Жаҳонгир Муҳаммад: 60нинг 60 лаҳзаси (Реалистика)

kitob-jmТўртинчи фасл

46.ВАТАН

Инсоннинг киндик қони оққан ерни ватан дейдилар. Бу тор маънодаги тушунча ва бу Ватан ҳақидаги ҳақиқатни тўла қамраб ололмаган тушунча. Инсоннинг бешик ва тобут орасидаги йўлини Ватан дейдилар. Бу кенг маънодаги тушунча ва Ватан ҳақидаги ҳақиқатни унуттиришга қаратилган тушунча. Хўш, ундай экан аслида Ватан нима?

Ватан бир миллатнинг ўзлигини, кимлигини,тилини , маданиятини яшатган ҳудуд. Ватан бир миллат тоғларининг салобатига маҳлиё бўлган, ирмоқларининг оқишидан мусиқалар тинглаган, қушларининг сайрашига маст бўлган, тупроғининг тафтидан умид олган муборак заминдир. Ватан болаликдан онанинг кўзлари каби тийран ва дарин осмон бўлиб кўнгилларга ерлашган, отанинг пешонасидаги реза-реза терларининг қуёшда жимирлашидан камалакка айланиб, дилларда иморат солган ва момоларнинг уйқуларини тонгнинг этагига боғлаб сўзлаб берган ривоятларидаги қаҳрамонларнинг сиймосига айланган чексиз борлиқдир.

Шу маънода биз учун гиёҳлари олтинлардан устун, дарёлари денгизлардан афзал, адирлари дунёнинг не-не кенгликларидан муқаддас бўлган ватан – Ўзбекистон, Туркистон, Турондир! Continue reading