Улуғбек Бакиров

Ulugbek3ТАНҚИД БИЛАН БИРГА ЮТУҚЛАРНИ ҲАМ АЙТАЙЛИК!

Кеча, якшанба куни Андижонга икки яқин дўстларимга қўнғироқ қилиб, анча дилдан суҳбатлашдик. Дўстларимнинг бири врач, бири қишлоқ хўжалиги бўйича инженер…

Энг аввало, шуни айтишим керакки, олдинлари Ўзбекистондаги дўстларим, ошна-оғайниларимнинг ҳаммаси ҳам телефонда камина билан очиқ-ойдин гаплашишдан чўчишарди. Минг қилмаса ҳам хориждамиз ва “мухолифатчи” деган номимиз бор. Гаплашилганда ҳам оддий рўзғор гаплари ва тўй-аза каби маиший гаплардан четга чиқишмас эди. Мен ҳам буни тўғри тушунардим.

Яқиндан бери эса, мутлақо бошқача ҳолат. Авваллари телефонда гаплашишдан ҳадиксираб юрадиганлар энди бемалол, эркин гаплашябдилар. Гаплашганда ҳам аввалгидек, оддий гапларни эмас, мен сўрамасам ҳам ўзлари билмаган ҳолда, беихтиёр сиёсатни, ҳокимларни ва ҳатто, Мирзиёевни гапиришмоқда. Олдин Каримовни на яхши гапини, на ёмон гапини гапиришарди. Умуман чурқ этишмасди. Оддий деҳқони ҳам, инженеру ўқитувчилари ҳам шундай.

Мен эса, бу янги гаплардан ажабланиб, ёқамни ушлаб қолябман. Худди олдинги пайт билан ҳозирги давр орасида 5-10 йил ўтиб кетгандек, назаримда. Аслида эса, кўп бўлгани йўқ, 4-5 ой бўлди, холос.

Кеча гаплашган ўша болаликдаги дўстларимнинг сўзларини қисқа тарзда, ихчамлаб айтадиган бўлсам, уларнинг айтганлари шундай бўлди:

– чет элдаги врачлар секин-асталик билан бўлса ҳам ватанга қайтиб келишябди;

– ҳақиқатдан ҳам кўп жойларда, айниқса, қишлоқларда соғлиқни сақлаш тизими ачинарли ҳолда;

– Мирзиёев бекорга ҳар куни “қишлоқ врачлик пунктлари” ҳақида гапирмаябди;

– дори-дармонлар жуда қимматлашиб кетганди. Сифатсиз ҳар хил дорилар кўпайиб кетганди;

– тез ёрдамларда дори бўлса, бензин йўқ, бензин бўлса, дори йўқ эди, ҳозир сал тузук бўлиб қолди;

– жарроҳлик амалиётлари фалон пулга айланиб кетганди, ҳозир ҳамма врачлар оёғи куйган товуқдек, питирлаб қолган;

– туғруқхоналар ҳам шу аҳвол ва ҳ.к.;

– ҳокимлар, маҳалла раислари ва бошқа каттаю кичик раҳбарлар ҳам бир жойда, аввалгидек, ўтиролмай қолишди. Ҳамма раҳбар кўчада, маҳаллама-маҳалла кезиб юришибди;

– умрида туман ҳокимини яқиндан кўрмаган одамлар, – ие, сиз бизни ҳокиммисиз, яхши бўлди келганингиз, деб одамлар бири олиб бир қўйиб, ҳокимларни қулоқ-миясини қоқиб ташлаябди;

– туман ҳокими ҳам қолиб, ҳатто, вилоят ҳокимлари ҳам ўз қабулхоналарида кунига юзлаб одамларни шахсан қабул қилиб, уларнинг муаммоларига ечим топиб беришябди, одамлар хурсанд, ҳоким ҳам бизни эшитаркан-а, деб ҳаммани оғзи қулоғида;

– ўтган йилларда раҳбарларнинг кўп адолатсизликларидан безиган одамлар, устингиздан Тошкентга ёзаман, арз қиламан, деганда, билганингни қил, менга деса ундан нарёғига ёзмайсанми, деб писанд қилмаган раҳбарлар, бугун бошқача “куйлашмоқда”;

