Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-6)

xalqАбулқосим МАМАРАСУЛОВ

1991 йил 15 май.
Алам устида Тошкентга бориб, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов номидан обком биринчи котиби Эркин Турсуновга хат олиб келдим. Хатда вилоятдаги махсус мухбир Абулқосим Мамарасуловга битта енгил машина жуда зарурлиги айтилиб, бу борада ёрдам бериш сўралганди. Хатни ўзим Эркин Турсунов қўлига топширдим.
Бу пайтларда М.С. Горбачев сиёсати амалга ошаётган, яъни вилоят Коммунистик партияси қўмитасининг биринчи котиби – вилоят Советининг ҳам раиси бўлар, шу тахлит ҳокимият аста-секин партиядан советларга ўтади, деган ақида мавжуд эди. Эркин Турсунов ҳар икки лавозимни эгаллаб турса-да, ҳамон обком биносидаги кабинетида ўтирар, шу кунларда облисполком биносидан бир хонани вилоят совети раиси учун тайёрлашаётган эди. Ва шу кунлари: “Эркин Турсунов бўшар эмиш, Ўктам Олимов вилоятга раҳбар бўлар эмиш”, деган гап-сўзлар чиқиб қолган, бу гап шу қадар ишонарли тус олган эдики, Эркин Турсунов ҳузурига ҳеч ким бормай қўйган эди. Советлар давридаги одатга кўра раҳбарликни партия амалга оширса-да, ҳал қилувчи фармойишлар ижроқўм томонидан чиқарилар ва ижро этиларди. Вилоят ижроқўми раиси Ўктам Олимов эса Тошкентга шифохонага ётиб олган эди. Continue reading