Тарих сабоқлари

temurХуросонга иккинчи сафарим ва Сабзавор уруши
Саккизинчи фасл

Хуросондаги қўшунум мендан кейин Мовароуннаҳрга етиб келди. Мен у йил ўз вақтимни мамлакат ободонлиги ва қўшуннинг такмил ва таъмрини билан ўтказмоқда эдим. Хуросонда қолғон ўғлим Жаҳонгир қўшунини Мовароуннаҳрга олиб келиш вақтида шиа уламоларидан тўрт кишини бирга олиб келган эди. Бу улмолар Самарқандда менга хос меҳмон эдилар. Ўғилларимга аввалдан ҳам уламо, шуаро, ҳунарманд аҳлини эҳтиром қилишни тайинлаганим учун мазкр тўрт кишини бирга олиб келгандур. Уларни ўз қасримда олиб турдим. Эрта оқшом ҳар вақт суҳбатда бўлдук. Биринчи суҳбатдаёқ билиндики, шиа уламоларининг ўз мазҳабларини порлатиб кўрсатмоқ учун қўллаган далиллари маъқулга эмас, манқулга мунтаки бўлмишлар эди. Мен улардан далили собит сўраганимда баъзи ривоятларни сўзласалар ҳам, илмий далил бўлмас эди. Икки ой менга меҳмон бўлганларидан кейин ҳар қайсисига бир дона от ва пул бериб юртларига қайтмоқлари учун рухсат бердим. Шиаларнинг маркази Хуросондир, Рай дарёси – Оби Сукун кинорларида бордир, бошқа жойларда йўқдур, бўлса ҳам оздур (Мутаржим изоҳи: Шиалар аксар вилоятларда бор эди, фақат ул вилоятларда суннийлар ҳам бор эди. Шуни билмак керакки, ўша вақтларда шиа ва сунний ўртасида хилоф йўқ, улар оға-инидек ҳаёт кечирар эдилар).


Иккинчи йили баҳор фаслида хабар бердиларки, Амири Сабзавор қўшун ҳозирлаб Мовароуннаҳрга ҳамла қилмоққа ҳозирлик кўрмоқда эмуш. Мен эса Русияга бориб Тўхтамиш билан урушмоқ ҳаракатида эдим. Шундай вақтда Сабзавор амирининг тараддуди мени иккинчи марта Хуросонга бормоғимни олға сурди. Ўтган дафъа Хуросонга борганимда, Хуросонликлар ғафлатда қолган эдилар. Бу дафъа уларни ғафлатда қодура олмас эдим. Илгари Хуросонда қўшун ҳозирлиги йўқ эди, эмди муназзам қўшун ҳозирланган эмуш, ҳозирлаган қўшуни на қадар ва нечук эмиш, билсам яхши бўлур эди. Аммо шуни биламанки, душманни ҳаргиз кичик ва забун дейилмайди. Ҳар ким ўз хасмига кичик деб билиб аҳамиятсиз боқар экан, душмандан катта шикаст етадур. Шунинг учун бир юз йигирма минг нафарлик улуғ қўшунни уч қисмга тақсим қилдим. Биринчи қисмдаги қирқ минг аскарни ўз қўлумда тутуб, Қўжон йўли билан Тусга кириб, ундан Сабзаворга юзланаман. Иккинчи қисм қирқ минг аскарни катта ўғлум Жаҳонгирга топшурдум. Асфароин йўли билан Сабзаворга боради. Учинчи қисм қирқ минг аскарни кичик ўғлум Шайх Умарга топшурдум. Дашти Туркман билан юруб, Музиёнга бориб, ундан Сабзаворга борадур. Ўғулларимнинг ёнига иш кўрган, тажрибадор, кекса зобитларимни қўшуб тавсия қилиб: “Биз бир мамлакатга кирмоқчимиздурки, ҳар қадамда бизни қилич, найза билан истиқбол қилишади. Сизлар ўз йигитларингизга мағрур бўлманглар, сипоҳни мутафариқ қилмасдан, бир ердан мажмуъи ҳаракат қилмоқ лозимдур. Уруш вақтларида эса сарбозларнинг пароканда бўлмоғидан сақланмоқ лозимдур. Хуросоннинг шимол тарафларида бирмунча урушқоқ қабилалар бордур, уларнинг кўплари Қўжон минтақасида яшаса ҳам, баъзилар Туркман даштларида яшайди. Сабзавор амирининг шу қабилалардан ёрдам олиши узоқ эмасдур. Мана шу эҳтимолларни кўзда тутуб ҳаракат қилинглар”, дедим.
Баҳор фасли бўлатуриб, ерларда ўт кўб бўлса ҳам, хусусан, Хуросоннинг тоғ этаклари ва адр тепаларида ўт кўб бўлушига қарамай, отларимизга қуруқ хашак едирмоққа мажбур эдук. Бир юз йигирма минглик қўшундан қирқ минг отлиққа керакли лавозимотларни қўлда тутмоқ ҳам аҳамиятли ишлардан эди. Ҳеч бўлмаганда бир минг кишилик бир дастани лавозимот ҳозирламоққа буюрмоқ лозим эди. Душман ўлкаларида ҳарбий лавозимот билан машғуллик жуда заиф экан: қўлимиздаги озуқалар бир муддатга кифоя бўлса ҳам, олдимиздаги йўл учун заҳирамиз етарли бўлмоғи керак эди. Буларни йўл устидаги қишлоқлардан йиғмоққа тўғри келди. Шунинг учун ҳар бир қишлоқдан имкон борича озуқ тўпламоққа амр бердим.
Бир куни Қўжон деган жойга етуб бордук. Минтақада совуқ борлиги учун халқи кигиз кийиб юрар эди. Қўжон халқи баланд бўйли қави ҳайкам бўлур экан. Ҳар бир одамнинг қўлида бир донадан калтак бор, калтак узун бўлғони учун гоҳ-гоҳ елкасига қўйуб олади. Кўринишлари қави кўрунса ҳам, бизларга ҳамла қилиш ниятлари йўқ эди. Фақат, қарашларидан биздан қўрқмасликлари ҳам маълум бўлуб турар эди. Уларнинг баъзилари қарға кўз (чағир кўз), сочлари сариқ эди. Сўзлари форсий ёки арабий экани билинмас, аралаш бўлишидан Курдистондан кўчуб боруб ўрнашиб қолган курдлардан экани маълум бўлди. Уларнинг гавдаларига, бақувват кўринишларига завқланиб, бир тилмоч воситасида сўрадим: “Менинг қўшунимда ишлашни хоҳлайсизлрми?” Улар менинг ким эканлигимни сўрадилар. Мен “Бу вақтга қадар Мовароуннаҳрнинг султонидурман, яқин кун ичида Хуросоннинг ҳам султони бўлмоқчидурман”, деб тушунтирдим. Улар менга узр баён қилиб, “Бизлар чорвадорлик билан ҳаёт кечирганимиз учун, аскарий ишларга алоқамиз йўқдур, туғилган жойимиз, бола-чақа, қавм-қариндошларимизни ташлаб, аскарлик билан узоқ юртларга боришни ўрганган ҳаётимизга мувофиқ кўролмаймиз”, дедилар. Мен булардан бирор зарар етмаслигига эътимод этдим ва Тусга қараб йўл олдим.
Тус шаҳрида Фирдавсий мозорига қўйилган тошни мушоҳада қилмоқға бориб, бу тошга арабча қилиб Фирдавсийнинг исм-расмларини ёзишиб қўйишганини кўрдум. Ҳолбуки, у ўз шеърларини форсий тилда тараннум қилғон эди. Мен у тошни олиб ташлаб, форсий-арабий тилда ёзиб, қабрнинг устига ўрнатиб қўймоқларини тайинладим. Сўнгра Туснинг ғарбига қараб йўлга тушдим. Йўл устида Нишопур шаҳрига кўз ташладим. Бу шаҳарнинг қалъаси бузилганча турубдур. Қасабалари эса обод эди. Нишопурдан айрилган ҳамон Сабзаворга қараб йўл солдим. Бироқ Сабзавор қўшуни билан тўқнаш келиб қолишни назарда тутуб, аскарларимнинг урушга бораётғон тартиб билан ҳаракат қилмоғини буюрдим. Дарҳол бир даста кузатувчи аскарни қўшундан илгари йўлга чиқардим. Йўл устида душман қўшунларини билиб орқага тездан хабар беришларини тавсия қилдим.
Ўғиллардан айрилишган кундан буён уларнинг вазиятидан хабар оломадим. Мен ҳам уларга хабар юбора олмадим. Чунки чопар юборсам, орқадан эмас,олди тарафдан бориши лозим эди. Душман ҳудудларидан чопар кечурмакнинг имкони йўқ эди. Иккинчи тарафдан, олдимизда эрта-оқшом демай бир уруш эҳтимоли бор бўлгани учун аскарларни чарчатмай, тоза нафас билан майдонга етиб боришларини назарда тутмоғда эдим. Шунинг учун қўшунни ором билан юргизмоқда эдим.
Мен Сабзаворга ҳамла қилмоққа келганимдан Сабзавор ҳокими хабардор бўлгани учун, қайси ерда бўлмасун қўшун билан истиқболимга елмоғидан тақрибан хабардор эдим. Олиб турган хабарларимга қараганда, хуросонликлар эллик-олтмиш минг чамасида бўлуб, жилғалари ниҳоятда аҳамиятли бўлушига нисбатан аскарининг отлиқ бўлушидаги фарқни айира олмаганлигидан бутун пиёда эдилар. Ҳар ҳолда, бир қўшун бошлиғи ўзига қарши келиб турган аскарни билиб туруб, бутун қўшунни қалъа орқасида муҳосара ҳолинда сақламас, ташқари чиқиб, ҳаддан имкон, ташқаридан мудофаа қилар, имкони бўлса чекинтиришга уринар, бўлолмай қолган тақдирда қалъада мухосара ҳолинда қолмоққа мажбур бўлар ва шу асосда ҳаракат қилар эди.
Иккинчи куни бомдоддан кейин аскарларим отланғунча йўқ эдиким, олдиндағи кузатувчиларим, узоқдан бир қўшун кўрунганидан хабар беришди. Маълум бўлдики, Сабзавор ҳокими менинг йўлумни тўсуб чиқибдур, унинг қўшунини ўз кўзум билан кўруб-билмоқ учун илгарироғ от чопиб бориб, бир тепаликнинг устига чиқиб турдум. Кўзумга пиёдалар кўрунди ва уруш тартиби билан келаётганлари билинди. Улар жилғанинг шимолидан жанубга қараб саф тортган, ўнг-чап, қалб жаноҳлари (қанотлари) фосиласиз бир-бирига боғланган жонли қалъа каби бизга яқинлашиб келар эдилар.
Сабзавор амирининг бу тартиби менга маъқул кўрунди. Амир бир салоҳ шуур киши (жанговор) бўлуб, уруш майдонини идора қилғудек бир одам эканлиги кўрунур эди. Кўрунган Сабзавор қўшунини етмиш минг қадар тахмин қилдим. Менинг сарбозларим қирқ мингдан ортмас эди. Фақат, улар пиёда, мен эса отлиқ бўлганимнинг фарқи бор эди. Мен илгарироғдан уруш тартибини кўруб, ўнг қўл жаноҳини (шимол тарафи) мўғул авлодидан бўлган қисқа бўйли ботир Қўлорбекка топшурган эдим. Чап қўл жаноҳини (жануб тарафини) қўрқушни билмайдурғон, Четин элатидан бўлғон Ўрғун Четин номли паҳлавонга тайинлаганман. Сипоҳнинг қалб қўмондонлигини ўз қўлимда қолдирган эдим.
Икки қўшун орасидаги фосила узоқ бўлгани учун отларни эҳтиётлаб, ҳансираб қолмаслигини кўзда тутуб, ҳамла қилмоққа амр бермай, оралиқ яқин қолгунча тааммул билан юрмоққа буюрдим. Ҳар икки қўшун бир-бирига яқинлашгандан кейин, кўрсам, Сабзавор қўшунлари найза билан салоҳланган ҳолда илгари келмоқда эди. Отлиқлар учун найза хатарли салоҳдур. Сарбоз узоқда туруб отни найзалаб ишдан чиқарса, отлиқ аскарнинг пиёда бўлуб қолишига сабаб бўладур. Шу билан отлиқ уруш вазияти қўлдан бериладур. Бизнинг аскарлар ўқ-ёй, қилич, болта билан қуриолланган эди.
Қўлорбек билан Ўрғун Четинни чорлаб, машварат қилдук, натижада сабзаворликларнинг найза билан келишини катта хатар деб билмадук. Мен ўша соатга қадар аскарларимга ҳамла бошлаш амрини бермадим. Фақат улар бизнинг устимизга солдиргунча сабр қилиб турушга буюрганман. Чунки бир уруш бошлиғининг лаёқати ёлғиз ўлумдан қўрқмаслик, ботурликгина эмас, балки ўз қўшунини эҳтиёт билан идора қилиб, фурсат келганда жиддий ҳамла қилишда ҳамдур. Шунинг учун ҳамланинг таъхиридан ҳижолат бўлмас эдим. Амири лашкарларим орқали қўшунга буйруқ бердимки, душман яқин келгандан кейин суғорилган ўқ отсунлар (Суғориладиган ўқ Мовароуннаҳрда ишланадур. Ўқнинг учидаги фулод (пўлат) уч қайталаб, ўтда оқариш даражасига қадар қизитилади. Сўнгра ярми сув, ярми туздан мураккаб (намак-об) билан суғориб, эгов билан учланади. Бу ўқлар зирҳдан ўта олади. Ҳатто юпқароқ хафтанлардан ҳам ўтади, қилич ва найзалар ҳам шундай суғорилса бўлади, лекин ўқдан кўп истеъфода қилинади).
Сабзавор амири Али Сайфуддиннинг ёши мен билан тенг чиқар эди. Шиа мазҳабига муътақид (эътиқодли) бўлуб, ботур, донишманд бир киши эди. Кўб тафтиш қилдим, аскарлари орасида кўрунмади. Сабзавор қўшунлари яқин келиши билан ир тарафдан отилган ўқ уларни шошириб қўйди. Бизнинг ўқларимиз беҳуда кетмас, ҳар бири бир сабзаворликни сафдан чиқарар эди. Зотан, Сабзавор аскарларининг зўр эътимодлари ўша найзалари эди. Бу вақтда биз шиддатли ўқ ёғдириб, Али Сайфуддин сарбозлари қўлидан найзаларни йироқ қилиб олсак, ютуқ бизники демак мумкин эди. Сабзавор аскарларининг сафлари бир оз мағнуш кўрунуши билан мудофаадн ҳужумга ўтмоққа ҳозирландук. Тажрибаларимиз билан собит бўлдики, отлиқлар учун бундай танг (нозик) вақтда қилич ишлатиш фойдали бўлмас эди. Унинг ўрнига узуг сопли болта қўлламоқ фойдалидур. Қилич эса бир чопиш билан душман аскарини ишдан чиқара олмайди, магар унинг бўйни кесилса ёки қорни ёрилса бўлади. Сарбозлар қилич чопганда, отнинг кучидан ҳам истеъфода қилиши лозимдур. Масалан, отни сакратиб туруб, икки оёғи ерга тегар-тегмас қилич ташланса, сарбознинг билак кучи ва отнинг оғири билан бирга душманни нобуд қилғай. Бу ишнинг уҳдасидан чиқадурғонлар ҳам кам бўлади ва бундай маҳоратни ишлатиш фурсати ҳамиша қўлга келавермайди. Бизнинг бу кунги мавқеимизда унумли бўлгани узун сопли болта ишлатмоқдур. Бир болта душман аскарига асобат қилдими, гарчи зириҳ кийган бўлса ҳам, нобуд бўлмай қолмайди.
Сабзавор қўшунининг сафларини низомсиз кўрганимиз ҳамон болта билан ҳамла қилдук. Шу ҳамладаёқ Али Сайфуддин қўшунини парчалаб ташламоқ умидимиз зўр эди. Аммо бизнинг сарбозларимиз уларнинг устига етуб боргунча бўлмай, фалаҳмон тошини бошимизга ёғдуруб юборди. Улар ёғдургон тошлар инсондан кўра, отларга хатари кўп эди. Кўп отларимиз нобуд бўлди. Пиёда қолган аскарларнинг вужуди бу майдонда наф етказа олмаслигидан орқага қайтардим. Сабзаворликларнинг бу шиддатли ҳамласидан сарбозларимнинг жонини сақлаш учун ҳамламизни тўхтатсам бўлур эди. Лекин бу иш маслаҳатдан эмас эди. Чунки мен ҳамлани тўхтатишим билан Али Сайфуддин сочилган аскарларини тўплаб, сафларини танзим қилиб олур эди, яна уларнинг найзалари бизнинг йўлумизга тўсқун бўлуб тушар эди. Иккинчи тарафдан, унинг аскарлари бизнинг ҳамламизга шикаст берган бўлуб руҳланар ва илгаригидан жиддийлашиб изга қарши маҳкам турушларига сабаб бўлур эди. Шунинг учун бир мунча отлиқларим ўлишига қарамай, душманни парчалаб ташламоқ қасдида ҳамлани давом этдим. Ўрғун Четин қўмондонлигидаги икки минг четин сарбозлари билан ашаддий ҳужум қилиб, душманнинг ўнг қўл жаноҳига солдурди. Қўлорбек ҳам душманнинг чап қўл жаноҳига ҳамла қилди. Менинг қалбда ўрун тутган сарбозларимнинг аксари Мовароуннаҳрдан саналар эди, ҳаммаси ўзумдек қад-қоматлари расо йигитлар эдилар. Мен уруш қизиб турган чоғларида ҳам ҳар бирининг қилиб турган жузъи ҳаракатларини-да мароқаба қилар эдим. Ҳар қандай содир бўлган гуноҳни афу қилмоғим мумкин бўлса ҳам, фақат уруш майдонида бўшанглик қилган ёки юз ўгурганларга марҳамат қилмасдим. Бу каби ҳаракатлар хиёнатдан ҳисобланар эди. Табан уруш вақтида ўзумга раҳмим келмаган ҳолда бошқаларга раҳм қилмас эдим. Менинг назаримда, чарчамоқ ёки хатарли ҳолларда шошмоқ йўқдур, магар қасдланган ишимни бажармак ҳаммадан муҳум кўрунур эди. Менинг бу истиқоматим каттадан-кичик сарбозларимга аниқ эди.
Биз Сабзавор амирининг қўшунига етиб борганимизда, уларнинг қаттиғ муқовамасига учрадик. Гарчи Али Сайфиддин сарбозларининг сафлари аралашиб кетган бўлса ҳам, ўз сафларини қайтадан тузаб олдилар.
Уларнинг қўлларидаги найзалар билан отнинг кўкрагига ёки қорнига уришлари отни ишдан чиқарар, сарбозни ташқарига чиқармоғимга мажбур қилар эди. Иккинчи тарафдан, фалаҳмон ила бошимизга шиддатли тош ёғдуруб, отлиқларимни ҳам отдан ағдарар эдилар. Уруш вазияти бизнинг қалбдаги сипоҳимизга номусоид бўлса ҳам, урушни тўхтатмадим. Агар ҳамлани тўхтатсам, бизга шикаст етиши муқаррар эди. Жанубий жаноҳдаги зобитим Ўрғун Четин Сабзавор аскарларига шиддатли ҳала қилиб, саф ва интизомларини бузуб юборишга муваффақ бўлди. Душман орқасига тисарилиб кетмоғда эди. Қўлорбек ҳам шимолий жаноҳда илгари босмоқда эди. Фақат мен турган қалб илгари ҳаракат қилолмас эди. Чунки Сабзавор амири ўзи ишонган йигитларини майдоннинг қалбига ўрунлаштирган эди. Мен қизиқ урушиб турган эдим. Шиддатли бир тош зарбаси мағфаримга тегди. Агар мағфар бўлмаганда, бошимни ёриши, ўзумнинг ерга йиқилишим узоқ эмас эди. Сабзавор амирининг уруш учун кўрган тартибидан рози ва хурсанд бўлдум. Ҳар вақт уруш қўмондони шундай тадбирли бўлиши керак. Майдоннинг қалбида бўлишим, вазиятнинг ёмонлиги, хасим тарафининг кучли ва оқилона тадбир кўриши мени чўчитмас эди. Балки менинг шу ўрнимда бошқа киши бўлса, шошиб қолармиди. Мен учун бу даҳшатларнинг аҳамияти йўқ каби эди. Албатта, уруш майдонида қўрққан киши нобуд бўлғусидир.
Жануб, шимол жаноҳларимда илгарилаш бор эди. Лекин унинг муқобилинда сарбозларимни ўлумга тутуб бермоқда эдим. Қалбда эса, Али Сайфуддиннинг муқовамат кучларини ўртадан кўтаролмас эдим. Менинг сарбозларим бирмунча асир олган эдилар. Уларнинг ичида Али Сайфуддиннинг укаси Муҳаммад Сайфуддин ҳам бор эди.
Уруш аср вақтигача давом этди. Бу вақтга қадар менинг икки жаноҳдаги аскарларим шу қадар илгари кетган эдики, Сабзавор қўшунининг қалби муҳосара ҳавфига тушуб қолди. Менинг узлуксиз қилиб турган ҳамлаларим билан сабзаворликлар ўз жаноҳларига ёрдам етказолмадилар. Мен қалбдан илгари боса олмасам ҳам, икки жаноҳимдаги аскарларимга ёрдам етказиб турдум. Али Сайфуддин қалбдаги сипоҳларининг муҳосара бўлуб қолишидан огоҳ бўлуб, илғорда турган аскарларининг орқага тисарилишига фармон берди. Ўша ондаёқ менга фойдали иш бўлди эса-да, уларни шу вақтда тугатмоғим учун икки иллат бор эди: бири – офтоб ғурубга яқинлашган эдики, кун қорайиб қолиши билан вазият бизга зид бўлуб, номаълум бир ўлкада уларни таъқиб қилмоғим хатардан холи эмас эди. Иккинчиси – менинг сарбозларимдан кўп кишилар ўлди ва мажруҳ бўлди. Буни эса, менинг кучим заифлашгани деб билиш керак эди. Шу пайтдан фойдаланиб, орқадаги ўғулларим етиб келгунча сабр қилмоғим керак эди. Бугунги уруш шу жойда тўхтагани учун ўрдугоҳга борганим ҳамон мансабдорларимни чақириб уруш натижасидан маълумот сўрадим. Маълум бўлдики, қирқ минг кишилик аскарларимдан ўн беш минги ўлубдур ва мажруҳ бўлубдур. Аммо биз муқобилимизда яхши урушадурғон етмиш минг киши билан урушғон эдик. Майдондаги ўлукларимизни йиғиб дафн қилайлук десак хасим тарафнинг шабхун уруш қилиш эҳтимоли бор, шунинг учун сарбозларни тарқатмаслигимиз керак эди. Бу уруш қўмондонининг, агарчи фотиҳ бўлган бўлса ҳам, ўзига яраша кўпгина муҳиммотлари бўлади. Жумладан, зобитларнинг ҳар биридан маълумот олиш, мажруҳларни даволаб уларнинг муҳофаза чорасини кўруш, ўрдугоҳга душманнинг кеча босқуни қилиб қолишига қарши ҳозирлик кўруш каби ишлари бўлур. Сўнгра асирлардан сўраш орқали душман тарафнинг куч-қудрати, ҳозирликлари, жанг усуллари каби муфид моддалар устида маълумот ҳосил қилиш ҳам зарур ишларнинг сафида турадур. Муҳаммад Сайфуддинни ўзумга яқинроқ хаймада сақлашларига амр қилган эдим. Унинг намоз ўқушидан таажжубланган Қўлорбек ёнимга келиб, бошқа хилда намоз ўқуб турганини сўзлади. Намозда қўл боғламай, қўлларини икки ёнига солинтуриб турганини айтди. Мен Қўлорбекка тушунтирдим: “Намоз ўқувчи одам Тангрининг ҳузурида одоб билан туруши лозим. Ҳар бир мусулмон киши қандоқ қилиб бўлса Аллоҳнинг муқобилида эҳтиром билан туруши учун ўз расм-усулига мутобиқ турмоғи жоиздур. Бизда қўлни боғлаб туриш эҳтиром бўлса, уларда қўлни соллаб туруш эҳтиром бўлғай, балки яна бири қўлини бошига қўйуб (кўтариб) турмоқни эҳтиром деб биладурғондур. Унинг учун таажжубга ҳаожат йўқ”, дедим.
У кун кечаси сабзаворликлар бизларга ҳамла қилмади. Эрталаб сарбозлар ўлукларни дафн қилмоққа киришдилар. Мен Муҳаммад Сайфуддинни сўроқ қилдим ва акасининг нақадар кучга молик эканлигидан маълумот сўрадим.
У берган жавобида, кечаги урушга етмиш беш минг киши қатнашганини ва яна ўттиз минг аскарнинг орқада мавжудлигини айтди. Урушда ўлган ва мажруҳ бўлганлар хусусида ҳам сўзлаб, дедики: “Ўлукларимиз от оёғи остида янчилиб кетмасун, деб мумкин қадар тезлик билан ўлукларни орқага олиб турганмиз”. Сабзаворликлар шу қадар ўлган бўлса, қўлимда қолғон йигирма беш минг аскар билан уларга ҳамла қилолмас эдим. Бахтимга ўша куни ғуруб вақтида ўғлум Жаҳонгир қўшунининг олдинғи кузатувчилари Асфаройин ва Жавин томонидан кўрунуб қолди. Талояларнинг Жаҳонгирга берган хабари билан ярим кеча вақтида Жаҳонгир ҳам етуб келуб кўрушди. Ундан: “Уканг Шайх Умардан нима хабар бор?” деб сўраганимда, “Ундан хабарим йўқ, фақат қароримизға биноан Сабзавор жанубида Мазниёнга етуб келмоғи лозим эди”, деди.
Жаҳонгир қўшунининг етиб келиши бизни Сабзавор қўшунига қайтадан ҳамла қилмоғимизга йўл очди. Сабзавор амири ҳам бизга кучли қувват етиб келиб қўшилганидан воқиф бўлгач, очиқликда урушмоқлик ўрнига қалъабанд бўлмоқлукни афзал топди. Албатта, муҳосарад қолғон қалъани фатҳ этмак бизга хийла тадбирлар қўрмоқни олға сурар эди. Шундоғ бўлса ҳам, фатҳ ғалабасини умид қилғон қўшун бошлиғи мудофаанинг узунга чўзилиши янгидан кўриладургон тадбирлар учун харажатларнинг зўрайишидан ҳам чекилмайдир. Бироқ, шаҳарнинг ички вазиятидан хабарсиз эдим. Асирлар, хусусан, Муҳаммад Сайфуддиннинг берган маълумотларига ҳам куллиян (умуман) эътимод қилиб бўлмас эди. Шундай бўла туриб, қалъанинг ичи ҳақинда шу асирлардан олган маълумотлардан ўзга маълумотим ҳам йўқ эди. Бунга илгаридан эшитиб юрганим, “уч юз минг киши қалин (гилам) тўқимоқ ила машҳур эмуш” , деган сўзни изофа (илова) қилишдан бошқа, шаҳарнинг ичидан ташқарига очилган ер ости йўли, шаҳар халқини таъминлашга лойиқ озиқ-овқат, ичиш учун сув омборлари каби бир қанча маводлар (нарсалар) устидан хабарсиз эдим.
Сабзавор жилғалари Нишопур жилғаларидек обод эмас эди. Муҳосара бошланган куни у жилғадан эсадурғон тўпалон шамолга дуч келим. Бу шамол бутун дашт-биёбон туфроғини бизнинг юзимизга урар эди (Уруш тугагунча бу шамол ҳам давом этиб турди).
Нишопур фатҳида ишлатган тадбирларимни бу ерда ҳам ишлатдим. Шаҳар атрофига қоровуллар қўйдум. Нақб йўллари орқали ташқаридан ёрдам олиш ёки ташқарига қочишларига имконият бермаслик чораларини кўрдум. Қишлоқлардаги халқнинг кучи билан катта дарахтларни кесиб мутаҳаррик буржлар ясашға бошладум. Шаҳарнинг тўрт буржида ғишт ва ёғочлар билан ишлаб, тўрт дона баланд буж бино қилдирдим. Бу миноралар орқали шаҳар ичидаги ҳаракатларни кўруб турушга имкон туғдирдим. Тўрт даста нақбчиларни тўрт жойдан нақб ковлаб қалъанинг остига еткузушга буюрдум.
Буржлардан туруб шаҳар ичини кўрганимизда, шаҳарнинг одамга тиқинлиги кўрулди. Нуфуси кўп шаҳарлар муҳосарага узоқ чидаёлмай, озуқ-овқатдан қийинчилик тортиши бизга осонлик туғдиради, деб тушунган бўлса ҳам, кейинчалик маълум бўлдики, муҳосара эҳтимолини назарда тутуб, илгаридан хийла кўб озуқаларни омборлаб олишган экан. Мен шу каби ишлар билан машғул бўлиб турсам ҳам, ўғлум Шайх Умарнинг кечикиб қолганидан ташвишим бор эди. Шунинг учун ўғлум Жаҳонгирга уч минг отлиқ аскар билан Мазниён орқали юруб шимол тарафлардан хабар олмоққа йўлладим. Жаҳонгир укасини таҳқиқлаш учун кетганидан кейин ҳам биз шаҳар муҳосарасида, ҳар куни ўқларнинг учига хат боғлаб, таслим бўлиш билан ўлумдан қутулишларини билдуруб турган бўлсак ҳам, уларга бу таҳдидларим асар қилмади. Яна бир куни бир неча мактубни шаҳарга оттирдим, унда Сабзавор амири хисор устига чиқуб, шаҳар ташқарисидаги манзарани ўз кўзи билан кўрмоғига даъват қилдум. Сабзавор амири аср пайтларида қалъа устига чиқди. Мен сарбозларимга Муҳаммад Сайфуддинни қалъага яқинроқ олиб келунглар, деб буюрдим. Қалъа устидан ўқ ёғдурмасликларига қарши эҳтиёт чораларини кўруб, дастлаб жарчи орқали нидо қилдирдум: “Эй Али Сайфуддин! Агар шаҳар дарвозасини очуб, шаҳарни бизга таслим берсанг, халқни ва ўзунгни омон сақлаб қоласан. Акс ҳолда, кўзунгнинг олдида укангни ўлдураман”. Али Сайфуддин бақириб сўзлади: “Эй Темур! Асирингнинг ўз оғзи билан сўзламоғига ижозат берасанми?” Жарчи воситасида “сўзламоғи мумкин”, дедим. Сабзавор амири укасига хитобан: “Эй Муҳаммад, тирик қолишга майлинг бўлса, биз шаҳарни душманга таслим берайлук, ўлумга рози бўлсанг, биз муқовамат қилайлук”, деди. Муҳаммад Сайфуддин: “Муқовамат қилунглар”, деб жавоб қайтарди ва менга қараб: “Эй чўлоқ, жалодингга айт, менинг бошимни танамдан жудо қилсун!” деди. Мен жарчига буюрдимки, менинг тарафимдан асир Муҳаммадга хитобан сўзлаган сўзларимни қалъадагиларга эшиттириб турасан, деб ҳозирлаб бўлганимдан кейин Муҳаммадга бундай дедим: “Бобом Алп Арслон уч юз эллик йил илгари тўртинчи Девжонус исмли Рум подшоҳи билан урушуб, уни асир олган эди. Занжирбанд бўлуб турган Девжонусдан Алп арслон сўрадики, “Агар сен мени асир олган бўлсанг, нима қилур эдинг?” Жавоб бермушдирки: “Сени ўлдурмай, қул қилиб сотар эдим, чунки мағлуб бўлмасингдан бурун вужудингнинг аҳамияти бўлса ҳам, асир бўлганингдан кейин аҳамиятсиз бир одам бўлуб қолдунг, ўлдурмоғимдан фойда йўқ. Магар қул қилиб сотсам, пулидан фойдаланмоғим мумкундур”. Алп Арслон Девжонусни сотмоқчи бўлди, фақат Девжонус ўз қийматини ўзи тўлаб, ўзини ўзи сотиб олди. Эй Муҳаммад, мен ҳам сени сотмоқчидурман, ўзунгни ўзунг сотиб оласанму ёки аканг сотиб олурми –жавоб берингиз”. Сабзавор амири: “Укамни қанчага сотасан?” деб сўради. “Икки қурур динор (тахминан 20 млн.)” дедим. Сабзавор амири6 “Шаҳарда бир қурур ҳам нақд пул йўқ”, деди. Мен рад қилиб айтдим: “Юз минг кишилик бир қўшун соҳибида бу маблағ бўлмаса, қўшунни сақлай олмайди”. У қатъий жавоб бериб: “Укамни қутқазуб олушга юз минг динордан зиёда беролмайман”, деди. “Ундоғ бўлса, укангни сотуб олишга сендин бошқа харидор ҳам йўқ, ўлдуруб тинчимоғим керак”, дедим. (Алп Арслонни “бобом” деб тилга олинишини айнан тушунмаган маъқул,бу тарихий далил эмас, яъни шу буюк инсоннинг зурриёти, набираси ёки чевараси деб адашмайлик. Амир Темур туркийлардан ўтган улуғларни, ҳатто Чингисхонни “бобом” деб эъзозлаган саҳифалар мавжуд. Ҳозир биз буюк аждодларимизни “боболаримиз” деганимиздек, яъни “Бобомиз Хоразмий”, “Бобомиз Навоий” “Бобомиз Амир Темур” каби англамоғимиз дурустдир. Т.М.)
Қалъа устида ва ортида йиғи овозлари кўтарилди. Али Сайфуддин укасининг интиқомини олмоқ учун ўша кечаси бизнинг қўшунга шабхун урди. Кечанинг учдан бири ўтган эди. Шаҳар дарвозаси очилди. Сабзаворликлар дарвозадан чиқишга қаноат қилмай, нарвон билан қалъадан тушар эдилар. Уларнинг қўлларида машъала ҳам бор, ўрдугоҳга яқин келиш билан хаймаларга ўт қўйиб бердилар.
Муҳосара вақтларида ҳар эҳтимолга қарши отларни ўрдугоҳдан узоққа қўйиш одатим бор эди. Мабодо, шабхун воқеъ бўлуб қолса, отларнинг хуркиши билан низом бузулуб, муназзам уруш қилмоқ муттасир (мушкул) бўлуб қолади. Уруш кўрган отлар анча-мунча шовқун-суронга парво қилмаса ҳам, шиддали алангани кўрганда нўхталарини узуб тарқалиб кетади. Мана шунинг чораси учун ҳар вақт, хусусан муҳосара асносинда отларни ўрдугоҳдан узоқроқда қўйиладур. Шабхун ургувчилар томонидан хаймаларга ўт қўйулса ҳам парво қилмайман, чунки уни ўчиришга урунгандан кўра, душманга қарши урушмоқ фойдалидур. Уруш битгач, хаймаларни ростлаб олиш мумкиндур.
Душман шабхун уруб қолғонда қиладурғон ишларини икки қўмондоним Қўлорбек билан Ўрғун Четинлар илгаридан билар эдилар. Албатта, муҳосара қилиб турган аскарларнинг вазияти мутафариқа турмук шаклинда кўрунади. Лекин лозум кўрулган вақтда тездан уюштуруш учун чоралар ҳам кўруб қўйулган бўлади. Шу жумладан, шабхун вақтларидурки, шимол ва жанубдаги қўллар тезлик билан қалбга етуб келуб, менинг қиёдатумга (қўл остимга) қўшулуши керакдур.У ишларни икки қўмондонум орқали ўрунлади, бутун қўшун ўз қўлумда бўлгани ҳолда ҳар тарафдан “ҳаййо-ҳуй!” овозлари ва мажруҳларнинг нолалари эшитилар эди. Ҳар тараф ўз қўшунини сабот ва мардоналикка ундар эдилар. Мен турган жойим шаҳарнинг шарқ тарафинда эди. Қўлорбек ва Ўрғун Четинларни яна шимол, жануб соҳаларини назаримда тутдим. Аскарларнинг болта билан ҳамла қилмоқларига амр қилдим. Ўзум ҳам икки қўлумда болта билан ўнг-сўлни болталай бошладим. Бизнинг машъалдорларимизга куйиб турган хаймалар алангаси ҳам ёрдам бермоқда эди.
Бизнинг ҳадафимиз (мақсадимиз) шаҳарнинг шарқ томонида бўлган икки дарвозага етиб бормоқ эди. Шаҳар дарвозасига эллик зироъ (35-40 қадам) оралиқ қолди. Бу вақтда Сабзавор амири шаҳар дарвозасини беркитди. Бунинг маъноси шу бўлдики, Сабзавор амири кундузи укасини қурбон қилган бўлса, кечаси шабхун урмоқ билан яна бир муваффақиятсизликка учраб, ўз аскарларининг юзига шаҳрини беркитиб қўйди. Бу вақтга қадар ботурларча урушуб турган сабзаворликлар, шаҳарлари боғлануб, қайтиш йўллари йўқолганини сезиб, руҳлари тушиб кетди ва муқовамат учун киришмадилар. Салоҳларини ерга ташлаб таслим бўла қолдилар. Уларнинг таслим бўлишлари бизнинг ишларимизни осонлаштирган бўлса ҳам, ўзимизни тездан дарвозага еткузуб, ичкаридан дарвоза орқасини маҳкамлаб олишларига фурсат бермаслигимиз лозим эди. Фақат, бу марҳалада сабзаворликлар ўз вазифалари бўлмиш дарвоза орқасини маҳкамлаб олдилар. Натижада бир кечалик воқеадан кейин шаҳар яна муҳосарада қолди, бизлар эса хаймасиз бўлуб қолдук. Унинг устига, сарбозларимдан кўп киши ўлдурулганини кўрдим, кўп ачиндим ва аҳд қилдимки, шаҳарни олганимдан кейин ўч олурман.Шабхун бўлган кечанинг тонг отиши билан қалъа остидан нақб кавлаб, борут билан қалъани бузуб шаҳарга кириш учун иш бошлар эканман, сабзаворликларни нақб кавланишидан ғафлатда қолдирмоқ учун қалъа устига ҳамла қилиб шаҳарга кириш қасдим борлигига таъбр берилсун каби бир кўриниш ясадим. Қалъа устига буюрган сарбозларимни эҳтиёт билан иш олиб боришга буюрдим.
Нишопурдаги буржлар орқали қалъага кириш усулини қўлламадим, чунки Сабзавор амирида кўрилган тадбирлар менинг у услубимга йўл бермай, қалъа устига ўтган сарбозларимни ўлдуруб юборар эди. Мен учун бугунги аҳамиятли иш нақб кавланиб турганини сездирмаслик эди. Маълумки, нақб кавлаш учун ишлатиладурғон асбобларнинг зарбасини сезиб олмоқ ўнғайдур. Буни сезишни хаёлига ҳам келтирмаслик учун қалъанинг устига чиқиш ҳаракати билан кўриниш лозим эди. Дарҳақиқат, бу кўруниш чиқимсиз бўлмас эди. Қаршимиздаги тадбирли қўшун бошлиғи бизларни нобуд қилғонига қувониб, нақбларимиздан ғофил қолар эди.
Борутларни Нишопурда тайёрлаттирдим. Бу ишга ихтисосли бўлган Гўрхонни керакли одамлари билан Нишопурга йўлладим. Бунда ҳам икки иллат бўлур эди: биринчиси – борут ясамоқ кўп хатарли ишдур. Ўрдугоҳда бу хатарнинг бирига дуч келинса, сарбоз билан гавжум турган ўрдугоҳда бир мунча кишининг ҳалокатига сабаб бўлур эди. Иккинчидан: Сабзавор амирининг жосуслари хабардор бўлуб қолишлари эҳтимолидан сақланиш эдики, бизнинг қўшунда ҳар турли иш билан машғул бўлуб турган Сабзавор нажжорлари (дурадгор), тошчи-ғиштчилари ва оддий ишчилари мавжуд эди. Булар борут ясалганини кўриши ёки унинг сирларини билиб қолиши бутун тадбиримизнинг бузилишига сабаб бўлур эди. Борут ясаш сирларини бугунга қадар бизнинг қўшундан бошқаси билмас эди.
“Агар жўсту донанд ки райи тучист,
Барон райо у дониш бебоят гирист”.
(Киши сиррин билса ҳар но каси,
Анга йиғламоқ лозим ўлғай баси),
Нақб ишларининг жиддийлик билан юруши, ишимизнинг тезроқ амалга ошиши учун нақбчиларга таъкид қилар эдим, бироқ шаҳарнинг ғарб тарафида ишланмоқда бўлган нақб иш бошининг жузъи иштибоҳи билан эгри кетиб қолуб, бир мунча меҳнат зоеъ бўлгани учун иш бошини эҳмолига (бепарволиги учун) жазоладим. Шимол томондан кавланган нақб эса катта бир тошга қадалиб қолиб, нақбчиларнинг ўтиши мухтаъзир бўлуб қолди. Бу монеълик боис иш боши жазоланишдан чўчиб қолди. Мен унга дилдорлик бериб, бу ҳақда сенда гуноҳ йўқ, нақбнинг тошга келиб қолишини ким билар эди, каби сўзлар билан тасалли бердим. Биз бу икки нақбдан воз кечдик. Фақат шарқ ва жануб нақбларидан истеъфода этмакка қарор бердук. Нақб битгандан кейин шаҳарга кечаси ёки кундузи кириш ҳақида кенгашдик.
Вазиятидан хабарсиз бўлинган катта бир шаҳарга кечаси киришда машъалалар фойдали бўлмас, чунки ўз шаҳрининг ўйдум-чуқурини яхши билган шаҳарликлар ҳар қандай кандик-кавакка жойлашиб туруб, бизга зўрғина зарар бера оладур. Сарбозларимиз ҳамма тарафни кўруб, бемалол ҳаракат қилишлари учун шаҳарга кундузи ҳамла қилмоқ ижоб этадур, деб қарор қилдук. Шаҳарнинг шарқ ва жануб тарафидаги нақбларимиз тугови билан нақбнинг этагига катта чуқур кавлаб, қоплардаги борутларни бўшатдилар. Йўғон ва узун пиликлар учини ташқарида муттасил ерга қўйдук. “Эртаси кун тиғ уриб чиққанда сарбозлар ҳалага ҳозур бўлсун, пиликларга ҳам ўт берулсин”, деб амр бердим.
Урушда баъзан тазоҳир ва ташрифотлар (кутилмаган ҳодиса ва ҳаракатлар) ҳар қандай ботур амирнинг ҳам юрак олдиришига сабаб бўлади, деб англар эдим. Шунинг учун фатилаларга (пилик) ўт берилиши ҳамон мажмуи карнайчилар карнай тортиб юборсун, шаҳарнинг қалъаси борутга қўшимча ўлароқ карнайлар овози билан йиқулсун, деб буюрдим.
Бунинг бир мисоли ҳам бор эди: ўтган замонларда Мусо алайҳиссаломдан кейин Ювша бани Исроил қавмининг бошлиғи бўлған эди. Конъондаги “Арико” шаҳрига ҳамла қилганда шунингдек қалъа йиқилмай туруб карнай чалишга буюрган эди. Шаҳар қалъаси йиқилгандан кейин шаҳар мудофаачилари “ҳисор карнай овози билан йиқилди”, деб таъбир қилганлар, карнай овозидан юрак олдирганлари учун бир соат ҳам муқовамат қилмоққа қодир бўлолмаган эдилар.
Шаҳарга кириш тартибини бир кун муқаддам аскар бошлиқларига таълим берганимда, Сабзавор шаҳрининг пешволаридан Шайх Ҳисомуддин эҳтиром билан сақлансун ва унинг уйига паноҳ тортиб кирган кишиларга зиён-заҳмат етмасун, деб буюрган эдим. Эртаси офтоб кўтарилди, пиликларга ўт берилди, карнайлар баланд овозда чалинди ва шаҳар қалъасининг шарқ ва жануб томонлари йиқилиб тушди. Бу вақтда борутнинг шаҳарга солган ларзасини таъриф қила олмайман. Мен ўша вақтгача бу қадар боруга ўт бериб кўрмаган эдим. Бу портлаш овози ва ернинг титраши мени ҳам даҳшатлантирган эди. Сарбозларимиз шаҳарга ҳужум қилдилар. Бу вақтда мен ўйладимки, албатта, шаҳар мудофаачилари шарқ ва жанубдан кирмоқда бўлган аскарларимнинг олдини тўсиш учун жиддий куч тўпласалар, шаҳарнинг бошқа тарафлари мудофаачилардан бўш қолган бўладур, деб шаҳарнинг ғарб ва шимол томонини ишғол қилиш учун аскарларни қалъадан тўғри у томонга тушурдим. Шаҳар ичини кўруб турмоққа қурилган буржлар устига чиқиб, шаҳар ичидаги аҳволни кузатиб турмоқчи бўлдим эса-да, тўпалоннинг ғоятда даҳшатли бўлганидан шаҳар ичини кўруб бўлмади. Бинобарин, урушни кузатмоқ учун қалъа устига чиқдим. Бу ердан аниқландики, Сабзавор амири шаҳарнинг ҳар бир қисмига айрим-айрим қўмондон тайинлаган экан. Улар ҳам ўз вазифаларини яхши бажармоқда эдилар. Қайси бир қисмда заифлик билинса, дарҳол орқадан тақвия (ёрдамчи) кучларини еткузуб турар эдилар. Сабзавор аскарлари жуда яхши урушар эдилар. Аммо бизнинг аскарлар ҳам шаҳар маркази томон илгари кетмоқда эди. Сабзавор амири шаҳар уруши бошланиши билан ўз оила афродларини душманга асир тушмасун деб ҳаммасини ўлдурган экан, ўзи бир ўғли билан урушга қатнашган эди. Майдонда иккиси ҳам ўлди. Бу воқеа бизнинг ғалабамизни таъкидлар эди.
Жарчи орқали нидо қилдирдим: “Ҳар ким ўз ҳаётини сақламоқчи бўлса, шайх Ҳисомуддининг уйига, масжидга ва унинг ёнидаги масжидларга илтижо қилсун”. Илгари мен фақат Ҳисомуддиннинг уйига хос амр берган эдим. Унинг уйига кўп одам сиғмаслигини билиб, икки масжидни ҳам изофа қилдим.
Эй менинг саргузаштларимни мутолаа қилғувчилар! Мени шайх Ҳисомуддин бир шиа бўлса-ю, унинг уйини омонлиғ уйи қилди, деб танқид қилманглар. Вақтики пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилишга келдилар, ҳар киши Каъбага кириб олса ва ёки Абу Суфиённинг уйига сиғинса, ўлдурулмағай, деб эълон қилдилар. Ҳолбуки, Абу Суфиён пайғамбаримизнинг энг ёмон душманларидан бири эди, унинг устига, бутпараст мушриклардан эди. Шайх Ҳисомуддин эса, Худонинг бирлигига иймони бор ва Муҳаммад алайҳиссаломни наби мурсал (Аллоҳ таолога элчи бўлган) деб эътиқод қилур эди. Мен бу нуқтани назарда тутуб, суннати набавийи шарифга тобеълигимни изҳор қилгандурман.
Аср вақтларида Сабзавор шаҳрининг уруши бизнинг ғалабамиз билан тугади. Шайх Ҳисомуддиннинг уйига ва масжидларга сиғинганларидан бошқаси сарбозларга таслим бўлди. Илгари баён қилганим кўчма масжидни ўрдугоҳга қуриб турганларида Шайх Ҳисомуддинни ўрдугоҳга олиб келдилар. Унинг кўзи икки гулдасталик кўк ва қирмизи ранглик мутаҳҳаррак масжидимга тушди. “Гулдасталарнинг бири кўк, дигари қирмизи бўлишининг сабаби нима?” деб сўради. “Кўк (сув) ранги Аллоҳу таолонинг қудратининг нишонаси бўлса, қирмизиси инсон қудратининг намунаси”, деб жавоб бердим. Шайх Ҳисомуддин Сабзаворий кекса, узун оқ соқолли киши эди, менга мурожаат қилиб: “Эй Амир, сен менинг уйимни омонлик баргоҳи, деб эълон қилиш билан менга бўлган муҳаббатингни билдирдинг. Кўп одамлар менинг уйимга кириш билан ўлумдан қутулдилар. Бу ишинг менга журъат бағишлайди, шу билан сенинг фотиҳлигингни табриклаб, демоқчи бўламанки, шаҳарда кўп одамлар ўлди, уларнинг молларини талон-таож қилишдан сарф назар қилғил”, деди.
Шу вақт кун ботиб, муаззин азон айтмоққа бошлади. Шайх Ҳисомуддинга: “Намоз учун масжидга борасизму?” дедим. Жавоб бердики: “Сенинг масжидингга бориб намоз ўқимағайман, шу ерда ўқиғайман”, деди. “Бу масжид менинг мулким эмас, Тангри уйидур”, деганимга қарамай, чўнтагидан бир нарса чиқариб, саждага қўйуб намоз бошламоқчи бўлди. Мен ундан саждага қўйулган нарсанинг нима эканлигини сўрадим. Шайх Ҳисомуддин жавоб берди: “Биз намозда сажда қиладурғон жойимизнинг поклигига кўнглимизни тиндирмоқ учун ушу “муҳр”ни манглайимиз турадургон жойга қўйуб, унинг устига сажда қиламиз”. Мен айтдим: “Ундоғ бўлса, бу муҳрдан етти дона қўйушлик лозимдур, чунки сажда етти узвнинг иштироки билан қилинадур. Бунинг иккиси икки оёқнинг учидур ва икки тизза, икки кафт ва ниҳоят пешонани қўйиш еттинчи марҳалода бўлуб, ушбу етти аъзонинг бирин-кетин иштироки-ла сажда вужудга келадур, уламоларнинг ҳам қатъий қарори шулдур. Мана бу тартибга ақидангиз борму?” Шайх “бали” деб жавоб қилди. “Ундоғ бўлса, сиз нимага пешонангизгагина муҳр қўлланасиз-да, қолган аъзоларингизга муҳр қўлланмайсиз?” дедим. Шайх жавоб бермади, мен шайхга ўз хулосамни шундай деб тушунтирдим: “Намоз ўқиғувчи кишининг ҳеч қандай муҳрга эҳтиёжи йўқ. Фақат намоз ўқиладурғон ернинг поклиги кифоя қилади. Пайғамбар алайҳиссалом муҳр ишлатган эмаслар, ерга тўғридан-тўғри бошларини қўйуб сажда қилаверганлар”.
Шом намози ўқулғондан кейин Шайхдан: “Шайтон ким?” деб сўрадим. Шайх менга қараб: “Эй Амир, шайтон бир фариштадур, Аллоҳу Таоло даргоҳидан матруд бўлгандур. Ўша ҳайдалган кунидан бу вақтгача, билки охират кунигача ўз вақтини Аллоҳу таолонинг бандаларини оздурмоқға сарф қиладур”, деди. Мен шайхга: “Кичик изоҳ берсам, қабул қиласизми?” деб мурожаат қилдим. Унинг қабул жавобидан сўнгра бундоғ дедим: “Шайтонни бу хилда таъриф қилиш сиз каби ўзини донишманд билган кишига муносиб эмасдур. Маълумдурки, авом-ун-носга тушунтириш, уларнинг ақлига мувофиқлаштириш учун шундай таъриф билан унинг оздуришидан сақланиш ва ёмон йўлларидан эҳтиёт бўлиш учун шундай бир мавжудни кўрсатилгандур. Лекин шайтон нафси амморадан иборатдурки, ҳамманинг вужудида бордур. Инсонни манҳиййот амрларига бошлаган шу нафсдур, ҳар инсон вужудида икки куч бордур: бири “Раҳмоний куч” деб таниладур, иккинчиси “шайтоний куч” деб аталадур. Инсонни шаробхўрликка, қиморбозликка ва бошқа мужтамаъда ижтимоий ҳаётида мамнуъ ишларга бошлайдурғон куч – шайтонийдур. Намоз, рўза ибодатларининг қатъий фарз қилиб буюрилиши шул нафси амморага қарши (яъни шайтонга қарши) курашдан иборатдур. Сидқидил билан ўқилган намоз, тутулган рўза инсонни шу қадар покликка бошлайдурки, бутун манҳиййотлардан тўсуб турадур. Намоз ўқуб, рўза тутуб турган бир одам гуноҳ ишларга иртикоб қилишга журъат қилмайдур. Ҳамиша тоҳир (пок) бўлмоқликка урунадур. Акс ҳолда, намоз ўқуган, рўза тутган кўруниб, манҳиййотларга иртикоб этгувчиларнинг поклиги мулаввас (нопок) бўлган нафси амморага мағлуб бўлганлигининг исботидур. Аллоҳ таоло бизларнинг намоз, рўзамизга муҳтож эмасдур. Унинг қудрати ҳар ишга қодирдур. Агар Аллоҳ буюрганини қилгудек бўлсак, гуноҳ қилиш нари турсун, гуноҳни хаёлга келтуришга ҳам фурсат тополмагаймиз”. Шайх Ҳисомуддин менга: “Эй Амир, донишмандликда мен билмаганларни сен биласан”, деди.

ДАВОМИ БОР.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tarix saboqlari. Bookmark the permalink.