Жаҳонгир Муҳаммад

АССАССИН

Тарихий-замонавий роман (Янги таҳрирда)

ИKKИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Қорабой ака ичида бўлган машина МХХ вилоят бошқармасининг темир дарвозаси ёнига келганда, худди уни кутиб турган каби дарвоза дарҳол ланг очилди ва машина ғиззиллаганча ичкарига кириб кетди. Қорабой акани зах бир хонага олиб киришди. Қўлига солинган кишанни ечмасдан ташлаб кетишди. У нима юз берганини оз бўлсада тушунган эди.
Мухолифатнинг орасида юрган айғоқчиларни аниқлаган ва бошқаларни эҳтиёт бўлишга даъват қилгандаёқ бошига шундай кун келишини тахмин қилганди. Аммо унутишди. Ҳар ҳолда ўша кезда юз берган юрак хуружи уни асраб қолди. Мана энди кечаги воқеадан кейин яна уларнинг кўзига тикандек санчилдим, шекилли?! Бир-икки пўписа қилиб, қўйиб юборишса керак? Ғалвирга илинадиган бирор нарса тополмасликлари аниқ. Кейинги йилларда мухолифатга ҳам қўшилганим йўқ. Дарвоқе улар қамоққа олинганимни эшитишган ва дунёга жар солаётган бўлсалар керак? Нима бўлганда ҳам илгари бирга эдик-ку?! Буни эшитиб қолган Тошкент “Қўйиб юборларинг, яна битта бош оғриғини нима қиламиз” дейиши мумкин, деб ўйларди у.
Нима учундир кўнгли хотиржам эди. Уйини босганларида юраги бир ўйнаб кетди, аммо кейин ўзини ушлаб олди. Юраги жойидан қўзғалиб бўғзида “гуп”-“гуп” ураётганини назарда тутмаганда аҳволи унчалик ёмон эмас эди.
У хонага разм солди. Эшикка қарши томонда теппада бир туйнук бор. Жуда қалин темир панжара ўрнатилган ва устидан яна симтўр тортилган. Ташқаридаги дарахтнинг бир шохини аранг кўрса бўларди. Шундан тахмин қилдики, бу жой ертўла экан. Демак, машина бинонинг остига кириб келаркан-да! Continue reading