Жаҳонгир Муҳаммад

qarsakДиктатура

Диктатура яккаҳокимлик, зулм ва нодемократик режимга асосланган салтанатдир. Бу тузум кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам унинг бир неча минг йиллик тарихи бор. Ҳозирга келиб саноқли мамлакатларнинг халқларигина бу анъанани бузиб, унинг чирмовиқларидан ўз зеҳниятларини тозалаганлар, холос. Аммо жуда кўп халқларнинг зеҳниятида бу тузумга мойиллик бор. Илдизи уларнинг маданияти, дини, анаъаналари, тарбияси билан боғлиқ. Бундай жамиятларда қаттиққўл, золим инсонлар жуда осонлик билан ҳокимиятнинг тепасига чиқиб олишлари ва умрбод тушмасликлари учун пойдевор мавжуд.

Диктатуранинг пойдевори қаттиқўл инсонга ҳурмат ва тобеликдир. Кимдир бундай инсоннинг кучидан чўчиб уни ҳурмат қилади, кимдир ўз қўрқувларига ҳимоя қидириб унинг домига тушади, кимдир заковатига ишониб унинг муридига айланади. Бошқача айтганда диктатура инсонларнинг ўзларига ҳурматларини йўқотган жойда кўкара бошлайди. Агар инсон ўзлигини билса, англаса, қадрласа у тобе бўлмайди. Нотобеликкина диктатура пайдо бўлишининг энг катта тўсиғидир.

Ҳокимиятни қўлга олган диктаторлар ўз халқларининг фитратини яхши ўрганган бўладилар.

Биринчи навбатда, бу халққа маънавий озуқ берадиган каналларни назоратга оладилар. Матбуот, ТВ, радио ва турли минбарларни ўз йўлларига соладилар.

Иккинчидан, халқнинг кўзини очиши ва уни бир жойга тўплаши мумкин бўлган кучлар – сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлар, ҳар қандай кўринишдаги уюшмаларни ўз қозиқларига боғлайдилар.

Учинчи одимда эса, эркин фикрлайдиганларни йўқотишга киришилади. Бу жараёнда бутун жамият ғазаб ва алдов билан тўлдирилади. Ҳамма ёлғон билан яшай бошлайди. Халқ ёлғонга тўйгандан кейин оммавий қўрқитиш бошланади. Бу ташқи ва ички душманлар яратиш, ҳар турли ҳужумлар ташкил қилиб туриш, оммавий текширувлар, қама-қамалар билан амалга оширилади.

Охир оқибатда бу халқнинг фиклашини, фаоллигини ўлдиради. Деҳқонча қилиб айтганда халқнинг фикри ахталанади. Халқ лоқайд тўдага айлана боради. Ҳамма нарсага “менга нима” дегандек қўл силтайди. Ҳар нарсадан қўрқади. Сиёсатга аралашиш, эркин фикр айтиш, ўз ҳаққи учун кураш маҳкамаларда, қамоқларда тугашини кўравериб, бу жараёнлардан безади.

Лоқайд, бепарво инсонни бошқариш осон. У қўйга ўхшаб қолади. Биттаси сўйилса, бутун пода титраб, кузатадиган вазият жамиятга ҳам кўчади. Бу диктатуранинг чўққига чиққан пайти содир бўладиган ҳолдир.

Дунёда ҳеч нарса доимий эмаслигидек диктатуралар ва вақти вақти билан йиқилиб туради. Диктатура емрилиш даврига кирганда алдов ва ёлғоннинг ниқоби йиртилади. Яъни алдов ва ёлғон беҳаё бўлиб қолади. Қишда дарахтларга гул боғлаб гуллатилиши, ёзда оқ кўпик тўшаб далалар қорга тўлдирилиши каби ҳоллар ҳам юз бериши мумкин ва одамлар бунга ажабланмайдилар, лекин кулимсираб қўядилар. Ана шу кулимсираш диктатуранинг емрилиш фазасига кирганининг учқунидир.

Дикатура емрилишга кирганини биринчи галда унга астойдил хизмат қилган зиёлилар сезадилар. Улар оёқни икки кемага отадилар. Бир томондан диктатурани мақтасалар, иккинчи томонда озодликни қўмсаётганларини сездира бошлайдилар. Бу сездириш диктатурага хизмат қилиб кетган сафдошларини улуғлаш, уларни келажак учун хизмат қилган қилиб кўрсатиш, хоинлардан қаҳрамон ясаш тарзида кўринади. Йўқотадиган нарсалари қолмаган тақдирда иқрорлар бошланади.

Зиёлилардан кейин пулдорлар емрилиш фазасини сезганларини билдирадилар. Улар пуллари ва бойликлари четга чиқара бошлайдилар.

Сўнг навбат диндан фойдаланувчиларга келади. Улар ҳам ўзларини кўрсатиб қўйишни истайдилар. Ҳар турли тариқатлар ва секталарга кира бошлайдилар.

Шу зайда жамиятнинг барча қатламларида қимир-қимир бошланади.

Бошқача айтганда ахта қилинган жамиятнинг қони қайнаб, болдирлари жумбўшга кела бошлайди. Бу ҳаракатни диктатурани севмаган, унга мойил бўлмаган ёки унга қарши турган мухолиф қатлам сеза оладими, уюша оладими, бутун гап ана шунда.

Диктатура емрилиши ҳали бу унинг бутунлай йиқилиши эмас. У қўлдан қўлга ўтиши ёки тамоман йиқилиш даврига кириши мумкин. Йиқилиш даври тўзонли бўлади – жанжалли, қонли кечиши ҳам мумкин. Кечаги биродарлар душманга айланадилар. Дин бирлаштирувчи омилдан парчаловчи фазага ўтади- яъни дин ичида ҳам жанглар бошланади. Бойлар мамлакатни ташлаб кетадилар. Урушлар учун қулай фурсат пайдо бўлади. Мамлакат ва миллатнинг тақдири савол остига тушади.

Диктатура ана шундай балои азимдир!

Жаҳонгир Муҳаммад.
25 март, 2015 йил.

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, JM and tagged . Bookmark the permalink.