– “портал”га ёзишдан аввал бизга ёзинглар, қабулхонага келинглар, агарда биз ҳал қилиб беролмасак, кейин “портал”га ёзинглар, деб илтимос қилиб юришибди. Ҳаммасининг попуги роса пасайган ҳозир;

– одамлар ҳам жуда уста бўлиб кетишди, ким бир нима деса, дарров, “портал”га ёзаман, деб шантаж қилишгача боришябди;

– уйида шароити борларга товуқлар, жўжаларни тарқатишиб юрибди, қорамол боқаман, деганларга ҳам мол олиб беришябди;

-аввал банкдан кредит олиш учун таниш-билиш қилиб, навбатга туриб, устига “шапка” бериб маблағ олинадиган бўлса, эндиликда банкирлар уйма-уй юриб, ўзлари кредит таклиф қилиб юришибди, ҳужжатларини ҳам ўзлари югуриб тайёрлашиб берябди;

– бизнинг ҳокимимиз маҳалламизга келиб, тўйларни сал камҳарж қилинглар, тўй қилсангизлар мени ҳам айтинлар, шундай қабулхонамга таклифнома ташлаб кетсангизлар бўлди, имкон топиб келаман, энди ҳар куни биргамиз, деб кетди. Одамлар ҳайрону лол…

– айрим жойларда светлар олдингидан кам ўчябди, газлар ҳам яхши бўлиб қолди, фақат жойларда ичимлик суви муаммоси ҳал бўлиши қийин бўлиб турибди…

Хуллас, дўстлар билан шу ва шу каби жуда кўп янгиликларни кеча анчагача отамлашиб гаплашиб ўтирдик.

Ўзи бундан бир кун аввал, kun.uz сайтида нашр этилган каттагина мақола ва видеохабарларни кўриб, хурсанд бўлгандим. Унда айнан мен туғилиб, ўсган Жалақудуқ туманидан махсус репортаж тайёрланган бўлиб, лавҳада туманимиз ҳокими, вилоят хокимлиги мутахассислари ҳамда бир қатор раҳбарлар билан журналистлар қишлоқларга бориб, аҳоли билан шундай кўчада мулоқот қилиб, муаммоларнинг ечимларини қидиришябди. Камчиликлар билан бирга ютуқлар ҳам кўрсатилди. Шахсан туман ҳокими интернетда фаолият қиладиган журналистга видеоинтервью берябди. Бундай ҳол аввалда ҳеч кузатилмаган.

Бу ҳам майли, бугун яна ўша kun.uzда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов салкам бир соатлик видеоинтервью берибди. Ҳозир бошидан охиригача диққат билан кўрдим. Не кўз билан кўрайки, кеча дўстларим айтган гапларни бугун вилоят ҳокими ҳам гапирябди.

Ҳоким жуда самимий гапирди, назаримда. Журналист ҳам одамлардан йиғилган саволларни умумийлаштириб, тўғридан тўғри ҳокимга берди. Ҳоким ҳам оддий тилда, лўнда қилиб, “деҳқончаси”га ҳамма гапни гапирди. Ютуқларни ҳам айтди, муаммо ва камчиликларни ҳам ва ҳатто, ҳужжатлардаги қўшиб ёзилишларни ҳам гапирди ҳамда бошқа кўплаб саволларга батафсил жавоб берди.

Суҳбат якунида таҳририятга келган 200 дан ошиқ саволларни журналист ҳокимнинг ишчи гуруҳига топшириб кетишини ва уни ҳоким кўриб чиқиб, ҳал қилишини мухбир кадрда туриб айтди. Бу – Ўзбекистон шароитида – ҳақиқий сенсация!

Суҳбатда ҳокимга кўра, Андижон вилояти Республикадаги аҳолиси энг зич жойлаган ҳудуд бўлиб, вилоятда аҳоли йилига 52 минг нафар атрофида кўпаймоқда. – Бу рақам кичикроқ бир туманнинг аҳолисига тенгдир. Бунча одамни ҳам боқиш керак, ҳам кийинтириш керак, ҳам уй-жой керак. Камчиликларимиз жуда кўп. Улар устида ишлаябмиз. Шахсан мен кунига 200 дан ортиқ одамларни қабул қилябман. Айрим раҳбарлар халқ билан мулоқот қилишга мослашолмаябди. Ё мослашиш керак ёки кетиш керак, деган мазмунда гапирди ҳоким.

