Улуғбек БАКИРОВ


ҚАЙЛАРДАСАН, БОЛАЛИГИМ – ПОШШОЛИГИМ!

– I –
Ҳикоя

7 ёшли чемпион

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон “Миллий ТВ”нинг “MTV Show” дастурида 2017 йил апрель ойида Руминияда бўлиб ўтган болалар ўртасидаги Шахмат бўйича мусобақада қатнашган Ҳумоюн Бекмуродов Жаҳон чемпиони бўлибди.

Бундан ташқари, 7 ёшли ўзбек ўғлони Ҳумоюн Бекмуродов ўтган йили 6 ёшида Жаҳон Гиннесс рекордлар китобига дунёдаги энг ёш спорт усталигига номзод сифатида кирган экан.

Ўзбекистонда шундай ўғлонларимиз бор экан, бизлар бехабар эканмиз.

Қойил, омад ёр бўлсин сенга, жажжи укам Ҳумоюн! Бундан-да, юксак парвозлар ёр бўлсин!

Чемпионлик муборак бўлсин!

Чин дилдан табриклаймиз!

Ҳумоюннинг ота-онаси ва устозларига офарин, минг раҳмат! Юртимизда шундай йигит-қизлар кўпаяверсин! Хурсандмиз!

Кексалик нима билмайман

Дастурнинг иккинчи ярмида чиққан киши мен учун ҳақиқий сюрприз бўлди. Қувончим ичимга сиғмайди. Аслида бу ҳикояни ёзишимга шу киши сабабчи бўлди.

Юртимизда бу улуғ инсонни танимайдиган одам бўлмаса керак.

7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма яхши билади, бирдек ардоқлайди!

Бутун умрини болалар санъати мактабига бағишлаган устоз мураббий, Ўзбекистон Халқ артисти Шермат Ёрматовнинг айнан “болалар куни”да ойнаи жаҳонга чиқиши кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди, десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.

78 ёшли Шермат Ёрматов ярим асрдан зиёдроқ болажонларга мусиқа ва ашуладан дарс бериб келади. Бу кишининг 78 ёшга кирганлигини интернетдан кўриб, кўзларимга ишонмадим. Наҳотки?!

Кўрсатувда айтилганидек, Шермат Ёрматов йиллардан буён ҳеч кексайгани билинмайди. Мен у кишини экран орқали кўрмаганимга, эшитмаганимга ҳам анча йиллар бўлганди. Ўша бизлар болалигимизда ойнаи жаҳон орқали кўрган Шермат Ёрматов ҳали ҳам ўшандек, бардам ва кўркам кўринишда. Биров 80 ёшни қоралаган отахон деса, ҳеч ким ишонмайди. Ошиб кетса, 55-60 ёшли кишига ўхшаши мумкин.

– Бунинг сири нимада, Шермат ака, деб сўрайди, кўрсатув бошловчиси, таниқли хонанда Достон Убайдуллаев.

– 55 йилдан кўп бўлди, шу болажонлар билан бирга ишлайман. Уларнинг қалби, беғуборлиги менга ҳам ўтган бўлса керак-да. Бунинг сири балки шундадир, деб кулади, устоз санъаткор.

Шубҳасиз, Шермат Ёрматовнинг биринчи ўқувчилари, бугун нафақат ота-она балки бобо-ю буви бўлишган. Уларнинг қатор набиралари ҳам бугун ўша сизу биз билган “Булбулча”да Шермат Ёрматовдан сабоқ олишмоқда.

Шермат Ёрматов эса, ҳануз ўша-ўша Шермат Ёрматов!

“Булбулча”нинг булбуллари

Хор дирижёри, композитор, болалар хори санъатининг фаол тарғиботчиси, Ўзбекистон Халқ артисти – Шермат Ёрматов 1939 йилнинг 17 октябрида Фарғонада таваллуд топган.

1967 йилда Тошкент Давлат Консерваториясини хор дирижёрлиги мутахассислиги бўйича тугатган.

1962-1982 йилларда “Бойчечак” хор студиясининг раҳбари, 1967-1970 йилларда “Ўзтелерадио”да хор жамоаси дирижёри вазифасида фаолият юритган.

Юртдошларимиз учун яхши таниш бўлган “Булбулча” болалар хорига Шермат Ёрматов 1971 йилдан буён бадиий раҳбар ва Бош дирежёрлик қилиб келади.

Ш.Ёрматовнинг “Қўшиғим – жон қўшиғим” кўрсатувини халқимиз яхши билади.

“MTV Show” ижодкорларига катта раҳмат! Бу кўрсатувни кўрар эканман, болалигимнинг қайноқ дамлари бир-бир кўз олдимдан ўтди.

“Қўшиғим – жон қўшиғим”

Эсимда, ўша “Қўшиғим – жон қўшиғим” кўрсатувини биз болалар интиқлик билан кутардик. Янглишмасам, дастур ҳар ҳафтанинг якшанба кунлари чиқармиди ёки икки ҳафтада бирми, аниқ эсимда қолмабди. Ишқилиб, болалар уйда бўлган, улар учун қулай кундузги вақтда эфирга чиқарди, бу кўрсатув.

Кўрсатувда Шермат Ёрматов ҳар гал катта қора рояль қаршисида чиройли кийиниб ўтириб, ўзига хос овози билан болаларни эркалаб, хордан дарс ўтарди. Студияда байрамона кийинган ўғил-қизлар.

Домланинг экран қаршисида қалдирғоч болаларидек чизилиб ўтирган биз болалар билан саломлашишининг ўзи яна бир алоҳида мавзу.

У киши худди бизларни кўриб, биз билан жонли гаплашаётгандек туюларди.

Бу нарсани мен кейинчалик ўсмирлик пайтимда таниқли устоз журналист Раҳимбой Жуманиёзов олиб борадиган “Алифбо сабоқлари” кўрсатувида сезганман. Жуманиёзов домла ўша пайтда роса урф бўлган араб алифбосини ёзув тахтаси (доска)га бўр (мел) билан ёзиб дарс ўтардилар. Билмадим, ҳозир Ўзбекистон телевидениесида бундай кўрсатувлар борми, бу устозлардек, профессионаллар қолганми, хабарим йўқ. Бўлса эшитардик, лекин…

(давоми бор)

 

%d bloggers like this: