайди. Уларга ҳам амал ва тинчлик керак. Президент нима деса, шуни маъқуллаб туришдан бошқага ярашмайди. Худди қадимги Қўқон хони Худоёрхон давридагидек. Боз устига кўпининг ёши бир жойга етиб қолган. Улар мажлисларда тинмай президентнинг нутқларини дафтарга ёзиш билан ва қарсақбозлик билан кун ўтказмоқдалар. Аввал ҳам булар шундай эди. Ҳар икки гапининг бирида “муҳтарам президентимиз, улуғ юрбошимиз” деб маддоҳлик қилиб, мақтайвериб Каримовни салкам пайғамбарга тенглаштириб қўйишган эди. Ҳозир ҳам аҳвол ўша-ўша. Олдингидан фарқи, ҳозирда кўп вазирларни, ҳокимларни халқ ойнаи жаҳон орқали кўриб, уларни юзидан таний бошлади. Олдин ТВда фақат бир киши кўрсатиларди, холос.

Буларни яхши тушунган президент Мирзиёев уларнинг жойини алмаштириб, худди ҳокимлар каби кўпларини ишдан ҳайдаб улгурмаяпти. Ҳозир қайси вазир қаерда, қай ҳоким қаерга кетди, ким янги, ким эски ажратиб, таниб бўлмайди. Мирзиёев ўзи айтганидек, янги ёш кадрларни қидирмоқда. Аммо, ёш кадрдар ҳам осмондан тушмайди…

Шавкат Мирзиёев “ура-ура қарсакбозлик керак эмас, беш йилни қарсакбозлик билан ўтказмаймиз”, дейишга қарамасдан мулозимлар унинг гапларини янада қуюқ қарсаклар ва мақташлар билан кутиб олишда давом этмоқда.

(Давоми бор)

Улуғбек Бакир
журналист

24 октябрь, 2017 йил,
Норвегия

%d bloggers like this: