Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-9)

abulqosim4Абулқосим МАМАРАСУЛОВ

1991 йил 2 октябр.

Республиканинг 50 нафар ижодкори билан Президент Ислом Каримов учрашадиган бўлди. Жиззах вилоятидан вакил сифатида мени таклиф этишди. Бундан хабар топган Меҳриниса Каримова менга қўнғироқ қилиб: “Шусиз ҳам сизнинг обрўйингиз баланд. Абдураҳмон яқинда уюшмага масъул котиб бўлган, унинг обрўсини кўтарайлик. Президент билан учрашувга у борсин”, дея мендан илтимос қилди.

– Бу масалани мен ҳал қилолмайман-ку,  –  дедим мен.

– Сиз хўп десангиз бўлди, биз шуғулланамиз, – деди Меҳри Каримова.

Мен рози бўлдим. Аммо уларнинг ҳаракатлари натижа топмапти. “Рўйхат кетган, Президент билан учрашувга фақат Абулқосим Мамарасулов киритилади” , деган жавоб олишипти.

Учрашувга Тошкентга келгандан сўнг – янги мақолаларимни топшириш учун  –  бирров ишхонага “Халқ сўзи”га кирдим.

– Э, келганингиз жуда яхши бўлди, ҳозиргина Номоз Саъдуллаев “Абулқосимни ернинг остидами, осмоннинг устидами бўлса ҳам тез топ, деганди. Мана, сизга, уйингизга қўнғироқ қилаётгандим, – дея вилоят мухбирлари билан ишлаш бўлимининг янги раҳбари  Муродхон Калонхонов телефон дастагини жойига қўйди. – Энди  муҳаррирга кириб, “чақирган экансиз, қанот боғлаб учиб келдим”,  дейсиз.

Менинг юрагим така-пука бўлиб кетди. Яқинда вилоят мухбирлари иштирокида  йиғин бўлган ва мен тўртинчи бор айтувсиз қолиб, шу йиғинда қатнашмаган, менга ўхшаб келмаганларни Номоз ака: “Бу – диверсия! Барча келмаганларни чақириб, тушунтириш хати олинг. Чорасини кўрамиз”,  деган экан. Балки менга чора кўрмоқчидир?

Номоз ака мени  хушҳол кутиб олди. Мен эса ўзимча у кишини чалғитишга тушиб, олиб келган бир неча мақоламни, мақолаларимнинг мавзуини тушунтиришга киришиб, бир неча фурсат бидиллаб гапирдим. Номоз ака индамай, сабр-тоқат билан  тинглади ва мен сўзимни тугатгандан сўнг:

– Сиз яхши ёзяпсиз, – деди.

Менинг елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Шу кунлари газетанинг салкам ҳар бир сонида менинг мақолаларим тўхтовсиз берилаётган, жўнатган  бирон-бир мақолам қолиб кетмаётган эди. Бир-бири билан тарафлашаётган икки тарафнинг асосий вакиллари ишдан бўшаб кетган, “Абулқосим ёзган нарсалар тўхтаб турсин ёки қолдирилсин”, дейдиган ҳеч ким қолмаган эди. Мен Номоз акага,  чақиртиргани туфайли қанот боғлаб учиб келганимни айтдим, қандай топшириқлар  бўлса, буюринг, бажараман, дедим. Айтарли топшириғи йўқ экан, редакция билан тез-тез боғланиб туринг, деди ва менга жавоб берди.

Оқсаройга, Президент  билан учрашувга бордим. Биз Азим Суюн иккимиз қаторнинг охирида ёнма-ён ўтирдик. Қаршимизда Шарифа Салимова, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева. Нариги столнинг охирида, қаршимизда кечикиб келган Номоз Саъдуллаев бизга қараб ўтирди.

– Номоз  муҳаррирликка арзимайди, сўз олиб танқид қиламан, – деди Азим Суюн.

Номоз Саъдуллаев иш бошлагандан сўнг таҳририятда анча ўзгаришлар бўлган, Аҳмаджон Мухторов  олган 225 штатнинг 100 таси қисқарган. Жумладан, Йўлдош Исмоилов ва бошқалар қатори Азим Суюн ҳам ишдан кетказилганди.

Йиғинни Одил Ёқубов бошқарди. Президент  йиғин бошида ташриф буюрганларга мурожаат қилиб:

– Хоҳлаган нарсаларингни гапиринглар, хоҳлаган саволларингни беринглар. Қўрқманглар, бунинг учун сизларни ҳеч ким қувғинга олмайди. Бу ерда фақат стенографисткалар ўтирипти, айрим таклифларингиз қолиб кетмаслиги учун улар сизларнинг сўзларингизни ёзиб олишади, холос, – деди.

Стенографисткалардан  бири – менинг курсдошим Гулчеҳра Парпиева экан. Йиғин бошланиши олдидан саломлашдик.

– Сиз катта ёзувчи бўлиб кетдингиз, асарларингизни ўқияпмиз, мени танимасангиз керак, деб ўйлагандим, – деди Гулчеҳра.

– Сиз ҳалиям ўша Гулчеҳрасиз. Қолаверса, сиз ҳам кичик одам эмассиз, Президент Девонида ишлаяпсиз, ахир!

– Бари бир бор-йўғи стенографисткаман.

Эл қатори мен ҳам сўз сўраб, Одил акага илтимоснома бердим. Аммо менга сўз тегмади. Азим Суюндан илдамлик қилиб, ўша кунлари Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган Усмон Азим деди:

– Мен  ҳар қандай фурсатда ҳузурингизга кириб, бу фикримни айтсам бўларди, Ислом ака,  лекин унда гапим  ғийбат сифатида тушунилиши мумкин эди. Бугун шунча одам гувоҳлигида,  мана Номознинг ўзи гувоҳлигида айтаман: Номоз яхши йигит, студентлигимизда ҳам аълочи эди. Яхшигина журналист. Аммо раҳбар сифатида ўзини кўрсата олмаяпти. “Халқ сўзи”нинг обрўсини тушириб юборяпти. Ҳолбуки, “Халқ сўзи” республиканинг энг зўр газетаси бўлиши керак.

Сўз олган Азим Суюн ҳам шу маънода гап қилди.

Йиғиндан чиқаётганда Номоз Саъдуллаев билан дучма-дуч келдик. У муҳаррир, мен ходими, бирга-бирга таҳририятга келдик. У киши менга ортиқча бир сўз  демади. Тушундимки… э, ниманиям тушунардим. Э, бу дунёнинг ўйинлари… Ким охирига етибдики ва мен кимманки… хуллас…

1991 йил ноябр.

Ногоҳ Аҳмаджон Мухторов яна ўз ўрнига  тикланди. Номоз Саъдуллаев даврида   бор-йўғи 20.000 нусхага тушиб қолган  “Халқ сўзи” ноябрнинг охиридан 10 декабргача  яна 100.000 нусхадан ошиб кетди. Аҳмаджон Мухторов барча ҳайдалганларни аввалги ўрнига тиклади, оралиқдаги бекор юрган вақтлари учун тўлиқ иш ҳақини тўлаб берди Штатлар сони яна 225 тага етказилди.

Муҳаррир тикланган кунлари Республикада муқобиллик асосида Президент сайлови эълон қилинди. Ислом Каримов халқ демократик партияси (ХДП)дан, Муҳаммад Солиҳ эрк демократик партияси (ЭДП)дан  номзод бўлишди. Сайлов арафасида телевизорга чиққан ЭДП биринчи котиби Аҳмад Аъзам: “Биз бу сайловда ютқазишимиз  аниқ, буни биламиз,  аммо бу сайлов кейингилари учун бир мактаб бўлади, деган ниятда ўз номзодимизни қўйишни лозим топдик”,   деган маънода гап қилди. Аммо: овқат келганда иштаҳа очилади,  деганларидек, менимча, кейинроқ Муҳаммад Солиҳнинг Президент бўлгиси келиб қолди. Сайловга яқин қолган кунлари  телевизорга чиқиб: “Менга таъқиб бўляпти. Агар аҳвол шундай давом этаверса, ўз номзодимни қайтариб олиш ҳақида ўйлаб кўраман”,  дея пўписа қилди. Ҳолбуки, Номзодга, унинг ишончли вакилига республика телевидениесининг биринчи программасидан ўзлари истаган вақтда чиқиш қилишга имкон берилиши  – ҳеч қандай таъқиб йўқлигидан далолат эмасми? Қолаверса, Жиззахда ҳар икки номзодга вилоятнинг марказий мажлисхонаси  вилоят аҳли билан учрашув ўтказиш учун очиб берилди. Албатта, Ислом Каримов ҳаракатдаги Президент бўлгани учун учрашув анча тантанали суратда ўтди.

Номзод билан учрашув бўладиган куни эрталаб бемалол оближроқўм биносига борган эдим, вилоят совети раисининг масъул котиби Олломурод Исоқулов унинг хонасида менга тегишли меҳмон борлигини айтди. Борсам, “Халқ сўзи”нинг Самарқанд вилояти бўйича махсус мухбири  Ҳабиб Темир:

– Кеча Самарқандда  шундай учрашув бўлиб, бу ҳақда ЎзА  мухбири ахборот берар  деб юрсам, мени Аҳмаджон ака чақиртирди. Президент Ислом Каримов билан бирга учрашувга борган экан. Ҳозир бирга Жиззахга келишди. Катта материал қилиб беришимиз керак. Президентнинг шахсан ўзи Аҳмаджон акани олиб юрган экан. Буюрмайману, лекин илтимос, мени ҳам тарғиб этинглар, деган эмиш. “Абулқосим ҳам сенга ўхшаб бемалол юрган бўлса керак, юр, ёрдамлашасан”, деб мени Жиззахга етаклаб келди, – деди.

Ҳабиб  Темир билан бирга мажлисхонага ўтдик. Учрашув бошланган, лекин Президиумда Аҳмаджон ака кўринмасди. Излаб юргандик, масъул ходимлардан бири айлантириб, бизни саҳна ортидаги дам олиш хонасига етаклаб борди. Аҳмаджон ака шу ерда бўлғуси репортаж лойиҳасини тайёрлаётган экан. Бизни кўриб хурсанд бўлиб кетди. Учрашув Жиззахда қандай ўтгани ҳақидаги материални у киши ҳам бошлаб, бир ярим бет ёзган экан, бизга кўрсатди, бўладими, деб маслаҳат сўради. Иложи бўлса, мени ҳам соавтор қилиб қўшинглар, деб илтимос қилди. Биз яна масъул котиб хонасига қайтдик. Аҳмаджон ака менга ишонмагани учун Ҳабиб Темирни олиб келганми, деб ўйлаган эдим. Аммо Аҳмаджон аканинг менга муносабати жуда самимий, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмасди.   Мен етиб келганда Ҳабиб Темир мақолани бошлаб улгурганди, кейин Аҳмаджон аканикини қўшиб, ўзи тайёрлаб, тугаллаб, учовмизнинг имзомиз остида Тошкентга, таҳририятга телефон орқали ўқиб турди, улар ёзиб олиб, беш бетли мақолани шу куниёқ саҳифага тушириб юборишди.

Тушдан кейин Президент аркону-асҳоби билан Гулистонга – Сирдарё вилояти меҳнаткашлари билан учрашувга кетди. Аҳмаджон ака улардан ажраб, бизнинг олдимизга келди.

– Президентдан рухсат олдим, – деди Аҳмаджон ака.  –  29-30 ноябр кунлари  Минскда давлат бошлиқларининг учрашуви бўлади, ўшанга мени ҳам олиб кетмоқчи. Ишқилиб, кўз тегмасин, менга муносабати яхши. Ўктам (оближроқўм раиси Олимов) билан икки оғиз гаплашиб, кейин Тошкентга кетаман. Невараларга этикчалар керак бўляпти, – деди.

Мен ерга қарадим. Бунақа нарсаларни ҳал қилаверадиган даражага етганим йўқ эди ҳали. Олимов эса Президентни кузатгани вилоят чегарасига кетипти. Бир оз фурсат  кутиб ўтирдик. Аҳмаджон ака безовта бўлаверди. “Шофёрга бориб айтинг, машинани бу ёққа ўнгласин”, деди. Мен пастга тушиб, атрофни айландим, лекин Аҳмаджон аканинг машинаси кўринмасди. Битта Тошкент “Волга”си турарди. Шу бўлса керак, деб ўйлаб келиб, айтгандим, Аҳмаджон ака: “меники 11-25 ТНВ”, деди. 11-25 ТНВ ҳеч қаерда йўқ эди. Гаражга  сим қоқсак, у ҳам Президент машиналари қаторида Гулистонга кетганини айтишди. Аҳмаджон Мухторов  бошқа машинада бўлса керак, деб ўйлаб, кортеж сафида кетаверган бўлса керак, деган қарорга келдик.

– Гулистондаги мухбир Темур Абдураҳмонов ҳам ўйнаб юрган бўлса керак, бир киши бориб, репортаж тайёрлаш керак эди, – деди Аҳмаджон ака.

Мен яна ерга қарадим. Чунки ҳамма кетиб бўлган, мен эса пиёда эдим.

– Мен Тошкентга кетишим керак, Ўктам ҳали-вери қайтмайдиганга ўхшайди, – деди Аҳмаджон ака безовталаниб.

– Аҳмаджон ака, сиз менга машина олиб бердингиз, лекин бензин тополмаганим учун бугун пиёда келганман, – дедим хижолат бўлиб.

Шу алфозда Ўктам Олимов қайтишини кутишга мажбур бўлдик. Ўктам ака қайтиб келгандан сўнг ўз кабинетида бизни меҳмон қилди. Мен олманинг пўстлоғини арчмасдан  майдалаб дастурхонга қўйган эдим, Аҳмаджон ака:

– Нега бундай қилдингиз? – деб сўради.

– Айтишларича, витаминнинг асосий қисми пўчоқда бўлар экан, – дедим мен.

– Пўчоқ ошқозонга етмай, ичаккка ёпишиб қолиши мумкин, – деди Аҳмаджон ака.

Мен бадтар хижолат бўлиб, майдаланган олманинг пўчоқларини тозаладим. Энди буни Аҳмаджон ака емаса керак, деб ўйлагандим, йўқ, еди. Бугуннинг ўзида бир неча марта Аҳмаджон аканинг раъйига қарай олмадим. Шунинг эвазига энди мени ёмон кўриб қолса керак, деб  ўйлагандим. Аммо Аҳмаджон ака Ўктам акага:

– Абулқосим қийналиб қолипти, бир жойдан гарантияли бензин тўғрилаб беринг, – деди.

– Машина бердим-ку, энди бензинини ҳам менга осадими, кунини кўрсин, – деди Ўктам ака.

Ўктам Олимовнинг ёрдамчиси Равшан Абдусатторов  11-25 ТНВ Гулистонга борганини аниқлади. Бетонкага чиқаверсин, деди Аҳмаджон ака. Кейин Ўктам ака билан четга чиқиб, бир нималарни маслаҳатлашди. Пастга тушдик. Ҳабиб Темир учун Самарқандга, Аҳмаджон Мухторов учун Тошкент тарафга  машиналар ўнгланди. Қоронғи тушиб қолган эди. Мен йўловчи машиналарда амаллаб уйга етиб олдим.

Уч-тўрт кундан сўнг Тошкентга ўтиб, Аҳмаджон Мухторовдан вилоят совети раиси Эркин Турсунов номига: “вилоят мухбирини ҳар ойда 200 литр  бензин билан таъминлаш илтимос қилинган хат олиб келдим.  Бу пайтлар: бугун эрта совет раиси и ижроқўм раиси лавозимлари тугаб, ягона ҳокимлик жорий этилади. Эркин Турсунов кетиб, Ўктам Олимов вилоят ҳокими бўлади, деган миш-миш тарқаб, яна Эркин Турсуновга ҳеч ким кирмай қўйган, қачон борсам, қабулхона бўш бўларди. Эркин ака хатни вилоят нефтбазаси бошлиғига жўнатди. Нефтбаза бошлиғи Огай: “мен тонналаб бензин бераман, литрлаб сотиш имконим йўқ”, деб хатни қайтарди. Мен Огайнинг хонасидаги тўғридан-тўғри телефонни кўтариб, Эркин Турсуновга уландим-да, вазиятни тушунтирдим. Кейин Огай титраб-қақшаб, ўзини оқлади. Кейин менга: “майли, талон бераман, бизнинг бензоколонкалардан олаверасан”, деди. Аммо бу пайтлари бензоколонкалар аксарият ёпиқ турарди. Талон олмай, Эркин Турсуновга қайтиб бордим. Эркин Турсунов масъул котиби Олломурод Исоқуловга: “ҳал қилинг” деб, хатимга иккинчи бор виза қўйиб берди. Олломурод Исоқулов хатни олбижроқўмга ўткизган  экан, Ўктам Олимов кўриб қолиб, отиб юборипти. Мен бу мухбирга ўз жавобимни айтганман, депти. Хат яна Олломурод акага қайтиб келди. Мен учинчи марта Эркин Турсуновга кирмоқчи бўлган эдим, Олломурод ака тўхтатиб, автотрест бошлиғи Думлерга телефон қилди. Шу тахлит мен шаҳар автобус паркидан бир йил давомида ойига 200 литр бензин олиб турдим. Анвар Жўрабоев муҳаррир бўлган даврда, 1993 йил мартида  бу насибам қирқилди. Аввалига Аҳмаджон ака давридаги бош ҳисобчи  Анвар акага айтмай, мен олган бензин учун автопаркка ойма –ой пул  ўтказиб турди. Кейин  бош ҳисобчи  алмашди. У:  “бош муҳаррирга кир, рухсат берса, кейин пул ўткизаман”, деб туриб олди. Анвар ака рухсат бермаслиги аниқ эди. Сўрамай қўя қолдим.

1992 йил   2 март.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида Ўзбекистон байроғи ҳилпирай бошлади. Мазкур ташкилот томонидан Ўзбекистон мустақил мамлакат сифатида тан олинди.

1992 йил 6 март.

“Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов вазифасидан озод қилинди. Ўрнига Анвар Жўрабоев тайинланди.

… ва шу кундан эътиборан мен газетадан қувғинга учрадим. Умида янга аввал-бошдан мени нўноқлигим туфайли ёқтирмасди. Ҳокимият ўз қўлларига ўтгандан сўнг  тўла-тўкис мени ишдан бўшатиб, ўрнимга Умида янганинг ҳамқишлоғи, Анвар аканинг ўртоғи, журналистика йўналишида ишлаш бўйича менинг  биринчи устозим Ҳайитбой Набираевни менинг ўрнимга ўтказиш учун ҳаракат бошланди. Мен қўлимдан келганча бунга қаршилик кўрсатдим. Ҳар қалай, мухбирликнинг нони менга ширин туюлиб, энди уни бировга беришни истамай қолган эдим. То 1994 йил февралга қадар мен мазкур лавозимимни сақладим. Бу орада неча бор  гап-сўзлар бўлди. Ҳатто менга тегмасликни сўраб, Одил Ёқубов Анвар Жўрабоев ҳузурига келди. Мен бўлган воқеаларни тушунтирдим. Ҳаракат қилсанг сўқир кўздан ёш чиқар, деганларидек, вилоятда кўчама-кўча изғиб, ундан-бундан у-бу нарса ундириб, Анвар Жўрабоевга ташишнинг уддасидан ҳам чиқадиган бўлдим, аммо…  ўша… “Зомин” санаторийсидаёқ  ғишт қолипдан кўчиб улгурган эди. Мен бари бир кетишга мажбур эдим. Ана шу тахлит қувғинда юрган кунларимнинг биридан Анвар акага ёзган мактубим:

“Анвар ака!

Айтишларича, мен газетадан Сизнинг ташаббусингизга кўра, ўз вазифамни уддалай олмаганим учун ҳайдалаётган эмишман. Ва бу гап рост экан.

Авваламбор мен Сиздан бир умр миннатдорман, чунки шу газетага ишга ўтишимда Сиз ташаббус кўрсатган, катта олишувлар эвазига мен “Халқ сўзи” мухбири бўлишимга эришган эдингиз. “Халқ сўзи”да ишлаш даври мен учун катта ҳаётий мактаб бўлди. Мен катта давраларда юрдим. Илгари фақат кўришни орзу қиладиган одамлар, раҳбарларбилан тенгма-тенг, ҳатто эркатойлик билан муомалада бўлдим. Менинг олдимда зўр карьералар учун реал имкониятлар пайдо бўлди. Аммо мен улардан фойдалана олмадим, ношудлик қилдимю Айнан ана шу ношудлигим туфайли Сиз ҳатто менинг башарамни кўришни ҳам истамайсиз. Шу сабабли “иккинчи Абулқосимнинг юзини кўрмай, ўша ёқдан уни ишдан бўшатиб юборинглар”, дегансиз. Начора! Сиз ҳақсиз! Сиз ҳақли равишда мендан нафратланаяпсиз.

Эсингиздами, мени ишга ўтказаётиб, Аҳмаджон Мухторовга мени “жуда пок, покдомон йигит”, дея таърифлаган эдингиз. Мен бундан мағрурланиб ҳам қўйган эдим. Кейин билсам, махсус мухбир учун, айтишларича… агар ёлғон бўлмаса… нималардир қилиш… керак экан. Мен эса буни ўз вақтида тушунмаганман, шу сабабли Сиз ўшандаёқ мендан хафа бўлгансиз. Ва ҳақсиз. Мен олди-берди қилиб юрмаган, бир хонага қамалиб олиб, ёзув-чизувини қилиб юрган бир ижодкор бўлсам, бунақа нарсаларни қаердан билай. Билганимда эса, вақт ўтган эди. Кейин Сиз бир неча бор: “Сен махсус мухбирсан, сенга маош нега керак”, дея ҳазил-чин аралаш айтдингиз, мен эса шунда ҳам ҳеч нарсани тушунмаганман. Мен шу қадар  ахмоқман. Кейин Сиз хотинингизни ва болаларингизни “Зомин” санаторийсида дам олдирмоқчи бўлдингиз. Мен ношуд узоқ вақт шунга ҳам йўлланма тополмай, Сизларни анча қийнадим. Ниҳоят, йўлланмани ҳал қилиб, Сизга сим қоқдим. Сиз ўша кунлари ишдан бўшаётган эдингиз.Асабий эдингиз. Ишдан бўшатилганингизни, лекин ҳозирча кабинетингизда ўтирганингизни, ҳеч ким ҳайдаб чиқмаётганини айтдингиз. Ва ана шу дамда, яъни Сиз қийин аҳволда қолганда, руҳингиз чўкиб турганда, – менга қилган яхшиликларингиз ҳаққи-ҳурмати! – мен астойдил хизматга бел боғладим. Бола-чақангизни “Зомин” санаторийсига ўзим олиб бориб қўйдим. Ўшанда янгам “йўлланмани олиб келдим” десам ишонмаган экан. Демак, янгам мени ўта ношуд ҳисоблаган. Ва юз фоиз ҳақ бўлган! Чунки, айтишларича, махсус мухбирлар ўз ҳомийларини тўлиқ таъминлаб туришлари шарт экан. Мен эса “ўз вазифамни уддалай олмаганим учун” энди ишдан бўшатилишим керак. Ўшанда эса… хуллас, Сиз ишдан бўшадингиз. Шуни билиб, сизни чалғитиш мақсадида мен Сизни янгамнинг олдига, санаторийга олиб бордим, кейин Булунғурга жўнатиб юбордим. Уч кундан сўнг Пахтакорда оғайнингиз Наримоновга  дуч келдим. У  оёқ тираб туриб олди: “Умидани мен ўзим олиб келаман. Битта янги “Жигули”га опасини ўтирғизиб жўнатаман, бошқасида ўзим бораман. Ҳам дам оламиз, ҳам Умидани болалари билан опкеламиз”, деди. Мен рози бўлдим. Ва менинг аҳмоқлигим шундаки, жўнаш олдидан Наримоновга:

– Мен сизга ишондим. Тағин у-бу гап бўлиб юрмасин, – дедим.

– Ҳеч қандай гап-сўзга ўрин йўқ, – деди ўртоқ Наримонов.

– Янаям ким билади, айтдим-да. Ҳозир Анвар ака ишдан бўшаган, бошқа ишга ўтгани йўқ, руҳи тушкун. Агар бир кор-ҳол бўлса, у кишига қаттиқ таъсир қилади, – дедим ва жўнадим.

Ўртоқ Наримонов “Э-э, шунақами!?”, деб қолгандилар. Шундаям мен шубҳаланмаганман, оғайниси-ку,  деб ўйлаганман. Ахир сизларнинг оталарингиз қадрдон бўлган, шундайми?

Сталин тўғри қилган, ҳеч кимга ишонмаган, ҳаммадан шубҳаланган. Топшириғи қандай бажарилаётганини назорат қилган. Мен эса… анча кунлардан сўнг Наримоновга учраб, билдимки, иш пачава… Ва мен Сизнинг, Сизнинг оилангизнинг чексиз, чегарасиз нафратига сазоворман. Ва шу сабабли Сиз “Халқ сўзи”га қайтиб келганингиздан ҳузурингизга югуриб бордим. Сиз айтадиганингизни айтиб, бўлган иш ўтди, ишлайвер, дедингиз. Ҳар қалай,  биз бир юртнинг боласимиз, бир ариқдан сув  ичиб, бир мактабда ўқиганмиз.  Тошкентда  эса яшаш қийин, ҳамма нарса қиммат… Ҳиммат эса бир марта кўрсатилади. Мен эса шунджан кейин ҳам ҳимматни тушуниб етмадим. Ва Сиз мен тўғримда узил-кесил бир фикрга келдингиз. Мен эса буни тушунган ҳолда ўз ҳолимча ариза ёзмадим. Шундан сўнг менинг мақолаларим эълон қилинмайдиган бўлди. Жиззах туманидаги “Янги ҳаёт” совхози сут фермаси соғувчиси, депутат билан суҳбатимни саҳифадан олдириб ташладингиз. “Кескин кураш бошланади” мақоласи ҳам  ўша суҳбатга тақдирдош бўлди. Мен тайёрлаган вилоят суди аъзоси Холмўмин Алмаматов мақоласини ҳуқуқий бўлим тайёрлаб бергандан кейин ўзингизда ушлаб қолдингиз. Бир сафар мен эслатганимда “бошқа нусхасини бер”, дедингиз. Иккинчи сафар эса ҳеч қандай изоҳсиз “бўлмайди, керак эмас”,  деб кесиб ташладингиз.  Гўё ёнингиздан илонни нари ҳайдаётгандай. “Баҳоналар қачонгача?” мақоласини ҳам худди шундай тақдир кутаётганди, яхшиямки, ундан республика давлат назоратидагилар хабар топиб қолишипти. Энди “Раддия ва раддияга раддия” ўша ҳолда Сизнинг ғаладонингизда сарғайиб ётипти. Ашар Бухоро ҳокими ўринбосарининг даъвоси ҳақ бўлганда, мен  айбдор бўлиб чиққанимда бу нарса аллақачон эълон қилинган ё дастак сифатида мен ишдан ҳайдалган бўлардим. Ва умуман, мен ёзаётган материалларнинг 80 фоизхи ана шу тариқа йўқ бўляпти.

Шу хил сабабларга кўра Жиззах вилоят матбуот бошқармасининг хатини чиқармоқчи бўлдингиз, бунга қаршилик қилгани учун Абдукарим Раҳимбердиевни ишдан кеткиздингиз. Кейин бари бир икки юристнинг менга қарши ёзган мақоласини эълон қилдингиз. Ва энди… битта мени ҳайдашдан, негадир,.. балки бирон нарсаларни ўйлаб, тийиляпсиз. Балким ҳар хил шубҳаларга бормасин деб, менга қўшиб, менимча, Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги мухбирлар Темур ва Маннонга ҳам жабр қиляпсиз. Ўзингиз айтгандай, мен ёзувчиман, қаламим бор, бир кунимни кўраман, мени қай тахлит бўшатсангиз бўшатаверинг. “Ўз хизмат вазифамни уддалай  олмаётганим” ҳам рост. Аммо, илтимос, Темур билан Маннонга жабр қилманг. Мен туфайли бошқаларга озор етишини истамайман.

Тўғри, ҳозир мени шу тарзда ишдан бўшатишингиз  менга алам қилар, аммо келажакда мен бари бир Сиздан миннатдор бўламан, чунки ҳайдалиш ҳам қанча оғир бўлмасин, у ёзувчи учун катта асарларга туртки бўлиши шубҳасиз. 1987 йили “Қишлоқ ҳақиқати”да чиққан мақолам учун ишдан ҳайдалиб, уч йил бекор юрганимда  ўзимнинг ўндан зиёд энг сара ҳикояларимни ёзганман, Солженициннинг “Архипелаг ГУЛАГ”ини таржима қилганман.

Хуллас, менга бўлаётган ҳар қандай муносабатингизда ҳам менинг Сизга муносабатим ўзгармайди: Мен Сиздан ҳамиша миннатдорман, жуда бўлмаганда тўрт йиллик ҳаётий мактаб учун.

Абулқосим Мамарасулов.

09.05.1993

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s