Улуғбек Бакиров

U.BБУ ДУНЁГА ҲЕЧ КИМ УСТУН БЎЛМАГАН!

Бундан икки йилча аввал Россияда ишлаётган бир дўстим бир ажойиб воқеани куйиниб айтиб берган эди. Кечадан бери ўша воқеани эслаябман.

Ўша пайтда Россиянинг бир чеккароқ шаҳрида (аниқ эсимда қолмабди жой номи) тахминан 45-50 ёшлар атрофидаги бир ўзбек киши тўсатдан вафот этади.

У ҳаёти давомида одам ўлдирган, қиморбоз, одамларни қақшатган, хуллас, кўплаб разил ишларни қилиб, қамалиб чиққан одам экан. Россияда ҳам одам савдосида айбланиб, қамалиб чиққан экан. Ундан жабр чекмаган ўзбек меҳнат муҳожирлари кам экан. Лекин, ўша ҳаром йўллар билан анча бойлик ортирган, Россияда уй-жой, дачалар қилган, қимматбаҳо машиналарда юрадиган кимса экан. Хуллас, уни қазоси етиб, ўлибди.

– Ўлганида чунонам одам тўпландики, ҳайрон қолдим, ҳаттоки уни ёмон кўрадиганлар ҳам келди жанозасига. Ўзбек муллалари ҳам, анча-мунча зиёлилари ҳам келди. Одам кўпайиб кетди. Айниқса, учинчи куни қўйлар сўйилиб, ошлар қилинганда янаям одам кўпайиб кетди. Лекин, ҳеч ким уни бу ёмон одам эди, каззоб, ўғри эди, демади. Индамай, қўйини, ошини еб кетди. Қабрига гуллар қўйишиб, қироатлар қилишди, -деб айтганди дўстим.

Нима учун бу воқеани кечадан бери эслаб қолдим?

Сабабини сезиб турган бўлсангиз керак. Уч кун аввал Голландияда қазо қилган журналист Ризо Обидни ўлимидан кейин уни ёмонламаган одам қолмади, ҳисоб. Тўғри, мен ҳам инкор қилмайман. У кишининг ҳам бошқалар каби салбий томонлари бор эди. Лекин, қай биримизда салбий томонлар йўқ?!

Ҳаммамиз ҳам гуноҳкор бандалармиз, ахир! Ҳар бир инсон ҳаёти давомида у ёки бу кўринишда кимгадир зулм қилади, зиён етказади, кимнидир кўнглини оғритади. Ҳаммада ҳам айб етарли. Бу дунёда оппоқ одамнинг ўзи йўқ!

Бугун Ризо Обидни ёмонлаб, унга тош отаётганларнинг аксарияти унинг тириклигида марҳумга қарши бир нима ёзмаган, бир оғиз сўз айтмаган. Айрим таниқли кишилар, албатта, Ризо Обиднинг ҳаётлигида ҳам ёзган, гапирган.

Ризо Обиднинг қилган салбий ишларини бугун у ўлганида гапираётган, ёзаётган инсонлар кўпайиб кетди. Шунча одам у кишининг фақат қора томонларини айтаётган бир пайтда, Ризо Обид билан бир пайтлар бирга ҳамкорлик қилган, бирга ишлаган одамлар унинг яхши томонларини айтса, ёзса бунинг нимаси ёмон, ахир?! Инсоннинг яхши томонларини ҳам кимдир гапириши керакми, йўқми?! Айниқса, у ўлганидан кейин, дунёни тарк этгандан кейин?!

Боз устига, Ризо Обид ватандан олисда ғарибликда, муҳожирликда вафот этди. Бундай ўлим ҳеч бир инсонга насиб этмасин. Шу нуқтаи назардан келиб чиққанда, марҳумга нисбатан сал бағрикенглик, инсонпарварлик, одамийлик билан ёндошсак бўлмайдими? Ҳар ҳолда, у Россияда ўлган кимса каби жиноятчи, каллакесар бўлмаган…

Ризо Обидни танқид қилманг, уни қораламанг, демаймиз. Майли, билганингизни қилинг. Лекин, ҳеч бўлмаса, дафн маросими ўтиб, тупроғи совигунча сабр қилинг.

Сиз тириксиз, ҳали улгурасиз, уни қоралаб ёзгани, гапиргани!

Бугун ватандан олисда жуда кўпчилигимиз чет элларда юрибмиз. Кўпчилигимизни Ватанга на ўлигимизни, на тиригимизни ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати киритмайди. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Эртага ким, қачон, қандай тарзда ўлим топишини ҳам фақат Худо билади. Одамлар учоқларда портлаб ўлиб кетябди, ном-нишонсиз. Туппа-тузук одамларнинг тунда, уйқуси ичида ёниб, кул бўлиб кетаётганларини ҳам кўрябмиз.

Тасаввур қилинг, эртага сиз ҳам шундай ватандан ташқарида ўлсангиз (Худо асрасин!), ўлган кунингизни эртасигаёқ, ҳамма бир томон бўлиб, фақат сизнинг ёмон томонингизни айтаверса, сизнинг руҳингизга ёки оила аъзоларингизга, яқинларингизга қандай таъсир қилади?! Ахир, ҳаммамизнинг ҳам салбий томонларимиз бор-ку! Қидирса, ҳаммада чиқади. Ҳеч ким фаришта эмас-ку!

Ҳозир Ризо Обиднинг ёнини оладиган, уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Ҳаттоки, мен ҳам у кишини ҳимоя қилмаябман, оқламаябман. Инсонгарчилик ва ватандошлик ҳурмати, у киши билан икки йил бирга ишлаганим ҳаққи, бирга бир бурда нонни баҳам кўриб, яхши-ёмон кунларда бирга бўлганимиз ҳурмати мен ўз касбий бурчимни бажарябман, холос. Буни камина ёки у кишининг жуда оз сонли дўстлари ҳам гапирмасак, унда ким гапириши керак?!

Ризо Обид салкам 60 ёшли умри давомида умуман, яхши иш қилмаган деб айтиб бўладими?! Озгина инсоф ҳам қилайлик, азизлар!

Агарда Ризо Обиднинг Голландияда бир ўғлими ёки яқин оила аъзосими бўлганида эди, ҳозир у ҳам марҳумни қоралаётганлар билан энг камида тортишаётган бўларди.

Ҳимоясиз, ўлиб кетган, ҳали ерга қўйилмаган мурда билан “ёқалашиш”, менимча, яхши эмас. Бу худди қуролсиз кишига катта қурол билан таҳдид қилишдек гап, аслида.

Куни кеча устозимиз Жаҳонгир Муҳаммад айтганларидек: “Ўлган ўлиб кетди! Биз тирикмиз! Майитлардан тирикларга зиён бўлмайди!”

Бугун Ризо Обид ўлибди!

Худо айтган бир куни мен ҳам, сиз ҳам ўламиз! Бу дунёга ҳеч ким устун бўлмаган! Орқамиздан фақат яхши сўзларни айтадиган одамлар қолсин! Албатта, шунга муносиб ҳаёт кечиришимиз керак.

Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, деб бежиз айтмаган доно халқимиз…

Барчага соғлик-саломатлик, узоқ умр тилайман!

Ўтганларимизни эса, Худо раҳмат қилсин!

Улуғбек Бакиров

3 апрель, 2016 йил,
Норвегия.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Фейсбукдан. Bookmark the permalink.