Мирзиёевга таклифлар

viza3. Халқни “ОВИР” зулмидан қутқазинг!

Ўзбекистонга инвеститсия киритиш учун хориждаги инвесторларнинг ишончини қозониш осон иш эмас. Буни Сиз жуда яхши англайсиз.
Шундай экан, биринчи қадам сифатида тадбиркорлар, бир бурда нонимни ўзим топаман деганлар, олисдаги яқинлари билан дийдорлашишни истаганлар, қариндошлариникига бориб-келишни режалаганлар, тўй, ўлим-йитимларда шошилинч йўлга чиққанлар, умуман барча ўзбекистонликларни “ОВИР” деган зулмдан қутқариш керак.
Бу Президент учун жуда осон масала.
Ана шу осон масалани ҳал қилиш билан нимага эриши мумкин?


Биринчидан, миллионлаб одамларнинг ишончига ишонч қўшилади.
Иккинчидан, жуда катта коррупсияга чек қўйилади.
Учинчидан, Ўзбекистонда бизнес қиламан деганлар, инвесторларнинг маҳаллий тадбиркорлар билан алоқалари яхшиланади, борди-келдилар осонлашади.
Қўшма корхона тузишдан олдин хорижлик биснесмен, инвестор қонунларни, муҳитни ўрганади. Ўзига шерик топишга ҳаракат қилади. Шундай одамларни даъват этиб, гаплашади. У “эртага етиб кел” деса, шериги етиб келиши керак. Бизнесда сўзида туриш пулдан кейинги қудрат. Ўзбекистонлик тадбиркор “ОВИР” деган муаммони айтса, табиийки инвесторнинг ихлоси қайтади. Умуман бундай мамлакатни унутишга ҳаракат қилади.
Хуллас, бугун “ОВИР”нинг кўзланган фойдадан келтираётган зарари катта. Дунёда Шимолий Кореядан бошқа мамлакатда бунақа тизим йўқ. Бу ўз халқига ишонмасликдан келиб чиқади.
“Қаерга кетаяпсан?” “Нега кетаяпсан?” “Нима иш қиласан?” каби саволлар халқни камситади. Қолаверса, “ОВИР” тизимидагилар бу нарсалар билан ҳам ишлари йўқ. Ким пул берса, ўшанга рухсат берадилар. Каттароқ пул берганга тезроқ, озроқ берганга секинроқ. Бермаганга эса баҳона қидирадилар.
“ОВИР” эшикларида сарсон бўлаётганларга раҳми келмаган одам қолмади.
Президент сифатида битта фармон билан жамият танасидаги бу саратонни кесиб отинг!
Бу халққа яхшиликнинг энг ёрқин намунаси бўлади!

Жаҳонгир Маматов,
“Ўзбекистонликлар Конгресси”нинг раиси,
Вашингтон.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek and tagged . Bookmark the permalink.