Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

stulПрезидент  тансоқчисининг кундалиги

6. Авлиё

Ёшинг кетаверса ёш бола бўлиб қоласан, деган гапни эшитгандим. Ўзим ёш боламан. Лекин мана бу Президент ҳам ёш бола бўлиб қолганга ўхшайди. Бўлмаса шунақа гапларни айтадими, деб ўйлаб турсам жиддий савол бериб қолди:

-Қанақа мошинни яхши кўрасан?

Бўйнимни қисдим.

-Биламан! “Бэ-эм-вэ”, “беш экс”,-деди ўзи.

Бу машина кимнинг ҳам орзуси эмас. Ёш бола борми машина маркасига қарайди, юраги ўша машина балонининг айланиши билан баробар югуради. Лекин бу одам ҳамма нарсани қаёқдан билаяти? Адамнинг гапи рост чиқди. ”Унга ёлғон гапирма, у ҳамма нарсани билади” деганди.

-Мана калити, чўнчагингга солиб қўй, ҳовлида турибди, миниб кетасан…

Севинганимдан бақириб юборишимга оз қолди. Ахир бу машина тушларимга кириб чиқарди. Бир мартагина минсам деган орзуларимни бу киши қаёқдан билди экан? Уни ёш болага қиёслаб хато қилдим. У  Хўжаи Хизирнинг ўзгинаси. Қучоқлаб олсаммикан?

Президент хаёлларимни бўлди׃

-Санга стулни кўрсатдим. Кимдир уни “кресло” дейди. Бошқа бирови “тахт” дейди. Лекин ман учун стул. Мана бу ҳожатхонадаги ҳам ман учун стул. Унисида ўтирдинг нима, бунисида ўтирдинг нима? Одамлар мамлакатни орқалари билан бошқаришни орзу қилганлари учун фақат шу ҳақда ўйлайдилар. Бу ишлар калла билан битади, орқа билан эмас. Калла учун стулнинг кераги йўқ. Биламан, санга бу қизиқ эмас. Лекин мана шу жой иккаламиз учун. Дарвоқе, сани дўхтирдан ўтказишдими?

Қанақа дўхтир? Ҳали дўхтирдан ҳам ўтишим керакми?

-Ҳали улгуришмагандир,-яна ўзи жавоб қилди.-Лекин ўтказишади. Тайвандан қайтганингда ўтказишлари керак эди. Майли, бу кейинги масала. Лекин зилзила бўлса бу хона иккаламизники. Ҳамма ўлиб кетса ҳам биз тирик қоламиз. Шунга мосланган. Зилзила пайти юролмай қоламан. Тиззам титрайди. Шунинг учун мени бу ерга олиб келиш сани вазифанг!

У шундай деб ҳожатхона ичидаги эшикни очди.

-Бу жойда илгари “иккинчи”лар ўтирган. Ҳозир спорт зал қилганмиз.

Хона катта, бир бурчагида бор йўғи битта “тредмил” турибди.  Нариги томонида уч-тўртта қиз ва йигит карате билан шуғулланишмоқда. Президент ”тредмел”нинг ёнида тўхтаб, бироз ўйландида кейин менга қаради׃

-Сани бир кўришда ёқтириб қолдим. Гўзал, келишган йигитсан. Қошларинг битта-битта териб қўйилган. Киприкларинг қора бўёққа ботириб олингандек. Юзингни силлиқлигини айтмайсанми? Кўрган одамнинг ўпиб олгиси келади,-деди кулимсираб.

Ўзимни ноқулай ҳис қилдим. У эса парво қилмай икки қўли билан икки юзимга енгил шапатилаб қўйди. Кейин  қўлларимни қўлларининг ичига олди׃

-Ёниб турибди… Темир…Тандирдан чиққан чўғ.. Ҳмм… Орқангдан юрган қизлар ҳам кўп, биламан,-деди кўзларимга айёрона қараш қилиб.

Нима демоқчи? Нима бўлаяпти ўзи? Бу воқеалар тушимдами ўнгимдами?

-Ҳа, хаёлинг Гуляга кетдими?

Бу саволдан чўчиб тушдим. Наҳотки Гуля билан муносабатимизни ҳам билади?  Уни ҳатто адам ва ойим билмайдилар-ку? Ростдан ҳам авлиёми бу?  Фолбинлиги бормикан? Президент бўлгани бежиз эмасга ўхшайди…

Гуля билан карате мактабида танишганмиз. Чаққон қиз. Баъзан учрашиб турамиз. Бир-икки марта кинога бордик. Кийикка ўхшайди. Ҳуркиб туради. Қўлини ушлатишга қўймайди. Дарвоқе эртага учрашамиз. ““Бэ-эм-вэ”да борсам, “тамом бўлади”. “Шилқ” этиб йиқилиб қолса керак. Йўқ, у йиқиладиган қизлардан эмас. Дарҳол сўроқ қилшига тушади. ”Бу кимники? Адангникими? Олиб қочдингми? Праванг борми?” каби саволларни тўкиб ташласа керак. “Мени Президент қабул қилди. Бу ҳадя” десам, “Латифангни манга айтма!” дейди, ишонмайди. Тўғрида, ким ҳам ишонарди?

-Тайчи,  ана улар билан ташашиб кўрасанми? Лекин ўлдириш йўқ. Ишни бир минутда тугатиш ҳам йўқ. Чўзиш керак. Ўшанда меҳнатингни таъмини сезасан. Рақибни майдонда айлантир, сарсон-саргардон қил, тугаб бораётганини томоша қил, йиқилиши, эмаклаб туриши, яна йиқилишидан роҳатлан. У кучли эканингни нафақат сезсин, балки тан берсин, санга қойил қолсин, кўзларида илтижо пайдо бўлсин, ёлвориш, ялиниш пайдо бўлсин… ана ундан кейин бир чертиб, думалатиб қўй. Майдонга чиқиши билан бир уриб йўқотсанг, ўзинг ҳам мазза қилмайсан, томошабин ҳам…

Президент шундай деб карате машқ қилаётганларнинг ёнига бошлади. ва  девордаги “волкинг-толкинг”нинг тугмасини босиб, кимгадир׃

-Хўрозингни олиб кел!-деди.

Жаҳонгир МУҲАММАД.

Lotinda o’qish uchun

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Олтинчи қават and tagged , , . Bookmark the permalink.