Сойим Исҳоқов

kupkariКўклам адоғида куз

(Роман)

Ўн биринчи боб
Гап ҳам одамлар орасида илонга ўхшаб судралиб юради. Лекин у илондай вишилламайди: «Мен бу ердаман»,-дегандай огоҳлантирмайди. Ишини сездирмайгина бажаради. Заҳри ҳеч кимни ўлдирмаслиги мумкин, аммо кўпларни бир умр ўнгланмайдиган қилиб юборолади.
Ўгатнинг «ориятли» шоввозлари қаробдолдаги воқеани узоқ вақтларгача унутишолмади. Дуч келганда «Саримсоқ қирқиянинг орини туркманнинг бир лиқилдоқ чолига сотди»,-деб юришди. Гапларига хатто «Полвон» унвонини қўшиб айтишни ҳам лозим кўрмадилар. Ўгатликларнинг аксарияти соддадил ва ишонувчан кишилар эди. Шунга қарамай кўпчилик иғвога учмади. «Саримсоқ полвон бир улоқни Эгамберди полвонга ҳадя қилса қилибди-да, у-устози, устоз-отангдан улуғ»,-дейишди. Иғволарга учганлар ҳам бўлди: «Ия шундай бўптими? Полвоним деб юзимизга тутиб юрсак, буям айнипти-да. Хап уними…»-дейишди. Кунларнинг бирида улар кутган пайт келди…
Куз тугаб, ҳали чинакам қиш бошланмаган дамлар эди. Ёғин-сочин кечиккан эса-да, совуқ шамоллар дарахтларни яланғочлаб бўлганди. Ола қарғаларнинг қор тилаб қағиллашлари тез-тез қулоққа чалинарди. Кўк юзини бот-бот палахса-палахса, кул ранг «дағал» булутлар қопларди. Баъзан совуқ шамоллар кучайиб, еру самони чанг-тўзон қоплар, йирик-йирик туяқоринларни дашт бўйлаб ғилдиратиб ўйнарди. қирлардаги қўзиқулоқларни илдизи ёнидан чирт синдириб, учириб жар чуқурларга босарди.
Шундай кунларнинг бирида Оришли қишлоғининг этагидаги кенг анғизда кўпкари бўлди. Ҳаво айниб турганига қарамай тумонот одам йиғилди.
Саримсоқ полвон тарки одат қилиб, кўпкари бошланганидаёқ майдонга тушди. Мақсади соврин олиш эмасди. Тўй эгаси ҳамқишлоғи. қишлоқдошлик риояси-полвон учун ҳамма нарсадан устун. Бинобарин кўпкарини қизиқ ўтказиш маъсулияти унга ҳам тушади. «Мен полвонман», деб бир четда кеккайиб туриш одамгарчилик нуқтаи назаридан номақбул. Шу сабабдан бошданоқ майдонга тушиб, бошқа полвонлар диққатини жалб қилиш, ўзи билан тортишганларга улоғини «олдириб» қўйишни кўнглига тукканди.
Ўйлаганларининг тескариси бўлиб чиқди: кўнглидаги яхши ниятларни бирор чавандоз тушунмади. Улоқни маррага танҳо келтиришига тўсқинлик қилиш нари турсин, ақалли ортидан қувлашмади. Сабаби маълум-катта полвонлар катта совринларга тушади. Бундайроқ полвонлар ундан улоқни ололмасликларини яхши билишади. Бекор хомтама бўлишнинг нима кераги бор?
Бундай бўлишини у сира кутмовди. «Мени кўргач ҳеч бўлмаса қирқиянинг полвонлари майдонга тушар!», деб ўйловди. Афсуски, бундай бўлмади. Ҳар доим унинг майдонга тушганини кўрса қилпиллаб, жойида ўтиролмай қоладиган Ҳуббим мўлтони ҳам бу гал қилт этмади.
Работда бўлган бир ҳангома яшин тезлигида хаёлидан сизиб ўтди.

