Ассассин (Тарихий-замонавий роман)

assassin1ЕTТИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Қорабой ака билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қўйди. У ҳар куни уч марта овқат олиб келадиган йигитдан бошқа ҳеч кимни кўрмайди. Нонуштага бир бурда қора нон билан бир қоғоз қутида совуган чой олиб келади. Тушликка эса эскириб, миталаб кетган гуруч солинган бутқа. Кечқурунга шўр карамдан қилинган боршч. Уни ичса кечаси билан ташнасини босолмай чиқади. Чунки сув ҳам унинг истагига қараб эмас, уларнинг истагига қараб берилади.
Овқат ва сув камлиги бир томондан яхши деб ўйлади Қорабой ака, акс ҳолда хона бундан ҳам баттар сасиб кетарди. Илгарилари бу ерга терговчилар келиб туришгани учун хона четидаги ахлат ва нажас қутисини ҳар куни олиб чиқишга буюришарди. Шу баҳонада у ҳам камерадан чиққан бўларди. Энди эса бу уч кунда ёки тўрт кунда бир марта.
Инсон ҳамма нарсага кўникувчи экан. Аммо бир нарсага кўника олмас, у ҳам бўлса ўзи билан ўзи курашга. Ички жангни бас қиламан дейди, аммо бас қила олмайди. Унга кўникаман дейди, аммо кўника олмайди. Унинг учун кун билан туннинг, ухлаш билан бедорликнинг фарқи қолмаган. Кўзи юмилганда тун, кўзи очилганда кун. Кўзи очилди дегунча хаёлига келган илк нарса “Ҳали тирик эканман” деган гап бўлади. У ҳар куни “Бугун ўлиб қолсам керак” деб ўйлайди.
Болалигида эшитган гаплари ёдига тушади. Одам ўлимидан олдин Азроилни кўраркан. Шундан билади-ки, умрининг сўнгги келган. Қорабой ака Азроил қаёқдан келар экан деб хонанинг тирқишларига термулгани термулган. Нега кела қолмайди? Нега вужудимдаги бу оғриқлар, руҳимдаги бу азобларга чек қўймайди? Мен нима гуноҳ қилдимки бу қадар мени қийнайсан, Раббим? Ёки мени яратиб қўйиб, унутиб юбордингми? Астағфурулло! Нималар деяпман-а? Тўғрисини айтаяпман. Бошингга қилич келса ҳам тўғрисини айт деб ўзинг ўргатгансан, Раббим!
Шу берган неъматингни ол қўй, уни истмайман! Бу неъмат жонимга тегди. Яшашдан ҳазар қиламан. Бу дунё ёлғонлигига ишондим. Аммо у дунё ростлигига ҳам ишонмайман. Қудратингни намоён қилиб ишонтир мени!
Бу дунёни синов дейишади. Агар адолатсизлик, қийноқлар, таҳқирлар билан синайдиган бўлсанг, ўтмадим синовингдан, ол берганингни!
Шундай кезда ички “мен” уни босимга оларди. Нима энди Худо сени яратиб қўйиб, ҳамма ташвишингни ҳам кўтарсинми? Сен Худодан истаганинг истаган, аммо унга нима бердинг?
“Нима беришим керак?”
“Нега ибодат қилмаяпсан, балки Худо сени жонингни ибодат пайтида олишни буюрган бўлсачи?”
“Худдо битта менинг ибодатимга қараб қолганми, ўзига ибодат қилишлари учун бандаларини ўтдан олиб ўтга солиши керак-ми?”
У шундай дедию худди Азроилни кўргандек севиниб кетди. Тавба, одам Азроилни кўришдан ҳам севинар экан-а? Ўлимга яқинлашишдан ҳам севинар экан-а, одам!
У ўрнидан туриб намоз қилмоқчи бўлди. Қибла қайси томонда экан деб ўйлаб қолди. Ҳар ҳолда бир парча ёруғлик тушадиган ана у туйник томонда бўлиши мумкин, деган фикр ўтди хаёлидан. Нима бўлса ҳам ўша ёқни ўзига қибла қилиб олди ва бошини саждага қўйган эди ҳолсизликдан қаддини қайта ростлай олмади.
“Кўрдинми, боринг мана шу, тағин Худодан шикоят қиласан”, деди ички садо. У ички садога ўчакишиб ўрнидан туриб ўтирди ва кейин тик турмоқчи бўлди. Тиззалари худди нина ботгандек зирқираб оғрий бошлади. У қийнала-қийнала ибодат этаётган пайт бирдан эшик очилди.
-Ҳа, жон кириб қолдими, зерикиб қолдингми?-деди навбатчи.-Ма, мана буни ёдла. Ҳар куни уч марта айтиб берасан, бўлмаса овқат ҳам сув ҳам йўқ.
Навбатчи шундай деб унинг башарасига бир парча қоғозни отди. Олса Барот Бойқобилов деган шоирнинг шеъри экан:
“Президент эл учун мисоли Падар,
Барчани кўради фарзанди қадар.

Ватаним деб қилмиш жонини фидо,
Паноҳида доим асрасин Худо!

Фалокатга қилиб кўксини тикка,
Худо сақлаб қолди уни Ўзбекка!

Ўзбекистон буюк келажак сари,
Қадам қўйди-омон бўлсин сарвари!

Ислом нури билан давлат безансин!
Ҳар дилда иймоннинг чироғи ёнсин!”

Қорабой ака шоир зотидан нафрат қилди. Бир пайтлар қайси бир мулла “динда шоирлар қораланган” деганда ундан ҳазар қилган бўлса шу дамда у тўғри айтган экан деб ўйлади. Биттаси ана у Абдулла Орипов. Фақат “Ислом отам” деб гапиради ва фақат “Ислом отам” деб ёзади. Унинг ошнаси Эркин Воҳидов эса “Сизга отилган ўқ менга тегсин” дегани деган. Тўхта, ким ўқ отди унга?
Мана энди яна биттаси чиқибди. Балки улар ҳақдурлар? Балки ростдан ҳам “Ислом ака” нажот қалъасидур?
Қорабой ака бирдан Каримовга хат ёзгиси, ундан мадад сўрагиси келди. Балки ростдан ҳам у бу ерда нима бўлаётганини билмас, балки у билару ана у шоирлар билмас? Агар билганда шундай катта шоирлар у ҳақда қўшиқлар ёзишармиди?
Астағфурулло, деди ички нидо. Сенга нима бўлди? Ҳали яқиндагина ҳамма нарса Каримовдан бошланади деб айтиб юрган одам бирдан ундан нажот излаб қолдингми? У бу камерада нима бўлаётганини кўрмаслиги мумкин. Аммо шундай бўлаётганини билади. Агар у мана буларни рағбатлантирмаса, аксинча жазосини берса, булар девордан ҳам қўрқадиган бўлишарди. Ҳозир эса деворни ҳам қийнаб гапиртирадиган бўлишган. Бир зумда у фикридан қайтди. Шеърни бир четга улоқтирди.
Аммо навбатчи кечқурунги овқат олдидан ундан шеърни ёддан айтиб беришни талаб қилди. У айтолмади. Совуган чой ва боршчдан қуруқ қолди. Яхши деб ўйлади. Тезроқ ўламан. Аммо ўлиш қаёқда. Қорнинг дўмбира чалиб турса, томоғинг қуриб қолса ўлим ҳам қочиб кетар экан.
У камерада суллайиб ўтирар экан, ёнига яна бир кишини олиб келишди. Ўзи сичқоннинг инидек тор жой бўлса, яна биттасини олиб келганларига бало борми?
У одам мулла экан.
-Аблаҳлар, Худодан ҳам қўрқишмайди, бетга хатимга келгандим, ушлаб олишди,-деди ҳалиги йигит.-Окам касал. Оллоҳдан шунга нажот сўраб, бечораларга хизмат қилиб юрибман. Окамнинг дўсти хатим қилган экан, шунга келгандим. Нима эмиш, мен ваҳобий эмишман? Ваҳобий сенинг муфтинг бўлади! Саудия Арабистони қиролининг ўғли билан ўқиган! Ваҳобий сенинг президентинг бўлади, Саудия Арабистонига бориб, Каъбапўш олиб келган. Ваҳобийлар билан оғиз-бурун ўпишганларга индамай, бизга қўл узатишади, аблаҳлар, ментлар!
У ваъзини тугатмасидан яна олиб кетишди ва бир соатдан кейин олиб келиб ташлашди. Бечорани уравериб момоталоқ қилишибди. Аранг ўзига келди.
-Мени исмим Пирмат,-деди у,-ошналарим Пирматча ҳам дейишади. Ташқарида одамингиз борми?
-Бор, қариндошлар…
-Йўқ, бирорта ишонган одам бўлса теппага хабар берардик, у ерда одамим бор, мана буларнинг онасини кўрсатар эдик, иккаламизни ҳам бу ердан олиб чиқишарди,-деди у.
Аммо Қорабой ака елкасини қисиб қўйди.Нега “ча” қўшишар экан? Бўйи паст бўлганда ҳам тушуниш мумкин. Аммо унинг бўйи ҳам паст эмас. Новчадан келган, қирра бурун. Тушкунликка тушмайдиган, ёруғликка интиладиган, ўқиган йигит экан.
-Ҳаммаёқни дин душманлари босиб кетди,-деди у.-Уларнинг ҳаммаси имом бўлиб мачитларимизга кириб олган. Туркияда битта Отатурк деган диктатор ўтган. Буларнинг ҳаммаси ўшанинг иши. Усмонлини йиқитиб, динни қайтадан тузмоқчи бўлган, аблаҳ! Ҳамма жомеларга биттадан айғоқчи киритган. Диндорларни ўлимга ҳукм қилиб, агар ўлиб қолган бўлса ҳатто қабрдан чиқариб қайтадан осдирган. Кейин шўролар ҳам унинг тажрибасини олганлар, мана энди кофирбоши ҳам шу ишни қилмоқда.
Қорабой ака аввал Пирматни айғоқчи деб тахмин қилган бўлса, кейин унга ишона бошлади. Ёлғизликда пайдо бўлган умид эди бу. Кўп нарсани билади. Айниқса диндан яхши хабари бор экан.
Қорабой ака умидсизликни тарк этиб, Пирматнинг ҳаётга муҳаббат тўла ҳикояларини эшитиб қайтадан тирилаётгандек ҳис этди ўзини. Ҳар кун ундан бир нарсани сўрар эди. Бугун Дажжол ҳақида сўради:
-Бир кун пайғабаримиз (с.а.в.) уйқудан туриб, Дажжолнинг қаёқдан чиқиши менга аён бўлди дебдилар. Кейин Дажжолнинг биз томонлардан чиқишини айтганлар. Дажжол одамга ўхшаган махлуқ бўлар экан. Теппамизда ўтирганни кўрсам унинг ичида Дажжол яширинган деб ўйлайман. Юзи совуқ. Кўзлари совуқ. башарасидан қўрқиб кетасан.
Пирмат шундай деб атрофга қаради. Кейин деворларни уриб-уриб текширган бўлади.
-Буларнинг ҳамма жойда қулоғи бор, аммо мен қўрқмайман. Тоғам буларнинг бошлиғи. Эшитиб қолса ҳаммасининг уйини куйдиради. Лекин баъзан эшитса ҳам эшитмасликка олади. Менинг Дажжолни ёмон кўрганимни билади. Лекин ўзининг ҳам дарди кўп.
-Тоғангизни шундай катта ишга қўйган бўлса нега уни ёмонлайсиз?-деди Қорабой ака.
-Мен Дажжол ҳақида гапираяпман, сиз бўлсангиз бошқа одам ҳақида ўйлаяпсиз,- Пирмат шундай деб қўли билан атрофни кўрсатди.-Аслида юртбошимиз жуда яхши одам. Худо яратган якто одам. Агар Худо истамаганда у шунча одамнинг бошига шунча йил раҳбар бўлиб ўтирармиди?
-Сталин ҳам ўтирган,-деди Қорабой ака.
-Биринчидан Сталин мусулмон бўлмаган, иккинчидан, у Худосиз бўлган, учинчидан Худо бу худосизларни бошқа бир худосизнинг қўли билан жазолаган,-деди Пирмат.
-Қанчадан қанча бегуноҳ одамлар ўлган…
-Биз қаёқдан биламиз, улар бегуноҳми йўқми, Худо ўзи билади, энди Дажжолга қайтсак, Дажжол келганда ҳаммаёқни ҳеч ким билмаган, эшитмаган касалликлар босиб кетар экан. Кўриб турибмиз, нима бўлганини. Кейин ҳамма бир-бирига тўҳмат қилган, бир-бирини қийнаган, отани боласидан болани отасидан ажратган…
Қорабой ака яна Пирматдан шубҳа қила бошлади. Бу менга оид гапларни билгани учун шунақа деяётган бўлмасин тағин дея ўйланиб қолди ва сир бермасликка, гапирмасликка аҳд қилди. Пирмат Дажжол ҳақида узоқ гапирди. Навбатчи эшикнинг тешигини очганда у:
-Ока минг долларлик иш бор,-деди.
-Орқангга тиқиб қўй ўша минг долларингни,-деди навбатчи.
-Солиҳбоев тоғам бўладилар, менинг бу ердалигимни етказиб қўйсангиз, ўзлари минг долларни керакли жойингизга солиб қўядилар…
Солиҳбоевнинг номини эшитган навбатчи:
-Балки Каримов амакинг бўлар, нима Солиҳбоев Тошкандан уйланганми?-деди.
-Ҳа-да, тоғам самарқандлик, аммо кеннойим тошканлик. Мани адам ҳам. Сиз фақат Пирмат шу ерда деб биров орқали етказиб қўйинг, бас. Қачонгача бу ерда ахлат ташиб юрасиз, дарров юқорига ишга ўтиб кетасиз. Ўзингиз қўрқсангиз, яқинларингиздан биттасига айтинг, мен берадиган рақамга телефон қилиб, кеннойимга айтиб қўйсин, етади.
Навбатчи эшикни ёпиб кетди. Қорабой ака яна Пирматга ишона бошлади. Пирмат Қорабой акани кундуз куни ухлашга ва ярим тундан кейин гаплашишга ундади.
-Ярим тундан кейин итнинг ҳам, мушукнинг ҳам уйқуси келди. Гапларимизни ёзиб оладиган тасмалари ҳам тугаб қолади,-дерди.
-Ростдан ҳам тоғангиз бу идоранинг бошлиғи бўлсалар сизни қамашга қандай журъат қилишди?-деб сўради Қорабой ака Пирматдан.
-Тоғам ҳали бошлиқ эмас. Ўринбосар. Аммо бошлиқ бўлиб қолиши мумкин деб ўйлашади. Иноятов жуда туллак одам. Дажжолдан дарс олган. Озгина калласи ишлайдиган одамни йўқотишга уринади. Ҳозир бу идора иккига бўлинган. Бир томонда Иноятовнинг одамлари, иккинчи томонда тоғамнинг. Ички кураш бор. Дажжол тоғамни чақириб “Иноятовни йўқотиб берасан” деб топшириқ қўйган. Аммо тоғам Дажжол Иноятовни ҳам чақириб “Солиҳбоевни йўқотасан” деганини эшитган. Булар ҳаммаси бир-бирини кузатади, бир-бирини эшитади. Шунинг учун ҳозир кураш очиқча бормоқда. Тоғамнинг одамлари Иноятовнинг қараиндошларини кузатишади. Унинг одамлари эса бизни. Мен Тошкентдан чиқишим билан орқамга тушишганини сездим. Аммо ушлаб, қамаб қўйишади деб ўйламагандим. Бунинг устига калтаклашди ҳам. Демак, иш жиддийлашган. Тоғамнинг қармоғига яхши бир ўлжа тушган-ки, булар ҳам питирлаб қолишди.
Қорабой ака ҳайратда қолди. Балки бу йигитнинг ақли ўйнаб қолганмикан деб ўйлади. Ундай эмас. Ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсадан хабари бор.
-Дажжол бир куни Иноятовни бўшатаман деганди у “Илгари бизда ишлаб кетган Камолов деган вазир Москва яқинида бир гуруҳ йигитларни тайёрлаб сизни ўлдирмоқчи” деб уни қўрқитди. Бу идорда эса Алиев деган одам раис эди. Иноятов ва тоғам унинг қўлида ишлашарди. Камолов воқеасини топиб Иноятов Алиевни четлаттирди ва курсига ўзи ўтирди. Тоғам Камолов воқеаси уйдирма эканини исботловчи ҳужжатларни Дажжолга олиб борганди уни Иноятовга ўринбосар қилиб қўйди. Шундан бери улар ит мушук. Алиевни ўлдириб юборишди.
-Сизни баҳона қилиб тоғангизни бўшатишлари ҳам мумкинми?-деб сўради Қорабой ака.
-Ҳа, йўқ, бугунгача мен бир неча марта тушиб чиқдим. Мени қамасалар тоғам дарҳол Алимов деган одамнинг ўғлини қамайди. Алимов Дажжолнинг маслаҳатчиси. Ўғли Тошканнинг энг катта машина ўғриси. Уни ушлашдими, Алимов Иноятовга чиқади. У эса тоғам ушлаб турган одамни ўз ҳолича қўйиб юбора олмайди. Кейин келишадилар. Гап шундаки, тоғам хабардор бўлиши керак.
-Булар хабарни етказмасликлари ҳам мумкин…
-Етказадигани топилади. Бу ерда ҳам ҳамма жойда бўлгани каби икки гуруҳ бор. Илгари бу ерга келган аммамнинг ўғлини ушлашганда бизга хабарини етказишганди. Мана кўрасиз, яна бир икки кун ўтсин, муносабат ўзгаради. Ҳали оёғимни ўпиб қоладиганлари келади. Агар Иноятовнинг одами тоғамнинг тўрига тушган бўлса, унинг ўзи хабар тезроқ тоғамга етишини истаб қолади.
-Бу идорада ҳам ҳаммаёқ ўйин экан-да!-дея ажабланди Қорабой ака.
