(Роман)
Ўн иккинчи боб
Пешин номозининг вақти бўлиб қолганидан Саримсоқ полвон оғир қўзғолиб, сой сувида таҳорат ола бошлади. Ўн икки ёшидан бошлаб бирор марта намозини канда қилмади: гуркираб кўпкари чопиб юрган кезларида ҳам, қулоқ қилиниб каналларда «хизмат» бажариб юрган кезларида ҳам. Таҳорат олишнинг иложи бўлмаган жойларда таяммум билан, намозни ошкора ўқиш мумкин бўлмаганида ҳимо билан бўлса ҳам, Ҳақ таолонинг қарзини узиб юрди. Умри бўйи ичмади, чекмади, бузуқ йўлга юрмади. Тарбияси шундай бўлган эди-ботиний интизомни бирор марта бўлсин бузмади у. Балки шу туфайлидир, неча чиғириқлардан тўрт мучаси соғ чиқди, неча хатарларда омонат жони омон қолди…
Уни халқ душмани сифатида айблашмади. Совет ҳокимияти учун қилган ва ўз виждонини ҳануз қийнаб юрадиган бир «хизмат»ни ҳисобга олишди шекилли. Аммо ўзига яраша мол-давлати бўлганидан, қулоқ қилиб беш йилга қамашди. Бу жазо ҳолва экан. Гарчи ҳалол йўл билан топган эса-да, бой деса дегулик эди: қўра-қўра қўйлари, омбор тўла дон-дунлари, қанча қорамолу отлари бор эди. Маҳбуслар орасида бир сигиру уч-тўрт қўй-эчки билан ҳам қулоқ қилиниб, беш-ўн йилга кесилиб келганлари борлигини кўргач ёқа ушлади. Уни халқ душманига чиқариб отиб юборишлари ҳеч гап эмасди…
У Тошкент вилоятидаги Жўнариқ каналини қазиётганлар орасига тушиб қолди. Ишлаётган жойлари қаердадир-қовунчи билан Чиноз оралиғида эди. Озиқ-овқат масаласи-ку, майли, ўша даврларда таъминот қийин бўлгандир, ақалли сувга ёлчитмасди. Бригадаларидаги бир юз йигирма маҳбусга от аравада икки кунда бир бўчка сув ташлаб кетишарди. Ичса ювинишларига етмасди. Ойлаб дурустроқ ювинишмаганидан, ҳаммалари рўдапога айланиб кетишганди. Ўшанда бирор танишлари учраб қолганида борми: ё танимай ўтишарди, ё савдойига чиқариб қўйишарди. Шундай ночор аҳволга тушириб қўйишганди уларни.
Атроф қақраган дашт. Яқин-атрофда на бирор қишлоқ ва на одам зоти кўринарди. Онда-сонда мол қидирибми биронтаси келиб қолса, назоратчилар яқинлаштирмай қайтариб юборишарди. Маҳбуслар ёзда брезент чодирларда жизғанак бўлишса, қишда совуқдан дийдирашарди. Бит деганлари… айтсанг биров ишонмайди. Эрталаб чодирларни супуриб-сидириб бир ҳокандозча бит тўплашар ва сув қайнатилаётган бидоннинг тагига ташлашарди. Оловда уларнинг патирлаб, ёрилиб ёнишлари… Даҳшат эди, даҳшат!
Одам эшагини ҳам бунчалик хор қилмайди: вақтида ўт-сувини беради, тагини тозалайди, ёзда сояга, қишда панага олади. Маҳбусларнинг шунчалик ҳам қадри йўқ эди. Бир юз йигирма одамдан икки йил давомида ярми ҳам тирик қолмади. Марҳумлар анчайин ҳайвоний муносабат қурбони бўлиб кетишди. Уларга ақалли жаноза ва кафанлик ҳам буюрмади. Ҳаммасини енгил-елпи кийимлари билан шаҳидларга ўхшатиб, тупроққа аралаштириб юборишди. Шаҳидлар-ку, иззат-икром билан лаҳадга қўйилади. Бу қурбонларга лаҳад қайда? Тирик қолган маҳбуслар уларга дуои фотиҳани ҳам яширинча ўқишарди.
У фожеаларни бировга айтиб бўлармишми? Неча йиллардан буён тишининг чизиғидан чиқармай келади. Айтганида ҳозиргилар ишонишармиди?! «Лоф ҳам эви билан-да, бобой, қамоқдагиларгаям занг бор-закун бор»,-деб тиржайишади. Гўё эндиги қамоқхоналар дам оладиган жой-у, унга тушганлар Суюндик чолнинг теракзоридаги оромгоҳда дам олаётган болаларга ўхшаб, ҳордиқ чиқариб қайтадигандай…
Ким билади, балки уларнинг гапида ҳам жон бордир. Давр ўзгарди, замонлар ўзгарди. Эндиги қамоқхоналарга қандайдир жиноят қилганларгина тушиб, баъзилари тузалиш ўрнига бадтар айниб ҳам қайтишаётир. Жиноят қилиб қамалганидан уялиш ўрнига мақтанишади. У эса, гарчи жинояти бўлмаса-да, қамалиб чиққанидан ҳануз нам тортади…
Бир ҳисобда ҳозиргиларнинг қаттол ўтмишга ишонмаганлари ҳам маъқул. Майли, ҳаётимиз фаровон деб чапак чалиб юраверишсин. Лекин СОВЕТ ҲОКИМИЯТИ деган ном билан туғилган қизил аждаҳонинг ўз уясини қон ва кўз ёшлар устига тиклаганини билишармиканлар? Ўқиётган тарихлари сохта (Аслида тарих сохта бўлмайди, уни бузиб, сохталаштириб ёзадилар), адабиётлари кўпда мадҳиябозликдан бошқа нарса эмаслигини тушунолармиканлар? Ҳозирча тинч ётган аждаҳо яна неча муҳлат тинч ётаркин? қачондир, нимадандир безовталаниб қолмасмикан? Ўшанда ўзига сиғиниб, мадҳ этиб юрган бу сўтакларнинг ўзини домига торта бошламасмикан? Ахир бир неча марта шундай бўлувди-ку!
Алҳазар, шунисидан алҳазар! Ҳозиргилар-у келгуси авлод улар кўрган даҳшатларни кўрмагай!
У кўп кезди, кўп улуғ ва билимдон одамларнинг суҳбатида бўлди, унчалик кўп бўлмаса-да, ҳар қалай, ўқиб ўрганди ҳам. Шунга қарамай, янги ҳокимият юритган сиёсатнинг моҳиятини дафъатан тушунолмаганэкан. Ўша пайтларда уни тушуниш ҳам мумкин эмасди. «Ерни ислоҳ қиламиз»,-дейишди. Ортиқча бир қарич ҳам ер олиб қолмай, ҳаммасини берди. «Ҳовли-жойларингни оламиз»,-дейишди. Ортиқча жойларининг ҳаммасини топширди. «Хоҳлаганлар колхозга кирсин, хоҳламаган якка хўжалик бўлиб қолаверсин»,-дейишди. У якка холда иш юритишни маъқул кўрди. варанглатиб солиқ босишди, тўлайверди. Ҳамма нарсаси тугаб, шип-шийдам бўлган пайтда «зараркунандасан», деб беш йилни беришди. қамалиб ҳам қутулмади: қизил ҳокимият бола-чақалари, ҳатто куёвларига ҳам човут сола бошлади: «қулоқнинг боласи, қулоқнинг куёви», деган қора тамғани ҳаммасига босишди. Бирортасини маъсул ишларга яқинлаштирмади…
Бу оламда яхшилар кўп. Буни оиласи пароканда бўлиб, тергов бериб юрган кезларида билди. қариндош-уруғлари ҳам юз ўгирган бир пайтда етти ёт бегоналар қўлларидан келган ёрдамини аяшмади. Хусусан қийқимлик Мулла Ҳайитнинг ёрдами кўп тегди. У қишлоқ шўросида ишларди. Шундай маҳкамада ишлаб, қулоқнинг оиласига ёрдам беришнинг ўзи бўлмасди. Бунга журъат қилиш учун отнинг калласидай юрак, инсоний қалб керак. Мулла Ҳайитда шундай сифатлар бор экан. Шунинг учун қамоққа кетиши олдидан онасига бешикдаги қизини унинг акасининг ўғлига бешиккертти қилиб қўйишларини тайинлаганди…
Шўро ҳокимияти ўз сиёсатини бошданоқ алдаш, фириб ва зўравонлик асосига қурганини вақтида фаҳмлаб ололмади. қўқон мухторияти ёки Бухоро амирлиги ағдариб ташланган кезларда тушунса бўларди буни! Жуда бўлмаса, босмачи ёрлиғи билан юртпарварларга қирон солинганида билса бўларди. Кўзлари кеч, жуда кеч очилди. Унга ўхшаб талмовсираб юрганлар кам эмасди юртда.
Халқларни абадий тутамда ушлаб бўлмас экан. Сталиннинг ўлими билан симтўр ортидаги зиндонлар ҳам бўшай бошлади. Сиёсатда яхшилик томон бурилиш юз бера бошлади. Салдан кейин одамларнинг гарданидаги «халқ душманининг авлоди», «қулоқ» деган тамғалар олиб ташлана бошлади. Эл қатори у ҳам эркин нафас олиб қолди…
Ноҳақ тортган жабр-ситамлари учун Саримсоқ полвон, негадир, ҳеч қачон ҳукуматни айбламади: Жўнариқда битга таланиб юрган кезларида ҳам, охирги икки йилда Мирзачўлда бит билан бирга пашшага таланиб юрганида ҳам. У кўпроқ ўзидан айб қидирди: «қилмишларимда Оллоҳга хуш келмайдиган нимадир бордир-ки, жафо тортяпман,-деб ўйларди.-Бугун жафони муяссар кўрган қодир Эгам эртага сафони лозим кўриб қолса ажабмас».
У эртанги ёруғ кунлар умидида сабр-тоқат ва чидам билан яшади. Тангрига минг қатла шукурлар бўлсинки, умидлари зое кетмади. Маҳбуслигининг сўнгги йилидаёқ бир армони ушалди. Гарчи бу бахт узоқ ва уқубатли йиллардан кейин келган омонат ва ўткинчи бахт бўлса ҳам…
Ҳукуматдан аламзада бўлмаса-да, сўнгги кунларгача унга ишонмади. «Аузу биллаҳи минашшайтони вассиёсату» (Шайтоннинг ва сиёсатнинг ёмонликларидан худо асрасин), деганларича бор. Ҳукуматга, балки, маълум даврларда зўрлик ишлатиш мумкиндир. Бусиз тартиб-интизомни тиклаш қийин кечадиган пайтлар бўлади. Аммо ўз фуқароларини алдаб ўрганган ҳукумат яна алдайди. Алдов ва зўравонликни касб қилиб олган ҳокимият алалоқибат заволга юз тутиши тайин. Ўшанда пайғамбар даражасига кўтарилган доҳийлар, мамлакат жиловини бошқарган «Бош»лар аслида ким эканликлари юзага қалқиб чиқади. Комилликка интилувчи башар ҳаммасининг тагига етиб, одил баҳосини беради…
Эсида, Очилдовнинг асосий кучлари тор-мор қилиниб, майда-майда тўдалари атрофдаги тоғлар орасида қочиб юрган пайтлар эди. Шулардан учтаси. қўйтош тоғлари орасида беркиниб, сира тутқич беришмади. Бир куни махсус бўлимдан учтаси келиб, Саримсоқ полвонни аврашди: қочоқларга ҳукумат номидан ярашиш таклифи билан боришни сўрашди. Албатта, бу хизматни у дарҳол бўйнига олмади.
-Қочоқларга бирор алоқам бўлмаса, танимасам, сизларга қандай воситачи бўламан?-деди.
-Сизди улар танишади,-бошлиғи ўзиникини маъқуллади.-Бу атрофларда иззат-обрўйингиз бор. Сўзингизди ерда қолдиришмайди.
-Борди-ю, айтганларимга бовар қилиб сизларга таслим бўлишса, уларни нима қилмоқчисизлар?
-Қуролларини топширишса, қўйиб юборамиз.
-Шу гап ростми?
-Рост, бунга биз кафилмиз.
Эҳ, хом сут эмган банда! Ўша бошлиқнинг «кафолат»ига ишониб, қочоқларни тоғлар орасидан бир ҳафта қидирди-я! Норвонсойнинг бир камаридан топиб, узоқ музокара юритди. Йигитларнинг иккитаси тездаёқ рози бўлди. Афтидан Очилдов тўдасига тасодифан қўшилиб қолишган. Лекин учинчиси анча ўйланди: Саримсоқ полвон орқали берилган ваъдаларга шубҳаланиб қаради. Аммо тақдир ўйинларига тан бердими ё шерикларидан ажралиб тоғлар орасида бўридек ёлғиз қолгиси келмадими, ҳар қалай, у ҳам таслим бўлишга кўнди.
Тўрталаси бошлашиб қишлоқ шўросига келишди. Йигитларнинг иккитасини ўша жойдаёқ кишанлаб, Жиззахга олиб кетишди. «Сўроқ-пўроқ қилиб, қўйиб юборамиз»,-дея Саримсоқ полвонга тасалли беришди. Учинчиси Ўгат атрофидан бўлганидан кўпчилик орага тушиб, ялиниб-ёлвориб, кафилликка олиб қолишди.
Саримсоқ полвон бу хизматининг оқибатини кўп ўтмаёқ орқаворотдан эшитиб, пешонасига тарс этказиб бир урди. Аммо бўлар иш бўлган эди: махсус бўлим ходимлари тутқунларни «қочишга уринди», деган баҳона билан Жиззахга еткизмаёқ тоғлар орасида отиб кетишган экан. Кафилликка қолдирилган учинчи йигитни кейинроқ Челакда тутиб олишиб отиб юборишди. Саримсоқ полвонни қамашганида шу «хизмати» ҳисобга олиниб, камроқ муҳлат билан Ўзбекистоннинг ўзида қолдиришган бўлса ажабмас. Аммо бундаги азоб-уқубатлар Сибир тайгаларига жўнатилганларникидан унчалик ҳам кам бўлгани йўқ. қамоқдан чиққанидан кейин ҳам «бегуноҳ йигитларнинг умрига зомин бўлганман» деган изтиробли ўйлар унинг хаёлини тарк этмади. Балки шу йигитларнинг уволи уни қамоқ азобларига дучор қилгандир…
Сталин сиёсати шундай сиёсат эди-ки, одамларни шайтоний васвасага солиб қўярди. Унинг таъсирида ака укага, ота болага, одам одамга душман кўзи билан қараб қолиши ҳеч гап эмасди. Инсон тақдирини бир парчагина қоғоз ёки кашталаб айтилган икки оғизгина оғзаки маълумот ҳал қиларди-қўярди. Буни Саримсоқ полвон ўша кезлардаёқ билиб олганди. билганида кимни йўлга сололарди у?
Эллик учинчи йили мартнинг бошлари эди. Мактабда ўқиб юрган болаларидан бири уйга йиғлаб келди. Биронтаси билан уришиб қолгандир, деган хаёлда уни юпатмоқчи бўлганди, ўпкасини босолмай:
-Сталин о-отамиз ў…липти!-деди у.
Ўлганнинг ортидан тош отиш-гуноҳ, қувониш-куфр. Аммо ўғлининг аҳволини кўриб, негадир, Саримсоқ полвоннинг зардаси қайнаб кетди:
-Ўлмаса тўнғиз қўпсин ўша мустабид!-деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
Ўшанда кўз ёшлари селоб бўлиб турган ўғли юзига шундай ғазаб ва нафрат билан тикилди-ки, кутилмаганда Саримсоқ полвоннинг юраги орқасига тортиб кетди. Шунда ўз уйида ҳам битта Павлик пайдо бўлганини ҳис қилиб, аламини «қулт» этиб ичига ютди. Демак, бу шумғиялар шу узоқ тоғлар орасида ҳам урчиб улгуришибди! Ҳокимият уларни тездаёқ кичкинагинами, каттароқми «винт»га айлантиради. Кейин қаерга қўйишса шу ерда ғириллиб айланаверишади. Ғириллаб айланишади ва ёнидаги бошқа «винт»лар билан беомон ғажишади. Пишиқроғига тўғри келиб қолса,узоққа бормайди. Ишдан чиққач, бир бурчакка отиб юборишади. Ўрнига бошқа «винт»ни қўйишади…
Ҳайриятки, Сталин сиёсати қораланди. Бора-бора бояги ўғлининг ҳам онги озгина тиниқлашди. Аммо у «винт»лигича қолаверди. Саримсоқ полвон улар учун ўтмиш сарқити эди. «Халқ душмани», «Ватан душмани» деганларидан кўра шуниси ҳам тузук. Яхши-ки, у на халққа ва на ватанга душман бўлмаганлигини тушунишди. Вақти келиб ўзларининг винт эмас, одам эканликларини ҳам тушуниб олишар. Ноумид-шайтон.
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Uzbek |