Ютуқлар, камчиликлар ўз йўлига. Лекин, мени журналист сифатида қувонтирган ва ўйга солган жиҳат бошқа нарса.

Гап шундаки, ўтган 25 йил ичида, Ўзбекистон ТВларида фақат бир “катта”дан бошқа раҳбар умуман кўринмасди. Аниқроғи, кўринишни ҳам хоҳлашмасди. Бошқа раҳбарларни бир четга қўя туринг, ҳаттоки, ҳозирги президент Мирзиёевни ҳам халқ Каримов вафотидан кейин ТВда кўришни бошлади. Бунинг сабабларини ҳаммамиз биламиз.

Ўзбекистонликлар аввалги президентдан бошқа раҳбарларни, масалан, вазирларни ТВ орқали кўришмаган. Мабодо уларни кўчада кўриб қолган тақдирда ҳам (бўлиши мумкин эмас!) танимасди. Қайтанга Россиянинг Лаврови-ю, Шойгуларини танишса танишардики, лекин, ўзларининг на ҳокимларини, на вазирларини дийдорини кўришмаганди. Оддий одамларни қўйинг, мактабдаги ўқитувчи ўз вазирининг суратидан таниш тугул, ҳаттоки, исм шарифиниям билмасди. Мен бунга кўп гувоҳ бўлганман.

Энди эса, қуёш қайси томондан чиқди-ки, кунда-кунора, жаноб Мирзиёев ТВ орқали вазирларини исми ва шарифи билан чақириб, тик тургизиб, мажлисларда “олиб бориб, олиб келябди”.

Аввал ТВдаги “Ахборот” ва “Давр”ларга қизиқмайдиган оддий одамлар ҳозирда ҳар куни бу дастурларни қолдирмай кўраётгани, янги ўзгаришлар бўлишидан умид қилаётганини, биз хорижда яшаб, билиб турибмиз.

Бугунга келиб, оддий ўзбекистонликлар анча-мунча вазирларни таниб қолишди. Вазирлар, ҳокимлар ТВда чиқиб, интервью беришлари яқин йилларда кузатилмаганди.

Шахсан ўзим ишлаган Андижондаги маҳаллий ТВлардан биламан-ки, 90-йилларнинг охирларида, ҳоким тугул, оддий колхозни раисидан пахта терими пайтида интервью олсак, уни студияда соатлаб ўтириб, қайчилаб, монтаж қилардик. Раиснинг бирор гапи сал мундайроқ кетиб қолса ва вилоят ҳокимлигидан гап тегса, ҳаммаёқ бир зумда остин-устун бўлиб, мажлис устига мажлис бўлиб кетарди. Энди Марказий ТВларнинг ҳолини шундан билиб қўяверинг!

Вилоят ҳокими Обидов ва ундан кейинги ҳокимлар даврида ҳам оддий одамлар билан учрашув у ёқда турсин, ҳокимларнинг юзини кўрмаган андижонликлар обидовлар ҳақида турли афсоналарни айтиб юришарди. Ҳокимият биносига бўлса, ҳар ким ҳам яқин йўлолмасди. Ҳозир эса, янги давр бошланябди, чоғи. Илоҳим, шундай бўлсин!..

Бугун кўрганим, вилоят ҳокимининг интервьюси монтаж қилинмабди, ҳокимнинг сўзлари қайчиланмабди. Агар ҳокимнинг ҳар икки гапининг бирида, “муҳтарам президентимиз”, деган иборасини ҳисобга олмаганда, менимча, у киши самимий ва чин дилдан, энг муҳими, ўзини эркин тутиб, “деҳқончаси”га гапиргани диққатимни ўзига тортди.

Бир пайтлар расмий ТВларда чиқишга қўрққан, интернет журналистикасидан эса, ўта хавфсираган раҳбарлар, бугун интернет-ТВларда бемалол чиқиш қилаётганлари, яқин пайтларда Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги борасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга ошиб қолса ажаб эмас, деган ўйга чорлайди, кишини.

Қолаверса, журналистнинг сўзларига кўра, ҳокимлар билан бундай интервьюлар қилишни улар айнан Андижондан бошлабдилар. Навбатда бошқа вилоятларга ҳам шундай сафарлар қилишар, ҳокимлардан интервьюлар олишар экан.

Шу ўринда, жаноб Мирзиёев ҳам тез орада, алоҳида вақт топиб, бирорта чет эл ОАВга интервью берса ёки журналистлар учун бир матбуот анжумани уюштирса, жилла қурсин, ўзимизни ўзбекистонлик мухбирларга суҳбат берса, нур устига аъло нур бўларди.

Бу йил – Халқ билан мулоқот йилида ажаб эмас, янги президент бошқа қўшни давлатлар президентлари каби ойнаи жаҳон орқали жонли эфирда одамларнинг саволларига тўғридан-тўғри жавоб бериб қолса.

Ислом Каримовнинг сўнгги бора хориж матбуоти тугул, ўзимизнинг бирор бир ОАВга интервью берганини ким эслайди?! Масалан, мен эслолмадим. (Агарда ҳар йили Хотира кунлари “Мустақиллик майдони”даги арчалар ёнида туриб берган қисқа интервьюларини ҳисобга олмасак. Унда ҳам монолог бўларди, холос). Ҳозир фақат ёдимга, Каримовнинг узоқ йиллар аввал, россиялик таниқли журналист Виктория Панфиловага берган интервьюси келди, холос. Бошқасини билмайман…

Умуман олганда, гапираман десак, ёзаман десак, гап кўп, кўмир оз…

Мақолам поёнида мухолифатдаги сафдошларимга айтмоқчи бўлганим шуки, албатта, Ватанда муаммолар талай, тиқилиб ётибди. Тўғри, ўтаёган 5 ой давомида (Мирзиёев президентлигининг 2 ойлигида) биз истаган сиёсий ислоҳотлар ҳозирча бошлангани йўқ. Умид қиламизки, бунга ҳам етиб келамиз.

Лекин, шу давр мобайнида озми кўпми ислоҳотлар бўлаётганлигини кўриб, кузатиб турибмиз. Кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олсак, энг камида, инсофдан бўлмас! Бизлар танқид қилиш баробарида Ватанда бўлаётган ўзгаришларни ҳам тан олайлик!

Холислик бўлмаган жойда – адолат бўлмайди!

Бизлар 27 йил жуда узоқ муддат кутган дилимиздаги сўзларнинг аксариятини, бугун, Шавкат Мирзиёев айтмаябдими?! Каримов замонида бу муаммоларни тан олишлик у ёқда турсин, расмий ҳукумат томонидан, ҳаттоки, айтилиши ҳам мумкин эмас эди-ку! Бугун, ҳар қалай юксак минбарлардан айтилябди, озми кўпми қилинябди ҳам. Бундан буёғига ҳам, Худо умр берса, кўрармиз! Ҳали ярим йил ҳам вақт ўтмади!..

Мирзиёевга Каримовдан жуда катта оғир мерос қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Ўзбекистонда чорак асрдан бери йиғилиб қолган қатор муаммоларни тезда ҳал қилишнинг имкони йўқлигини ҳам биламиз. Агарда ҳукумат бугунги йўлидан оғиб кетмаса, секин-аста биз истаётган ислоҳотлар ҳам бўлиши мумкин, деган умидни асло йўқотмайлик!

Янги ҳукумат қилаётган ислоҳотларни биз каби мухолифатчилар баралла айтадиган бўлсалар, уларни дарровда, “маддоҳлар”, “сотқинлар” каби ёрлиқлар билан “сийламайлик”!

Зотан, ҳар биримиз маддоҳлик билан холисликни фарқига борадиган ёшдаги инсонлармиз!

Умидингдан айри тушма, энг оғир пайтда,
Тундан кейин тонг отади, дўстим, албатта!

Илоҳим, Янги Тонглар ҳар куни отаверсин!

Улуғбек Бакиров,
журналист

20 февраль, 2017 йил,
Норвегия

 

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tug'yon radiosi, Uzbek. Bookmark the permalink.