Сиёсий сатира

Ҳа, пул ўлсин-а, пул!

Олимларнинг тадқиқотларига қараганда инсон ўз умри давомида миясининг 6 фойизинигина ишлатаркан холос. Қолган 94 фоизи экилмаган қўриқ, ҳувиллаган дала! Ҳой, даланг бўш ётибди-ку, бирор нарса экмайсанми, демайди ҳеч ким. Чунки ўша гапни айтадиган одамнинг ҳам даласи ҳувиллаб ётипти.

Ҳа, келинг, олимлар миясининг ўн фоизини ишга солсин, дейлик. Шунда менга ўхшаганлар миясининг тўрт фоизи ишлаётган бўлади. Калланг ишламайди, дейишади, каллани ишга солиш керак, дейишади. Тўғри гап. Шахсан менда калланинг уч фоизи ишлайди. Хотинники бир фоиз. У ҳам бўлса, “пул” деган сўз билан тўлган. Хотин калланинг уч фоизини ҳам “пул, пул, пул” деган учта сўз билан тўлдириб ташлаган. Бир менда эмас, ҳамманинг калласида шу сўз. Шундан ҳамманинг хаёли жойида эмас. Пул топишнинг йўлини излайди. Россияга, Кореяга, Америкага бориб, пул ишламоқчи бўлади. Компьютерга тушса, бобосининг фамилиясига ўтади, яна тушса, катта бобосининг исмини олади. Бечора паспорт столидаги бошлиқ ҳам жуда кўнгилчан: “Катта бобонг борми ўзи?”-деб сўрайди. “Бор”,-десанг, “Қани, суратини кўрсат-чи?”,- дейди. Сен Франклиннинг сурати туширилган яшил қоғозни узатасан. “Бу ким?” сўрайди бошлиқ. “Бу катта бобом”. “Катта бобонг жуда фариштали одам бўлган эканлар, худо раҳмат қилсин, унга қуйиб-қўйгандай ўхшар экансан”,-дея кейин йиғлаб-йиғлаб янги паспорт ёзиб беради.

Одам сафиуллоҳ даврида пул бўлмаган. У зерикиб, нима қилишни билмай юрган пайтда шайтон гўзал Лилу қиёфасига кириб, Одамни йўлдан оздирган. Одам Лилунинг васлига етишмоқчи бўлганида, Лилу бунинг эвазига музд сўраган. Одам нима қилишни билмай таваккал қилиб ерда ётган кесакни олиб унга узатган. “Бу нима?”, сўраган Лилу. Шунда шайтон одамнинг калласига “пул” деган сўзни тиқиштирган. Ана шундан Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ўртасида жанжал бошланган экан. Шундан ҳозиргача одамзод Лилунинг олдига боришни тарк этмайди. Хотин жанжал қилса, э, бор-э, деб Лилунинг олдига кетаверади. Чунки хотин пул сўрайди, Лилу пул сўрамайди, одамнинг ўзи унга пул беради.

Ана шундан одамзотни туғилганидан то ўлгунига қадар шу палакат пул таъқиб қилади. Туғилган заҳотиёқ “суюнчи” деб пул олишади, кейин боғчага пул олишади, мактабда, институтда, мансабга кўтарилишда, пенсияга чиқишда… ўлганда ҳам пул олишади. “Мен бунга гўр кавламайман, жуда бесўнақай экан. Фалон сўм қўшасизлар, кейин кавлайман”,-дейди гўрков.

Янги ўқув йили бошланишидан тугагунга қадар ўғлим пул сўрайди: “Синфимизни оқлаш керак экан, 2700 сўм пул керак”,-дейди. “А, ўғлим, бу синф хонасини ўн йил аканг оқлади, ўн йил опанг оқлади, тозза торайиб кетмадими?”-десам, “Малимимиз билади”,-дейди. Таксига чиқсам, отасининг нархини қўшиб айтади. “Нега қиммат?”-деб сўрасам, “Чойчақа қолиши керак-ку”,-дейди. “Бунақада тагингни ҳўллаб қўясан-ку”,-десам хафа бўлади.

Икки қатор шеърни 30 марта такрорлаб, қўшиқ қилган хонандани танқид қилганим учун мени фуқаролик судига берди. Тўрт миллион сўм маънавий зарар етказган эмишман. “Пошлинани ким тўлайди?”-судьянинг биринчи саволи шу бўлди. Табиийки, божни хонанда тўлади. “Сиз фалон-фалон моддалар бўйича жабрланувчига 4 миллион сўм тўлайсиз”,-деди судья. Қўрқиб кетиб, адвокатга бордим. “Фалон сўм тўлайсиз”,-деди. Тўладим. Адвокат судьяга бу ишни хўжалик суди кўришни исботлаб берди. Иш хўжалик судига ўтди. “Божни ким тўлайди?” Шундай қилиб, бу ишни тўрт марта фуқаролик суди, икки марта хўжалик суди кўрди. Мен шунча марта адвокатга, хонанда судга пул тўладик, ҳалигача ажрим чиққани йўқ.

Ишхонада маош йўқ. Мачитда ишлаган одамга у-бу тушиб туради, ишхонада йўқ. Ҳар куни бирор маърака-парака чиқиб қоладими, деб умидвор бўлиб турамиз. Тўғри, Саъдий Ёқубзода деган шоирнинг онасининг йилига бордик, биттасининг қирқига, бошқасининг учига бориб қорин тўйғазиб келдик. Лекин кейинги пайтда шунақа маъракалар ҳам йўқ.

Облоқул акадан ҳар сафар Бек акамнинг соғлиғини сўрайман. Бек-унинг итининг номи. Бир куни тушлик пайти қорин оч, бир-биримизга қараб ўтирибмиз, Облоқул ака “Бир кастрюлка суяк қайнатиб қўйибман, ҳозир бориб Бекка бераман”,-деди. “Облоқул ака, шу суяк шўрвани бизлар ичайлик, Бек акам бир кун очқолса-очқолар”,-десам унамади. Шўрвага суқим кирган экан шекилли, бир ҳафтадан кейин Бек акам ўлди.

Шундан бери Облоқул ака бизни бирор маърака-парака бўлиб қолса, дарров чақириб кетади. Каллаи саҳарлаб ишхона ёнида турсам, биров ҳўнграб, бақириб йиғлаб келяпти. Ҳали у дарахтга бошини уриб йиғлайди, ҳали бунисига суянади. Раҳмим келиб кетди. “Нима бўлди?”-сўрадим. “Мама умерла, нечем похоронить”,-дея яна бошини дарахтга урди. Чўнтагимда охирги 150 сўм пулим бор эди, унга бердим. “Не плач, бандаликда!”-дедим. Қўшни ташкилотнинг қоровули буни кўриб турган экан, “Пул бердингизми?”-деб сўради. “Ҳа, онаси ўлган экан”. “Э-э-э, бу ҳар куни шундай қилади, бировдан пул олса бўлди, бориб барматуха ичади”,-деди қоровул.

Ишхонага ҳар хил тадбиркорлар келади. “Кореянинг асл моллари, реклама учун пул олмаймиз”,-дейишади. “Дазмол ўттиз беш минг сўм, уқаловчи асбоб, чойнак бепул совғага берилади,-дейман тўтиқушдай сайраб.-Сенгача бештаси келиб кетган эди, барибир пул йўқ, олмаймиз”. Кўчада турган эдим, биттаси ёнимга келиб “Можно вас на минуточку”,-деди. “Знаю, тебя обокрали, чтобы доехать до дома тебе нужен 200 сум,-дедим.–У меня их нет”.

“Гражданы,-деди Левитаннинг оҳангида кимдир метрода. Ҳамма “Яна нима бўлди экан?”-деб унга ўгирилиб қаради. Соқоли патила-патила бўлиб, телпаги қийшайиб ётган чол мурожаат қилаётган экан.-Я жертва перестройки. Помогите кто что может”.

Холбой дегани бор. Кўришиб қолсак, миллионлардан гапиради-ю, мендан олган 30 сўмини уч йилдан буён бермайди. “Туда миллион, сюда миллион, дай закурить”,-дейдиган замонлар келдими, деб ўйлаб қўяман баъзида.

Хотин пул сўрайди, деб ишхонада ётиб қоламан. Барибир телефонда топиб олади. “Пул олиб келмасангиз уйга келиб юрманг”,-дейди. Ҳа, пул ўлсин-а, пул! Ҳамма ёқни бузган, бузаётган шу!

Оч.ЖЎЛМОН.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Hajv, Uzbek. Bookmark the permalink.