Яқингинада ўтган кунлар: “ХАЛҚ СЎЗИ” (Давоми-2)

 Жаҳонгир Муҳаммаднинг шахсий архивидан олинган бу суратда таниқли адиб Аҳмаджон Мухторов (ўртада).

Жаҳонгир Муҳаммаднинг шахсий архивидан олинган бу суратда таниқли адиб(марҳум) Аҳмаджон Мухторов (ўнгдан иккинчи).

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: 1990-91 ЙИЛЛАР

1990 йил 20 ноябр.
Эрталаб Тошкентга, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Ғаффор Ҳотамов ҳузурига бордим. Маслаҳатчилар: “Халқ сўзи” катта газета бўлиб, ҳатто чет элларда ҳам ўз мухбирига эга бўлади. Газетада уч юзга яқин одам ишлайди. Абулқосимга ўхшаган вилоят мухбирлари бош муҳаррир ҳузурига олти ойда бир кирмай, кўринмай, бир ойда бир-иккита мақола ёзиб, чиқариб, ўйнаб, ижодини қилиб юраверади, ўтса, жуда яхши бўлади, дейишипти.
– Анвар Жўрабоев ўзимизнинг одам, муҳаррирнинг иккинчи ўринбосари Абдукарим Раҳимбердиев ҳам менинг дўстим, “Совет Ўзбекистони”да бирга ишлаганмиз, гаплашиб кўр-чи, – дея телефон рақамини терди-да, гўшакни менга берди.
Мен у ёқда гўшакни кўтарган кишига: “Мен Жиззахдан келувдим. Абулқосимман…” дейишим билан гапимнинг давомини кутмай: “Э, қаерларда юрибсиз-эй!? Биз сизни бир ҳафтадан бери овора бўлиб излаяпмиз. Тез бу ёққа келинг”, деди.
– Бу Абдукарим, жуда яхши йигит, – деди Ғаффор ака.
Мен ҳали Абдукарим акани танимас эдим. Тезда Ленинград –32 га етиб, бешинчи қаватга чиқиб бордим. Аҳмаджон Мухторов илгари “Қишлоқ ҳақиқати”нинг бош муҳаррири бўлиб, “Қишлоқ ҳақиқати” шу ерда жойлашган, А. Мухторов янги газетани ҳам шу ерда шакллантираётган экан. Айтилган хонада Анвар ака, яна бир истараси иссиқ йигит ва Саттор Қорабоев учовлон ўтиришарди. Мени биринчи бўлиб ана шу истараси иссиқ йигит, кейинчалик ғоят қадрдон бўлиб қолганимиз – Абдукарим Раҳимбердиев бағрига босди. Кейин Анвар ака билан қучоқлашиб кўришдик. Саттор менинг бу кишилар билан бу қадар қадрдонлигимдан ҳайратга тушиб турарди. Тағин денг, уларнинг бири билан мутлақо нотаниш бўлсак.
– Қанақа одамсан сен, нега чақирсак келмайсан, – дея ўпкалади Анвар ака.
Мен тўй билан банд бўлганимни, куни кеча Саттор билан бўлган ҳангомаларни айтдим-да, дедим:
– Мана, Саттор ҳам шу ерда экан, хоҳласангиз мени, хоҳласангиз Сатторни ишга олингизлар.
– Бу ерда ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ишга сен ўтасан, – дейишди Анвар ака билан Абдукарим ака баравар.
– Келдиёр Жўрақулов ўтяпти, дейишди-ку, – дедим мен вазиятга аниқлик киритиш учун.
– Ҳа, уям шу ерда, – деди Абдукарим ака.
– Бизга сураткаш мухбир эмас, ёзувчи мухбир керак, – деди Анвар ака.
– Биз шу ерда ўринбосар бўлиб турсак, Абулқосим ўтади, – деди Абдукарим ака бармоғини ниқтаб.
Аҳмаджон Мухторов Президент ҳузурига кетган экан. Кеч соат олтигача у кишининг қайтишини кутдик. Коридорга чиқиб, Йўлдош Исмоиловга дуч келдим. 1987 йили Йўлдош Исмоилов билан ҳамкорликда “Қишлоқ ҳақиқати”да бир мақола эълон қилган эдик. У киши мени етаклаб ўз хонасига олиб кирди. У ерда Келдиёр Жўрақулов ўтирган экан. Кўришдик. Келдиёр ака анча хафа бўлиб қолди, аммо менга ҳеч нарса дея олмади. Ҳақиқатан ҳам Аҳмаджон Мухторовнинг хати билан Жиззахдан ишдан бўшаб келган экан. Бир оз фурсатдан сўнг Саттор коридорда менга: “Келдиёр ака мени четга чиқариб, бу нимага кепти, деб мендан сўради. Мен елка қисдим”, дея мендан суюнчи олди. Яна оз фурсатдан сўнг: “Мен телевидениега бир иш билан келган эдим, ишларим битди, энди менга рухсат”, дея жўнаб қолди.
– Саттор қанақа бола? – деб сўради мендан Анвар ака, у кетгандан сўнг.
– Яхши бола, яхши журналист, – дедим мен.
– Эрталаб менга “Совет Ўзбекистони” бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов телефон қилиб, шу болани Жиззахга мухбир қилиб олинг, деган эди. Мен, ҳай, келсин, кўрамиз, деган эдим. У келиб, энди гаплашиб турганимизда яхшиям сен телефон қилиб қолдинг. Сен бизни ёмон куттирдинг. Агар бугун ҳам келмаганингда Келдиёр ўтиб кетарди. Мен “Халқ сўзи”га ўтган куним: “Жиззах бўйича махсус мухбирликка кимни олмоқчисизлар?” деб Аҳмаджон акадан сўрадим. Ҳали ҳеч ким танланмаганини билиб, сени номзодингни кўрсатдим, кимлигингни тушунтирдим. Ёзган китобларингни санадим. Аҳмаджон ака рози бўлди, кейин сени излатдим. Бу орада “Қишлоқ ҳақиқати”дан Аҳмаджон ака билан бирга “Халқ сўзи”га ўтган Йўлдош Исмоилов ва Норбобо Шакаров Келдиёр Жўрақулов учун хат ёздириб олишипти. Кеча буни билиб қолиб, анча жанжал қилдим. Шунда Аҳмаджон ака: “Майли, сен айтган одаминг келса, албатта уни қабул қиламан”, деди. Сени қабул қилишга эришишимиз керак. Бу ерда ҳозир команда йиғиш бошланган. Норбобо билан Йўлдош анча кадр йиғиб қўйишди. Абдукарим билан иккимиз бу ишга энди киришдик. Сен бизга ҳар жиҳатдан кераксан. Сен ҳақингда сўраганимда Ислом Усмон: “Яхши ёзадию, лекин дангаса, кам ёзади. Газетага фаол ёзадиган мухбир керак”, деди. Бу ёқда Илҳом Холматов ҳар куни телефон қилиб, мени ишга олинглар, деяпти. Мен унга: “Аҳмаджон ака Москвада, сессияда”, дедим.
– Келса айтинг, мен вилоят раҳбарига айтаман, вилоят раҳбари Аҳмаджон акага телефон қилади ва мен ишга ўтаман, – деб тиқилинч қиляпти.
Арнасойдан Юсуф Бекмуродов келган эди. Унга Абулқосимни айтиб юборинг, десам, менинг ўзимни олиб қўя қолинглар, дейди.
– Ҳа, уям Жиззахга борганда Ёзувчилар уюшмасига кириб, қарз гапни еткизган экан, – дедим мен.
– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”даги мақолангни ўқидик, раҳмат, – деди Анвар ака.
Гап шундаки, 1989 йили Анвар ака бош бўлиб, “Ўзбекистон гўзали” кўрик-танловини ўткизган ва кўрик-танлов бир гуруҳ ижодкорлар томонидан матбуотда йигирмага яқин мақолада жуда қаттиқ қораланган, кўрик-танлов ўзбекчиликка мос келмаслиги, миллатга ғайритабиийлиги ҳақида сўзланган эди. Айниқса, “Ёш ленинчи”нинг 1989 йил 20 октябр сонида эълон қилинган филология фанлари номзоди Суннатилла Аҳмедовнинг “Тақлиддан қачон қутуламиз?” номли мақоласи менинг ҳамиятимга жуда қаттиқ теккан, мен ана шу қораловчи йигирмага яқин мақолага биратўла Суннатилла Аҳмедов тимсолида жавоб мақола ёзган, мақолани “Ёш ленинчи” эълон қилмаган, кейин мақолани айрим ўзгартишлар билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да чиқарган эдим. Суннатилла Аҳмедов мақоласи ўта ашаддий руҳда бўлиб, кўрик-танлов ташаббускорларини (кўрик-танловнинг ўзини эмас!) синдириб ташлаш мақсадида ёзилгани, бундай мақолалар кетма-кет берилаётгани ҳам шундан далолат эканлиги аён эди. Ана шу нарса, ана шу кимнидир “синдириш” мақсади менинг ҳамиятимга жуда қаттиқ теккан, қолаверса, кўрик-танлов менга маъқул бўлган, уни ҳимоя қилишни ўзимнинг бурчим деб билган эдим. Қолаверса., Анвар Жўрабоевга уюштирилган оммавий ҳужум ортида бир вақтлар – 1982-85 йиллари менга кетма-кет зарба берганлар тургани менга маълум эди. Улар ўзларига маъқул келмаган ҳар қандай ҳаракатга қарши ана шундай ҳужумлар уюштиришар, энг ёмони бу ҳужумлар омма номидан, халқ номидан ташкиллаштирилар, ташкилотчилар бир четда ташлаб қўйган арқонининг бир учини ўйнатиб, мийиғида кулиб ўтираверишарди. Албатта, бу ҳужумлар Анвар акага қаттиқ таъсир қилган, ва ҳеч кутмаганда менинг жавоб мақолам эълон қилиниб, у кишига бу малҳамдай таъсир қилган. Демак, шу мақоланинг ҳурматига Анвар ака мен учун энди қаттиқ куйиб-пишаётган.
Анвар Жўрабоев билан биз ҳамқишлоқ эдик. Иккимиз ҳам Булунғурдаги А.С. Пушкин номли 60-ўрта мактабни битиргандик. Фақат у киши мендан етти йил бурун битирган. У киши билан бир синфда ўқиган Музаффара Қўзиева кейин бизга мактабда адабиётдан дарс берган эди. Хуллас, биргаликда эслашимиз мумкин бўлган нарсалар кўп эди. Балки шу сабабли мен учун куйиб-пишаётгандир…
Аслида уям , буям эмас, ўзлари айтгандай, команда йиғиш бошланган, ҳар ким қўлидан келганча ўзига тегишли одамларни атрофида кўпроқ тўплашга ҳаракат қилаётган экан. Ва бунда ким арзийдиганроқ кадр топса, ўша ютиб кетаётган эди. Қолаверса, мен курашчан журналист эдим. Йигирмата забардаст рақибдан ҳайиқмай, “Гўзаллар кўриги”ни ҳимоя қилган эдим Шундай эди, шекилли. Тағин, билмадим…
Аҳмаджон Мухторов ҳамон келмасди. Маълум бўлишича, газета ташкил бўла бошлаганда “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни раиси Ислом Шоғуломов: “Яхши. Газетага жой берамиз. Нашр, хўжалик ишларини ҳам ўзимиз бажараверамиз”, депти.
– Йўқ, – депти Аҳмаджон ака. – Биз сизга бўйсунмаймиз. Ўзимиз нашриёт очамиз, ўз ҳисобчимиз бўлади, хўжалик мудиримиз бўлади, ўз банк ҳисоб рақамимиз бўлади. Биз мустақил бўламиз, – депти.
– Мустақил бўладиган бўлсанг унда бизнинг иморатдан чиқиб кет, – депти Шоғуломов.
Шоғуломов – Ўзбекистон матбаачиларининг устунларидан бири. Аҳмаджон Мухторов эса Ўзбекистон журналистларининг устунларидан бири, СССР халқ депутати, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси. Хуллас, икки қўчқор кўприк устида келишмай қолиб, бир-биридан йўл бўшатишни талаб қилиб турган пайт экан. Аҳмаджон Мухторов арз қилгани Президентга кетган экан.
Кеч соат олтиларда келган Мухторов ҳеч кимга қарамай, ўз хонасига кириб кетди-да, яна ярим соатча телефонда бақириб-чақириб, менимча, Шоғуломов билан роса тортишди:
– Бу иморат сизга отамерос бўлиб қолгани йўқ-ку! Мунча тезланасиз? Шошмай туринг, Президент бошқа иморат топиб беришни ваъда қилди. Кетаман шу ердан, бир-икки кун сабр қилсангиз! – деган гаплари қабулхонада баралла эшитилиб турди. Анвар ака билан Абдукарим ака кун бўйи Аҳмаджон Мухторовни пойлашди. Қайтиб келганида биз бехабар қолсак, олдин Йўлдош билан Норбобо кирса, тамом, Келдиёрга буйруқ олиб чиқишади. Унда ҳаммаси кеч бўлади, дейишиб, ҳеч ёққа қимирлашмади. Шу сабабли Аҳмаджон ака ўз хонасига киргандан иккови қабулхонада ўтириб олишди. Икки ўринбосар ичкарига киришга изн сўраб турганда бўлим мудирлари бўлмиш Йўлдош ака ва Норбобо акалар четга чиқиб қолишди. Улар Аҳмаджон Мухторовнинг эркатойлари бўлса-да, бари бир ўринбосар ўринбосар-да!
Ниҳоят икки ўринбосар ичкарига кириб, бир мунча вақт ўтиришди. Қайтиб чиқишганда Анвар ака мени четга тортиб: “Аҳмаджон ака кўнмаяпти, ваъда бериб қўйганман. Норбоболар: “Анвар айтган одам шу”, деб мендан Келдиёр учун гарантия хатига қўл қўйдириб олишган”, деб туриб олди. Мен Келдиёр Жўрақуловнинг бор-йўғи суратчи мухбирлигини айтдим. “Ундай бўлса, Абулқосимларингни муҳаррир қошидаги махсус мухбир қилиб оламан”, деди Аҳмаджон ака”.
– Бўш келмаймиз, ҳали яна ҳаракат қиламиз, – деди Анвар ака.
Икки ўринбосар қабулхонани эгаллаб олишгандан сўнг бўлим мудирлари бу ёққа яқинлашолмай, муҳаррир ҳузурига Келдиёр Жўрақуловнинг ўзини жўнатишди. Келдиёр Жўрақулов Аҳмаджон Мухторов қабулидан дарров қайтиб чиқди: “Бошим ачиб турипти. Шошмай туринг, бу масалани эртага гаплашамиз”, депти Аҳмаджон ака. Уни қабулхонада Анвар ака четга тортиб, бир нималар деди: “Мен бу ўринга Абулқосимни айтган эдим. Сен нега чалкашиб юрибсан?”, депти.
– Агар Абулқосим ўтадиган бўлса, менинг ҳеч қаршилигим йўқ. Мен четга чиқишга розиман, аммо менга Аҳмаджон Мухторовнинг ўзи хат берган, – депти.
Шу пайт ичкаридан Аҳмаджон аканинг ўзи чиқди. У кишини Абдукарим ака коридорнинг иккинчи холис тарафга бошлади. Бир минут ё гаплашдилар, ё йўқ.. Абдукарим ака қанақа сеҳрли сўз айтди, билмадим, Аҳмаджон ака қайтиб келиб мен билан кўришди. “Абулқосим сизми?!”, деб сўради ва ўринбосарларига:
– Бўпти, шу йигитни тайёрланглар. Шу йигит Жиззах вилояти бўйича махсус мухбиримиз бўлади, – деди ва кетди.
Аҳмаджон ака кетиши билан Анвар ака ўзида йўқ хурсанд бўлиб, мени қучоқлаганча, юз-кўзларимдан ўпа кетди. Менимча, мен ишга ўтганимдан мендан кўра у киши қаттиқ хурсанд эди. Менинг ишга ўтишим – Анвар аканинг аёвсиз курашдаги ғалабаси эди!
Шу кеч Анвар аканикига бориб, ишга ўтишимни ювдик. Умида опа ош қилди, ароқ қўйди.
Яна бир гап: Бир ҳафтача чақирув бўйича бормай юрганим, биринчидан, ёзувчилар уюшмасидаги ишимдан хурсандлигим бўлса, иккинчидан, Ҳайитбой ака Набираев кўпдан бери (“Совет Ўзбекистони” мухбирлигидан ҳайдалгандан сўнг) яна республика газетасига ишга ўтишни орзу қилиб юрарди. Ҳар қалай, Самарқанд университетини битириб келганимда, шу киши мени “Бўстон” газетасининг раҳбари сифатида ишга қабул қилиб, буйруқ чиқарган ва ўша куни олий партия мактабига ўқишга кетган эди. Тағин шу киши билан (устоз, ахир!) ўрин талашиб юрмай, деб ўзимни четга тортиб турган эдим. Саттор Қорабоев мени тезлаб, мен Ғаффор акадан маслаҳат сўрагандан сўнг кечаси мен Абулфайз Баратовдан ҳам маслаҳат сўрадим. Абулфайз Баратов бир вақтлар Самарқанд вилоят газетаси “Ленин йўли”да Аҳмаджон Мухторов қўлида мухбирлик қилган. Ҳайитбой Набираевнинг қалин дўсти, менинг қўшним эди.
– Ҳайитбой икки дунёда ҳам Аҳмаджон Мухторовга яқинлашолмайди. Тўғри, Ҳайитбой Анварнинг қайноғаси, иккови дўст, аммо унинг қилиқларини билгани учун ҳам уни эмас, Аҳмаджон акага сизни тавсия қилган бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳеч ўйланмасдан, Ҳайитбой учун виждонингиз қийналмасдан бораверинг, – деганди Абулфайз Баратов.

1990 йил 21 ноябр
Эрталаб сўров хати қилиб беришди. Уни кўтариб, ишдан бўшаш учун Ёзувчилар уюшмасига, Пушкин кўчаси 1-уйга бориб, Одил Ёқубовга учрашдим.
– Нима, уюшма маъқул бўлмадими? – сўради Одил ака.
– Маъқул эди, лекин бу ёқни маслаҳатчилар янада маъқулроқ дейишяпти.
– Ҳа, бўпти, кўр унда, – дея Одил ака аризамга қўл қўйиб берди.
Мен пастга, биринчи қаватга, ташкилий масалалар бўйича котиб Мамадали Маҳмудовга учраган эдим, у тутаб кетди. Жиззахда ишни энди юргизгандик, дарров кетасанми, ўйлама, газетада даромадинг уюшмадан зиёд бўлмайди. Уюшмани сен жуда зўр ташкилотга айлантиришинг мумкин эди. Бухорода Тошпўлат Аҳмад шундай. Ўзи битта ҳоким, деди. Мен ишлар ҳал бўлганини айтдим. Унда ўрнингга кимларни тавсия этасан?
– Абдураҳмон Каримовни, Саттор Қорабоевни.
– Абдураҳмонинг шаҳарлик болами, ориқ, қоп-қора. У бўлмайди.
– У бўлмаса, Саттор бор, ўзингизга ўхшаган, тоғнинг боласи. Оёқ-қўли чаққон.
– Э қўй ўшаларингни! Ҳозирча, биздан ишдан бўшамайсан. Ярим штатга бўлса ҳам турасан, – деганча Мамадали Маҳмудов Одил акага сим қоқиб, ўз эътирозларини билдирди ва мен ярим штатга уюшмада ҳам қолдим.
Меҳнат дафтарчамни кўтариб, “Халқ сўзи”га келиб, 1 декабрдан иш бошлаш тўғрисида буйруқ олиб, “Халқ сўзи”нинг Жиззах вилояти бўйича махсус мухбири сифатида уйга қайтдим.

(ДАВОМИ БОР).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s