Б А Ё Н О Т

                      ҒАЙРИҚОНУНИЙ ТИНТУВЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИЛСИН!
tughyonХориждаги Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан қўлланилаётган босимлар юзасидан “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг 

Б А Ё Н О Т И

Ҳозирда Норвегияда сиёсий муҳожирликда яшаётган журналист, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳамда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг “Tug’yon” интернет-радиоси муҳаррири Улуғбек Бакиров Андижондаги яқинларидан ташвишли хабар олди.
2016 йилнинг 9 октябрь, якшанба куни Ўзбекистон вақти билан эрталаб соат 9-9.30 ларда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Охунбобоев шаҳри “Намуна” МФЙда яшайдиган Улуғбек Бакировнинг онаси уйига “Damas” русумли автомашинада 5 нафар бир гуруҳ ҳуқуқ-тартибот ходимлари бостириб келишиб, тинтув ўтказишган. Маълум бўлишича, улар: “Намуна” МФЙ участка милиция нозири, Жалақудуқ туман прокуратураси терговчиси, Тошкентдан келган Комиссиянинг икки вакили ҳамда маскали “Калашников” автомати билан қуролланган махсус хизмат ходимии бўлган (Улар ўзларини исм-шарифлари билан таништирмаган).
Бу гуруҳ вакиллари Улуғбек Бакировнинг синглисига Жалақудуқ туман прокурорининг улар хонадонида тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарори (ордери)ни кўрсатишиб, уни ўқиб, имзо чекишини сўрашган. Кутилмаган “меҳмонлар” ташрифидан таҳликага тушган аёл қарорни ўқиб, яхши тушунмасдан имзолаган. Унга ордердан нусҳа тақдим қилинмаган. Холис сифатида икки нафар қўшниларни жалб қилишган ва улар иштирокида тинтув бошланган.
Дастлаб гуруҳ ишни уйдаги кутубхонани титкилашдан бошлаган. Ҳар бир китобни вароқлаб, астойдил ичидан нималарнидир қидиришган. Кейин уйдаги оилавий фотоальбомни ҳам титкилашиб, ўзларини қизиқтирган расмларни суратга олишган. Шундан сўнг, уйдаги барча жиҳозларни, кийим-кечакларни, ҳаттоки, ҳожатхона ва газ плитасини ичига қадар текширишган.
У.Бакировнинг синглисидан акаси ҳақида қуйидагиларни сўрашган:
– акаси қачон Ўзбекистондан кетган;
– ойига қанча пул юборади;
– бундан ташқари, кимлардир уйга келиб, нақд пул ёки совғалар бериб кетадими, йўқми;
– қаерда, нима иш қилади ва ҳ.к.
Тинтув давомида, уй эгаларининг қўл телефонини ҳам текшириб, ундан Бакировнинг телефон рақамларини ва телефондаги суратларни ҳамда  уйда осилган портретларни тасвирга туширишган.
Улуғбекнинг 64 ёшли, нафақадаги кекса онаси юқори қон босим хасталиги билан узоқ йиллардан бери қаттиқ азият чекади. Ўша куни онахон нонуштадан кейин муолажаларни қабул қилиб, дам олиш учун хонасига кириб кетган. У тинтувчилар келганидан, дастлаб, хабардор бўлмаган. Қизи онасини эҳтиётлаб, бу ҳақда айтмаган. Лекин, тинтувчиларга уйда онаси дам олаётганлиги, соғлиги яхши эмаслиги, бу “меҳмонлар”ни кўрса, қаттиқ қўрқиб кетиб, аҳволи баттар ёмонлашиши ҳақида айтишига қарамасдан, улар ўша хонага ҳам киришган.
Тинтувчиларни кўрган Улуғбекнинг онаси ваҳимага тушиб, ўзини йўқотиб қўйган, қаттиқ қўрққанидан қон босими кўтарилиб, юраги ёмон бўлган. Тинтувчилар она ва қизни ҳам суратга олиб, “бу ёғи хизматчилик, хола, биздан хафа бўлмайсизлар”, деган маънода гапиришиб, уйдан ҳеч нима топишолмасдан чиқиб кетганлар.
Бу кутилмаган “ташриф”дан кейин Бакиров онасининг соғлиги яна-да ёмонлашган, синглиси ҳам қўрқиб кетган. Маҳаллада ваҳимали гап-сўзлар урчиган.
Биздаги маълумотларга кўра, шу кунларда Андижонга Тошкентдан борган минг нафар текширувчилар вилоятдаги барча соҳаларни обдон текширишмоқда. Шу билан бирга мухолифат вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда диндорларнинг уйларини ҳам “тинтув гуруҳи” текширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган 2015 йилда Ўзбекистондаги Президентлик сайловига муқобил тарзда хориждаги бир қатор Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари ташаббуси билан ташкил этилган “Виртуал Сайлов Комиссияси” (ВСК) таркибида, Улуғбек Бакиров Матбуот котиби сифатида фаолият юритган.
Сайлов кампанияси пайтида ВСК фаолиятига қарши турли кибер ҳужумлар ва провокациялар бўлганлиги ҳақида ҳозир тўхталмоқчи эмасмиз. Зотан, бу алоҳида катта мавзу.
Бироқ, сайловдан кейин, апрель ойида, Жалақудуқ туман прокурори  Улуғбек Бакировга қарши Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига даъво аризаси киритган ва ушбу даъво аризага биноан, журналистга нисбатан сиртдан маҳкама жараёни бўлиб ўтган. Суд қарорига кўра, У.Бакиров аввал яшаган уй-жойидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жаримага тортилган.
