Улуғбек БАКИРОВ

ҚАЙЛАРДАСАН, БОЛАЛИГИМ – ПОШШОЛИГИМ!

– III –

Ҳикоя

Тўйга бориб, тўйим чиққан

Мен шўр пешона бўлса, келиб-келиб ўша куни уйдагилар билан бир қариндошимизнинг тўйига кетгандим. Тўйга Тошкентдан бир машҳур артист келганди. Шунга қизиқиб, “Мультипанорама” эсимдан чиқиб қолибди.

Тўйдан хурсанд бўлиб уйга келсам, бир маҳал бизнинг кўчадаги ва қўшни маҳалладаги ўртоқларим бири олиб, бири қўйиб тинмай чуғурлашиб, “Мультипанорама”га чиққанимни бутун тафсилотлари билан жўшиб айтиб беришяпти-ки, қўяверасиз энди. Қани қулоғимга бир сўз кирса-да…

Энди нима қиламан, деб сочларимни битталаб юлиб кетгандим. Қайта кўролмасам, бугунгидек, “ютуб”да йўқ бўлса, биров телефонига, “айпад”ига ёзолмаган бўлса. Тамом бўлгандим, эзилиб…

Ҳозир шуларни эслаб, кулгидан ичакларим узилиб кетяпти. Сиз ҳам роса куляпсизми?

Бундан ўттиз йиллар олдин қандай болалик даврларимиз бўлган экан-а?! Замон шу қадар тез ўзгариб кетганига ҳеч ишонгим келмайди. Ҳозир у кунлар эртак, афсона энди!

Бугун ватандаги болаларнинг ҳаёти қандай экан, билмайман. Менимча, улар ҳам худди Америка ва Овропадаги болалардек, “смартфон-планшет” болалар бўлса керак, деб ўйлаб қоламан.

Ёрматов домланинг “онлайн-дарслари”

Янглишмасам, домла Ёрматов дафтарга қўшиқ матнини диктант каби ёздирарди. Ёки ўзимиз истаб ёзармидик, эсимда йўқ, ҳарқалай, мен дафтаримга ёзиб олардим. Кейинги дарсгача ёдлаб олардим.

Хуллас, худди мактабимиздаги ашула дарсини бизлар телевизорда ҳам ўтардик.

Ҳозир ўйлаб қарасам, ҳали интернет йўқ замонда домла “онлайн-дарслар”ни йўлга қўйган эканлар. Қойил!

Мен эсимни таниганимдан буён, шу кўрсатувни томоша қилардим. Балки мусиқага, санъатга бўлган қизиқишим шундандир.

Менинг рубобим

Рубоб чалишга боғча ёшидаги давримдан қизиқардим. Унга ҳам шу телевизор сабабчи бўлган. Ҳар гал зангори экрандан рубоб чалиб чиққан болаларни кўрсам, ҳавасим келарди. Одатда, ҳамма болалар аввал мусиқа мактабига озроқ борганларидан кейин ота-оналари чолғу асбоби олиб беришади. Менда эса, тескариси бўлган.

9-10 ёшлар бўлсам керак. Кунлардан бир куни онам билан қўшни шаҳардаги китоб магазинига бордик. У пайтлари китоб дўконлар ичида рубоб, дутор, гитара, труба каби мусиқа асбоблари сотиларди. Ҳамиша шундай бўлганми, эсимда йўқ, лекин ўша куни дўконда бир рубобни кўриб қолдим.

Рубобни ўзи, биринчи бор, шу куни “живой” кўришим эди. Кўрдим-у, шуни олиб берасиз, деб онамга оёғимни тираб олганман. Онам анчадан бери қидириб тополмаётган бир китобини, кимдандир шу дўконда борлигини эшитиб, мени ҳам етаклаб келган эди. Магазиндаги менинг “кичик концертим”дан кейин онам бечора ўша рубобни олиб бериб, аранг қутулганди. Менимча, 12 рубль эди, шекилли.

Ўша “қашқар” рубобни кўтариб, аввал “Пионерлар уйи”даги рубоб тўгарагига бордим. Борсам, бир тўда болалар ичкарида доираларни данғиллатишиб, қулоқларни қоматга келтириб, хоналарни тўзитиб юришипти. Бу ҳам етмагандек, уч-тўрттаси фортепиано клавишини муштлаб, “шайтонлашяпти”. Камига қолган “санъаткорлар” трубаларни пуфлаб, бўкиртириб ётишибди. Қисқаси, “ҳақиқий оркестр” “концерти” авжига чиққан пайтига кириб борибман. Хонада домла йўқ. Жиннихонанинг ўзгинаси. Кейин бир маҳал домла кириб келди. Ҳамма бирдан тинчиди. Домлага мақсадимни айтдим, тўгаракка ёзилдим.

“Пионерлар уйи”га бир-икки борганимдан кейин қайтиб бормадим. Менга ёқмади. Уни устига бу тўгаракда нота билан ўргатмас экан. Шу, кўзингиз билан кўриб, эслаб қолишингиз керак экан. Ноталарнинг номи ўрнига мана бу парда, анаву парда, деб эсим кетарди. Бунга онам ҳам унамади, бўлмайди, бормайсан, эртадан мусиқа мактабига борасан, деди.

Шу-шу кейин мусиқа мактабига боришни бошладим. Лекин охиригача тугатолмадим. Фақат уч йил ўқидим, холос. Лицейга ўқишга ўтганимдан кейин вақт бўлмай қолди. Бу ерда дарслар эрталабдан кечгача эди.

Мусиқа мактабидаги қизиқарли дамлар ва ҳангомалар жуда кўп. Уни ҳам бир куни илҳом келганда ёзарман.

Лекин рубобни “ташлаб” юборганимдан афсусланмайман. Барибир мендан созанда ёки санъаткор чиқмасди. Бундай орзуим ҳам йўқ эди, аслида. Фақат бир “хобби” ўлароқ қизиқардим, холос.

“Худо бир сақлаган экан”

Ўтган йили халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон Халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан у кишидан интервью олганимни мухлисларимиз яхши билишади. Орада интервью пайтидаги танаффусдан фойдаланиб, бироз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Гап орасида мен ҳам бир пайтлар озроқ рубоб чалганимни, кейинроқ ташлаб юборганимни Фарруҳ Каримовичга айтиб бердим.

Шунда Фарруҳ Зокиров, -Худо бир сақлаган экан-да, сизни, деб ҳазиллашиб кулдилар.

Кимдан-кимдан, лекин Фарруҳ Каримовичнинг ўзларидан бундай жавоб кутмаганмидим, билмайман, ҳар ҳолда эсанкираб, гапимни ҳам тополмай қолгандим. –Э, аттанг, бекор ташлаган экансиз, деган мазмунда гапирсалар керак деб ўйлагандим, шекилли.

Балки ҳақиқатдан ҳам ҳазил аралаш айтилган бу сўзларда улкан маъно бордир. Ким билади, дейсиз…

(давоми бор)

https://www.facebook.com/ubakirov

 

%d bloggers like this: