Ассассин (Тарихий-замонавий роман)

assassin1ЎНИНЧИ БОБ

2003 йил

Бирдан Каримовнинг кўзи тиниб, боши айланиб кетди. Кейинги кунларда у ўзини ҳолсиз сезар ва дўхтири берган кучлантирувчи дориларидан ҳам наф сезмаётган эди. Аввалига ичкиликдан деб ўйлади ва бир икки кун ичмай қўйди. Аммо мажолсизлик тинмади. Кейин нашанинг таъсири деб ўйлади. Уни ҳам камайтириб кўрди. Бўлмади. Балки кўп ишлаяпман, дея бир неча кун ишга чиқмай, дала ҳовлида қолди.
Бирдан ёдига Сталиннинг дўхтирлардан шубаҳа қилгани тушди. Балки бу гапда жон бордир? Агар бир гап бўлмаса, нега бу қадар ҳолсизман? Нега дўхтирларим сабабини топа олмаяптилар? Ёки билсалар ҳам мендан яширмоқдаларми?
Мана энди яна боши айланиб, кўзи тиниб кетди. Хайриятки, бу ҳол халқнинг кўз олдида юз бермади. Аммо мана булар сезиб қолишди. Ҳатто Алматов билан Иноятов икки томондан келиб қўлтиғимга киришди. Балки буларнинг дўхтирлар билан тили бир бўлса-чи?
Каримов ҳолсизланиб ётар экан, Алматовни чақиртирди.
-Ҳов бола, сандан бошқага ишонмайман, буни биласан! Дўхтирлар билан гаплаш, улар мендан ниманидир яширмоқдалар. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, оналарини кўрсат!
Алматов Каримовнинг оқариб қолган юзига қараб “хўп” ишорасини қилди-да ташқарига чиқар экан, Каримов ўзининг асл ёрдамчисини чақирди ва:
-Бор, ўзинг ёнида тур,-деди.
Улар дўхтирларни тўпладилар. Каримовнинг касаллик варақаларини келтиришди.
-Икки марта ҳемаройдан амалиёт қилдик,-деди Гайран,- ўзим қилдим ва мана икки йилдирки ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўтган йил ўзим эндоскопия ва колоноскопия қилгандим. Ичак йўлларини тозалагандим. Яқинда яна бир марта такрорламоқчи эдим, аммо очлик қилиш жараёнига дош бера олмадилар. Теннис ўйнаб турганларида аҳволлари анча яхши эди, лекин теннисни ташлаб юбордилар, гапимизга қулоқ солмадилар…,-деди Гайран.
-Қон анализлари қандай?-дея сўради Алматов. Дўхтирлар қоғозларга қарар эканлар Ҳайдаров жавоб қилди
-Холестерин миқдори баланд чиқмоқда. Аммо Англиядан янги дори олиб келтирдик ва унинг фойдаси бўлмоқда…
-Лекин бу дори холестеренни камайтиргани билан жигарга зарари бор,-деди Гайран.
-Жигарларини текширдингларми?-деб сўради Алматов.
-Текширдик. Серроз белгилари кўринмоқда. Аммо унчалик хавфли эмас…
-Сиз биласизми, бу одам бутун бир мамлакатнинг боши, бутун халқнинг умиди шу одамда, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам шу одам билан боғлиқ, сиз бўлсангиз қандайдир шубҳалар ҳақида гапириб ўтирибсиз,-деди Алматов ўта жиддийлик билан.
-Бошқа мамлакатларда ҳар қандай шубҳа беморга очиқ айтилади ва у билан бир қарорга келинади. Бизда эса шубҳани тилга келтиришга қўрқамиз,-деди Гайран.
-Сиз ҳам мухолифатчи экансиз-ку?-дея кесатди Алматов.
Алматов ҳеч кимга бақирмас, ҳеч кимни сўкмас, фақат мулойим гапириб, ўзини яхши кўрсатадиган одам эди. У нима иш қилса ҳам, орқадан қилар эди. Бировнинг юзига қараб “Акажоним” дея қучоқлаб, у кетиши билан “Бу аблаҳни йўқотларинг!” дерди. Юзма-юз гаплашганда жуда жаҳли чиқса, юмшоқ кесатиқ қиларди. Гайран буни яхши биларди. Чунки отаси узоқ йиллардан бери Алматовнинг қўлида ишлайди ва улар яқин дўст. Шунинг учун ҳам унга очиқ гапирмоқчи бўлганди, аммо у ҳам эшитишни истамади. Лекин нима қилсин? Каримовниг ўзига айтишга қўрқади. Булар эса эшитишни исташмайди. Индамаса вазият ёмонлашиб бормоқда.
У қолган дўхтирларни ташқарига чиқарди-да Алматовга қараб
-Майли, мени мухолифатчи деб ҳисобланганлар, лекин очиқ гапни айтаман, “Катта”нинг бошида тумори бор!-деди.
Томдан тараша тушгандек айтилган бу гапдан Ҳайдаров ҳам, Алматов ҳам эсанкираб қолдилар. Бир муддатдан кейин
-Каллангиз жойидами? Буни аниқ билиб айтаяпсизми ёки мухолифатчилик учун айтиб юбордингизми?-деди.
-Тахминларимга таяниб айтдим. Чунки “Катта”га бошни рентген қилишни айтгандим, жеркиб бердилар. Бошқа ҳамма жойни текширдим, симптомлар эса рак касалининг белгиларидир. Менимча, бошнинг орқа қисмида ўсимта бор ва ҳаракатсиз ҳолда. Вулқондек ухлаб ётибди. Жуда кичик. Аммо “Катта” ҳар нарсага асабийлашгани учун бу вулқон ҳаракатга келиши ҳеч гап эмас. Метазтаза бошланса, ҳеч нарса фойда қилмайди.
Алматов индамай хонадан чиқди-да, Нодирхонга телефон қилди׃
-“Катта”нинг топшириқлари бу, одам юбор, Гайранни қама!
-Отасиничи?-дея сўради Нодирхон.
-Уруғ аймоғи билан қурит ва Арманистонга қочиб кетди дея гап қилишсин…
-Бўлди, фақат шошмай турайлик, гап бор, ҳозир бораман, ўша ерда гаплашамиз…
Ҳайдаров келиши билан Алматов гапни калта қилди ва ранг қути оқариб кетган Ҳайдаровга׃
-Нима қиламиз?-деди.
-Биринчи иш, гап тарқалиб кетмаслиги чорасини қилиш керак. Иккинчиси, битта яхши онколог дўхтирни чақириб текшириш ўтказиш керак. Ўзлари ҳозирча билмасинлар. Бу гап ҳали тўғри бўлиб чиқадими, нотўғрими, билмайман, аммо бу гап ҳар қандай одамни йиқитади…
-Мен Гайранларни йигирма йилдан бери биламан. Будан кучли дўхтир йўқ. У тахмин қилдим деса, ҳақиқатни айтган бўлади. Менинг Олмонияда бир дўстим бор. Исми Умар. Асли эронлик. Ўзи кучли дўхтир бўлмаса ҳам қўлида жуда кучли дўхтирлари бор. Катта касалхонанинг раҳбари. Яқинда жияним даволаниб қайтди. Дунёнинг жуда кўп раҳбарлари ўша жойда даволанади. Туркманбошининг юрагини ҳам улар амалиёт қилишди. Мана отдай юрибди.
-Аммо бу юрак эмас, бу бош. Бу жуда ёмон касаллик ва гап тарқаласа тамом, ишимиз битади, ўзлари билиб қолсалар ҳам боши берк кўчага кирамиз. Манимча, ўша дўстингизни бир гуруҳ дўхтирлари билан чақирайлик.
-Уларнинг махсус самолетлари бор. Госпитал самолет дейишади. У асли Нодирхон билан дўст. Унга айтсак, дарров гаплашади.
Кўп ўтмай Нодирхоннинг ўзи кириб келди.
-Гайранга ҳозирча тегмайлик,-деди у Алматовга.-Унинг шубҳаларидан хабарим бор. Кеча гаплашганмиз ва у четдан дўхтир чақиришни сўраганди.
-Умарни чақирсанг бўлмайдими?-деди Алматов.
-Умар осмондан келаяпти. Ҳаммасини сариғи билан олмоқчи. Миқдори ҳам катта…
-Ўлсин, қанча олса олаверсин, аммо тез келсин,-деди Ҳайдаров.
-У Америкадан ва Япониядан рак касали мутахассисларини чақириб, олиб келади.
-Қачон? Рак дедингми?
-“Катта”нинг бошида ўсимта бўлиши мумкин. Гайран буни бировга айтишга қўрқиб юрибди,-деди Нодирхон.
-Бизга айтди..-деди Ҳайдаров.- Укажон, ўша Умар билан гаплаш ва ишни тезлат!
-Самолетни қаерга қўндирамиз?-деди Нодирхон.
-Тузелга,-деб жавоб қилди Ҳайдаров.-Катта дам олишга кетишдан олдин текширувдан ўтмоқда деб Тузелдаги ҳукумат касалхонасига қўямиз, ўша ерда текширадилар.
-Улар самолетнинг ичида текширадилар. Гап “Катта”ни кўндиришда,-деди Нодирхон.
-Буни менга қўйиб беринглар,-деди Ҳайдаров.-Менга фақат қаерга, қачон олиб боришни айтсангизлар бўлди.
-Сиз сариқларни айтиб қўйинг, Кучерскийнинг ўзи олиб келсин, тайёр турсин, самолет қўниши билан сариқларни олиб чиқиш керак, Умар насияга ишламайди, у дўхтирларга ҳам олдиндан ҳақ тўлайди, мана акамнинг жиянларини ҳам даволатдик, у олдиндан ҳақ олди, аммо ўликни ҳам тирилтириб беради!-дея фавқулодда муҳим одам каби буйруқ оҳангида гапирди Нодирхон.
Гайраннинг тахмини тўғри бўлиб чиқди. Каримовнинг бош қисмида кичик бир ўсимта бор экан. Дунёнинг мана ман деган дўхтирларидан тузилган консилиум амалиёт қилиш керак деган қарорга келди. Амалиётга тайёрлаш жараёнида ҳам бу ҳақда Каримовга айтишмади. Ҳайдаров бу масалада гаплашиш учун пайт пойлаб юрганди. Каримов эса гоҳо бардам, гоҳи мажолсиз эди. Мажолсиз пайтида у ҳеч нарсага қизиқмас, ҳатто ишни ҳам топшириб юборишга тайёр эди.
Шундай мажолсиз кунларининг бирида аввал Мирзиёевни чақирди׃
-Ҳеч кимни бу дунёга боғлаб қўйган эмас, мана сени тарбияладим, иш ўргатдим, энди масулиятни бўйнинга оладиган пайт келмоқда. Бошқарувни ўзгартирамиз. Мен Туркиядагига ўхшаб оқсоқол президент бўлиб қоламан ва сен Бош вазир сифатида бошқарувни қўлга оласан. Буни ўзи бўлмайди. Биринчидан, сиёсий кучинг бўлиши керак. Янги тузилган партияни қўлингга ол. Иккинчидан, жуда кўп қонунларни ўзгартириш керак. Ҳаммасини кўриб чиқ. Қонунларни ўзгартириш ҳақида бир фармон лойиҳасини тайёрла. Мен маслаҳатчиларни ишга соламан ва ҳамма қонунларни қайта қабулқ қиламиз. Конститутсияга ҳам ўзгартириш қиламиз.
Мирзиёев одати бўйича ўрнидан туриб, Каримовнинг ёнига борди ва уни қучоқлаб, юзидан ўпди. Каримов тик турганда у бу ишни қилоламс , чунки бўйи етмас эди. Шу боис Каримов ўтиргандагина у “лип” этиб унинг ёнига ўтиб, қучоқлар эди.
-Фақат битта масалада ўзингиз йўл очмасангиз мен ҳеч нарса қила олмайман,-деди Мирзиёев.
Каримов унинг юзига қараб туриб, заҳарханда жилмайди-да, бармоқлари билан санагандек қилиб׃
-Иноятов…. Алматов… Азимов… Ғуломов… Алимов…. Жўрабеков… яна ким?-деди.
-Тўлаганов…Султонов… Сафоев…
-Алимов билан Жўрабековни ўлган деб билавер. Рашидга айтдим, уларнинг устидан иш очиб қўяди. Қолганлари эса қандай қилиб бир бирларини ейишларини томоша қиламиз,-деди.
Мирзиёев чиқиб кетиши билан Каримов “Балки бу бола ўзидан кетиб қолса-чи? Унда унинг ўзини ҳам қолганларга қўшиб юбораман. Агар издан чиқмаса кўрамиз” деб ўйлади.
У дастлаб Алматовни чақирди׃
-Ука кўраяпсан. Сендан бошқага ишонмайман. Биламан, Мирзиёев билан гаплашганимни эшитгансан. Қулоғинг саккизта. Лекин ҳаракатингни қил. Умидим сенда. Ўзингга битта партия тузиш ҳақида ҳам ўйла. Ҳа, дўхтирлар билан ишни эса тезлат. Биламан, нималардир қилаяпсан, ҳеч нарсани аяма, аммо ўзингни ўйлаб, кўзи очлик қилма, менинг соғлиғимни баҳона қилиб, хазинамга кўз тикма, рақибинг кузатиб юрганини унутма!-деди унга.
Кейин бир-бир чақириб, ҳаракатларини кўришни қолганларга ҳам айтди.
Иноятов бир ўқ билан бир неча кишини ўрмоқчи бўлди. Бунинг учун қамоқда ётган Зайниддинни мухбирлар ҳузурига чиқартириб, 1999 йилда юз берган портлашларда Алматовнинг қўли борлиги ҳақида гапиртирди. Каримовга эса, Зайниддин Алматовнинг қўлида, у сиёсий ўйин қилиш учун уни хорижий мухбирлар ҳузурига чиқартирди, деди.
Каримов ҳам ахмоқ эмас. Лекин мажоли бўлмагани учун Зайниддин нималар деганини эшитишга ўзида куч топа олмади. Аммо улар бир-бирини есин деб индамади. Алматов эса, қамоқдагилардан бир нечтасини ишга солиб, у ёқ бу ёқни портлатиб “Иноятовнинг қўлидан қочган болалар қилди бу ишни” деди.
Воқеалар Каримовга зарар эмас, фойда келтиргани учун унга ҳам индамади.
Алматов билан Иноятов мухолифатнинг орасига бир қанча одамларини суққанлари учун уларни сиёсий куч сифатида қўлланишга уринишарди. Каримов эса булар менга қарши бўлган одамлардан фойдаланиб, халқни ўзларига эргаштиришни режалаяти деб гинасининг усига гина тўплаб қўярди.
Каримов ҳеч қачон дарҳол қасос олмасди. У қасосни кўнглига тугиб қўйиб, пайтини кутар ва вақтини топиб, битта уришда ишни битирарди. У бокс ўйинини яхши кўрарди. Доим кучли боксчиларни кузатарди. Улар сакраб тураверадилар, рақиблари эса ураверадилар. Ғалабага ишонч уларни аввалига кучлантирса, кейин ҳолсизланадилар. Кучли боксчи шундай пайтни кутиб, бир уришда уни нокаут қиларди. Каримов ҳам шунга амал қилишга уринарди.
Каримовнинг ўғлим, дея эркатлатганига ишонган Азимов эса, ишбилармонлардан одам танлаб бир ташкилот тузди. Унга “Иттифоқ” деб ном беришди. Унинг ташкилотига Алматов ҳам кўз тикди. Чунки бу ташкилотга мухолфат ҳам қўшилганди. Аммо мухолифатдагилар бу ташкилотнинг орқасида кимлар турганини сезиб қолишлари билан уни тарк этишди.
Азимов усталик билан бу ташкилотни Каримовга эмас Мирзиёевга қарши қўймоқчи бўлди. Агар Алматов ҳам бу ташкилотга кўз тикмаганда, Иноятов индамас ва Мирзиёев билан Азимовни уриштирар эди. Лекин у Алматовга йўл бера олмасди. Шу сабаб яна бир неча кишини “Иттифоқ”қа боғлашни режалади. Ўзига тобе бўлган, аммо кўзга кўринган бир неча кишини иккига бўлиб ҳам Азимовга, ҳам Тўлагановга юборди. Азимов усталик қилди. Ҳали президент бўлиш нияти йўқлигини айтди. Тўлаганов эса иш битган, сув келди, деб этигини ечди ва рози бўлди.
Каримов кундан кунга дунёни сув босса ҳам тўпиғига чиқмас ҳолга тушаётганди. Ҳолсизланиб бораётгани учун бу ҳақда ўйламай ҳам қўйди. Айниқса, Ҳайдаров унинг бошини махсус рентгендан ўтказиш зарурлигини айтгандан кейин сиёсатдан совуди ва ҳаммаси бир-бирини еб ўлиб кетмайдими, деб қўл силтади.
Олмониядан келган дўхтирнинг каттаси таҳлил натижаларини кўрар экан, Каримовнинг ўзи билан очиқ гаплашиш ва ундан «Агар ўлиб қолсам масъулият ўзимда” деган ёзувни имзолатиб олиш кераклигини айтди. Таржимон бу гапни Ҳайдаровга айтганди у таржимонга тикилиб қолди.
-Ака оғзимдан гап чиқмаслигини биласиз-ку,-деди таржимон Ҳайдаровнинг елкаси оша Алматовга ҳам кўз қирини ташлар экан.
-Ука, биламиз оғзингга маҳкамсан,-деди Алматов,-сенга ўхшаган йигитлар биринчи галда оиласини ўйлайди, бир- бирдан ширин ики боланг бор экан. Айниқса, Наргизахон жуда ширин экан. Олимжонга эса гап йўқ. Ота-онанг ҳам сенга қараб қолишган. Отанг буйрак амалиёти навбатида турган эканлар. Мана, биз бу масалани ҳал қилиб берамиз. Ахир давлат аҳамиятига молик иш қиладиган ва сир сақлашга қодир одамга биринчи галда хизмат қилинмаса, кимга қилинади?
Дўхтирлар булар нимани гаплашиб қолдилар, дея ҳайрон эдилар. Буни ҳис қилган Ҳайдаров
-Ҳаммаси майлику-я, шу қўл қўйиш деган масалани ўртадан чиқариш керак,-деди.- Нима дедингиз?
У шундай деб Алматовга қаради.
-У киши ҳамма нарсага қўл қўядилар, аммо бунга эмас. Умуман ким ҳам бунга қўл қўяди? Масалан, Худо ўзи сақласину лекин мен бўлганимда ҳам қўл қўймаган бўлардим. Ёки мана сиз ҳам қўл қўймасдингиз…
Унинг гапини Ҳайдаров бош қимирлатиб тасдиқлади. Каримов шундай вазият яратгандики, унинг атрофидагилар фақат бир-бирларининг гапларига бош ирғаб қўярдилар, бирор қарши гап айтиш-тутаб турган гулханни ёндириб юбориш бўларди. Шу лаҳзада Ҳайдаровнинг ҳам, Алматовнинг ҳам кўнглидан бу гапни эшитса, Каримов амалиёт тугул, махсус рентгенга ҳам изн бермайди деган қатъий фикр кечаётган эди.
Аммо дўхтирлар ҳам бошқа йўли йўлиги ва улар ўзларини суғуртага олишлари зарурлигини айтиб, оёқ тирадилар. Шунда Алматов “Туркистон” меҳмонхонасида турган Умар билан гаплашиш кераклигини айтди. Умар рус тилини яхши биларди. Унинг ота-онаси Эронда машҳур дўхтирлар бўлишган. Отаси шоҳ Ризо Паҳлавийни икки марта амалиёт қилган. Диндорлар шоҳни ағдариб ташлашганда улар Авропага қочишган ва Умар Москвада таҳсил олган. У ёшлигидаёқ Москвадаги ер ости кучлари билан яқинлашган, кейинчалик Олмонияда кичик бир касалахонани сотиб олиб, унинг ўрнида дунёдаги кўриниши энг ҳашаматли бўлган йирик клиникани қурди. Мана-ман деган дўхтирларни ишга олди. Мураккаб хасталиклар бўйича тадқиқотлар бошлатди. Қисқа вақтда дунёнинг кўзга кўринган одамлари унинг касалхонасида даволанадиган бўлишди. Айниқса, ўзининг соясидан ҳам қўрқадиган ҳукмдорлар ер ости кучлари орқали Умарга чиқиб, шу ерда даволанишлари одат тусига айланди. Умар ўзини дунёнинг саноқли кишиларидан бири деб биларди.
Нодирхон уни таклиф қилганда׃
-Устига тўрта тўққиз рақами ёзилган сариқ ғиштчалардан кўтара олганинг қадар берамиз,-деди Нодирхон унга.
-Мен аранг иккитасини кўтара оламан, яъни йигирма тўрт килони… Мен билан борадиганлар эса аранг биттадан кўтара олишлари мумкин. Ўзинг биласан, таниқли дўхтирлар ўзларига қарамайдилар, улар жуда нимжон бўладилар. Шу боис таклифингни ўзгартирамиз.
-Хўп таклифинг нима?
-Мен ҳозир жуда катта ишларни ташлаб боришим керак. Жумладан иккита мамлакат раҳбари навбатда…
-Шартингни айт.
-Биз боришимиз билан одам бошига бештадан сариқ ғиштчани самолетга чиқарсизлар. Шундан кейин дўхтирлар пастга тушадилар.
-Бироз кўп айтмадингми?
-Бу фақат дўхтирларнинг ҳаққи. Менга, госпиталимга самолет хизматчиларгига яна шунча…
Нодирхон бир гап айтса, ҳақ яна икки баравар ошишини ҳис қилди-да
-Гап йўқ,-деди.
Умарга Тошкентда махсус жой қилишганди. Аммо у рози бўлмади ва меҳмонхонада туришни ихтиёр қилди. Бу ҳам унинг ўзига хослиги эди.
