“Сиам” эгизаклари”

babur_malikovthumbnail2. КАРИМОВ-КЕТ! МАДАМИНОВ –КЕТ!

-Бобур ака, агар Мадаминов “ойдан тушмаган” бўлса, 1994 йилда нега уни қўлладингиз ва ҳатто унинг таклифи билан Истанбулга бордингиз? Ёдингизда бўлса, биргаликда таҳририятларга ҳам борган эдик…

-Ҳа, мен борганман. Туркияда жуда кўп мулозимлар билан учрашганман ва уни қўллашларини сўраганман. Мен бу билан унинг шахсини эмас, балки ўзбек мухолифатни қўллашларини сўрагандим. Унинг бу қадар ўз шахсини ўйлайдиган, худбин эканлигини қаёқдан билай? У Каримов билан дўстлашиб, (бу ҳақда кейинроқ муҳим маълумотларни келтираман), Каримовнинг ўйинларига кириб, хатолар қилди, боши деворга урилиб, кўзи очилди, деб ўйлаган эдим. Кейин АҚШга келганида ҳам унга ҳамроҳлик қилганман. Мақсад, ҳаммамиз бир бўлайлик, деган фикр эди. У бу ерга келганда ҳам асосий диққатни Абдураҳим билан жанжалга сарфлаган. Қачон келмасин, албатта жанжал қилиб кетади. Абдураҳим очиқ жанжал қилса, Мадаминов усталик билан уюштиради. Кейин билиб қолиб, ёқангни ушлаб юрасан. Чунки у маҳоратли сиёсатчи эмас. Жуда ҳам содда ва ўзини мақтаган одамнинг қулига айланиб қолади. Бу эса сиёсатчи учун назардан қолиш демакдир. Шу ўринда мен унга лақма-ўжар сиёсатчи деган баҳо берган бўлардим. Бир томондан очиқдан очиқ лақмалигини кўрсатади, иккинчи томондан ўжарлик қилиб ана шу лақмалигини ҳимоя қилади.

-Мана шу хусусда кўпчилик айни баҳони беришмоқда. Мадаминовнинг уйдирма мақоласига жавобим эълон қилингандан кейин таниқли сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев билан гаплашсам, у қизиқ бир манзарани чизди.

“Мен Мадаминовни узоқ йиллардан бери танийман, -деди 64 ёшни қаршилаган Тошпўлат ака.- Сайловга кирганда у ҳатто ўз таржимаи ҳолини сиёсий нуқтаи назардан ёзиб беролмаганди. Мен ёзиб бергандим. Гап бунда эмас. Гап шундаки, мен илгари Мадаминовнинг “ишончли қалъаси” бўлган Отаназар Орифовнинг уйига бориб турардим.Ўша пайтда Мадаминов унинг уйига телефон қилиб қолиб, гапнинг очиғи ҳеч нарсага арзимайдиган шахсий китобларини қаерга ва ким орқали юборганини айтарди. Кейин мен Отаназар акага “Бунақа қилманглар, ахир телефонингизни эшитиб туришибди, ўша одамларни ушлаб қамашади”, десам, у “Биз махсус диалектда гаплашамиз, улар тушуна олмайдилар” дерди. “Мана мен тушуниб турибман-ку, улар қандай тушунмайдилар” десам, Отаназар ака елка қисиб қўярди. Эртасига эса телефонда номи айтилган одамларни ушлашарди. Агар у ҳукуматга ишлаган одам бўлса, қўйиб юборишар ва беш тўрт сўмга ёлланган бечора бўлса, қамаларди. Буни бир қарашда соддалик ҳам дейиш мумкин. Аслида эса соддалик эмас…”

Шу ўринда мен Тошпўлат Йўлдошевга жавоб қилмоқчиман׃ Мадаминов “Одамлар қамалиб чиқса, чиниқади ва доимий мухолифатчи бўлади” деган лақма назарияга эга эди. Шунинг учун ҳам ўзига алоқаси бор одамлар ҳақида лом-мим демай, ўзига алоқаси бўлмаган одамлар ҳақида жар солади, уларни қутқарайлик, деб баёнотлар беради. Ваҳоланки, шундай ҳам дунё жамоатчилиги ўша одамларни қутқариш ҳақида бонг ураётган бўлади. Қарабсизки, бу нарса калла деса, салла келтирувчиларга қўл келади ва “Мана бу одам ҳам Мадаминов билан боғлиқ” деб ишга тўн кийгазадилар. Шунинг учун қамалганлар унинг виждонини ёндириши керак.

-Жаҳонгир, эсингиздами, бизнинг уйда ўтирганда “Ким мени қўлланмоқчи бўлса, мен ундан олдин уни қўлланаман” деган эди. Бу ўзига жуда ҳам катта баҳо бериб юборишдир. Худди ана шу нарса Каримовда ҳам бор. У ўзини ҳаммадан ақлли ва устун деб ҳисоблайди, бошқаларни оёқ учида кўрсатади. Бошқаларнинг ақлли эканлигини сезиб қолса, уларни ёмон отли қилишга уринади. Ана шу нарсани Мадаминовда ҳам кўрдим. Эътибор қилинг, унинг атрофида ҳам, Каримовнинг атрофида бўлгани каби чуқур мушоҳада қиладиган одам қолмади.

