Мулоҳаза

iakelection1.jpgЎлди нима, ўлмади нима?

Кундузора бўлмаса ҳам кунора ИAK ҳақида бир нарса ўқиймиз ё эшитамиз. Бу табиий. Ўттиз миллионлик мамлакатни ғайриқонуний равишда “идора” этаётган, деҳқонча қилиб айтганда тагига босиб олган мафиябоши ҳақида тарафдори севиниб, мухолифи куюниб, муриди кўриниб ёзади ва ҳоказо.

Лекин кейинги йилларда унинг ана инфаркт, мана инфаркт, ана кома, мана кома, ана ўлди, мана ўлди каби ёлғонларини тўқийдиган ва ўқийдиган, дил-дилидан ишонадиганлар кўпайиб бормоқда.

Бир вақтлар ўзим ҳам ишонардим. Турли “манба”ларнинг гаплари қулоққа ёқарди ва ўзгариш шамоли келаётганидек севинардим. Лекин кўп ўтмай бу алдовчи инстинкт эканини тушундим. Оқсарой саҳнасининг олди-ортидаги бу “гап”лар диққатимни тортмай қолди.

Чунки ўлди нима, ўлмади нима, деган савол атрофида ўбдон ўйлаб кўрдим. Англаб етдимки, 20 йил қўрққаним бошимга келибди. ИАК жамиятни шундай даражага туширдики, ўзидан кейин келган одам ҳам унинг шалақ машинасини ҳайдайверадиган хавфли нуқтадамиз.

Буни Озарбайжон мисолида ҳам кўрдик. Алиев ўлганидан кейин Америкадаги моргда ётаверди. Ҳокимиятни ўғли ўзига расмийлаштириб, кейин отасини кўмди. Туркманистонда ҳам кузатдик. Балки ўзгариш бўлар деб кутдик. Ишондик ҳам қисман ўзгаришларга. Лекин натижа – ит ўлди, ит тирилди.

Ўзбекистонда ҳам тизим шундай қурилдики, Худойим бугун қарор бериб, ИАКнинг жонини олгудек бўлса, унинг ўринбосари-ўйинбосари ҳозир. Бу қонунан ҳам, амалан ҳам тайёр. Бугун ИАК нафас олишдан тўхтаса, эртага Мирзияев нафас олишни бошлайди. Бордию яратган ИАКка узоқдан узоқ умр бериб қолсаю Мирзияев ножўядан ножўя ҳаракат қилиб қўйса, у ҳолда бу сенарий ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Лекин “запас”да Аҳмад Усмонов турибди. Унгача шошмайлик. Шавкат Оқсаройнинг ҳавосини олди ва буёғига ҳам чидаши мумкин.

Шундай экан, ИАК ўлди нима, ўлмади нима? Ҳеч нарса ўзгармагандан кейин унинг инфаркт бўлганию комага кирганининг нима қизиғи бор?

Ҳа, ўттиз миллион одамни миниб олган юҳонинг ўлиши ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатиш ҳам муҳим. Бу ўзбек матбуотида инқилоб.

Лекин юҳонинг ўлимини ҳаммадан олдин биладиган “катта ака”лар турибди. Улар истасалар беш дақиқада матбуотга сиздирадилар. Бу юз йиллик анаъна. Одатда улар бу ишни озарбайжон ёки туркман мухолифати нашрлари орқали қилганлари каби хабарни бирорта ўзбек нашрига “сотади”лар. Ана шу “сиёсат”ни билган халқаро медиа бугун ҳар бир мухолиф ўзбек айтган гапни баъзан чин деб қабул қилади. Хабар бир зумда дунёга тарқалади. Ҳатто уни тўқиган Афандининг ўзи ҳам ишониб қолиб, орқасидан қувади.

Бу кетишда бир кун ИАКнинг чин маънода ўлганини ҳам билмай қолишимиз ва фақат ўринбосари-ўйинбосари ҳамма ишни битириб олгандан кейингина хабар топишимиз мумкин. Албатта тирик бўлсак. Чунки кимнинг қачон ўлиши Раббимга боғлиқ. Қолаверса, замонавий тибга ҳам. Тиб эса ИАКнинг қўлида. Охирига қадар фойдаланиш учун олтинлар сариқ чақа каби сарфланмоқда.

Тўқсондан ошган Ҳайдар Алиев нутқ қилаётиб гуппа йиқилиб тушганда телевизор қаршисида ўтирганлар “ура…аа” деб юборишганди. Кейин унинг йиқилиши оддий ҳолга айланди. Бора-бора ҳар мажлисда йиқилмаса ажабланадиган бўлишди. Мана ўлиб кетганига 12 йилдан ошди. Тизим ва тузум ўша ўша.

ИАК ўлими озодлик оролига чиқадиган мужда эмас. Бошқа йўлларни топиш керак. Йўл эса кўп. Ҳатто йўл қолмаган ҳолда ҳам янги йўл солиш мумкин. Халққа зарар-зиён эмас, фойда келтирадиган йўлларни топса бўлади. Ўз таклифларимни илгари кўп ёзганим учун бугун тўхталмасам ҳам бўлади. Бугун таклифларни бошқалардан эшитадиган замон.

Дарвоқе, янги йўл солиш ақл-заковат, катта меҳнат ва куч талаб этади. Бу эса ёшларда бор. Демак, ИАК ўлди нима, ўлмади нима? Ёшлар ҳаракатларини қилаверишлари лозим.

Жаҳонгир Муҳаммад.

24 феврал, 2015 йил.

jahonnoma.com saytidan.

%d bloggers like this: