ДАДАХОН ҲАСАННИНГ БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ЖАНОБЛАРИНИ ТУҒИЛГАНИГА 100 ЙИЛ ТЎЛИШИ МУНОСАБАТИ ИЛА ЎТҚАЗИЛГАН ИСТАНБУЛ СИМПОЗЮМИДАГИ ЎҚИГАН МАЪРУЗАСИ
ТУРКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИ МУЖОДАЛАСИДА ИЛҲОМ ҚАЙНОҒИМИЗ БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ЖАНОБЛАРИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАРИМ
Ассалому алайкум азизларим, дўстларим, бекларим! Ассалому Алайкум Вараҳматуллоҳ! Муҳтарам меҳмонлар ва мезбонлар! Ҳурматли Истанбул университети раҳбарияти, Турк дунёси баладиялар бирлиги ва бошқа ташкилотчи дўстлар!
Мени ушбу муборак анжуманга даъват этганингиз учун ғоятда миннатдорман, ташаккур. Боймирза Ҳайит каби турк дунёсининг қаҳрамонини эслаш учун бу ерга тўпланганимиздан беҳад мамнун ва бахтиёрман.
Боймирза Ҳайитнинг Туркистон халқлари, хусусан, ўзбек халқининг мустақиллик учун курашларидаги роли ниҳоятда буюкдир. Буни шахсан ўзим ҳаётимда яшаганман. Унинг асарларини ўқиганимда Туркистоннинг аччиқ тарихини, сўнгги асрлардаги аламли қисматини идрок этиб, дўсту душманни таний бошлаганман. Ва шу тарзда миллий шуурим ривожланган. Ундан кейин Туркистон халқларини Совет асоратидан қутқариш йўлларини ўйлаганман, бунинг чораларини режалашга киришганман. Ва ниҳоят қаламим, бастам, овозим ва созим билан бу қутлуғ йўлда мужодала этиш менга насиб бўлди.
Совет режимига қарши 1970 йиллардан эътиборан бошлаганимиз миллий истиқлол мужодаламизда Боймирза Ҳайит ҳар замон биз учун маънавий раҳнамо ва илҳом манбаимиз бўлиб келди. Сиёсат майдонида “Бирлик халқ ҳаракати”, “Туркистон ислом демократик партияси”, “Ватан истиқлол жабҳаси” ва бошқа барча сиёсий, ижтимоий ва маданий фаолиятимизда ҳар доим Боймирза Ҳайитнинг фикру қарашлари бизга йўл кўрсатиб келган.
Буюк устозга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимни у киши ҳақида ёзган шеърларимда ифода этганман. Боймирза Ҳайитнинг Ўзбекистонга ташрифидан аввал ва кейин мазкур шеърларимни басталаб ижро эттим. Булар “Устозим”, “Изтироб”, “Боймирза Ҳайит ҳасрати”, “Боймирза Ҳайит вафотига” каби қўшиқларимдир. Шунингдек, охирги 20 йилда қаламга олинган шеърларим йиғилган “Она Туркистон” китобимни ҳам Боймирза Ҳайит ҳазратларига бағишладим. Рухсатингиз билан мазкур китобимдан устозимиз ҳақидаги шеъримни ўқиш билан бошламоқчиман.
УСТОЗИМ
Боймирза Ҳайит жанобларининг она юрти Туркистонга келишини шарафлаб айтган қўшиғим
Юз йилдирки тиним билмаган созим,
Самоларда олов ёққан овозим,
Қайрилмас қанотим, баланд парвозим,
Қутлуғ бўлсин қадамингиз, устозим,
Ақрабоим, рахнамоим, хамрозим.
Қайта жамол очган ватан муборак
Қўшиқ айтиб, кулган чаман муборак
Учқур қанот, ёвқур саман муборак,
Қутлуғ бўлсин қадамингиз, устозим,
Ақрабоим, рахнамоим, хамрозим.
Не “савдолар” кечди ўзбек элиндан,
Соврилдик, қоврилдик ёв тарафиндан,
Қутулмоқ бошладик Рус ила Чиндан,
Қутлуғ бўлсин қадамингиз, устозим,
Ақрабоим, раҳнамоим, хамрозим.
Қўлга олдим Темур бобом ўқ-ёйин,
Барча хоинларни дорга осайин,
Сизни хоин деганлар ўзи хоин,
Қутлуғ бўлсин қадамингиз, устозим,
Ақрабоим, раҳнамоим, хамрозим! (15 июль 1992 й. Наманган.)
х х х
Энди сизларга Боймирза Ҳайит жанобларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги кичик бир хотирамни айтиб бермоқчиман.
Биз ўз пайтида Боймирза Ҳайит жанобларини Ўзбекистонга таклиф қилиб ватанда улкан анжуманлар ўтказмоқчи бўлгандик. 1992 йилнинг бошида мустақиллигимиздан ғоятда ҳаяжонландик шекилли, буюк устозларимиз Вали Қайюмхон ота ва Боймирза Хайит жанобларини юртга таклиф этиш ғояси пайдо бўлганди. Шунда кимдир: – Баҳорда Туркия бош боқони Сулаймон Демирэл Ўзбекистонга келар экан, – деди. Устозларимиз айни шу пайтда ватанга келсалар, юртимизда тўй устига тўй бўларди, деган қувонч бизни тинч қўймас эди. Буни қандай қилиб уюштириш мумкин, ‑ деб излана бошладик.
Ниҳоят, юртимиздаги бир гуруҳ ойдин-мунаввар кишилар, ёзувчи, шоирлар, профессор, академиклар номидан мамлакат президентига илтимоснома ёзиб Боймирза Ҳайитни Ўзбекистонга даъват этдик. Бу жараёнда бизга академик Аҳмадали Асқаров ёрдамчи бўлдилар. Аҳмадали ака бизнинг хатимизни Президентга бир неча марта олиб кирган. Президентдан жўяли бир жавоб бўлмаган. Бу жараёндан Ислом Каримовнинг пешонаси тиришган бўлиши мумкин. Президентдан ижобий бир жавоб бўлмагач таклифномани Аҳмадали Асқаров Боймирза акага ўз номидан жўнатиб юборган.
Ниҳоят 1992 йилнинг 12 июль куни Боймирза ака Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. У кишини аввал Тошкент, сўнгра она юрти Наманганни кездирдик. Унинг туғилган маскани Уйчи туманидаги Ёрқўрғон қишлоғига олиб бордик. Эл-юрт, туман аҳолиси Боймирза Ҳайитни карнай-сурнай, нон-туз, катта шодиёналар билан кутиб олишди. Боймирза ака туғилган хонадон ўн кун давомида келди-кетдидан бўшамади. Тўйхонага айланиб кетди. Боймирза ака Андижондаги университетда талабалар билан учрашув ўтказишга ҳам улгурди.
Лекин ҳукуматнинг Боймирза Ҳайитга нисбатан муносабати нисбатан совуқ эди. Устознинг юртига қайтиб келиб халқ томонидан ҳурмат ва эътибор билан кутиб олиниши кимларнидир ғашига тегди шекилли. Ниҳоят, не аламки, Боймирза Хайитдек буюкдан буюк олиму аллома, Туркистоннинг ягона билимдони, энг содиқ ўғлони 52 йилдан сўнг она юртига ташриф буюрган устоз 1992 йил 25-июль куни ўша пайтдаги муваққат расмийлар томонидан ўз она юрти Туркистонни тарк этиб яна бегона юртларга қайтиб кетишга мажбур қилинди. Не ажабки, буюклар шундай, ўз юртига сиғмайдилар.
Энди сизларга Боймирза Ҳайитнинг ватандан қайтиш изтиробини ифодалаган шеъримни айтиб бермоқчиман:
ИЗТИРОБ
Наҳот сиздай норни итлар кет деса,
Билолмадим гуноҳингиз на эди?
Чинорларни наҳот ҳашарот еса,
Билолмадим гуноҳингиз не эди?
Бу турк дунёсига айтинг, не бўлган,
Зиёлисин кўзи қачон ўйилган,
Ор-номуси қай қабрга кўмилган,
Билолмадим, гуноҳингиз на эди?
Яхшига кун йўқдир ёмонлар ичра,
Рахмон қандай яшар шайтонлар ичра?
Машъум замон шулдир замонлар ичра,
Билолмадим, гуноҳингиз на эди?
Устозгинам, тошни дур деб ўйламанг!
Шафақларни тонгги нур деб ўйламанг!
Юртни ҳали озод-ҳур деб ўйламанг!
Билолмадим, гуноҳингиз на эди?
Ватан яна сохта зўрларга қолди,
Яна ўша басир кўрларга қолди,
Курашмаган тайёрхўрларга қолди,
Билолмадим, гуноҳингиз на эди? (1992 йил, 24-июль)
x x x
Боймирза Ҳайит жаноблари Олмонияга етиб боргач, мен у кишига телефон очиб, хол-ахвол сўраб: – Хафа бўлмай кетдингизми? – деганимда, у киши менга:
– Тушунаман, ватандагилар ҳалиям ўша-ўша, коммунистлар-бегоналар. Мен улардан хафа эмасман, бироқ, хонимим юртдан қайтганимиздан буён менга кун бермаяпти: -Ўзбекман-ўзбекман, деб эллик йил мени лақиллатдинг, юртингга борувдик, сени ҳайдаб юборди-ку!? Демак, сен ўзбек эмас экансан-да? – деяпти, деб қах-қаҳа отиб кулди телефонда.
– Бошимга шунча савдолар тушди, мени юртдан чиқариб юборишди, ахир мени Ёзувчилар уюшмасига аъзо қилиб олишган эди, менга Чўлпон мукофотини беришган эди, қани ўша уюшма ва уюшма аъзолари? Ёзувчи, шоир жониворлар бўлиб ўтган воқеага бирон-бир муносабат билдиришмади-ку?! Лом-мим дейишмади-ку?! – деб яна кулди Боймирза ака.
Мен Боймирза акага: – Бизда чинакам ёзувчи-шоир туғилгани йўқ. Булар бари ҳали-ҳануз совет одамлари, “лаббайчи” ва маддоҳлардир, қўғирчоқлардир. Булар сизнинг хафа бўлишингизга сираям арзимайдилар. Булардаги кўз-қулоқ, оғиз-бурун, оёқ-қўлгина одамга ўхшайди. Буларда бошқа бирон бир одамга ўхшайдиган жиҳат йўқдир. Сиз эса буюк Боймирза Ҳайитсиз. Буюклигингизча тураверинг. Булардан хафа бўлиб, ўзингизни буларга тенглаштирманг, – дедим.
Хўш, нега шундай бўлди? – деб ҳали-ҳануз ўйланаман. Шундай нохуш воқеалар бўлишига бош сабабчи ким экан деб узоқ ўйларга толаман. Боймирза Ҳайитнинг юртга келганида халқ томонидан эҳтиром ва эътибор билан кутиб олиниши кимларнидир ғашига теккан бўлиши ҳам мумкин. Ёки расмийлар томонидан тузилган режалар бўйича амалга ошмай қолгани бўлиши мумкин. Уни юртга чақириш ташаббуси юқори органлардан чиққан бўлиши, лекин бошқалар томонидан ижро этилганига ғараз бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Боймирза Ҳайитнинг юртдан чиқариб юборилишига бир неча сабаблар бўлган экан. Мен бу версияларни яқинда эшитдим. Жумладан уруш фахрийларининг ўша вақтдаги раҳбари Расул Ғуломов Президентга хат ёзиб балки телефонда Боймирза Ҳайитни юртдан чиқариб юбормасангиз биз фахрийлар Москвага бориб қизил майдонда намойиш қиламиз деган. Яна бир воқеа шундай бўлган экан. Ўша жараёнларда Президент Наманган Вилоят Партия Қомитасининг котибаси Дилшода Дадажоновадан Боймирза Ҳайитнинг Наманганда бўлиши ҳақида ахборот сўраган. Дадажонова эса Президентга воқеани бўрттириб гапириб берган. Наманган аҳли Боймирза Ҳайитни Пайғамбарни кутгандек жуда катта тантана билан қутиб олмоқдалар. Еру кўк одам билан тўлиб кетган. Боймирза Аканинг Ёрқўрғондаги хонадони тўйхонага айланган деган жавобни эшитган Ислом Каримовни ваҳима босган. Наманган аҳли Боймирза Ҳайитга эргашиб кетса мен кўчада қоламанми деб тахликага тушган бўлиши мумкин. Шундан кейин девондаги масъул кишиларга Боймирза Ҳайитни 24 соат ичида Ўзбекистондан чиқариб юборинглар деб қатъий буйруқ берган.
Боймирза Ҳайит жаноблари 22 июль куни Тошкентга чақирилгач ўша пайтдаги Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Убайдулла Абураззоқов Боймирза Ҳайитга сиз ватандан чиқиб кетар экансиз, бу Президентнинг қарори деган.
Хуллас, нима бўлганида ҳам юқоридаги нохуш воқеага менинг фикрим шуки, хар қандай шароитда хам Боймирза Ҳайитни юртдан чиқариб юборишга хеч кимнинг мутлақо маънавий хаққи йўқ. Чунки Боймирза Ҳайит шу юртнинг асл фарзанди. 70 йилдан буён Туркистоннинг озодлиги ва миллий бирлиги учун курашган чинакам турк фарзанди, алломаси, Туркистон тарихини улкан билимдонидир.
Энди мен сизларга муҳтарам устозим Боймирза Ҳайит ҳақида ёзган шеърларимни айтиб бермоқчиман.
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ОНА-ВАТАНДАН ҚАЙТИБ КЕТИШДАГИ ЧЕККАН ФИҒОНИ
Нетай, юртим қучоғингга сиғмадим,
Куюк бағрим йиғлаб яна тиғладим,
Шунча ғаним ёвлар сиққан бағрингга,
Мен сиғмадим, мен сиғмадим, сиғмадим,
Кечмишларинг кўриб юм-юм йиғладим.
