Пўлат Охунов

pulatjan_akhunov1Ўзбекистонда мустабидликнинг ибтидоси

Ўзбекистонлик сиёсий мухолиф, Швецияда рўйхатга олинган Марказий Осиё жамиятининг (Association Central Asia) раиси, Ўзбекистонда Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Пўлат Охунов ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирида ва тўқсонинчи йиллар ўрталарида Ислом Каримов билан учрашувлари тўғрисидаги хотираларини эслади.

Мени қамоқдан Ўзбекистон президентининг 1994 йил 3 ноябрь куни имзолаган фармони билан муддатидан олдин озод қилаётганларини Навоий вилояти Қизилтепа шаҳридаги УЯ64/47 жазони ўташ колониясининг санчастида туриб билдим. Турма ичидаги турма бўлмиш “бур”да уч ҳафта давомида очлик эълон қилганимдан сўнг шу ерга тушиб қолгандим. Ўша куни колония раҳбари (зеклар тилида Хозяин дея аталувчи бу одамнинг фамилияси адашмаётган бўлсам Идиев эди) олдимга келди. Менга нисбатан хушмуолада бўлгани билан, изоляторга ёки бурга (камерага ўхшаш хона) тиқиш учун орқама-кетин ҳужжат имзолашдан тоймасди. Бироқ бу сафар унинг юзидан сирли табассум таралиб турарди. Мен билан қисқагина ҳол-аҳвол сўрашганидан сўнг енгил тин олгандай: “Домла, Сизни озод қилиш тўғрисида фармон чиқди. Менга Сизни Тошкентга етказиш тўғрисида буйруқ беришди. Президент Фармони билан озод қилинганигиз учун конвой бўлмайди, мен ўзим Сизни машинамда олиб бориб қўяман”. Шундан кейин бир оз ўйланиб, “Сизни тўппа-тўғри президентнинг олдига олиб боришса керак…”, дея қўшимча қилди. Маҳбуснинг йўлга отланишига кўп вақт керак бўлмайди: китобларни йиғиштирдим, омбордан нарсаларимни олиб йўлга чиқдик. Қизилтепадан Тошкентгача йўл олис, чексиз борлиқдан эсаётган озодлик шамолидан чуқур нафас олиб, сархуш бўлаётгандек эдим. Кимсасиз чўл орасидаги йўллардан бир неча соатдан юргандан сўнг биз ниҳоят йўл четидаги хушманзара, иштаҳани қитиқловчи бўйлар таратувчи таомлар тайёрланаётган ошхона ёнида тўхтадик.

Хозяин машинани бир четга қўйиб, мени тамадди қилиб олишга таклиф қилди. Овқат устида менга қизиқиш билан тикилиб: “Ростини айтсам, домла бу ердан тирик чиқишингизга кўзим етмаганди. Ҳамма президент сиздан қаттиқ ғазабланмоқда деган гапларни айтиб юрарди: унинг Сизга муносабати яхши бўлган экан, катта-катта лавозимларни таклиф қилган экан. Аммо сиз бетгачопарлик қилиб, умуман кечириб бўлмайдиган гапларни гапирган экансиз. Шунга қарамай, президентнинг сизга муносабати ўзгачага ўхшайди, бўлмаса раҳм қилиб озодликка чиқарармиди…”

Афтидан у расмийлар мени фақат менинг ҳимоямга қаратилган Amnesty International, «Хьюман Райтс Вотч/Хельсинки Вотч» каби ташкилотлар, Андрей Сахаровнинг беваси Елена Боннэр ва бошқа таниқли шахслар иштирок этган халқаро кампаниянинг кенг ёйилиши, туфайли озодликка чиқаришганини билмаган. Менинг озод қилинишимда Россия президенти Борис Ельцин ва Франция президенти Франсуа Миттераннинг Каримовга шахсан мурожаатлари ҳал қилувчи ролни ўйнаган эди. Бироқ ўша пайтда мен буларни билмас эдим, шунинг учун тахминан шундай жавоб бердим: “Марҳаматини билмадим, аммо балки у айнан унинг бетига ҳамма гапларни гапирганим ҳамда тизимга хизмат қилишдан бош тортганим учун қўйиб юбораётган бўлиши мумкин…”

Овқатланиб бўлиб йўлга чиқдик… Озодлик ҳиссиёти, мазали таом элитиб қўйди шекилли мудрай бошладим, Хозяиннинг гаплари туртки бўлиб хотирамни уйғотиб юборди ва ўтмиш воқелари гўё кинохроника кадрлари каби кўз олдимдан ўта бошлади.

* * *

1989 йил март ойидан бошлаб, мен СССР Халқ депутати сифатида Ўзбекистоннинг олий раҳбарияти, обком секретарлари, Марказий Комитет аъзолари, депутатлар ва бошқалар иштирок этадиган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ишида қатнашишимга тўғри келди. Бу мажлислар иштирокчилари орасида Ислом Каримов ҳам бор эди, албатта. Айтиш жоиз, у партия номенкулатураси бўйича ҳамкасблари орасида ҳеч нимаси билан ажралиб турмасди.

Ўзбекистондан телеграммалар

Ҳар ҳолда, хотирам айрим нарсаларни илғай бошлади. 1989 йил июнида ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборган ва уни шу чоққача ўша йўлда олиб келаётган бир эпизод айниқса эътиборга лойиқ. СССР Халқ депутатлари Съездининг 1989 йил 2 июнида бўлиб ўтган мажлисида мен регламентни бузиб, минбарга чиқиб олдим ҳамда республикадаги аҳвол бўйича раҳбарларнинг ёрқин бўёқлар билан безатилган сўзларидан фарқланувчи муқобил фикрларга эга бўлган депутатларга сўз берилмаяпти, дея эътироз билдирдим. “Нега бизга республикадаги ўта оғир аҳвол юзага келганини айтишга йўл беришмаяпти?” деган фикр сўзларимга нақорат эди гўё.

Ўша пайтда мени чулғаб олган ҳиссиётларимни тарифлаш қийин эди: мен эндигина 27 ёшга кирганман, Кремлдаги съездлар саройининг минбарига илк бор чиқишим, икки мингдан зиёд СССР халқ депутатларининг кўзлари менга қадалган, президиумда ўтирган Михаил Горбачёв ва бошқа давлат раҳбарлар менга қараб туришарди.

