Улуғбек БАКИРОВ

ҚАЙЛАРДАСАН, БОЛАЛИГИМ – ПОШШОЛИГИМ!
– II –

Ҳикоя

Бирга куйлайлик

– Қани унда бошладик, деб Шермат Ёрматов ҳар бир нотани ҳижжалаб тушунтириб, роялда битталаб чалиб, яна болаларга такрорлатиб, – энди ҳаммамиз, экран қаршисидаги болажонларим, сизлар ҳам биргаликда куйламиз, бошладик, деб бир қўшиқни сатрма-сатр, нақоратма-нақорат куйлатарди, ўзлари ҳам бирга куйларди.

Кечагидек ҳамон эсимда, биз уйдаги болалар сандиқдай келадиган, икки киши зўрға кўтарадиган оғир телевизор қаршисида худди ўша студияда тургандек, хор билан бирга жўр овозда куйлардик.

Ёрматов домлани шу даражада яхши кўрар эдик-ки, у киши бизнинг ўз оиламиз аъзосидек эди, гўё. Бамисли биз билан бирга яшардилар.

“Мультипанорама”

Шу ўринда, ҳозир беиҳтиёр кўз олдимга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова ҳам “лип” этиб келди.

Ўша бизнинг беғубор болалик пайтларимизда Гавҳархоним Зокирова “Мультипанорама” кўрсатувини олиб борардилар. Бола эмасмизми, “Мультипанорама” дейишга тилимиз келмай, “мультфильм опа” чиқди, дердик.

Яхши эслайман, ғоятда гўзал, лобар аёл, айниқса, кулгилари шу даражада ўзига ярашиб турардики, опанинг чеҳрасидаги табассуми жуда таъсирли ва ёқимли эди. Биз, экран қаршисидаги шумтака болакайлар, мана ҳозир-ҳозир телевизорни ичига кириб кетадигандек, сел бўлиб, қатиб ўтирардик. Кўрсатувни бир нафасда қимирламай кўрардик, десам ҳам бўлади.

Билмадим, ўзи ҳаммада ҳам болалик даврлари шундай таъсирчан ва бир умрга ёдда қоларли ўтадимикин ёки фақат мен шунақаманми, ҳозир ҳайрон бўлиб ўтирибман.

Бир пайтлар катта-катта ёзувчиларнинг болалик ҳақида ёзган ҳикоя ва қиссаларини ўқиб, орадан шунча йиллар ўтиб кетган бўлса, қандай қилиб бунча нарса ёдида сақланиб қолдикин, деб ҳайрон бўлардим. Бугун бу ҳақда ёзарканман, энди тушунгандек бўляпман. Болалар психологиясининг ўзгачалигини эса кейинроқ билдим…

Армонга айланган хат

Гавҳархоним Зокирова эртакни тугатганидан кейин маза қилиб мультфильм кўрардик.

Шу севимли кўрсатувимиз таҳририятига мен ҳам кўпчилик болалар қатори хатлар ёзардим. Хатларни Гавҳар опа мароқ билан эфирда ўқиб берарди. Лекин, мени хатим ҳеч чиқмасди, чиқай демасди. Шундай бўлса-да, умид қилиб, қайта-қайта ёзаверардим, кутаверардим. Буни ҳамма ўртоқларим ҳам биларди. Улар менга, – сени хатинг чиқмайди, овора бўлиб нима қиласан ёзиб, дейишарди.

Хатда нималарни ёзардим, ёдимда қолмабди. Хатларимга кўпинча раҳматли каттабувим ёрдамлашарди. Гавҳар Зокирова саволлар берармиди ёки бошқа нарса сўрармиди, эсимда йўқ, ҳарқалай, ҳар сафар турли хил нарса ёзардим. Демак, ёзишга қандайдир топшириқ бўлса керак-ки, ҳар гал Гавҳар Зокирова экранда бир қоп хатни ёнига қўйволиб, ўшаларнинг энг сараларидан танлаб, бир-иккитасини ўқиб берарди. Ва ҳар кўрсатув якунида жилмайиб, табассум ила, -албатта ёзинг, сизнинг хатингизни ҳам келгуси дастуримизда ўқиб бераман, албатта ёзинг, хўпми! Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси-69, деб ёзинг, деб қайта-қайта болаларга мослаб айтардилар. Бундай ширин сўзлардан кейин менимча, республика бўйича ёзмаган болани ўзи қолмагандир. Ҳа, айтганча, расмлар ҳам чизиб юборардик. Уни ҳам катта экранда кўрсатарди.

Қисқаси, мен ёзаверардим, ёзаверардим, хатим ҳеч чиқмас эди. Тақдирни қарангки, ваниҳоят, бир куни мени хатимни Гавҳар Зокирова ўқиб, чизган расмларимни кўрсатиб, роса мени мақтабди, раҳматлар айтибди. Мен шўр пешона бўлса, келиб-келиб ўша куни…

(давоми бор)

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.