Ассассин (Тарихий-замонавий роман)

2013_12_Istanbulda (43)ТЎРТИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Ҳамидхон Қорабой акани кўндирганидан мамнун эди. Энди Отабекни ҳам синдирсам “иш битди” деб ўйлаётган эди. Зотан эртага эрталабки рейсда Тошкентга учиши керак, уни Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ўзи чақирган. Қайнотасининг айтиши бўйича Президент билан ҳам учрашиб қолиши мумкин. Шу боис кўнглида қилаётган ишидан ифтихор туяётган эди.
Ҳамидхон жуда камбағал оилада туғилди. Улар уч ака-ука эдилар. У ўртанча ўғил эди. Акаси ва укаси новча, кучли, аммо у семиз ва заиф эди. Отаси худди хўроз уриштирган каби уларни доим курашга туширарди. У акасидан ҳам, укасидан жуда осон енгилар эди. Улар уни гурсиллатиб йиқитиб, устига миниб олишар ва “бир қоп қум, гум-гум-гум!” деб мазах қилишар эди. У ҳар қанча кураш тушишдан қочса ҳам, отаси барибир уни чақирар ва йиқилганда унинг устидан куларди. Кейин;
-Сан ҳеч одам бўлмайсан, акангга қара, ёки укангдан ўргансанг ўласанми?-дерди.
У отасини ёмон кўрарди. Шунинг учун онасининг пинжига тиқиларди. Мактабда ҳам дарслари яхши эмас эди. У семиз ва лўппи бўлгани, юзлари худди қизларникидек тиниқ ва силлиқ бўлгани учун болалар уни бурчакка тортиб ўпишар, “Ҳамида, Ҳамида…” деб мазах қилишар эди. Бунинг устига исмига қўшилган “хон” қўшимчаси ҳам болаларга қўл келар ва улар “Хон, битта ўпич бермайсанми?” деб унинг устидан кулишар эди. Мактабда у ўзи билмаган ҳолда қизларга яқин юрадиган бўлиб қолди. Уйда эса онасининг ёнидан силжимас эди. Бир куни отаси ва онасининг жанжалини эшитиб қолди: Continue reading