Нетай, юртим мен бир хато қилибман;
Сени ҳамон ўз юртим деб билибман,
Шунча ғаним ёвлар сиққан бағрингга,
Мен сиғмадим, мен сиғмадим, сиғмадим,
Кечмишларинг кўриб юм-юм йиғладим.
Аҳли нокас бўлса элнинг подшоси,
Обод бўлмас юртнинг икки дунёси,
Шунча ғаним ёвлар сиққан бағрингга,
Мен сиғмадим, мен сиғмадим, сиғмадим,
Кечмишларинг кўриб юм-юм йиғладим.
Онажоним, хайр энди, мен кетарман,
Маҳшаргача доду фарёд этарман,
Шунча ғаним ёвлар сиққан бағрингга,
Мен сиғмадим, мен сиғмадим, сиғмадим,
Кечмишларинг кўриб юм-юм йиғладим.
Кўп чарчадим мен бу Ватан йўлинда,
Ватан эса ҳануз ётлар қўлинда.
Шунча ғаним-ётлар сиққан бағрингга,
Мен сиғмадим, мен сиғмадим, сиғмадим.
Кечмишларинг кўриб яна йиғладим.
Юрагимни қайта-қайта тиғладим. (1992 й. 24-июль.)
Маълумингиз, Боймирза Ҳайит жаноблари 2006 йил бу фоний дунёдан кўз юмиб охират диёрига рихлат этган. Бутун турк дунёси каби мен ҳам бу йўқотишдан қаттиқ маҳзун бўлгандим. Ана шу қайғу ичра қаламга олган марсия шеърларимни ўқиб бермоқчиман:
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ВАФОТИГА
Шунча чекканимиз каммиди устод?
Ҳижрон даштларида нақадар толдик
Яна не кўргилик не қисмат ҳайхот!
Наҳотки сиздан хам айрилиб қолдик.
Икки юз йилдирки биз бош урмаган
Дунёда бирон бир тош ҳам қолдими
Юз йиллар изиллаб ватан ватан деб
Бу ғамнок кўзларда ёш ҳам қолдими.
Ватан ғанимлари ҳамиша ҳар он,
Ватан фарзандларин қонин ичдилар
Ватан ватан деган сиз каби зотлар
Ватан тупроғини қачон қучдилар.
Ўзбегим то ҳануз чекиб ғам андух
Тобакай нон излаб изғиб юради.
Дунё бўйлаб чунон дайдиган бу эл
Ватан роҳатини қачон кўради.
Ахир қачонгача бу турк юртларда
Бегона бировлар даврон суради
Юртнинг эгалари эса тоабад
Қисматин томошо қилиб туради.
Сиз кўп чарчадингиз устоди аввал
Беҳад чарчадингиз ватан йўлида
Манзилга етолмай адо бўлдингиз
Бу ёвдан баттароқ биров қўлида.
Бугун эй ногирон нотавон элим
Кимдан айрилганинг билиб олсайдинг
Тошларга айланиб кетган бағрингни
Тирноқларинг ила тилиб олсайдинг.
Бу сўнгсиз чўлларда от суриб ай Турк
Қайноқ тупроқларга ўт қўйиб йиғла
Хеч қачон боламлаб йиғламагандинг
Хеч қурса бугун сен бир тўйиб йиғла. (31-июль 1992 йил)
АЙРИЛИБ ҚОЛДИК
Айрилмоқ мавриди эмасди ҳали,
Ҳали узоқ эди жудолик гали.
Сиз билан шод-хуррам ўйнаб кулгали,
Интилган эдик биз етолмай қолдик.
Бугун нафасни ҳам ютолмай қолдик.
Муборак кунларни кутган эдик биз,
Сабрни жон қадар ютган эдик биз.
Сизни ғоямиз деб тутган эдик биз,
Бугун биз сиздан ҳам айрилиб қолдик,
Синган қанотимиз қайрилиб қолдик.
Бугун биз айрилиб шавкату шандан,
Рамақта жонимиз руҳ ила тандан.
Чиқиб кетолмайин зулмат ватандан,
Қайга бош урамиз бош излаб энди.
Турон даштларинда гиз-гизлаб энди.
Наҳотки эгилди Тангритоғ боши,
Бугун хира тортди Туркнинг қуёши.
Бағирни ачитиб руҳнинг кўз ёши,
Боймирза Ҳайитдан айрилиб қолдик,
Биз ора йўлларда соврилиб қолдик.
Эътиборларингиз учун ташаккур!
Дадахон ҲАСАН, Истанбул, 09.10.2017
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari |