(Давоми-3)
1990 йил 22 ноябр
Мен Жиззахга, ишга, Ёзувчилар уюшмасига бордим. Хонага киришим билан худди пойлаб тургандай, ортимдан Саттор Қорабоев пайдо бўлди:
– Ҳа аблах! Мени таклиф қилмадинг-а! Нима бўлди?
– Айтдим-ку! Улар кўнишмади-ку! Сиз ҳозир “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилоятидаги махсус мухбири Абулқосим Мамарасулов билан гаплашяпсиз.
– Зўр! Табриклаймиз! Уюшма нима бўлди?
– Уюшмаям ўзимда қолди. Ярим штатга!
– Ийе! Одам эмас экансан-ку! Ўл-э, нафсингга тиқилиб! Ўн бармоғингни томоғингга тиқиб! – Саттор қўлларини силкиб-силкиб бақирарди. Ҳазиллашяптими, десам, йўқ, ранглари бўзарган, кўзлари чақчайган, авзойи бузуқ.. – Нима, сендан бошқалар хўр бўлиб юраверишлари керакми? Мана булар, – хонада турган Абдураҳмон Каримовни кўрсатди, – яқин ўн йиллардан бери шу ерда маслаҳатчи бўлиб ишлашяпти. Бер шуларгаям раҳбарликни! Агар сен яхши одам бўлсанг! – деганча тарақлатиб эшикни ёпиб, хонадан чиқиб кетди.
Бу таъна менга қаттиқ таъсир қилди. Икки кундан сўнг масъул котибликдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, Абдураҳмоннинг қўлига топширдим. Бу орада Одил Ёқубов Туркиядаги қанақадир йиғилишга кетган эди. Қайтиб келгандан сўнг Абдураҳмон менинг аризамни кўтариб борадиган бўлди. Икки номзодни мен Одил акага ҳам айтган, фақат Одил ака уларнинг ҳар иккисига ўз муносабатини билдирмаган эди.
1990 йил 30 ноябр, шанба.
Бугун Одил Ёқубов Туркиядан қайтиши, душанба куни ишга чиқиши керак. Эрталаб уйимизга Саттор келди. Кайфияти яхши. Мамадали Маҳмудовга учрашипти, у: “Абулқосимнинг аризасини олиб келсанг, сени ўрнига ўтказамиз”, депти. Мен унга бўлган воқеани, аризамни Абдураҳмонга топширганимни, Абдураҳмон душанба куни Тошкентга боришини айтдим. Ҳа бўпти, юр, бир жойга бориб, телевидениега кўрсатув тайёрлаймиз, деб, қўярда қўймай, мени машинасига ўтирғизиб олди. Пшағорда бир бахши аёл бўлиб, Саттор унинг шеърларини тарғиб қилиб, мақтаб юрарди. Тошкентдан телекамера олиб келипти, шу бахши аёлни “Ахборот” кўрсатуви учун суратга олмоқчи эмиш. Бирга Пшағорга бордик. Кун бўйи бирга юрдик. Кечқурун у мени уйга олиб келиб қўйди. Шундан сўнг мен унга ҳам уюшмадан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб бердим. Ҳар қалай, Мамадали Маҳмудов билан чаплашишни истамасдим.
Кейин Абдураҳмонга телефон қилиб, бўлган воқеани айтдим.
Душанба куни иккови ҳам Тошкентга борган. Мамадали ака Одил акага кириб: “Сатторни қўямиз”, деб туриб олган, шу тахлит Абдураҳмон қолиб, Саттор буйруқ кўтариб, икки кундан сўнг бизнинг уйга келди. “Мени ўзинг оббориб таништирар экансан”, деди. Мен Сатторни оббориб таништирдим. Хонани топширдим. Жамила – котиба қизимиз, менинг ҳамқишлоғим, мен ишдан буткул бўшаётганимни эшитиб, ҳамманинг кўз ўнгида кўз ёшларини тия олмади.
1990 йил 31 декабр
Барча ходимлар Тошкентга чақирилди. “Халқ сўзи” газетаси очилиши муносабати билан “Шарқ” нашриёт концерни биносидаги ошхонада элга худойи оши берилди. Бу фурсатда “Халқ сўзи” Ленинград – 19 га кўчиб ўтган, ўзи алоҳида нашриёт, хўжалик, ҳисобхона очиб улгурган, мутлақо мустақилликка эришган эди.
Биз ошхонада коса-товоқ ташиб, столларни тузатаётганимизда ҳеч қандай етакловчиларсиз, Президент Ислом Каримов бир ўзи кириб келиб қолди. Ҳеч ким билмай қолди у кишининг келганини. Бу пайтда Аҳмаджон Мухторов ва бошқа меҳмонлар Ленинград-19 да ўтиришган эди. Меҳмонлар – Ўзбекистон халқ депутатлари – Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ, Жаҳонгир Маматов ва бошқалар ҳам ошхонага етиб келишди.
Президентимиз Ислом Каримов олдига бир тарелка ошни шахсан ўзим қўйдим. Умумий қозондан солинган ошни ҳеч ким текшириб ҳам кўрмади, ошхонада югур-югур қилиб юрганлар қаторида мени ҳам ҳеч ким тергамади.
Президентимиз ана шундай оддий эди. Қўл узатса етгулик, истасанг, истаган пайтингда гаплашгулик эди. Атрофида биронта тансоқчи (телохранитель) йўқ эди. Бемалол у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб, хизмат қилиб юрардик.
Президент ҳаммамизни янги газета очилиши билан табриклади. Бир соатча олиб бораётган сиёсати тўғрисида, Ўзбекистондаги вазият тўғрисида сўзлади. Ниҳоят худойига ҳозиргина таклиф қилинганини, агар олдинроқ билганида балким моддий ёрдам қўлини чўзишини, ўшанда дастурхонда нафақат ош, балки шишалар, рюмкалар ҳам бўлиб, янги газетанинг очилиши янги йил байрамига қўшилиб, давра анча қувноқ ўтиши мумкин эди, дея ҳазиллашди.
Аҳмаджон Мухторов билан тортишиб юргани сабабли Ислом Шоғуломов таклиф қилинса-да, келмаган экан. Сен бошлиқ идоранинг ошхонасига Президент келди, деган хабар етган шекилли, Президент гапираётганда шошиб-суриниб келди-да, бир четдан жой олиб ўтирди.
(Давоми бор).
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |
Leave a Reply