Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-4)

 abulqosim4“Халқ сўзи” газетасида ишим унча юришавермади. 1 январда битта ва 1 февралда битта беш-олти сатрлик хабарчаларим чиқди, холос. Катта иккита мақолам қайтарилди. Анвар ака жиғибийрон бўлар, нималарнидир тушунтиришга ҳадди сиғмас, айтолмас, бундан ўзи баттар жиғибийрон бўлар, мақола чиқармай, менинг юзимни ерга қаратдинг, деб аччиқланарди. Самарқанднинг, бошқа вилоятларнинг мухбирлари ўн-йигирмата мақола келтириб ташлаганини айтар, меники эса албатта, уларга нисбатан кам эди. Менинг биринчи катта мақолам “Раҳмат деб ёзинг” мартнинг охирларида газетада чиқди. Уч ойда битта мақола чиқариш – албатта мухбир учун жуда ёмон ҳол эди. Буни ўзим ҳам тушунардим, аммо… бу ёқда Анвар ака зуғум қилади. Бўлимдан ўтган икки мақолам муҳаррирдан қайтди, иккитасини Анвар аканинг ўзи қайтарди. Анвар ака негадир менинг мақолаларимни қайтарарди. Газетада ўнта бўлим бўлиб, икки ўринбосар уни бештадан бўлиб олган эди. Шу сабабли Анвар аканинг кайфиятини сезиб, иложи борича Абдукарим ака раҳбарлик қилаётган бўлимларга тааллуқли мақолалар ёзадиган бўлдим. Continue reading