Жаҳонгир Муҳаммад: ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

2013_10_12_Istanbul (8)Президент тансоқчисининг кундалиги (Қисса)

1. Тайчи

Исмим Таймур. Аслида Темур деб от қўйишган. Ҳужжатимни ёзган одам “Таймур” деб ёзган. Нега бундай қилган билмайман. Аммо ўзимга ёқади. Темур деган от тиқилиб ётибди, Таймур эса битта. У ҳам менда.

Фақат Президент “Тайчи” дейди. Бу менга ёқмайди. Худди камситганга ўхшайди. Аммо буни унга қандай айтаман? Ҳаққим йўқ. Фақат жим туришим керак, ҳатто мени урса ҳам. Унинг саволларига ҳам жавоб бермаслигим керак. Унинг соясиман-да. Соя гапирмайди. Қоида шунақа.

Қоидани унинг ўзи бузди. “Соя”ни гапиртира бошлатди. Шунда ҳам оз гапиришга ҳаракат қиламан. Гаплар кўнглимдан тошиб кетмаслиги учун кундалигимга ёзиб қўяман. Аслида бу ҳам қатъиян мумкин эмас. Билиб қолишса судсиз-терговсиз йўқоламан. Шарт шунақа ва ўзим ҳам бунга рози бўлиб ҳужжат имзолаганман.

Кундалигимни президентга ҳужум бўлса ишлатишим керак бўлган қалқоннинг ичида сақлайман. Доим ўзим билан. Президент менга жуда ишонгани учун биров текшириб ҳам кўрмайди. Муносабати совуб қолгудек бўлса, нима қилишни биламан, режасини тузиб қўйганман.

Биз яшаган жойни “Светлана” дейишарди. “Дом”нинг остида шу номдаги магазин бор эди. Биз бешинчи қаватда турардик. Оилада битта боламан. Ойим ва адам мактабда ишлардилар. Ойим урус адабиётидан дарс берардилар. Адам физкултурадан. Улар бошқа мактабда ишлардилар, мен бошқа мактабда ўқирдим.

Уйга келишим билан эшикни ичкаридан бекитиб, балконга чиқардим. Балконимиздан трамвай йўли кўриниб туради. Бекатда доим одам гавжум. Одамларни томоша қилишнинг ўзгача гашти бор. Биттаси “столба”дай қотиб туради. Биттаси трамвай йўлига қайта-қайта чиқиб ҳали у томонга, ҳали бу томонга қарайди. Бошқаси у ёқдан бу ёққа юриб туради.

Бир куни кинотеатр томондан беш-олтита бола бекатга келиб бақир-чақир қила бошлашди. “Столба” бўлиб турган бир киши билан айтишиб қолишди. Кейин уни туртиб-суртиб трамвай йўлига чиқаришди. Қолгани бир сонияда юз берди. Ҳалиги киши сакраб ҳавода учгандек, рақс тушгандек карате қила бошлади. Бир секундда ҳаммасини трамвай йўлига тизиб қўйди. Кейин қаёққадир ғойиб бўлди.

Ҳар куни қарайман, лекин уни кўрмайман. Кўрсам ҳам барибир танимайман. Аммо унга ўхшагим келди. Адамга:
-Каратега ўқимоқчиман,-десам.
-Ақлинг энди кирдими?- дедилар.

Бу деганлари бежиз эмас. Мени болаликдан карате классига берганлар. Иккита қора камарим ҳам бор. Лекин мактабда адабиётга қизиқиб қолдим. Адам “каратега борасан” десалар, ойим “бормасин” дейдилар. Улар ҳар куни жанжал қилардилар. Мен шеър ёдлардим. Шеър айтишни севардим.

Хуллас, адам яна карате классига бошлаб бордилар. Карате деб ўйласам буниси тайчи класси экан. Тренеримиз “тайзуан” ҳам дейди. Болалар “тайчуан” дейишарди.

-Бу мушт билан уришнинг охирги чегараси. Битта уришда битириш дегани,-дерди тренер.-Аслида битта чертишда ишни тугатиш. Буни уста Чен яратган. Хитойда…

Ҳар куни сокин мусиқа оҳангида рақсга тушган каби ҳаракат қиламиз. Аввалига зерикарли эди. Кейин адабиётга ўхшаб ўз ичига тортди. Ҳар бир ҳаракат шеър каби оҳанграбо. Ёд олишни севиб қолдим.

Уч-тўрт йилда трамвай йўлидаги бола каби осмонда учмасам ҳам ёзда Тайванга бориб ўқиб келиш учун йўлланма беришди.

Тайванда тушундимки тайчи бу катта философия мактаби экан. Буни одам ўлдириш философияси деб атагим келарди. Аммо бу фикримни айтишдан чўчирдим. Чунки усталарим хафа бўлиб қолишарди. Улар ҳар қанча файласўф бўлишмасин охирида гапни битта кескин чертиш, битта ҳаракат билан одамни ўлдиришга олиб боришарди.

-Ростдан ҳам битта чертишда одамни ўлдира оласанми?-Президент ишга олинган куним шу саволни берганди.

“Тайчи, мени ҳам чертиб қўйма” деган гап ўтдими кўнглидан деб ўйлагандим. Йўқ, унинг кўнглидан ўтгани бошқа нарса экан…

Жаҳонгир Муҳаммад.

(Давоми бор).

Lotinda o’qish uchun

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Олтинчи қават and tagged , , , . Bookmark the permalink.