Ўзгармаган мавзулар

adabiyot.jpg Атрофимиз ишоратлардан иборат

Аслида ўйлаб кўрсам бу мавзуни тўхтовсиз давом эттирса бўлади, ҳалиги ёзувчи шоирлар тилида айтганда абадий мавзу.

Аввал сал кайфиятни созлаб олиш учун бир воқеани айтиб ўтсам.  Ўзбекистонда шу кунларда турли номлар остидаги музқаймоқлар сони кўпайган. Номларнинг зўрлигидан баъзан бу маҳсулотга нисбатан бироз андайроқ қарашда бўлган инсон ҳам, татиб кўриш кераг-ов, деб юборади, ном зўрлигидан. Аммо баъзан…

Кўпчилик ўзбекистонликлар ана шундай антиқа номли музқаймоқлар орасида “бўмба” отлиғи борлигини яхши билишса керак. Демак воқеа мана бундай. Бир куни турли озиқ-овқат маҳсулотлари қатори музқаймоқ савдоси билан ҳам шуғулланувчи йигитга қўнғироқ бўлиб қолди. Қўнғироқ бўлган пайт зўр савдо кетаётган эди, шундай бўлсада йигит қўнғироққа жавоб қайтарди, зеро гап “товар” ҳақда борарди.

“Бўмба бор дейсанми? Қанча? Ҳмм… фақат ҳозир эмас, одам кўп, кечроқ учрашайлик”, деди сотувчи йигит ва бўлажак зўр савдодан кўнгли кўтарилиб кафтларини бир-бирига ишқаб қўйди. Камина шу пайт дўконга кириб, бир бутилка “кола” олдимда симириб ўтиргандим. Бир маҳал дўконга юзларини ниқоб билан тўсган ва ола-була рангли кийим кийган ҳарбийлар кириб келди. Дўконни эшигини ёпишди йигит билан каминани деворга тик қўйишди. Мен оддий ҳаридор, муздай кола орзусида адашиб келиб қолганлигимни билгач, ташқарига чиқаришди, йигитни эса мошинага босишдию олиб кетишди. Мен ҳайрон. Корла симирдим, майлида энди, деб кетсам бўлади, аммо пулини тўламаган эдим. Ён дўконлардан чиққан сотувчилар билан гап сотиб турдик. Бир соатлар ўтмай йигитни қайтариб олиб келишди, машинадан туширишди ва “аммо, қарагин а?”, дейишдию ғойиб бўлишди.

Ҳаммамиз йигитни гапга солдик, тинчликми тақсир? Йигит ичкари кирди, битта колани симирди, сўнг яна биттани, кейин битта сигаретни олиб тутатдию, йиғи аралаш кулди. “Тавба, боя Салоҳиддин ака телефон қилиб бўмба бор, арзон нарҳда оласанми, деб қолдила, ўзимдаги бўмба кеча тамом бўлганийди, майли оламан дедимде, кечроқ гаплашийли деб гапни қисқа қилдим. Манбилар ўша учун келипти-де, нимамуш, ман бўмба олиб теракт қилмоқчи бўлганмушман, ҳатто суҳбатнинг записиям бор. Ахийри гап нимадалигини тушунтириб, Салоҳиддин окамгилани чақиртириб келгач, туршелар, гап нимадалигини билишди-де, ташаб кетишди”, деди.

Бизнинг аксар “зўр”ларимиз ўша, савдогар йигит айтмоқчи туршелардан сира фарқ қилмайди. Бир кимса “вақ” деса тамом, у ёғи “сайра булбулим сайра” бўлиб кетади. Энг қизиғи шундаки, ана шу кампания аслида асл ҳолатни яшириш учун, бировни бироз чалғитиш учун, боринг ана хом шуҳрат учун олиб борилади, баъзан фавқулодда “закказ” учун ҳам.

Мен бир нарсага доим ҳайрон бўламанда. Нега айримларимиз, айримларнинг “вақ” деган сасини эшитганимиз замон жўшиб кетиб, унга жўр бўлишга ошиқамиз, менинг “вақ”ловчидан фарқим бор-ов, деган гумонга бормаймиз, нима ёқадими шу иш? Нега ҳеч биримиз, тўхта бунинг ўзи кимки, бировлар ҳақда “вақ”лайди, демаймиз? Энг қизиғи кеча тўсатдан пайдо бўлиб қолган “турше”нинг маҳоратли уйдирмасига учамизу кўпдан бери таниб юрганимизни шартта “вақ”латтириб қўямиз, нима ўша бештакам “биродар”нинг олдида нуфуз орттиришни истаймизми? Падарига эмасми бундай нуфузни?

Пайғамбаримиз алайҳиссалоту ва саллам мўминлар бир бутун бўлишлари лозимлиги, бир мўминга қилинган ҳуруж қолган мўминларни ҳам титратмоғи лозимлигини айтиб кетганлар. Шу билан бирга, мўминга қарши қилич кўтарган инсоннинг қандай мақомга эгалигини ҳам. Ана шу, ҳўв пайтлар қилинган фитналарга жавобан, мўмин дўстимиз бир нарсалар деб юборган сайтларда чиқиш қилганларнинг аксари, Аллоҳ ва унинг ҳақ Расули номи билан бу чиқишлар фитна экани ва фитна тарқатувчилар билан иншааллоҳ қиёматда гаплашажакларини айтгандилар.  Истаган мусулмон учун Аллоҳ ва унинг Расули билан қилинган таъкид энг ишончли таъкид бўлиши керак, аммо…

Майли, баъзан, уламолар айтмоқчи жоҳилларнинг ҳадяси мўминларникидан ширинроқ бўлгани боис, нафс қуллари ширинга ташналик қиладилар. Ўзимизда ҳам бундай ҳоллар учраб туради. Раббий ўзи бизни бундай офатдан йироқ қилсин!

Бошқа бир ҳолатга ҳам тўхталсам. Биродар, бир нарсани тушунинг, мўминлик даъвосининг ўзига яраша юки бор. Диннинг эгаси Аллоҳдир ва унинг муҳофазаси фақат Аллоҳнинг қўлида. Ишонмасангиз бир ислом тарихига назар солинг, ана шу 14-15 асрлик умри давомида динимизни кимлар ислоҳ қилишни ният қилмади. Аммо зиён етказа олдиларми? Йўқ!

Яқинда биз, ўзаро қилинган аҳддан чекиниб алоҳида баёнот билан чиққан собиқ аҳддошлардан аразлаб чиқиш қилгандик. Гапнинг очиғи масалани чуқур ўрганмай улардан хафа бўлганимиздан бугун ўзимиз хафамиз, узр ожизлик қилдик. Масалани чуқур ўрганиб бир нарсани аниқладим. Дўстлар аҳдга қўшилгач, анча-мунча бақир-чақирлар бўлди, чидашди, аммо энг сўнггиси сал қийнаб қўйди чоғи. Эсланг, аҳдга қўшилгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай дўстларнинг устидан бирданига тўртта куч ишлатар тизим ходимлари иш қўзғатилганини айтиб келишди.

Аллақандай арзчилар ҳам топилди. Масала анча чигаллашиб турган бир пайт, баёнот қилиндию, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ҳамма нарса шартта тўхтади. Ҳа, имконингиз бўлса телефон қилиб сўранг, анави арзчилар нима бўлди, деб. Бойкот бекор қилингани ҳақдаги баёнотнинг эртаси ё индинига дўстларга телефон қилишиб, даъволар ўз тасдиғини топмагани боис, қўзғатилган ишлар тўхтатилди, узр дейишди. Ваҳоланки қўзғатилган ишлар, ғавғолар ортида, арзчилардан бири айтганидай маълум идоралар турган эди, у идоралар эса осонликча чекинмасди… Нима хулоса қиламиз? Қолган аҳд иштирокчилари ҳаммаси ташқарида эди, яъни Ўзбекистон ташқарисида, акс ҳолда уларга ҳам “ишлар” тайёрланарди. Қани айтингчи бу тасодиф деб…

Бир жойда россиялик ва қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилот эгалари ўртасида кечаётган суҳбат устидан чиқиб қолдим. Улар фалон масалада кимнингдир фалон тадқиқоти, фалон хусусда кимнингдир фалон хулосаси ҳақида гапирардилар. Мен, нега шу хулосалар ва тадқиқотларни аллакимлар, аллақаёдагилар тилидан оласизлар, нега Ўзбекистон ҳақда ўзбекистонликлар гапирмайди, ахир улар реал ҳолатни реалроқ билишади, деб сўрадим. Сўрадиму сўраганимдан уялиб қолдим. Жавоб жуда қисқа бўлди, жуда ҳам, “чунки ўзбекистонликлар ким СНБчи эжканини аниқлаш билан овора, улар учун мана шу муҳим иш, биз учун эса бу эмас”, дейишди.

Шўрликлар тушунмайдики, бу ҳукумат олиб бораётган ислоҳотларнинг энг муҳим нуқтаси. Эътибор қилинг, кеча кексалар бир-бирини алланималарда айблаган бўлса, бугун бу юмушни ёшлар олаяпти. Минглаб жавоб кутиб ўтирган қочоқлардан кўра осонроқ, қандайдир тушунарсиз йўллар билан бир жойларга бориб ўрнашиб олган ёшлар қилаяпти, нега? Агар эътибор қилиб Ўзбекистоннинг абадий президенти томонидан айтилаётган сўзларни тингласангиз ҳамма ишларда айниқса, ёшларга ниҳоятда эътибор қаратаётилиши лозимлиги, ёшлар энг муҳим воситалигини айтаётганини пайқайсиз. Мамлакатда юрган минглаб ишсиз, имконсиз қолган ёшлар ҳақда гапирилмаяпти, болаларим деганда ҳам уларни назарда тутмайди, ўзи ишонганларни назарда тутади. Ундаги ишонч қаёқдан, ана шу ҳўв жойларга ўрнашиб олиб, уни ундоқ, буни бундоқ деётган ёшлардан эмасмикан?

Нега ўша бориб қолган ёшлар ўзаро, майли катталарни қўйинг, майли мамлакат ичида қолаётган “ёмонлар”ни қўйинг, нега ҳатто ўша бориб олган жойларида ҳам ўзаро бирлаша олмаяпти? Бир у томонга, бир бу томонга оғиб юришипти? Сабаби асл мақсад бошқа. Нега кимнидир нимададир айблашга зўр бераётган биродарлар масаланинг шу томонига эътибор қилмайди. Маҳатма Ганди билан Жавоҳарлал Неъруни эсланг, мамлакатда уч йирик фирқа ўзаро адоватда эди, уларни тотувликка, жаҳлни жиловлашга чақирди, “акс ҳолда мустақилликка эришолмаймиз, Ҳиндистон парчаланиб йўқ бўлиб кетади”, дейишди. Натижада инглизлар мустақилликни бериб, бу юртни тарк этишга мажбур бўлди. Тўғри кейин ҳаммаси дабдала бўлди, аммо бунга Неърунинг ҳам, Гандининг ҳам даҳли йўқ…

Хуллас ана шундай гаплар, бугун Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат қилганлари қиёматнинг деярли барча аломатлари яққол кўриниб қолган кунларда, мен барча мўминларнинг қалбидан маразнинг кетишини, уларда ўзаро муҳаббат пайдо бўлишини ва Аллоҳнинг ҳақ расули айтган одоб кучайишини сўраб қоламан. Ким нима демасин, Аллоҳ билгувчироқ.

Нидои Мазлум.

2009.

%d bloggers like this: