Жаҳонгир Муҳаммад: 60нинг 60 лаҳзаси (Реалистика)

kitob-jmТўртинчи фасл

46.ВАТАН

Инсоннинг киндик қони оққан ерни ватан дейдилар. Бу тор маънодаги тушунча ва бу Ватан ҳақидаги ҳақиқатни тўла қамраб ололмаган тушунча. Инсоннинг бешик ва тобут орасидаги йўлини Ватан дейдилар. Бу кенг маънодаги тушунча ва Ватан ҳақидаги ҳақиқатни унуттиришга қаратилган тушунча. Хўш, ундай экан аслида Ватан нима?

Ватан бир миллатнинг ўзлигини, кимлигини,тилини , маданиятини яшатган ҳудуд. Ватан бир миллат тоғларининг салобатига маҳлиё бўлган, ирмоқларининг оқишидан мусиқалар тинглаган, қушларининг сайрашига маст бўлган, тупроғининг тафтидан умид олган муборак заминдир. Ватан болаликдан онанинг кўзлари каби тийран ва дарин осмон бўлиб кўнгилларга ерлашган, отанинг пешонасидаги реза-реза терларининг қуёшда жимирлашидан камалакка айланиб, дилларда иморат солган ва момоларнинг уйқуларини тонгнинг этагига боғлаб сўзлаб берган ривоятларидаги қаҳрамонларнинг сиймосига айланган чексиз борлиқдир.

Шу маънода биз учун гиёҳлари олтинлардан устун, дарёлари денгизлардан афзал, адирлари дунёнинг не-не кенгликларидан муқаддас бўлган ватан – Ўзбекистон, Туркистон, Турондир!

Мирзо Улуғбекнинг муборак боши қиличнинг учидан осмоннинг бир бурчига кўчиб, шафаққа айланган кунларда Самарқанддаги минг-минг китобларни нортуяга юклаган Али Қушчи Табризга келиб ерлашаркан, уни Фотиҳ Султон Истанбулга даъват этади ва “Ватанингизни нечун тарк этдингиз”, дея сўрайди. Ўшанда Али Қушчи: “Сиз не замон бошим узра қилич ўйнатсангиз ва бу қилич майсаларни қоним билан суғорса, мен ўшанда Ватанни тарк этаман. Ҳозир эса, Аллоҳга шукрки, Ватандаман”, дея Турк дунёсининг бир бутун Ватан эканлигига ишора этганди.

Ватан қаврами, Ватан тушунчаси биримиз учун чор девор билан ўраб олинган ҳовли, яна биримиз учун эса далаларнинг ўртасида қолган қишлоқ, яна биримиз учун чегараларига сим тортилган кенглик…

Ўзбеклар… ўзига бек, ўзлигига соҳиб ўзбеклар, туркнинг энг қадим ва энг буюк қавми бўлмиш ўзбеклар.

…Холида момо улардан бири. У Самарқанду шарифда яшарди. Умр йўлдошини “Озодбек босмачининг жосуси” дея отиб ташлашди, большовойлар. Холида момо “Ватан хоинининг беваси” деб эълон қилинди. У етти боласи билан тарки ватан айлаб йўлга чикди. Йўллар… Холида момонинг жигаргўшаларини тортиб олавердилар. У Машҳадга етгунга қадар йўл четига икки боласини кўмди, Табризга қадар яна икки нафарини тупроққа берди, Табриз Истанбул орасидаги йўллар яна икки боласини унинг бағридан узиб олдилар. У ёлғиз зурриёди билан Истанбулда яшади. Холида момонининг зурриёди ва унинг қанча-қанча фарзанду -неваралари Америка, Индонезия, Арабистон… дунёга сочилиб кетдилар.

Турсунбой қаҳрамон эса онаси, қариндош- уруғлари билан Андижондан Чинга, Шарқий Туркистонга ўтиб кетди. Унинг ҳам отасини ўққа тутишганди. Қашқар сўнгра Хиндистон ундан кейин Покистон, Афғон, Эрон ва Туркия. Эҳ-ҳе, не азоблар, не айрилиқлар кўрмади бу оила, аммо Ватанни қалбида сақлади.

Бугун Истанбулу Коня, Аданаю Риёд, Вашингтону Ню-Йоркда шундай ўзбекларнинг, туркистонликларнинг ворислари яшайдилар.

Саид Амир Олимхон, Худоёрхоннинг ҳам сулолалари бор бу ерларда.

Кўплари ўзбек калимасини сулола номи қилиб олганлар: Рифат Ўзбек, Ҳасан Ўзбек, Мирза Ўзбек…

Бир қисмлари Туркистон шаҳарларини ва Ватан бағридаги жой номларини танлаганлар: Бурҳониддин Самарқандий, Аҳад Андижон, Усмонбек Тошкандий, Саидхўжа Бухорий, Солиҳ Ойнурал…

Улар Ватаннинг чироғини ёқиб туриш, соғинч алангасини сўндирмаслик, Ватан номини байроқ қилиб кўтариш туйғусини ўз сулолалари номида ифода этмоқни истаган минг-мингларнинг бир неча нафари, холос.

Узоқларга борманг, фақат 1982 йилда Афғонистонда яшаган ўзбеклардан тўрт минг беш юз нафари Туркияга кўчди, яна қанчаси Америкага ерлашди. Американинг биргина Виржиния вилоятида бугун юздан зиёд оила яшайди.

Ҳа, бобоюртнинг ариқларида нон оқизган, шамолларида варрак учирган, баҳор кунларида қўлида чучмомо кўтариб, “Бойчечак” ашуласини айтган болалардан тортиб, тоғлардан териб келинадиган ривожу–пайкаллардан узиб чиқиладиган “Обинаввот”га қадар бу инсонларнинг соғинчи.

Не дариғ бир коса тариқдек сочилиб кетдилар дунёга йигирманчи аср аввалида Туркистондан қувилган боболар, момоларимиз…

Бир ҳовуч буғдойдек сочилиб кетдилар курраи заминга Иккинчи Дунё уруши йилларида Ватандан айро тушган салафларимиз.

Бир тутам ушшоқ каби Эл аталмиш дастурхонидан силкиниб- силкиниб учиб кетдилар дўстларимиз зулм, таъқиб, қувғин дастидан жаҳоннинг етти бурчига.

Турк эдилар… Ўзбекка, Қозоққа, Қирғизга, Туркманга, Озарбайжонга ва Тожикка айландилар. Парчаландилар, парчалангандан сўнг ҳам бирлашмоқ насиб этмади уларга. Душманнинг эмас, бир-бирларининг кўзини ўйишни ўргандилар.

Албатта, бу сатрларни ўқиган муҳожир ўзбекларнинг, тўғрироғи туркларнинг қалбида йиллардир ухлаб ётган дард депсинади. Лекин қанчалик оғир ботмасин бу хусусда сўз айтмоқ зарур. Америкага отланар эканман, шу ерда яшаётган ўзбек биродаримизга Туркиядаги ўзбекларнинг тарқоқлигидан сўз очдим, шунда у жилмайди-да:

-Ҳамшаҳарлар кўп ҳам тарқоқ эмас. Ҳафтада ёки ойда бир марта гапга, яъни гаштакка тўпланадилар, аммо Ватан ҳақида сўз очилса, дарров қўлларини фотиҳага тортиб, қандайдир юмушни унутганларини баҳона қилиб, даврани тарк этадилар. Узоқ йиллар олисдаги КГБдан қўрқиб яшадилар, бир-бирларини КГБ жосуси деб ўйладилар. Энди эса узокдаги Каримов ҳукуматидан қўрқадилар. Бир-бирларини Каримовнинг жосуси, деб ўйлайдилар. Ҳақиқат ва адолат ана шу қўрқувнинг соясида йўқ бўлди, – деди.

Дарҳақиқат, камина ҳам шундай ҳолнинг гувоҳи бўлганим учун унинг мийиғида кулиб қўйишини англадим. Сўнгра у бирданига жиддий тус олиб:

-Сиз Америкага келяпсиз. Бу ерда ҳар ким ўзи учун ўзи яшайди. Ватан, миллат тушунчалари бойлик, пул билан ўлчанади. Бой бўлсангиз ватансевар ҳисобланасиз, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин қоидаси Америкада ҳукмрон,- деди.

Бу мантиқни радиода ишлайдиган дўстимизга гапириб берганимда, у:

–Биласизми, Америкага ўзбеклар асосан Афғонистон ва Туркия орқали келдилар. Ўқимагандилар. Ўқиганлари ҳам бу ерда қайта ўқиш учун имконсиз қолдилар. Натижада фақат кичик тижорат билан банд бўлдилар. Юқорироқ лавозимларга ўтиб ишлаганлар ва ўзбекларнинг бошини қовуштириб, даврасини тузадиганлар,деярли бўлмади, – деди.

Америкага келганимдан кейин бу ерда бошқа халқларнинг яшашига разм солдим. Қарийб ўттиз миллион муҳожир яшайдиган ва Президентининг ибораси билан айтганда “Муҳожирлар мамлакати ” бўлган Америкада,унинг ҳар бир шаҳрида “Хитой қасабаси”, “Испанлар бирлиги”, “Эрон хонадони”, “Ироқ кулбаси”, “Араб иттифоқи”, “Яҳудийлар жамоаси”, “Арманилар ҳамкорлиги”… сингари бир қатор номлар билан турли- туман ташкилотлар тузилганини кўрдим.

Айниқса украинларнинг “Бандера” ташкилоти катта кучга айланган. Улар нафақат бир миллатни бутунлаштиришга, балки унинг дини, маданияти, анъаналарини Америкада яшатишга хизмат қилади. Улар ҳар бир муҳожир оиласи билан иш олиб борадилар. Унинг дарди, ташвиши, муаммолари билан бир қаторда унинг ўз Ватанига муносабати билан ҳам қизиқадилар, яъни Америкада ўзларининг асл Ватанлари ва ўз миллатларининг келажаги учун қайғурадилар.

Ўзбеклар эса йилда бир тўпланиб, жамият тузиш ўрнига ғавғо билан тарқалиб кетар эканлар. Буниси ҳам ҳолва. Истанбулда бир пайтлар “Туркистон” номи билан жамият тузилган бўлса-да, бугунга келиб қозоқлар, шарқий туркистонликлар, қирғизлар, туркманлар ундан ажралиб кетишганини унинг бирлаштирувчи кучини йўқотганида, деб биладилар. Худди шу манзара Америкада ҳам мавжуд. Қизиғи шундаки, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳакда сўз юритади.

Боши йўқнинг оши йўқ деган мақол бор. Америкадаги ўзбекларни ҳам бирлаштирувчи бош, яъни марказий куч йўқ. Тўғрироғи, бундай бош ва куч жуда ҳам кўп, яъни ҳар бир ўзбек, ўзини бек, ўзини хон деб ҳисоблагани учун бошқа бирини на қўллайди ва на бошқа бирининг ёрдамини олади.

Америкада яшаётган зиёли ўзбеклардан бири :

–Илгари ҳамшаҳарларимиз (Улар ватандош сўзи ўрнига “ҳамшаҳар” сўзини қўлланишади – Ж.М.) Ватан дея куйиб-пишиб сўз юритардилар. Мана Ўзбекистон мустақил бўлганига бир неча йилдан ошди, лекин шунга қарамай ҳалигача аксарият ўзбеклар Ўзбекистонни зиёрат этмадилар. Уларнинг иқтисодий имкониятлари етарли, аммо юракдаги имконият ожиз, – деди афсус тортиб.

Мен унга қўшилишдан ва фикрини қўллашдан бошқа бир нарса дея олмадим, чунки у Америкадаги ўзбекларни мендан яхшироқ танийди.

Туркистон тарихининг ўлмас сиймоларидан бири Боймирза Ҳайит жаноблари Каримов ҳукумати томонидан Ўзбекистондан қувилганларидан кейин 1993 йилнинг 21-мартида Анталия шаҳрида учрашганимизда “Биз халқмиз, аммо Миллат бўлолмадик” дегандилар.

Гарчи Боймирза отани Ўзбекистондан қувиб чиқаришганининг ўзи бизнинг кимлигимизни ўртага қўйса-да, ўша пайтда негадир бу гапни оғриниб қабул этдим. Аммо кейинчалик унинг ортидаги ҳақиқатни ўргандим. Дарҳақиқат, биз ҳалига қадар ўзимизни миллат деб ҳисобламас эканмиз. Руслар бизни етмиш йил ўзбек халқи дея атади. Биз ҳам бунга кўникдик ва халқлигимизча қолдик. Миллат бўлишимиз учун эса, асримиз аввалида қўлимиздан тортиб олинган Турклигимизни қайтадан танишимиз керак эди. Бунга имкон бермадилар ва бермаяптилар. Шу боис Туркистон деганда ғурурланиб, Турк деганда ийманиб “Туркий” калимасини қалқон қилиб юрибмиз.

Хўш, ғурбатда яшаётган ўзбекларни, яъни туркларни ким, қачон ва нима учун ана шундай туйғудан маҳрум этди?

Нега улар бу қадар тарқоқ қолдилар? Бунинг жавоби аниқ: қаерда бўлмасинлар улар Ватаннинг бир парчаси, унинг руҳи билан яшашга мажбурдирлар.

Менинг бу оғир сатрларимни ўқиган муҳожир ўзбеклар дарҳол шу саволни ўртага қўядилар:

-Бугунги ўзбек мухолифати ҳам ғурбатда бўлишига қарамай, тарқоқ эмасми?

Дарҳақиқат, ғурбатдаги ўзбеклар ҳақида фикр юритар эканман, бугунги ўзбек мухолифатини ҳам ундан айирганим йўқ. Улар ҳам шу дарахтнинг мевалари.

Ватанда тарқоқлик бор экан, унинг сояси ватандан олисда ҳам ўзини кўрсатади. Ватандан олисдаги инсонлар орасида тарқоқлик бор экан, бунинг асорати ватанда ҳам яшайди.

Биз бугунга қадар тарқоқлигимизнинг илдизларини ҳеч таҳлил этдик-ми? Табиийки йўқ. Назаримда бунинг сабаблари бор.

Миллатнинг зиёли-ойдинлари иккиюзламачилик қилиб келдилар ва бу шоҳлар, тўралар томонидан рағбатлантирилди. Бутун бошли тарих уларнинг соясида ёлғонга айланди.

Миллат мафкурасиз қолди. Ислом динининг умумбирлик қудрати мазҳаб, турли -туман оқимларга бўлиб юборилди. Дин қоидалари амалдорларнинг майлига кўра шарҳланди.

Камчиликларни айтганлар душман қилиб кўрсатилди. Қаҳрамонлар хоин, хоинлар қаҳрамонга айланди.

Натижада ботирлар қўрқоқ, қўрқоқлар эса ботир бўлдилар. Хиёнат қилганлар ҳақида гапириш хиёнатга ўхшаб қолди.

Шоҳларни мақташ, амалдорларга ҳамду-сано ўқиш анъанага айланди. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан қабилида иш юритилди ва бу жамиятнинг қон томирига қадар сингиб кетди.

Миллатга ҳамма вақт қора куч сифатида қаралди. Уни бутунлаштириш эмас, парчалаш, бир-бирига душман қилиш анъанаси туғилди ва бу чуқур илдиз отди.

Фақат ўтмишни гапириш одатга айланди. Бу эса келажакни унутишга қадар олиб келди. Бугун ва келажак ҳақида гапирмаслик учун фақат ўтмишни ёдлаш миллатни турғунлик ботқоғига етаклади.

Миллатни ҳар доим қорин ташвиши билан рўбарў қолдирдилар. Оқибатда маънавият йўқолди, тафаккурни занг босди.

Шундай пайтда виз қувғинда, ватандан олисларда.

“Қачон қайтасиз?” деган гапларни кўп эшитамиз.

Ватанга қайтиш! Бу ҳамманинг кўнгил остида ётган арслони.

Бугун хориждагилардан жуда кўпчилигида элчихонадан виза олиш ва ватанга бориб-қайтиш имкони мавжуд. Ўзи яшаётган мамлакатнинг сафар паспорти билан борса, чет эллик сифатида виза олиши мумкин. Бундан фойдаланиб бориб келаётганлар ҳам бор. Агар қолиш нияти бўлса, қолиб ҳам кетавериши мумкин. Шундайлар анчагина бўлиб қолди. Биз уларни айбламаймиз. Бунга ҳақли ҳам эмасмиз.

Лекин “сиёсий кураш учун ватанга қайтаман” дейиш, бугунги шароитда сафсатадан бошқа нарса эмас. Чунки Ўзбекистон деган мамлакатда сиёсий курашнинг илдизлари ўлган.

Бугунги режимга мухолифлар агар “сиёсий кураш учун қайтаяпман” деб йўлга чиқишса бу таслим бўлишнинг чиройли кўринишидир. Бундай оқ байроқ кўтарганлар чиққан тақдирда ҳам уларни ҳеч ким қабул қилмайди, назарга илмайди.

Фалакнинг чархи айланиб кетиб, улар баъзи “акромийлар” каби қабул қилинганда ҳам бир қисми қамоққа кириши, бир қисми собиқ муфти каби режимни оқлаб туришга хизмат қилдирилиши, бир қисми тергов остоналарида сарсон бўлиши, қолган қисми нонга зор бўлиб уйида ўтириши керак бўлади. Бу исбот талаб этилмайдиган аксиома .

Лекин униси ундай, буниси бундай экан, деб ўтиравериш ҳам ожизликнинг белгисидир.

Бу борада ҳар кимнинг ўз қарашлари мавжуд ва агар каминадан сўрайдиган бўлсангиз, қуйидаги одимни таклиф қилган бўлар эдим.

Қайтишнинг шартлари ва принципларини белгиламоқ керак. Масалан׃

-қамоқлардаги сиёсий маҳбуслар озод этилиши;

-фаолияти ман этилган сиёсий ташкилотлар тикланиши;

-хориждагиларнинг устидан жиноий иш очилганлари тўла реаблитация қилиниши;

-халқаро ташкилотлар орқали қочқин мақомини олганларнинг мамлакатдан кетиши қонуний бўлган деб эътироф этилиши;

-хориждагиларнинг баъзилари бошқа мамлакатнинг фуқароси бўлган тақдирда уларга икки фуқаролик танилиши ;

-илгари сиёсий фаолият юритганларга яна сиёсатга киришлари учун тўсқинлик қилинмаслиги ва ҳоказо талабларни қўйиш мумкин.

Бундай талабларни Каримов ҳукумати қабул қилмайди, деб айтишингиз турган гап. Албатта қабул қилмайди. Аммо келак қабул қиалди. Чунки ватан ҳамманики, кимнинг маҳрига тушган эмас.

47. ДИКТАТУРА

Диктатурани ҳар ким ҳар қандай тушунади. Уйимизда йигитлар тўпланиб туришади. Бир кун улардан бири “Диктатура нима ўзи?” деб қолди. Илҳом жўшиб кетди. Гапларим уларга маъқул келгани учун хатга туширдим. Қани, ўқиб кўрингчи, сиз нима дейсиз?

Диктатура яккаҳокимлик, зулм ва нодемократик режимга асосланган салтанатдир. Бу тузум кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам унинг бир неча минг йиллик тарихи бор. Ҳозирга келиб саноқли мамлакатларнинг халқларигина бу анъанани бузиб, унинг чирмовиқларидан ўз зеҳниятларини тозалаганлар, холос. Аммо жуда кўп халқларнинг зеҳниятида бу тузумга мойиллик бор. Илдизи уларнинг маданияти, дини, анаъаналари, тарбияси билан боғлиқ. Бундай жамиятларда қаттиққўл, золим инсонлар жуда осонлик билан ҳокимиятнинг тепасига чиқиб олишлари ва умрбод тушмасликлари учун пойдевор мавжуд.

Диктатуранинг пойдевори қаттиқўл инсонга ҳурмат ва тобеликдир. Кимдир бундай инсоннинг кучидан чўчиб уни ҳурмат қилади, кимдир ўз қўрқувларига ҳимоя қидириб унинг домига тушади, кимдир заковатига ишониб унинг муридига айланади. Бошқача айтганда диктатура инсонларнинг ўзларига ҳурматларини йўқотган жойда кўкара бошлайди. Агар инсон ўзлигини билса, англаса, қадрласа у тобе бўлмайди. Нотобеликкина диктатура пайдо бўлишининг энг катта тўсиғидир.

Ҳокимиятни қўлга олган диктаторлар ўз халқларининг фитратини яхши ўрганган бўладилар.

Биринчи навбатда, бу халққа маънавий озуқ берадиган каналларни назоратга оладилар. Матбуот, ТВ, радио ва турли минбарларни ўз йўлларига соладилар.

Иккинчидан, халқнинг кўзини очиши ва уни бир жойга тўплаши мумкин бўлган кучлар – сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлар, ҳар қандай кўринишдаги уюшмаларни ўз қозиқларига боғлайдилар.

Учинчи одимда эса, эркин фикрлайдиганларни йўқотишга киришилади. Бу жараёнда бутун жамият ғазаб ва алдов билан тўлдирилади. Ҳамма ёлғон билан яшай бошлайди. Халқ ёлғонга тўйгандан кейин оммавий қўрқитиш бошланади. Бу ташқи ва ички душманлар яратиш, ҳар турли ҳужумлар ташкил қилиб туриш, оммавий текширувлар, қама-қамалар билан амалга оширилади.

Охир оқибатда бу халқнинг фиклашини, фаоллигини ўлдиради. Деҳқонча қилиб айтганда халқнинг фикри ахталанади. Халқ лоқайд тўдага айлана боради. Ҳамма нарсага “менга нима” дегандек қўл силтайди. Ҳар нарсадан қўрқади. Сиёсатга аралашиш, эркин фикр айтиш, ўз ҳаққи учун кураш маҳкамаларда, қамоқларда тугашини кўравериб, бу жараёнлардан безади.

Лоқайд, бепарво инсонни бошқариш осон. У қўйга ўхшаб қолади. Биттаси сўйилса, бутун пода титраб, кузатадиган вазият жамиятга ҳам кўчади. Бу диктатуранинг чўққига чиққан пайти содир бўладиган ҳолдир.

Дунёда ҳеч нарса доимий эмаслигидек диктатуралар ва вақти вақти билан йиқилиб туради. Диктатура емрилиш даврига кирганда алдов ва ёлғоннинг ниқоби йиртилади. Яъни алдов ва ёлғон беҳаё бўлиб қолади. Қишда дарахтларга гул боғлаб гуллатилиши, ёзда оқ кўпик тўшаб далалар қорга тўлдирилиши каби ҳоллар ҳам юз бериши мумкин ва одамлар бунга ажабланмайдилар, лекин кулимсираб қўядилар. Ана шу кулимсираш диктатуранинг емрилиш фазасига кирганининг учқунидир.

Дикатура емрилишга кирганини биринчи галда унга астойдил хизмат қилган зиёлилар сезадилар. Улар оёқни икки кемага отадилар. Бир томондан диктатурани мақтасалар, иккинчи томонда озодликни қўмсаётганларини сездира бошлайдилар. Бу сездириш диктатурага хизмат қилиб кетган сафдошларини улуғлаш, уларни келажак учун хизмат қилган қилиб кўрсатиш, хоинлардан қаҳрамон ясаш тарзида кўринади. Йўқотадиган нарсалари қолмаган тақдирда иқрорлар бошланади.

Зиёлилардан кейин пулдорлар емрилиш фазасини сезганларини билдирадилар. Улар пуллари ва бойликлари четга чиқара бошлайдилар.

Сўнг навбат диндан фойдаланувчиларга келади. Улар ҳам ўзларини кўрсатиб қўйишни истайдилар. Ҳар турли тариқатлар ва секталарга кира бошлайдилар.

Шу зайлда жамиятнинг барча қатламларида қимир-қимир бошланади.

Бошқача айтганда ахта қилинган жамиятнинг қони қайнаб, болдирлари жумбўшга кела бошлайди. Бу ҳаракатни диктатурани севмаган, унга мойил бўлмаган ёки унга қарши турган мухолиф қатлам сеза оладими, уюша оладими, бутун гап ана шунда.

Диктатура емрилиши ҳали бу унинг бутунлай йиқилиши эмас. У қўлдан қўлга ўтиши ёки тамоман йиқилиш даврига кириши мумкин. Йиқилиш даври тўзонли бўлади – жанжалли, қонли кечиши ҳам мумкин. Кечаги биродарлар душманга айланадилар. Дин бирлаштирувчи омилдан парчаловчи фазага ўтади – яъни дин ичида ҳам жанглар бошланади. Бойлар мамлакатни ташлаб кетадилар. Урушлар учун қулай фурсат пайдо бўлади. Мамлакат ва миллатнинг тақдири савол остига тушади.

Диктатура ана шундай балои азимдир.

48.ДЕМОКРАТИЯ

“Биз демократияга тайёрмизми, йўқми?” деган савол оғизга олиниши билан оддий баҳс ҳам катта жанжалга айланиб кетади.

Бир томон “Демократия оби-ҳаётдек инсон умрига умр қўшади, яшашга маъни бағишлайди”, деса, иккинчи томон “Биз асрлардан бери давом этиб келган қуллик зеҳниятидан қутулмас эканмиз, демократия шароитида яшай олмаймиз” дейди. Бошқа бир томон “Демократия куфрдир” деб ҳукм чиқариб қўя қолади.

Хуллас, бугун ўзбек жамиятида демократия ҳақида ана шундай уч хил қараш мавжуд. Хўш, демократия ўзи нима ва нега бундай жанжалли баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Бу саволга жавоб берганлар демократия лотинчада “халқ бошқаруви” маъносини англатишидан нарига ўтмайдилар. Чунки нарига ўтилса, кўп нарса аён бўладики, бу ҳеч бир томонга ёқмаслиги мумкин.

Демократия сўзи лотинча бўлгани билан мазмун-моҳияти бизга бегона эмас. Форобийнинг фалсафаси демократияни тушунтиришга бағишланган бўлса, Сарбадорлар ҳаракатидан Дўкчи Эшон қўзғолонига қадар воқеалар демократияни ҳаётга тадбиқ этишни ўз ичига олган.

Бугунга келиб дунёда демократиянинг бир қанча олтин қоидалари ўрнатилган. Гарчи мукаммал демократик жамият ҳали барпо этилмаган бўлсада шу йўлда жиддий қадамлар қўйилди ва йилма-йил, асрма-аср бу замин кучланиб бормоқда.

Демократик жамиятнинг энг кучли қуроли матбуот(медиа) ҳисобланади. Бу жамиятда ҳеч ким матбуот назаридан четда қолмайди. Президентдан тортиб, оддий мансабдорга қадар ҳамма матбуот “дурбини” нишонида туради.

Масалан, АҚШда матбуот президентининг ҳар бир қадамини кузатади. Қонундан ташқари қиладиган ҳатти-ҳаракатларини фош этиб боради. Буни билган ҳолда президентлар матбуот вакилларини доим ёнларида олиб юрадилар. Матбуотдан қочиш ёки четланиш катта муҳокамларга сабаб бўлади.

Президент Барак Обама бир мартагина матбуотдан қочгани тарихга кириб қолди. У ҳам бўлса, голф ўйнашга чиққанда мухбирларни даъват қилмаганидир. Мана шу бир марталик ҳаракати учун президент жуда қийин шароитларга тушди, кўпгина саволларга жавоб беришига тўғри келди.

Ироқ уруши олдидан ҳукумат ёлғон маълумот тарқатгани, Ироқ ва Афғонистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳамда шунга ўхшаш воқеаларни бошқа бир мамлакатнинг матбуоти эмас, АҚШнинг ўз медиаси очиб ташлагани ҳам ошкоралик демократиянинг энг муҳим устуни эканлигини кўрсатди.

Маълумки, ҳукумат ўз кучини кўрсатишга интиладиган унсурдир. Ҳукмдорлик ҳукуматнинг “қонида” бор. Матбуот эса унинг бу нафсини тизгинлаб туради. Матбуотдан ҳайиққан ҳукмдорлар ҳар бир қадамларни ўйлаб-ўйлаб ташлайдилар.

Демократия шароитида матбуот фақат ва фақат қонунлар томонидан назорат этилиши керак. АҚШда президент Обама даврида мамлакат Бош прокурори бир қанча мухбирларининг телефонларини тинглашга буюргани Асосий қонунда белгилаб қўйилган сўз эркинлигига ҳужум деб баҳоланди. Гап шундаки, матбуотга ҳукумат мансуби томонидан махфий маълумот сиздирилган ва шу одамни топиш учун Бош прокурорлик мухбирларнинг телефонларни эшитишга қарор берган.

Демократик жамиятда махфий сирни ошкор қилган матбуот эмас, балки сирнинг очилишига уни сақлаши керак бўлган томон масъулдир. Бу қоидани бузган ҳукумат матбуот ва жамият томонидан муҳокама марказига тушди.

АҚШ, Туркия ва бошқа бир қанча мамлакатларда ошкоралик жабҳасида жиддий муаммолар ҳам бор. Масалан, катта бизнес билан шуғулланадиган шахслар ва компанияларга газета, телевидение ҳамда радио очиш ҳуқуқи берилган ёки акси׃ матбуот воситларига катта бизнес билан шуғулланиш чекланмаган. Бу нарса ошкоралик йўлига раҳна солади. Ҳукумат катта бизнесларни назорат қилиш орқали уларнинг қўлидаги матбуотга ҳам таъсир қилади. Натижада матбуот ўша бизнес раҳбарларининг хоҳиш ва истакларини бажарадиган манбарга айланади.

Интернетнинг пайдо бўлиши ошкоралик қудратини оширган бўлсада, демократик шароитларда жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

“Интернетни назорат қилиш керакми, йўқми?” деган саволга ҳалига қадар аниқ жавоб берилмаган. Бир томон кескин равишда “Йўқ” деса, иккинчи томон “Қонунлар билан назорат қилиш керак”лигини айтади.

Ошкоралик бўлмаган жойда демократия ҳам бўлмайди. Буни ҳар икки гапда “Демократик жамиятмиз” дейиладиган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу мамлакатларда ошкоралик мутлоқ бўғилгани учун демократиянинг барча механизмлари ҳам мутлоқ ишламай қолган.

Маълумки, халқ бошқаруви у тузган партия ва ҳаракатлар орқали амалга ошади. Халқ бу брикмаларни, ундаги муносиб шахсларни жамиятни бошқариш учун вакил қилади. Ҳар кимга бу вакиллик учун ўз номзодини қўя олиш эркинлиги берилгани билан уни амалда жорий этиш муҳимдир. Шунинг учун ҳам сайловда қатнашадиган номзодларнинг ҳуқуқлари белгилаб чиқилади ва қонунчилик йўли билан муҳофаза қилинади. Лекин бу сиёсий маъракада халқнинг ўзи ҳам фаол иштирок этмаса, турли номзодлар турли сабаблар билан маъракаберун қилинишлари мумкин.

Агар сайлов ёшига етган ҳар бир шахс ўзининг овози ўчирилмаслигини билса, якка ҳолда ҳам ўзининг куч эканлигини ҳис қилса, табийки, бу имкониятни бой бермайди. Лекин шахснинг овозини ўлдириш жамиятда лоқайдликка олиб келади. Одамлар ҳамма нарсага қўл силтайдиган бўладилар, қорин тўйғазишдан бошқа нарса билан қизиқмай қўядилар. Бу ҳолда дастлаб сиёсат ўликлашади. Кейин бутун жамият депсиниб қолади. Бунинг мисолини Ўзбекистон, Туркманистон каби бир қатор мамлакатларда кўриш мумкин.

Демократик жамиятларда ҳар бир овоз кучдир. Бу фаолликни таъминлайди. Фаоллик бор жойда ҳаёт бор, ривожланиш бор, инсоннинг қадр-қиммати, қудрати бор. Шунинг учун ҳам демократик жамиятда ҳар бир овозни қозонишга ҳаракат қилинади.

Албатта, кимлардир овозларини осонгина сотишлари, кимлардир ёлғоннинг қули бўлиб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас.

Сайлов жараёнида матбуотнинг роли беқиёсдир. Матбуот халқни турли томонларга бошқариши мумкин. Шунинг учун ҳам аввало матбуотнинг ўзи эркин ва буйсунмас бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидламоқ  керак.

Номзодларга бирдек минбар берилиши, уларнинг дастурлари бирдек тарғиб қилиниши қонунлар билан кафолатланишни биламиз. Лекин бунга риоя қилинмаган тақдирда чоралар кескин бўлавермайди. Ҳатто демократик ривожланган мамлакатларда ҳам сайлов ўтди дея суиистеъмоллар тезда унутилади. Бу аста-секин халқнинг ишончини емирадиган омилдир.

Дунёда демократик бошқарувнинг бир қанча кўриниши мавжуд. Президентлик, ярим президенлик, парламент бошқарувлари шулар жумласидан.

Президентлик бошқарувида давлат раҳбари тўғридан-тўғри халқ томонидан сайланади. Парламент бошқарувида эса президент (қирол, қиролича ва ҳоказо) иккинчи ролга тушади ва парламентдаги вакиллар уни сайлайдилар. Бундай бошқарувда ҳукуматни мазкур партиянинг лидери ҳисобланмиш Бош вазир бошқаради.

АҚШда сенатор ва конгрессменлар турли округлардан овоз тўплайдилар – сенаторлар олти йил ва конгрессменлар икки йилллик муддат учун. Президент эса аслида умумхалқ томонидан сайлансада, расмиятда унинг сайлангани ҳар штатдан тўпланадиган “очко” ва ҳар штатдан юбориладиган вакилларнинг мажлиси(Electoral college) орқали тасдиқланади.
Бу АҚШ каби штатларга бўлинган мамлакат учун бир томондан яхши.

Сайловда барча штатларнинг ўз ўрни, ўз салмоғи сақлаб қолинади. Салбий томони ҳам бор. Гап шундаки, баъзан умумхалқ сайлаган номзод штатлардаги ўринлар ҳисобидан ютқазиши ҳам мумкин. 2000 йилда Буш ва Гор сайловида шундай бўлганди. Халқнинг 48,4 фойиз овозини олган Ал Горе қолиб, 47,9 фойиз овоз тўплган Жорж Буш Оқ уйга кирганди.

Бу эса АҚШ каби йирик давлатда ҳам демократия мукаммал эмаслигини кўрсатади. Бироқ демократияларда ўз камчилигига барҳам бериб бориш қонунияти мавжуд, бошқача айтганда бу тузум қотиб қолган догма эмас, доим ривожланишда.

Халқ вакиллари томонидан қонунлар мукаммаллаштирилиб борилар экан, жамиятдаги турли қатламларнинг манфаатлари бирдай ҳисобга олиниши лозим. Чунки қабилачилик, кланчилик, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик, ҳатто ирқчилик, диний ва миллий мансублик ҳам эркин сайловларни бузиш учун фойдаланилиши мумкин.

Қонунларда бунинг олди олиниши шарт. Афсуски, ҳали демократияси ривожланган АҚШда ҳам бунинг олди олинмаган. Натижада бу қусур сайловларни маълум бир гуруҳлар томонидан “илдириб кетилиши” томон етакламоқда. Масалан, 2012 йилда ўтказилган президентлик сайловида қора танлиларнинг 93 фойиздан кўп қисми Обамага овоз бергани бунга бир мисол.

Айни пайтда испан жамоалари ҳам асосан Обамага овоз бердилар. Бу ҳол барча демократик мамлакатларда ҳам юз бериши мумкин. Шунинг учун демократиянинг мажор ва минор қоидалари қандай ишлашини тўғри йўлга қўйиш керак. Дейлик, сайловда бирор ирққа ёки миллий гуруҳга мансубларнинг бирлашиши натижасида қўлга киритилган ғолибликни қонуний тарзда бекор қилиш механизми ҳам бўлиши керак. Акс тақдирда битта гуруҳнинг устунлиги бутун жамиятни сайлов йўли билан “босиб олиши”га сабаб бўлади.

Шунингдек, парламентар жамиятларда битта партиянинг “Домий равишда кўпчилик овозини олмоқдаман” деб диктаторлик ўрнатиши ҳам юз бериши мумкин.

Демак, қонунларда бу ҳолнинг олдини олиш ҳам назарда тутилиши ва кичик партияларга ҳам ҳукуматни бошқариш имконини берадиган тартиблар ўрнатилиш керак.

Ҳар қанча яхши ишламасин узоқ йиллик бошқарувда коррупция илдиз отади. Буни фақат ҳукумат тепасига келадиган янги кучгина очиб ташлаши мумкин.

Масалан, Туркияда 2003 йилдан бери ҳукуматни битта партия бошқаради. Ҳамма жойда бу партия мақталади, Туркиянинг ривожланаётгани айтилади. Лекин статистика маълумотларига қаралса, турк халқининг асосий қисми камбағаллик чизиғидан пастда яшамоқда. “Бу партия 100 йил давомида кўпчилик овозни олса, шунча вақт ҳукумат тепасида тураверадими?” деган савол туғилади. Бугунги демократиянинг бундай саволга жавоби аниқ эмас.

Битта партия диктатураси ўрнатилар экан, жамиятнинг қолган қатламининг иштироки нима бўлади?

Демак, худди президентларга қўйилган муддат каби партияларга ҳам муддат қўйилиш каби турли вариантларни ўйлаш лозим. Демократия қачонки жамиятнинг барча қатламини тамсил этсагина демократиядир. Афсуски, бугунги дунёда буни кўриш ноёб ҳол.

Жамиятнинг барча қатламларини ўз ичига олган эркин сайловлар бор жойда халқ бор. Сайловлар бўғилган жойда эса халқ ўзлигини йўқотиб, тўдага айланиб қолади. Шунинг учун ҳам эркин сайловлар демократиянинг юраги ҳисобланади.

Қонунлар жонсиз қоғозлардир. Унга жон берадиган суд тизими.

Демократия қонунлар диктатураси. Бу диктатуранинг ижро ҳокимияти суд тизимидир.

Шундай экан, бундай жамиятда ҳукмдорнинг айтганлари ва хоҳиши эмас, балки қонунлар билан ҳаракат қилинади.

Бошқарув Қонун чиқарувчи, Ижро ва Суд ҳокимияти – учлигидан иборат бўлган тузумларда бу кучларнинг бир-бирини назорат қилиш учун механизмлар яратилган. Ўзаро назорат бўлгани учун ҳам яккаҳокимликнинг олди олинади. Демократиянинг муҳим бўғини бўлган бу соҳада жуда кў ёзилган ва биз уларни такрорламоқчи эмасмиз. Мақсадимиз демократиянинг олтин қоидаларини санаган ҳолда унинг камчиликларига ҳам диққат тортишдир.

Суд тизими адолатли бўлган жойда халқнинг бошқарувга ҳурмати баланд бўлади. Демократик Ғарбда суд тизими деярли мустақил. Ҳукумат суд ишига аралаша олмайди. Лекин бир умрга ёки маълум муддатга сайланган судяларнинг шахсий қарашлари  баъзан суд ишига аралашиб кетади. Бунинг олдини олиш учун халқдан вакиллик этадиган жюрилар иштирокида суд жараён этади.

Суд тизимини назорат қилишнинг яна бир кучли механизми мустақил адвокатлар силсиласидир. Қонун-суд-адвокат учбурчаги адолат устиворлигини сақлайди. Минг афсуски демократияларда ҳам бу учбурчак баъзан “Бермуда учбурчаги” каби сирли кўриниш бериб қолади.  Манфаат қонунни бошқача талқин этишга олиб келади ёки ўзаро келишув билан қонундан қочилади. Жамоатчиликда бунга қарши курашадиган ричак бўлиш керак. Бугунги демократияларда ана шу нарса йўқ. Турли ҳукмларни кенг жамоатчилик қоралаши мумкин, аммо натижа ўзгармай қолаверади.

21-асрга келиб бошқа номукаммалликлар ҳам ўртага чиқмоқда. Масалан,   кимларнингдир хоҳиш-истаги йўлида кўпчиликни қонунлар орқали бўйсундириш бунга мисол бўла олади. Катта бизнес эгалари сайловларда пул сарфлаб, ўзларига тарафдор парламентарларни йиғишлари ёки катта пул сарфлаб, лоббичилик йўли билан қонунлар чиқарилишига эришишлари ҳоллари кузатилмоқда. Дейлик, сиз сувда юрадиган машина кашф эттингиз. Аммо бензин сотувчилар тўпланиб, ўз лоббиларини яратиб, сув билан юрадиган машинани оммавий равишда ишлаб чиқаришни ман этишлари мумкин. Бунинг учун минг хил баҳоналар ҳам топилади. Демоқчимизки, бугунги демократияларда шунга ўхшаш ҳоллар оз эмас.  Қонунчилик йўлидаги лоббичиликка барҳам бериш буни тузатишнинг илк одимидир.

Инсоннинг бугунга келиб халқаро нормалар даражасига кўтарилган бир қанча ҳуқуқлари бор. Булар-яшаш, озодлик, шахсий дахлсизлик, камситилмаслик, кўчиб юриш, ўзига жой танлаш, фуқаролигини белгилаш, оиласини тузиш, мулкка эгалик қилиш, эркин фикр юритиш, сўзини очиқ айтиш, маълумот олиш ва тарқатиш, меҳнат қилиш каби ҳуқуқлардан иборат. Қонунлар уларни кафолатлаши, судлар эса ҳимоя қилиши керак. Бу демократик жамиятда олтин қоидадир. Лекин олтиннинг ўғриси кўп бўлганидек, бу қонунларни “сейф”га солиб қўядиганлар ҳам анчагина. Халқ ана шу “сейф”ни оча олиши учун эркин муассасаларга – жамоат ташкилотларига эҳтиёжи бор.

Биз умумқадриятга айланиб бораётган демократик жамият ҳақида гапираётганимиз учун  Ўзбекистон масаласида тўхталмадик. Чунки Ўзбекистонда ҳали демократиянинг илк қадами ҳам отилмаган. Зотан бундай тузумларда қонун ҳам, суд ҳам бир кишининг амрига тобе бўлади. Шунинг учун депсинишга юз тутади.

Фуқаролик жамиятининг асоси жамоaлар – ноҳукумат ташкилотлардир.  Бу асос иқтидорнинг бошқарувдаги иштирокини озайтириб, халқнинг фаоллигини оширадиган омил.

Ноҳукумат ташкилотлар халқни сиёсий жиҳатдан ташкиллантиради, унинг барча жабҳалардаги фаоллигини оширади. Сайловларда иштирок этишдан бошлаб, ҳақ-ҳуқуқлар ҳимоясига қадар барча соҳаларда пайдо бўладиган муаммолар ечими учун йўл-йўриқ кўрсатади. Жамоа бўлган ҳолда адолат, ҳақ-ҳуқуқлар устиворлиги, келажак учун курашилади.

Бугунгача мавжуд демократияларда ноҳукумат ташкилотларнинг роли катта бўлди. Лекин вақт шуни кўрсатдики, бу хусусда ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Ноҳукумат ташкилот бўлгани ҳолда ҳукумат идорасида рўйхатдан ўтиши нафақат мантиқсизлик, балки бу муассасаларни назорат қилишга йўл очди.

Ўзбекистон каби мамлакатларда ноҳукумат ташкилотлар агар режимга хизмат қилмаса ё рўйхатга олинмайди, ё рўйхатга олиниб, ҳукумат йўлига солинади.

Ҳатто АҚШ каби очиқ жамиятда ҳам бу муаммо ўзлигини кўрсатди. Демократик партия иқтидорда экан, ҳукуматнинг бир тармоғи ҳисобланган Солиқ идораси  мухолифатни қўлламоқда дея бир қанча ноҳукумат ташкилотларни сиқувга олган. Ўзбекистонда ноҳукумат ташкилотлар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтсалар, АҚШда уларни  асосан Солиқ идораси назорат этади. Агар ноҳукумат ташкилотлар фойда кўрадиган бизнес билан шуғулланмаса, уларга солиқлардан озод қилинганлик статуси берилади.

2008-2012 йилларда АҚШда иқтидордаги ҳукуматни қўлламаган бир қанча ташкилотларга  бундай статус атайлабдан берилмагани ўртага чиқди. Бу катта сиёсий жанжалга сабаб бўлди.

Президент дарҳол Солиқ идораси раҳбарини ишдан бўшатди.  Конгресс даражасида  ҳамда жиноий тергов йўли билан текширувлар бошланиб кетди. Очиқ жамиятдагина ҳукуматнинг бундай суииъстемоли ўртага чиқади. Аммо ёпиқ, тоталитар тузумларда буни фош қилишнинг иложи бўлмайди.

Дарвоқе, “Ҳар қандай эркин муассасалар ҳам қаердадир қайдиятдан ёки рўйхатдан ўтган бўлишлари керак”, деган мантиқий гапни айтишингиз мумкин. Ана шу қайдиятдан ўтиш ибораси эркинликни бўғиш маъносига келиб қолмаслиги керак.

Манимча, демократик жамиятларда битта марказий ноҳукумат ташкилоти бўлиши ва тузилган ҳар бир жамоа ўз мавжудияти ҳақида шу идорага маълумот юбориб қўйиши керак. Шу билан расмиятчилик битиши лозим. Бу идоранинг вазифаси назорат этиш эмас, балки қайдият маълумотига эгалик қилиш бўлиши шарт.

Балки бундай идора ноҳукумат ташкилотлардан юбориладиган вакиллардан иборат ҳам бўлиши мумкин. Бугун БМТ қошида ноҳукумат ташкилотларнинг бирлашмаси мавжуд бўлгани каби Умумдунё ноҳукумат ташкилотлар марказини тузиш вақти ҳам келгандир. Бунда барча давлатлар ушбу марказ мавжудиятини қабул қиладилар ва ҳамма мамлакатларнинг яшовчилари ўзлари тузган ноҳукумат ташкилотларни мазкур халқаро марказдан қайдиятдан ўтказадилар. Бу ноҳукумат ташкилотдан нодавлат ташкилотга ўтиш бўлади. Бу албатта, битта таклиф холос. Гап шундаки, бугун ана шундай таклифларни кўпроқ ўртага отишимиз ва келажак учун замин ташлашимиз керак.

Маълумки, технология асрига келиб, демократик жамиятларда эркин муассасалар қийин вазиятга тушдилар. Улар очиқ ташкилот бўлгани учун фаолиятларининг асосий қисми интернетга кўчди. Интернет эса ҳукумат ва компютер билимдонлари томонидан назорт қилинади.

Демак, ноҳукумат ташкилотларни нафақат назорат қилиш, балки бошқариш механизми пайдо бўлди. Демократия ўрнатилган жамиятларда бу “тупик”дан чиқиш йўллари қидирилмас экан,  мавжуд эркинликлар қадамба-қадам бой берилади ва бор-бора бутун дунё тоталитар режимлар йиғиндисига айланади.

Зотан ҳозирнинг ўзидаёқ интернет, хусусан ижтимоий тармоқлар тоталитар-авторитар тузумларда ноҳукумат ташкилот тузишгина эмас, тузиш учун уринишнинг ҳам олдини олишда қуролга айланди.

Хуллас, бугун бирор-бир мамлакатнинг тузумига “ташҳис” қўйиш учун у ерда эркин муассасаларнинг бўлиб бўлмаганига, қандай фаолият кўрсатаётганига назар солишнинг ўзи  етарлидир.

Эркин ноҳукумат ташкилотлар бўлмаган жамиятларда  ҳар қандай фаоллик бешигида ўлади ва умуминсоний эркинликлар эртакка айланади.

49. ТЎРТ ТАРЗЛИ СИЁСАТ

Совет иттифоқи парчалангач, мустақиллигини эълон қилган жумҳуриятлар, коммунистик мафкура домидан қутилганларини кўрсатмок учун, ўз йўлларини танлашга уринсалар-да ёки ўз йўлимиз бор, дея аюҳаннос солсалар-да, жамиятнинг бутун қатламларини тортанак уяси каби чирмаб олган эски мафкурани тарк этиб, ҳозиргача аниқ натижага эришганлари йўқ.

Бир қарашда бу табиий ҳолга ўхшаб кўринади. Чунки етмиш йиллик асоратдан бир зумда қутилиш қийин. Бунинг устига мафкура бобида адашмоқ, янглиш одим отмоқ давлат учун ҳам, миллат учун ҳам ўнглаб бўлмас инқирозларга олиб келади. Лекин мафкурасизлик ҳам том маънодаги фожеа бўлиб, халқни ўзлигидан маҳрум этади, яъни мафкурасизлик мафкурага айланади.

Мафкура нима? Инсонларни бир тушунча, мақсад, ҳадаф, ният атрофида бирлаштирувчи ғоя мафкурадир. Мафкура буюк бир ғоя, улкан бир уммон бўлиб, барча инсонлар ирмоқлар сингари унга интилсалар, йўл-йўлакай сойларга, дарёларга айланган каби охирида бутун бир кучга айланадилар. Яъни уммон буладилар. Бошқа жумҳуриятлар сингари бугун Ўзбекистон ҳам мафкура бобида чорраҳада турибди. Қаршисида тўртта йул бор: Исломчилик, Туркчилик, Ўзбекчилик ва Халқчилик.

ИСЛОМЧИЛИК. Ислом инсонлар томонидан эмас, кўкдан инган ғоядир. Яъни Оллоҳнинг иродаси билан инсонларга кўрсатилган йўлдир. Оллоҳ бу йулни курсатар экан, инсониятни ундан юришга мажбурламайди. Инсонларга имкон қолдиради. Бу эса Оллоҳ тарафидан одамларга ато этилган ақл учун, бу ақлни ишлатиш учун танилган имкондир.

Мана бир минг тўрт юз йилдирки, бу ғоя дунёда яшамоқда. Маълум бир даврларда ислом ер юзидаги давлатлардан бир қанчасида иқтидорга айланди. Яъни ғоя, мафкура барча инсонларни бутунлаштириб, уларнинг хохиш-истакларини ўзида мужассамлаштирди.

Октябрь инқилобидан кейин шўролар асосий диққат-эътиборларини исломий ғояга, умуман, диний ғояга қарши курашга қаратдилар. Бунинг ўрнига ўз мафкураларини ўрнатишга уриндилар.

Маълумки, рус инқилобидан аввал Туркистон ҳудудида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари миллат асносида эмас, уммат тамалида қурилганди. Бухоро амирлиги ҳудудларида ўзбек, тожик, барлос, қўнғирот, найман… хуллас, барча инсонлар бир уммат ўлароқ яшар эдилар.

Айни шаклда Хива хонлиги ҳудудида туркманлар, қорақалпоқлар, ўзбеклар ва бошқа турк қавмлари бор эдилар. Қўқон хонлиги ҳам ўзбеклар билан бирга найманлару қиргизларга қадар, қавмларнинг – мусулмонларнинг хонақоҳи эди.

Хўш, мазкур тамалга қайтиш мумкинми? Мовороуннаҳр мусулмонлари идорасининг собиқ муфтийси, Робитаи Исломиянинг аъзоси Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1997 йилнинг 10 майида Би-Би-Си радиосида ўзбек бўлими муҳаррири Ҳамид Исмоилнинг “Бугун Ўзбекистонда Ислом давлати қуриш мумкинми?” деган саволига “Йўқ”, дея жавоб берар экан, буни қўйидагича асослади:

“Биринчидан, бугун дунёда том маънода исломий бўлган бирор бир давлат йўқ, яъни ўрнак олинадиган, бу ишни ҳаётга тадбиқ этишда изидан бориладиган давлатни кўрмаяпман.

Иккинчидан, Ўзбекистон етмиш йил давомида атеистик босим остида яшади. Бугун диний кадрлар, исломни мукаммал билган донишмандлар оз. Хўш, ислом давлати қурилса, бу ишни ким билан амалга оширамиз?”

Агар Ўзбекистон ҳудудларидан ташқарига чиқадиган бўлсак, айни қарашни бундан беш йил олдин Тожикистон мусулмонларининг лидери Қози Акбаржон Тўражонзода хам “Комсомольская правда” газетасидаги мусобаҳасида ўртага қўйганди. Аслида ҳар бир уламонинг, қолаверса, биз исмларини зикр этган уламоларнинг ҳам кўнгил остидаги орзулари ислом давлатидир, аммо бунга шарт-шароит йўқлигини эътироф этмоқдалар. Гарчи исломий давлат қуришни келажакка қолдираётган бўлсалар-да, умматчилик ғоясини тарғиб этишда кенг фаолият кўрсатмокдалар. Табиийки, Ўзбекистон ҳудудлари ичида эмас.

ХАЛҚЧИЛИК Бу ғоянинг ҳам тарихи узоқ. Бу ғоя ҳам баъзан иқтидорни қўлга кечирди. Россияни тарк этиб, Парижда ва Истанбулда яшаган буюк тарихчи олим Юсуф Акчура 1904 йилда ёзган “Уч тарзли сиёсат“ мақоласида Усмонли давлатида султонларнинг аксарияти исломий йўлни ғоя деб танлаганлари, айримлари эса туркчиликка мехр қўйганлари ва бир қисми Усмонли халқи мафкурасини умум мафкурасига айлантиришга ҳаракат қилганини таҳлил этади.

Маълумки, Усмонли империясининг ҳудудларида турли миллатлар яшабгина қолмасдан, турли динлар ҳам мавжуд эди. Яъни Китоби бўлган барча динларнинг мансублари бор эдиларки, Усмонли давлати улар билан ҳисоблашмасдан иложи йўқ эди. Фақат мусулмон динини ёки фақат туркчиликни ғоя қилиб олса, аҳволи оғирлашиб қолишидан чўчиган баъзи султонлар “Усмонли халқи“ мафкурасини яратишга киришдилар.

Бу ғоя охир оқибатда Усмонли империясини инқирозга учратди. Лекин бу “ғоя“нинг этагига бошқа бир империя осилди, бу шўролар давлати эди. Етмиш йил давомида Совет халқи деган мафкура “ишланди“. Айникса, Брежнев, Черненко, Суслов каби “даҳолар“ зўр бериб, барча миллатлардан бир миллатни, барча ғоялардан бир ғояни, яъни совет халқини ўртага чиқармоқчи бўлдилар. Улар бу ғоя тантана қилди, дея дунёга жар солишган бир пайтда, империялари ғоясизликдан парчаланиб кетди.

Ўзбекистон мустақилликдан кейин 1992 йилнинг 8-декабрида янги конституция қабул қилди. Камина бу конституцияга овоз бермаган бир неча “ўжар“ миллатвакилларидан бири. Бугун амалда бўлган ана шу конституциянинг биринчи боб 8-моддасида “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади“ дейилади. Гарчи мазкур Конституциянинг 12-моддасида “Ҳеч кайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас“ дейилса-да, кўриниб турибдики, шўролардан меърос қолган халқчилик нафақат бу Конституциянинг томир-томирига қадар сингган, балки давлатнинг ҳам асосий сиёсатига айланган. Буни Ўзбекистон президентининг чоп этилган ҳар бир китобини варақлаган киши дарров сезиши мумкин. Аксарият саҳифалар “Ўзбекистон халқи“ дея бошланади ва “Ўзбекистон халқи“ дея тугайди.

Гарчи бу ғоя давлат идораларининг асосий “иш қуроли”га айланган бўлса-да, миллат томонидан ҳазм этилмади. Шу боисдан бу ғояни яшаяпти ёхуд йўлбошчилик қилаяпти, деб айтиш мумкин эмас.

ЎЗБЕКЧИЛИК. Баъзилар ўзбекчилик бу халқимизнинг феълу ҳуйидаги айрим фитратларни ифода этади, дея ўртага “Ўзбекчилик“ иддаосини ҳам отмоқдалар. Айникса, 1993 – 1994 йилларда, мафкура масаласи тортишилар экан, баъзи тарихчи олимлар “Ўзбек миллати“ ғоясини илгари сурдилар. Маълумки, Туркистон ҳудудида юзларча этник гуруҳлар мавжуд эди. Бу минтақанинг номи Туркистон эканлигидан ҳам кўриниб турибдики, бу ерда яшаган асосий миллат турклардан иборат эди.

Рус империализми томонидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Совет жумҳуриятлари тузилар экан, асосий мақсадлардан бири аввалига туркларни парчалаб, бошқа-бошқа номлар билан аташ ва сўнгра уларни совет халқига айлантириш эди. Совет Иттифоқи таркибида Ўзбекистон Совет Социалистик жумҳурияти тузиларкан, бу геополитик майдонда қанча ўзбек яшаганини бугунгача ҳеч ким айта олмайди.

Қолаверса, бу ғояни илгари сураётганлар яхши биладиларки, ўзбеклар тарихи Олтин Ўрда хонлигидан ва Ўзбекхондан бошланади. Уларнинг иддаосига таянган баъзи ғарб олимлари Ўзбекистон тарихи ҳақида фикр юритар эканлар, бу тарих ўн бешинчи асрнинг охири ва ўн олтинчи асрнинг бошида бошланганини ёзмоқдалар. Хўш, ундай экан, бобокалонларимиз Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Бобур Мирзо замонлари ва ҳатто Мелоддан аввалги олтинчи асрга қадар узанган тарихимиз нима бўлади?

Яна қолаверса, “Ўзбекчилик“ руслар томонидан орамизда нифоқ чиқариш учун ва ўзлигимизни йўқ этиш учун ўртага ташланганини ҳеч ким рад этмайди. Шундай экан, бугун русларнинг орқасидан “қувиб” бораётганимизни изоҳлаш қийин.

Кейинги пайтда баъзи ёзувчилар ва шоирлар хам “Ўзбекчилик“ деган иддаони зўр бериб суғормоқдалар. Уларнинг баъзилари “Ўзбек“ дегани бир миллатнинг номи эмас, бу жуда кўп этник гуруҳларнинг бирикимидир, улар ўзларига бек, ўзларига хон эканликларини ифодаламоқ учун бу номни олганлар, демоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти Ўзбекистон мустақиллиги кунларида жумҳурият номини ўзгартириш, Туркистон номига қайтиш ва ҳатто пойтахтни азалий бошкентимиз Самарқандга кўчириш тарафдори эдилар.

Кўриниб турибдики, ҳали бир қарорга келганлари эмас. Тўғрироғи, кўнгилларининг остидаги гапни айтиш учун юқоридан эсадиган шамолдан кўрқиб турибдилар.

ТУРКЧИЛИК. Туркларнинг тарихи баъзиларга кўра, Кўктурклар императорлигига бориб тақалади. Баъзилар эса тарихни Хун императорлигидан бошлаб варақлайдилар. Аммо шу нарса аниқки, туркларнинг тарихи бундан ҳам узоқларга бориб тақалади ва турклар дунёда ўз алифбосига, ўз тилига, ўз маданиятига соҳиб миллатдир.

Турк императорликлари тарих саҳифаларига айланганидан кейин, туркчилик ғояси ўртага чиқди, яъни парчаланган, бўлинган турклар қайтадан бутунлашиш учун бу ғояни илгари сурдилар. Баъзан уни турончилик ҳам деб атадилар.

Туркчилик, айниқса, ўн тўққизинчи ва йигирманчи асрда ғоя сифатида кучланди. Ғарбда унга пантуркизм номини бердилар. Туркистонда Мунаввар Қори, Беҳбудийлар бошлаган жадидлик ҳаракатининг замирида ҳам туркчилик ғояси бор эди. Туркияда Зиё Кўкалп, Исмоил Гаспирали, Заки Валиди Тўғон, Ниҳол Отсиз каби фозилу фузалолар ҳақида гап кетганда, уларни туркчилар, дейишади. Зиё Кўкалпнинг ватани Туркия бўлса, Исмоил Гаспирали қримлик, Заки Валиди Тўғон эса Мунаввар Қорининг уринбосарларидан бири. Уларни бирлаштирган туркчилик ғоясидир.

Биз бошқа ғоялар тарихига узоқ тўхталмаганимиздек, (Зотан, бу ғояларнинг ҳар бири ҳақида юзларча китоблар ёзилган. Бизнинг максадимиз, уларнинг тарихини англатиш эмас, балки бугунги мафкурасизликни кўрсатишдир), бугунги кунга келмоқчимиз. Ҳозир Ўзбекистонда Туркистон, Турон калималари сарбаст, яъни истаган одам бу ҳақда гапириши мумкин. Лекин туркчилик ҳақида гапираётганлар оз.

Аслида эса, барча олимлар ва зиёлилар бизнинг турк эканлигимизни яхши биладилар. Факат Туркияда турклар яшамокда, тарих майдонида эса Ўзбекистон деган давлат хам бор. Демак, биз туркмиз деганда, ўзимизни Туркияга боғлаб кўйган бўламиз, шубҳасига бормоқдалар. Ваҳоланки, Туркиядаги турклар Марсдан тушганлари йўқ. Туркистондан кўчиб борганлар ва ўз миллатларининг номини бугунга қадар сақламоқдалар, давлатларини ҳам шу ном билан атамоқдалар.

Шундай экан, биз учун ҳам жиддий тушуниб кўрадиган мавзу бу. Қолаверса, туркчилик учун энг кенг майдон жуғрофий ўлароқ Ўзбекистондадир. Тарихий тамал шу қадар кучлики, истасангиз Алишер Навоий асарларини, истасангиз “Девони Луғати Турк“ни варақланг, тафаккурингизга биринчи галда турклик шуури ёғилади.

ХУЛОСА ЎРНИДА. Бугун турк-ислом ғоясини биргаликда ўртага отишмокда. Айрим туркчилар, яъни турончилар у ҳолда асли турк бўлган гагаузлар, сахалар ва бошка қавмлар четда қолмайдими, дейишади. Мантиқан тўғри, чунки баъзи бир турк қавмлари бошқа динларга мансубдирлар. Бутун туркларни бир Турон ғояси атрофида бирлаштириш масаласида улар ҳақ. Бу мафкуранинг байроқ тикиладиган сўнги манзили.

Аммо бугун Ўзбекистонда, Туркистонда қайси бир ғоя миллатимизни келажакка етаклайди? Баъзи исломшунослар миллат тушунчасини инкор этиб, факат уммат қаврамига таянадилар. Дин илимдони Обидхон Қори Назаров Би-Би-Си радиосида бу ҳакдаги саволга жавоб берар экан: “Ислом миллатни рад этмайди. Жанобу Аллоҳ ҳар бир миллатни ўз тили, ўз урф-одатлари билан яратган. Қуръони Каримда ҳам инсонлар миллат ва қавмларга ажратиб қўйилгани айтилган. Шундай экан, миллатни кўрмасликдан келиш мумкин эмас. Аксинча, Ислом миллатни ва миллий урф-одатларни ҳимоя қилади“ дейди.

Хуллас, куриниб турибдики, Ўзбекистон мафкура бобида чорраҳада дебсиниб турибди. Ҳукумат бир йўлни танласа, зиёлилар бошқа йўлни, тарихчилар эса яна бошқасини кўрсатмокдалар. Бир қарашда ҳаммаси парча-парча ҳолда яшаётганга ўхшайди, аммо моҳиятига назар солинса, ҳар ким ҳар томонга тортмокда.

Бизни ташвишлантирган ва бу мақолани ёзишга ундаган яна бир асосий нарса шуки, 1904 йилда Юсуф Акчура бу хусусни қаламга олар экан, Исломчилик, Халкчилик ва Туркчилик ҳақида тўхталган эди. Бир нечта ғоя эмас, балки ягона ғоя миллатни уфққа етаклашини орзу қилганди. Орадан юз йилга яқин вақт ўтгач, бу учликдан якка-ягона ғояга келиш ўрнига тўртинчи ғояни ҳам тортишиб ўтирибмиз. Бу кетишда яна юз йилдан кейин бошқа бир қаламкаш бу хусусда мақола ёзар экан “Қўнғиротчилик“, “Найманчилик“ каби янги ғоялар ҳақида ёзмаса бўлгани. Таассуфки, шунга қараб кетаяпмиз. Вой, миллатимизнинг ҳолига!

Мафкура, ғоя – сиёсат усти тушунчадир. Тўғрироги сиёсат мафкуранинг зафарияти учун ижро воситасидир. Амма сиёсатчилар мафкурани сиёсатнинг бир парчаси сифатида кўриб келдилар ва ҳамон шу қолипда қолмоқдалар. Демак, ҳаммасини бошдан бошламоқ керак.

50. АРАФА

2005 йил 8 – май куни “Озодлик” радиосининг “Қурултой” дастурида “Ўзбекистонда милиция тўғрисидаги қонун зарурми?” деган мавзуни муҳока қилдик. Қуйидаги гапларим ана шу дастурдан сўзма сўз кўчирлган:

“Энди албатта қонун зарурликка зарур. Чунки бугун мана демократик давлат қураяпмиз, деб жар солишаяпти. Шундай экан, ҳеч бўлмаса ўша жар солишаётганига яраша бу ёғини ҳам мослаш керак. Лекин қонун бўлгани билан бир нарса ўзгарадими Ўзбекистонда?

Мана бугун матбуот ҳақида конун бор. Агар у қонунларни олиб қарасангиз, матбуотга ҳамма эркинликлар берилган. Лекин амалда ҳеч қандай эркинлик йўқ. Чунки бу ўша системадан келиб чиқади. Чунки Ўзбекистонда диктатура ва диктатура шароитида ҳамма нарса ўша бир кишига бўйсундирилади.

Мен юз фоиз аминманки, мана шу АҚШ элчихонаси қаршисида ўтказилган шу пикетни бостириш Ислом Каримовнинг изнисиз бўлмаган. Масалан, Алматов ёки бошқа одам бунга ҳеч қандай журъат эта олмайди. Фақат ўша президентдан буйруқ олиб бу ишни қилишган.

Чунки бугун агар биз бошқа мамлакатларга қарайдиган бўлсак, милиция қонун ҳимоячиси, халқнинг ҳимоячисидир. Қолаверса, милиция бу мамлакатларда ҳукуматга бўйсунмайди. Балки ўша маҳаллий халқ томонидан сайланган кенгашларга бўйсунади. Ўша ерда туриб улар умумий қонунларни ҳимоя қилади. Ўзбекистонда агар шундай бўладиган бўлса, табиийки, ҳокимият Каримовнинг қўлидан чиқиб кетган бўлади.

Бугун агар улар қонун қабул қиладиган бўлсалар, қайси бир маънода бу қонунларни дунё стандартларига мослашлари керак. Агар мослайдиган бўлсалар, улар бу милициянинг қандайдир ваколатларини ёки милицияни қандайдир бошқаришни маҳаллий ҳокимиятга ҳам беришларига тўғри келади. Бундан эса, табиийки, диктатор кўрқади ва ҳокимият қўлимдан чиқиб кетади, деб ўйлайди. Шунинг учун ҳам, мана шунча йилдан буён милиция ҳақидаги қонун қабул қилинмаяпти…

…Аввало шуни айтиш керакки, бугунги тортишувимиздан иккита нотўғри хулоса чиқаришаяпти.

Биринчи, мен олдинига сўзимни бошладим қонун керак деб ва тугатдим қонун керак деб. Бу ерда ўша муҳокама қилувчиларнинг диққатини битта нарсага тортмоқчи эдим, ҳамма нарсанинг илдизи қаерда? Илдизи диктатурада ва диктаторда. Мана шунга эътибор қаратмоқчи эдим.

Бунинг учун мен матбуот ҳақидаги қонунларни бир ўрнак сифатида келтирдим.

Иккинчиси, биласизми, Сталиннинг орқасидан хам, Бериянинг орқасидан ҳам минглаб одамлар йиғлаган. Улар жуда яхши эди деб уларга сиғинишган ва уларнинг оёғини ўпганлар бўлган.

Лекин наҳотки шунчалик хотирамиз яхши эмаски, биз Паркент воқеаларини унутдик? Паркентда 63 киши отилган эди ва бунинг бошида Зокир Алматов турган эди. Ўшанда у Тошкент вилоятида ишлар эди ва Паркентдаги воқеаларда бош эди.

Шундан кейин уни Ислом Каримов яхши кўриб, уни Тошкентга олиб келганди. Наҳотки биз талабалар шаҳарчасида юз берган воқеаларни унутдик? У ерда талабаларни бугун худди сиз радиода қўйиб берганингиз каби чинқиртириб уришган ва худди шундай калтаклашганди.

Ва ундан кейин Наманганда бўлди шундай воқеалар. Фарғонада бўлди…

Шундай воқеалар бугунгача давом этиб келмокда. Бу ўша диктатуранинг хусусиятини, диктатуранинг нималигини кўрсатадиган нарса.

Яъни биз бу ерда айтаяпмизки, гўёки шу пайтгача Каримов яхши эди-ю мана шу воқеа юз бериб қолди, мана энди Каримов бундан хулоса чиқариб олиши керак. Йўқ, Каримов бундан олдин ҳам бундан беш баттарини қилиб келган эди ва бу нарса ҳеч нарса эмас уларнинг олдида. Каримов учун ҳеч нарса эмас. Биз учун табиийки, бу жуда катта фожеа.

Каримов Паркентда тўғридан-тўғри буйруқ берган: “Отинглар!” деб. 63 киши отилган. Қанча ёш-ёш йигитларнинг умри хазон бўлиб кетди. Шу нуқтаи назардан айтаяпман, Каримов учун бу ҳеч нарса эмас.

Бугун мен аниқ биламан, агар инқилоб қиламан деб минг одам чиқса, Каримов минг одамни оттиради, 2000 одам чиқса, 2000 одамни оттиради. Парламент минбаридан туриб, биз тинчлик учун керак бўлса 200 кишини отамиз, деган эди Каримов. Тинчлик деганида, у ўзининг шу курсисини, ўзининг вазифасини назарда тутган эди.

Шунинг учун ҳам биз билишимиз керакки, бу бўлаётган нарсалар – ҳаммаси диктатуранинг хусусияти. Диктатура йўқолмас экан, ҳеч нарса бўлмайди. Фақат демократия шароитида қонунлар яхши ишлаши мумкин. Лекин табиийки, энди бугун биз талаб қиладиган даражада эмас. Аммо талаб қилиб боришимиз керак. Милиция ҳақида ҳам қонун бўлса, қайси бир маънода халқаро миқёсларда буни тортишиш мумкин.

Лекин мен нима учун бу қонуннинг бўлмаётганини сўзимнинг бошида айтдим. Бу қонун бўладиган бўлса, Каримов ҳокимият қўлимдан кетиб колади, деб кўрқади. Шунинг учун ҳам бу қонунни амалга ошириш учун ёки парламентга олиб кириш учун изн бермаяпти”.

Шу гаплардан сўнг орадан 5 кун ўтиб Андижон қатлиоми юз берганди.

51. ЧОП ЭТИЛМАГАН СУҲБАТ

Бир кун Фарғона.рудан саволлар келди. Улар айни саволлар билан бир қанча журналистларга мурожаат қилишибди. Жавоб ёзиб йўлладим. Нима бўлди, билмайман. Чоп этилмади. Бу уларнинг ҳаққи. Лекин шу баҳонада суҳбат ёзилиб қолди.

САВОЛ׃ Ҳозир қаердасиз ва ўша ерда бўлишга нима асосий сабаб бўлди?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Мен ҳозир Америка Қўшма штатларида яшайман. Шунга ҳам ўн йилдан ошиб қолди. Маълумки, кўпчилик четга бориб ишлаб келгиси келади. Айниқса, касби юзасидан. Лекин камдан-кам одам бутунлай кетишни истайди.

Гарчи Туркияда ҳам, Америкада ҳам ўз касбимни давом эттирган бўлсамда, Ўзбекистондан ихтиёрий равишда кетмаганман. Ўша кезда ўлим билан юзма-юз қолгачгина кетишга мажбур бўлганман. Бир неча марта бахтли тасодифлар туфайли ўлимдан қутулиб қолдим, лекин тасодиф  доимий эмас. Булар ҳақида китобларимда ёзганман. Бу ерда эса, битта мисол билан чекланмоқчиман.

1993 йилнинг 3-январ куни Эрк партиясининг мафкура масалалари бўйича котиби ва “ЭРК” газетасининг Бош муҳаррири этиб сайландим.

Орадан икки кун ўтиб, 1993 йил 6-январ куни эрталаб ишга келаётсам, номерсиз бир машинадагиларнинг ҳужумига учрадим. Агар чаққонлик қилмаганимда машина мажақлаб кетган бўларди. Ҳатто йўлнинг четига ўтиб югура бошлаганимда ҳам машинани тротуардан ҳайдаб, уриб кетмоқчи бўлишди. Панжара девордан ошиб, Эрк партияси жойлашган бинога етиб олдим. Ўша куни матбуот конференцияси ҳам бор эди. Эртасига Москвада чоп этиладиган “Известия” газетасида Лебедева имзоси билан  шу ҳақда хабар чиқди. Ҳукумат парво қилмади. Лекин “ЭРК” газетасининг мен муҳаррир бўлган сонларини чиқаришга жон-жаҳди билан қаршилик қилгани ва 1993 йилнинг 7-феврал куни қонунларни бузган ҳолда махсус қарор билан газета ёпилгани нималардандир ишорат эди.

САВОЛ׃ Турган жойингизда нима билан машғулсиз, касбий фаолият давом этяптими?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бугун асосан илмий иш билан бандман. Ўзбекистондан чиқиб кетганимдан кейин ўн йил ўз касбимни давом эттирдим. Кейин илмий ишга ўтдим ва  бугунгача АҚШда бешта китобим чиқди. Булар АҚШ Конгресси кутубхонаси каталогига ҳам олинган. Ҳозир Ўзбекча-Инглизча мукаммаллашган луғатнинг иккинчи томини нашрга бердик. Бу шунчаки луғат эмас ва ҳар бир томи  минг саҳифа атрофидаги йирик илмий ишдир.

Лекин ҳаётимни журналистикасиз тасаввур қила олмайман. Дунёдаги воқеаларга ва умуман ҳаётга шахсий муносабатимни  интернетдаги бир қатор ўзбекча сайтларда ҳар кун бўлмаса ҳам кун ора учратишингиз мумкин.

Бошқача айтганда инсон журналист бўлиб туғилса, журналист бўлиб ўлади, деган гап менга нисбатан ҳам айтилгандек.

Бошланғич синфда ўқиган пайтимда туман газетасига ёза бошлаганман. Мана қарийб ярим асрдирки тинмай ёзаман ва ҳали ҳам ёзгим келади ва ҳали ҳам айтадиган гапларим кўп. Фақат вақт етмайди, кунига камида ўн соат вақтим китоб устида ишлашга кетади. Ҳозир рўйхатга олинмаган ўзбек сўзларининг луғати устида ишлаяпман.

САВОЛ׃ Чинакам журналистик фаолият учун сизнингча қаер кўпроқ сизга маъқул эди. Ҳозирги жойингизми ёки Ўзбекистон?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Албатта мен бугун яшаётган мамлакат сўз эркинлиги  чекланмаган, журналистлар учун имкониятлар жуда катта бўлган ўлкадир.

Истаган мавзуда ёзишимиз мумкин. Лекин баъзан журналист ўлароқ бу мамлакатга ўн йил кеч келибман, деб ҳам қўяман. Агар ёшлигимда келганимда ўзимдаги қобилият билан бу ердаги журналистикада ҳам катта ютуқларга эриша олардим. Буни фарзандларим мисолида ҳам кўриб турибман. Қизларимдан бири журналист бўлмоқчи. Ҳали талаба. Лекин аллақачон 60 минг студент оладиган китоб нашриётининг бош муҳарриридир. Инглиз тилида ёзган мақолалари бир қанча нашрларда чоп этилмоқда. Буш ҳукумати мавқеда экан, у вице-президент Чейней аралашган коррупцияни текшириб, таҳлил этиб, мақола ёзган эди. Унинг мақолаларидан бири асосида Конгресга қонун лойиҳаси киритиш кун тартибига келганди. Шуларни кўриб, қани эди Ўзбекистонда ҳам шундай шароит бўлсаю биз бориб кўнглимиздагини очиқ гапирсак ва очиқ ёзак, бунинг халққа катта нафи бўларди деган фикр елкамдан босиб турарди.

САВОЛ׃ Ҳамкасблар билан алоқалар қай даражада?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Журналистнинг қалин дўсти ҳам, ашаддий рақиби ҳам журналистдир. Айниқса, ёзганларингиз доим ҳам мақтов бўлмаса, бошқаларнинг ёзганларини доим ҳам мақтай олмасангиз ўз-ўзидан рақибга айланиб қоласиз. Бу айниқса, ўзбек журналистикасидаги ёмон манзарадир.

Бизда журналистлар орасида бир-бирига мардларча тан бериш камдан-кам учрайди. Лекин ҳар томонга ўйнамайдиган, маҳаллийчилик, тарафкашлик қилмайдиган ва бировларнинг эмас, ўз йўлидан юрадиган журналистларни жуда ҳурмат қиламан ва улар билан доимий алоқаларни сақлайман. Бугун шундайлар бор ва ўзбек журналистикасини шулар оёқда сақлаб туришибди. Бўлмаса бошқа соҳаларга қўшиб журналистикани ҳам аллақачонлар кўмиб ташлашарди.

САВОЛ׃ Сиз ҳозир истиқомат қилаётганингиз жойдаги шароитдан мамнунмисиз ва у ерда қанчалик муваффақиятли ўрнашдингиз, деб ўйлайсиз?

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Бу мамлакат тупроғига оёқ қўйганимда ҳеч нарасиз эдим. На уй… на машина… на пул… на тил билардик… на иш… Ҳатто Туркияда бор бўлган нарсаларни ҳам таниш билишларга тарқатиб келганмиз. Фақат 17 та чемоданда китобларимни олиб келганман.

Американинг бағрида миллионлаб яхши одамлар бор. Улар бизга ёрдам қўлларини чўзишди. Оёққа туриб олишимиз учун йўл кўрсатишди. Худога шукур, қисқа вақтда оёққа турдик ва бундан етти-саккиз йил олдин Би-би-сига берган суҳбатимда шароитимиз Ўзбекистондаги ҳар қандай вазирникидан ҳам яхшилигини ва фақат ватан соғинчи эзиб туришни айтгандим. Бугунга келиб АҚШда ўзбеклар кўпайиб кетди. Бугун ўзбекча тўй, эртага ўзбекча байрам… хуллас, ўша соғинч ўрнини тўлдирадиган ҳолатлар ҳам юзага келди.

Энг асосийси фарзандларимга илм бердим. Яқинда қизларимдан бири дўхтир бўлиб ишлаётган болалар касалхонасидан мактуб олдик. Унда ўлим билан юзма-юз қолган қизчанинг ҳаётни қизим қутқазгани учун унга  танлов асосида тақдим этиладиган мукофот берилгани айтилиб, бизга раҳматнома билдирилганди. Кўзимга ёш келди. Қани эди шароит бўлса, қизим Ўзбекистондаги қизалоқнинг ҳам ҳаётини қутқариб қолса…

Биз АҚШда яхши жойлашганмиз. Ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ. Бир эмас, икки жойда уйимиз бор ва қарзимиз йўқ. Америка халқи олдида ҳам тилимиз узун. Бугунга қадар оилавий даромадимиз ҳисобидан қарийб ярим миллион доллар солиқ тўладик. Ўзбекистонда бир неча қаровсиз қолган оилага ва оғир вазиятдаги беморларга  озми-кўпми ёрдам қилиб турамиз.

1994 йилда Ўзбекистондан оёқ кийимсиз чиқиб кетганман, Боку шаҳрида шоир Ёдгор Обид билан топган нонимизни баҳам кўрганмиз. Нонимиз бутун экан. Оиламни ҳам олиб чиқиб, хор бўлмадик, зор бўлмадик. Меҳнат қилсангиз кўчада қолмас экансиз.

Америкага келиб, меҳнатга яраша ҳақ олиш қанчалик муҳим эканлигини англадим. Бугун бу ерда камчилигим йўқ дер эканман, агар шароит туғилса, Ўзбекистоннинг келажаги учун бутун оиламиз билан қўлимиздан келгани қадар кўнгилли хизмат қилиб беришга ҳам ҳозирмиз.

Эслатма ўрнида׃ Ушбу саволларга жавоблар талаб қилингани каби таржимаи ҳолни ҳам илова этилган ҳолда 2010 йилнинг 1 июн куни жўнатилганди.

52. КЎРИНМАС ОДАМ

Кейинги пайтларда “Зелемхон Ҳайдаров ким?” деб сўраётганлар кўпаймоқда. Чунки Ўзбекистон мустақил бўлибдики, давлатнинг бу иккинчи одами ҳақида бирор жойда батафсил бир нарса ёзилмаган ва бирор жойда суратини ҳам кўрмайсиз.

Ваҳоланки, бутун дунёда президент маъмурияти раҳбари халққа кенг танилган одам бўлади. Ўзбекистонда бундай лавозим Ўзбекистон президенти Девонининг Ишлар бошқармаси дейилади.

Демак, бу одам ҳақида ким нима билса ёзиши керак ва шундагина қатралардан дарё ҳосил бўлгани каби кейинги йигирма йиллик тарихимизнинг сирли саҳифаси ҳам ўқиладиган бўлади.

Ўзбекистон президенти Девонининг Ишлар бошқармаси мустақилликнинг илк йилларида асосан хўжалик ишлари билан шуғулланар ва унинг раҳбари деҳқонча қилиб айтганда “завхоз” эди. Табиийки, ҳар қандай хўжаликда “завхоз” бўлиб у доим раҳбарнинг ўнг қўли ҳисобланган.

Ислом Каримов 1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб сайлангач, ўзи раҳбари бўлган Коммунистик Партия биносини дарҳол иккига ажратди.

Ўртаси қўшилган бинонинг бир бўлаги Президент девони ва иккинчи қисми Компартия қароргоҳига айлантирилди. Зелемхон Ҳайдаров иккинчи бинода ишларди. Каримов Девонга ўзи билан бирга уни ҳам олиб келди. Девоннинг гиламларидан тортиб, эшикларигача ҳаммасини унинг ўзи бошида туриб янгилатди.

У айни пайтда ҳатто президентнинг хотини ҳам уддалай олмайдиган ишларни бажарарди. Каримовнинг егулик овқатини таъминлаш билан бирга “эллик грамм”ини ҳам қуйиб турарди. Каримовнинг қайси овқатни ёқтириши ва қандай ичимлик ичишини ва қайси пайтда ичишини хотинидан кўра у яхшироқ биларди. Чунки бир ишора билан музлатгичдан Каримов истаган нарсани олиб, столга қўярди.

Чет элларга борганда ва чет элликлар келганда қилинадиган ҳадялардан тортиб, президентнинг жамики харажатларигача унинг бўйнида эди. Бир сўз билан у президентнинг кўзи, чўнтаги, қўли, оёғи ва ҳатто тили вазифасини ҳам бажарарди.

Ислом Каримов каби мураккаб ва инжиқ одамга бундай хизмат қилиш унча-бунча одамнинг қўлидан келмасди. Зелемхон Ҳайдаров бу борада туғма қобилиятга эга одам. “Президент ухлайди, лекин у ухламайди”, дейишаради унинг ҳақида гап очилса. Ҳақиқатдан ҳам, у бутун ҳаётини Каримов учун сарфлади, деса хато бўлмайди.

Зелемхон Ҳайдаровни илк бор кўрганимда уни чин дилдан ҳурмат қилиб қолганман. Унда коммунистик партия раҳбарларига хос тўралик йўқ эди. Жуда хушмуомала. Кўринишидан ҳам совуқ эмас, меҳрли одам. Ҳар қандай кишининг дилини икки оғиз ширин сўз билан ром эта оладиган санъати бор. Президент ёнида турганда доим жиддий қиёфада, ўзи бошқа одам билан гаплашганда юзидан нур ёғиларди. У артистлик қилмасди. У рол ўйнамасди. У шундай туғилган ва табиий равишда кучли маҳорат соҳибидир. Унинг дилидан ўтганини ҳеч ким, ҳатто унинг пири Ислом Каримов ҳам ҳеч қачон уқий олмаган бўлса керак. Агар уқий олганда қачонлардир уларнинг йўллари ажралиб кетарди.

Зелемхон ака Олой бозорининг орқасида, ҳукуматнинг уйида “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг Бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов билан айни қаватда турарди. Эшиклари бир-бирига қарши эди.

Аҳмаджон аканинг уйига минг марталаб борганман, аммо у ерда Зелемхон акани бир марта ҳам учратганим йўқ. Лекин Олий Кенгашда, президент девонида ишлаганимда уни ҳар кун кўрардим. У доим ишда эди. У касал бўлмасди. У таътилга бормасди. У тоза ҳаво олишга чиқмасди.

У мендан роппа-роса 10 ёшга катта. Бўйи ҳам икки калла баланд десам янглишмайман. Балки бугун ёши етмишга яқинлашиб, бўйи анча тортилган бўлиши мумкин.

У бирор ишни мустақил бажармас эди.

-Менга ёрдамчи керак эди,-дедим бир куни унга.

-Ислом акадан сўрайлик,-деди.

“Сўранг” демасди. Сўраганимиздан кейин, орадан беш дақиқа ўтмасдан у бир қизни бошлаб келди׃

-Бу сизнинг котибангиз. Секторга ходимликка эса ўзингиз бирор кишини топсангиз, дарҳол ишга оламиз,-деди.

У ҳатто жуда кичик нарсаларни ҳам мустақил равишда ҳал қилмасди. Иш бошлаганимнинг иккинчи ё учинчи куни у менга “Президент уйига кетгунига қадар ҳамма кутиб ўтириши кераклиги”ни жуда юмшоқлик билан англатди.

-Ундай бўлса, хонага телевизор керак, ахборотларни шу ерда кўрамиз,-десам,

-Жоним билан, Ислом акадан сўрайлик,-деди яна.

Ислом акадан сўраганидан кейин, телевизорни ўзи кўтариб келиб қолди. Унинг каттаманлик комплекси йўқ эди.

Иш бошлаган ҳафтамнинг охирги куни-Жума куни навбатчи машинани чақириб, Олой бозори ёнида тушиб қолдим. Бозорнинг шундай ёнгинасида яшайман, қолаверса, ўша куни болаларни олиб, Самарқандга кетмоқчи эдим. Йўлга у-бу харид қилиб, уйга ўтдим.

Душанба куни Самарқанддан қайтиб келсам, хонамга Зелемхон ака кириб келди׃
-Мана буни кеннойимга берасиз, рўзғорга нима керак бўлса шунга ёзадилар, шофер олиб келади, ёки мана бу рақамга телефон қилиб айтиб қўйсалар олиб бориб беришади,- у шундай деб махсус чоп этилган буюртмалар варақалари тўпламини узатди.
Мен ҳазиллашиб׃

-Буни Ислом акадан сўрамаймизми?-дедим.

Зелемхон ака жилмайдида׃

-Биладилар,-деди.- Шанба куни сизни сўраган эканлар, Крайнов кўп қидирди, аммо. Дарвоқе, вилоятларга борсангиз облисполкомга (ҳали ҳокимликлар тузилмаган эди-Ж.М.) телефон қилиб қўйинг. Сизни кутиб олишади, машина билан таъминлашади. Фақат борадиган жойингизни бизга бир оғиз билдириб қўйсангиз, бас. Қидирганларида қийналиб қолмаслигимиз учун.. Ҳа, гараждан машина чақиришда ҳам сизни бошқа рўйхатга олдик. Истаган пайтингизда хизмат машинаси кутиб туради…

“Раҳмат” айтдиму лекин бунчалик ғамхўрлик кўрсатила бошланганидан ҳайрон бўлдим. Кейинчалик тушундим. Демак, шофердан қаерда тушиб қолганимни ҳам билишган. “Нега Девондаги дўкондан маҳсулот олмади?” ёки “Нега бозорга тушди?” деб таҳлил қилиб кўришган бўлишлари мумкин. Бунинг устига бу ерда шанба-якшанба деган гаплар ҳам йўқ экан. Шунинг учун булар мени деб гап эшитишган.

Шунга қарамай Зелемхон ака бу қадар юмшоқ эди. Балки каминани ҳамма томонлама “темир из”га солиб қўйиш ҳақида топшириқ бўлган. Акс тақдирда телевизорни “Ислом акадан сўрайлик” дейдиган Зелемхон ака бунчалик мустақил иш тутмаган бўларди-да.

Ўшанда ҳам унинг қўлида кўп одам, кўп нарса ва кўп ваколат бор эди. Масалан, “Шарқ” матбуот концерни каби бир қанча ташкилотлар бевосита унга бўйсунарди. Яна президент оиласи учун Девонга яқин жойда қурилаётган уч қаватли бинодан тортиб, Девоннинг соҳил томонида қўшимча қурилишга қадар, ҳаммасига у раҳбар эди. Шунга қарамай у ўзини раҳбар каби тутмасди.

У билан кўп суҳбат қурганмиз. Кимга қандай муомала қилишни ва кимнинг дилини қандай олишни биларди. Камтарлик бобида унга тенг келадиган одамни ҳалига қадар кўрмадим. Лекин давлат тепасидагиларнинг деярли ҳаммаси ундан буйруқ оларди.

У Ислом Каримовни ўзини билгандай билади. Унга қачон, қандай гапни гапириш ва қачон ундан нимани ундиришни “михлаб” ташлайди. Бугун Ўзбекистон раҳбарияти тизимида 1990 йиллардан бери ишлаб келаётганларнинг ҳаммаси унинг кадрлари. Улар маълум бир муддат ишлагандан кейин Каримов уларни четлатган. Шундай кезда улар Зелемхон Ҳайдаров ёнига келадилар.

-Тўнни елкага ташлаб беш-олти ой орадан ғойиб бўлинг,-дейди у.

Беш олти ойдан кейин айни гапни Ислом Каримовдан эшитасиз׃

-Бу одамни ишдан ҳайдагандик. Лекин тўнни елкасига ташлаб кетди. Олти ой орада кўринмади. У мансаб деб ўлган эмас. Майда гап ҳам қилмади. Бизга содиқ экан. Унга энди мана бу ишни топширамиз…

Бу гаплар Зелемхон Ҳайдаровнинг гаплари ва у қайси пайтда буни Ислом Каримовнинг хотирасига ёзиб қўйди буни фақат унинг ўзи билади.

Шавкат Мирзиёев бир неча марта “ишдан урилди” деган гапларни эшитгансиз, ўқигансиз. Лекин у мана бугун ҳам Бош вазир лавозимида қолмоқда. Уни қутқариб, асраб юрган Зелемхон Ҳайдаровдир.

Зелемхон Ҳайдаров асли сирдарёлик. Шавкат Мирзиёев Зоминдан. Улар қачон танишганларини билмайман.

Шавқат Мирзиёевни талабалик йилларидан танийман. Унинг бир яқини билан бирга ўқиганмиз ва бирга ижарада турганмиз.

Ўша кезлар Зоминга тўй-маъракаларга бориб, бир неча кунлаб қолиб кетардик.  Кейин у билан Олий Кенгашда бирга ишладик. Олий кенгашда Президент сайланган кун у саноқ комиссияси-мандат комиссияси  раиси вазифасини бажарганди. Вақт ўтиши билан уни тез-тез Зелемхон Ҳайдаровнинг хонасига кираётгани ёки чиқаётганида кўриб қолардим. Ҳаммани эшик ёнига қадар кузатиб чиқадиган Зелемхон Ҳайдаров унга ўз укасидек муомала қиларди.

Балки Ислом Каримов унга шундай муомала қилишни топширган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Ислом Каримовнинг хотирасига Мирзиёевга шундай муомала қилиш ҳақида кўрсатама беришни Зелемхон Ҳайдаровнинг ўзи “битган”, десам янглишмасам керак.

Зелемхон Ҳайдаров Каримовга хиёнат қилмайди. Тўғрироғи хиёнат қилишим мумкин эмас, деб билади. Лекин у истаса Каримов бир кечада Туркманбоши каби оламдан ўтиб қолиши мумкин. Бу истак унда қачон пайдо бўлади, буни билиш мумкин эмас. Умуман пайдо бўлармикан? Чунки у Каримовга содиқ ва Каримов унга содиқ. У Мирзиёевга содиқ ва… Мирзиёев унга содиқ бўладими, йўқми? Бу даргумон.

Раҳматли Аҳмаджон Мухторов “Зелемхон менинг энг яқин дўстим” дерди. Лекин Аҳмаджон ака ишдан олиниб, бир неча йиллар ишсиз қолиб, инсулт кечириб, оламдан ўтиб кетди.

Адиб Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) Зелемхон Ҳайдаров билан жуда яқин эди. Қарийб йигирма йил қамоқда ётди.

Собиқ халқ депутати Самандар Қўқонов ҳам Зелемхон Ҳайдаров билан яқин эди. У ҳам 20 йилдирки қамоқда ва бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Зелемхон Ҳайдаров ё бу каби инсонлар учун орага кирмаган ёки бу одамлар унинг кадрлари рўйхатига кирмаган. Яна билмадим, чунки унинг бир оғиз гапи билан бу одамларнинг тақдири ўзгариши мумкин эди-да.

Зелемхон Ҳайдаров 20 йилдан бери Ўзбекистон олтинларининг ҳам хўжайини. Бутун ҳисоб-китобни у қилади. Айни пайтда президент қўримасини ҳам Темур Алимов билан у тузган ва унга одам танлаган. Қолаверса, Президент ўз оиласида хўжайин эмас. Бу иш ҳам унга топширилган.

Ислом Каримовнинг собиқ қудаси Абдурауф Мақсудий билан 2003 йилнинг Августида “Америка Овози” учун суҳбат ўтказганимда, унинг мана бу сўзларини магнит лентасига ёзиб олганман׃

“МАҚСУДИЙ׃ Ука, сиз билмайсиз, мани иккита неварам уларни қўлида. Учта қариндошимни улар қамаб олишди. Бир кун ўтирганимда Америкада… Зелемхон Ҳайдаровни билсангиз керак, Зелемхон Ҳайдаровдан манга телефон келди.

Ж. МУҲАММАД׃ Ўзбекистон президентининг Умумий Ишлар Бошқармасининг бошлиғи…

МАҚСУДИЙ׃ Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли… Зелемхон акадан манга телефон келди-ки, “Абдурауф ака, Ислом ака ва оиласи чақириб менга буйруқ бердики, Абдурауф акага телефон қилинг, шу Мансур Гулнорани қўйган талабларига…” Талабларининг ичида биттаси шу-ки, Мансур авлодидан кечсин. “Авлодидан кечса, на сизларни заводларингизни оламиз, на сизларни жойларингизни оламиз, на уйларингизни оламиз, ҳаммасини сизларга қайтариб берамиз. Шу Мансурга айтинг, шу ишга қўл қўйсин”.

“Ўнг қўли дейилади Ўзбекистонда. У одам кучли…” Ҳа, ҳам кучли, ҳам кўринмас бўлиш жуда қийин. Лекин Зелемхон Ҳайдаров буни уддаламоқда.

Бу одам орадан кетса, Каримовнинг сирлари ҳам у билан кетади…

53. САИД

Саиднинг отаси Термездан Афғонистонга ўтиб кетган экан. У оилали бўлгач, Америкага олти боласи билан келди. Америкада ҳатто якка болаликларнинг фиғони фалакда бўлган бир пайтда Саидни кўришганда унга қанчалик ачинишганини тасаввур қилиш қийин эмас. Саид аввалига оилани ўзи билганидек бошқарди. Болаларини истаса сўкар, истаса урар, истаса суяр эди. Вақт ўтиши билан болалари мактабдан янгиликлар топиб кела бошладилар:

-Ота-оналар болаларини уриши мумкин эмас экан,- дейишди улар.

-Бекор айтибди ўқитувчиларинг,- жавоб қилди Саид.

-Агар ота-оналар болаларини урса, улар дарҳол полицияга телефон қилиши керак экан, -деди болалар.

-Ўқитувчингни падарига лаънат, -деди Саид ва мактабга борди.

-Болаларим оиладан узоқлашаяти,- деди у,- бизнинг йўлимизга юришлари учун сизлар ҳам ёрдам қилсангизлар дегандим.

-Кечирасиз, биз уларга ўз йўлларини кўрсатишга уринаяпмизу сиз бўлсангиз тескарисини талаб қилаяпсиз. Болалар мустақил бўлишлари керак, ўшанда мамлакат ҳам мустақил бўлади.

Саид бошини деворга урса қон чиқмас ҳолга тушди. Болалари “ғиди-биди” қилишганда яна ураверди.

Бир куни ўғли 9-11 рақамини терганди, уйининг олдига бир зумда уч-тўртта полиция ҳамда ўт очириш ва тез ёрдам машиналари шовқин-сурон билан етиб келди. Қамоққа кетишдан аранг қутулиб қолди.

-Дада, агар яна уришсангиз уйдан чиқиб кетишим керак экан,-деди ўғли орада таржимонлик қилиб,- ота-онаси билан келишмаганлар учун махсус уй бор экан. Ҳамма нарсани бепул беришар экан.

-Керак бўлса яна ураман, деди Саид,- мани қамайди деган эдинг, олиб кетишмадику!

-Мен “Урганлари йўқ, урмоқчи бўлдилар” , деб айтдим,-деди боласи.

Энди Саид жаҳли чиққанда “Болама-болам”, деган ашулани хиргойи қиладиган бўлди.

Охир оқибат ёши бир жойга етганда болалари уни уйидан қувишибди. Уни катта бир дўконда кўриб қолдим. Икки йилдирки, ўзи тенги бир қора танли чол билан ижарада яшаётган экан.

-Отам 103 кирган. Мен отамдан ўтаман,-деди у.-Ҳар куни мана шу ерда икки соат тўхтамасдан у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юраман. Саломатлигим мустаҳкам.

Оиласи ҳақида сўрагандим׃

-Улар ўз йўлига, мен ўз йўлимга,-деди ва шахдам қадам ташлаб кетди.

Орадан бир неча йил ўтиб, уни айни жойда кўриб қолдим. Ҳаёти ҳали ҳам ўша-ўша экан.

Лекин сўзларида пушаймонлик бор эди.

-Бу мамлакатга болалар ўз истаклари билан келмадилар. Уларни мен олиб келдим. Агар Афғонистонда бўлганимизда балки қирилиб кетардик, балки яшаётган бўлардик ва болаларим менинг йўлимга юришган бўлишармиди? Бу ерда эса болаларнинг йўлига юришим керак эканми, деб ўйлаб қоламан.

“Бориб болаларингиз билан гаплашсаммикан?”, деган фикримни у кескин рад этди.

У шундай деб инқиллаганча ўз йўлида аранг давом этди. Қадди букилиб, чўкиб қолибди.

Яқинда у отасининг ёшига етолмай бу дунёни тарк этди. Ундан нима қолди?

54. ДОРИ

Бир куни кенжа қизим Мадина иситмалаб қолди. Ўшанда 2-3 ёшларда эди. Бориб дори олиб келдим. Эртасига дам олиш куним бўлгани учун уйда қолдим, Роҳила ишга кетди.

Мадина бурни битиб, нафас ололмаётганини айтиб, ёрдам сўраб, ёлворди. Дорисини қидирдим. Тополмадим. Кейин менга қўшилиб ўзи қидирди. Ҳамма жойни айландик, тополмадик.

Роҳилага қўнғироқ қилдик. “Кўрганим йўқ, ишдан жавоб сўраб тезда бошқа дори олиб келаман”, деди.

Мадинани жойига ётқизиб қўйдим. Кейин қидиришни қайтадан бошладим. Кабинетимдаги столнинг тортмаларини қараётгандим, бир даста диск қўлимдан тушиб, полга сочилиб кетди. У югуриб келди:

-Дадажон, ман тўплаб бераман,-деди бўғиқ овозда.

-Касалсан, ётгин, жоним!-дедим.

-Буларни териб берай, бориб ётаман,- деб ишга киришди.

У сочилган дискларни териб бўлиб, ўрнидан тураётганди деразанинг пардаси кўйлагига илишди. Бурилиб орқага қаради ва “Топдим” деди.

Дори деразанинг токчасида турган экан. Кейин билсак, опаси уйни йиғиб, дорини меники деб ўйлаб, иш жойимдаги деразанинг токчасига қўйиб кетибди.

Мадина бир зумда севиниб қолди. Бурни очилиб, енгил нафас олиб, атрофда қушдай югура бошлади.

-Кўрдингми,-дедим унга,- сан манга ёрдам бердинг, Худо санга ёрдам берди.

-Ҳа…,-деди у севиниб.

Шундан кейин бир ишга қўл урдимми, у ёнимга келиб ишимни қўлимдан оладиган бўлди.

Бу йил (2015) турмушга чиқди. Энди икки кишилашиб ёрдамга келадиган бўлишди.

55. КУЛГИ

Бир кун Ўзбекистондан келган сиёсатдон меҳмон билан баҳслашиб қолдик. У тинмай Американи ёмонласа, камина эса Ўзбекистон режимини.

-Сиз ҳақиқий демократия Ўзбекистонда деяпсиз, бирорта мисол билан фикрингизни мустаҳкамлай оласизми?-деб сўрадим меҳмондан.

-Керак бўлса мингта мисол келтиришим мумкин.

-Мингтани бунчалик узоқ йўлга келтириш осон иш эмас. Келтирганингиз битта-иккита мисол бўлса ҳам етарлик.

-Мана қаранг, Американи демократия қалъаси дейишади. Лекин демократия нима? Бу эркинлик дегани. Америка эса эркинликларни чеклайди. Ҳатто президент этиб сайланган одамнинг ҳам эркинликлари чекланган бўлади.

-Масалан?

-Масалан, у икки мартадан ортиқ сайлана олмайди. Бу ахир инсоннинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиш эмасми?

-Бу конституциявий талаб…

-Нима, Конституция осмондан тушганми? Уни ҳам одамлар ёзишган. Хўп, агар халқ бировни қайта-қайта сайласа, нега унга қаршилик қилиш керак? Агар кўпчилик истаса, у имкони қадар президент бўла олиш ҳуқуқини ўзида сақлаши керак? Мана Ўзбекистонда бундай чеклов, инсон боласини бундай камситиш йўқ!

Меҳмон шундай деди-ю ўзини тутолмай кулиб юборди.

Бу кулги баҳсга чиройли нуқта эди.

56. БОШЛИҚ

Дунё бўйлаб машҳур Си-эн-эн телеканалида Рик Санчез деган журналист ишларди. Талантли, қобилияти зўр эди. Дастурларини қизиқиб, кузатиб борардим. Воқеанинг бошқа журналистлар кўролмаган томонларини илғаб оларди. Жасур эди. Кунига бир неча марта ўзининг мустақил эканлигини урғуларди. Унга ҳавасим келарди. Бир кун нима бўлди-ю, ўз бошлиқлари – Си-эн-эн раҳбарларини кескин танқид қилиб қўйди. Қойил қолдим. Айни пайтда нима бўларкин, дея кейинги кунги дастурини кутдим. У чиқмади. Ўрнига дўриллаб гапирадиган бир қиз кўринди. Қойил қилолмади. Қолипнинг ичида тургани сезилди. Ундан кейинги кун ҳам айни гап. У ёқ-бу ёқдан қидириб ўқидимки, Рикни ишдан ҳайдашибди.

…Тўққизинчи синфда ўқирдим. Бир ўқитувчимиз бор эди. Қишлоғимизга келин бўлиб тушганди. Кўп нарсани биларди. Камина унга ҳар куни савол тўплаб борардим. Бир куни амакимнинг уйларида бир олимнинг Амир Темур ҳақида Самарқанддаги конфренсияда қилган докладини кўриб қолдим. Яшириб қўйган эканлар. Русча ёзилганди. Бир-икки бетини ўқиб, дарсда муаллимага шу ҳақда савол бергандим, мени ташқарига олиб чиқди ва буни қаерда ўқиганимни сўради. Кейин:

-Ҳозир бориб айтсам, сени мактабдан ҳайдашади, амакингни жазолашади. Сен ҳам у нарсани қаерда ўқиганингни ҳеч кимга айтма, мен ҳам айтмайман, ҳозир бу катта жанжалга айланган,-деди.

Уни қўрқоқ деб ўйладим. Пахтага борганимизда ҳам у биз билан борди. Бир куни эрталабки мажлисда у қизларга шароит йўқлиги ҳақида жуда куйиниб гапирди ва биздан хабар олиш учун келган бошлиқ ва директоримизга “Қизингизни шундай шароитда сақлармидингиз?”,-деди. Қўрқоқ эмас экан.

Эртасига у кўринмай қолди. У ҳақда ёмон гаплар тарқатишди. Кейинчалик оиласи бузилиб, қишлоқдан чиқиб кетганини эшиттим. Орадан йиллар ўтиб, уни шаҳардаги озиқ-овқат дўконида кўриб қолдим. Магазинчи экан. Анча гаплашдик. Ўшанда уни бошлиқни ҳақорат қилди, деб маориф тизимидан чиқариб юборишибди…

Одам ҳамма жойда одам, бошлиқ ҳамма жойда бошлиқ экан.

Дунё бошлиқ ва бўшлиқдан иборат бўлиб қолмаса, бас!.

57.ТУҒИЛГАН КУН

Бир укахонимиз ва қайн-укасининг туғилган кунини нишонладик. Улар икки кун фарқ билан туғилган бўлсаларда бир вақтда байрамлашишга қарор беришибди. Зиёфатда бундан анча олдин кўрганим бир йигит ҳам бор эди.

-Сиз Ўзбекистонга кетмаганмидингиз?-деб сўрайман ундан.

-Йўқ… шу ердаман… хизматчилик… юрибмиз,-деди у ғамғин овозда.

Бу йигит жуда яхши эсимда қолган. Ўзи каби беш тенгдоши билан ижарада турарди. Бир кун меҳмонга чақиришди. Ўшанда ҳамма жойда асосий мавзу Андижон воқеалари эди. Лекин бу йигит гапга аралашмай, фақат кинояли бош силтаб ўтиргани диққатимни тортди. У дипломатия олийгоҳини битириб келган ва жим ўтириши ноодатий эди. Уни гапга тортдим. Қарасам, у Ўзбекистондаги режимни жон-жаҳди билан оқлашга урина бошлади. Шунда мен унга:

-Сизни тушунаман,-дедим,- инсоннинг онги ҳам компютер. Унга қандай “дастур” юклатилса, шундай ишлайди. Сиз бу ерда аста-секин эски “дастур”ларни улоқтириб, янги “программа”ларни ўрнатишга эҳтиёҳ сезасиз ҳали, ўшанда гаплашамиз.

У “Сиз ҳали мени роботга ўхшатдингизми?” деган каби бир нарсалар деб хафа бўландек стулини нарироққа суриб, бизга қарамай, суҳбатга қўшилмай ўтирди.

Биз суратга тушганда эса у четга ўтиб, кулимсираб қараб турди.

Ундан хафа бўлмадим. Чунки бундайларни илк бор кўраётганим эмас ва унинг айби ҳам йўқ. Ўқиганини, эшитганини билади. Яхши ўқиган ва ўқиганларига меҳр қўйган. Яъни ёлғонни севиб қолган, йўқ, ёлғонни рост деб билган. Озгина ўжар бўлгани учун ҳақиқатни ёлғон деб турибди.

Мана энди орадан йиллар ўтиб, унга табрик навбатини бериб:

-Қани дўстларингиз учун бир нарса айтингчи,-дедим.

У гапиролмади. Нимадир бўғзига тиқилиб, кўзида қандайдир алам бурала бошлади. Жаҳли чиққан одамдек атрофга қараб, тутундан алангага айланиб борарди. Ниҳоят гулхан каби ёнди ва юрагидагини тўка бошлади:

-Онам ва укам келишди. Лекин дадамни назоратга олишган, Ўзбекистондан чиқиб кетмайсан, деб шарт қўйишган. “Семёрка” изларидан юрган экан. Ҳатто телефонда мен билан ҳам гаплашолмадилар…

Ҳамма сукунат бағрига чўмиб қолди. Унинг дўстлари ҳайрон. Улар ҳам бехабар эканлар, “наҳотки, наҳотки” деб туришибди.

-Мен бу ерда ишлаб, пул юбориб турдим, жуда катта пул юбордим. Ер олдик, уй қурдик. Уйни ҳам, ерни ҳам тортиб олишди.

-Нега? Бекордан бекорга бўлмайди-ку бунақа нарсалар?-деди йигитлардан бири.-Сабаби нима?

-Дадам бошлиғи билан гап талашиб қолган экан. У тепадагиларга нимадир ёзиб берибди. Мен бу ерда кунни кун демай, тунни тун демай ишладим. Шунча ишлаганим, шунча топганим кўкка соврилди. Бунинг устига дадамни қамаб қўйишларидан қўрқаяпман…

Умримда бировнинг туғилган кунида бунақа “табрик сўзи” эшитмаган эдим.

Бу йигитнинг эзилиб кетаётганидан биз ҳам қийин вазиятга тушдик. Унинг ҳасратли ва аламли гаплари хурсандчилик ўрнини қоплаб олганди.

Унга ҳеч нарса дея олмадим. Уни овута олмадим. Фақат шунга амин бўлдимки, унинг эски “комютери” бутун куйиб, ёниб кетганди.

Биз зиёфатдан сўнг одатга кўра суратга тушдик. Йигитлардан бири унга қараб ҳазиллашди?

-Жаҳонгир ака бу суратни сайтга қўядилар энди…

У индамади, парво ҳам қилмади.

Лекин мен суратни сайтга қўймадим. Дадасининг ишига тиркалиши мумкин-да…

58. БАҲС

Америкада сауна худди ўзимизнинг чойхонадек гап. Эртaдан кечгача гурунг. Қўшилган қўшилаверади, кетган кетаверади. Аксарият одам бир-бирини танийди.

…Сауна тирбанд эди. Араб мамлакатларидаги воқеаларни баҳслашаётган эканлар.

-Буни ЦРУ қилмоқда,-дерди биттаси ва асослашга уринарди.

Уни танийман. Асли эронлик. Ёшлигида бўйнига пичоқ солишган. Ярим жон бўлиб қолган. “Саунага келмасам оғриқ мени ейди” дейди у икки гапнинг бирида.

-Агар бу ишларни ЦРУ қилаётган бўлса, нега “Бу Яқин Шарқдаги воқеалардан орқада қолди” деб танқид остига олишмоқда?

Бу саволни берган киши асли ҳиндистонлик. Уни бир кўришда қаердан эканлигини билмайсиз. Чунки оқвой. Юз тузилиши эса ўзбекка ўхшаб кетади. У ҳар қандай баҳснинг “онасини кўрсатади”.

Эронлик унга:

-Нима, “Мен қилаяпман” десинми, албаттаки тескарисни айтади,-деб улгурмаган ҳам эди гапга бир араб киши аралашди.

Бу одам илгарилари баҳсларга қўшилмас эди. Аммо бугун қони “қайнаган”. Бу гаплар арабларни камситиш учун айтилаётгани, араблар жуда фаол ирқлигини роса куюниб гапирди. Мен унга эътироз билдирдим:

-Шунинг учун ҳам Мисрда уларга сиёсий партияни армия тузиб бераяти экан-да?

-Нима, Ўзбекистонда сиёсий партия борми?-дея кесатди у.

У билан тез-тез гаплашиб турмасак ҳам бир рус билан баҳсларимизга қулоқ солади доим. Русчани билади. Москвада ўқиган.

Хуллас, уч соат деганда баҳсни тарк этдим. Бу биринчиси ёки иккинчиси эмас. Бу клубга аъзо бўлганимга ўн йилдан ошди. Шундан бери бундай баҳслар бор. Демак, менгача ҳам бўлган. Бундан кейин давом этаверади. Баҳсга кимлар қўшилмайди дейсиз? Афғондан тортиб чилиликкача, украину хитойликкача… дунёнинг ҳамма жойидан келганалар бор. Баҳсга қўшилмай газета ўқиб ўтирганлар ҳам бўлади, албатта.

Мен учун қизиқ бўлгани – ҳеч қачон баҳс жанжалга айланмайди. Ҳамма кетаётганда бир-бирига хайрли кун ёки хайрли тун тилайди. Кейинги сафар яна бошқа бир мавзуда баҳсни давом эттираверишади.

Биз эса иккита ўзбек бир-биримиз билан баҳс қила олмаймиз. Баҳсда енгилгани учун индамай ўтириш – бу ўзбекнинг ўлими. Ўлса ўладики, ўзи билмаган нарсанинг ростлигини исботлашга уринишдан тўхтамайди. Ушлаганини қўймайди. Охири жанжал бўлади. Енгилганини сездими, бир-бирининг шахсий нуқталарига ҳужум қилади. Камситиш бошланади. Охири бир-биридан кўнгли қолади. Душманга айланиб кетади.

Ҳатто хорижда ҳам шу аҳвол. Ҳамма бир-бирини бошқасига ёмонлайди. Яхшилаб суриштирсангиз, уларнинг душманлиги оддийгина баҳсдан бошланади.

Саунадаги баҳсдан ана шундай ўйлар билан айрилар эканман, сафга янги қўшилган боливиялик бир киши:

-Раҳмат сизларга, мен кўп нарсани билмас эканман, шунинг учун индамай ўтирдим, бундан кейин баҳс мавзусини келишиб олсак балки тайёрланиб келардим,-деб қолди.

Унга ҳиндистонлик оқвой амаки:

-Эртага қор ёғмоқчи, баҳс мавзуси ўша,-деди.

-Бўлмаса об-ҳаво каналини томоша қилиб келаман.

Ҳамма кулиб юборди. Боливиялик эса жиддий эди.

Шу дамда у мен ўйлаб турган масалага ечиб топиб берди гўё.

Ҳа, бу ерда баҳс қилаётганларнинг ҳаммаси билимли ва бир нарсани билмаса баҳслашмайди. Кундалик воқеаларни кузатиб боришади ва саунага ҳам даста-даста газета кўтариб келишади. Шунда ҳам билмагани билганига қулоқ солади. Ўзини камситилган деб ҳис этмайди, аксинча боливияликка ўхшаб мардона тан олади. Биз эса ўлсак ўламиз, аммо баҳсда енгилмаймиз. Балки шунинг учун ҳаётда енгилиб юрибмиз…

59. МЕҲРИ

Биз дарахтнинг шохида юрсак, Меҳри опам баргида юрарди. Тўғрироғи биз дарахтнинг тепасида, у эса остида турарди.

“Ана у шохда қолибди, тозалаб тергин! ” “Мана бу томонда ҳам қолибди, кўрмаяпсанми?”

“Тепангдагини ол, қолиб кетади!”

Ҳовлимизда анчагина мева дарахтлари бор эди. Баҳордан кузга қадар кетма-кет пишаверарди.  Май ойида “шампан” гилосларни теришни бошласак, кузга бориб ҳали ҳам олболи терардик.

Меҳри опам “бир қарич”лигидаёқ “директор” номини олган. Ҳаммамизни сувнинг бўйига бошлаб бориб, сув ичирмасдан олиб келарди. Қўлимиздаги тангаларни тўплаб, “туя” қилиб берарди. Биз тангаларимиз қачон “туя” бўлишини кутиб ўтирардик, у эса бориб, дўкондан вафли олиб, еб келаётган бўларди.

У  ҳам “ҳисобчи”, ҳам “ташкилотчи” эди. Дадам шунинг учун ишни унга буюриб кетардилар. У эса бизни ишлатарди. Қандай қилиб унинг гапига кириб, дарахтнинг тепасига чиқиб кетардик ўзимиз ҳам билмай қолардик.

Мактабда ҳам ўқитувчиларнинг “додини” берган. Айниқса, рус тили муаллими Антoнинa Рoмановна унинг “дастидан” кўзига ёш оларди. Ажабки, у мактабни аъло баҳоларга битириб, синфида ўзи севгани Ражаб поччам билан оила қуриб, Тошкент Халқ хўжалик олийгоҳини ҳам битириб, Меҳрож, Сухроб, Рахшона, Музробларнинг севимли онаси, бир қанча неваранинг бувиси бўлди.

“Директор”лиги ҳали ҳам давом этмоқда. Узоқ йиллар давомида колхозда ҳисобчи бўлиб ишлади.  Бугун қишлоқнинг онахони.

Талабалик йилларимда фарзандларимга Меҳрож, Рахшона деб исм қўяман деб юрсам, у “ўғирлаб” олди. Лекин Меҳрож менинг ўғлимга айланди. Бизнинг оилада катта бўлди, ҳатто Америкага келганимизда  ҳам тақдир уни биз томонга етаклади.

Меҳри опам жуда ҳазилкаш. Соатлаб уни тинглаб, кулавериб қон босимларимиз “ўйнаб кетади”.

2012 йил унинг олтмишга тўлганини Америкада, бизнинг уйимизда нишонлаш насиб этди.

Ҳаммаси кўкракнинг ўртасидаги “моторча”нинг дукурлаб қолишидан бошланди. Аниқроғи бир дукурлаб, бир дукурламай қолишидан. Қишлоқда бундай ҳолга тушган одамга “Унга грин карта чиқибди” дейишаркан. Кетиш бор, қайтиш йўқ.

Амриқонинг дўхтирлари керак бўлса, чиқиб кетган нафасни ҳам қайтариб олишади, деган гап билан ўзимни овора қилиб, ҳар куни дўхтирхонага қатнаб, дориларни санамай салмон қилиб юравердим.

Кундуз ўтиб, тун келиши билан ёстиқ бош остида эмас, қўлтиқда, бир қўл эса юракни тутамлаган ҳолда иккинчи қаватга тушаман, кейин биринчи қаватга.

Бирор нарса ўқий десам, кўзим сатрлар устида югуриб бораверади, каллага ҳеч нарса кирмайди. Амриқода бир дўхтир қарор олса, шу борада иккинчи ва учинчи фикрни ўрганиш учун бошқа дўхтирхоналарга ҳам бош уриш керак. Ҳаммасида қайта-қайта, текшир-текшир.

Хуллас, “моторча”ни даволашнинг йўллари топилди. Дўхтирлардан биттаси узоқ яшамаслик ҳақида писанда қилиб қолди. Нима қипти, шунча яшадик, беш олти киши қила олмайдиган ишларни бажардику, деб ўзимни овутган бўлдим. Кетсак кетаверамиз ҳам деб қўйдим.

Аммо умр йўлдошим Роҳилахон “қачон кетсак бирга кетамиз” шиорини маҳкам тутиб олиб, бу гапларни ҳам орқага улоқтирди. Лекин гап орасида бу гапни опаларимга айтиб қўйибди. Амриқонинг элчихонаси ёрдами билан 20 йилдан бери кўришмаган опаларим ғизиллаб келиб қолишди. Бу том маънода мўъжиза эди.

Опаларим билан бирга поччаларим ҳам келишди. Гапнинг очиғи уларни кўрмасдан кетаман, шекилли, деган шубҳа ҳам кўнглимда айланарди. Лекин Тангри бунақа гапларни бир зумда чиппакка чиқарди. Шукрки, Тангрининг севимли бандаси эканмиз. Бир ой деганда “моторча” янгиланди.

Опаларим билан Атлантика соҳиллари бўйлаб сафарга чиқдик.

Дастлаб Ню Йоркдаги “Озодлик” ҳайкалига бордик. Кейин у томони Флоридага қадар узанган 95 рақамли йўлда бир неча ҳафта юрдик. Океан соҳилларида кунларни тунларга уладик.

Меҳри опам билан дунёнинг мўъжизалари таркибига кирган Лорел ер ости ғорларига бордик. Бу унга жуда ҳам ёқди. Завқланди, севинди.

У жуда ҳам пазанда. Айниқса, хамир овқатларни шундай боплайдики, ҳар қандай парҳезда юрган одам нафсини тия олмайди. Уйланишдан олдин дўстларим келишса, Меҳри опамникига олиб борардим. “Беш минутда” ош дамлаб, орқасидан сомсани ҳам олиб келарди. Америкада ҳам бизни беш ой давомида роса “семиртирди”.

Кузатиб турсам, у нима деса, биз ҳаммамиз “хўп-хўп”  деб турибмиз. Унинг болаликдаги “директор”лиги ҳамон кучида. Демак, бундай қобилият инсон билан бирга туғилади. Буни табиий лидерлик ҳам дейиш мумкин…

 60. МАЙРАМ

Катта опамнинг исми Майрам. Бизга оналик қилган. Фарзандлари Бахтиёр, Фарида, Фахриддин, Нилуфар, Азиз… Неваралари ҳам кўп. Турмуш ўртоқларини ака дейман. У киши ҳам укасидек яхши кўради. Гаплашсак, соғиндим деб йиғлаб юборади.

Қизиқ бўлган. Бир кун эрталаб ишга кетиш учун машинамга минаётсам Тоҳир акамнинг онаси фарёд солиб йиғлаб келмоқда.

-Нима бўлди?

-Бой бериб қўйдик! Боламдан ажралиб қолдим! Очилжоним кетди…

Тоҳир акамни Очил деб ҳам чақиришарди. Юрагим шув этиб кетди. У Равонак деган жойдаги юқумлик касалликлар хастахонасида эди. Сариқлик билан оғриганди.

-Дўхтирлар олиб кетинглар,- деди.-Шуни айтишга келяпман.

Раҳматли онам билан бўлган воқеа ёдимга тушди ва Равонакка бордим.

-Ичкаридан қон очилган, тўхтамаяти, ҳушига ҳам келмаяти,-деди доктор.

Дарҳол Вилоят соғлиқни сақлаш бўлими бошлиэи Шодиёр Бегимқуловга сим қоқдим. У билан яқин дўстлигимиз бор. Бир зумда махсус тез ёрдам машинаси келиб, Тоҳир акамни шаҳарга кўчирдик.

-Битта Мансур деган дўхтиримиз бор, бу соҳанинг пири, кўп ичгани учун ишдан ҳайдгандик, шуни тополсак, поччангизни сақлаши мумкин,-деди Шодиёр ака.

Мансур ака, фамилияси эсимда қолмаган, Самарқанд тумани марказида яшаркан. Уйига борсак, тўйда эканлигини айтишди. Тўйхонага бордик.

-Сизни кеча телевизорда кўргандим, бугун ўзингизни кўриб турибман,-деб қучоқлаб олди.

Ичган бўлса ҳам биз билан бирга касалхонага келди ва битта дорининг отини ёзди:

-Шуни тополсангиз уни қутқарамиз, аввал қонни тўхтатишимиз керак,-деди.

Омадимиз чопган экан. Қўшнимиз Мамаюсуф Шодмонов дорихоналар бошлиғи. Унинг ёнига бордим. Тошкентга телефон қилди. Бундай дори фақат Марказий Комитетга қарашли 4-бошқармада бўлар экан. Мамаюсуф аканинг таниши самолётга чиқариб берадиган бўлди ва биз охирги рейсни кутиб, дорини касалхонага олиб келдик. Хуллас, бир неча ой деганда поччам тузалиб уйига қайтди.

Мана ўшанга ҳам 25 йилдан ошибди. У ҳали ҳам бардам. Ўша кунларни эслагани эслаган. Раҳматли онаси ҳам “Боламни сиз қутқаздингиз” деб алқагани алқаган эди.

“Болангизни Худо қутқазди, ўша куни йўлларимизни очмаганда, акамни бой берардик”. Бу гап айтилмай кўнглимда қолган. Чунки у киши оламдан ўтиб кетдилар. Шунинг учун бу гапни Америкага, мени кўришга келган Тоҳир акамга айтдим.

Шу ерда Майрам опамнинг пайғамбар ёшига кирганини ҳам нишонладик.

Тоҳир акам воқеаларни шундай усталик билан ҳикоя қиладики, соатлаб эшитсангиз ҳам эшитгингиз келади.

Болаликнинг ҳамма сўқмоқларига кириб чиқдик, биз “тақиллатмаган” эшиклар қолмади. Бутунлай кетганларни эслаб дуо қилдик, мардикорликка кетганларга омад тиладик, қолганларга сабр тоқат…

Сиёсат кўчасига кирмадик. Чунки улар Ўзбекистонга қайтиб боришлари ва ўнлаб невараларини кўришлари керак. Уларни қариган чоғларида сиёсатга тортиш мантиқсизлик эканини тушунмаган одам борми? Ҳар ким ўз ишини қилиши керак. Бунинг устига Майрам опамнинг қанд касали бор. Ҳар кун ўлчаймиз. 600 эди келганларида, уйга қайтишда 320 га тушди. Амриқонинг ҳавоси ва давоси ёқди.

Биз уч ой сиёстасиз, аммо бахтли кунларни яшадик. Улар билан 20 йилдан бериш кўришмган бўлсакда аслида сиёсатга кирганимдан бери дардлашмаганмиз.

Демак, сиёсат бизни 40 йил бир-биримиздан узоқ тутибди. Шунинг учун ҳам сиёсатнинг кўчасига қиё боқмай, оддий одамлар каби бахтиёр яшадик. Бунга ҳаққимиз бор .

Тўғриси, Худонинг ўзи бу имкониятни яратиб берди. Шукрлар бўлсин!

Сўнг сўз ўрнида

Давомини насиб этса “ЕТМИШГА ЕТГАНДА” ўқийсиз.

Жаҳонгир Маматов

Вашингтон, 2015 йил.

jahonnoma.com

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, олтмиш. Bookmark the permalink.