Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-4)

 abulqosim4“Халқ сўзи” газетасида ишим унча юришавермади. 1 январда битта ва 1 февралда битта беш-олти сатрлик хабарчаларим чиқди, холос. Катта иккита мақолам қайтарилди. Анвар ака жиғибийрон бўлар, нималарнидир тушунтиришга ҳадди сиғмас, айтолмас, бундан ўзи баттар жиғибийрон бўлар, мақола чиқармай, менинг юзимни ерга қаратдинг, деб аччиқланарди. Самарқанднинг, бошқа вилоятларнинг мухбирлари ўн-йигирмата мақола келтириб ташлаганини айтар, меники эса албатта, уларга нисбатан кам эди. Менинг биринчи катта мақолам “Раҳмат деб ёзинг” мартнинг охирларида газетада чиқди. Уч ойда битта мақола чиқариш – албатта мухбир учун жуда ёмон ҳол эди. Буни ўзим ҳам тушунардим, аммо… бу ёқда Анвар ака зуғум қилади. Бўлимдан ўтган икки мақолам муҳаррирдан қайтди, иккитасини Анвар аканинг ўзи қайтарди. Анвар ака негадир менинг мақолаларимни қайтарарди. Газетада ўнта бўлим бўлиб, икки ўринбосар уни бештадан бўлиб олган эди. Шу сабабли Анвар аканинг кайфиятини сезиб, иложи борича Абдукарим ака раҳбарлик қилаётган бўлимларга тааллуқли мақолалар ёзадиган бўлдим.
Хуллас, учинчи ойнинг сўнгида биринчи катта мақолам чиқди. Шу тахлит хафа бўлиб юрганларимда Саттор икки-уч марта менга дуч келиб, аҳвол сўради. Мен вазиятни, агар шу ҳол давом этса, ишдан кетишим мумкинлигини айтдим. Бу орада Мамадали Маҳмудов уюшмадан кетиб, Маданият жамғармасига бошлиқ бўлиб ўтган эди. Бир куни Саттор дабдурустдан менга ўз таклифини айтди:
– Мен Тошкентдан шуни билиб келдимки, сен ўз вазифангни бажара олмаяпсан. Буни ўзингдан ҳам эшитган эдим. Хуллас, махсус мухбирлик сенинг қўлингдан келмайди. Махсус мухбирликнинг ҳадисини мен олганман. Бу – қийин иш. Олди-бердиси бор, сен буларни тушунмайсан. Тошкентдагилар бекорга сен учун югуриб, сени ишга олдиргани йўқ. Сен уларни таъминлаб туришинг керак бўлади. Сен эса буни уддалай олмайсан. Буни мен бажараман. Шунинг учун сен мухбирликни қўй, жўра. Мана, ёзувчилар уюшмасини ўзингга қайтариб бераман. Маданият жамғармасининг вилоят бўлимини очиб, банкдан ҳисоб рақами очиб, юз минг сўм пул ҳам тушириб бераман. Икки идоранинг бошлиғи бўлиб, ижодингни қили-иб, тинчгина юраверасан. Мен ҳам ўз касбим – мухбирликка ўтаман.
– Шошмай тур-чи, ўйлаб кўрай, – дедим мен.
Шу вақтгача ишлар юришмагани туфайли ҳардамхаёл бўлиб юргандим, аммо Сатторнинг бу қадар юзсизларча менга тармашгани менга алам қилди. Демак, мухбирликнинг қандайдир афзалликлари бордирки,.. деб ўйладим. Демак, Саттор Тошкентга бориб, “Халқ сўзи”га ўтиш масаласини ҳал қилган, бу ердан ҳам менинг аризамни ўз қўли билан олмоқчи бўляпти. Йўқса, бу қадар комил ишонч билан гапира олмасди. Аҳмаджон Мухторовга кира олмайди – бу аниқ. Демак, масалани Анвар Жўрабоев билан пишитган, шу сабабли Анвар ака менинг мақолаларимни ўткизмаяпти. Аммо мен қандай қилиб Анвар акани таъминлашим керак? – Билмасдим. Шу пайтга қадар бунақа нарсалар билан шуғулланмаган эдим. Гаранг эдим.
Шундан сўнг Саттор тез-тез менга дуч келиб қолаверадиган, мени бўғиб олаверадиган, мен ундан қочадиган бўлдим. Икки ой шу тахлит давом этди. Менга алам ўтаверди.
Ёзувчилар уюшмасида тўрт киши ишларди. Шароф Рашидов ишини мен, Абдураҳмон, Меҳри Каримова, Жамила тўрталамиз бирга бошлаган эдик. Саттор учови билан ҳам келиша олмади. Учови тез-тез менга арзи-ҳол қиладиган, мен эса имкон қадар уларни юпатадиган бўлдим. Саттор Шароф Рашидов қадриятини тиклаш комиссиямиз ишини тўхтатиб қўйди. Бошқа ишларни бошлади: “Ёш ижодкорлар мактаби” очди. Пшағорлик бахши аёлнинг китобини нашр эттирди.
Мен бошлаган “Шароф Рашидов қадриятини тиклаш комиссияси” тагзаминли, кенг миқёсли тадбир эди. Халқаро жамғарма очишга рухсат олиб улгурган эдик. Жамғарма негизида нашриёт, босмахона, халқаро миқёсдаги мукофотлар таъсис этиб, Жиззахга турли мамлакатлардан адибларни, таржимонларни таклиф этиш, уларга Зомин, Бахмал тоғ гўшаларида шароит яратиб бериб, ўз асарларимизни таржима қилдириш, шу аснода Жиззахни катта адабиёт марказига айлантириш ва ҳоказо.. Ўша пайти бу ишларни амалга ошириш учун барча имкониятлар бор эди.
Хуллас, Саттор тўртовмизга ҳам баравар ҳужум қилиб, жумладан менинг ўзимга беписанд, бепарда муомаласини, “жойингни бўшатиб бер” деган тўғридан-тўғри талабини дуч келган жойда қўявериши менинг сабр косамни тўлдириб борарди.
Шундай кунларнинг бирида Меҳри билан Абдураҳмон телефон қилиб, эртага соат тўртда секретариат йиғилиши бўлишини, унда Саттор икковини ҳам ишдан бўшатиш масаласини кўндаланг қўйганини айтди. Мен: бу масалани Сатторнинг ўзи ҳал қилолмаслигини, Тошкентдан катталарни чақириш кераклигини тушунтирдим. Секретариатга ўзим ҳам боришимни айтдим. Вилоятда сакиз нафар уюшма аъзоси бўлиб, улардан беш нафари қатнашса, секретариат йиғилиши қарорлари ҳақиқий деб ҳисобланиши мумкин эди: Мен, Абдураҳмон Каримов, Шерлон Алиев, Иброҳим Дониш, Нўъмон Мирза – бешовлон йиғилдик.
Мажлис бошланиши арафасида Тошкентдан Эргаш Муҳаммад – Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт жамғармаси раиси ва Ҳамроқул Асқар – Адабиёт тарғиботи Маркази нашриётининг директори – Уюшма раиси Одил Ёқубовнинг вакиллари сифатида келиб қолишди. Масала анча енгил кўчадиган бўлди, деб мен қувондим. Чунки Нуъмон Мирза Абдураҳмонга мутлақо қарши эди. Улар илгари шу идорада бирга ишлашган, Нуъмон Мирза раҳбар бўлган, Абдураҳмон билан Меҳри икковлон унга ходим. Икковлон Нуъмон Мирзани шу идорадан ишдан кетишга мажбур қилишган эди. Иброҳим Дониш ҳам Абдураҳмонни хушламас, бунинг устига Саттор шу кунларда И. Донишнинг қизи Ойдин Донишеванинг, И. Донишнинг ўзининг китобларини нашр эттиришга бел боғлаган, дастлабки ишлар бажариб бўлинган эди. Шерлон Алиев фикрини билмасдик.
Хонада тўпланишимиз билан Саттор гап бошлаётган эди, Эргаш Муҳаммад уни тўхтатди ва жиловни ўз қўлига олди::
– Биз раҳбариятдан шундай топшириқ олиб келганмиз: Саттор Қорабоев уюшма аъзоси эмас. Биз аниқлаб билдикки, ҳали-бери аъзоликка ўтолмас экан. Аввал-бошда Сатторни тезда аъзоликка ўткизамиз, деб бу ерга қўйишган. Энди маълум бўлишича, бунинг иложи йўқ. Низом бўйича вилоят бўлими масъул котиби албатта уюшма аъзоси бўлиши шарт. Шу сабабли автоматик тарзда Саттор ишдан бўшатилади. Биз ҳозир бўлимга янги масъул котиб сайлашимиз керак. Бизнинг олдимиздаги масала шу.
Масаланинг бу қадар жиддий тус олишини – бошқаларни билмадиму, мен кутмагандим. Мен бор-йўғи Абдураҳмонларни ҳимоя қилиш учун келгандим. Ва шу заҳоти бир қарорга келдим: Неча ойлардан бери ўтказаётган аламлари ҳаққи-ҳурмати мен Эргаш Муҳаммад ва Ҳамроқул Асқар тарафида бўламан.
– Ниятларингни тушуниб етдим. Нима керак эди шу гаплар? – дея Нуъмон Мирза менга таъна қилди.
Иброҳим Дониш қаттиқ туриб Сатторни ҳимоя қилди. Абдураҳмонни балчиққа қориб ташлади. Шерлон Алиев холис туриб бердию, аммо Сатторнинг ўз жамоаси билан келиша олмаётгани, гап-сўзлар кўпайиб бораётганини қоралади. Ёпиқ сайлов ўткизмоқчи бўлдик. Унга 1. Сатторни бўшатиш. 2. Абдураҳмонни сайлаш – масалаларини қўйиб, бюллетенлар ёздик. Уюшма аъзоси бўлмаганларни, шу жумладан Сатторни ҳам ташқарига чиқариб юбордик. Кучлар нотенглигини англаган Нуъмон Мирза билан Иброҳим Дониш аразлашди. Абдураҳмон сайланишига мутлақо қаршимиз, бунақа сайловда қатнашмаймиз, деб туриб олишди. Шу тахлит роса икки соат олишдик, бир битимга кела олмадик. Ниҳоят Шерлон ака: “Биз ўзи нега олишаётирмиз? Бу ер вилоят миқёсидаги идора бўлса, вилоятнинг ўз дарвозаси, дарвозанинг эгаси – вилоят раҳбарлари олдидан ўтиш керак, агар ташкилий масала кўриладиган бўлса, вилоят раҳбарларининг вакили қатнашиши шарт”, – деган таклифни кўндаланг қўйди.
Бу – ҳаммага маъқул келди. Айниқса, Нуъмон ака билан Иброҳим Донишга. Эртага шанба, кеч соат бешда йиғилишга келишиб, тарқалишдик.
Шанба куни Саттор Пшағорнинг катталари билан бахши-шоиранинг тўйини ўтказишга келишган экан. Ҳаммамизни ўша ёққа таклиф этди. Бу кайфиятда бир ёққа боргинг келармиди. Кеч соат бешга яқин уюшма биноси олдига бордим. Йўлда Абдураҳмонга дуч келдим.
– Уюшма аъзоси Венера Иброҳимовани топдингми? Чақирдингми? – деб сўрадим. У Абдураҳмонга тарафдор бўлиши мумкин эди.
– Э йўқ.. Касал бўлдим, ҳозир ҳам бошим оғриб турипти, – дея менга тўнғиллади.
Менга жуда қаттиқ алам қилди. Нега мен буни ҳимоя қиляпман? Нега Сатторга қарши курашяпман? – Нима бўлганда ҳам ғишт қолипдан кўчиб улгурган, ифлос ўйинга мен қўшилиб бўлган, энди ундан чиқиб кетиш – икки томонлама юзинг шувит бўлиши билан баробар эди. Шу сабабли, нима бўлса бўлар, энди охирига қадар туриб бераман, деган қарорга келдим. Ҳар қалай, раҳбарлик қобилиятлари Абдураҳмондан кўра Сатторда анча баркамол эди.
Бугун Келди Қодир ҳам келди. Бу ҳам Абдураҳмонга қарши. Нуъмон Мирза ишдан кетгач, ўрнига Келди Қодир келган, Абдураҳмон билан Меҳри Каримова келган-кетган раҳбарларнинг барчаси билан ишлашган, фақат мен ишлаган даврда ҳеч қандай ортиқча гап-сўзга ўрин қолмай, ҳар иккаласи қўли қўлига тегмай ишлар қилишган эди. Бошқа даврда албатта қандайдир тинимсиз жанжаллар, ғурбатлар бўлиб турган эди. Келди Қодир даврида ҳам уюшмада ғиринг-ширинг тинмаган, охири Меҳри Каримова қандайдир ўғирликларда айбланиб, ишдан ҳайдалган, ниҳоят ўша вақтларда, – 1988 йили, – Жиззах вилояти тугатилиб, Сирдарё вилоятига қўшилгани боис, уюшманинг вилоят бўлими ёпилиб, ҳаммаси бирваракай ишдан бўшатилган эди. 1990 йили Жиззах вилояти бўлими яна тиклангандан сўнг мени масъул котибликка сайлашиб, Шарофат Ботирова, Нуъмон Мирза, Иброҳим Дониш , Шерлон Алиев ва бошқалар очиқ сайлов мажлисида: агар Абулқосим тинчгина ишламоқчи бўлса, ғурбат-ғийбат уяси бўлган Абдураҳмон билан Меҳри Каримовани ишга олмасин, дейишди. Мен шу гапларга қарамай, ҳар иккаласини ишга олган, улар яхши ишлай олиши мумкинлигини элга кўрсатган, Шароф Рашидов тадбирларини ўтказишда улар чинакамига бел боғлаб хизмат қилаётган эдилар. Биз журнал нашр этмоқчи бўлаётган эдик. Жиззахнинг қоқ марказидан бир неча гектар ерни ижодкорлар боғи учун хатлатиб, муҳрлатиб, ажратиб олган эдик. Мен талабномалар битиб, Меҳрига берар, Меҳри эса керакли ташкилотга бориб, оғзини тўлдриб: “Мен ёзувчилар уюшмасидан келдим, фалон ишни бизга битириб берасизлар”, деб топширилган ишни гап-сўзсиз амалга ошириб келарди…
Хуллас, ҳаммамиз йиғилдик Обкомдан вакил таклиф этишмапти. Шерлон ака Тошкентдан келганларга:
– Обкомга сизлар боришларингиз керак, – деди.
Эргаш Муҳаммад билан Ҳамроқул Асқарни обкомга мен машинамда олиб бордим. Шанба куни, кеч соат беш эмасми, обкомда ҳеч ким йўқ эди.
– Фақат биринчи секретарь ўз хонасида ўтирипти, – деди кираверишдаги милиционер.
Биринчи секретарь Эркин Турсуновдан мен яқинда “Халқ сўзи” учун интервью олган, интервьюни тайёрлаш учун уч бора ҳузурига кирган, Одил Ёқубовни ҳурмат қилишини билиб, Одил Ёқубовнинг саломини етказган эдим. Интервью газетанинг биринчи бетини тўлдириб чиққан бўлиб, яхшигина шов-шув ҳам бўлган, Эркин Турсунов, хуллас, мендан хурсанд эди. Негаки, Тошкентдаги катталар шахсан Эркин Турсуновга сим қоқиб, яхши суҳбат учун у кишини табриклашган экан. Шу сабабли ҳеч иккиланмай меҳмонларни биринчи секретарь қабулига бошлаб бордим, таништирдим. Эркин ака Одил аканинг ҳол-аҳволини сўради. Эргаш Муҳаммад: келишдан мақсад – Одил Ёқубовнинг топшириғи, Сатторнинг мазкур лавозимда туриши мумкин эмаслиги, шу сабабли уни бўшатиб, ўрнига Абдураҳмон Каримовни қўйиш лозимлигини тушунтирди.
– Бўпти унда, бу масалани ўзимиз кўриб чиқиб, ҳал қиламиз, кейин натижасини айтамиз, – деди биринчи секретарь.
– Абдураҳмон Каримов Одил Ёқубовнинг суҳбатидан ўтган, ҳозир вилоят ёзувчилари йиғилиб туришипти, фақат Сизнинг вакилингиз ташриф буюрса, ҳамма масала ҳал бўлади, – деди Эргаш Муҳаммад.
– Шунақами, – деб Эркин Турсунов телефонни олиб, учинчи котиб Марат Ҳайдарович Умаровни топди-да:
– Вилоят Ёзувчилари уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаётган Саттор Қорабоев уюшма аъзоси эмас экан. Шу сабабли уни ишдан бўшатиб, ўрнига Абдураҳмон Каримовни қўймоқчимиз. Абдураҳмон Каримов Одил Ёқубовга ҳам маъқул бўлипти. Бизга ҳам маъқул. Сизгачи?..
– …
– Гаплашганмисиз?
– …
– Маъқулми?
– …
– Яхши. Сизга ҳам маъқул бўлса, ҳозир навбатчи машинани чақиринг-да, уюшмага ўтиб, Саттор Қорабоевни бўшатиб, ўрнига Абдураҳмон Каримовни қўйинг.
Марат Ҳайдарович биз билан олдинма-кейин уюшмага етиб келди. Ёзувчилар – ҳовлида турибмиз. Марат Ҳайдарович ҳеч биримизни танимайди, билмайди. Билгани: Сатторни бўшатиши, Абдураҳмонни ишга қўйиши керак.
– Ўзи нима гап? – дея сўради Марат Ҳайдарович.
Ҳар ким билганича, тушунганича тушунтира кетди. Шу суҳбат асносида Марат Ҳайдарович Саттор ва Абдураҳмон билан танишиб олди. Тошкентдан келганлар Саттор Ёзувчилар уюшмаси Низомига биноан уюшма масъул котиби бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлашди.
– Яна нима сабаблар бор? – сўради Марат Ҳайдарович.
Келди Қодир нималарнидир тушунтирмоқчи бўлаётган эди, Ҳамроқул Асқар унга Сатторни бўшатиш масаласи биринчи котиб ҳузурида ҳал бўлганини айтди. Буни эшитган Келди Қодир шу заҳоти:
– Яна бир сабаб шуки, Саттор ўз ходимлари билан келиша олмаяпти, – деди.
– Эҳ-ҳа, демак, жамоада носоғлом муҳит вужудга келган, бу жиддий, ўта жиддий масала экан, – деди Марат Ҳайдарович анча енгиллашиб. Яна бир-иккита шунақа сабаб топилгандан сўнг у киши Сатторни нишонга олди: – Ишлар чатоқ-ку, нега бунақа қилиб юрибсиз?
Кечадан бери ҳеч кимни писанд қилмаётган Саттор довдираб қолди. Шундан сўнг, Марат Ҳайдарович ҳаммани масъул котиб хонасига бошлаб кирди. Йиғинга Эргаш Муҳаммад раҳбарлик қилмоқчи бўлиб, ду-дуқланиб қолавергандан сўнг тизгинни Марат Ҳайдарович ўз қўлига олди-да, бугундан бошлаб Саттор ишдан бўшатилганини айтди. Саттор норозиланиб, Марат Ҳайдаровичга тикилди. Марат Ҳайдарович унга деди:
– Саттор, мана, айбларинг бўйнингда, тағин барча ходимларинг сенга қарши, у-бу десанг иш жиддийлашиб кетади. Тинчгина бўшасанг, биз сенга бошқа иш топиш масаласини кўриб чиқамиз.
Шу Сатторга кифоя қилди.
Саттор ишдан бўшади.
Ўз ихтиёри билан ариза ёзиб берди.
Ҳаммаси бир неча сония ичида ҳал бўлди.
Биз эса икки кундан бери демократия қиламиз, очиқ курашлар остида овоз бериш йўли билан барча масалаларни ҳал қиламиз, деб ўйлагандик. Обкомга ҳам бизнинг курашимизни холис кузатувчи керак, деб боргандик.
Компартиянинг кучини кўринг.
Шу лаҳзада мен ўзимни ғалаба қозонгандай эмас, мағлубдай ҳис қилдим. Аъзойи-баданим бўшашди. Ёзаётган кишидай бўлиб столга термулиб ўтиравердим.
Саттор тамом бўлганди.
Мен эса… ҳар қалай мен хурсанд эмасдим. ”Нима қилиб қўйдик?” деган ўқдай савол бутун вужудимни емириб борарди
Сатторнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
Унинг кўз ёшлари мени ҳам сирқиратиб юборди. Агар мен холис турганимда Шерлон ака ҳам холис бўлар, Нуъмон Мирза билан Иброҳим Дониш Тошкентдан келганларнинг оғзини очирмас, шу билан Саттор ўз жойида қолган бўларди. Тўғри, Сатторнинг менга баъзан ҳаваси, баъзан ҳасади келган пайтлар кўп бўлган, неча бор ёқамдан олишга уринган, олган ҳам эди, мен ана шуларнинг аламига… бари бир…
Мен туфайли Саттор синдирилди.
Бу воқеа менинг ҳаётимдаги ўзимни ўзим кечира олмайдиган энг қора доғларнинг бири бўлиб қолди.
Эътибор қилсам, Эргаш Муҳаммад, Ҳамроқул Асқарнинг ҳоли ҳам меникидан бадтар эди. Улар ҳам сувга тушган мушукдай, шилвираб ўтиришарди.
Фақат Абдураҳмон Каримов билан Меҳриниса Каримова тантана қилишарди.
(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s