Ёдгор Обид

Yodgor Obid varshava“Каримов бўлмаса – ким?”
Ҳудди шу савол йигирма беш йил аввал жонимга теккан эди.
Ҳозиргача шу саволни такрорлаб келишади…
Ҳатто интернет бурчак – бурчакларига ҳам кириб боришибди шу…саволлари билан.
“ўрнига бошқаси келса, ундан баттар бўлмайдими?” деб ҳам қўйишади.
Шу ва шунга ўҳшаш саволларини ҳадеб такрорлайверганлари учун бўлса керак, баъзи соддадил, туппа – тузук одамлар ҳам гоҳ иккиланиш билан, гоҳ лаққа тушиб, ишониб қолаётгандай тасаввур уйғонади…
Ҳалқимизда: “Бош бўлса – дўппи топилади” деган гап бор.
Дўппи – бошга лойиқ бўлиши керак эди…
Афсус, ўша саволни ҳалқимиз олдига кўндаланг қўяверганларидан бўлса керак, кўпчиликнинг умидворлиги биланми, соддалиги ва ишонувчанлиги сабаби биланми, биз ўз бошимизга дўппи танлашда катта хатога йўл қўйдик.
Бошимизга лойиқ бўлмаган дўппини, ўзбекона чапанилик билан бошимизга илиб кетабердик…
Оҳири бу “чапанилик” қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб ўтирмадик…
Шундай бўлди ҳам…
Ҳалқимиз, юртимиз бошига озмунча балолар ёғилдими!
Ҳозир уларни бир – бир санаб ўтирмайман.
Вақти – соати келганда бу фалокатларнинг сабабчилари одил суд олдида жавоб берарлар.
Шундай бўлишига ишонаман.
“Каримов бўлмаса – ким?”
Ҳудди шу савол сабаб мен ўн мартадан ортиқ қамоқ азобларини тортиб чиқдим.
Юртни тарк этишга ҳам мажбур бўлдим…
Ажаб қизиқ ва …ғалаёнли даврлар бўлди.
Ўша пайтлар парламентда ҳам тўғри фикрловчиларнинг кучли бўлаги бор эди.
Ҳал қилувчи йиғилишда ўз фикрларини минбардан туриб очиқ, дадил айтаолганлар уюшмаси… Шовруҳ Рўзимурод, Тоиба Тўлаганова, Аҳмаджон Мухторов, Мурод Жўраев, Жаҳонгир Муҳаммад, Самандар Қўқонов, Насрулло Саид…
Узр, ҳозир ҳаммаларининг исми – шарифлари ёдимга келмай турибди.
Нимагадир, тез, шошилиб ёзгим келиб қолди…
Ҳарҳолда, ҳақиқатни ўз вақтида ва керакли жойда айтаолиш ҳам мардлик нишоналаридан бири…
Вақти келар- уларнинг номлари тарихимиз саҳифаларидан муносиб ўринларини ҳам топар…
Мурод Жўраев, мана, адашмасам, йигирма йилдан бери қамоқда…Ҳақиқатни айтгани учун…
Самандар Қўқонов ҳамон қамоқда…Ҳақиқатни айтгани учун.
Шовруқ Рўзимуродни қамоқда, тергов пайти ўлдириб юборишди.Ҳақиқатни айтгани учун.
Тоибахонни ҳам сирли равишда ўлдириб юборишди…Ҳақиқатни айтгани учун.
Кўплар курашни давом эттириш учун чет эллардан бошпана излашга мажбур бўлдилар…Ҳақиқатни айтганлари учун…
Ҳақиқат – Каримов ва унинг садоқатли, қутурган тўдаси учун хавфли эди!
“Каримов бўлмаса – ким?”
Биз – ўттиз милиондан ортиқ нуфузли ҳалқмиз.
Барча имкониятларимиз бор эди бир қонуний давлат тузиб, қонунларга таяниб яшашимиз учун…
Ва шу қонунлар ҳақиқатни ҳимоя қилиши учун.
Бизга нима бўлди?
Ўрнашиб олган диктатурани қимирлатиш қийин.
Унинг ўрнашиб олишига йўл қўймаслик керак эди…
Энди кураш оғирроқ кечади…
“Каримов бўлмаса – ким?”
Бу бемаъни савол билан ҳали кўп бошимизни қотиришлари турган гап…

%d bloggers like this: