Улуғбек Бакир

ДАВЛАТ ТИЛИ. МИЛЛАТ ДАРДИ. ХАЛҚ ҚАЙҒУСИ (1.қисм)

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Алишер Навоий

Мундарижа:

1.ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ТИЛИ
2.КАСАЛЛИГИМИЗ ТАРИХИ
3.ДАРДГА ДАВО ИЗЛАБ
4.ҚУВҒИН
5.ОСМОНИМИЗ МУСАФФО
6.ҚАРСАКБОЗЛИК
7.“ЧЎНТАК ПАРТИЯЛАР”. “ҚЎҒИРЧОҚ” ДЕПУТАТЛАР.
8.ШАФФОФ САЙЛОВЛАР КЕРАК
9.ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ
10.ДАВЛАТ ТИЛИ ДАВЛАТДА ИШЛАЙДИМИ?
11.ҲАР ЖОЙНИНГ ЎЗ ТИЛИ БОР

  1. ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ТИЛИ

Куни кеча ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 28 йил тўлди. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон ҳали мустақилликни қўлга киритмасдан аввал “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Бу қонун ўз-ўзидан қабул қилиниб қолган эмас. Ўзбек тили – давлат тили бўлиши учун жуда кўп курашлар бўлиб ўтган. 1988 йил 11 ноябрда бир қатор зиёлилар томонидан Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган ҳукуматга мухолиф ташкилот – “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Тошкент марказида, кўп минг сонли намойишчилар иштирокида тинимсиз ўтказган митинглари сабабли ўзбек тили давлат тили мақомини олган.

1989 йилдаги Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, тўрт ой аввал иқтидорга келган мамлакат раҳбари Ислом Каримов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига қарши турганлигини, лекин, ўзбек халқи талаби билан бу қонун қабул қилинганлигини халқимиз яхши эслайди. Кимдир истайдими, истамайдими, бу тарихий ҳақиқат.

Орадан бир йил ўтиб-ўтмай, 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламенти – Олий Кенгаш депутатларининг 90 фоизи И.Каримовнинг хоҳишига қарама-қарши бир шаклда Мустақиллик Декларациясини қабул қилган. Аслида шу сана Ўзбекистон мустақилликка эришган кундир.

2.КАСАЛЛИГИМИЗ ТАРИХИ

Хўш, 28 йил аввал эришилган давлат тили – ўзбек тилимизнинг бугунги аҳволи қандай? 28 йилдирки, бу савол атрофида бир қатор зиёлиларимиз, тилимиз жонкуярлари тинмай гапирадилар, кўплаб мақолалар ёзадилар. Лекин, аҳволимиз ҳеч ўзгарай демайди. Бу аслида жамиятимизнинг, миллатимизнинг оғир дарди, тузалмаётган сурункали касаллигидир. Тиббиётдан маълумки, ҳар қандай касалликни даволашдан аввал унга тўғри ташхис қўйилиши керак. Агарда шифокор томонидан ташхис нотўғри қўйилиб даволанса, беморнинг ҳоли баттар ёмонлашиб, оқибатда ўлиши ҳам мумкин. Жамиятдаги, давлатдаги иллат-касалликларни ҳам даволашдан олдин унга тўғри ташхис қўйилиши керак. Акс ҳолда, касалликларимиз тузалмайди, яна бошқа кўчаларда сарсон бўлиб, зулмат ичидан бошимиз чиқмайди.

Бир йилдан бери президент Шавкат Мирзиёев бот-бот такрорлаб айтиб келаётган муаммолар аслида бир кунда пайдо бўлган эмас. Ўтган 25 йил даврда ҳамма соҳа вайрон бўлиб, ўта абгор ҳолга келиб қолганлигини президент ойнаи жаҳондан айтавериб, чарчамади. Ўзбекистон бугун улкан муаммолар гирдобида қолганлигининг асл сабабини президент балки ўзбекчилик қилиб ёки яна бошқа сабаб халққа ошкора айтолмаябди ёҳуд айтишни истамаябди (ҳозирча). Лекин, доно халқимиз гап нимада эканлигини аллақачон тушуниб етган. Президентнинг танқид қилмаган соҳаси, айтмаган гапи қолмади, ҳисоб.

Шавкат Мирзиёевнинг биргина “Биз энди ортиқ аввалгидек яшай олмаймиз, у пайтлар ўтиб кетди, энди янгича яшашга ўрганмасак, халқ биздан рози бўлмайди. Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб, одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб, оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб, шу куйга тушмадикми? Ҳалиям биз барчамиз ўз халқимиз учун бош эгиб, сажда қилишимиз керак, бардош бергани, чидагани учун. Биз ишимизни мутлақо янги тизим асосида ташкил этишимиз керак”, деган сўзлари бизнинг 25 йиллик ўтган давримизга берилган муносиб баҳодир.

Энди дўппини ерга қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик. Ўтган 25 йил ичида бу муаммоларни, хато ва камчиликларни ўз вақтида очиқ-ошкора айтиб, дардимизга тўғри ташхис қўйиб, даволасак нима бўларди? У ҳолда бугунгидек, аянчли ҳолга тушмаган бўлардик. Бугун чорак аср ичида тўпланиб қолган бир уюм муаммоларни қандай ечиш ҳақида бош қотириб ўтирмасдан, олдинга интилиб, янги чўққиларни забт этишга ҳаракат қилаётган бўлардик.

Агарда касаллигимизга тўғри ташхсис қўйиб, ўз вақтида даволаганимизда эди, дардимиз бугунгидек газак отиб кетмаган бўларди. Шундай бўлганида эди, бугун мамлакатнинг биринчи раҳбари юқори минбардан туриб, халққа қандай қилиб товуқ боқишни-ю, тухумларни қандай сотишни, қандай қилиб лимон экишни-ю, заъфарондан қандай фойда кўришликни такрор ва такрор айтмаган, балки дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига қандай чиқишимиз мумкинлиги ҳақида маъруза қилган бўларди. Афсуски, бугун президент шундай гапларни айтишга мажбур бўляпти. Дунёда одамлар самоларни забт этаётган пайтда бизлар оддий маиший нарсалар билан шуғулланишга мажбур қолдик.

Қашқадарёда оддий фермер-деҳқон ўз пешона тери билан етиштирган бодринг, помидор ва пиëз каби маҳсулотларини тирикчилик илинжида бозорда сотаётгани учун уни эркак ёки аёл демасдан, туман ҳокими “нега пахта режасини бажармасдан бозорда юрибсан”, деб туни билан милиция бўлимида ҳибсда сақласа. Андижонда бўлса, бир туман ҳокими вилоят ҳокимининг йиғилишдаги дўқ-пўписа ва ҳақоратларига чидай олмасдан, иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб ўлим топса, уни устига мамлакат бўйлаб, пахта мавсуми билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпайиб кетса, бу ёқдан президент тинмай ислоҳотлар ҳақида гапириб турса, ўзи қайси замонда, нечанчи асрда яшаяпмиз, деб ёқангни ушлаб қоласан киши.

3. ДАРДГА ДАВО ИЗЛАБ

Хўш, ўтган 25 йил ичида юқорида тилга олганимиз – муаммолар ҳақида, дардларимиз тўғрисида 30 млн.лик Ўзбекистон халқидан садо чиқмадими? Шунча вақт мобайнида ҳеч ким ҳеч нарса кўрмадими, эшитмадими?!

Албатта, айтилди, гапирилди, ёзилди. Лекин, бу овозлар, бу нолалар энг юқоригача етиб бормади. Аниқроғи, юқорида ўтирган халқ дардига маъсул бўлган раҳбар(лар) эшитиб туриб ҳам, билиб туриб ҳам, ўз(лар)ини эшитмаганга, билмаганга солди. Жамиятда адолатсизликлар шу даражага етиб бордики, бугун президент прокурор ва судьяларни “ҳамманг ўғри муттаҳамсанлар, сенлардан халқ тўйган” дейишгача борди.

“Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, тизимдан, менга бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди… Барибир ўзгартирамиз охиригача. Ё прокурор ҳалол бўлиб ишлайди, ё умуман прокуратурани йўқ қиламиз. Одамларнинг бошига бало бу, прокурор деган бало. Ҳалол ишламайдими, кетади ҳаммаси”, – деган эди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида прокурорлар ва уларнинг фаолиятини қаттиқ танқид қилиб.

Аслида нега бундай абгор ҳолга тушдик. Ахир бизлар “ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, деб кўкрагимизни кериб гапирардик-ку!..

Савол: Президент Мирзиёев айтиб келаётган, чорак асрда тўпланган давлат ва жамиятдаги қатор муаммолар ҳақида ўз вақтида гапирганлар, ҳукуматга мурожаат қилганлар, ёзганлар бўлмади?

Жавоб: Бўлди, улар ҳозир ҳам бор.

Савол: Хўш, айтилган бўлса, нимага ўз вақтида чора кўрилиб, муаммолар бартараф этилмади?

Жавоб: Муаммоларни эшитиш, бартараф этиш у ёқда, уларни очиқ айтганларга, ошкора ёзганларга “халқ душмани”, “ватан хоинлари”, “тинчлигимизни кўролмайдиган қора кучлар” каби турли ёрлиқлар ёпиштирилиб, улар турли туҳмат ва бўҳтонлар билан ноҳақ қамалиб, умри қамоқларда чиритилди, айримлари қамоқхоналардаги ваҳшиёна қийноқлар сабабли ўлдирилди, қолганлари ватандан бадарға қилинди.

Ноҳақ қамалиб, узоқ йиллардан бери қамоқхоналарда сақланаётган кўплаб миллатимиз жонкуярлари, халқимиз ойдинларидан 14 нафари, шукрки, мана бир йилдан бери озодликка чиқарилмоқда. Лекин, яна кўплаб сиёсий ва диний маҳкумлар зиндонларда қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидан тортиб, прокуратура, ИИВ, МХХ, суд- ҳуқуқ тизими, мудофа, чегара масалалари, яқин қўшничилик алоқалари, миллий бойликлар, дипломатия, тиббиёт, маориф ва таълим, соғлиқни сақлаш соҳасигача, диний соҳадан бошлаб, адабиёт ва санъат, демократия ва инсон ҳуқуқлари, ҳаққоний шаффоф сайловлар, журналистика, эркин матбуот, иқтисод, молия ва банк, сиёсат, спорт соҳасигача бўлган талай муаммо ва дардларимизни ўтган 25 йил ичида, ўз вақтида шу соҳанинг асл фидойилари бўлмиш миллатимиз ойдинлари гоҳ якка тартибда, гоҳ турли ташкилотларга бирлашиб, тинмай айтиб келишди. Ёзмаган мақола ва маърузалари, ҳисоботлари-ю, ҳатто, китоблари қолмади. Сўзламаган радиолари, чиқмаган телевидениелари қолмади. Халқаро минбарлардан турли тилларда гапиралавериб, чарчалмади. Лекин, буларнинг бари ватан ичида бўлмади.

Ватанда эшитиш, тинглаш, бу дардларга қулоқ тутиш ўрнига, улар юртдан бадарға қилинди, қамалди, қийноқлар остида ваҳшийларча ўлдирилди, айримлари сирли равишда ғойиб бўлди. Афсуски, бу “иш”лар халқимиздан гоҳ яширин, гоҳ ошкора шаклда, ёлғон ва туҳматлар эвазига намардларча қилинди. Бу жиноятларни фақат уни содир этган ҳукумат билди, мухолифат билди ва ватандаги айрим зиёлиларимизгина билдилар, холос. Оддий халқ қаердан ҳам билсин. Ватандаги расмий телевидение, радиоларда бу ҳақда гапирилмаган бўлса, газеталарда ёзилмаган бўлса, интернетга катта қулф солиниб, тўсиқ қўйилган бўлса, одамлар дунё матбуотини бошқа хориж тилларида кузатишдан маҳрум этилган бўлса, табиийки, оддий халқ бунча муаммоларни қаердан ҳам билсин.

Агарда ошкора, шаффоф ҳолда қилинганида эди, доно халқимиз ўзининг бундай мард ва жасур, оқил фарзандларини бир ҳовуч муттаҳам амалдорларга “ем” қилиб ташлаб қўймас эди. Худди яқинда юртга қайтган адибимиз Нуруллоҳ Рауфхонни ташлаб қўймагани каби. Мана нима учун ошкоралик, эркинлик керак!

Ошкоралик ўрнига халқнинг қулоғи кар, кўзи кўр, оғзи соқов қилиниб, эрталабдан кечага телевидение ва радиоларда фақат “яллама ёрим, яллола” қўшиқлари берилди, шоирларнинг “ўлдим, куйдим” каби севги-муҳаббат шеърлари ўқилди. Президент Мирзиёев айтганидек, ойнаи жаҳондан тонгдан оқшомгача хорижий сериаллар берилди. Қаерга қаралса, ҳаммаёқни бемаза концертлар, бир тийинга қиммат “хонтахта” кинолар босиб кетди. Асл санъаткорларнинг, ҳақиқий адибларнинг асарлари тортмаларда қолиб кетди. Ўзлари жамиятдан, матбуотдан четлатилди, уларга тақиқ қўйилди.

Ўзбек халқининг оҳу-додлари Яратганга етиб борди чоғи, юртга Мирзиёев президент бўлиб келдики, бу муаммоларни қаторлаштириб, ҳар куни телевидениедан баралла айта бошлади. Ҳамма ёқасини ушлаб, қуёш қаердан чиққанига ҳайрон қолди. Мирзиёев ҳам бу муаммоларни шунча йиллар давомида юрагида сақлаб юрганлиги ўртага чиқди. Акс ҳолда, иқтидорга келган янги президент 3-4 ой ичида бунча оғриқли муаммоларни бирданига ошкора айтишга тайёр бўлмас эди. 13 йил давомида Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиёевнинг ҳатто, суратини ҳам кўрмаган оддий халқ, янги президентнинг бу мардонавор ҳаракатларидан бир қалқиб тушди.

Ана ундан кейин телевидение, радио, газеталар, интернет нашрлар 180 даражага тубдан ўзгариб, кеча оғзиларидан бол томим мақтаб юрган масалаларни энди тескарисини, аниқроғи, ҳаққонийсини гапира бошлашди. ТВда жонли эфирлар пайдо бўлиб, унда жамиятдаги оғир муаммолар очиқ-ошкора айтила бошланди. Лекин, бу ҳам унча узоққа чўзилмай, попуги пасайтирилди.

(Давоми бор)

Улуғбек Бакир
журналист

24 октябрь, 2017 йил,
Норвегия

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil, Uzbek. Bookmark the permalink.