Жаҳонгир Муҳаммад

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

УЧИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Бугун якшанба бўлгани учун Зокир бозорга чиқиб кетди. Улар навбат қилиб қўйган эдилар. Бир ҳафта Рустам у-бу нарса харид қилишга чиқса, кейинги ҳафта Зокир. Илгари биргаликда қилардилар бу ишни.Акмалхон уларни шанба ва якшанбада тунда навбатчилик қилишга ҳам режалаб қўйди. Аммо биргаликда боришмас эди. Бир кун Рустам борса, иккинчи кун Зокир. Шу боис ана шунга мослаб бозорни ҳам навбат қилиб қўйишди.
Рустам тонгга яқин келган бўлса-да, Зокирнинг чиқиб кетганидан кейин уйғонди. У ёқ, бу ёққа товланиб ётди, аммо уйқуси келмади. Шу боис Собитхон қорининг касетага ёзилган суҳбатини тинглаб ётди. Хотин-қизлар билан учрашувда бир аёл атир қўлланиш ҳақида савол берган экан. Бу Рустамга ҳам қизиқ туюлди. Чунки, илгари олган дарсларида аёллар фақат уйдагина атир сепишлари мумкин дейилганди. Бу ҳақда Нилуфарга айтганида:
-Кўрамиз, кейинги ҳафта атир сепмасдан келаман, қани чидайсизми?-дея кулганди. Шу боис Собитхон қорининг фикрини ҳам билмоқчи бўлиб, диққат билан тинглади:
“Хотин қизларнинг ўзларига атир сепишлари Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломнинг суннати ва бу эркак ҳамда аёл учун суннатдир. Лекин аёлларнинг атир сепиб кўча-куйга чиқишлари, буни бегона эркакларга ҳидлатишлари таъқиқланган. Бу борадаги ҳадислардан бирида, уни Ат Термизий ҳикоя қилганлар, ”Бир аёл атир сепиб, бегона эркаклар ҳидласин деб кўчага чиқса, зониядир…” дейилса, Абу Давуд ҳикоя қилган ҳадисда эса, ”Атирланиб масжидга чиқиб, намоз ўқиган аёлнинг намози, уйига бориб ғусул қилмагунича қабул бўлмайди” дейилади. Ал Ҳинди таъриф қилган ҳадисда эса ”Аёл масжидга бормоқчи бўлса, жунубликдан поклангани каби ювинсин” деб қайд этилган.
Бу ҳадисларни ҳар турли талқин қилганлар бор. Кимлардир бу билан аёлнинг умуман атир-упа қилишини таъқиқлаган бўлсалар, яна кимлардир мачитга боришдан ташқарида жоиз деган фикрни илгари сурганлар. Асосий гап аёлнинг атир ҳидини бошқаларга ҳидлатиб, фитнага сабаб бўлмаслиги эканлигини ҳам айтганлар бор.
Шундай экан, яратган инсофни аёлнинг ўзига берсин. Агар у айтилганларга риоя этмаса, ҳеч ким мажбурлай олмайди. Унинг иймони бутун бўлса, ўзи ҳақ йўлни топиб олади. Бугунги кунда атир қўлланмайдиган аёлни топиш мушкул бўлиб қолган бир пайт. Бунинг ҳам сабаблари бор. Автобусларда юрадилар, кўпчилик бўлиб бир жойда ишлайдилар, ҳар соатда юз-қўлларини ювиб турадиган имконлари йўқ ва ҳоказо. Агар уйда ўтирганларида уларга талаб қатъийроқ бўларди. Бугун биз бирданига, бас, эртадан бошлаб кўчага чиққанда атир сепмайсизлар десак, бизга ҳайрат билан қараб қоладилар. Шу боис ишни атир сепишга қарши курашдан эмас, балки эътиқодни мустаҳкамлашдан бошламоқ лозим”.
Демак, Нилуфарга кескин гапириб қўйибман, деб ўйлади, Рустам. Нилуфар улар турадиган уйнинг эгаси Махфират холанинг невараси бўлади. Тиббиёт олийгоҳида ўқийди. Одобли, ҳаёли ва жуда чиройли қиз. Ҳафтада бир келиб, бувисининг кирларини ювишга, хоналарни тозалашга ёрдамлашади. Ўзларининг уйлари Тошкент туманида бўлгани учун баъзан дарслари кеч тугаган пайтларда ҳам бувисиникида қолади. Аввал Зокир унга кўз тикиб юрди.
-Жиннимисан?-деди Рустам унга,-бўладиган ишдан гапирсанг-чи. Биринчидан, у олийгоҳда ўқимоқда. Иккинчидан, биз бензинчи, қора мойга ботиб юрган одамлар. Ҳатто унинг оппоқ кийими билан бизнинг қора кийимларимиз бир-бирига зид. Кейин, Махфират хола ўз онамиздай бўлиб қолдилар. У кишининг меҳрларига хиёнат қилиб, невараларига кўз олайтирмаслигимиз керак.
-Биринчидан, сенинг доим мана шундай “биринчидан” “иккинчидан” деб гапираверишинг жонга тегди. Иккинчидан, ўзингни бунча ақлли қилиб кўрсатма, учинчидан эса, бу кўнгил иши, агар кўнгил кетса, оқ халатми, қора халатми, фарқи йуқ! Уйқу ўрин танламас, деганларидек севги ҳам халат танламайди.
Шундан кейин Рустам Зокирга бу мавзуда бошқа гап очмади. Аслида у ўзи билмаган ҳолатда Нилуфарни Зокирдан қизғанаётган эди. Нилуфар келган кунлари негадир у ташқарига чиқишга хижолат чекар ва доим деразадан қараб қўйиш билан чекланарди. Зокир эса уйга кирмасди. Ташқарида ўрмалашган, Нилуфарга ёрдам беришга уринган ва ҳатто ҳовлини супуриш, сув сепишларга қадар индамай “бажариб” қўяверарди. Иши тоза бўлмагани учун Махфират холага ёқмасди.
Махфират хола ёши бир жойга бориб қолган бўлса ҳам жуда ҳаракатчан аёл эди. Саҳарлаб Эски Жува бозорига чиқиб кетарди. Шаҳар ташқарисидан мева-чева олиб келганлардан кўтара харид қилиб, доимий бозорда ўтириб сотадиганларга берарди. Шу йўл билан ўзига керакли пулни ишлаб оларди.
-Кун бўйи бозорда ўтириш осон эмас, бунинг учун яхшилаб ухлаб олиш керак. Улар менга ана шу уйқу пулини берадилар. Мен мева-чеваларни сотиб олиб уларнинг жойларига қўйиб қўяман. Аслида мен эмас, эгалари қўйишади. Мен жойини кўрсатиб, пулларини бераман, холос,-дея у қилган ишидан доим ғурурланар эди.
У эрталаб исиқ нон билан бирга албатта ёнида бирор нарса олиб келарди. Рустамнинг яхши кўришини билгани учун унга бир косада қовурма лағмон келтирарди.
Махфират хола Рустамнинг бошига келганларни эшитгандан бери унга худди ўз ўглидек муомала қиладиган бўлганди. Ҳатто овқатни келтириб қўйганда Рустам ухлаб ётган бўлса, секин унинг бошини силаб, кейин чиқиб кетарди. Бу эса, Рустамнинг хўрлигини келтирар ва бошини ёстиққа босиб йиғларди. Чунки ҳеч нарса қила олмаётган, на отасидан, на укасидан хабар топмаётган эди.
Махфират хола бу гапларни Нилуфарга ҳам айтган шекилли у ҳам Рустамга меҳр кўрсатишга интилар эди. Бу эса унга ёқмади. Ҳатто Нилуфар Зокир билан қаҳқаҳа отиб кулиб турган бўлса, Рустамни кўриши билан бирдан тинчиб қолар ва бошини эгиб турарди. Бир зумдан кейин эса бошқа мавзудан гап очарди. Балки шу боисми Рустамнинг унга кўрингиси келмасди. Лекин Махфират хола билан гаплашгиси келарди. Хола узоқ йиллар адабиёт муаллими бўлган ва билмаган нарсаси йўқ эди. Рустам ҳам адабиётни яхши кўргани учун гаплари қовушар эди.
-Йигирма тўққиз йил дарс бердим. Тошкандаги ёзувчи ва шоирларнинг ярми менинг ўқувчиларим, шоир Эркин Воҳидов, танқидчи Иброҳим Ғофуровни ҳам мен ўқитганман. Қўйдек юмшоқ болалар эдилар. Мана энди биттаси қаҳрамон шоир, иккинчиси партияга раис. Сени улар билан учраштириб қўйсам, аданг ва укангни топиб берадилар. Нима бўлганда ҳам улар тилларини сайратган муаллимларининг гапини қайтаришмаса керак. Лекин.. пенсияга чиқаётганимда мактабдан газетага эълон беришди. Аммо биттаси ҳам келмади. Аввал хафа бўлдим. Буринлари осмонга етган-да, муаллимларини йўқлашмади, деб. Кейин ўйлаб қарасам, мен ўз ишимни бажарган, улар ҳам ўз ишларини бажараётган эканлар. Балки ўша газетани кўрмаган ҳам бўлишлари мумкин-да? Мен худди уларга яхшилик қилиб қўйиб, энди жавобини кутаётган экандекман. Яхшиликка жавоб кутилмайди, болам. Аммо кўнгил кўнгилда, балки аввал биргалашиб уларга хат ёзармиз, дарров чақириб қолишар, кейин биргалашиб борамиз, мушкилимиз кушод бўлади, Худойим сани мушкулингни кушод қилиш учун ҳам менинг ҳузуримга жўнатган-да,- деб унинг элкасига қоқиб қўйганди бир куни Махфират хола.
Рустам ана шуларни ўйлаб ётар экан. Собитхон қорининг суҳбатини ҳам унутган эди. Шу пайт хонанинг эшиги таққиллади.
-Ким?-деди Рустам.
-Кечирасиз, безовта қивомман, ойим чақирвоттила!
Бу Нилуфарнинг овози эди. Рустамнинг юраги дуккиллаб кетди. Унинг овозини эшитиши билан саросимага тушарди. Нега бугун эрталабдан келибди? Дарвоқе, бугун дам олиш куни ва унинг келадиган куни. У ўзининг онасини “опа”, Махфират холани эса “ойи” дер эди.
Нилуфарнинг бўйи унчалик баланд эмас, аммо сочлари узун эди. У сочларини бошига чамбар қилиб боғлаб олар ва ўғил болаларнинг шимига ўхшаган лозимни кийиб, почасини шимариб, кўйлагининг бир қисмини лозимига қистириб, ишга киришиб кетар эди. Кўзларининг умумий кўриниши қорамтир, аммо таги кўкимтир эди. Бу эса унинг қарашларини ўткир қиларди. Юзида кулгичлари бўлиб, жиддий гапираётганда ҳам кулиб тургандек туюларди. Бурнининг устида битта катта хол бор эди. Бу ҳам ўзига ярашарди. У тиббиёт институтида ўқигани учун кўп нарсани очиқ гапирар, очиқ тортишар эди. Уялиб ўтирмас эди. Зокир ҳам шундай бўлгани боис уларнинг суҳбати қовушарди. Аммо Зокир уни чин дилдан яхши кўрмасди. Чунки Нилуфар ҳақда гапириб:
-Қиз бола ҳам шунақа бўладими? Одамларни яланғоч ҳолда амалиёт қилганларини уялмай айтиб берадию қўлини ушлайман десанг жаҳли чиқади,-деганди Зокир.
-Сен унинг жаҳлини чиқарма, нега қўлини ушлайсан?-деб жавоб қилганди Рустам.
-Нега ушламайин. У илгфри бу ерга ҳафтада бир келар эди. Ҳозир эса ора бир кун шу ерда. Бу бекорга деб ўйлайсанми?
-Кўнглинг бузуқда. Балки ҳозир дарслари кеч тугайдиган даврдир?!
-Э, бунча ҳам анқов бўлманг, дўстим, ҳар кун тушдан кейин шу ерда, келишимизни пойлаб ўтиради-ку?! Анов куни Акмалхон акадан сўраб, почтахонага эмас, уйга келгандим. Аммо кампир овқатга тушган пашшадек халақит қилди. Ташқарига олиб кетай десам, кўнмади. Кино-пинога олиб борайин десам, ҳам рози бўлмади. Нози осмонда.
-Овқатини еган уйга ёмон қарамайдилар…,-деди Рустам овози ичига ютилиб.
-Э, аслида бу ҳам савоб иш. Бечоранинг кўнглини тополмай ўтриганимиз эса гуноҳ!
Ўша кун оз қолсин, иккаласи уришиб қоларди.
Рустам шуларни ўйлаб ҳовлига чиққанда Махфират хола сўрида ўтирган экан, саломига ҳам алик олмасдан унга дакки бера бошлади:
-Ўзинг саҳарга яқин ишдан келган бўлсанг, нага ухламайсан? Яна ўша савил қогур магнатафонни қўйиб еҳитганинг эшитган-ми?!. Нима у санга нон-туз берадими? Одам деган бир нарсага муккасидан кетмайди. Ҳамма нарсанинг тош-тарозиси бор. Оллоҳим, ақлни сенга ҳам берган. Ўзинг ҳам ўйлашинг керак. Фақат бировларнинг ўйлаганига қулоқ тутиш керак эмас. Эшитма демайман, эшит. Биламан ўша Собитхон кўп ақлли одам. Локин динни ипидан игнасига қадар билиш унга керак. Билиш унинг вазифаси. Чунки иши, ҳаёти шу. Санга эса намозингни ўқиш билан икки учта нарсани билсанг, кўнглинг тўғри бўлса етади.
-Лекин…,-Рустам неварангизни олдида мени изза қилмоқчимиз дегандек Махфират холага зимдан кўз қирини ташлаб қўйди. У эса парво ҳам қилмади.
-Лекин-мекинингни манга айтма. Ман биламан, бу ёғим кетиб, нарёғим яқинлашиб қоган. Кўнглим эса тўғри, одамларга хиёнат қимайман, қўлимдан келса, яхшилик қиламан, келмаса, уни ҳам айтаман. Оллоҳимнинг биз бандаларидан истагани ҳам шу! Сани эса бутун ҳаётинг олдингда, нима, иккинчи Собитхон бўмоқчимисан? Йуқ бўломийсан. Унақаси битта бўлади. Уни учун туғилган кунингдан бошлаб тайёрланишинг керак эди. Вақтни ўтказиб юбординг. Тўғрисини айтайми, улар ҳам баъзан ошириб юборадилар, тоғдек талаб қилсанг, тепадек оласан, деган ўйлари бўлади-да. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлиши керак. Ширин деб фақат қанд есанг ҳам бўмийди, ёки қуруқ нон билан бир умр яшаш мумкин-ми? Сариқ ёғни бир ўзини еб кўр-чи? Кўнглинг айнайди. Нонга суриб есанг эса маззаа қиласан. Баъзан нонни сувга ботириб ейсан, баъзан қаймоққа. Хуллас, болам, нари-берингга қараб иш қигин!
Нилуфар жуда чўзиб юбордингиз-ку дегандек Махфират холанинг энгидан тортиб қўйди.
-Сан қиз тушмагур ҳам шунинг томонини оласан, нима юрак-пурагингни олдириб қўйганмисан!
Кутилмаган бу гапдан Нилуфар қанча қизариб кетган бўлса, Рустам ундан ҳам баттар аҳволга тушди. Аммо бу гап ҳар иккаласига ёққанини Махфират хола сезди. Унга шу керак эди. Буларни кутилмаганда синаб кўрмоқчи эди. Қачондан бери Нилуфарнинг ота-онасига унинг “бошини иккита қилиб қўйиш” ҳақида гапирарди. Аммо Нилуфар ўжарлик қиларди. Ҳали у ёқмайди, ҳали бу. Келган совчиларнинг аста-секин кети узилганди. Махфират хола шундан ташвишда эди. Неварасининг қари қиз бўлиб қолишини истамас, қиз қариса қози бўлади деб тезроқ унинг тўйини кўришни озру қиларди.
-Рустамжон, ман бозордан у-бу нарса олган едим, мана бу қиз тушмагур оғир деяпти, шуни биргалашиб уларнинг уйига ташаб келларинг. Истасаларинг қайтишда “Панарама”га бориб, битта кино кўрларинг, бозордагилар “Янги индиский кино келибди” деб айтаётгандилар. Раж Капурнинг кўринмай кетган ўгли ўйнаганмиш. Нулуфарга ўхшаган қиз бору, у ҳам чиққанмиш. Рустамжон, сан ҳам уни бир кинода кўргандек бўласан, борларинг, қоқиндиқлар.
Рустам нима қилишини билмай қолди ва Зокир қайтиб келганда унга айтиб қўярсиз дея оғиз жуфтлади:
-Зокир…
Махфират хола гапни бошқа томонга буриб, дарров унинг оғзига урди.
-Зокир ҳам одам бўптими? У валдар-вулдур, бир қоп ёнғоқ. Унга берадиган қизим у ёқда турсин, бир коса шўрвам ҳам йўқ, билдингми?!
Энди Рустамнинг оёқ учларига қадар музлаб кетди. Тиззалари қалтирай бошлади. Бир нарса “гуп” этиб бўғзига тиқилди. Нилуфар эса жаҳли чиққандек:
-Нималар деяпсиз бунча, ҳазил ҳам эви билан-да, ойи,-деди.
-Биласанлар ман чўрткесарман. Бўладиган иш бўлиши, пишадиган қовун пишиши керак. Нима биттанг деразадан пойлашинг, иккинчинг бошқа биттаси билан гаплашиб туриб хаёлинг ўша ёқда туришини ман кўрмайманми? Қачонгача қийналиб юрасанлар. Биттанг тутинган ўғлим бўсанг, иккинчинг неварам. Борларинг, гаплашларинг, уят жойи йўқ. Иккаланг ҳам бўй етиб қолган одамлар. Гапларинг бир-биринга мос тушмаса келларинг ўзим мослаштириб қўяман. Ҳа, Рустам сан бу ҳовлида қиз борлигини биласан, йигит деган бундай ўзига қараб юради. Ана Нилуфарга қарагин, ойдай очилиб юрибди. Сан бўлсанг бозор супурувчига ўхшаб судралиб юрасан, бор оқ кўйлагингни кийиб, у ёқ бу ёқъғинга қараб чиқ. Бўлмаса ёнингдаги қушни олдириб қўясан,-деди.
Бу пайтда Нилуфар аста чекиниб уйга кириб кетган эди. Рустам югуриб бориб Махфират холани ўпиб олгиси келди. Аммо ўзини босди. У худди туш кўраётгандек эди. Кейинги пайтда бошига келган даҳшатлардан кейин шодлик деган нарсани унутган эканми, юрагидаги музлик ериб кетди ва кўзлари намланди. Буни сезган Махфират хола уни бағрига босди.
-Айланиб кетай, қоқиндиқ, ўғилгинам, ўзимнинг ақлли ўғилгинам, ота-онанг кўрмаган яхши кунларни ҳам Оллоҳим сенга берсин,-деди.
Шу пайт Зокир кириб келди.
-Ҳа, яна она-ю ўғил бўлиб, дардлашиб ўтирибсизларми?-деди қўлидаги нарсаларни бир четга қўяр экан.
-Бу сафар ростдан ҳам она-ю ўғил бўлмоқчимиз,-деди Махфират хола.-Ҳозир булар кетишсин, кейин сан бинан гаплашамиз. Планларим санга ҳам ёқиб тушади!
Рустам индамай ичкарига кириб кийина бошлади. Зокир шунча “Нима гап?” деб сўраса ҳам бир нарса дея олмади.
Фақат:
-Юклари бор экан, шуни Нилуфарларнинг уйига ташлаб келишимни сўраяптилар,-деди, холос.
Рустам билан Нилуфар бекатга қадар гаплашмай боришди. Кейин Рустам:
-Кеча мен сизга ошириб юборган эканман,-деди.
-Нимани?-деди Нилуфар худди товушининг ярмини ютиб юборган каби.
-Атир масаласида, бугун Собитхон домлани эшитсам, унча ҳам босим қилмаслик керак, дегандай бўлдилар,-деди Рустам.
-Мен бўлсам, сизга ишониб бугун атр ҳам сепмабман,-дея ҳазил қилди Нилуфар.
-Ўзингиз атрдан ҳам яхшисиз,-деб юборди Рустам.
Бу унинг ҳаётида илк бор қиз болага айтган жуда жиддий гапи эди. Шу боис ўз гапидан ўзи қўрққандек аста қизга қаради.
-Гапингизга кўра жуда кўп атир ҳидлаган кўринасиз-ки яхши ёмонини дарров айтиб бераяпсиз…
Бу гапдан Рустам қийин вазиятга тушди. Аввалига Нилуфарнинг нима деганини тушунмади. Кейин тушундию, балки нотўғри тушундими деб ўйланиб қолди. Унинг тили айланмаганини сезди шекилли, Нилуфар:
-Ойимнинг гапларида жа, таъсирланган кўринасиз. Ёки иш битиб кетди деб ўялаяпсизми,-деди ярим ҳазил ва ярми чин қилиб.-Менимча, ўша домлангизни яна бир эшитиб кўринг қани, нима дейдилар, бизнинг ҳам ҳаққимиз борми ёки ойим билан сиз келишиб олсанглар, иш битиб кетаверадими?
-Биз келишганимиз йўқ. Мен ҳатто тахмин ҳам қилганим ёқ!
-Темболе,-деди Нилуфар русчалаб,- агар келишмаган бўлсангиз, тахмин қилмаган бўлсангиз, жа, қизиқ-ку? Ҳа-я, тўғри сиз тахмин қилмаган бўлишингиз керак. Оз қолсин Зокирга элчи бўлмоқчи едингиз, шекилли?
-Йўғе, мени нотўғри тушунманг…
Хайриятки автобус келди ва Рустам қийноқдан қутулди. У то қишлоққа етиб боргунча гап қўшмади. Фавқулодда гапдон ва шаддод бўлган Нилуфар ҳам қуйилиб қолгандек, жим эди. Фақат қишлоқда бекатда бир йигит уларга пешвош чиқиб қолди:
-Ҳа, Нилу, қаттан кевос-сан?-деди у Рустамга парво ҳам қилмагандек кўрсатиб ўзини.
-Ҳар куни қаттдан кесам, ўшаттдан кевомман, лекин ҳозир яна қайтиб кетаман. Ана буни сўрасанг санга қизиқ бўлади,-деди Нилуфар ески шаддодлигига қайтиб.
-Хўп, қатга борасан?
-“Панорама”га Раж Капурнинг ўғли Шишининг янги филми кепти. Ана шуни кўришга боровиз-а,-деди у “аъ ҳарфига урғу бериб. Қизиқ, Нилуфар Рустам билан гаплашганда адабий тилда гапирар, аммо бошқалар билан эса Тошкент шевасида сўзлашарди. Ҳар, ҳолда бу институтда орттирган “тажриба”си эди.
-Ким бинан боривоссан?
-Рустам акам минан-де,-деб Рустамга ишора қилди Нилуфар.
Ҳалиги йигит Рустамга бошдан оёқ қаради-да:
-Мана гап қаерда экан,-деди,- Совчилар остонасини ялаб юборишди, аммо бирортасига ҳам рози бўмади. Ўзим ҳам бир гапи бор деб ўйлаган едим.
Рустам ҳайрон бўлиб қолди. Ким экан бу йигит? Ҳар ҳолда совчи бўлганлардан бири бўлса керак? Улар қўл бериб саломалшдилар ва дарҳол хайрлашдилар ҳам.
-У юридическида ўқийди. Ўзини прокурор деб билади. Мактабда бирга оқиганмиз. Отасининг пулига оқишга кирган…
Шундай дедию Нилуфар бирдан жим бўлиб қолди. Балки ойим Рустамга айтган бўлсалар-чи деб ўйлади. У мактабни аъло баҳога битирди. Тиббиёт институтига ҳужжатларини топшириб, яхши баҳо олиб ўтди. Аммо икки йилдан кейин билдики, ўта-онаси кимгадир пул олиб бориб беришган экан. Буни ҳам Махфират хола оғзидан қочирмаганда билмасди. Шу боис ўз гуноҳидан ўзи уялган боладек индамай қолди.
Улар Нилуфарларнинг уйига кириб борсалар ҳаммаёқ супирилган, сувланган эди. Онаси Рустамни элкасига қоқар экан:
-Бир чимдим ош дамладим, ҳозир амакингиз ҳам кеб қоладилар. Ош еб, кейин кетасизлар, ўша кино қочиб кетмас,-деди.