Каримов имзо қўйишга рози бўлмаслигини эшитгач у
-Бу телефонни кимдир эшитмоқда,-деди.
-Бу махсус линия ва ҳеч ким эшита олмайди,-деди Алматов.
-Агар сизларникилар эшитишмаса, бошқалар эшитмоқда. Нодирхон келсин, гаплашамиз!
Нодирхон келиши билан Умар уни ташқарига бошлади
-Биз оддий одам тақдири ҳақида гаплашаётганимиз йўқ. Агар унга бир гап бўлса, сизлар даъво қилмасаларинг ҳам бизнинг мамлакат даъво қилади ва текшириб чиқади. Дўхтирлар буни биладилар. Бизда ҳозир қонунлар ўзгарган. Суд ҳам бизни, ҳам дўхтирларни баравар жазолайди. Бундай судларнинг ҳукмидаги рақамларида камида олтита “0” бўлади.
-Шартингни айт,-деди Нодирхон гап қаёққа кетишини билиб.
-Сеникини рентгенга рози қиласизлар. Амалиёт ҳақида унга ҳеч нарса демайсизлар. Рентген пайтида наркозга оламиз. Ҳужжатга эса сен ўзинг қўл қўясан. У менда туради ва мен дўхтирларга “Бўлди, ҳужжат имзоланди”, деб айтаман. Таржимонингни пишит, дўхтирлар бу ҳақда мабодо касалга гап очсалар, нима дейишини билсин…
-Бошқа одам қўл қўйса бўлмайдими?
Умар саволни ва тортишувни ёқтирмас эди.
-Майли, сен билан бирга Алматов ҳам қўл қўйсин!-деди.
Нодирхон яна тортишиш бефойда эканлигини тушунди. Ҳатто Умар буни атайлаб режалаган ва келажагини суғуртага олмоқда деб ўйлади.
-Тўғри ўйлаяпсан, мен шу ҳужжатни имзолатиб, дарҳол қайтиб кетаман. Ҳамма ваколат қўлингда бўлади. Агар жуда қўрқсаларинг, кейин бу ҳужжатни қайтаришим мумкин. Ҳукмдорлар жинни бўлишади. Айниқса, кимдир орқасидан унинг ўлими учун масъулитни бўйнига олса,-деди.-Агар бу ўйинга киришни истамасанг, уни кўндиришга урин, лекин у сендан кечади-ки, аммо имзо қўймайди.
Нодирхоннинг рози бўлишдан бошқа йўли йўқ эди. Кейин гап чиқмаслиги учун нафақат Алматовни балки Ҳайдаровни ҳам қўл қўйдираман деб ўйлади ва бу кўнглини равшанлатгандек бўлди.
Каримов махсус рентгенга аранг рози бўлди. Аммо бошига ҳар турли симларни боғлаб ташлаганларидан кейин ўйланиб қолди. Айниқса, притивогазга ўхшаган нарсалар кийиб олган докторларнинг кириб-чиқишларини кўриб, кўнгли чўкиб кетди. Наҳотки масала жиддий? У кўзларини юмганди ички бир “мен” унга қарши бош кўтарди.
“-Эҳтиёт бўл, уйғонмай қолишинг ҳам мумкин!
-Бекор айтибсан. Ҳали қиладиган ишларим кўп. Душманларим отда юрганда мен кетаман-ми?
-Сен сал нарсага душманларингни ўйлайсан. Дўстларингни ҳам ўйласанг-чи?
-Дўстларим. Мирсаидовми? У менга хиёнат қилди. Жазосини бердим. Туғилганига пушаймон қилдим. Ким қолди?
-Назир-чи Назир?
-Назир! У мендан қочиб юрибди. У билан олийгоҳда бирга ўқирдик. Аслида у бошқа группада эди. Аммо Рухсора билан менинг орамга кирди. Рухсора… нақадар гўзал эди-я?.
-Ҳам гўзал, ҳам ақлли эди…
-Аммо гўзаллар ахмоқ бўладилар.Ўшанда Назирга кўз сузмаганда…
-Бунча Назир, Назир дейсан. Уни қаматдинг, бадарға қилдинг, охири қочиб кетди, барибир изидан одам қўйиб юрибсан. Ахир Рухсорага уйланмади-ку у?
-Агар орада у бўлмаганда Рухсора меники эди. Рухсора уни кўрмаса менга рози бўларди, мен икки марта урусга уйланмаган бўлардим. Бугун у шоҳнинг хотини бўлиб юрарди.
-Лекин сен уни ўлдирдинг!
-Ғурури баланд эди. Уни мен эмас, ғурури ўлдирди.
-Ўзики ўзи, эрини ҳам, учта боласини ҳам ўлдирдинг!
-Чақиртирсам келмади. Уйидаги гапларни ёзиб келишди. Фақат мени лаънатлар экан. Эрини ҳам, болаларини ҳам менга мухолифатчи қилиб қўйибди.
-Чунки сен бекордан-бекорга Назирни жазолаганингни билади-да.
-Рухсора мени яхши кўрарди. Иккимиз ҳар оқшом Бешёғоч яқинидаги теппаликка чиқиб, гаплашиб ўтирар эдик.
-Алишер Навоий хиёбони десанг-чи. Ўша теппаликка аёл кишининг ҳайкалини қўймоқчи эдинг, нега Алишер Навоий ҳайкалини қўйдинг?
-Рухсорани унутишни истадим. Агар Назир пайдо бўлмаганда, у менинг ёнимда қоларди.
-Яна Назир, Назир дейсан-а? У ахир Рухсоранинг қўлини ҳам ушлагани йўқ-ку? У сенинг дўстинг эди, у тўсатдан пайдо бўлиб қолмади, сен ўзинг уни Рухсора билан таништирдинг. У Рухсорага кўз алайтирган эмас…
-Аммо Рухсора унга кўз алайтирди. Уни кўриши билан маҳзун кўзлари чарақлаб кетарди. Лабларидан қаҳқаҳа тушмасди. Ўзини унинг бағрига отгиси келарди.
-Назир келишган, сен эса чўтир башара эдинг. Назир ақлли, сен эса айёр эдинг. Назирнинг гапиришлари қизларни маҳлиё қиларди, сени гапларинг эса қизларни чўчитарди. Сен ҳамма нарсага куч билан эришишни истардинг. У эса ақл билан..
-Хўп! Ким ҳақ бўлиб чиқди? Мен куч билан дунёга ҳоким бўлиб ўтирибман. Аммо Назир қани?
-У ҳам ўз дунёсига ҳоким. Дунё қўлингда бўлгани билан уни ушлай олмаяпсан. Аламингни Рухсорадан олдинг. Уни ўлдирдинг.
-Уни мен эмас ўзи ўлдирди деб айтдим-ку сенга! У ўзи ўзини осиб қўйди.
-Эрини қамадинг, ўғилларини қамадинг, уни таҳқирлатдинг, ҳатто бир бурда нонга зор бўлди…
-Унинг қиролича бўлиш имконияти ҳам бор эди. Аммо ўзи шу йўлни танлади.
-Хўп, Лола опанинг айби нима эди?
-Айби гўзаллигида.
-Унинг эрида нима айб эди?
-Бадбашара бир махлуқ шундай гўзал аёлга уйланадими? Катта ишда бўлганида кучини кўрсатиб, шундай парининг умрини хазон қилди.
-У ҳам сен каби кучга ишонган бўлса-чи? Аммо у сенинг устозинг эди. Сенга иш ўргатди, бало қазолардан асраб қолди, орқангни тозалаб юрди.
-У фақат орқа тозалашни билади. Нега ўшанда мени уйига олиб борганди? Нега хотини билан таништирганди? Нега бирга ўтириб ичардик ва нега дарҳол маст бўлиб қоларди? Нега эрталаб уйидан чиқиб кетганимни кўрганида ҳам кўнглига шубҳа келмасди?
-У сени ҳақиқий укам, деб биларди, сенга ишонарди.
-Хотинни укага ҳам ишониб бўлмайди.
-Хотини сендан катта эди.
-Гўзал бўлса ёшига қармайди. У тенги йўқ гўзал. Унинг болдирлари ҳар қандай ёстиқдан ҳам юшоқ. Унинг юзлари ойни ҳам уялтиради. Унинг кўзлари Қуёшни ҳам қамаштиради. Унинг…
-Бутун юрагингдан урган экан-ку…
-Агар юрагимдан урмаганда эрининг қилиқларига ўтттиз йилдан бери чидар эдим-ми?
-Чидамас эдинг. Лола опа буни билар эди ва фақат эрини қутқариш учун айтганларингга рози бўларди.
-Йўқ. Эрини истаса мен билан ётмасди. Ҳар қандай аёл кучни, кучлини истайди. Мен кучлиман. Шунинг учун у меники бўлди.
-Муҳаббат-чи, Муҳаббат. Ўн гулидан бир гули ҳам очилмаганди.
-У ҳам ўзини ўзи ўлдирди. Уксус ичиб ўлди. Аммо жувонмарг дунёнинг маликаси бўладиган эди.
-Сени уни севгилисидан айирдинг…
-Севгилиси ахмоқ экан, нега уни менинг идорамга ишга ўтқазади? Кучли одамларнинг ёнига севгилисини юборган одам ҳезалакдир.
-Аммо Муҳаббат сени эмас, ўша ҳезалакни танлади.
-Йўқ. У ўлимни танлади.
-Сени тўшагинга ётганлардан қанчаси ўлимни танлади, биласанми?
-Биламан. Алматов яширса, Иноятов айтади, Иноятов яширса, Алматов… Шу билан менинг тилимни қисиқ қилмоқчи бўладилар. Ҳали ҳаммасини қуритаман.
-Сенга яхшилик қилган ҳам, қилмаган ҳам барибир. Бугунгача сенга ишонган қанча одамлар маҳв бўлиб кетдилар.
-Ражабовми? Уни Давлат котиби қилиб қўйдим. Аммо мени жойимга кўз тикди. Фозилбековми? Уни шаҳар ҳокими қилиб қўйдим, аммо менга хоинлик қилган Мирсаидовнинг этагини тутди. Иброҳимов-ми? Қари чол! Уни Олий кенгашга раис қилиб қўйдим. Лекин тагимга сув қуймоқчи бўлганларнинг йўлини тўсмади. Йўлдошев-ми? Ҳўкиз! Уни ҳам раис қилиб қўйдим, аммо тили чиқиб қолди. Маликовми? Маҳмадана! Уни вазир қилиб қўйдим, элчи этиб тайинладим, аммо душманларимга қўшилиб кетди. Умрзоқовми? Уни одам қилдим, лекин пулни менда яширадиган бўлди? Жўрабековми? Уни бало қазолардан асраб юрдим, аммо ўз бошини ўзи еди. Ҳамидовни ҳам ўз ўрнимга ҳоким қилиб юборгандим. Бироқ битта Туркманбошини йўқотолмади. Яна ким? Бердиевми? Жабборовми? Абдураҳмоновми? Жўраевми? Уф? Яна қайси бирини эслай. Сон-саноғи борми? Ҳаммаси тузимни еб, тузлигимга тупурди. Ҳаммаси фитначи! Ҳаммаси хоин, порахўр! Яхшиликни билишмади. Шунинг учун ҳам жазоладим.
-Аммо сенда кин, қасос ҳисси жуда кучли. Қанчадан қанча ўзинг танимаган одамларни ҳам йўқотиб юбординг! Аслида тўғри қилдинг! Бўлмаса улар сени йўқотар эдилар!
-Кўрдингми, биз битта одаммиз. Барибир менга қўшилмасдан иложинг йўқ. Чунки кин ва қасос руҳи бу лидернинг қони. Қандай қилиб қонсиз яшаш мумкин? Қандай қилиб? Қонсиз… қонсиз…”
Каримов наркоз таъсирида чуқур уйқуга кетгач, дўхтирлар унинг мия қопқоғини очиш учун амалиёт бошладилар…
-Мен бугунга қадар жуда кўп ҳукмдорларни амалиёт қилдим,-деди Каримовнинг бош қисмидаги ўсимтани олиб ташлаган дўхтир,-аммо ҳаммасининг ҳам мияси жуда кичкиналигини кўрдим. Қандай қилиб мияси шу қадар кичик бўлган одамлар мияси катта-катта бўлган донишмандларни қул қилиб олар эканлар? Қандай қилиб ҳукмдорга айланар эканлар?…
Каримов 26 кун деганда самолетдан ташқарига чиқди. Унинг бу ердалигини ҳатто оиласи ҳам билмади. Ҳаммага дам олишга кетган деб айтишди. Бу орада у “касал экан” деб гап тарқалгани учун уни кузатиб келган қўриқчилари дўхтир Гайранга қўшилиб “ғойиб” бўлишди. Таржимон йигитни эса олмониялик учувчи самолетга яшириб олиб кетди ва у ҳозир Америкада яшамоқда. Аммо отаси касалхонага боролмай оламдан ўтди. Онаси ва умр йўлдошини диндорликда айблаб, қамаб қўйишди. Болалари эса, Каримовнинг қизи бошчилик қилаётган етимхонада…

(Давоми бор).

Жаҳонгир Муҳаммад

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, АССАССИН and tagged . Bookmark the permalink.