Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-7)

abulqosim5Абулқосим МАМАРАСУЛОВ

1991 йил 17 июл.
Олий Кенгаш раиси Йўлдошев бошчилигидаги казо-казолар Номоз Саъдуллаевни бош муҳаррир вазифасини бажарувчи сифатида опкелиб таништиришди. Ҳар ким Олий Кенгашга, казо-казоларга ўз талаб-истакларини билдира кетишди. Фақат раҳмат (лаънат) айтиб ўтирсам бўлмас эди, шу сабабли баҳона топдим:
– Тақдир тақозоси билан вилоят мухбирларидан бу ерда фақат мен қатнашяпман. Биз ҳаммамиз ҳамиша бизга ғамхўр партия-ҳукуматимизга раҳмат айтиб юрамиз. Бугун шунча кишилар ўзларининг бошқа ташвишларини қўйиб, шу ерга келиб ўтирганларингиз ҳам партия-ҳукуматимизнинг бизга ғамхўрлиги намунасидир. Шунинг учун сизларга минг раҳмат! Вилоят мухбирларининг тилагига келсак, Олий Кенгаш: “ҳар бир вилоят мухбири “ГАЗ-24” хизмат машинаси билан таъминлансин”, деган қарор чиқарган ва бу қарорни вилоятлар раҳбарларига жўнатган, аммо мазкур қарор бугунга қадар амалга ошмаяпти. Шуни амалга ошириб берсангиз, вилоят мухбирлари партия-ҳукуматимиздан янада кўпроқ хурсанд бўлардилар, – дедим.
Биров ундай тушунди, биров ажабланди, биров ғазабланди. Хуллас, шу иборамни кўплар эсида сақлаб, латифа қилиб айтиб юришди. Continue reading