Эврил Турон

mamadalimahmudovИСЛОМ КАРИМ УРУҒИ

Бугун  ( 18. 09. 2016)  уйимга Содиқ билан Карим келишди. Мақсадга кўчишдан олдин улар тўғрисида икки оғиз сўз айтаман.

Содиқ қадимги Қонгли империяси бошкенти –  Оққўрғонда  ( Тошкентнинг Оққўрғон тумани Оққўрғон қишлоғи ) туғилган.

Ўзи ҳам шу Қонгли уруғига мансуб .

Узоқ юзйилликлар кечса ҳам ғайри оддий тепалар остида буюк Қонгли давлати харобалари: «Қачон ёруғликни кўрарканмиз?» дегандай эга кутиб ётибди. Чамамда археологларга:

Маблағ керак:

Рағбат керак.

Эга жим.

Гўё ўз қобиғига ўралиб қолгандай.

Содиқнинг болалиги шу сирли тепалар орасида кечган. Отаси мансаб отида (Совхоз директори, туман раҳбари, Қашқадарё Қишлок Хўжалиги Бошқармаси бошлиғи…) юрган. У, яъни Иброҳим Холикул Ислом Каримдек чўтирга мойил киши бўлган. Лекин бир бўлак нонини ҳалоллаб еган. Буни мен фақат Содиқдан эмас, Оққўрғонлик экинчилардан (деҳқонлар) ҳам эшитганман.

Иброҳим отанинг таъсирида болалари ишсевар, туғри сўз кишилар бўлиб етишган. Жумладан, Содиқ ҳам. У Қарши кентида мактабда ўқиган. Бу ерда Зебо исмли  хонимга уйланган. Бир ўғил, бир қизи (Рустам, Наргиза) ва набиралари бор. Зебо педагог. Содиқнинг ўзи  (юқорида отини зикр этганим – Карим билан бирга) Ирригация институтининг гидро мелорация факультетини битирган. Ва шу олийгоҳда ўқитувчи, кафедра мудири, декан, проректор бўлиб ишлаган. Орада француз тилини ўрганган. Москва уни уч йилга Алжирга – Сув хўжалиги институти ўйранчиларига таълим беришга юборган. Ваъзифани кўнглидан бажарган. Сўнг яна ўз институтига қайтган ва шу ердан кексалик пенсиясига чиққан.

Содиқ ҳар еттилик (ҳафта)да менинг уйимга бир – икки марта келади. Тўртта нон билан. Кўк чой устида нарда ўйнаймиз. Қизғин, муросасиз. У ҳаётда нечоғлик тўғри инсон бўлса –да, ўйинда ғирром. Тоши яхши чиқмаган онларда, тошни қайта ташлайди. Кўзимни шамғалат қилиб, ўзига қулай жойга юради. Ютқазаётганда, нарда қопқоғини ёпиб қўяди. Сўнг ўз қилиғидан завққа тўлароқ ичаги узулиб кулади. Мен уни: «Аблаҳ, иблис» деб сўкаман. У ҳам мени аямайди. Аммо бизнинг бақир – чақиришимизда ғубор йўқ.

Бор танишлари Содиқни: «Содиқ Ибрагимович»  («ич», «ов» сўзлари аслан туркча . «Ич» – «Ичидан», «Ов» – «ўй»идан дегани ) дейишади. Мен: «Содиқ» дейман. Баъзан жиғига ҳам тегаман : «Прпуссер».

Бугун тушга яқин (соат 12да) Содиқ билан бир дўстимнинг ошига боришга келишган эдик. Шунга у юз тузилиши ва бўй – басти билан Ислом Каримга ўхшаш курсдоши ила уйимга ташриф буюрди. Танишдик. Карим Ҳусан Шаҳрисабзнинг Оқсув дарёси бўйида- Шанби қишлогғида туғилган. 1969 йил институтни битирган. Сўнг ўз туманига қайтган. ПМК да ишлаган. Аста- секин бош инженер лавозимига кўтарилган. «Анҳор» каналини қурган. Қариндоши Абдувоҳид Каримов Бухоро вилоятига биринчи бўлган замонда эса у «Аму –Бухоро» канали қурилишига (узун йиллар) раҳбарлик қилган.

–   Қаерда ош бераяпти?

–   «Издиёр» ми, «Изидор» ми деган тўйтомда, – дедим Содиқнинг саволига жавобан.

–   Ҳа, у Абай кўчасида, телевидение қаршисида жойлашган.

–   Негалигини тушунмайман, – Карим Ҳусан сезилар – сезилмас сепкил «сочилган»  чўтирроқ юзини буриштирди, – Тошкентда 90 фоиз номлар ажнабийча.

–   Ўзбекистонда ҳам деяверинг, – Қўшимча қилдим мен.

–   Бу юрт ўз оти билан Ўзбекистон. Давлат тили ҳам ўзбек тили. Нега бундай?

–   Курсиларда ўриспарастлар, чатишганлар кўп –да, Карим. Шу сабабли юртда ишлар деярли ўрисча юритилади.

–   СССР даврида ҳам бу даражада эмасди.

Содиқ гап суқди:

–   Русча мактаблар ҳам йилдан – йилга кўпайиб бораяпти. Битта – яримта рус боласини айтмаса, буларда асосан ўзбек ўғил – қизлар ўқишади. Ўрис кетди, тили қолди.

–   Фожеа шундаки, – дедим ўкинч билан мен, – 130 йиллик қуллик бу элга сабоқ бўлмаган.

–   Бундайда миллат келажаги нима бўлади?

–   Курсиларни миллиётчилар ҳисобига тозалаш зарур, Карим.

–   Халк…

–   Тепса тебранмас халқдан бир сас чиқадими?

–   Одил йулбошчилар бўлса, ҳа.

–   Янги ҳукуматдан –чи?

–   Аниқ бир гап айтиш қийин. «Чиқмаган жондан умид». Фикримга қўшиласизми, Карим?

–   Ҳа.

–   Сиз- чи, Содик?

–   Умидим катта. Мен Шавкат Миромонович билан кўп йиллар бирга ишлаганман. Ташкилотчи , ғайратли йигит. Ўзига яраша миллий ғурури ҳам бор. Кутайлик, вақт ҳакам.

–   Менимча ҳам шундай,- деди Карим Ҳусан.

–   Кечикаяпмиз, дўстлар, – Содик безовталанди.

«Некси»га ўтирдик. Содиқ газни босди. Мен туғма қизиқувчан одатимга кўра Каримдан сўрадим:

–   Барлосмисиз?

–   Кенагасман.

–   Кечирасиз, сизни кимгадир ўхшатаяпман?

–   Мен ўзимга ухшайман, – сирли кулди Карим.

–   Туғри, аммо мен Сизни олдин ҳам кўргандайман.

–   Балки?

–   Учрашганмизми?

–   Йуқ.

–   Қизиқ.

Гапимиз узулди. Тўйтомга келдик. Ош едик. Сўнг ер юзининг учдан бирини сўраган, очунолар Темур юрти – Кешдан келган Карим Ҳусанни Сирғалига – тўнғич қизи уйига кузатгали йўлга чиқдик. Мен чала қолган гапни уладим:

–   Сизни Ирригация институтида кўрган бўлишим мумкин.

–   Бир нимани тутсангиз, маҳкам тутаркансиз.

–   Табиатим шундай, Карим.

–   Сиз Содиқ Ибрагимовични кўпдан биласизми?

–   Етмишинчи йилдан буён.

–   Унда йўқ. Биз институтни 1969 йилда тугатганмиз, – деди совуқроқ оҳангда Карим.

Мен унга қайта савол беришга ботинмадим. Назаримда у мендан ниманидир яшираётгандай эди. Яна қайдам?  Балки сезгим алдаётгандир?

Орани енгиб бўлмас жимлик қуршади. Шу алфозда Сирғалига етдик. Карим машинадан тушиш олдида дўстона бир тарзда елкамга қўлини қўйди.

–   Мендан хафа бўлманг. Чунки , менимча, ҳар кишини ҳеч кимга айтмайдиган сири бўлади. Мен умрим бўйи бу қариндошлигимни… ҳаммадан яшириб келганман. Содиқ Ибрагимовичдан ҳам. Рости, қўрққанман. Энди айтсам ҳам бўлар. Қаридим. Бу сирни ўзим билан гўрга олиб кетаманми? Сиздек ёзувчини яна қайта учратаманми, йўқми, бир Худо билади. Мен сизнинг «Ўлмас қоялар» ингизни  ўқиганман. Яширинча. Ўшанда кўп тўполон бўлганди- да, ўзи. Кейин , яқинда «Дунё ўзбеклари»да «Бўз бўри» романингизни  ҳам ўқидим. Зўр ёзгансиз. Шаҳрисабзни ҳам ўзгача меҳр билан тасвирлагансиз. Муқанна ўлими юрагимни эзиб юборди. Ўкуниб  йиғладим. Юртимизда қандоқ ботирлар ўтган – а! Қани ҳозир Муқанна тирилиб келса! Ўрис бўлган Туркистонни бир бутун қиларди!

Афсус, тарих орқага қайтмайди!..

Мен Каримда ўз юртига, ўз элига бениҳоя меҳр борлигини ҳис этарканман, қалбимда унга нисбатан фахр туйғуси уйғонди. Шунда бу ғариб юртда ҳали соғлом фикрлар, шаффоф ғурурлар ўлмаганини туйдим. Ўн етти йиллик қамоқ дийдамни қотирса ҳам, кўзимга ёш қалқди.

–   Мен кимга ўхшайман?- Карим менга ҳам, Содиққа ҳам боқмасдан ўз ички дунёсига шунғиди. Ва сўнг дардчил бир сасда юрагини очди:

–   Балки, у кўп гуноҳ ишлар қилгандир? Балки, ундан кўп кишилар жабр кўргандир? Сиз ҳам 17 йил қамоқда ўтирдингиз. Бу фоний дунёда ким адашмайди? Уни ҳам тушуниш керак. Бир ўзини эмас, давлатни ҳам ўйлаганини тан олиш керак. Қурилишлар…

Мен, энди, гап ким тўғрисида кетаётганини англадим.

Мен, энди, Каримни кимга ўхшашлигини билдим.

Тавба!..

Бири Кешдан, бири Самарқанддан. Улар аро қандоқ боғликлик бўлиши мумкин?

Самарқандда ўз ўқ илдизларини унутган турки уруғлар кўпчиликни ташкил қилди. Улар уйларида ҳам туркчага қоришик бузилган форси шевада қўнишадилар .

Масалан:

Барлос,

Кенагас,

Ғуз,

Уз,

Найман,

Сарой,

Қушчи,

Туркман…

Бу туркилар ҳақида этнограф, тилшунос, тарихшунос, қадимшунос, ассириолог, генетик олимлар шуғулланишлари лозим. Бу- давлатчилигимизни мустаҳкамлашимизда, миллатимизни жипслаштиришимизда муҳим аҳамиятга эга. Зотан ўзликни туб томири билан англаш- ўзбекэл, ўзбекюрт келажагига ёркин йўл очишдир.

Регистон теграсида асосан кенагаслар яшайдилар. Қўшовуз (Қўш- ўғуз) маҳалласи аҳолиси ҳам шу жумлага киради. Оиласи билан форсча сўзлашувчи Ҳафиз Азиз (у давлат арбоби Тўрақул Йўлдошнинг қудаси) билан талай марта мулоқатда бўлганман:

–   Бизни ўзбеклар «Тажик» дейишади. Биз аслида Кенагасмиз. Биз ўзбак эмас, ўзбекмиз. Кўпчилик ўз келиб чиқиш тарихини билмайди. Билса бари турки бўлиб чиқади. Самарқандда тоза форс кам. Биз уларни «персиёнлар» деймиз.

Таажжубки, биз «Эрони» деб атаётганимиз – маҳаллалар кишиларининг ҳаммаси туркилар. Улар уйларида ҳам ўзбекча сўзлашадилар. Билишимча, Эронда форсга нисбатан туркилар кўп. Самарқанд «Эрони» лари ўша  туркилар, яъни машҳур Нодиршоҳ (туркман)лар авлоди бўладилар.

Каримнинг ишорасига келсам, у ва унинг… қариндошлик ипи яқинда боғланган. Тахминан юз, юз эллик йиллар орасида. Мен бунга аниқлик киритиш учун Каримни саволга тутдим:

–   У киши ҳам Кенагасми?

–   Кенагаснинг бели.

–   Кимингиз бўлади?

–   Амаким.

–   Қандайига?

–   Боболаримиз туғишган.

–   Аниқроқ қилиб айтинг.

–   Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бобоси билан менинг бобом ака – ука бўлганлар. Замон зайили билан тўнғич бобом Самарқандга, ўз уруғдошларимиз – Кенагаслар ичига кўчиб бориб қолганлар.

–   Ислом Карим Сизни танирмиди?

–   Менимча, йук. Аммо амаким – Абдувоҳид Каримов билан бир туғишган эканини билганлар. Менинг онам (Ҳосила) ни ҳам эслаганлар.

–   Онангиз ҳаётларми?

–   Худога шукур. Тўксондан ошдилар.

–   Ислом Карим билан юзма – юз кўришганмисиз?

–   ҳа, иш юзасидан. Ҳаммани уришсалар ҳам, аммо менга қаттиқ гапирмаганлар.

–   Унга ўзингизни таништирганмисиз?

–   Йуқ.

–   Нимага?

–   Ўлдириб юборади деб кўркканман.

–   Э, хом сут эмган банда!..

–   Ислом Абдуганиевич ишни деб ўз туғишганларини ҳам аямаганлар. Ўз қизи Гулнорага ҳам шафқат қилмадилар- ку. Мен унинг олдида кимман?

Мен Карим Ҳусанни тушунгандай бўлдим.

Шу чун унга ортиқ савол бермадим. У Ислом Каримнинг Шаҳрисабзни севганини, уни кўп тилга олганини, ўзини Темур авлоди, деб билганини айтди.

–   Чунки биз Кенагаслар Барлосу Қўнғиротлар билан бир ўзакдан чиққанмиз. Темур каби Чингизхон ҳам бизнинг бобомиз бўлади.

–   Тўгри, Карим.

–   Шахрисабзга Самарканд яқин, – деди Карим, – саккиз –  тош. Ўртада тоғ бор халос. Эски замонларда кишилар у ёқдан, бу ёққа яёв ҳам бориб келганлар.

Ногох эсимга тенгсиз Темур сўзи тушди:

«Шаҳрисабздек шаҳар дунёда йўқ».

«Бу афсонавий кент буюк инсонларнинг ватани ҳам бўлади, – дедим ичимда, -у:

Темур,

Улуғбек,

Бобур,

Хусрав Деҳлавий,

Мирза Бедил,

Мирза Ғолиб,

Зебунисолар… юрти.

Мана бу шахсларнинг томирлари ҳам Кешга бориб тақалади:

Муҳиддинов Нуриддин Акрамович,

Нишонов Рафиқ,

Генерал Жўрабек (Оқил Умирзоқович Салимовнинг бобоси).

Жахонгир Мухаммад (Барлос уруғидан, туб таги кешлик).

Нуриддин Акрамович билан кўп қўнишганман. Айтишча , унинг улуғ бобоси Кешдан Самрқандга кўчиб келган. Сўнг Тошкентга. Бу замонда Муҳиддинов гўдак бўлган.

Рафиқ Нишоновнинг бобоси Шаҳрисабздан Ғазалкентга ҳижрат қилган. Нишонов Чирчиқ дарёси бўйида униб ўсган. Мен унинг Ғазалкентдаги уйида ҳам икки – уч марта бўлганман. Аптекачи укаси билан яхши алоқада эдим. Менинг дедикларим номларини зикр этганларимнинг шажараларида ҳам ёзилган бўлса ажабмас.

Ва, ниҳоят, мана, Ислом Каримнинг ҳам гнезиси Кешдан.

Карим Ҳусан билан хайрлашарканмиз, оғир истироб билан деди:

– Ислом Абдуғаниевичнинг келиб чиқиши тўгрисида душманлари кўп ёмон гаплар тарқатганлар. Ашаддий золимга  ҳам туҳмат қилиш гуноҳ. Ислом Абдуғаниевич ўзбек. Яҳудийга ёт. Мен унинг қабрини зиёрат этдим . Оддий  мозор. Мусулмонча мозор. Кечагина дунёни сўраб турган одам бир қулоч ер остида ётибди. Тим – тирс. Кафанга ўраниб. Қуруқ кафанга. Ўлганни ёмонламайди. Ўлган тарих ҳукмига ҳавола. Тангри  тало олдида ҳар ким ўз қилмишига яраша жавоб беради.

Мен Карим Хусаннинг гапидан таъсирландим.

«Бир қулоч ер остида ётибди. Кафанга ўраниб. Қуруқ кафанга…»

Ихтиёрсиз бир тарзда кўнглимдан шу гаплар кечди:

Беқиёс қасрлар қани?..

Беҳисоб олтинлар қани?..

Қулдек эгилиб – букулганлар қани?..

Дунё ҳеч кимга вафо қилмайди.

Дунё кўз очиб – юмгинча ўтади.

Оқил подшо шунга караб иш тутади. Яъни:

Юртни тиконли симлар билан ўрамайди.

Эркни кишанламайди.

Ойдинларни камамайди.

Тўгри сўзларни кувғин қилмайди.

Халқни хор – зор этмайди.

Оқил подшо эл – юрт учун яшайди.

Қолгани бекор.

Охири – бир қулоч ер.

Қоронғу қабр.

Абадий зулмат.

Оқил подшодан яхши ном қолади.

Аҳмоқ подшодан қора доғ қолади.

Ланъатларга қотилган қора доғ…

  1. 09. 2016.

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.