Танаффусда хаёлга келмаган воқеа содир бўлди: Андрей Сахаровнинг шахсан ўзи олдимга келиб: “Қўлимда Ўзбекистондан келган жуда кўп телеграммалар бор… Уларни сизга топширсам, тўғри бўлади, деб ўйлайман”. Адолат учун курашган буюк инсон, тинчлик учун Нобель мукофоти лауреатининг сўзлари мени тўлқинлантириб юборганидан кўзларимга ёш қалқиди, жоним ҳудди бўғзимга тиқилгандек, фақат “Раҳмат” дея олдим, холос. Шу пайт кутилмаганда биз ака-укалардек қучоқлашдик. Андрей Дмитриевич менга далда бериб: “Ҳечқиси йўқ, бардам бўлинг, Сиз учун ҳамма нарса энди бошланади”, деди.

Мажлис тугаши билан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретар Рафиқ Нишанов республиканинг ҳамма депутатларни залнинг ўзида тўплаб (уларнинг орасида ўша пайтда Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Ислом Каримов ҳам бор эди) ҳамманинг олдида менга бақира бошлади: “Нима қилиб қўйганингни тушуняпсанми?! Сен ўз ҳаётинга нуқта қўйдинг!” Нишанов саҳнада турган актёрдек аччиқланишда давом этарди: “Ким сенга бунақа гапларни гапиришга ҳуқуқ берди?!” Ҳаётда атрофидаги одамларга нисбатан хайрихоҳ бўлган бўлган бу инсон қўл остидаги ходимларини ва ҳамкасбларини сўкиш ва таҳқирлашга одатланмагани кўриниб турарди. Унинг кўзига тик қараб “Мен депутатман, орқамда сайловчиларим турибди, бу ҳуқуқни менга улар бердилар. Менга бақиришга эса Сизнинг ҳақингиз йўқ, чунки бу ерда икковимизнинг ҳуқуқ ва ваколатларимиз тенг”, деб жавоб бердим. Нишанов учун жавобим ўта кетган дағаллик эди. Бироқ шамоили олижанобликдан мосуво бўлмаган Рафиқ Нишанович ўша фурсатда ўзининг ноҳақлигини англагандек, қўққисдан менга нисбатан ҳужумини тўхтатди.

Шу пайтда литвалик депутат, мухолифатдаги “Саюдис” ҳаракатининг лидери, кейинчалик Литва Республикаси Сеймига раис этиб сайланган Витаутас Ландсбергис ёнимиздан ўта туриб, ўзи истамаган ҳолда ўзбекларнинг “разборкаси”устидан чиқиб қолди. Ҳамкасбларимнинг мени жазога тортишга бўлган омадсиз уринишларидан сўнг у ёнимга келдида, юмшоқ литовча оҳанг билан мени қўллади: “Ўзбекистонда демократ бўлиш осон эмас…” Ҳайратдан лол қотган ўзбек депутатларига кинояли назарини ташлаб давом этди: “Тушунмай қолдим, нега энди Сиз турганда, Ўзбекистондан келган телеграммаларни менга беришяпти?”.

У “итоаткорона-агрессив кўпчилик” сафига қўшилиб қолган ўз депутатларининг позициясидан ғазабланган ўзбекистонликларнинг бир қанча телеграммаларини қўлимга тутқазди. Мен ўша телеграммаларни ҳозир ҳам сақлаб келяпман. Айтиш жоизки, Европарламент депутатлигига мунтазам равишда сайланиб келаётган жаноб Ландсбергис билан шу чоққача дўстона муносабатларимиз сақланиб қолган бўлиб, жаҳон сиёсатига оид долзарб масалалар бўйича фикр алмашиб, постсовет майдонидаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида суҳбатлашиб турамиз.

Қўрқинчли одам

Ўша куни кечқурун республикамизнинг деярли барча вилоятларининг биринчи секретарлари билан учрашдим. Улар бир-бирларидан яширинча меҳмонхонадаги хонамга ташриф буюриб, Нишанов билан тўқнашувимда мени қўллаганларини билдирдилар. Уларнинг орасида Ислом Каримов ҳам бор эди. Ўшанда у билан биринчи марта кўришгандим. У ҳам менинг хонамга келиб, “сен маладессан, маҳкам бўл, қўрқмай танқид қилавер, биз ҳаммамиз сенинг позициянгни қўллаймиз”, деган маънодаги гапларни айтганди.

Ўшанда Каримовнинг қанақа одамлиги, унинг характери ҳақида ҳеч қанақа тасаввурга эга эмасдим. Кейинроқ, Каримов республика Компартияси МК биринчи секретарлигига сайланганида унинг қанақа одамлиги ҳақида қашқадарёлик таниш депутат аёлдан сўрадим. Оддий ўзбек аёли, совхоз ишчисининг жавоби мен ажаблантирди. “Биз ундан қўрқамиз, у қандайдир қўрқинчли…”

– Қанақасига қўрқинчли? Нега?

– Билмадим, бизда ундан ҳамма қўрқади, совхоз директори ҳам, райком секретари ҳам. Улар каби мен ҳам…

Маълум бўлишича, жойларда Ислом Каримов билан бирга ишлаган ҳамда унинг ишлаш услуби билан тўқнашган одамлар унинг шахсиятидаги камчиликларни яхши билганлар. Мисол учун, 1990 йил апрелида Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида қашқадарёлик депутат Шавруқ Рўзимуродов Ислом Каримовнинг номзодини республика президентлигига қўйишга қарши чиқмоқчи эди, аммо унга сўз бермадилар. Ўшанда у мажлислар залининг ўртасига сакраб чиқиб: “Бу одамни сайламанглар! У – жуда қўрқинчли одам! Кейин бир умр афсусланиб юрасизлар!” деб бақирди. Ўшанда ҳамма унга “бу одам жинни бўлиб қолганга ўхшайди”, деган назар билан қараган эдилар. Кейинчалик Шавруқ Рўзимуродовни депутатлик мандатидан маҳрум этдилар, турмага қамадилар, аммо жамоатчиликнинг босими остида 1991 йилда уни озодликка чиқаришга мажбур бўлдилар. Ўшанда мен бир неча бор Қаршига бориб, унинг қамалишига қарши норозилик акцияларини уюштирганман ва ҳар сафар расмийлар мени вилоятдан мажбуран чиқариб юборардилар.

Ўшанда Рўзимуродовни озод қилдилар: Каримов ўша пайтда хали ўзининг қудрат чўққисига чиқиб улгурмаганди. Бироқ озод қилиш – кечириш дегани эмас. Бу мард инсон, жасур депутат жазосиз қолмади: 2001 йил июлида Шавруқ Рўзимуродов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ертўласида ўлдирилди. Унинг руҳи шод бўлсин, жаллодларига лаънатлар бўлсин!

Каримов Марказий Комитетнинг биринчи секретари лавозимида ўтказган биринчи мажлисларидан бирида унинг аччиғини келтирадиган бир неча саволларни бердим. Мажлисдан сўнг ўша пайтда Тошкент обкомининг биринчи секретари лавозимида ишлаб келган Солижон Мамарасулов олдимга келди. У республикадаги энг нуфузли обком секретарларидан бири бўлиб, Москва ва шахсан М.С.Горбачевнинг ҳурматига сазавор бўлган. Мажлисларда Горбачов доим унга эътибор бериб, гапга солар, бошқалардан ажратитиб турарди. Мен Мамарасуловни 1979 йилдан бери танирдим. Ўшанда у иштирок этган йиғилишда студентларнинг пахта компанияси даврида ўта ёмон шароитларда қолиб кетганини танқид қилгандим. Ўша пайтда у Андижон обкомининг биринчи секретари, мен эса 17 ёшли студент эдим. Мана энди ўша мажлисдан кейин Мамарасулов олдимга келиб, “Пўлат, вақт борида қочиб қол, у жуда қўрқинчли одам, на сени ва на мухолифатчи дўстларингни ва уни билган бизнинг ҳаммамизни тинч қўяди. Энди биз ҳам тамом бўлдик”. Ўшанда Мамарасулов мени эҳтиётсизлик билан қўполлик қилиб қўйишдан, раҳбарларни ғазаблантиришдан тўхтатиб қолмоқчи бўляпти, деб ўйлагандим. У менга бу гапларни жиддий туриб гапирди. Кейинчалик, қулай фкрсат туғилиши билан Каримов уни лавозимидан олиб ташлаб пенсияга чиқариб юборди.

Ҳукмдорига муносиб раият

Ислом Каримов 1989 йилда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретари лавозимига тайинланганида, у ўз олдига қўйилган вазифаларни ўзидан олдин ўтган мамлакат раҳбарлари: Нишанов, Усмонхўжаев, Рашидов, Юсупов, Икрамовлар олдига қўйилган вазифа каби тасаввур қилган бўлса керак. Москва унга Ўзбекистондаги ишларни назорат қилишни топширади, у бўлса Марказ олдида ўз фаолияти бўйича ҳисобот беради. Ҳатто мустақиллик ҳақида сўз юритила бошланганида ҳам Ислом Каримов бу ғояга қарши чиқиб, мустақиллик республикага зарар етказади, дея билдирган ҳамда ўз фикрини исботи учун турли далилларни келтирнанди. Республикамизни денгизга олиб чиқадиган йўл йўқ, ўзига хос “тошли қоп”да қолиб кетамиз, деган сўзлари айниқса хотирамда ўрнашиб қолган. Ёки: “Агар мустақил бўлсак, кўплаб мамлакатларда элчихона очишимизга тўғри келади… Шунча пулни қаердан оламиз?” Ўша пайтдаги газеталарни ўқисак, Каримовнинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги позициясини аниқ билиш мумкин. У бўлса Ўзбекистонда СССРни сақлаб қолиш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик ва ташкилотчилик ишларига раҳбарлик қилган эди.

Аммо СССР парчаланиб кетди ва республика партия ташкилотининг раҳбари бошига кутилмаганда давлат мустақиллиги деган нарса келиб тушди. Шундан сўнг у мустақил давлатни барпо этиш ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлди. Янги давлат қурилишининг дастлабки йиллари энг оғир бўлган, ахир юзлаб йўналишларда фаолият кўрсатиш лозим эди. Биринчи ва энг асосий масала – ўз жамоасини тузиш ва унга Каримовни ўз лидери деб тан оладиган, оғир кунларда ҳиёнат қилмайдиган садоқатли одамларни жалб этиш.

1991-1993 йилларда Каримовга рақиб бўлган одамлар кўп эди, чунки ўша пайтда жамиятда хали қайта қуриш ва ошкоралик руҳи йўқолиб кетмаган эди. Республика парламентида, вилоят ва туманларда кураш олиб бориш ташаббуси билан чиқаётган легал сиёсий мухолифат пайдо бўлганди. Каримов бир неча марта президентлик лавозимидан маҳрум бўлиб қолиш ҳолатига дуч келганди. Мисол учун, 1991 йил кузида республика Олий Совети президент истеъфоси масаласини муҳокама қилган эди – ўшанда депутатлар оддийгина овоз бериш йўли билан президентни лавозмидан четлатиш имкониятига эга эдилар. Бироқ бўлгуси узурпатор ўзининг барча ресурсларини сафарбар қилиб ва маъмурий ўйинларни юритиш ва фитначилик бўйича бор қобилиятини ишга солиб, мансабда қолишга эришди. Ушбу вазиятдан у қуйидаги хулосаг чмқарди: парламентга қарамлик унинг давлат раҳбари лавозимидан ажраб қолишига олиб келиши мумкин. Ўшандан бери Каримов парламентни шакллантиришга катта эътибор қаратиб, унинг мустақил сиёсий роль ўйнай олмаслиги, таркибида президентга қарши чиқа оладиган салоҳиятли ва ҳатто унинг яккаҳокимлигига қарши фитна уюштира оладиган шахслар бўлмаслиги учун қўлидан келган ҳамма ишларни қилиб келмоқда.

Советлар тузумида у бунчалик даражадаги авторитар раҳбар бўла олмасди. Агар мустақил Ўзбекистонда аввали бошдан ҳокимиятни тақсимлаш тизими шаклланиб, мухолифат кучайганида, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолит юритиб келганида, Каримов бугунгидек мустабид ҳукмдор бўла олмасди. У Конституция белгилаган муддатдан сўнг президент лавозимини тарк этишга мажбур бўларди ва биз мамлакат ривожланишининг бошқача сценарийсини кузатган бўлардик.

Бироқ мамлакатда барчани сўзсиз бўйсунишга мажбур қилувчи яккаҳокимлик тартибининг ўрнатилишида нафақат унинг ўзи, балки ҳаммамиз айбдормиз. Диктаторни биз яратдик, иродасиз зиёлиларимизнинг кўмаги остида хушомадгўй мулозимларимизнинг мутеларча қўл қовуштириб туриши уни мустабидга айланириб қўйди. “Самарқанд осмонидаги юлдузлар” романини яратган ёзувчи Сергей Бородин чиғатойлар жамиятида чўлоқ Темур қандай қилиб тахтни эгаллагани ва ўзининг кенг кўламли авантюраларига ҳаммани қандай қилиб жалб эта олгани тўғрисидаги саволга жавоб топишга уриниб, “қавмга яраша имом топилар экан” деб ёзганди. Қизиғи шундаки, Ислом Каримов салтанатининг феномени учун бу ибора жуда ҳам тўғри келган: ўзбекларнинг “қавмига” у жуда ҳам мос келмоқда.

1989 йилнинг кузида Ўзбекистон Олий Советининг сессиясида СССР халқ депутати сифатида иштирок этишга тўғри келди. Бундан сал олдинроқ Ўзбекистон Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига тайинланган Ислом Каримов президиумда қовоғини солиб ўтирар ҳамда сессиядан содир бўлаётган ишларни индамай кузатиб борарди. Шу кун давомида у бирор марта ҳам сўзга чиқмади, бир оғиз сўз гапирмади, фақат залда содир бўлаётган ишларни кузатиб борди, холос. Мажлис ўртасида танаффус пайтида унинг олдига яқинлашдим ҳамда кўрилаётган масалалар муҳокамаларининг услуби борасидаги норозилигимни билдирдим. Шунда у лабини нафратомуз буриб, бўғиқ овозда: “Бу одамларнинг қанақалигини кўриб турибсанку… Ахир булар билан бирор иш қилиб бўладими? Шошмай тур, янги сайловлар бўлади, янги одамларни кўтарамиз, ана ўшанда ишлар бошқача бўлади…”, деб жавоб берди. Залда депутатлар ўтирарди, аммо аслида бу ерда Ўзбекистон партия-хўжалик активининг деярли бутун таркиби ўтирарди. Барча обком, райкомларнинг биринчи секретарлари, областлар ва районлар Советлари раислари, корхона ва хўжаликлар раҳбарлари. Қисқа муддат ичида уларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг сиёсий майдонидан йўқолиб кетди…

Республиканинг Москвадаги ваколатхонасида бўлиб ўтган йиғилишардан бирида мен Каримовга унинг мухолифатга нисбатан юргизаётган сиёсати тўғрисида бир нечта савол бердим. У қўйилган саволга мужмал ва ноаниқ жавоб берар, гўё жавоб беришдан ўзини олиб қочишга урингандек ҳаракат қиларди, аммо мен унга ёпишиб дастакларни келтириб, унинг ишонарли бўлмаган далилларини инкор этдим. Ҳамма бизнинг тортишувимизни индамай кузатиб ўтирардилар. Бироқ кутилмаганда ўша пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлиб ишлаган депутат Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ўрнидан сакраб турдида, менга бақира кетди: “Бас қил! Нега энди ҳамма сенга қулоқ солиши керак? Нега сен бизнинг ҳурматли раҳбарларимизнинг ишлашига ҳалақит берасан? Нега хиралик қилиб, ҳар-хил саволлар бераверасан? Ислом Абдуғаниевичга ишлашга ҳалақит беришни бас қил!” Мен шундай ҳурматли инсоннинг уялмай ва ҳижолат қилмай кўпчиликнинг кўз ўнгида примитив садоқатини намойиш этаётганидан қаттиқ ҳафа бўлиб кетдим. Бу инсон мамлакатимиз зиёлилар қатламининг энг илғор вакилларидан бири эди, ҳаммамиз ундан ўрнак олишга интилардик. Бироқ мен ўзимни йўқотмай, “Одил ака, биз депутатлармиз, бизнинг ишимиз ижроя ҳокимиятини тинимсиз танқид қилишдан иборат, айнан биз унинг раҳбарларини назорат қилишимиз, улардан ҳисобот талаб қилишимиз лозим”, деб айтдим. Шунда йиғилишнинг қолган иштиркочилари ҳам менга ташландилар ва мени сўзга чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Бироқ шу ерда Каримов кутилмаганда ҳаммани тинчлантириб, бу вазиятда мен учун мутлақо кутилмаган сўзларни айтди: “Мен Пўлат Охуновни ҳурмат қиламан, у доим ҳақиқатни юзига гапирадиган, лаганбардорлик қилмайдиган инсон. Бизда танқид бўлиши керак, биз танқидни тақиқламаслигимиз лозим. Ҳурматли Одил Ёқубов, сиз ноҳақсиз! Одамларнинг оғзини беркитиш мумкин эмас…”

Агар ўша даврда ўзбек зиёлилари элитаси хали оёғида мустаҳкам ўрнашиб олмаган салтанат олдида лаганбардорлик қилмай, унинг қарорларини очиқ муҳокама қилганида, у билан мунозара олиб бориб, фаолиятини энди бошлаётган президент ва янги давлатнинг бошқа раҳбарлари ҳаракатини тўғри йўлга солиб турганида, бугунги кундаги шармандали аҳвол юзага келмасди. Каримов элитанинг таниқли вакиллари унга хушомадгўйлик қилиб, бири-бирини балчиққа белашга тайёрлигини, яхши лавозимларни эгаллашга интилиб, бошқалар устидан хўжайинлик қилиш, тақдирини белгилаш истагини аниқ ва равшан кўриб турарди. У одамларининг асл башарисини, уларнинг ички дунёсини яхши англаб олиб, кечаги мухолифларининг оддийгина қилиб ўзига оғдира бошлади. Авваллари мухолиф кайфияти билан танилган одамлар аста-секин Каримовга қарши чиқишларини камайтира бошладилар, кейин бўлса, умуман танқид қилмай қўйдилар. Тез орада уларнинг ҳаммаси мухолифатни тарк этиб, турли муассасаларда юқори лавозимларни эгаллаб олдилар.

1991 йил декабрда биз ўзбекистонлик СССР халқ депутатлари Тошкентда тўпланиб битта рейс билан Москвага учдик. Самолетда учиб кетяпмизу, салондаги одамлар зерика бошлаган, ҳамманинг қорни тўқ, ичиб олганлар ҳам бор. Шунда Ислом Абдуғаниевич Абдула Ориповга: “Зерикиб кетдик, балки кайфиятимизни кўтарарсиз?” деди. Эл севган машҳур шоир, Давлат Мадҳиясининг муаллифи Каримов ўтирган салоннинг олд қисмига туриб олиб, юмористик шеърларини ўқий бошлади. У шеър ўқир экан, башарасини бужмайтириб, масхарамузона қийшаяр, таннозлик қиларди. Бутун салон кулгидан ичаги узилаёзди. Фақат мен кулмадим, ажойиб шеърларни ёзган севимли шоирим, “Биринчи муҳаббатим” шеърининг муаллифини қаттиқ ҳурмат қилганим учун кулмадим. Москвага етиб келганимизда кечқурун меҳмонхонадаги унинг номерига кириб, эшикдан кира солиб: “Ака, уялмайсизми? Сиз хизмат кўрсатган инсон ўзингизни шоҳ олдидаги масхарабоз каби тутдингиз”, дедим. Шу пайтда унинг мастлигини сезиб қолдим. У “Нимани ҳам тушунардинг, нимани тушунардинг…”, дея ғудранарди, холос.

“Гарчи душманим бўлсанг ҳам…”

1991 йил августида, ГКЧП (Фавқулодда вазият бўйича давлат қўмитаси) воқеаларидан сўнг СССР халқ депутатларининг V Фавқулодда Съезди чақиртирилди. Уч кун давом этган съезд (2-5 сентябрь) СССР ҳаётига нуқта қўйишга қаратилган йирик қадам бўлди. Унда тарих учун муҳим бўлган қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:

1. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари декларацияси
2. СССР таркибига кирувчи иттифоқдош давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг янги тизимини шакллантириш ҳамда янги Иттифоқ шартномасини имзолашга тайёргарлик кўриш учун ўтиш даврини эълон қилиш.
3. Ўтиш даврида ҳокимият органлари тўғрисида.

Сўнги қарорнинг мазмун-моҳияти Халқ депутатлари съезди тугатилишини англатарди.

СССР Халқ депутатлари съездини тарқатилганидан сўнг янги қонунчилик органи – СССР Олий совети иттифоқдош республикаларида сайланган мухтор вакилларидан иборат бўлиши керак эди.

Бу қарорнинг мазмуни – Ўзбекистон Олий Совети СССР Олий Советига депутатларни сайлаши ҳамда республика манфаатларини ҳимоя қилиш ва янги Иттифоқ шартномасини тузишда иштирок этиш учун уларни Москвага вакил қилиб жўнатиши керак эди.

1991 йилда Тошкентда Ўзбекистон Олий Советининг сессияси бўлиб ўтди, унда СССР Олий Советига мухтор депутатларни сайлаш масаласи кўрилди. Республика аҳолиси сессияда нима ишлар содир бўлганини кўра олишлари учун унинг иши ТВ орқали намойиш этилди. Сессия ишида эҳтимол республика Олий Советининг депутатлари муҳтарам Насрулло Сайид ва Жаҳонгир Муҳаммад ҳам қатнашган бўлишлари мумкин, ёзаётган нарсаларимда қандайдир ноаниқликлар ёки англашилмовчиликлар бўлса, тўғрилаб қўйишларига умид қиламан.

Ушбу сессия жиддий кураш, шавқатсиз тортишув ва мунозараларда ўтди дейиш қийин, чунки барча номзодлар аввалдан президент аппаратида муҳокамадан ўтиб тасдиқланган эди.

Таниқли ёзувчи Пиримқул Қодиров мухтор вакилларни сайлаш ва тасдиқлаш бўйича маъруза қилиб, номзодлар рўйхати тузилиб маъқулланганини маълум қилди ҳамда бу рўйхатдаги номларни ўқиб бериб, уни муҳокама қилмай тасдиқлашни таклиф этди. Шу пайтда депутат Тойиба Тўлаганова чиқиб, “Мен бу рўйхатга Пўлат Охуновни киритилишини талаб қиламан ва унинг номзодини овозга қўйилишини сўрайман!” деб билдирди.

Пиримқул аканинг ранги девор бўлиб ғулдурай бошлади: “Ие, нима деяпсиз? Ахир Пўлат Охунов президентимизнинг душманику! Уни қанақа қилиб бу рўйхатга қўшамиз? Йўқ. Бу мумкин эмас! Менимча, бу масалани муҳокама қилишга ҳожат йўқ. Президентимизни доим танқид қиладиган, уни тинч қўймайдиган одамнинг номзодини қўйиш мутлақо ярамайди, бу таклифни ҳеч ким қабул қилмайди. Мана, бу ерда ҳурматли президентимиз ўтирибдилар, сизнинг таклифингиз эса бизнинг муҳтарам президентимизга нисбатан ҳурматсизлик бўлади”, – дея бу масалага нуқта қўймоқчи бўлди. Фарғона вилояти “Коммуна” газетаси муҳаррирининг муовини, СССР халқ депутати Абдужаббор Ҳусанов ҳам Қодировга ёрдамга етиб келди. У ҳовлиқиб минбарга чиқиб олдида, бақира кетди: “Ўртоқлар, бунақаси кетмайди! Пўлат Охуновнинг сайланишига умуман йўл қўймаслик керак! Депутатларнинг йиғилишларида мен доим у билан ёнма-ён ўтираман, нималар гаприаётганини, нималарни ёзаётганини кузатиб бораман. У демократларга қўшилиб олган, президентимизга қарши терс гапларга қўшилиб юради, доим танқид қилгани-қилган. Ҳатто бизнинг ички йиғилишларимизда ҳам турли саволлар билан президентимизни тинч қўймайди, гапларини бўлади. Бу одам жонимизга тегиб кетди! Бу Охуновнинг президентимизни сўроқ қилишга нима ҳақи бор? Бу одам – бизга душман, уни давлат ишларига яқинлаштириб бўлмайди!”
Примқул Қодиров мамнун бўлиб, Хўжайиннинг маъқуллашини кўриш учун орқага ўгирилди. Бироқ Каримов ҳаммани лол қолдириб: “Ўртоқлар, менимча, Пўлат Охунов тўғрисидаги масалани кўриб чиқишимиз керак. Агар уни мухтор вакилларииз рўйхатига киритсак, яхши бўлади деб ўйлайман. Бу одам давлатимиз учун керакли одам”. Пиримқул Қодиров бу сўзларни эшитиб, бир зумда ўз фикрини ўзгартириб чинқира бошлади: “Қаранглар! Қаранглар! Президентимиз олийжаноблик қиляптилар! Президентимиз Ислом Каримов жуда тўғри гапирдилар! Албатта президентимиз тўғри ўйлайдилар, душманимиз ташқарида қолганидан кўра, ичимизда бўлгани яхшида”. Шундан кейин менинг номим рўйхатга киритилди ва бир овоздан тасдиқланди.
Шундай қилиб, Ислом Каримовниг таклифи билан мен Ўзбекистон Республикасидан СССР Олий Советига мухтор вакил этиб сайландим.

Бир неча кун ўтиб қандайдир йиғилишда иштирок этиш учун президент девонхонасига етиб келганимда йўлакда тасодифан Ислом Абдуғаниевичга дуч келиб қолдим. Биз саломлашдик, бироқ Каримов қўлимни қўйиб юбормай четга тортди. “Москвада республикамизнинг вакили қилиб номзодингни кўрсатдим, сен эса ҳатто раҳмат ҳам демадинг-а?” – дея ҳазиломуз оҳангда мени уялтирди.
– Ислом Абдуғаниевич, ишонч билдирганингиз учун миннатдорман. Бироқ ростини айтсам, мени қўллаганингиздан ҳайрон бўлдим.
– Гарчи менга душман бўлсанг ҳам… – дея гапини давом этаётганди, бу масалада ўз фикримни тушунтириш мақсадида унинг сўзини бўлдим:
– Ислом Абдуғаниевич, Сизга олдин ҳам айтганман, мен Сизнинг душманингиз эмасман, фақат сиёсий позициям сизникидан фарқ қилади, холос. Шахсан ўзингизга нисбатан ҳеч қандай эътирозим йўқ, Сизни давлат раҳбари сифатида ҳурмат қиламан ва Сизни ўзимга душман деб ҳисобламайман. Сиз ўтказаётган сиёсатга нисбатан мухолифатдаги фикрларни билдириб келганим учун менга адоват қилишингизни нотўғри деб ўйлайман. Менимча, бу нарса ўртамиздаги муносабатларга таъсир кўрсатмаслиги керак.

Бошланган мавзудан аччиқланган Каримов: “Майли, бу гапларингни қўятур. Гарчи менга душман бўлсанг ёки ўзинг айтаётгандек, мухолифатчи бўлсанг ҳам сени номзодингни нега кўрсатганимни яхши биласан. Бизнинг одамларимиз Москвада мум тишлагандек жим ўтирадилар, сен бўлсанг ўз фикрингни эркин изҳор эта оласан, деб ўйладим. Керакли пайтда сен Республикамизнинг манфаатларини ҳимоя қила олишинга ишонаман”.

Шундан кейин у ўзи билан бирга ишлашни таклиф қиилгандек бўлди: “Нима қиласан бу мухолифат билан ўралашиб, мен билан ишлаганинг яхши эмасми? Уларнинг кўпини ичида нима борлигини жуда яхши биламан, нуқул шанғилар, долзарб муаммолар бўйича бирорта тузук таклиф кўтариб чиқишни билишмайди, нуқул фитна қўзғаб юришади…”
Президент бунақа гапларни менга биринчи бор гапираётган эмасди, шунинг учун нима деб жавоб беришни билардим:

– Ислом Абдуғаниевич, Сиз билан ҳамкорлик қилишга доим тайёрман, аммо бугун кайфиятингиз яхшилигида менга бирорта қизиқарли ишни бериб қўясизу, эртага аччиғингиз чиқса, ҳайдаб соласиз. Майли, мени ўз жамоангизга мухолифатнинг расмий вакили сифатида қабул қилинг, ҳамкорлик рамзи сифатида, мен рози бўламан.

Мажлис бошланишига оз вақт қолди, Каримов президиумга шошаётгани учун, “Майли, бу масалага кейинроқ қайтамиз…” деди. Аммо кейин биз бу масалага ҳеч қачон қайтганимиз йўқ…
“Тила тилагингни”

Ачинарлиси, қуйи табақа саналувчи одамлар манманлик ва шуҳратпарастликка шунчалик муккасидан кетганларини намоён қилардиларки, бу нарса Каримовнинг ҳозирги кунда мустабидга айланишига фақат кўмак, берди, холос. Мисол учун, 1990 йилда биз бирликчилар ўзбек аскарларининг ҳарбий хизматни ўз республикамимзда ўташ тўғрисидаги талабни кўтариб чиққанмиз. Ўша нотинч йилларда Совет Армияси ҳарбий қисмларида ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз ва турман аскарларини уриб-калтаклаш ҳолатлари кўпайиб кетди. Республикамизда норозилик тўлқини кўтарилди. Кунлардан бир куни ҳалок бўлган солдатнинг аэропортдан олиб келинган тобутини кўтарган норозилик акцияси иштирокчиларининг олдига Каримов шахсан ўзи чиқишга қарор қилди. Вазият ўта таранг эди…

Каримов нобуд бўлган аскарнинг ғамнок отаси олдига келиб, “Отахон, истаганингизни сўранг, айтганларингизни ҳаммасини бажо келтираман”, деди. Боласидан айрилган отанинг жавоби нақадар чучмаллигидан ақлим лол қотаёзди: “Ўғлимнинг номини у ўқиган мактабга қўйишсин”. Каримов унга ажабланиб қаради: “Албатта шундай қиламиз, энди машинага ўтирингда, ўғлингизни дафн маросимини муносиб равишда бажаринг…”

Шу гаплардан кейин ҳаётнинг аччиқ мактабини кўрган Каримовнинг хаёлига оддий фуқаро, фақат ўз ҳузур-ҳаловати ҳақида фикр юртадиган одамлар ҳақида нималар келди деб тасаввур қилиш қийин эмас. У одамларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, уларнинг ички ҳиссиётларини сезар ва уларни бошқаришни қойил қилиб қўярди…

Наманган ва диндорлар
Шўролар ҳокимияти қулаши билан мафкуравий бўшлиқни диний эътиқод тўлдира бошлади. Ўзбекистонда ҳам одамлар аждодларининг динига чекловларсиз эътиқод қилиш, масжидлар қуриш, мусулмон ўлкаларига сафар қилиш, хаж зиёратларини бажариш ва кўплаб мамлакатларнинг диний уламолари билан учрашиш имкониятига эга бўлдилар. Каримов ижтимоий ҳаётнинг шу омилидан ҳам фаол фойдаланишга ва гўё мамлакатда Ислом қадриятларининг тикланиши фақат унинг номи билан боғлиқдек тақдим этишга уриниб кўрди. У бу жараённи назорат остида ушлаб тура олишига ишонар ва бунда давлат хавфсизлигига таҳдид йўқ деб ҳисобларди. Эътиқод эркинлиги тақдим этилганидан хурсанд бўлган республика аҳолсининг чин дилдан билдирган миннатдорчиликлари уни алданиб қолишига сабаб бўлди.

Бироқ 1991-92 йилларда Наманганда содир бўлган воқеалар унинг бу борадаги иллюзияларини парчалаб ташлади, ислом радикализми нақадар хавфли куч эканлигини кўрсатиб қўйди. Ўша пайтда Наманган исломчиларнинг таянч масканига айланиб қолган, кўплаб диний ташкилотлар томонидан назорат остига олинган эди. Уларнинг энг машҳури – таркибига радикал уламолар вакиллари, собиқ десантчилар, Афғонистондаги уруш ветаранлари кирган “Адолат” бўлиб қолди. Ўшанда, 1991 йил декабрда маҳаллий фаолларнинг Каримов билан учрашувни таъминлаш тўғрисидаги талабини эътиборга олмаган маҳаллий ҳокимиятнинг нўноқ ҳаракатларига жавобан улар номи дунёга танилган Тоҳир Йўлдошев раҳбарлиги остида обком биносини эгаллаб олдилар. Каримов бир кун олдин сайловолди дастури доирасида Наманганда бўлган маҳаллий ҳокимлик томонидан танланган фуқаролар билан учрашув ўтказиб бўлиб, Тошкентга кетиб қолган эди. Эслатиб ўтаман, ўшанда республикада биринчи бор умумхалқ овоз бериш йўли билан президент сайловлари ўтиши кутилаётган ва амалдаги президент шу сайловда номзодлардан бир эди.

Каримов зудлик билан Наманганга қайтишга мажбур бўлди. У қатъиятлик билан бу вазиятда тансоқчилардан фойда йўқ, дея уларнинг кузатувида юришдан воз кечди. Тан олиш керак, Наманганда у ва унинг ҳамроҳи Исмоил Жўрабеков ғазабдан жунбушга келган оламон билан учрашишдан қўрқмади, ҳолбуки бу оламон битта нотўғри сўз туфайли уларни тилка-пора қилиб юборишлари мумкин эди. Амалда улар гаровда қолдилар ва қаҳрамонимиз бу вазиятдан соғ ва омон чиқиш учун олий даражадаги музокарачилик қобилиятларини намоён этди. Шу билан бирга, экстремистларнинг шариат қонунларини жорий этиш талабларига қарамай, Каримов Ўзбекистонда исломий жамият атрибутларини киритиш тўғрисидаги ваъдаларни беришга мажбур бўлди.

Афтидан Каримов ўшанда жамиятда диндорлик ривожланишининг назоратсиз қолиши, ислом билан ҳазил-хузуллар фалокатли оқибатларга олиб келишини тушуниб етган бўлса керак. Ўшанда, чаласавод мулла Тоҳир Йўлдошнинг олдида чўккалаб ўтирган ҳолда у ислом экстремизмининг “судралиб юрувчи экспансиясига” қарши кураш учун қатъий чоралар зарурлигини, акс ҳолда, радикал кайфиятдаги гуруҳлар ўз таъсирини бутун республикага ёйишларини тушуниб етган бўлиши керак. Агар шундай бўлиб қолганда, у ҳукмдорлик жиловини қўлдан бой бериши аниқ эди.

Ушбу таҳдидларни бартараф этиш мақсадида Ислом Каримов диний гуруҳлар ва фаолларга қарши шавқатсиз таъқиб механизмларини ишга солди ва бу таъқиблар ҳамон давом этмоқда. Натижада кўплаб диний етакчилар жисмонан йўқ қилинди, минглаб диндорлар турмаларга ташланди. Тахмин қилиш мумкинки, ушбу репрессиялар учун жавобгарликдан қўрқув ҳисси уни ҳукмдорлик тахтидан ажралмасликка ундовчи асосий омил бўлиб қолди. Унинг бу қарори 2005 йил 13 май кунги андижон қатлиомидан сўнг янада мустаҳкамаланди: энди у агар тахтдан кетса на ўзи ва на оиласининг соғ-омон қолишига ишонмай қўйди. Айнан ўша муқаррар фожиа президентлик курсисида сўнгги нафасгача қолиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ундаганининг эҳтимоли жуда катта.

Ҳамма душман бўлиб кўринса…

Янги давлатда барча нарса Ислом Каримовнинг режаси билан барпо этилган. Ҳар ҳолда унинг ўзи шундай деб ўйлайди. Давлат рамзи, янги бошқарув аппарати, армия, хавфсизлик органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судлар, қонун чиқаришлик ва ҳоказолар ортидан “Ота”нинг хушёр нигоҳи кузатиб туради. Турган гап, ўзини “янги уй қурувчиси” ва “давлат яратувчиси” сифатида ҳис этиш ўзига юқори баҳо беришга ҳамда мамлакатнинг “эгаси” ва “мислсиз тарихий шахс” дея ҳисоблашга асос беради. Бироқ камдан-кам одамлар биладики, мазкур “ислоҳотлар” шўролар андозаси бўйича бичилиб, “Бирлик” ва “Эрк”дан ўғирланган шиорлар билан безанган.

Ҳужжатларда, тарих бўйича дарсликларда гап фақат битта одам – ҳамма нарсани яратиб, барпо этган Ислом Каримов ҳақида кетади. Бошқа ҳеч ким ёдга олинмайди. У ўзига душман, қулай фурсат туғилиши билан амал курсисидан ағдариш пайтини пойлаётган дея гумон қилган номенклатура ва сиёсий рақиблари қуршовида шу ишларнинг устида ишлагани рост. У айниқса москвалик “комиссар”ларнинг оёқ тагида ўралашиб юришини ёқтирмасди, хусусан, МК иккинчи секретари Ефимовни кўргани кўзи йўқ эди ва имконияти туғилиши билан уни назар-писанд қилмаслигини намойиш қиларди. Кейинроқ у “москва десантини” Ўзбекистондан қувиб солади ва ғурур билан “уларни чиққан жойига киритиб юбордим” дея гапириб юради. У, шунингдек, ўзига қарши очиқ қаршилик кўрсатувчи, демократик ўзгаришларни талаб қилувчи“Бирлик” ва “Эрк” мухолифат ташкилотларини душман деб ҳисобларди. Бутун умри давомида у ҳаммани ўзига душман ҳисоблаб, уларга қарши курашиб ва йўқ қилиб келган. Каримов аввали бошдан мамлакатни репрессив усуллар билан бошқаришни, мамлакат Ўзбекистон фуқароларини ўлдиришни ёки мамлакатдан қувишни режалаштирган деб ҳисобламайман. Бироқ хато ва камчиликлар кўпайиб, танқидлар кучайиши билан, унинг назарида қўйилган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилувчи кучларни кўра бошлаган ва уларни ҳар қандай йўл билан йўқ қилишга ўзини ҳақли дея ҳисоблай бошлаган.
Олий Мажлиснинг 1992 йил июнида ўтган сессиясида Каримов “Мамлакатимиз халқининг фаравонлигини таъминлаш учун мен бир неча одамларнинг бошини ёриб ташлашга тайёрман”, деб билдирганди. Бу гаплардан бир неча кун олдин эса номаълум кишилар “Бирлик” халқ ҳаракатининг лидери Абдураҳим Пўлатовни арматура билан уриб бошини ёришган ва бу одам энди ўлди, деган ўй билан кўчада ташлаб кетишганди. Шунигдек, мухолифатнинг бошқа фаоллари ҳам номаълум одамларнинг ҳужумига тўқнаш келдилар. Мен ҳам шундай суиқасднинг “лаззатини” таътиб кўрдим: номаълум кишилар Тошкент аэропорти ҳудудида арматуранинг мустаҳкамлигини баданимда синаб кўрдилар. Мен буни биринчи огоҳлантирувчи сигнал сифатида қабул қилдим. Иккинчи сигнал бир неча ой ўтиб янгради – мени милиционерга бўйсунмасликда айблаб 15 суткага қамаб қўйдилар. Шундан кейин сохта айбловлар дўлдек ёғила бошлади. Жамоат тартибини бузиш, Андижон турмасидан қочишга уриниш ва қўриқчига ҳужум, қамоқ режимини мунтазам тарзда бузишлар. Андижонда суд, андижон турмасида бир ярим йил, кейин Тоштурма ва пировардида, Қизилтепага келиб қолдим. Қатағаон машинасининг тезлиги ортганидан ортиб борарди…

***
…Йўлимиз поёнига етиб қолди, биз Тошкентга кириб келдик. Хотиралар оғушидан ўша фурсат воқелигага қайта бошладим. Мен бундан кейин қандай ҳаёт кечираман, дея хаёл сура бошладим…
Биз ўзбекистонликлар “адолатли подшоҳ” ҳақидаги хом хаёлларимиздан қутилсак, жуда соз иш бўларди, деган хулосага келганман. Бу – халқимизнинг ҳамда аксарият зиёлиларимизнинг энг катта хатоси бўлиб, бу фикрни маддоҳ ёзувчиларимиз сингдирган, деб ўйлайман. Адолатли ҳукмдорга ишонмаслик керак, уларни жиловда ушлаб турадиган тийиш ва мувозанатда ушлаш тизимини яратмоқ лозим. Раҳбарнинг яхшими-ёмонми бўлишидан қатъий назар битта қоида бўйича ҳаракат қилишга мажбур қилувчи тизимнинг қурилиши ва фаолияти адолатли бўлиш керак. Ўшанда ҳукмдор ҳаддидан ошмайди, дея кафолат бериш мумкин бўлади.

Ҳар биримизда диктаторликка мойиллик бор бўлиб, ҳозирги президентимизникидан кам бўлмаса керак. Агар жиловловчи тизим бўлмаса, тахтни эгаллаган ҳар қандай одам навбатдаги “каримов”га айланиши муқаррар. У эндигина оёққа тураётган пайтда диктаторга қарши курашмоқчи бўлганларни қўлламаганмиз. Расмийларнинг бошбошдоқлигига қарши курашчиларни турмаларга ташлашаётганда, биз индамай қараб тураверганмиз. Унинг яхши лавозим кўринишидаги хайр-садақаларни шодлик ила қабул қилган ҳам биз. Биз турли кўринишдаги коррупциявий схемаларда берилиб қатнашамиз ва буни деярли яширмаймиз. Боз устига, элимиз орасида пора бериш/олиш эвазига муаммоларни ҳал қила олиш тадбиркорлик ва “фахр” рамзига айланган. Бу каби руҳий муҳит ҳокимият устига келган одамни бузғунчига айлантириши муқаррар. Ҳатто бу одамнинг кўз қарашлари демократик ва либерал бўлса ҳам…

Пўлат Охунов, 2015 йил, март. “Фарғона” учун махсус
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги

 

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.