Жаҳонгир Муҳаммад

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

УЧИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Бугун якшанба бўлгани учун Зокир бозорга чиқиб кетди. Улар навбат қилиб қўйган эдилар. Бир ҳафта Рустам у-бу нарса харид қилишга чиқса, кейинги ҳафта Зокир. Илгари биргаликда қилардилар бу ишни.Акмалхон уларни шанба ва якшанбада тунда навбатчилик қилишга ҳам режалаб қўйди. Аммо биргаликда боришмас эди. Бир кун Рустам борса, иккинчи кун Зокир. Шу боис ана шунга мослаб бозорни ҳам навбат қилиб қўйишди.
Рустам тонгга яқин келган бўлса-да, Зокирнинг чиқиб кетганидан кейин уйғонди. У ёқ, бу ёққа товланиб ётди, аммо уйқуси келмади. Шу боис Собитхон қорининг касетага ёзилган суҳбатини тинглаб ётди. Хотин-қизлар билан учрашувда бир аёл атир қўлланиш ҳақида савол берган экан. Бу Рустамга ҳам қизиқ туюлди. Чунки, илгари олган дарсларида аёллар фақат уйдагина атир сепишлари мумкин дейилганди. Бу ҳақда Нилуфарга айтганида:
-Кўрамиз, кейинги ҳафта атир сепмасдан келаман, қани чидайсизми?-дея кулганди. Шу боис Собитхон қорининг фикрини ҳам билмоқчи бўлиб, диққат билан тинглади:
“Хотин қизларнинг ўзларига атир сепишлари Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломнинг суннати ва бу эркак ҳамда аёл учун суннатдир. Лекин аёлларнинг атир сепиб кўча-куйга чиқишлари, буни бегона эркакларга ҳидлатишлари таъқиқланган. Бу борадаги ҳадислардан бирида, уни Ат Термизий ҳикоя қилганлар, ”Бир аёл атир сепиб, бегона эркаклар ҳидласин деб кўчага чиқса, зониядир…” дейилса, Абу Давуд ҳикоя қилган ҳадисда эса, ”Атирланиб масжидга чиқиб, намоз ўқиган аёлнинг намози, уйига бориб ғусул қилмагунича қабул бўлмайди” дейилади. Ал Ҳинди таъриф қилган ҳадисда эса ”Аёл масжидга бормоқчи бўлса, жунубликдан поклангани каби ювинсин” деб қайд этилган. Continue reading