Тавба, кино ҳақда қаёқдан билдилар экан, деб ўйлади Рустам. Кейин, балки Махфират хола сим қоққан бўлса керак деб ўйлади. У Нилуфарнинг онаси ва отасини Махфират холанинг уйида бир неча марта кўрган. Аммо уларнинг уйига биринчи бор келиши эди. Шу боис бироз тортиниб ўтирди. Нилуфар эса ошхонда онаси билан писир-хиср қилиб нималарнидир гаплашар эди. Рустам ҳам хурсанд эди, ҳам хафа. Бир томондан хаёл қилишга ҳам қорққан нарсаси бир зумда амалга ошай деб қолганди. Иккинчи томондан онаси шундай кунларини кўрмади. Отаси ва укаси қаерда? Наҳотки бир шодлик уларни есдан қувиб чиқраса? Уларни топмасдан қандай қилиб тўй ўтқазади. Э, қанақа тўй, деду у ўзига. На жойинг, на молинг, на мулкинг бор-у, қандай қилиб уйланасан? Ёки Махфират холанинг зах босган кулбасида яшайсизларми? Балки бу ҳовлига ичкуёв бўлиб келиш ниятинг бордур?! Э, йўқ, олдин оёқда туриб олишинг, даданг ва укангни топишинг, ана ундан кейин уйланишинг керак. Ҳозир эса онангни, балки дадангни ҳам руҳини чинқиратаяпсан?! Тўхта, ҳали ким сенга тўйдан гап очди? Балки шунчки унаб қўйишмоқчидир? Балки Нилуфарнинг ўқиши битишини кутишар? Балки мен ҳам ўқишга кирарман?
Ана шундай кети узилмас саволлар гирдобида қолган Рустам қандай ош еганию, қандай филмни томоша қилганини ҳам билмайди. Ора-сира Нилуфарнинг саволларига жавоб бермаган бўлмаса, деярли гаплашмасдан бориб келдилар.
Махфират хола ешик ёнида кутиб ўтирган экан.
-Уфф,-деи Нулуфар,- ойи, ёрилиб кетай дедим, бу кишига гапириб ҳам бўлмайди. Атир ҳақида бир ҳазил қилувдим, шу билан ишлари битди, қандай бориб, қандай келганларини ҳам билмайдилар.
-Ҳаммани ўзингга ўхшаб шақилдоқ деб ўйлама, йигит боланинг ўгир бўлгани яхши, у ҳам сенга ўхшаган оғзингдагини олиб, ёқангга чаплайдиган бўлса, оила юрмайди. Биттаси плус бўлса, биттаси минус, Оллоҳим ўзи шундай қилиб тузиб қўйган,-деди Махфират хола.
-Қанақа оила. Жа, ошириб юборасиз-а, ойи,-дея Нилуфар ичкарига кириб кетди.
-А, хўп, истмасанг, бор уйинга кетавер, мен бировни мажбур қилмайман,-деди Махфират хола Рустамга кўзини қисиб.
-Ярим тунда қаёққа кетаман!,-деган овоз келди ичкаридан.
-Бўпти эрталаб кетасан,-деди Махфират хола.
Нилуфар эрталаб кетгани бўйича, бир неча кун келмади. Рустам учун дунёнинг қолган қисми ҳам қоронғу бўлиб кетди.
Махфират хола фақат “Ўша кун нима гап бўлди?” дейишдан нарига ўтмасди. Рустам эса “Ҳеч нарса” дейишдан.
Зокир бўлса:
-Ичингдан пишиб кетган экансан, туз еган ҳовлига кўз тикма, деб ақл ўргатгунча, мен унинг қўлини ушлаб қўйганаман, десанг ҳам тушуниб олардим,-дея ундан ўпкалар эди.
Рустам тезроқ отаси ва укасидан дарак топиш орқалигина бу масалага ҳам қайтишни ўйлса-да юрагининг ярми ҳар куни “Нилуфар! Нилуфар!” деб дуккилаётгандек уни бир лаҳза ҳам ёддан чиқара олмас эди. Лекин айни пайтда Нилуфар ўз қарорини берди, шекилли, мени истамади, деб ҳам ўйлай бошлади. У яна бир ҳафта келмаса Махфират холаникидан кўчиб кетман, деб жой ҳам қидиришга тушди.
Отаси ва укаси ҳақида Собитхон домлага айтганди у:
-Ука, бу энди бизнинг ваколатимизга кирмайди, ҳукуматнинг ишларига аралаша олмаймиз, лекин Муфти- депутат, унга бир айтиб кўраман,-деди.
У Собитхон қорининг ҳузуридан чиқар экан, уни кузатган йигит:
-Биласизми, Муфти билан бир неч ойдан бери гаплашмайдилар. Муфти бу кишини узоқдан туриб ёмонлаб юрганини, бу ерда кетказмоқчи бўлганини эшитиб қолиб, жуда хафа бўлгандилар. Мана энди, шунга қарамай сиз учун бориб гаплашмоқчилар. Балки, Муфти сулҳ истаса сизнинг ишингизни ҳал қилиш билан қори акамизнинг ҳам кўнгилларини топар,-деди.
Рустам муфти ҳақида кўп эшитган. Аввал у ўниб-ўсган маҳаллада ижарада турганди. У ерда муфтининг отасини жуда ҳурмат қилишар экан. Совет даврида ҳам ҳеч кимдан қорқмаган эди, дейишарди.
Аммо Абдусоли қори муфтини ёқтирмас экан. Сабоқ олишга келганлар орасида бу борада ўзаро баҳслар бўлиб турарди. Кимдир Муфтини раҳбарлар билан келишиб иш битирадиган одам деса, бошқаси сессияларда индамай ўтиради, чунки коммунистик партиянинг рўйхатидан депутат бўлган дерди. Бошқа биров эса уни “билимдон” деб мақтаса, яна кимдир юртбошини сайлатган шу одам дерди.
Рустам улар ҳақларидаги баҳсларга ҳатто қўшилишга чўчиб, улар ҳақида гап айтишга истиҳола қилиб юрган одамларига мана энди тақдир ипи билан боғланиб бораётган эди. Собитхон қори билан бир неча марта юзма-юз гаплашди. Шу кетишда муфти билан ҳам учрашиб қолсам керак деб ўйлади.
Рустам ўзида енгиллик ҳис этгандек, кечга томон уйга кириб келганда яна бошидан тегирмон тоши босилди. Махфират холанинг фарёдидан эсанкираб қолди. Хола қўллари билан тиззасига урар, сочларини юлиб, юзларини тимдалар ва:
-Нилуфарим! Нилуфарим!,-дерди бўғиқ овозда.
Рустамнинг тиззаси букилиб кетди. Нима бўлди?
“Нилуфар?!” …
Унинг қулоқ пардаларига Махфират холанинг қичқириғи ўқ овозидек узлуксиз урилаётган эдими ёки юрагидаги ҳайқириқ қулоқларига кўчдими, ўзи ҳам билмади.

889 ЙИЛ ОЛДИН

Тоҳир Аламут қалъасининг остонасига етиб келгунига қадар жуда кўп қийинчиликларни кўрди. Одамнинг ажали етмаса ўлмайди, деган гап рост экан. Неча марта ўлимнинг гўшасига кириб, тирик чиқди. Бир мартасида қорнинг остида музлаб қолиб ҳам ўлмади.
Одам ҳам ҳайвондек гап экан, деб ўйларди. Ҳайвон табиатга, яшаш жойига қараб мосланиб боради. Одам ҳам шундай. Илгари қишда совуқ қотарди. Аммо бу ерга келгандан кейин ҳар кун вужудига ёввойи кийикнинг мойини суйкашни ўргатишди. Аввалига танасидан анқиган бад бўйга чидолмай юрди. Кейин ўрганиб кетди. Мойни суйкавергандан кейин, тери ялтироқ олтинга ўхшаб қолар экан. Совуқда худди арслон терисини ёпинган каби юравераркан одам. Уч йилллик машқлар ортда қолиб у Шайх яшайдиган қалъанинг ичига кирганда уни йиғинга бошлашди.
Уч йилдан бери ҳақида ҳар кун, ҳар соат эшитгани шайх жуда салобатли одам экан. Юзидан худди нур ёғилаётгандек туюлсада кўзлари қашқирнинг кўзини эслатарди. Тоҳир тоғда қашқирга жуда кўп рўбарў келган. Қашқир шундай тикилардики, худди кўзлари билан ҳамла қилаётдек бўларди. Тоҳир ҳам отасидан ўргангани каби қимирламасдан унга худди шундай тикилиб тураверарди.
Отаси:
-Қўрқсанг бошингдан ҳовур кўтарилади, қашқир шуни кутади. Қочсанг ҳам ишинг битди. Аммо қўрқмасанг у қайтиб кетади,-дерди.-Қашқир ҳам одамга ўхшайди. Бир ўзи бўлганда ҳужумкорлик қилмайди. Аммо ёнида бошқа қашқирлар ҳам бўлса, улар тўда бўлиб овга чиққан бўлсалар қутулишинг амри маҳол. Ундай пайтда битта йўлинг қолади. Ҳужум қилишинг керак.
Мана энди Тоҳирнинг ўзи ҳам қашқир бўлиб бораётганини ҳис қиларди. Яхши қашқир бўлишни истарди. Дадаси яхши ва ёмон бўрилар ҳақида кўп ривоятлар айтиб берган:
-Бир она бўрининг икки боласи бор экан. Улар жуда шўх ва ҳаракатчан эканлар. Йиллар ўтиб биттаси жуда ҳам қонхўр бўлибди. Кўрган ўлжасини ўлдирмаса, қўймас экан. Қорни очми, қорни тўқми ҳужум қилаверар экан. Аммо иккинчиси ундай эмас, ўзини одамларга яқин олар экан. Бир куни бир гуруҳ одам тоғлар орасидаги адирликда чиқиш йўли топмай, адашиб қолибди.
Шунда бўрилардан бири одамларга ҳужум қилиб, ҳар тунда бир кишини судраб кета бошлабди. Иккинчиси эса, тоғнинг теппасига чиқиб увлай бошлабди. Ундан қўрққан одамлар тескари томонга қараб қоча бошлабдилар. Шунда иккинчиси келиб одамларнинг йўлини тўсибди. Икки қашқир орасида жанг бошланиб, яхшиси ёмонини жароҳатлаб, енгибди ва одамлар чиқиб кетиши мумкин бўлган томонни очиқ қўйиб, қолган жойларга югурганча увиллар экан. Шу зайлар одамлар дарадан чиқиб кетган эканлар…
Бирдан Тоҳирнинг хаёллари узилди. Хонанинг ўртасида танасидан узилган бир бош турарди. Шайх янги келган йигитларга ана шу узилган бошни ушлаб кўришлари ва ҳали қони қотмаганини ҳис қилишлари кераклигини айтди:
-Бу душманларимиз томонидан ўлдирилган бир бечоранинг боши. У ҳаётда ҳеч гуноҳ қилган эмас. У доим адолатни излади, адолатдан ёна бўлди. Ҳеч кимга ёмонлик қилмади. Аллоҳ буюрганини бажарди, фақат. Аммо номард душманлар уни ўлдирдилар. Қабр азобидан халос этилган бу йигитга Аллоҳ қайта жон ато этиши аниқ. Фақат буни ундан чин дил билан сўрамоқ керак!
Шайх шундай деб йигитларни узилган бош атрофида айлана шаклда ўтқазиб қўйиб, ёруғ тушадиган ҳамма жойларни бекиттирди ва кесилган бошга қараб гапира бошлади:
-Аллоҳдан сенга жон сўрадим. Ҳозир мана шу синовлардан ўтиб, ҳақиқатни излаб келган йигитлар олдида Раббим сени тирилтиради…
Шайх шундай деб йигитларга қаради:
-Бу дақиқани унутманг, агар эътиқодингиз мустаҳкам бўлса ва душман қўлида жон берсангиз ҳам Раббим истаса сизга жон беради. Истаса сизни жаннатга йўллайди. Агар сиз шаҳид бўлсангиз, ки шаҳидлик энг улуғ шаҳодатдир, сиз беҳиштдан жой топасиз. Бунинг тўққиз фазилати бор.
Бир: томчи қонингиз тўкилишии билан бутун гуноҳларингиз авф этилади. Гуноҳсиз банда йўқ. Ҳатто баъзан хаёл билан ҳам гуноҳ қилиб қўйишингиз мумкин.
Икки: беҳиштда қаерда ва қандай яшашингиз кўз олдингизга келтирилади. Булбуллар сайраши, қумрилар чарақлаши, гулларнинг ранго-ранглиги. Шаршараларнинг камалакка айланиши… ҳамма-ҳаммаси олдиндан сизга кўрсатилади.
Уч: Шу ондаёқ сизга иймон либоси кийгизилади.
Тўрт: Энг гўзал, оҳу кўзли ҳурлиқолардан 72 тасига уйлантириб қўйиласиз. Фароғат нималигини ана шунда биласиз.
Беш: Мана бу боши кесилган йигитга ўхшаб қабр азобига тортилмайсиз.
Олти: Қиёмат қойим бўлганда ҳам сизга хотиржамлик берилади.
Етти: Бошингизга эҳтиром тожи кийгизилади. Унда минг гавҳар бўлиб, фақат биттаси бутун дунёдан устун бўлади. Бу дунёнинг қиролларига ҳам насиб этмаган таомлар сизга насиб этади.
Саккиз: яқинларингиздан 70 кишига шафоат қилинади. Уларни йўқотган бўлсангиз топасиз.
Тўққиз: Агар бу дунёда вазифангиз қолган бўлса, менинг илтимосим ила Аллоҳ сизни яна қайтаради ва вазифангизни бажаришда сизга йўл кўрсатади. Бу йигит ҳам ота-онасини ўлдирганлардан қасос ололмай шаҳид бўлганди. Шу боис вазифасига қайтариш учун мен орага кирдим.
Ўртада сандалга ўхшаган жойда кичик гулхан ёқилди. Шайх яна каллага қараб гапира бошлади:
-Аллоҳим сенга жонни юборди. Аввал кўзларингни оч!,-деди.
Узилган калла секин қимирлагандек бўлди ва қон остидан аста кўзлари очилди ҳамда гулханнинг нурида порлай бошлади. Йигитлар ўтирган жойларида титраб қолдилар. Тоҳирнинг боши айланиб кетгандек бўлди. Шайхнинг мўъжизалари ҳақида деярли ҳар куни эшитганига қарамай бунга ўзи гувоҳ бўлаётгани учун совуқ тер остида қолди. Шайх эса сўзида давом этарди:
-Энди қошларингни қимирлатиб кўр!
Кесилган бошдаги қошлар қимирлашга бошлади. Тоҳирнинг эти жунчикиб бораверди. Қўллари билан ерга тўшалган арслон терисидан қилинган пўстакни маҳкам ушлаб олди.
-Энди бошингни айлантир!
Кесилган бош жойида айланди.
Тоҳир аста-секин қўрқув ҳиссидан ғурурланиш туйғуси томон бораётганди. Кўпларга насиб этмаган нарса унга насиб бўлганидан ички бир мағрурлик ҳис эта бошлади. Демак, мен Худога яқинлашиб бораяпман, ҳамма ниятларимга етаман, шунча азобларим бу Аллоҳнинг синови экан, ҳаммасидан яхши ўтдим, деб ўйларди у.
Анча давом этган бу ҳодисадан кейин Шайх йигитларни бир-бир кўксига босиб:
-Сизлар менинг хос аскарларим, сизлар Аллоҳнинг лашкарлари!,-деди.
Шайх Ҳасаннинг болалиги оғир кечганди. Болалигида отаси уни Қуръонхонликка берди. Бир куни қироатни бузиб қўйганди, домласи уни оёғидан шотига боғлатиб, ҳамма толибларга химич билан урдирди. Оёғининг ости яра бўлиб, газаклаб кетди. Негадир отаси уни сўраб келмади. Домла эса унинг оёғига ҳам қарамасдан чойхоначи қилиб қўйди. У дала-тошга чиқиб ўтин териб келиши, кейин қумғонда сув қайнатиши керак эди. Домласи жуда инжиқ эди.
Ҳали:
-Қаёққа қарадинг чойнинг ичи қора қурумга тўлаку,- дея қайноқ сувни унга қараб сепиб юборса, ҳали:
-Ман санга бу сафар олма пўчоғидан эмас, райҳондан дамла дегандим,-дея чойни тўкиб ташларди.
Бир кун дарслар битиб, толиблар уй-уйларига кетдилар. Ҳасаннинг кўзи йўлда қолди. Ҳеч ким келмади.
-Сани одам қилмоқчи эдим, бошимга бало бўлдинг, текинхўр,-деган домласи унга жуда ёмон муомалада бўла бошлади. Аввалига оёғини уқалатган бўлса, кейин уни шаҳвга бошлади. Шаҳватпараст бўлган домла бир неча йил Ҳасанни ўзига бачча қилиб юрди. Ёши бир жойга етгач, бир куни хасталаниб қолди. Азоблар гирдобида илондек тўлғаниб юрган Ҳасан домласини бўғиб ўлдирди-да ўзи муллалик қила бошлади. Қироати яхшилиги учун мачитга имомликка ҳам уни чақиришди.
Ваъзларини адолат билан бошлаб, адолат билан битирарди. Айни пайтда уйида талабаларни ҳам ўқитарди. Хаёлида эса дунёдаги ҳамма домлаларни бузуқ деб билар ва уларни йўқ этиш йўлларини изларди. Бўш пайтларида ота-оналаридан гўшти меники, суяги сизники деб сотиб олгани-беш олти болани чиниқтирарди. Уларга одамни йиқитиш, бўғиш, пичоқлашни ҳам ўргатар эди. Аммо болаларга яхши муомала қилиб, яхши қарар ва ўз ўғлидек бошларини силарди. Уларни доим бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатар, рағбатлантирар эди.
Ўчоқнинг бошида кунларни тунларга, тунларни кунларга боғлаган пайтида хаёлидан кечганлари энди бир-бир ҳақиқатга айланаётган эди. У бутун дунёдаги ёмонларни жазолаш, йўқотишни орзу қилганди. Домласига ўхшаган, отасига ўхшаганлардан дунёни тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Ана шу орзусига йўлни беш-олти болани тайёрлашдан киришганди. Болаларнинг орасида асраб олган ўғли ҳам бўлиб, уни гуруҳга бош қилиб қўйганди.
Бундан олдинроқ ота-онасини қидиртирди. Онаси оламдан ўтган, отаси хаста экан:
-Мени кечир болам, ўша пайтда ночор аҳволда эдик, очликдан қутулиш учун сени домлага сотган эдим,-деди отаси жон таслим қилиши олдидан.
У отасидан нафрат қилди. Сотадиган бўлса, нега дунёга келтирди, деган саволга жавоб тополмай юрди. Кейин чеккан азоблари кўз олдидан ўтар экан, отасига ўхшаганлар ҳам яшамаслиги керак деган қарорга келганди.
Дунёси гоҳ торайиб гоҳ кенгайиб юрган Ҳасан атрофидаги йигитчаларни қотиллика ўргатиб, ёмонларни жазолашга, домлаларнинг уйларини босишга бошлади. У номи яхши чиққан домлаларга индамас эди. Ёмонотлиқ бўлган домлалар, бойларни сирли равишда жазоларди. Баъзан у фалон жойда, фалон одам Аллоҳнинг ҳаққига хиёнат қилаётган экан, Аллоҳим ўзинг ғазабингни юбор унга, дея дуо қиларди. Орадан икки кун ҳам ўтмай ўша одамнинг ўлгани ҳақида гап тарқаларди.
