“Туронзамин” почтасидан

 mushtum2Барака тоpмас… маърака топмас!

Бугун жума – кайфиятим юқори, настроением зўр! Чунки охириги кунлари ишим роса юришаябди.
…Ҳаммаси металлоломдан бошланди. Газга пул тўлаётганимда почтачи қиз:
-Бу ойдан бошлаб пенсияни олишда газ ва свет справкасига қўшиб металлолом топширганингиз қоғози ҳам керак бўлади, – деб қолди. “Свет”га ҳали тўлаганим йўқ, счётчик анча айланибди, энди металлоломини қаердан оламан?” – деб кеча эрталабдан сиқилиб тургандим, бир маҳал ўз оёғи билан монтёр Шоқосим келиб қолса бўладими. Боши оғриганида кириб турадиган одати бўларди. Ҳар доимдагидек мен ундан:
– Ука, бу счётчик жуда айланиб кетибди-ку, нима қиламиз?- деб сўрадим. Ҳар доимдагидек у менга:


– Ака, бу счётчикни бўйнини келган томонига қайириб ташлаймиз-да, братан, нима кераклигини биласиз-ку! – деди, ёнидан ўзини “инструменти”ни чиқариб. То ичкаридан “гап”га атаб қўйган “яримта”ни озроқ “закуска”си билан олиб чиққанимгача қўлидаги магнити билан счётчикни чириллатиб, керакли рақамга обориб қўйибди. Юзта – юзтадан сўнг бироз ўзига келганда металлоломдан гап очгандим:
-Ака, металлолом керак бўлса, подволимда эски темир каравот бор,- деб қолди. Яна юзта билан уни хурсанд қилиб, уйига қараб юрдик. Каравотни оғирлигидан бироз қийналиб бўлса ҳам, уни металломчига обордимда, справкасини олдим. Сўнг монтёрчини дуо қилиб свет учун арзимас пулни тўлаб, пенсиямни олишга почтага шошилдим. У ерда ҳам ишим юришди. Нари – бериси бир соат навбат бойлаб, пенсияни олдим, ваҳоланки илгарилари камида бир кун, баьзида эса уч кунгача очерид пойлардим. “Ўзи бир иш юришса, юришаверар экан”, – деган ҳаёлда уйимга қайтаётиб яна омадим юришди. Айтгандим-ку сизларга, “Оқсарой”да боғбон бўлиб ишлайдиган Кетмонов деган қўшним бор, деб. Аралаштириб юборманг, деб ҳам айтганман, президентликка даьвогор Ҳотам Кетмонов эмас, қўшним боғбон Кетмонов. Ўшани учратиб қолдим. Кайфи баланд. Ишхонасида сайловолди мукофот пули беришган экан, шуни ювиб, “таранг” ҳолда уйига қайтаётганида учратибман. Мени кўриб, дарҳол дўкондан “яримта” олиб чиқди. Иккаламиз у ёғ – бу ёғдан гаплашиб шишани ағдардик. Қўшнимни эшигига кузатганимда ишим яна юришди. Боғбон эртасига бўладиган Баракатопгур билан учрашув таклифномасини чўнтагидан чиқариб менга совға қилди:
-“Катта”мизга хурматинг баланд, ўрнимга бу учрашувга бор, мен бошим оғриб боролмасам керак, борганларга совға-салом ҳам беришлари мумкин – деб ва яна бир бор мени қучоқлаб. Худо бераман, деса, икки қўллаб бераверар экан. Таклифномани олар эканман, Баракатопгур ёрдамчилари ўлиб қолишса ҳам учрашувга келганларга совға – салом беришмасликларини билсамда, Баракатопгурни кўришни ўзи катта бир совға ва у билан учрашишни ҳам яратганни икки қўллаб бераётгани рўйхатига қўшса бўлади, деб ҳаёлимдан ўтказдим.
Эрталабда ювиниб – тараниб учрашувга шошилдим. “Форумлар саройи”да бўлар экан. “Форумлар…” дегани нима маьнони билдиради ўзи? Нега бугунги учрашувни ҳеч қаерда эьлон қилишмади? Бор – йўғи 2 ҳафта илгари сайловчилар билан учрашганди, нега энди яна учрашув? Сабаби нима? Балки Минскдаги музокарачиларга бу ердан туриб бир нима демоқчими? Ёки Россиядан қайтиб келаётган мардикорларларга нималарнидур ваьда қилмоқчими? Қиш пайтлари айтадиган “августда зўр бўлади, озроқ чиданглар”, дейдиган одати бўларди, шуни эсладимикан? … Шулар ҳақида ўйлаб трамвойда Скверга, сарой ёнига борганимни билмай қолибман. Кираверишда текширувдан жуда тез ўтдим, трусикгача ечиниб, кийинишга бор – йўғи 3 минут кетди. Илгари бу даргоҳда бўлмаганим учун бир паст саройни ичини томоша қилдим. Бу ерга биринчи маротаба кирган одамни кўзи дарҳол катта қора мармар тошга тушади. Унда олтин харфлар билан “Форумлар саройи Ўзбекистон маданият ва саньат форуми” ташаббуси билан ва унинг маблағларига қурилган” деб ёзилган. Шу атрофда юрган сарой ҳодимидан:
– Дўстим, “Фонд Форум” йўқ бўлиб кетганди, менимча, нега бу ёзув олиб ташланмаган? Уни устига бу арзимас ёзув шундай катта тошга ёзилгани ажабланарлик – деб сўрадим.
– Сиз ёзувни йўқ бўлиб кетган жойига эмас, Ўзбекистон деган жойига эьтибор беринг, оғайни! Сиз билан биз ҳам Ўзбекистонни бир бўлагимиз, демак бу иморат сиз билан бизни ташаббусимиз ва сиз билан бизни маблағларимизга қурилган, буни учун бемалол гердайиб юрсангиз бўлади ҳар жойда, тушундингизми? Мармар тошни катталигига келсак, бу ҳам яхши нарса, ошиқча қисмини керак вақтда бошқа мақсадларда бемалол ишлатиш мумкин, қидириб юрмай. – деб ётиғи билан тушунтирди ходим. Билимига қойил қолдим, ўткир йигит экан. Фурсатдан фойдаланиб ундан:
– “Катта”миз яқиндагина сайловчилар билан учрашгандилар, яна нега учрашув ташкил қилинаябди? Сабаби нима? –деб сўрадим.
– “Катта”миз айтганларидек, дунё мураккаб, дунё ўзгарувчан. Демак биз ҳам шунга қараб ўзгариб туришимиз керак. Қандай ўзгаришни ўзлари айтмасалар, ким айтади бизга? Уни устига душманларимиз “катта”мизни соғлиқлари ҳақида ғийбат тарқатишган, бу гап оввоза бўлиб кетди. Шунга соғ-саломатликларини оламга кўрсатиб қўймоқчилар, – хозиржавоблик билан, лекин овозини анча пасайтириб, пичирлаб тушунтирди ходим.
– Унда нега учрашув ҳеч қаерда эьлон қилинмади? – деб уни жонига тегавердим. Сарой ходими менга маьнолик қараб, катта бармоғи билан оғзини ёпиб:
– Т-ш-ш-ш-ш-ш! – деди – ю, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.
Ичкарига кирсам, зал одамларга тўла. Ҳар доимдагидек келганларни қўлларида катта – кичик байроқлар ва турли алвонлар. Уларда: “Рахбар соғ бўлмас экан, ҳалқни бири икки бўлмас!”, “Бири икки бўлмас ҳалққа касал рахбар керакмас, рахбари соғ ҳалққа эса бошқа бойлик керакмас!”, “Қизларимиз биздан кўра соғлом, бадавлат ва бой яшаши керак!” деган ёзувлар. Бир маҳал орқа эшикдан сахнага Баракатопгур кириб келди. Ёнида 2 та одам. Бири менимча шахар хокими. Иккинчиси ёки соғлиқни сақлаш вазири ёки соғлиқни сақлашга жавобгар одамга ўхшайди. Ҳоким деганим йиғилишни очиб, сўзни “катта”га берди:
-Хурматли дўстлар, биродарлар, баракатопгурлар! – гапини бошлади “катта”, – бугун, мана шу жаннат макон деб аталмиш даргоҳда, яна қайтариб айтаман, болаларимизни, қизларимизни қанчадан – қанча кучлари ва пуллари кетган мана шу гўзал саройда сизларни барча – барчаларингизни кўра олаётганимга, эшита олаётганимга, нафас олаётганимга яна бир бор яратганга мингдан – минг шукроналар айтмоқчиман! Замон мураккаб, баьзида нима бўлаётганини тушунмайсан, одам. Мана мен ҳам сизлар билан бирга, яна қайтариб айтаман, сизлар билан бирга охириги пайтгача ҳеч тушунмаётган эдим, ўзи ён –атрофда нима бўлаябди, деб. Демоқчиманки, Украинада уруш бўлаётибдими, ёки уруш эмасми? Қрим босиб олиндими ёки мажбурий қўшилдими, деб ҳайрон бўлиб юргандим. Биласизлар, шу ҳақида Оқпошшодан сўрагандим, яқинда учрашганимизда, бизни кўзимизни очиб қўйинг, деб. Яна унга айтгандим, ёрдамчиларимиз бизни учраштирмаябди, деб, ёки улар ҳоҳламаябди деб, ёки биз ҳоҳламаябмиз деб, ёки мен ҳоҳламаябман, деб айтгандим. Икки оғиз сўз билан кўзимни мошдек очиб қўйди, оқпошшо. Ҳаммаси жойида, деди, ҳаммаси режа билан кетаябди, деди, сиз билан керак пайтда гаплашамиз, деди, ҳозирча ёнимда бўлиб туринг, деди. Қаранг, қандай олийжаноблик, қандай маьнолик гаплар. Бунақа одамлар билан мен ҳар қандай разведкага боришга тайёрман, менга тегмаса бўлди. –Гулдурос қарсаклар. – Демак, ён – атрофда бўлаётган нарсаларни ҳаммаси ўйин экан. Украина ҳам ўйин экан, Қрим ҳам ўйин экан, Париждаги отишмалар ҳам ўйин экан. Демак сиз билан биз бу ўйинларга ўйнамасдан ўзимизни ўйинимизни ўйнашимиз керак бўлади! Тушунарликми сизларга? Энди айтадиган бўлсам гап кўп. Баьзилар мени касалга чиқарди. Мана кўриб турибсизлар, оттайман! Лекин очиғи чарчаганман. Ўйлаб кўринг ўзингиз ахир, бир кунда иккита, баьзида учта вилоятга бориб ҳалқ билан учрашишни ўзи бўладими? – яна гулдурос қарсаклар залда, “Учрашувлар ҳам, бошқаси ҳам керакмас!”, “Дамингизни олинг!” деган ҳайқириқлар. – Мана куни кеча Сурхонда бўлдим, сўнг водийда, бугун эса сизлар биланман. Бир вилоятга борсам, ҳоким кутиб олмаса бўладими? Самолётдан тушсам, ҳеч ким йўқ. Атроф бўм – бўш. Кўчалар бўм – бўш. Шахар бўм – бўш. Кейин билсам, хавфсизлик нуқтаи назаридан хаммани бир чеккага олишган экан, шунга қўшиб ҳокимни ҳам чеккага олишибди. Ўзи у ҳокимни анчадан бери чеккага олиш керак эди. Сизлар сайлагандан сўнг ўзини йўқотиб қўйганди, беш қўлини оғзига тиқиб. Шуни учун айтаман, қайта – қайта айтаман, ҳокимни сайлаганда етти маротаба ўлчаб, сўнг беринглар, деб. Бир қисмини унга, қолганини бизга. Яхшиси ҳаммасини бизга, бўлмаса қутиради у! Тушунарликми сизларга! Яна сўраябман, тушунарликми, деб? – Гулдурос қарсаклар, “Бўлди, тушунарлик!” “Бошқа бўлмайди унга”, деган ҳайқириқлар. – Демак тушунарлик бўлса мен яна 5 йил, керак бўлса 10 йил, керак бўлса 25 йил натижаларимизни сарҳисоб қилишимга, ҳисоб қилиб жой – жойига қўйишимга сизлардан рухсат, деб тушинаман, тўғри бўладими? – Гулдурос қарсаклар, “Шошмасдан ҳисоб қилинг!”, “Олло адаштирмасин”, деган ҳайқириқлар. Баракатопгур икки қўлини кўкрагига қўйиб, йиғилганларга қайта – қайта салом қилди. Сўнг гапига якун ясади:
-Бу қарсаклардан менга бошқа саволлар йўқ экан, деб тушундим. Агар мендан сўрасалар эди, ўзи нима дедингиз, деб сўрасалар эди, мен айтган бўлардим, 25 йилдан бери савол бермаётганингизни ўзи катта мехнат, буни учун миннатдорман, деб айтар эдим! Сизларни ишонтираманки, яна 25 йил ҳеч кимдан савол бўлмайди. Буни учун бор кучимни сарфлайман, сайлов ўтсин, кўрасизлар! Хозир эса рухсат берсанглар, мен бориб дамимни олай, ҳали сиз билан бирга қиладиган ишларимиз кўп! – Ҳамма ўрнидан туриб гулдурос қарсаклар чалишди. Баракатопгурни эса шахар хокими билан соғлиқни сақлашга жавобгарлар икки қўлтиғидан ушлаб, олиб чиқиб кетишди. Ҳақиқатда анча чарчабди Баракатопгур. Менимча сайловолди учрашувларни тўхтатиш керак, ёки келаси сайловгача чўзиш керак, ҳар уч – тўрт ойда бир учрашув ташкил қилиб. Нима дейсизлар бунга? Хўп десанглар, шу ҳақида Оқсаройга мурожаатнома тайёрласак. Яна хўп десанглар, шуни мен қоғозга тушириб, сизларга юбораман. Омон бўлинглар!

Баракатопгур билан яна бир бор учрашганидан хурсанд М.Мансур!

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA and tagged . Bookmark the permalink.