Бунингдек ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлар, Бакировлар оила аъоларига нисбатан биринчи  марта содир бўлаётганлиги йўқ. 2014 йил апрель ойида, У.Бакировнинг онаси ва синглиси ўзларининг фуқаролик паспортларини янги биометрик паспортга алмаштириш учун Жалақудуқ туман ИИБ “Паспорт бўлими”га топширганлар. Одатда, фуқароларга узоғи билан 1-2 ойда берилаётган паспорт Бакировларга 2 йил(???)дан кейингина жуда кўп сарсонгарчиликлар ва Республика раҳбариятига мурожаатлардан сўнг берилган.
2016 йил бошида Тошкентга – Республика маъмурий органларига қилинган ёзма шикоятлар ортидан Андижон вилоят ИИБ раҳбарияти ўтказган текширувлардан кейингина паспортлар ўз эгаларига берилган. Энг қизиқ жиҳати шундаки, паспортларнинг берилган вақт: “24 ва 28 август 2014 йил”, кўринишида қайд қилинган.
Кўриниб турибдики, эски паспортлар топширилганидан кейин 4 ой ичида янги паспортлар тайёр бўлган. Лекин, Жалақудуқ туман ИИБ бошлиғи, нима учундир, бу икки паспортни 2 йил давомида ўз сейфида сақлаб турган. Қачонки, пойтахтга қилинган арздан кейингина паспортларни эгаларига беришга мажбур бўлган. Бунга қадар икки йил давомида қилинган мурожаатларга туман ИИБ раҳбарияти, уларга паспортлар берилмаслиги тўғрисидаги буйруқ юқоридан эканлиги, иҳтиёрлари ўзларида эмаслигини билдиришган ҳамда Улуғбекнинг яқинларига бу  муаммо бўйича вилоят ИИБ ОВИРига ва МХХга боришларини айтишган.
Аммо, икки йиллик азиятлардан кейин бу йил 27 майда берилган паспортларга, ҳанузгача, “юмалоқ муҳр” босилмаган. Мавжуд тартибларга кўра, агарда бундай муҳр паспортларга урилмаса, улар ҳақиқий деб ҳисобланмайди. Ўтган 5 ой давомида бу ҳақда туман ИИБга қилинган барча мурожаатлар инобатга олинмай келаётир. Кечаги тинтув пайтида Тошкентдан келган мулозимларга бу муаммо ҳақида У.Бакировнинг синглиси айтган. Улар инобатга олишлигини билдирган.
Шунингдек, жорий йилнинг 15 апрель куни кеч соат 20:00 ларда Андижон телевидениеси орқали “Огоҳлик давр талаби!” номли махсус кўрсатув намойиш қилинган. Бу кўрсатув кейинчалик Фарғона водийсининг бошқа телеканалларида ҳам такроран намойиш қилинган.
Ўша кўрсатувларда иштирок этган бир аёл ва ҳарбий, милиция формасидаги эркаклардан ташкил топган иштирокчилар Ўзбекистонга тош отаётган радиостанциялар, турли исломий гуруҳлар ҳақида гапира туриб, Марғилонлик Мўътабар Тожибоева, Андижон вилояти Жалақудуқ туманилик Улуғбек Бакиров ва асли Андижонлик бўлган Улуғбек Ҳайдаровлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтганлар, уларнинг турли кўринишдаги, асосан, фаолиятларига боғлиқ суратларни намойиш қилганлар.
Бу фаоллар ҳақида кўрсатув иштирокчилари тўхтала туриб, уларни Ўзбекистон мустақиллиги ва фаровонлигини кўра олмаётган “қора кучлар” эканлиги, ўзбекистонликлар уларнинг” тузоғи”га тушиб қолмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтишган. Жумладан, “… қаранг, “Озодлик”, Би-би-си радиолари қолиб, энди “Туғён” деган радио ташкил қилибдилар ва бу радиода ҳам ватанимизга тошлар отиб, мустақиллигимизни кўра олмаяптилар. Булар ўзларини ватанпарвар, халқпарвар қилиб кўрсатишга ҳаракатлар қилганлари билан, ўзларини куйган инсонлар қилиб тарғиб қилганлари билан улар қочқинлар, ватанимиз хоинлари, улар конституцион тузумимизга қарши, давлатимизга қарши курашаётган кимсалардир” дейилган айни кўрсатувда…
Хулоса:
Ўзбекистон муваққат президенти, Бош вазир Ш.М.Мирзиёев бир ойдан буён мамлакатда турли кўринишдаги ислоҳатлар ўтказаётганлиги, вилоятларга шахсан ташриф буюриб, жойларда амалий ишлар қилаётганлиги ҳамда Бош вазир виртуал қабулхонаси ташкил қилиниб, фуқоролардан тушаётган мурожаатларга эътибор қаратилаётганлиги ҳақида ОАВ ахборотларидан хабардормиз.
Қолаверса, бугунги хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев Сенатдан Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан Амнистия қарорини кўриб чиқишни сўраган.
Бир томондан амнистия, бир томондан тинтувлар…
4 декабрда Ўзбекистонда бўладиган Президентлик сайлови олдидан журналист Улуғбек Бакиров ва у каби фаолларнинг яшаган уйларига нима сабабдан кутилмаган тинтув ташрифлари бўлаётганлиги биз учун тушунарсиздир!
Бу бўйича Республика ҳукуматидан изоҳ ҳамда ғайриқонуний тинтувларга чек қўйилишини талаб қиламиз!

Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
 халқаро ташкилоти раҳбари

10 октябрь, 2016 йил                                                                                                             Париж, Франция

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.