Ҳасан энди башоратчилик билан машҳур бўлди. Ҳар кун унинг ҳузурига келадиган арзчиларнинг кети узилмас эди. Уни “Шайх Ҳасан” дейдиган бўлдилар. Бойлар ва ҳатто баъзи ўлкалардаги вазиру аъзам, қироллар ҳам унга молу давлат юбориб, душманларига Аллоҳдан бало сўрашни истардилар. У камбағал-бечораларнинг энг яқин дўстига айланди. Улардан пул олмас, аммо истакларини адо этарди. Унинг ҳовлиси талабалар билан тўлиб кетди. Боласини унга муридликка берган одамларнинг сон-саноғи йўқ эди.
Секин-секин унинг айтгани айтган, дегани деган бўлиб қолди. Истаса, байрамларни бекор қилар, истаса, ойлаб байрамбозлик қиларди. Истаса, солиқларни бекор қилар ва истаса, қайтадан тайинлар эди.
Бу энди баъзиларга ёқмади. Унга қарши гап айтадиганлар ҳам чиқди. Баъзилар динда башорат қилиш таъқиқланган десалар, баъзилар уни дин душмани ҳам дея бошладилар. Бу эса Ҳасанни безовта қила бошлади. Ҳатто унга қарши бўлган вазиру аъзамлар ҳам топилди. Шулардан бири Низомул Мулк эди. У одам юбориб, эл-улуснинг қоидасини сарой белгилаши, унинг эса аралашмаслигини, шариат қоидаларини белгилашда уламога қулоқ солишини, қозиларни тинч қўйишини, оятларни нотўғри тафсир ва талқин қилмаслигини талаб этди.
Шундан кейин Шайх Ҳасан тепаликда бир қаср солдириб, атрофини ўзи етиштирган аскарлар билан ўраб олди.
У аскарларини уч табақага бўлган эди. Биринчиси, чет элларга бориб, хабар тўплаб келадиган гуруҳ эди. Уларга:
-Сиз мазлумларнинг халоскори, сиз орқали мен уларнинг ҳолидан ўз вақтида воқиф бўлишим керак,-дер эди.
Бу гуруҳга кирганлар дарвеш, қаландар, муҳаддис, савдогар, умрачи, ҳажга борувчи каби номлар билан бошқа эларга кириб борардилар. Улар одамларнинг аҳволи билан бирга бойлар, домлалар, солиқчилар ҳақида ҳам маълумот тўплашарди. Уларнинг уй-жойлари қаердалиги, қаерларга боришлари, тўй-маъракалардаги иштироклари… хуллас, қайтиб келганда ҳар қандай саволга жавоб берадиган маълумотларни ўрганишлари керак эди.
Шайх бу ишни шунчалик пишиқ йўлга қўйган эдики, бир жойга камида икки кишини юборарди. Улар бир-бирларини танимаган ҳолда кузатишар ва агар шубҳали нарса сезиб қолсалар биттаси иккинчисини йўқотар эди.
Бу гуруҳ кундан кунга кучайиб, унинг жосуслари жуда узоқларга қадар етиб борадиган ва махсус ўргатилган қушлар орқали хабар йўллайдиган бўлдилар. Бу гуруҳга шайхнинг асрандиси бош-қош эди.
Иккинчи табақа эса соқчилардан иборат эди. Улар қалъани қўриқлаш билан бирга бу ердаги бутун ҳаётни бошқарар эдилар. Янги талабалар топиш ва уларни етиштириш ҳам шу табақанинг ишига кирарди. Шайхнинг остонасига етиб боролмаган йигитлар ана шу табақада хизмат қилардилар.
Учинчи гуруҳ эса жазоловчилар бўлиб, бунга танлов ниҳоятда қаттиқ эди. Буни бевосита шайхнинг ўзи назорат қиларди. Тоҳир ана шу учинчи табақага “илинган”ди.
Шайх ўз лашкарларига унвонлар ҳам таъсис этганди. Жазоловчи гуруҳга кирганларга “фидойи” унвони берилар эди. Уларни ўзаро “қасоскорлар” ҳам дейишарди. Аммо шайх уларни “хос лашкарларим” дерди.
Икки-уч топшириқдан эсон-омон келган йигитга “Рафиқ” унвони берилар эди. Бу эса Шайхнинг дўсти дегани эди. Уларга шайх “Дўстим” деб мурожат қиларди. Бу гуруҳда ўзини кўрсатганларга “Дойи” унвони берилар ва уларни Шайх эркалатиб, яқин олиб “Тоға” дерди.
У бутун буйруқларини ана шу “тоға”лари орқали берар ва ижросини ҳам улардан суриштирар эди. Уларнинг орасидан танлаб олинган бир неча киши эса Шайхнинг машваратига кирганлар, қайси бир маънода маслаҳатчилар, сир сақловчилар бўлишарди.
Сир сақлаш Аламут қасрининг асосий қоидаси эди. Бунинг учун одамлар алоҳида текширувдан ўтказиларди. Шайх баъзан энг яқинларига ҳам ёлғон бир гапни айтиб, кейин ўртага одам қўйиб, уни билишга интилар ва ўша одамнинг оғзидан сир чиқса боши ерда юмаларди.
Шайх ўз атрофидагиларнинг ҳаммасини бир-бирларига душман қилиб қўйганди. Улар доим бир гап топишга интилар эдилар. Бундай гапларни шайх берилиб тинглар ва гап келтирган одамни рағбатлантиргани боис ҳам бу иш авжига чиққанди.
Шайх эшитган гапини “айбдорга” айтиб, уни ўлимнинг эшигига олиб борар ва қайтариб олиб келарди. Унга ҳеч кимга айтмайсан, дея гапни ким олиб келганини айтар ва доим уни кузатиб юришни тайинларди. Бу эса Қалъа ва ташқарисида ўз-ўзини назорат қилишни, метин интизом ва шайхга садоқатни кучайтирган эди…
Тоҳир шайхнинг ҳузуридан чиқиб, ҳали ўзига келмасдан, кесилган бошнинг чарақлаб турган кўзларини унутмасдан уни ва ёнидагиларни чойга таклиф қилишди.
Дарахтнинг танасидан ясалган косачада уларга чой беришди. Бунақасини у ҳеч ичмаган эди. Бирдан боши айланиб, кўзлари тинди. Ер осмонга кўтарилиб, осмон ерга тушгандек бўлди…

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, АССАССИН. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s