Биров ўлгандан кейин…
Икки уч кундирки, “Ўлганларни танқид қилмаслик керакми?” мазмунидаги хатлар, саволлар беришмоқда. Бу хусусдаги фикрларимга аниқлик киритмоқчиман.
Ҳар бир одамнинг ўз дўсти ва душмани бўлгани каби, унинг наздида яхши ёки ёмон, тоза ёки ифлос, одил ёхуд золим, иймонли ёхуд иймонсиз.. одамлар бор. Бу унинг наздида шундай. Лекин ўша одамнинг ўзи ҳам бошқа бир инсон учун ана шу юқоридаги категорияларга тушиши аниқ. Тангридан бошқа бегуноҳ йўқ. Ҳатто пайғамбарлар ҳам ўзларини қайсидир масалаларда гуноҳкор деб билганлар.
Баъзиларни тиркилигида ҳам, ўлганидан кейин ҳам – улар лидер, раҳбар бўлсалар – қўрқмай нуқсини юзига айтиш, баҳосини бериш зарур. Чунки лидерлик, мансабдорлик, раҳбарлик бу танқид нишонидир. Бу уларнинг ўзлари тарафидан танланган йўл. Уларни танқид қилмаслик, камчикларидан кўз юмиш миллатга, мамлакатга, келажакка хиёнат бўлади.
Агар одам бир жойда раҳбар, ҳукмдор, мафкура ихтирочиси, амалдор, шайху уламо бўлса, ундан кейинги авлодга таъсир ўтказадиган асарлар қолдирса, ундайларга ўлгандан кейин ҳар бир даврда қайта-қайта баҳо бериш, уларни ўрганиш, қилган ишларини айтиш, камчиликларини қайд этиш зурур деган қарашдаман.
Аммо оддий одам бўлса, буни Тангри таоллога ҳавола этиш билан чекланиш керак, деб ўйлайман.
Илдиз
Ўтган подишоҳлар, амирлар, султонлар, хонлар ҳақида гап кетганда “тарқоқ халқни бирлаштирди” деб мақтаймиз. Бу бирлашув уруш, куч, қон тўкиш, зулм билан, мажбурий тарзда амалга оширилган.
Демак халқнинг хоҳиш-иродаси эмас, подшоларнинг истаги билан бўлган.
Шунинг учун ҳам ҳар бир соҳибқироннинг ўлимидан кейин халқлар яна тарқалиб, тарқоқлашиб кетаверган.
Бизда тинч йўл билан, яхши мақсадлар, халқнинг эркинлиги учун бирлашув йўқлигининг илдизи шунда эмасмикан?
Фейсбукчи дўстга
Сизга бу ерда фалон нарсани ёзинг, писмадон нарсани ёзманг дея олмайман. Чунки бу сизнинг саҳифангиз -мулкингиз. Истасангиз гул, истасангиз пул билан безайсиз. Мен эса саҳифангизда бор йўғи меҳмонман. Ҳайдасангиз ҳатто савол беришга улгурмай қоламан. Меҳмондорчилик учун раҳмат дейиш бурчим. Ёқмаса ҳар доим кетиб қолиш ҳуқуқим бор.
Ёки бу ҳолатнинг акси ҳам бўлиши мумкин.
Шундай экан, нима кераги бор, бир-биримизни камситиб, жеркиб, дилимизни оғритиб.
Лекин Фейсбук фикрлар хазинаси. Уни ахлатхонага айлантириб қўймаслик учун ҳам интилмоқ керак. Ана, ИАК деган золим Тошкентни меҳмонларга ёпиб қўйди. Агар Фейсбук ва шунга ўхшаган тармоқларни ҳам ёпиб қўйишса-чи?
Уларга бу имконни бермаслик сизу бизга боғлиқ.
Ҳурмат
Худодан нолиймиз, нега халқни бунча қийнайсан, деб. Халқнинг энг олдида турган қаҳрамони Абдулла Орипов мана бундай деб тургандан кейин, Худо нима ҳам қилсин?
Иймоним фидо, шоҳимга достон ёзажакман!
Кўнглимда мудом борини ростдан ёзажакман!
Бир умрлик шоҳ этиб битмасанг тақдирини,
Бўлсангда Худо, номингни шайтон ёзажакман!
Ҳурматли шоиримиз Абдулла ака Ориповга “ҳукумат тазйиқ қилмоқда” деган гаплар, манимча, муболағали. Ҳали яқинда ўзлари айтганларидек, “севимли юртбоши Ислом Каримовнинг шахсан топшириғи ва Шавкат Мирзиёвнинг беминнат мадади билан АҚШга келиб даволаниб” қайтгандилар-ку?
Шундан кейин яна бир китоблари ҳам чоп этилди, деб эшитдик.У киши ёзган Мадҳия ҳам ҳар куни куйлаб турилибди. Ислом Каримовдан Юлдуз Усмоновагача, қамоқхонaлардаги маҳбуслардан боғча болаларигача-ҳамма қўлини кўксида қўйиб, оёқда эшитмоқда-ку?
Ҳақорат
Би-би-сида Ўзбекистонда динозавр топилгани ва унга “Темурлангия” деб ном берилгани ҳақидаги бир хабарга кўзим тушди.
Душманлари Амир Темурни ҳақоратлаш мақсадида уни Темурланг – Темир чўлоқ дейишган. Наҳотки, Ўзбекистон режими бунга йўл қўйиб берди? Топилдиқни Шотландиянинг Эдинбург Университети, АҚШ ва россиялик олимлар топишган дейишибди. Улар Ўзбекистон иштирокисиз бир қадам ҳам ота олмасдилар. Демакки, Каримов режимининг бобокалонимиз Амир Темур ҳақидаги гаплари қизил сиёсатдан бошқа нарса эмас.
Савол
Юрак бор нарса, қалб эса йўқлик-кўринмас,
Мия бор нарса, ақл эса-кўринмас,
Биз негадир бор нарсаларни моддият билиб, кўринмас нарсаларга ном берганмиз ва уларни илоҳийлаштирганмиз, Ваҳоланки, ҳамма гап юракда ва ҳамма гап мияда. Мия ва юрак тўхтадими, инсон тўхтайди,тамом.
Бундай мисоллар жуда кўп. Ўйлаб кўринчи, қанчасини топа оласиз?
Саҳро
Туғилган жой-ватанни жуда қаттиқ севмаслик керак экан.
Ҳаёт йўллардан иборат. Баъзи йўллар борса келмасдир.
Ўша йўлларга тушиб, кетиб қолсангиз руҳингиз энг даҳшат дейилган дўзах азобидан ҳам баттар қийноққа тушади, бир умр соғинч гирдобида бўғиласиз, айрилиқ саҳросида жизғанак бўласиз.
Бу дунёни фоний деймиз. Тўғрими?
У дунёни боқий деймиз. Тўғрими?
Шундай экан, туғилган жой фоний, кўмилган жой боқий ватан эмасми?
Натижа
Сайлов ташқи кўринишда футбол ўйинига ўхшаб кетади. Баъзи мамлакатларда ўйин ҳатто вақтидан олдин бошланади. Мазза қилиб дебатларни томоша қиласиз, тараф тутасиз, мажлислар, митингларда қичқирасиз, додлайсиз, куюнасиз, навбатларда туриб овоз берасиз… Ё ютасиз, ё ютқазасиз. Ўйиндан кейин ҳамма билан бирлашиб, олдинга-бошқа ўйинга қараб кетасиз. Истасангиз-тренерликка бош урасиз. Истасангиз-ўзингиз команда тузиб, ўйинга кирасиз.
Ҳаёт гўё “гол”лардан иборат.
Ўзбекистонда эса акси-томошабинлар ўйинчи, яъни ўйнамайдиган ўйинчилар. Оз сонли тренерлар атрофда пилдираб юришади. Команданинг раҳбари асосий томошабин ва қарсакчи. У кулади, у мазза қилади.Ўйин натижасини ҳам олдиндан билади. Ҳеч ким ўйнамагандан кейин натижа ҳам аниқ.
Ҳаёт гўё ноллардан иборат.
Фуқаро
Шўролар даврида хорижга кетган ўзбекларни “ватандош” дейишарди. Мустақилликдан кейин ҳам бу сўз ўз маъносини тўла сақлаб қолди. Мустақилликнинг илк кунларида қонун қабул қилинар экан, шоири замон Эркин Воҳидов ва адибу ҳамон Примқул Қодировларнинг таклифлари, даврони камон Ислом Каримовнинг қўллашлари билан “граждан” сўзини “фуқаро” деб тузатишганди. Шу зайл Ўзбекистонда яшайдиганлар “граждан”ликдан “фуқаро”га айландилар.
“Фуқаро” калимаси “фақир” сўзининг кўплик формасидир. Фақир дегани арбча сўз бўлиб, камбағал, қашшоқ, муҳтож, бечора маъноларини ташийди.
Не қисматки, мустақиллик йилларида аҳли фуқаро озаймади, ватандошлар эса кўпайиб кетди.
Бугунга келиб, Ўзбекистон бошида ўтирган кимса фармон имзолади, ўз ватандошларини фуқароликдан чиқариш мазмунида.
Ўша кимсани иқтисодий ночор халқни фуқароликдан чиқараётган зот деб улуғлаётганлар ҳам кўп. Улар келажакда фуқароликдан чиқишни орзу қилаётган бўлсалар, нимаси ёмон?
Мушоҳада учун
Бугун айрим одамлар қаттол Совет даврини мақтаётган бўлсалар, уларга тош отмасдан, уларни тушунишимиз керак. Бу уларнинг ўша режимни севганлари, орзу қилганларидан эмас. Ёмон бўлсада, ҳеч бўлмаганда ўшандай даврни истаётганларидан.
Чунки бугун Ўзбекистонда ўрнатилган режим ўша баттол Совет давридан ўн марта, балки юз марта ёмондир. Шундай экан, биз ўша даврни қўмсаётганларни англаган ҳолда, мустақиллик руҳини оёқ ости қилган режимни қоралашимиз керак.
Биринчи комсомол, биринчи коммунист Ислом Каримовнинг еттиюзламачилигини фош этишимиз зарур.
Ваҳоланки, у четда қолиб, тош оддий одамларга отилмоқда.
Сайлов
Ўзбеклар ёшларини сайловларда фаол эмасликда айблашлар бор. Бўлмаган гап. ФИФА президентлиги сайлови давомида нафақат ўзбек ёшлари, ҳатто ўзбек матбуоти ҳам жуда фаол эди. Ана баҳс, мана танқид…
Бу негадир тарихий латифани эслатди.
Америка президенти:
-Бизда Оқ уйнинг олдига чиқиб президентни истаган қадар танқид қилишингиз мумкин,-деганда СССР раҳбари:
-Бизда ҳам ана Кремлнинг олдига чиқиб нафақат танқид қилиш, балки буралаб сўкиш ҳам мумкин, Америка президентини,-деган экан.
“Қора рўйхат”
“Қора рўйхат” ҳамма золим подшоларнинг даврида бўлган десак, муболаға эмас. Ҳаттo ёзишни билмаганлари ҳам “қора рўйхат” тузишни билишган. Рўйхатга фақат душманлари эмас, душманларининг дўсту душманлари ҳам киритилган.
Ўзбекистонда ҳам шундай рўйхат мавжуд. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб режим ўз мухолифлари, ҳур фикрлайдиган, ақли-ҳуши ўткир бўлган одамларнинг номларини унга киритиб боради. Йиллар давомида рўйхат “семириб кетди”. Бора-бора унга кирмаган одам қолмаса керак.
Бунақа рўйхат гўрга ўхшайди. Кириш бор, чиқиш йўқ.
Дарвоқе, гўрга ҳамма киради. Шунинг учун ундан қўрқмаслик керак.
“Ҳикмат”
Ҳамма вақт, ҳамма халқларда, ҳамма маданиятларда кам гапириш тавсия этилган, мақталган, тарбия шу йўналишда бўлган. Бугун ҳам дунёнинг аксар қисмида шундай. Нимагалигини биласизми? Шоҳлару шайхлар, ҳукмдору ҳукмиборлар, бойлару “той”лар оддий халқнинг кўп гапиришини эмас, кўп ишлашини исташган. Бу истакни эса ўша давр зиёлилари “ҳикмат”га айлантиришган.
Лекин Америкада кам гапирадиган одамдан қўрқишади, унга шубҳа билан қарашади, сайловларда уни сайлашмайди.
Дарвоқе, бу жоҳилларга демократияни ёмонлаш учун яна бир мавзу!
Ўзимизни синаб кўрайлик
“Тарихимизнинг ҳамма қирраларини, бутун ўзани билан билишни истаймиз” деб кўп гапирамиз. Тўғри гап. Ҳурматли тарихчилар, тарихсеварлар, адиблар, барча билимдонларга битта саволим бор: араблар минтақани босиб олгунга қадар ёзилган адабиёт намунларидан қайсиларини биласиз? У даврда форсийда битилганидан ташқари бадиий, илмий асар ёзилмаганми?
Ҳа, эрамиздан олдинги бир мингинчи йилларнинг ўрталарида “Авесто” ёзилган. Хоразмда . Ёзилиш услуби ва фалсафаси жуда кучли. Шундай кучли диний китобни ярата олган халқ орасидан эрамизнинг 8-10 асрларига қадар бошқа асарлар наҳотки яратилмаган бўлса? Нега бизга қадар етиб келмаган?
Тарих
Интернетда “Ўзбекистоннинг ҳақиқий тарихини ўрганамиз” деган гапларни ўқиб қолиб, севиниб кетаман. Қанчалар яхши, ниҳоят ўзбеклар ўзларининг ҳақиқий тарихларига қизиқмоқдалар, уни ўрганмоқдалар.
Аммо севинчим узоққа чўзилмайди. Чунки улар рус манбалари ёки умр бўйи махсус хизматлар хизматида бўлган “машҳур” тарихчиларнинг ёзганлaрини кўчириб қўядилар. Ҳеч тап тортмай русча кўчирмаларни келтирадилар. Наҳотки “ҳақиқий тарих” яна руслардан ва руспарастлардан ўрганилмоқда? Совет даврида етмиш йил ўрганилгани камлик қилганмиди?
Бир мустақил мамлакатнинг илму толиблари ҳеч бўлмаганда ўз мустақил тарихини мустақил равишда, мустақил манбалардан ўргана олишмаса, ўтмишдан келажакка ўтолмайдилар.
Муаллифнинг Facebookдаги саҳифасидан.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Фейсбукдан, JM |