Дилдаги гаплар

jm_12-6-2016Ноумид шайтондир!

Ҳамманинг ва ҳамма нарсанинг душманлари бўлади. Бу оддий ҳақиқат. Лекин умиднинг ҳам душманлари бўларкан?!
Кимлардир келажакдан умид қилаётган бир пайтда уларни айбалаётнлар чиқиб қолмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин?
Айблаётган ўзини ким деб ўйлайди?
У кимки, келажакни айтиб беролса?
Одамлар энг оғир шароитларда, урушларда қон дарё бўлиб оққанда ҳам умидга суянганлар.
Золимнинг зиндонларида тишлари синганда, совуқ бетондан нафрат қилганларида темир эшикдан кўринган ёғду ҳам умид эди.


Дунёнинг турли бурчакларида сарсон-саргардон юрганларнинг ҳам таянчи умид бўлган.
Отаси-онасидан айрилганда оддийгина визани ололмай юм-юм йиғлаганларнинг, боласи чегаранинг у томонида ўзи бу томонда бўзлаганларнинг, қариндошининг тўйига ёки азага бириш учун зор-зор қақшаганларнинг ҳам орзу-умуртқаси умид бўлган.
Бугун энди золимнинг даври битди. Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу давр қандай бўлишини вақт кўрсатади.
Қўлидан бир иш ёки бир таклиф айтиш келмайдиганларнинг ҳам даври тугади. Янги давр ўз лидерларини ва ўз мухолифатини яратади.
Худди кечаги каби, ундан олдинги каби бугун ҳам одамларни умид оёқда тутиб турибди.
Иссиқ уйда ўтириб уларни умидсизликка чорлаш, умид қилганлари учун айблаш фақат ва фақат ўзларининг ҳаром манфаатларини ўйлайдиганларнинг иши. “Ҳалқум” деган сўзни яшириб, дилда яшириб, тилда “халқим” дейдиганларгина умид қилувчиларни айблайди.
Бугунга қaдар жуда кўп нарсани йўқотдик. Аммо умидни сақлаб қолдик. Бундан кейин ҳам умид билан яшаймиз.
Умид инсонга ҳеч қачон залолат келтирмаган. Балки умидсизлик залолатдир!
Инсон умиддор, шайтон умидсиз! Шунинг учун ҳам “Ноумид шайтон”деймиз. Ноумид шайтонлардан асрасин!

Жаҳонгир Муҳаммад.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Фейсбукдан, JM and tagged . Bookmark the permalink.