Жаҳонгир Муҳаммад: Олтмишнинг олтмиш лаҳзаси

1990_sessiyapaytiИккинчи фасл

16. ДАВЛАТ АРБОБИ

Истеъдодли ва заҳматкаш журналист Аҳмад Исмоиловнинг сўнгги иш жойи “Тошкент ҳақиқати” газетаси эди. У оламдан ўтганда жуда кўп журналистлар кўзимизда ёш билан мангу йўлга кузатиб қолганмиз.

1974 йилда Тошкент Давлат университетининг Журналистика факултетида ўқиган пайтимда, иқтисодий шароитим оғирлашиб, иш қидириб қолдим. 17-18 ёшли, тажрибасиз йигитни ким ҳам ишга оларди? Сарсон бўлганимни ва қийин шароитга тушганимни кўрган ижарачи-уйнинг эгаси Илёс ака қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган журналист Расул Раҳмонов билан таништирди. У эртасига туш пайти Навоий театри ёнига боришимни уқтирди.

Борсам у бир ўрта бўйли, кулча юзли, ҳайли семиз одам билан фаввора ёнида гаплашиб турган экан. Салом бериб, узоқроқда тўхтадим. Расул ака у одамга бир нарсалар дегандан кейин у менга яқинроқ келиб:

-Битта савол бераман, жавобинг ёқса, ишга олиндинг, бўлмаса ўзингдан кўр,-деди. Continue reading