-Ҳа, Мадаминовнинг атрофидагиларнинг айтган ва ёзган ҳар бир гаплари уни яраламоқда. Худди Каримовнинг малайлари Каримовни яралаб келаётганлари каби. Мадаминовнинг “жиян”лари аргумент билан гаплаша олмайдилар, фақат сўкинишни биладилар. Куракда турмайдиган гапларни оғизга оладилар. Каримов ва унинг атрофидагилар ҳам худди ана шундай. Сўкиниш ва ҳақорат уларнинг энг асосий хислатлари. Шунинг учун ҳам улар танқид нима эканлигини билмайдилар. Танқид демократиянинг энг асосий ричаги. Танқидни иғво деб баҳолаган одам қандай қилиб демократ бўлиши мумкин, бу диктаторлик касалининг аломатидир. Диктаторлар танқидни ҳам, таҳлилни ҳам иғво деб тушунадилар ва билмаган ҳолда ўзлари иғвога киришиб кетадилар.

-Мана сизга таққослаш учун икки мисол келтираман. Олий Кенгашда янги судяларни тасдиқлашганда депутатлар улар ҳақида менга кўп саволлар беришган. Мен ҳаммасига жавоб беришга уринганман. Шунда Каримов мени хонасига чақириб, роса бўкирган. “Нега бунча сўзга чиқасан” деб койиган ва мен сўзга чиққанимда мажлисни ташлаб чиқиб кетганини айтган. Унга кўра мен эмас, унинг ўзи жавоб бериши керак ёки менинг бир нарса билишим кўриниб қолмаслиги лозим.

Энди, 2005 йилда Мадаминов АҚШга келганида у мени Вашингтонга чақирди. Майли, деб бордим. Борсам, Оқ уйга яқин ҳашаматли, жуда қимматбаҳо бир меҳмонхонада қизи билан турган экан. Бу ерда хориждан келган одам бир томонда турсин, ҳатто АҚШда яшаган унча-бунча одам ҳам тура олмайди. Ёнида Фарҳод Иноғомбоев ҳам бор эди.

Ўшанда мен унга бирлашишнинг яна бир усулини таклиф этдим. Бу Каримов режимига қарши кураш йўлида партиялараро шартнома тузиш йўли эди. Дастлаб “Озод деҳқонлар” билан, кейин эса “Бирлик” билан… Мен унга бу таклифни бир неча марта айтдим. У қабул қилмади. У менга фақат ўзининг ортида қандайдир 12 та ташкилот турганини рўкач қилди. Мана бугун “60 та ташкилот орқамда” деб жар солмоқда. Бу худди Каримовнинг бутун дунё биз билан, деган ахмоқона сиёсатиниг бир кўринишидир.

-Бобур ака, кимки Мадаминовни мақтамаса, душманга айланади ва унга қарши иғво кампанияси бошланади. Мадаминовнинг жияни Сафар Бекжон номидан чиққан қора китобни эсланг. 1994 йилда чиқарилган ва мухолифат учун берилган грантлар эвазига турли тилларга таржима қилинган бу китобда қораланмаган одам қолмаганди. Ҳамма қора ва Мадаминов оқ қилиб кўрсатилганди. “Эрк” газетаси ҳам онда-сонда бир чиқса-да, албатта асосий мақолалар мухолифат аъзоларини қоралашга ва Мадаминовни улуғлашга қаратилади. Мадаминовнинг ўзи ёзган китобларда ҳам у Каримовдан кўпроқ Пўлатовлар ҳақида ёзган. Бугунга келиб эса, шундай иддао қилишмоқдаки, гўё фақат Мадаминов танқид қилинмоқда эмиш.

-Жаҳонгир, нима деяпсиз? Мен уни уйимга олиб келиб, унга туз берсам, у қайтиб бориб, Даврон Шарипов номи билан мени ҳам чайнаган. Нима эмиш, мен Ҳасан Ғозиев деган мафиознинг клиенти эмишман. Мени Туркияга чақириб, ҳукумат идораларига олиб бориб, мақтаганида мен мафиознинг клиенти эмас эдим. Мени “ЭРК”нинг Вашингтондаги вакили, деб эълон қилганда ва АҚШ сафарлари чоғида мен таниқли сиёсатчи ва таниқли дипломат эдиму, энди уни танқид қилганимда, мафиоз бўлдими?

Кўрдингизми, унга бу нарса бешикда теккан, шекилли. Лекин бугун биз у ҳақда гапираётганимизнинг муҳим сабаби унинг сиёсий арбоб даражасига ета олмаганини кўрсатишдир. У жуда катта даъво қилмоқда. Бутун мухолифатга лидерман деб жар солмоқда ва Ўзбекистонга президент бўлмоқчиман деб ҳар қандай йўлга бош урмоқда. Шундай экан, бундай одамнинг кимлигини билиш ҳамманинг ҳаққи. Бу демокртик тамойил. Биз энди ҳаммамиз бир бўлиб “КАРИМОВ-КЕТ! МАДАМИНОВ –КЕТ!” дейишимиз керак!

(ДАВОМИ БОР).

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Siam egizaklari. Bookmark the permalink.