-Ўйин бўлмаган жой борми, тақсир. Мана Ички ишлар вазирлигида еттинчи бўлим бор. Биласизми қанча одам ишлайди, 15 мингта. Бирортасини ҳам танимайсиз. Ҳаммаси институтларни битирган болалар. Ҳатто хотин-боласи ҳам қаерда ишлаганини билмайди. Қурилиш ташкилоти ёки заводда ишлайман дейди. Ишга келган жойи ростдан ҳам қурилиш ташкилоти деб ёзиб қўйилган бўлади. Ичкариси ментхона. Кириб ҳужжатларини олади, фотоаппаратларни олади, яни машинани олади. Кейин бошлиқлардан топшириқ олиб одамларни кузатшга чиқадилар. Кимни хохласалар ўшани кузатадилар. Ҳар қандай тўғри одамдан ҳам хато топадилар. Кейин ўша одамни сиқувга оладилар. Берса берди, бермаса расмлар теппага кетади. Шунча ёш йигитлар ватанга хизмат қилаяпмиз, жиноятчиларни ушлаямиз деб ўйлашади. Аслида катталарга хизмат қилишади. мен ўша ерда ишлаб чиққанман. Икки йил мухолифат аъзоларини кузатдим. Бечораларнинг қорни нонга тўймайди. Шунга қарамасдан адолат бўлсин деб ҳаракат қилишади. Биз бўлсак орқаларидан кузатиб, ким билан учрашди, кимникига борди, ҳаммасини расмга олардик.
Бир кун икки мухолифатчи бир жойга тўйга борди. Тўй қилаётган одам солиқ идорасининг раҳбари экан. Кузатиб турсак шунақа кўп раҳбарлар келишдики, шунақа кўп совғалар келтиришдики, оғзимиз очилиб қолди. Қўрқмасдан очиқчасига “яшил”идан тутқазганларини суратга олдик. Тўйда ҳам фақат доллар сочишди. Уй жойи ҳам шунақа экан-ки оғзимиз очилиб қолди. Ҳаммасини тахтлаб, катта бошлиққа олиб борсам: “Ахмоқ, сенга мухолифатни кузатишни топширганман” деб расмларни башарамга отган. Ердан териб оламан десам, қўлимдан юлиб олган.
Шундан кейин тоғамни ишга солиб ташлаб кетдим у ерни. Кейин “жиян” эканлигимни билиб қолибди, уйимга пора кўтариб келди. Нима истаркан, десам, тоғамнинг идорасига ўтмоқчи экан.
-Ёрдам бердингизми?-дея сўради Қорабой ака.
-Мен ҳам пулини башарасини отиб юбордим. Ердан териб олганди, қўлидан юлиб олдим. Пулларни олиб бориб Тўхтабой мачитига бердим. Лекин собиқ бошлиғимга ёрдам бермадим. Барибир ўтди, фақат тоғамнинг гуруҳида эмас, унга қарши. Еган калтакларимдан ўша долларнинг ҳиди келмоқда..
Қорабой ака учун бирдан ҳаёт қизиқ бўлиб қолди. Бу дунёда ўзи ёлғиз эмаслигини ҳис қилди. Қийналган, азоб чеккан, алданган, хиёнатга учраган фақат у эмас экан. Бутун дунё ўйиндан иборат экан.
Ростдан ҳам орадан икки кун ўтиб Пирмат азиз одамга айланиб қолди. Унинг олдига келиб кетадиганлар, унга хушомад қиладиганлар қўпайди. Пирматни бошқа жойга кўчирадиган бўлишди. У Қорабой акани ҳам ўзи билан бирга олди.
Янги жойда яна беш киши бор экан. Улар жуда диндорлар бўлиб, ҳукуматга қарши ишларда қатнашган эканлар. Биттаси миршабни ўлдирган, иккинчиси ҳукумат одамининг бошни узиб кетган экан. Учинчиси катта мулла экан. Қолган иккитаси Мисрга бориб келиб туришаркан. Улар ҳам Каримовни Дажжол деб гапиришарди. Тезда Пирмат уларга ҳам ёқиб қолди. Пирматнинг одамлари келиб камерани махсус текшириб, у ёқ, бу ёққа ўрнатилган “қулоқ”ларни топиб олиб, “Мана энди эркинсизлар” деб чиқиб кетишди.
Пирмат тинмасдан Дажжолнинг ёмонликлари ҳақида гапирарди. У намоз пайтини соатсиз ҳам билар ва ўрнидан туриб қўлини қулоғининг орқасига қўйиб азон айта бошларди. Кейин мулла акани олдинга суриб, ўз орқасида турар ва қолганларни ҳам бир сафга тизарди. Намоз тугаши билан Пирмат бир томонга алоҳида туриб яна бир неча карат намоз ўқирди ва кейин яна суҳбатларига ҳаммани маҳлиё қиларди.
-Еттинчи бўлимда ишлаганимда мухолифат раҳбарларидан бирини кузатдим. У машинасига Ички Ишлар вазирлигининг номерини тақиб олган эди. Ҳукумат номери билан юрсанг, қандай қилиб мухолифат бўласан? Ўзбекмиз-да, ким нима деса ишонаверамиз. Айниқса, пулим бор деса, танишларим бор деса, ҳукуматни олаяпман деса тамом, лаққа ишонамиз қўямиз.
Ўшанда биров унинг мушугини “пишт” демас эди. Истаса кириб Дажжол билан гаплашар, истаса бизнинг вазир билан. Лекин ҳамма нарсанинг кушандаси бор. Уни ҳам кузата бошлашди. У жуда лақмароқ, соддароқ одам эди. Орқасидан қадамба-қадам кузатсанг ҳам шубҳа қилмасди. Ўзига жуда ишонарди.
Бир кун ярим тунда чиқиб йўлга тушди. Дўрмонга етмасдан бир ҳовлидан ёш бир жувонни миндириб олди. Кейин Бўстонлиқ томонга йўл олди. Шаҳардан чиқиб кетдик, атрофда тирик одам йўқ. Биз орқасидан очиқ кузатиб бораяпмиз ҳам ҳеч нарсадан шубҳа қилмайди.
Бир вақт бир теппаликдаги уйнинг ёнида тўхтади. Аёл машинада қолди. У эса ичкарига кирди. Биз узоқроқда тўхтадик. Чунки ҳовли ёнида машиналар кўп эди. Айланиб ҳовлининг ичига ўтдик. Қарасак анчагина казо-казолар шу ерда экан. Деразага анттена ўрнатиб суҳбатларини ёздик. Гап Дажжолни ўлдириш ҳақида эди. Ёзиб олдик. Ташқарига чиқиб атрофни кузатиб, аёлни ҳам расмга олиш ҳақида ўйладик. Аёл шундай чиройли экан-ки, бинақасини ҳеч кўрмагандим. Ёшлик-бебошлик. Бориб машинага ўтириб олдим, эси чиқиб кетди. Биқинига таппончани қўйдим. Шу пайт ҳалиги мухолифатчи чиқиб қолди. У машинанинг орқасида ўтирганимни ҳам сезмади. Тавба, бу қандай қилиб мухолифатчи бўлди дейман ўзимга ўзим. Қизнинг товуши чиқмайди. Нимадир бўлиб, авзойи бузилганми, мухолифатчи Тошканга қайтгунга қадар гапирмади. Жувон бир-икки ютинди ҳам парво қилмади. Тоғри ўзининг уйига келди ва машинадан тушиб, уйига кириб кетди. Бечора жувон машинада қолди. Мен уни орқадан келган ўзимизнинг машинага миндириб олиб кетдим.
Бир кун қарасам ҳалиги мухолифатчи ҳақида бир мақола чиқиб қолди. Ёшлар уни шунақа ҳимоя қилишди, асти қўяверинг. Бу қиссадан ҳисса шулки, ҳалиги қиз ўша мухолифатчининг энг яқин дўстининг келинчаги экан. У келинчакни эридан ажратиб олган экан. Шундан кейин эри девонасифат бўлиб қолибди. Сўнг сарсон-саргардон юриб, ўлиб қолди.
Ўшанда ҳалиги мухолифатчи дўсти ҳақида шунақа зўр гаплар айтди-ки, менинг ҳам кўзимга ёш келди. Кейин билиб қолсам ўша бечора дўсти унинг севгилисидан ажратиб олган, дарвеш қилган мухолифатчи ҳақида шубҳа ҳам қилмаган ва аксинча унга бағишлаб китоб ёзган экан. У ўлгандан кейин эса мухолифатчи унинг китобларини нашр этди. Хўш, Дажжолни ўртадан кўтарсак кунимиз ўшанга қоладими? Ёки ўшанга ўхшаганларгами?
Бу ҳикоя Қорабой акага таниш эди. Лекин шундай бўлсада Пирматга қарши чиқди.
-Ука ҳаммани битта қилич билан чопманг, биттаси ёмон бўлса, иккинчиси яхши…
-Ака, ҳар битта одамга биттадан қилични қаердан оламан,-деди Пирмат.-Мана ман дегани шу бўлса, бошқасидан нима кутасиз. Ундан кўра қўрқмасдам ўзимиздан чиқарайлик. Мана Абдусоли домлани ёки Собитхон домлани йўлбошчи қилиб кўтариш керак.
Бу гапдан кейин суҳбат қўр қолди.
-Улар динсизлар мамлакатига бош бўлишни истамайдилар,-деди бир йигит.
-Ким динсизлар мамлакати ҳақида гапирмоқда. Агар ҳокимият олинса бир ойда диндорлар мамлакатига айланади,-деб жавоб қилди Пирмат.
-Ҳамма одам динни истамаяди-ку?- деди Қорабой ака.
-Унақа деманг. Хохламаганларни, диндан қайтганларни кофирлар юртига жўнатамиз,-деди Пирмат.
-Демократия яхшироқ емасми?-деди Қорабой ака товушини ичига ютиб.
-Демократия диннинг душмани. Диндан қайтдими жазосини бериш керак,-деди Пирмат қатъий қилиб.
-Динда бундай ҳукм йўқ. Қолаверса бугунги дунё билан ҳам ҳисоб-китоб қилиш керак. Бўлмаса ишлар олдинга юрмайди. Бугунга қадар бирор жойда ҳам саодат давлат қурилмади, нега? Буни ҳам ўйлаб кўришимиз керак,-дея суҳбатга қўшилди йигитлардан яна бири.
-Қурилганди, Хоррун Рашид замонида, бунча ҳам пасив бўлманг, бу ҳам демократларнинг таъсири,-деди Пирмат.
Мулла ҳам унга қўшилганини билдиргандек, бошини силкиб қўйди.
-Мен ўшандан кейин нега қурилмади, деяпманда, тақсир. Чунки доим ўйин қилишмоқчи бўлишди. Ўйин қилмаслик керак, ҳамма нарсани ўз аслида яратиш керак. Қуръони Карим қандай буюрган бўлса шундай қилиш керак,-деди ҳалиги йигит фикрини бошқа томондан айлантириб келиб.
Пирмат у йигитни ҳовирдан тушишга чақирди.
-Агар мана шундай деб турсак ўзимиз ҳам, яна минглаб биродарларимиз ҳам мана бу зиндонлардан қутулмайдилар. Бизда ҳам программа минумим ва прогарамма максимум бўлиши керак. Минумум шуки, Дажжолни бартараф этиб, истиқлолга йўл очиш керак, максимум эса саодат салтанатини қуриш бўлади.
Баҳс тинмасди. Қорабой ака учун янги ҳаёт бошланди. Кўнглининг бир четидан ҳақиқатдан ҳам синов бошланган экан, бу ерда кўп нарсани англадим, деган фикр ўта бошалди. Аммо оиласи ҳақида хабар ололмагани унга тинчлик бермасди.
Рустам, Отабек қаерда экан? Нима қилишаётган эканлар? Бу саволлар кўнглида пайдо бўлаётган умидни сўндириб юборар эди.
У бир кун кўнглини Пирматга очиб қолди.
-Хавотир олмнаг, эртагаёқ хабар топаман, уларнинг қаердалигини билиб оламиз,-деди Пирмат.
-Тоғангизни шунча имкониятлари бор экан, нега сизни чиқариб олмаяптилар,-деди Қорабой ака.
-Мен ўзим кетишни истамайпман. Кўнглимдаги одамларни топдим. Кетсам улар билан бирга кетаман. Менинг мақсадларим бор. Уларни фақат ана шундай чиниққан одамлар билан амалга ошириш мумкин,-деди Пирмат.
Бу гапни эшитиб ўтирганлар бош силкаб қўйишарди.
-Бун дунёда бандага эмас, яратганнинг ўзига тобе бўлсангиз бутун ҳақиқатни кўрасиз. адолат ўрнатишни ҳис этасиз, адолат душманларини танийсиз,-дея Пирмат гапирар экан, Қорабой ака ўйланиб қолди.
Балки бунинг тоғаси Каримовни йўқотиб биратўла ҳам ундан, ҳам Иноятовдан қутулмоқчи ҳам ҳокимиятни қўлга олмоқчидир? Шунинг учун балки бу ердагиларни қўлланмоқчи бўлса-чи? Ахир ҳамма нарса издан чиқиб кетмоқда? Жуда кўп одам бу ерга қатнамоқда. Қуролларни ташлаб кетишмоқда. Ҳаммага биттадан уяли телефон бериб қўйишди. Фақат Қорабой акага беришмади.
У ўзини четга тортаётгани учун улар ҳам уни четда сақлашмоқда. Балки бошқа йўл йўқдур? Бир неча кун олдин ўлимга рози эдим. Буларга қўшилсам нима бўлади? Оилам билан алоқа ўрнатишим, Рустам ва Отабекдан дарак топишим мумкин. Булар Дажжолдан қутулмоқчи. Ҳамма унинг ёмонлигини билади. Ҳамма ҳам ундан қутилишни истаяпти. Лекин бу қалтис йўл. Аммо энди унинг учун фарқи қолдими? Суд йўқ, тергов йўқ. Мана неча ойдирки биорв сўрамайди. Қанча калтаклашди, қийнашди.
Агар Пирмат келиб қолмаганда ўлиб кетган бўларди. Балки бу Худонинг мўъжизасидир? Балки Худо унга қайта ҳаёт бериб Дажжжолга қарши бош кўтаришга чақираётгандур? Нима бўлганда ҳам ютқизмайман деб ўйлади Қорабой ака. Курашман, Дажжолга қарши курашаман деб қарор берди.
Бу қарориони билган Пирмат ва бошқалар уни қучоқлаб, қутладилар. Шу куни унга уяли телефон беришди. Дарҳол уйига телефон қилди. Жавоб келмади. Яна тушкунлика йўлиқди. Ниҳоят Пирмат қўшнисининг телефонини топиб берди. У умр йўлдоши оламдан ўтганини эшитиб фарёд солиб юборди. Камерадошлари унга таскин беришди. Бирининг акаси ўлгани, бирининг отасини ўлдиришгани ҳақида гапиришди. Камерада Қуръон ўқиб, хатим қилиб, ўлганларни дуо этишди.
Қорабой ака энди Рустам ва Отабек ҳақида хабар топишни жуда ҳам истаб қолди. Пирмат яхши бола экан. Келган одамдан шу ҳақда сўрар ва хабар топиб келишни айтар эди.
-Мен,-деди Пирмат,- бу бўлаётган ишлар учун ҳеч кимни айбламайман. Ҳаммасига Дажжол айбдор. Бир кун тоғам чақириб қолди. “Бир иш бор” деди. У Дажжол билан боғлиқ мутлоқ махфий ишлари бўлсагина мени чақирар эди. Менга ўхшаб яна бир икки жуда ҳам ишонган йигити бор. Уларга мендан ҳам кўпроқ ишонади. Бизга бир одамни ўғирлашни буюрди. Уйи Тошкентнинг четида экан. Ўғирлаб келдик. Тоғам Дажжолнинг ёнига олиб борди. Олиб киришдан олдин уни ечинтирдик. Тоғам уни ичкарига яланғоч ҳолда олиб кирди. Кираётганда қаршлик кўрсатмади. Чунки қаршиликнинг жавоби нима бўлишини унга кўрсатиб қўйган эдик.
Бир соатда уни тоғам қайтиб олиб чиқди. У бизга қараб йиғлаб юборди. Олтмишга яқинлашиб қолган одам эди. Катта ишларда ишлаган. У шунақа увлаб йиғлади-ки ичимдан бир нарса узилиб кетди. Тоғамга қарасам у ҳам эзилиб кетган одамдек бошини елкасининг ичига тиқиб олган.
Дажжол ҳалиги одамни яланғоч ҳолда кўчанинг ортасига ташлаб кетишни буюрган экан, шундай қилдик. Уни машинадан туширар эканмиз, у тоғамга қараб шунақа илтижо қилди-ки, тоғам ҳам йиғлаб юборай деди.
Кейин тоғамнинг ҳам Дажжолдан кўнгли қолди. Ҳалиги одам Дажжолнинг энг яқин дўсти бўлган экан. Дажжолнинг ўзи ини қийнабди, эркаклигини оёқ ости қилибди. Шу воқеадан кейин Дажжолни душманим деб эълон қилганман. Худога шукур бу курашда ёлғиз эмас эканман, ҳозирга келиб катта бир армияга айландик. Энг асосийси Худо биз томонда! У кўрсатган йўл ҳақ йўлдир. Дажжолга ўлим! Оллоҳ ҳақдур! Оллоҳу Акбар!
Камерани бузиб юборай деди бу садо. Чунки қолганлар ҳам шунақа қичиршдики, деворларга урилган акс-садо қамоқнинг ташқарисига чиқиб кетгандек бўлди. Қорабой ака ҳам ана шу садо соҳибларидан бир эди…
Телевизор экранидан камера ичида юз берган ҳолатни томоша қилган Алимов:
-Пирматча деганингиз бу гапларни қаердан билади? У ҳамма сирларни очиб ташлабди-ку?- деди койиш оҳангида.
-Ҳаммаси эмас, уммондан қатра-ку! Агар бўлган нарсаларни айтмаса, уларни ишонира олмайди-да,-деди Ҳамидхон.-Бу бизнинг ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз.
-Оқсоқол сизга бекордан ишонмаган эканлар,-деди Алимов ҳали ҳам кайфияти очилмаган ҳолда унинг қўлини қисиб.-Воқеаларнинг давомини ҳам кечиктирмай айтиб туринг, ҳар кун сўраб турибдилар!
Ҳамидхон Алимов ҳузуридан чиқиб аеропортга йўл олар экан, Каримов билан учрашувни ёдга олди.
Алимов эса қаергадир телефон қилиб, Ҳамидхон ва Пирматни яхшилаб ўрганишлари, кузатишлари, қариндош уруғлари ҳақида маълумот тўплашларини буюрди.

(Давоми бор)

Жаҳонгир Муҳаммад.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, АССАССИН. Bookmark the permalink.