Улуғбек БАКИРОВ

ҚАЙЛАРДАСАН, БОЛАЛИГИМ – ПОШШОЛИГИМ!
Ҳикоя (- IV – сўнгги боб)

Бугунги санъатимиз

Суҳбатимиз асносида Фарруҳ Зокировнинг бу сўзларидан, “агарда сиз мусиқачи бўлганингизда, бир истеъдодли журналистни йўқотган бўларканмиз”, деган маънони уқдим.

Суҳбатимиз узоқ давом этди. Ўзи анча йиллардан бери Фарруҳ Зокировдан интервью олишни орзу қилардим. Худога шукур, бу орзуим ҳам ушалди.

Салкам ярим асрлик ўз тарихига эга бўлган, етти иқлимга довруғи таралган “Ялла” вокал-чолғу ансамбли ва унинг бадиий раҳбари, еттита давлат Халқ артисти Фарруҳ Зокиров ва машҳур Зокировлар сулоласи ҳақида шу пайтгача дунёнинг турли тилларида қанчадан-қанча фильмлар яратилган, сон-саноқсиз интервьюлар олинган. “Ялла”нинг оёғи етиб бормаган жаҳоннинг бирор бир гўшаси қолмаган. Қаерга борса, ўша забонда куйлаб, донг таратган. Гарчи шундай бўлса-да, лекин ҳануз бу афсонавий санъаткорга ва унинг улкан ижодий фаолиятига бўлган қизиқиш сўнмаган, аксинча, тобора ортиб бормоқда. Илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин!

Фурсати келиб қолди, узоқ йиллардан бери қалбимни тирнаётган бир оғир масалада озроқ тўхталиб ўтмоқчиман.

Бугун ўта аянчли аҳволга келиб қолганлигини бот-бот эшитаётганимиз – замонавий Ўзбекистон мусиқа ва қўшиқчилик санъатини жар ёқасидан қайтариш керак бўлса, бу ишга биринчи навбатда элимизнинг атоқли санъат арбоблари: Ҳасан Ражабий, Шерали Жўраев, Фарруҳ Зокиров, Ортиқ Отажонов, Муножот Йўлчиева, Ғуломжон Ёқубов, Насиба Абдуллаева каби бир қатор устоз санъаткорлар зудлик билан сафарбар этилиши керак.

Айни дамда Ўзбекистонда ҳар жабҳада озми-кўпми ўзгаришлар бўлаётган бир паллада санъат соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар олиб борилмаса, асрлар давомида мисқоллаб жамланган маданий меросларимиз бундан-да оғир ҳолга келиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу инқироздан фақатгина шу санъат дарғалари қутқариб қолишлари мумкин. Улар иштирокида махсус Ҳайъат тузилиб, санъаткорларнинг сараси саракка, пучаги пучакка ажралиши керак. Акс ҳолда, жуда кеч бўлади.

Байналминал болалар

Ўша рубобимни ҳали ҳануз онам авайлаб сақлайди. Уйга қўнғироқ қилганимда ҳар замонда бир, рубобим турибдими, деб сўраб қўяман.

Бугун энди онамнинг набиралари мусиқа мактабига боришмоқда. Фортепиано чаладиган жиянимнинг имтиҳонига онам ўзи боряпти экан, худди менинг имтиҳонларимга боргандек. – Қойил-ей, Сизга онажон, чарчамаяпсизми ишқилиб, десам, – йўқ, нимага чарчайман, насиб қилса, мен ҳали чевараларимнинг ҳам имтиҳонларига ўзим бораман, сенларга ишониб бўладими, ҳамманг ўзинг билан ўзинг оворасанлар, дейди. – Илоҳим, шундай қилинг, онажон, дейман.

Болалигимнинг ортга қайтмас қувноқ дамлари ҳақида ёзарканман, мусиқа мактабига борган кезларим бир-бир кўз олдимдан ўтади.

Ҳозир ўйлаб қарасам, болалигимиз асосан, ўрта мактабда, мусиқа мактабида ва турли тўгаракларда ҳамда ёзги лагерларда ўтган экан. Ажойиб дамлар…

Худони берган куни мактабдан тўғри чиқиб, мусиқа мактабига кетардик. Кимнингдир қўлида дутор, кимдадир рубоб, доира ёки ғижжак бўларди. Ҳафтанинг беш кунида икки кун ўзимизнинг чолғу йўналишимиз бўйича дарсда бўлсак, қолган уч кунида бир кундан сольфеджио, хор ва мусиқа адабиётидан сабоқ олардик. Хор ва мусиқа адабиёти дарслари синфларига қараб, ҳамма йўналишдагилар учун бирга қўшиб ўтиларди. У пайтлари хорда кўпроқ русча ашулалар куйлардик. Ўқитувчиларимиз ҳам асосан рус ва татарлар эди. Йилда бир марта мусиқа мактабида катта концерт бўларди. Унда аъло баҳоларга ўқиганлар саҳнага чиқиб куй чаларди, хор қўшиқ айтарди, раққосалар ўйинга тушарди, қўшма оркестр ўз репертуарларини намойиш қиларди. Залда асосан ота-оналар, муаллимларимиз ва бошқа меҳмонлар ўтиришарди. Концертга ойлаб тайёргарлик кўриларди.

Яна булардан ортиб, “Маданият уйи” қошидаги рассомчилик, адабиёт, спорт, сураткашлик, қизлар бўлса, тўқиш-тикиш каби турли тўгаракларга ҳам қатнардик. Мен адабиёт тўгарагига борардим. Унда ёзган шеърларим, мақолаларим газеталарга ҳам чиқиб тутарди. Ҳозир ўйлаб ҳайрон қоламан, қандай қилиб шунча нарсага улгурганмиз. Яна уйга келиб, кўчада ҳам турли ўйинлар ўйнардик, мактабдан берилган вазифаларни бажарардик, ота-оналаримизга уй ишларида ҳам кўмаклашардик ва телевизор кўришга ҳам вақт топардик. Тунга яқин тилимиз осилиб, зўрға каравотга етиб олардик. Эрталаб ширин уйқуда ётганимизда, – тур, мактабингга кеч қоласан, тур деяпман, деган онамизнинг овозларидан уйғонардик. Апил-тапил нонушта қилиб, портфелни орқага илиб, мактабга чопиб кетардик.

Биз турли миллат болалари эдик. Ўзбек, рус, қирғиз, уйғур, татар, бошқир, тожик, украин, грузин, озарбайжон, армани, корейс болалари русча-ўзбекча аралаштириб гаплашардик. Ҳеч қачон миллатчилик нима, диний айримачилик нима билмай ўсдик. Мактабда бир олмани тишлаб, корейс ўртоғимга берсам, у бир тишлаб қирғизга берарди. Рус дўстим танаффусда еб турган “коржик”ининг ярмини татарга берса, татар ичиб турган компотини армани билан бўлишарди. Бир нарсадан жанжал чиқиб, болаларча муштлашиб уришсак ҳам ҳеч қачон миллатимизга қараб тарафкашлик қилмардик. Тарафкашлигимиз ё маҳаллага ёки синфимизга кўра бўларди.

Уйларимизда тўйлар, турли байрамлар ва баъзан таъзиялар бўлса ҳам доим бирга аралашиб қатнашаверардик. Иттифоқ тарқаб кетганидан кейин кўпчилик Россия ва бошқа ўлкаларга кўчиб кетишди. Уларни кузатишдаги “оҳ-воҳ”ларимизни айтмай қўя қолай, худди туғишган жигарларимизни кузатгандек хайрлашганмиз. Кетганлар ичида кўп яхши ўқитувчиларимиз ҳам бор эди. Улар кетиб мактабимиз ҳам, дўстларимиз давраси ҳам ҳувиллаб қолгандек бўлди. Кейин ҳаммаёқ миллийликка айланди. Ўзбекчилик биринчи ўринга чиқди. “Она тилим – жону дилим”, деган шеърлар ёдлаб, “Серқуёш ҳур ўлкам”, деб қўшиқлар куйлашни бошладик. Рус синфлари сони қисқариб, кўпчилик ёппасига ўзбек мактабларига ўтиб кетди.

1-май, 7-ноябрдаги парадлар, байрамлар йўқолиб, “Наврўз”, “Мустақиллик байрами” каби янги байрамлар пайдо бўлди. Бўйнимиздаги қизил пионер галстукларни ечиб ташладик. Кўксимиздаги “октябрят”, “комсомол” значоклари ҳам тарих қаърига ғарқ бўлди. Синф хоналаридаги Ленин бобо портретлари ўрнига Ислом бобо суратлари илина бошлади. Шундай қилиб, бир пастда кўз очиб юмгунимизча катта бўлиб қолдик.

Чархпалак

Шу тарзда йиллар кетидан умрлар ўтиб боравераркан. Бизлар улғайиб, дунёга тариқдек сочилиб кетарканмиз. Лекин, устоз Шермат Ёрматов шу мўътабар 80 ёшларида болажонларга ҳали ҳам дарс бераётганлигини кўриб, лол қолдим!

Ўша жарангдор овоз, ўша кўриниш, ўша сўзлар! Балки ҳақиқий фидойи устозлар баҳордек яшнаб, яшариб юришлари сири ҳам айнан шу беғуборлик ва мурғак қалбларга меҳр нурини тинмай сочишларида бўлса, не ажаб.

Бежиз устозларни чархпалакка қиёслашмас экан. Чархпалак тоғлардан шовуллаб оқиб келган сувни пастдаги ариқдан челакларида тепага кўтариб, уни кичик ирмоқларга элтиб беради. Ирмоқлар эса олис-олисларга оқиб, анҳорларга, анҳорлар дарёларга, дарёлар денгизларга қўшилиб кетаркан. Лекин, Чархпалак ўз жойидан ҳеч қаёққа силжимайди. У яна ҳассослик билан ўзининг беминнат хизматини бажараверади, бажараверади.

Унвонлар

Билмадим, ҳозир ҳам Ёрматов домланинг ўша “Қўшиғим – жон қўшиғим” кўрсатуви борми, йўқми? Бу ҳақда эшитмадим, кўрсатувда айтишмади.

Шермат Ёрматовнинг “Булбулча” ансамблига қатнаган болалардан кўплаб Ўзбекистон халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар ва яна қатор истеъдодли санъаткорлар етишиб чиққан. Улар орасида турли давлат мукофотлари, орден и медаллар олганлар ҳам талайгина.

Аммо шунча сон-саноғи йўқ шогирдлар етиштирган, бутун умрини болаларга бағишлаган бу фидойи инсон 1994 йилда фақат “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланган, холос.

Аслида Ўзбекистон Халқ артисти Шермат Ёрматов давлатимизнинг: “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” каби олий унвонларига муносиб эмасми?!

Бу каби унвонлар агарда Шермат Ёрматовга берилмаган бўлса, билмадим, унда кимларга бериляпти экан.

Таъзим

Мен устоз Шермат Ёрматовга бугун олис Европадан туриб чексиз ташаккурлар айтаман!

Сиз менинг ва мен каби миллионлаган болаларнинг ЎЗГАРМАС БОЛАЛИГИСИЗ!

Биз кечаги болалар анча ўзгариб кетдик, яна ўзгаряпмиз.

Бироқ Сиз ўзгармайсиз.

Биз Сизнинг ўзгаришингизни-да, ҳеч қачон истамаймиз!

Аввалгидек ва ҳозиргидек ҳамиша келажак авлодлар болаларига ҳам азиз Ўзбекистонимизни баралла куйлашни ўргатинг, ўргатаверинг!

Куйласа фақат ВАТАН деб куйласин!

Чалса фақат қалб торин чалсин!

Ўйнаса фақат гулзорларда ўйнасин!

Кулса фақат ОНА бағрида кулсин!

Ўзбекистон болалари!

Дунё болалари!

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Илоҳим, 100 ёшингизда ҳам “Булбулча” билан бирга бўлинг!

Сизга ҳурмат ва эҳтиром ила,

экран ортидаги собиқ ўқувчингиз,

Улуғбек Бакиров
журналист

3-8 июнь, 2017 йил,
Норвегия

https://www.facebook.com/ubakirov

 

%d bloggers like this: