Улуғбек Бакиров:

mandellaМандела юртида ушалган орзу

(Улуғбек Бакировнинг Жанубий Африка сафари таассуротлари)
(ярим расмий, ярим норасмий хотиралар)

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти учун тайёрланган хизмат Ҳисоботидан кейинги ёзилган ҳикоялар.

*****

Устоздан сўзбоши:
Сафарнома ёзиш азалий удум. Kийганинг, eганинг – ўзингга, аммо кўрганингни бошқалар билан баҳам кўриш инсонга икки ҳисса маънавий қониқиш бағишлайди.

Биринчидан, кўрган манзараларини қайтадан чизади, иккинчидан кимнингдир дунёқараши кенгайишига ҳисса қўшади. Бу гўзал ҳис. Шунинг учун ҳам қаерга борсам, кўрганларим, эшитганларим ҳақида ўртоқлашгим келади. Бошқаларнинг ҳам сафар таассуротларини ўқиб, илҳомланаман.

Таниқли журналист Улуғбек Бакиров жаҳонгашта йигит. Унинг сафар таассуротлари биз учун жуда қизиқ. Mаънодор ва маълумотга бой. Ўқиб мазза қилдим. Жанубий Африкага саёҳатга бориш истаги туғилди.

Раҳмат, Улуғбек! Сиздан сеҳрли сафарномалар силсиласини кутиб қоламиз.

Жаҳонгир Муҳаммад
18 сентябрь, 2016 йил,
Вашингтон, АҚШ
*****
…“Апартеид музейи”нинг кираверишида Манделанинг каттакон портрети илинган. Музейнинг ҳовлиси ҳам жуда катта экан. Кириш томонлари ғиштлар билан текис қилиб ўралган. Оқшом сокин, қоронғу, осмонда юлдузлар. Жуда салқин, ёқимли ҳаво. Ҳовлининг ўнг томонларидаги зулмат ичидаги кенглик чўлми, далами аниқ билолмадим. У томонда ҳеч нарса кўринмайди, узоқларда милтираган чироқлар… Музей ҳовлиси йўлагида бунинг акси, ҳаммаёқ саришта, ёруғ ва шинам. Анча юрилганидан кейин бино ичига кирилар экан. Бир ажойиб, эртаклардагидек жой. Ҳовлида қатор қилиб шамлар ёқилган…
– 1 –
2016 йилнинг 23-27 август кунлари Жанубий Африка Республикаси(ЖАР)нинг Йоханнесбург шаҳрида FIDH (фр.Fédération internationale des ligues des Droits de l’Homme) – (ўзб.Инсон ҳуқуқлари халқаро Федерацияси)нинг навбатдаги 39-Конгресси бўлиб ўтди. Унда “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан камина иштирок этдим.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти 2013 йили Истанбулда бўлиб ўтган FIDHнинг навбатдаги 38-Конгрессида FIDHга аъзоликка қабул қилинган. Унда ташкилот раҳбари Мўътабар Тожибоева иштирок этган.
Шу ўринда, FIDH тўғрисида қисқача маълумот: Бош қароргоҳи Парижда жойлашган FIDH 1922 йилда дунёда биринчи марта инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотига асос солган. Келаси йили FIDH ташкил этилганлигига 95 йил бўлади. Федерацияга дунё бўйича 140 давлатдан таркиб топган 200 га яқин ҳуқуқбон ташкилотлар аъзо бўлган. Ташкилот 5 минтақага бўлинган: Африка, Америка, Осиё, Европа-Марказий Осиё ҳамда Шимолий Африка-Ўрта Шарқ. (Тўлиқ маълумот билан https://www.fidh.org/ru манзилда танишишингиз мумкин ).
FIDHнинг ЖАРда бўлиб ўтган 2016 йилги Конгрессидан аввал ҳам Африканинг Дакар (1997 й.)да ва Касабланка (2001 й.) шаҳарларида ташкилотнинг Конгресси бўлиб ўтган. Бу йилги Йоханнесбургда бўлиб ўтган 39-Конгресс Африка қитъасида бўлиб ўтган учинчи Конгресс – Қурултойдир.
2016 йил ЖАР учун муҳим юбилей йилларидир. Яъни, ЖАРнинг биринчи демократик Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллиги ва “Соуэто исёни” (Изоҳ: апартеид вақтида қора танлиларнинг давомли исёни 1976 йилнинг 16 июнида Соуэто шаҳрида бошланган)нинг 40 йиллиги ҳамда апартеидга қарши аёллар Маршининг 60 йиллиги.
FIDH ЖАРнинг ушбу муҳим саналарини ўзининг 39-Конгресси доирасида ёдга олиб, инсон ҳуқуқларининг асосий қадриятларини эътироф этди.
Конгресс ҳар куни 6 та расмий-ишчи: араб, инглиз, испан, француз, рус ва турк тилларида синхрон-таржимонлар иштирокида ишлади.
FIDHнинг 39-Конгресси 23 август куни фуқаролик жамиятлари ва матбуот учун очиқ тарзда икки кунли Форум билан ўз ишини бошлади.
Конгрессда 140 давлатдан ташриф буюрган FIDHга аъзо бўлган 178 ташкилот вакиллари иштирок этдилар. Ташриф буюрган 400 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари 23 август эрталаб соат 08:30дан ўзлари жойлашган “Protea” меҳмонхонасидан икки кунли Форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтадиган Йоханнесбург шаҳар марказигача бўлган масофани пиёда, кўча юриш-Марши билан босиб ўтдилар. Маршнинг энг олди қаторида FIDH президенти жаноб Карим Лахиджи ва ташкилотнинг вице-президентлари ҳамда бир қатор фаоллар инсон ҳуқуқларига доир ёзилган плакатлар ва чақириқлар билан боришди. Бу намойишкорона кўча юриши маҳаллий полиция ва ОАВ вакиллари кузатувида ўтди.
Очилиш маросими Конституцион суд биноси олдидаги очиқ майдон (тепаси чодирлар билан ўралган)да бўлиб ўтди.
Расмий очилиш маросими соат 09:00 дан соат 12:00 гача бўлди.
Маросимни ЖАР “Очиқ жамият фонди” вакили Фотима Ҳасан (инг.Fatima Hassan) олиб борди.
Сўзга чиққан нотиқлар:
ЖАР Архиепископи инг.Desmond Tutuнинг Қурултой қатнашчиларига йўллаган мактубини унинг қизи инг.Rev Canon Mpho Tutu van Furth ўқиб эшиттирди;
Desmond Tutu – 85 ёшда, апартеидга қарши фаол курашчи, Нобель Тинчлик мукофоти совриндори (1984 й.), ЖАРдаги биринчи қора танли руҳоний-епископ, Нельсон Манделанинг яқин дўсти. Соғлиги яхши бўлмаганлиги боис, очилиш маросимига келолмади.
FIDH Президенти инг.Karim Lahidji;
Karim Lahidji – 76 ёшда, эронлик таниқли адвокат, сиёсий маҳкумлар озодлиги йўлида курашчи,  Human Rights Watch (1990 й.) мукофоти совриндори, 1982 йилдан буён сиёсий муҳожирликда Францияда яшайди.
инг.Alice Mogwe, on behalf of – Lawyers for Human Rights, DITSHWANELO, the Botswana Centre for Human Rights, Zimrights;
Alice Mogwe – Ботсваналик адвокат, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, бир қатор халқаро мукофотлар совриндори, 2005 йилда Франция Республикаси номидан расман тақдирланган.
инг.John Jeffery, Deputy Minister of Justice and Constitutionnal Development, South Africa;
John Jeffery – ЖАР Адлия вазири ўринбосари.
инг.Justice Dikgang Moseneke, former Deputy Chief Justice, South Africa;
Justice Dikgang Moseneke – Жанубий Африкалик судья, ЖАР Олий Суди собиқ раис ўринбосари.
инг.Message from Michaёlle Jean, Secretary General of International Organisation of Francophonie, delivered by Moncef Follain, conseiller;
Michaёlle Jean – Канадалик таниқли сиёсат арбоби, журналист, Халқаро Франкофония ташкилотининг Бош Котиби, 2005-2010 йилларда Канада Генерал-губернатори. Очилиш маросимига келолмагни боис, маслаҳатчи Moncef Follain Michaёlle Jeanнинг мактубини ўқиб эшиттирди.
инг.Jestina Mukoko, Zimbabwe Peace Project.
Jestina Mukoko – Зимбабвелик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист, АҚШ Давлат Департаментининг “Жасоратли аёл” Халқаро мукофоти совриндори.
Сўзга чиққан нотиқлар асосан, FIDHнинг 39-Конгресси билан қатнашчиларни табриклашди. Инсон ҳуқуқларининг фундаментал йўналишлари, дунёдаги бугунги вазият, ундаги инсон ҳуқуқлари ҳолати каби бир қатор мавзуларда сўзладилар.
Тантанали очилиш маросими тугагандан кейин барча делегатлар Конституцион суд биноси олдида эсдалик учун қўлларимизда турли чақириқлар ва шиорлар ёзилган плакатлар билан умумий суратга тушдик. Кейин собиқ маҳкумлар сақланган қамоқхонага, ҳозирда эса, “Мандела-Ганди” номли музейга, ундан сўнг, собиқ аёллар қамоқхонаси(ҳозирда музей)га зиёратда бўлдик.
– 2 –
Нельсон Мандела ва Махатма Ганди сиймоларига болалигимдан буён қизиқишим катта. Қора танлиларнинг ва ҳинд халқининг озодлиги йўлида бутун умр курашган бу икки даҳо ҳақида кўплаб китоблар ўқиганман, кўплаб ҳужжатли ва бадиий фильмлар кўрганман. Айниқса, жаноб Ганди шахсига, у кишининг ҳаёт ва кураш йўлига бўлган қизиқишим шу қадар кучли эдики, насиб қилса, бир куни Ганди юртига боришни, хотиралари билан танишишни, яшаган жойларини кўришни орзу қилиб юрардим.
Ҳар гал Норвегиядан Амстердамга борганимда, пойтахтнинг Амстел райони яқинида жойлашган сокингина парк ичида Гандининг ҳайкали қаршисига келаман. У ерда анча вақт ўтириб, узоқ ўйларга чўмиб кетганимни сезмай қоламан.
Яқинда Норвегиянинг Будо шаҳрига боргандим. Меҳмонхона ичида Махатма Ганди номли бир ҳинд ресторанига кўзим тушиб қолди. Ресторан эшигига Гандининг катта сурати чизилган экан. Ҳинд таомларига бўлган қизиқишим эмас, балки Гандининг сурати мени ресторан ичига чорлади. Қаерга борсам ҳам жаноб Гандини эслатувчи бир нима кўрсам, дарров унга маҳлиё бўлиб қоламан.
– 3 –
Йоханнесбургдаги “Мандела-Ганди” қамоқхона-музейига кириб борар эканмиз, кўнглимдан жуда кўп ҳиссиётлар ўтди. Бу жой апартеид вақтида қора танли сиёсий маҳкумлар сақланган қамоқхона бўлган экан. Ҳозирда эса, музей. Бу музейга қилган саёҳатимизни бошидан охиригача суратларга ва фильмларга олдим. Афсуски, вақтимиз чегаралангани боис, қолаверса, 400 дан зиёд делегация билан бирга юрганимиз учун бу масканда узоқроқ қолишликнинг иложи бўлмади. Шундай бўлса-да, шошиб-пишиб, суратларга олишга ҳартугул улгурдим.
Қамоқхона ўша даврда қандай бўлган бўлса, деярли ҳеч нима ўзгармаган. Катта-катта бараклар, худди ҳозирги замондаги спортзаллардек ҳайбатли. Бундай бараклардан бир нечтасини кўрдик. Ҳар бирида қанча маҳбус сақланган, буни Худо билади.
Бинолар ичи зах, деворларга маҳбуслар ёзиб қолдирган ёзувлар, ҳаттоки, ҳожатхоналар, ювиниш жойлари ҳам ўшандек, абгор ҳолда турибди. Афтидан, ҳаво ва ёруғлик кириб туриши учун қурилган кичкина ойналар бинонинг энг баланд қисмида жойлашган ва симлар билан ўралган. Эшиклари катта дарвозадан бўлиб, ташқаридан қулфланади. Ҳожатхоналар ҳам шунинг ичида. Африканинг жазирамасида бу зиндонлар ичида бўлган кўп сонли одамлар қандай нафас олган, қандай чидаган, буни ҳам Худо билади. Бошқа ерда бундай жойни кўрганимда ва бу одамлар сақланган қамоқхоналигини билмаганимда, албаттаки, бу масканни ҳайвонлар учун қурилган бир оғилхона бўлса керак, деб тушунган бўлардим. Унда ҳам бу ерда сақланган ҳайвонларга жоним ачирди. Бу жойда одамлар сақланганлигини билганимдан кейин ич-ичимдан нелар ўтди, ўзим билдим, Яратган билди.
– 4 –
Баъзи зимистон, қоронғу хоналарда даҳшатли қийноқ овозлари янграйди, ўша пайтда суратга олинган фильмлар кўрсатилябдими-ей, англолмай қолдим, кўнгим айниб, бошим айланиб кетди. Бошқа бир қўрқинчли оламга тушиб қолдим. Даҳшатки, таърифлашга тиллар ожиз!
Ташқарига, қамоқхона ҳовлисига чиқамиз. Ҳовли майдони ҳам катта экан. Зинапоядан тушганда, пастроқда қатор қилиб қурилган якка-якка камералар, ҳар бири бир одамга мўлжалланган, изолятор хоналари. Тепароқда қамоқхона маъмурларининг ишхонаси. Энг қизиғи, ўша хоналарда замонавий компьютерлар қўйилган бўлиб, музей ходимлари ишлаб ўтиришибди. Бунисига энди лол қолдим!
Ҳар бир хона ва бинолар қаршисига изоҳли ёзувлар илинган. Лекин, ҳаммасини ҳам бафуржа ўқиб, танишишга улгурмадим. Ҳарқалай суратларга олишга улгурдим, уйга бориб кўриб, ўша ёзувларни ўқиш мақсадида. Ҳовлининг кўзга ташланадиган очиқ майдонида буюк Гандининг ҳайкали турибди. Гандининг бўйнига сариқ рангли  гулчамбар илиб қўйишибди. Ҳамма Ганди ҳайкали қаршисида суратга тушиш билан банд, одамлар навбатларда турибди. Дунёнинг 140 давлатидан келган мен каби меҳмонлар… Турли тиллар янграйди…
Мен ҳам суратга тушдим. Ҳайкал ёнбошида жаноб Ганди Жанубий Африкада ишлаган ва ирқчиликка қарши курашган даврларини ҳикоя қилувчи экспонатлар, ҳужжатлар, суратлар қўйилган. Ўша даврдаги қоғозлар, ёзув машинкалари, китоблар… Унинг ёнидаги залларда эса, Мандела ва Ганди суратлари илинган қатор хоналар, компьютерлаштирилган ахборот воситалари.
Бу хоналарнинг бирида Гандининг ўша машҳур юмалоқ кўзойнаги, соати, у ишлатган идишлар ва ип йигирган дастгоҳларини кўриб, тўлқинланиб кетдим. Болалигимдан қилган орзуимга эришганимдан хурсанд бўлиб кетдим. Инсон чин дилдан ният қилган орзусига, албатта, етишига бу гал ҳам яна бир бора амин бўлдим. Яратганга шукроналар айтдим. Бўлмаса, кунлар келиб Африкага келишим, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.
Хуллас, бу қамоқхона-музейдан чиқиб, ўша атрофдаги, тепаликдаги собиқ Аёллар қамоқхонасига бордик. Афсуски, у ерда узоқ қололмадик. Мен фақат видеотасвирга олишга улгурдим, холос. Ташкилотчилар кун тартибидан чиқиб кетаётганлигимизни қайта-қайта уқтираверишганидан кейин ноилож мен ҳам тезлашишга мажбур бўлдим. Аёллар қамоқхонасидаги камералар, улар қийналган жойлар, ҳужжатлар, суратларни кўриб, баттар ёмон аҳволга тушдим. Аввалги маскандан чиққаним бир бўлди-ю, буниси яна бир бўлди. Бу жойлардан чиқиб, яна пиёда ҳаммамиз шаҳарни томоша қилиб, меҳмонхонага қайтиб келиб, тушлик қилдик ва сессияларга кириб кетдик…
– 5 –
Қамоқхона-музейда кўнглимдан кўп нарсалар ўтди. Биринчи галда, Ватаним-Ўзбекистондаги қамоқхоналар. “Жаслиқ” каби қийноқхоналарда сақланаётган сафдошларимизнинг аянчли тақдирлари кўз олдимга келиб, бўғзимга бир нима тиқилиб қолди. Боз устига, Африкага кетишим олдидан Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумларнинг зиёратлари учун бошлаган кампанияларимиз ва кунда-кунора қийноқ қурбонлари ҳақидаги чиқишларимиз кўз олдимда тўла гавдаланиб, анча вақтгача ўзимга келолмадим. Айниқса, у ердаги қийноқ овозларини эшитиб, даҳшатга тушдим. Қулоғим остида сафдошларимизнинг нолалари, нидолари жаранглагандек бўлди.
Кунлар келиб, Ўзбекистонда ҳам бу каби қамоқхоналар тугатилиб, улар ҳам мана шундай музейларга айлантирилади. Унга бизнинг фарзандларимиз ва хориждан келган сайёҳлар зиёратга келиб, мен каби ҳайратга тушадилар. У пайтда бугунги кунларимиз тарихга айланади. Қамоқхона деворларида Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саййид, Ғанихон Маматхонов, Исроилжон Холдоров, Аъзам Турғунов, Ғайрат Михлибоев, Йўлдош Расулов, Солижон Абдураҳмонов каби кўплаб сиёсий маҳкумларнинг портретлари қўйилади. Лекин, у кунларга яна анча вақт борга ўхшайди. Ҳозирча диктатор Каримов тахтда…
27 йил Ўзбекистонга ҳукмронлик қилган Ислом Каримовнинг тўсатдан ҳаётдан кетишига ҳали яна бир ҳафта вақт қолган эди. Буни эса, мен Африкада билмасдим, билолмасдим.
– 6 –
23-24 август кунлари бўлиб ўтган Форумдан кейин 25-27 август кунлари FIDHнинг ички Конгресси бўлиб ўтди. Унда асосан, инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди ҳамда FIDHнинг Халқаро Кенгаши Сайлови бўлиб ўтди.
Сайловда FIDHга янги Президент ва 15 вице-президентлар ҳамда 5 Бош котиблар сайланди.
Конгресснинг сўнгги, 27 август иш кунида бўлиб ўтган, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 184 аъзо ташкилотлар иштирокидаги сайловда 47 ёшли юнон академиги, ёзувчи ва жамоат арбоби Димитрис Христопулос (Dimitris Christopoulos) FIDHга Президент этиб сайланди.
Бу йилги Конгрессда FIDHга дунё бўйлаб, яна 15 та ташкилот тантанали равишда аъзоликка қабул қилинди.
– 7 –
24 август кунги Конгрессдаги “Жаҳондаги инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқбонлар вазияти” мавзуси атрофида бўлган сессияда менга ҳам сўз берилди. Сессияда сўзга чиқиб, жумладан, шундай дедим:
Ҳурматли Раис!
Қадрли Конгресс иштирокчилари!
Мен ушбу Конгрессда қароргоҳи Парижда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан қатнашябман. Ташкилотимиз раҳбари, бир қатор халқаро мукофотлар совриндори, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабархоним Тожибоеванинг соғлиги жиддий равишда ёмонлиги туфайли Йоханнесбургга келолмади. Тожибоева хонимнинг алангали саломларини, Сиз азизларга, етказаётганимдан мамнунман!
Жанубий Африка Республикасининг Президенти, буюк озодлик курашчиси жаноб Нельсон Мандела Ватанига келиб турганимдан бағоятда хурсандман!
Камина ташкилотимиз қошидаги “TUG’YON” интернет-радиоси муҳарририман. 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан кўп сонли ҳамкасбларимиз каби мен ҳам Ватаним – Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганман. Деярли 10 йилдан буён Норвегияда сиёсий муҳожирликда яшайман. Ўзбекистонда яшаган вақтимда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятида ҳуқуқбон-журналист сифатида ишлаганман.
Ўзбекистон Республикаси шу кунларда ўз Мустақиллигининг 25 йиллигини нишонламоқда. Мамлакат президенти 78 ёшли диктатор Ислом Каримов 27 йилдан буён Ўзбекистон ҳали Советлар Иттифоқи таркибида бўлган даврдан бери давлат тепасида турибди.
Ўтган бу давр ичида Ўзбекистон тоталитар режимдаги давлатга айланди. Мамлакат иқтисодидан тортиб давлат сиёсатигача жар ёқасига келиб қолган. Мустақиллик йилларида иқтисодий танглик туфайли Ўзбекистондан миллионлаган меҳнат муҳожирлари иш қидириб хорижий давлатларга, асосан, Россия Федерациясига чиқиб кетганлар. Аксарияти ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз, жуда кам маош учун хўрланиб ишлаётган, айрим ҳолларда, турли безори гуруҳлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилиб юборилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони кун сайин тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон расмийлари эса, хориждаги меҳнат муҳожирлари мавжуд эканлигини асло тан олмайдилар, уларнинг ҳуқуқлари бўйича шуғулланмайдилар.
Мамлакат коррупция ботқоғига ботиб қолган. Ҳар бир соҳа тубдан ислоҳатларга муҳтож. Ўзбекистон диктатура ҳукм сурадиган ёпиқ давлат бўлиб,  унда 31 млн.дан зиёд аҳоли яшайди. Ўзбекистон аҳолиси кўп миллатлидир, унинг асосий қисми ўзбеклар ҳисобланади. Аҳолининг 90 фоиздан кўпроғи Ислом динининг сунний мазҳабига эътиқод қилади. Ўзбекистонда бошқа миллат ва дин вакиллари ҳам истиқомат қиладилар.
Мамлакатда матбуот ва сўз эркинлиги мутлақо бўғилган. Давлат цензураси ОАВни тўла назорат қилади. Инсон ҳуқуқлари абгор ҳолда. Мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячилари, демократик ва диний мухолифат вакиллари, мустақил журналистлар ёки узоқ йиллардан буён турли туҳмат-бўҳтонлар билан қамоқхоналарда қийноқлар остида сақланадилар ёки айримлари хорижга чиқиб кетганлар ёҳуд бошқалари ўлдирилганлар. Бизлардаги норасмий маълумотларга кўра (расмий статистика маълумотларининг аксарияти давлат сири ҳисобланади, оммага ошкор қилинмайди), Ўзбекистон қамоқхоналарида ўн мингдан зиёд сиёсий маҳкумлар мавжуд бўлиб, улар орасида узоқ  йиллардан буён панжара ортида сақланаётган таниқли ўзбек журналисти Муҳаммад Бекжон ва машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновлар бор. Бизларда мавжуд бўлган сиёсий маҳкумларнинг рўйхатини ҳозир бу минбардан туриб айтадиган бўлсам, менга ажратилган вақт, афсуски, етмайди. Бу ҳақдаги тўлиқ маълумотлар билан ташкилотимиз томонидан тайёрланган бу йилги янги “Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазиятига назар” номли Ҳисоботда танишишингиз мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, эътиборларингизни яна бир муҳим масалагага қаратмоқчиман. Ўзбекистонда давлат сиёсатидан айри фикрда бўлган ҳар бир кишига ҳукумат худди Сталин давридагидек, “ватан хоини”, “халқ душмани”, “ватангадолар”, “қора кучлар” каби турли ёрлиқларни ёпиштиради. Муттасил равишда Ўзбекистон ОАВда бу ҳақда материаллар берилиб борилади. Бу каби расмий кўринишдаги материалларга Ўзбекистон аҳолисининг деярли барчаси ишонади. Мамлакатда мустақил ОАВ мавжуд эмас. Интернет тармоқлари тўла давлат назоратида бўлиб, хориждаги ўзбек ва бошқа тилларда фаолият юритадиган демократик ва диний институтларга ҳамда ОАВга оид веб-саҳифалар Ўзбекистонда ёпилган. Мамлакат ичида муқобил ахборот олиш имконияти ўта чегараланган.
Мамлакатда фуқаролик жамияти йўқ қилинган. Жуда оз сонли ҳуқуқ ҳимоячилари катта босим ва хавф-ҳатарлар гирдобида ишлашга мажбурдирлар. Ўзбекистонда расман Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган ягона ҳуқуқбон ташкилоти бу – Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳисобланади. Жамият раиси таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятова бўлиб, ташкилот 13 йилдан бери фаолият олиб боради. Лекин, ташкилотнинг молиявий ресурси йўқ. Ташкилот 6 йилдан бери молиявий ресурсларсиз ишлаб келмоқда. “Эзгулик” ёрдам сўрамаган бирорта халқаро ва донор ташкилотлар қолмади. Ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмайди. Гарчи шундай бўлишига қарамасадан, “Эзгулик” ташкилоти мамлакат ичида туриб ишлайди, йиллик ҳисоботлар тайёрлаб тақдим этади, матбуот релизларини доимий равишда дунё жамоатчилигига тарқатиб келади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти шу йилнинг 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари олдидан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини қамоқда қолаётган фуқаролик жамияти вакилларини озодликка чиқариш, қонун талаби асосида улар билан учрашишга рухсат бериш, монъеликсиз уларнинг соғлиқ ва аҳволидан хабар олишни ташкиллаштиришга чақириб, мамлакатдаги бир қатор хориж давлатлари элчихоналарига, халқаро ташкилотларга ҳамда Ўзбекистон ҳукумати идораларига Мурожаат қилганди.
“Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги “Жазони ижро этиш бош муассасаси” (ИИВ ЖИЭМ)дан ушбу Мурожаатига расмий жавоб олган. Унга кўра, жамият томонидан аввалдан тақдим этилган ўн нафар сиёсий маҳкумлар рўйхатига биноан, уларнинг соғлиги ва аҳволидан хабар олиш учун “Эзгулик”ка учрашувга ЖИЭМ расман рухсат берган.
Бу маҳкумлар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги қамоқхоналарида узоқ йиллар давомида сақланиб келинмоқда. Дунёга қийноқлар қўлланилиши билан машҳур бўлган “Жаслиқ” номли қамоқхона ҳам шулар жумласидандир. Уларнинг айримларига жазо муддатлари бир неча маротаба қўшиб берилмоқда, баъзиларининг эса тақдири бизларга номаълумлигича қолмоқда.
“Эзгулик” жамияти маҳкумлар билан учрашувга расман рухсат олганидан кейин маҳкумлар билан учрашувга маблағ топиш масаласида жуда катта қийинчиликларга дучор бўлдилар.
Васила Иноятова мазкур учрашувларни молиялашга ёрдам беришларини сўраб чет элдаги халқаро ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин, халқаро ташкилотлар рад жавобини беришган, айримлари эса, ҳаттоки, жавоб беришни ўзларига эп кўришмаган.
Шундан кейин “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева бошчилигида интернет орқали маблағ йиғиш кампаниясини бошладик. Бир қатор фаоллар билан хориждаги ватандошлардан озроқ маблағ йиғишга эришдик. Тожибоеванинг саъй-ҳаракатлари билан бир қатор халқаро ташкилотлардан салмоқли маблағ йиғилиб, “Эзгулик” жамияти ҳисобига ўтказиб берилди.
Шу кунгача (24.08.2016) “Эзгулик” фаоллари 17 йилдан буён қамоқда сақланаётган журналист Муҳаммад Бекжон ҳамда 10 йилдан буён қамоқхонада қолаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновлар билан учрашишга муваффақ бўлдилар. Бу бўйича матбуот релизларини хориждаги ОАВда нашр қилдилар. Навбатдаги учрашувлар расмийлар белгилаган ва рухсат берган вақтларда амалга оширилиши кутилмоқда.
Мен шу юксак минбардан туриб, Сизлардан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига жиддий эътибор қаратишларингизни, фуқаролик жамияти фаолларига ҳар томонлама ёрдам беришларингизни илтимос қиламан!
Ўзбекистон каби ёпиқ давлатларда демократик ислоҳатлар ўтказилиши учун ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир!
Эътиборларингиз учун ташаккур!
– 8 –
Шу куни сессиялар тугагандан кейин кечки танаввул учун Йоханнесбургдаги “Апартеид музейи”га бордик. Ҳа, асло ҳайрон бўлманг, овқатланиш учун музейга…
– 9 –
Ҳар куни Конгресс иши эрталаб соат тўққиздан кечки саккизгача давом этади. Ўртада оралиқ танаффуслар билан бирга, албатта. Биз жойлашган меҳмонхонада Конгресс иштирокчиларидан бошқа бегона одамнинг ўзи йўқ (меҳмонхона хизматчилари бундан истисно). 24 қаватли меҳмонхонада 400 дан зиёд делегатлар. Камина 19-қаватда бир ўзимга ажратилган каттагина икки хонали номерда турдим. Ҳар бир кишига шундай жой ажратилган. Ҳар бир қаватда, лифтларда, ҳовлиларда, ресторан ва барларда, қўйингки, кўзга ташланадиган ҳамма жойларда Конгресснинг байроқлари, плакатлари, ёзувлари илинган. Ҳар жойда мавзуга оид фильмлар тинмай айланиб туради. Қўриқлов хизмати 24 соат ичида ишлайди. Уни устига полициячилар турли-туман хизмат автомобиллари билан ҳамиша бизларга ҳозиру нозир. Ҳар куни иш тугагандан кейин кечки овқатланишни негадир меҳмонхонанинг ресторанида эмас, шаҳарнинг турли жойларидаги ресторанларида қиламиз. Меҳмонхона ресторанининг жойи тормикин десам, ношушта ва тушликка ҳамма сиғади, каттагина чиройли жой. Оралиқ қисқа танаффуслардаги чой-кофе ичишлар сессия заллари ташқарисидаги махсус жойларда бўлади. Кейин билсак, шу баҳона шаҳарнинг турли жойларини бизларга кўрсатишмоқчи экан.
Ҳар куни кечки соат саккизларда автобуслар бизларни кутиб туради. Бир қанча автобусларга жойлашиб бўлганимиздан кейин олдимизда 4 та орқамизда яна 4 та полиция машиналари сиреналарини ёқиб, овозларини бақиртириб, ваҳима билан олиб кетади. Йўлларда машиналар йўлни очиб, бўшатиб турадилар. Бизни кўрган маҳаллий одамлар, бунча оқ танли президентлар бирданига қаердан пайдо бўлиб қолишдикин, бизни шаҳримизда, дейишгани аниқ (ҳазил). Бу ҳам етмаганидек, шаҳарнинг турли жойларида полициячилар постларда қўлларидаги таёқлари билан бизларни кутиб, кузатиб қўйишади. Қисқаси, биз ўтиб, йўқ бўлиб кетгунимизча, бошқа машиналар ва пиёдалар ҳаракатланиши тўхтатилиб турилади. (Тошкент кўчалари ёдингизга келябдими?!). Йўлда турнақатор машиналар ўтишимизни қараб туради. Балки ичларида бизларни роса сўккан бўлишлари ҳам мумкин. Лекин, йўл четидаги пиёда одамлар бизларга тинмай қўлларини кўтариб, салом бериб, жилмаядилар. Биз ҳам уларга жавобан шундай қилдик.
Йоханнесбург замонавий кўп қаватли бинолар қад кўтарган, худди Европадек чиройли шаҳар бўлишига қарамай, энг қизиғи, меҳмонхонадан ўн дақиқалик йўл юрсак ҳам шундай дабдаба, ярим соат ёки ундан ортиқ йўл юрсак ҳам шундай дабдаба. Кечки шаҳарни айланиб тезда пиёда борса ҳам бўладиган жойга, бир куни, яна шундай автобус карвонида борганимизда ҳаммамиз ҳайратлангандик. Кейин ўйлаб кўрсам, бирданига 400 дан ортиқ одамни кўчада пиёда юриши ҳам осон бўлмас экан. Унда бечора полициячиларга баттар жабр бўлиши аниқ эди.
Мен ҳам таажжубланиб, ҳам ҳазиллашиб, ҳамкасбларимга, биз каби оддий одамларга бунчалик ваҳима бўлса, агарда бирор бир давлатнинг президенти келса, билмадим, полициячилардан ташқари, бутун бошли армия танклари ва вертолётлари билан кузатиб юрса керак, дейман. Бунга жавобан ёнимда кетаётган бир ҳамкасбим, ҳамма ҳам сизу биздек оддий одамлар эмас-да, ичимизда дунёга номи таралган олимлар, академиклар, профессорлар, йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари, президентлари ҳам бор. Улар орасида БМТ, ЕИ, ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотларнинг махсус маърузачилари, ходимлари ҳам бор. Ундан ташқари, уч йил аввал биз каби йиғинга келган бир россиялик журналистни кўчада куппа-кундуз куни ўлдириб кетишганини эшитмадингизми?, -деса бўладими. Дарҳақиқат, мен ҳам келган кунимнинг эртасигаёқ, бу совуқ гапни эшитгандим, ҳозир лоп этиб, эсимга тушди-ю, кейин индамай қўя қолдим. Умуман олганда, Йоханнесбургда хавфсизлик масалалари жуда жиддий экан. Айниқса, апартеиддан кейин оқ танлиларга бўлган муносабат яхши эмаслигини яққол сезиш мумкин.
– 10 –
Ҳар оқшом саккиз яримда кетганимиз бўйича ярим кечаси соат бир яримларда қайтамиз. Меҳмонхонага келиб ҳам дарров хоналаримизга тарқалиб кетмаймиз. МДҲдан келган дўстларимиз билан яна бир пайтгача барларда, ҳовлиларда ўтириб, чойлашиб, гаплашамиз. Кўпчилик ҳамкасбларимизни аввалдан таниган, билган бўлсам, кўплари билан шу ерга келиб танишдим. Шунинг учун бўлса керак, гаплашадиган гапларимиз жуда кўп эди. Ҳар биримиз бир-биримизнинг давлатимиздаги ўзимизни қизиқтирган мавзуларда тинмай гаплашамиз. Кейин ярим тунда тарқаймиз. Эрталаб соат саккизда яна пастга нонуштага тушамиз, тўққиздан иш бошланади. Бир ҳафта шу зайлда ўтди…
Шу ўринда, диққатимни тортган бир жиҳат бўйича алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Дунёнинг турли жойларидан ташриф буюрган ҳуқуқ ҳимоячилари ичида ёшлар кўп. Асосан, бизлар каби диктатура шароитида яшаётган мамлакатлардан келган бу ёш ҳуқуқбонларнинг аксарияти қизлар эканлиги мени таажжубга солди. Узоққа бормайлик, қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистондан келган қизлар ҳам шулар жумласидандир. Бизларда эса, ҳуқуқбонлик ишлари билан ёшлар тугул, катта ёшдагилар ҳам қизиқмайди, бу йўналишда ишламайдилар. Фақатгина оз сонли узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган ҳуқуқбонлар бундан мустасно. Уларнинг ҳам аксарияти юрт ташқарисида.
– 11 –
“Апартеид музейи”нинг кираверишида Манделанинг каттакон портрети илинган. Музейнинг ҳовлиси ҳам жуда катта экан. Кириш томонлари ғиштлар билан текис қилиб ўралган. Оқшом сокин, қоронғу, осмонда юлдузлар. Жуда салқин, ёқимли ҳаво. Ҳовлининг ўнг томонларидаги зулмат ичидаги кенглик чўлми, далами аниқ билолмадим. У томонда ҳеч нарса кўринмайди, узоқларда милтираган чироқлар… Музей ҳовлиси йўлагида бунинг акси, ҳаммаёқ саришта, ёруғ ва шинам. Анча юрилганидан кейин бино ичига кирилар экан. Бир ажойиб, эртаклардагидек жой. Ҳовлида қатор қилиб шамлар ёқилган,  оқ кўйлак, қора шим кийган хизматчи йигитлар кўп мулозаматлар билан бизларни кутиб олишябди. Улар ҳовлининг ҳар жойида туришиб, бизларга йўл кўрсатадилар. Музей биносининг катта залида официантлар, дастурхонлар, емоқ-ичмоқ ва ҳ. Бу залнинг ёнидаги эшигидан эса, музей экспонатлари бошланади. Апартеид давридаги ҳужжатлар, суратлар ва бошқа жиҳозлар ўрин олган. Ҳар жойда жаноб Манделанинг суратлари, у минган машина, унинг китоблари, қўлёзмалари ҳам турибди. Бу ердан ҳам бир олам таассуротлар билан ярим тунда ётоққа қайтдик.
Умуман олганда, Манделанинг сиймоси ҳар қадамда кўзга яққол ташланиб туради. Шаҳарнинг турли гўшаларида, бинолар ичи ва ташқарисида, савдо дўконлари, емакхоналардан тортиб барча-барча жойларда бу даҳонинг улкан суратлари қад кўтариб турибди. Бундай манзарани буюк Отатуркка бўлган эҳтиром мисолида Туркияда кўргандим…
Тунда ёп-ёруғ шаҳар ичида автобусда кетаётганда кўрамиз: театрларда Мандела спектакли афишаси, бошқа кўчада Мандела номидаги концерт саройи, кутубхонаси, ўқув юртлари, борингки, деярли бутун Йоханнесбургда Манделани “учратиш” мумкин. Мандела африкаликлар билан бирга яшаётгандек. Уни ҳар бир африкалик севишини шу қисқа сафарим давомида кўрдим. Оддий меҳмонхона ошпази ва қўриқчисидан тортиб казо-казоларигача бу Инсон ҳақида юзларида табассум ва ўзгача меҳр билан сўзлайдилар.
Бутун умр ўз қардошлари, халқи озодлиги учун курашиб, бу йўлда кўп қурбонлар берган Миллат Отаси – Нельсон Мандела нафақат африкаликларнинг балки бутун дунё Озодлик куйчиларининг шарафидир, шонидир!
– 12 –
Жанубий Африкага қилган сафарим таассуротларини ҳаммасини ёзаман десам, бир яхшигина китоб бўлади. Бунга лойиқ заҳира йиғиб келганман. Қани энди вақт етарли бўлса, ҳаммасини ёзсам. Олиб келган суратлар ва видеолавҳаларимни ҳозиргача бир хотиржам ўтириб кўролганимча йўқ. Тез кунда ЕХҲТнинг навбатдаги сессиясида иштирок этиш учун Варшавага жўнаб кетябмиз. Ҳозирда бу анжуманга тайёргарлик ишлари билан бандмиз.
– 13 –
25 август куни тушдан кейин турли хоналарда тўрт ярим соат “Жўғрофий ҳудудлар бўйича” йиғилиш бўлиб ўтди. МДҲ давлатларидан келган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ушбу тор доирадаги учрашувида мен ҳам сўз олиб, асосан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, “Жаслиқ” ва бошқа қамоқхоналардаги қийноқлар ҳақида халқаро экспертлар олдида гапирдим…
– 14 –
25 августдан то Конгресс якунигача, Ўзбекистонда узоқ вақтлардан буён қамоқда сақланаётган сиёсий маҳкумларнинг портретлари меҳмонхона кириш қисмида махсус ажратилган жойда FIDHнинг кўмаги асосида намойиш қилинди.
Қозоғистонлик рассом Қанат Ибрагимов чизган сиёсий маҳкумларнинг суратлари Ўзбекистон давлат байроғи билан биргаликда столларга тикилди. Европадан олиб келинган почта открыткаларига Конгресс иштирокчилари ўзбек сиёсий маҳкумларининг ҳар бирининг номига ўзларининг дил изҳорларини турли тилларда ёзишиб, имзоладилар. Имзоланган юзлаб открыткалар тўпланди. Варшавада ҳам бу акциямизни давом эттириб, барча открыткаларни жамлаб, манзиллари бўйича Ўзбекистон қамоқхоналарига юборамиз. Бу билан қамоқхонадаги сафдошларимизни маънавий қўллаб-қувватлаймиз.
Шу тариқа “Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумларга озодлик!” номли уч кунлик акция бошланди ва 28 августгача давом этди. Акция жараёнлари тўлиқ тарзда суратларга олинган.
– 15–
Яна бир муҳим жиҳат.
Қирғизистондаги ягона сиёсий маҳкум, ҳуқуқбон Азимжон Асқаров озодлиги учун қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари –Толекан Исмаилова ва Азиза Абдирасуловалар Конгресс давомида тинмай бонг урдилар. Умуман олганда, қирғиз ҳуқуқбонлари мамлакат ичида ҳам Асқаров озодлиги йўлида бир ёқадан бош чиқариб, тўхтовсиз курашиб келябдилар.
Бизларда эса, аксинча, фақат оз сонли фаолларгина Ўзбекистондаги юзлаб сиёсий маҳкумлар озодлиги учун курашмоқдалар. “Эзгулик” жамияти фаоллари яқинда ўзбек қамоқхонларидаги ўн нафар сиёсий маҳкумлар зиёратига боришлари учун бошланган маблағ тўплаш кампанияси ҳам осон кечмади. Бир қанча тўсиқларни енгиб ўтишимизга тўғри келди…
– 16–
Конгрессга тайёрланиш жараёнида ҳам бир қатор қийинчиликларга дуч келдик. Гап шундаки, Мўътабар Тожибоева бошчилигида тайёрланган 80 саҳифали Ўзбекистон бўйича махсус “Ўзбекистондаги сиёсий маҳкумлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазиятига назар” деб номланган Ҳисоботимиз фақат рус тилида нашр қилинди, холос. Унда ҳам бошқа давлатлар ҳисоботлари каби китоб ёки журнал тариқасида бўлмади. Инглиз тилига таржима ҳам қилолмадик. Молиявий муаммолар бу ишларни амалга оширишимизга катта тўсиқ бўлди.
– 17 –
27 август куни сайловлар ва бошқа тадбирлардан кейин Конгресснинг ёпилиш маросими бўлди. Оқшом эса, Йоханнесбург шаҳри “Moyo Zoo Lake” номли ниҳоятда гўзал, кўркам ресторан-қароргоҳида FIDHнинг 39-Конгрессининг тантанали ёпилиш маросимига бағишланган зиёфат бўлиб ўтди. Байрамда янги ва эски президентларнинг ҳамда бошқа фаолларнинг оташин нутқлари янгради. Жонли куй-қўшиқлар, рақслар ила зиёфат ярим тунгача давом этди. Байрамдан сўнг меҳмонхона-“уйимиз”га келгач, яна ўтиришлар, қизғин суҳбатлар, суҳбатлар ва яна суҳбатлар узоқ вақт давом этди.
– 18 –
Хайрлашув куни, 28 август, якшанбада эркаклар орасида кўнгилли равишда футбол турнири бор экан. Буниси энди ҳаммасидан ҳам ошиб тушди, дедим ичимда. Шу пайтгача дунё ҳуқуқбонларининг жамланишиб, футбол ўйнаганлигини ҳеч эшитмагандим. Африкага келиб эшитдим. Бунча тайёргарлик кўрган FIDHнинг отасига балли-ей, девордим. Шунча нарса камдек, энди футболга нима бор экан, бу кимнинг ҳаёлига келганикин, деб қўявердим. Бир ҳафталик чарчоқлардан кейин иссиқда ким ҳам футбол ўйнайди, шунга ўйланиб қолдим. Ким билан ким ўйнайди, қаерда ўйнайди, майдонга ҳам яна “армия” қуршовида борилса керак, деб қўйдим. Ҳар бир ўйинчи-футболчига бошдан-оёқ футбол сарполари ҳам бериларкан. Мен сарпосига ҳам, футболига ҳам қизиқмадим. Қизиқишга ҳолим ҳам қолмаганди, бир ҳафталик олам-олам таассуротлардан кейин.
Ўзи бир кун аввал катта эшик олдига, бир ўқув-тахтасига икки хил рангдаги “FIDH” ёзуви туширилган футбол майкаси илиниб қўйилганди. Вақт тиғизлигидан унчалик эътибор бермаган эканман. Кейин билсам, ўша тахтага эълон ёзилган бўлиб, кимки эртага футболга борадиган бўлса, шу майкалардан истаганини танласин, фалон соатда фалон стадионда ўйин бўлади,  дейилган экан.
Футбол яхши ўтибди. Кечаси аэропортда ўйнаганлардан эшитдим.
– 19 –
Айрим кишилар шаҳардан узоқдаги ёввойи табиат қўйнига сафарга боришди. Яъни, ўрмонга. Фил, жирафа, йўлбарс, шер каби ҳайвонларнинг тиригини кўришга, суратга олишга боришди. Бир кун аввал дўстларимиз мени ҳам шу сафарга боришга роса ундашди. Шарти шу эканки, саҳарлаб соат 5:30 га пастга тушиб туришимиз керак экан. Ўша пайтга машина келаркан ва 16:00 да меҳмонхонага қайтариб олиб келиб қўяркан. Ўн соат борди-келдига вақт кетаркан. Бу гапни эшитиб, ассалому алайкум…, раҳмат…, хуш кўрдик…, дедим. Ўзи кечаси байрамдан соат бирларда келган бўлсак, уч яримгача яна чақчақлашиб ўтирган бўлсак, икки соатдан кейин узоқ 10 соатли сафарга ким бориши мумкин?! Йўқ, боришибди! Борганлар келиб, кечки пайт хайрлашув дастурхони атрофида менга ўз таассуротларини, олган суратларини, фил, шерларни кўрганликларини айтишганида лабимни тишлаб қолдим. Лекин, афсусланмадим. Сабаби, ўша куни кечаси 11 соат Амстердамга учишим, Амстердамга келиб, 2 соат учрашувда бўлиб, яна 2 соат Норвегияга учиб, қолган 1 соатли йўлни яна поездда юриб уйимга етиб келишим керак эди-да. Шунга асло афсусланмадим. Агарда мен ҳам 10 соатли “джип-сафари”га борганимда, бу ёғи “вип-сафари”га кетган бўлардим (ҳазил). Бир марта Туркияда бундай  “джип-сафари”га борганим ҳамон ёдимда сақланиб қолган…
Мен ёввойи ва йиртқич ҳайвонларни табиат қўйнида кўрмаганимга унчалик афсусланмадим. Тўғри, қизиқарли. Инсонни умри давомида яна бундай имконият бўлмаслиги мумкин. Африкага ҳар куни ким келади?! Ҳайвонот боғларида турфа хил жонзотларни кўп кўрдик, истасак, яна бориб кўрамиз, лекин, жонлиси бошқача барибир.
Фақат бир нарсага жуда афсусландим. Шаҳардан олисдаги, чекка қишлоқлардаги, ўрмонлардаги оддий африкаликларнинг ҳаётини кўролмаганимдан, журналист сифатида уларни суратга туширолмаганимдан, икки оғиз бўлса ҳам улар билан гаплашолмаганимдан ёмон пушаймон бўлдим. Сўнгги пушаймон…
Ўша тун тўйиб ухладим. Жуда қаттиқ чарчаганим боис, эртасига ҳовуз бўйида салқинлаб мазза қилиб дам олиб, олдиндаги олис парвозга куч йиғдим.
Шундай қилиб, FIDHнинг 39-Конгресси сабаб, Жанубий Африкага қилган сафаримиз ўз ниҳоясига етди.
Якшанба оқшомида бир-биримиз билан хайрлашиб, келган диёрларимизга учиб кетдик. Европага учадиганларимиз эса, бир учоқда Амстердамга равона бўлдик. Йоханнесбургдан Амстердамгача бўлган 11 соатли олис парвоз бизларни кутарди.
– 20 –
Кетиш олдидан якшанба куни тушлик вақтида Ислом Каримовнинг тўсатдан тоби қочиб, шифохонага тушганлиги ҳақидаги расмий хабарни эшитиб, лолу ҳайрон бўлиб қолдим.
27 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон Президентининг соғлиги ҳақидаги расмий хабар чиққан эди.
29 август куни Норвегияга, уйга келиб, Каримовнинг вафот этганлиги тўғрисидаги норасмий хабарни эшитиб, бу дунёнинг ишларига яна лол қолдим.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги И.А.Каримовсиз ўтди. Пойтахтда ҳар йили бўлиб ўтадиган тантаналар бу гал қолдирилди.
2 сентябрь оқшомида Президентнинг вафот этганлиги ҳақидаги расмий хабар “Ахборот” дастурида эълон қилинди.
3 сентябрь куни Ислом Каримовнинг майити Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида ўқилган жаноза намозидан сўнг шаҳарнинг Шоҳи Зинда яқинидаги Хўжаи Хизр масжиди ёнида шошилинч тарзда қурилган мақбарага дафн этилди.
Улуғбек Бакиров
15 сентябрь, 2016 йил,
Норвегия

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.