Ўшанда тўйга борган бир уй полвонлар Бўрибой соқиннинг* меҳмонхонасида гурунглашиб ўтиришарди: «Давримизнинг энг зўр улоқчи полвони ким?»-деган масалада баҳслашиб қилишди. Ҳар ким ҳар хил фикр айтди. Алалоқибат ҳаммаси бир тўпламга келишди. «Давримизда зўр учта полвон бор. Булар: қаробдоллик Эгамберди полвон, ўгатлик Саримсоқ полвон, қорадарахтлик Ҳуббим мўлтони»,-дейишди.
Бирданига уч кишининг номи тилга олингач, масала яна ечилмади. Буларнинг орасидан энг зўрни ажратиб кўрсатиш учун баҳсни давом эттиришди. Бир маҳал Ҳуббим мўлтони тилга келиб:
-Зўрни зўрини ман айтойдим, акамуллолар,-деди ярим ҳазил- ярим чин оҳангда.
-Айт.
-Айтойдим, аммолайкум туясийз.
-Қўрқма, айтавер.
-Не-е, бўлмайду-ув… Сиз ўзбаклар бисёр, ман бита мўлтони, туясиз айтсом.
Даврада ўтирганларнинг ёши улуғи бўлишига қарамай, Эгамберди полвон ўзини босолмади:
-Шу юракминан полвон номини кўтариб юрибсанми? Ўзбеклар сени қаерда четлатиб, қаерда яккалаган жойи бор? Ёлғизлигингди билинтирмай, иззат-ҳурматингди жойига қўйиб юрибмиз-ку, ҳе энағар нонкўр!
-Ани-аний, зарда қилли. Акун айтдим, туясиз деб. Сиз бисёр ўзбак, ман бита мўлтони…
У рост гапиряптими-ҳазиллашяптим, билиб бўлмасди. Гарчи кулиб турган эса-да, гапи ўтирганларнинг кўпига малол келаётганди. Чунки азал-азалдан ўзбеклар баъзан ўзаро уруғ аймоқчилик қилишса-да, ўзларига сингишиб кетолган бегона миллат фарзандларининг кўкракларидан итаришмаган. Буни ғайри ўзбекларнинг ўзлари ҳам яхши билишарди. Шунинг учун Саримсоқ полвон унга далда берган бўлди:
-Сизди биров чертмайди, кўрқмай гапираверинг.
-Ман сизга айтсам, акамуллолар, афсус ва ҳазор афсуске, ман бита мўлтони, кетимда тиргоким йўқ. Тиргоким бўлсайди, ҳозирни зўр пўлвўни ўзум дейдум…
Ногоҳанда момоқалдироқ гулдурагандай бўлди: полвонлар бараварига ҳахолаб кулиб юборишди.
-Вой энағардинг топган гапини-и,-деди Эгамберди полвон кулгусини зўрға босиб.-Бўлмасам бундай қилсак, эртага майдонга Саримсоқ полвонминан яккама-якка тушасан. Ундан улоқди тортиб ололсанг, мендан ҳам оласан. Зўрлигингга ҳамма тан беради-қўяди. қалай?
-Ман ҳазил қиллум, ҳазил. Ако Эгамберди, мани ғайри дигар эки пўлвўнингга қўй, локигин Сўримсўққа дучор қилма!
Озроқ муболаға қилганига қарамай, Ҳуббим мўлтони, дарҳақиқат, кучли полвонлардан эди. Бироқ, ҳали-ҳануз, у ҳам Саримсоқ полвоннинг улоғини тортиб ололмаганди. Шунга қарамай Саримоқ полвон унга юқори баҳо берарди: «Эгамберди полвондан кейин четдан Ҳуббим мўлтони билан Арслон полвон ва Саврукдан Наҳалбой полвонга тенглашоладигани йўқ»,-деб юрарди…
Кўпкари-ўз номи билан кўпкари, кўпчилик бўлмаса бу ўйин қизимайди. Майдонга машҳур полвон тушадими ё от минишни кечагина ўрганган ғўр йигитми-бу билан бировнинг иши бўлмаслиги керак. Аммо даврлар ўтиши билан зўр полвонлар кучини аябми ё отиними, фақат йирик совринларга тушадиган бўлиб қолди. Бора-бора бу ҳам кўпкарининг ёзилмаган қонунига айланиб кетди, зўр полвонлар кўпкарининг бошида майдонга чиқса айб саналадиган бўлди. Уни майда совринларга ҳам ураверадиган пасткашга ёки нафси ҳаккалак отган юхога чиқариб қўя бошлашди. Тиржайиб, ортидан жиртак чаладиганлар кўпайди…
Ҳеч кимнинг ортидан қувмагани, улоққа даҳл қилмагани, балки, бошқа бир полвонни қувонтирган бўларди. Саримсоқ полвонга эса аксинча таъсир қилди: маррага етгач ортига бурилиб қаради-ю, сочлари тикрайиб, бошидаги бўркни кўтариб юборай деди. Одатда ҳайҳайлаб йўл талашиб, бир-бирларини туртиб-суриб, отларининг жонини суғуриб олгудай қамчилаб, қайнаб-тошиб чопадиган суворийлар бу гал бир жойга гўж бўлишиб, ортидан тўйга бораётгандай бамайлихотир келишарди. Бунчалик ўпкасини саваламай, улар билан ёнма-ён келаверганида ҳам улоғига қўл чўзадиган одам топилиши гумонга ўхшарди. Бу иззат-нафсига қаттиқ тегди. Асаблари ўйнаб, чаккаси қизий бошлади. Нега бундай қилишди? Ўзи бирор ножўя иш қилиб қўйдимикан? Бундай бўлмовди шекилли. Унда нега бундай қилишяпти улар?
Нимадир ўзи ўйлаганидай бўлиб чиқмаганини сезди у. Отини таққа тўхтатиб, тақимидаги улоқни бамайлихотир чиқарди-да, сомонга отиб юборди. Асабий ҳолати панд бердими, улоғи одатдагидай сомоннинг ичига тушмади: учдан бирга яқини ташқарига чиқиб қолди. Бунга зиғирча эътибор бермай ўзи ҳам майдонни тарк этиш ниятида бурилганида, марра ёнида турган баковул бақириб юборди:
-Ҳаром-м-м! Улоқ сомонга тўлиқ тушмади, ҳаро-о-мм!
Унинг нима деб бақираётганини Саримсоқ полвон дафъатан англолмади. Кейин тушунди-ю, чаккалари бадтар қизиб, лўқиллаб кетди. Маррада эса жанжал бошланди. Томошабинлар билан чавандозларнинг деярли ҳаммаси «Саримсоқ полвонники ҳалол, улоқнинг ярми сомонга тушсаям ҳалол бўлади»,-дейишарди. Йиғилишиб келган баковуллар ўзлариникини маъқуллашарди. Бош баковул озроқ тайсалланиб, бетараф турди. Алҳол у ҳам шерикларини қувватлади. Бу масалани ҳал қилди-қўйди.
-Шу полвон бизда бўлсайди,-деди жанжал бўлаётган жойга суқулиб кирган Содиқ полвон.-Кўзимизга суртардик. Ўгатликлар олдидан оққан сувди қадрлашмайди чоғи.
Буни эшитган айрим ўгатликлар аччиқ қамчи егандай бўлиб қолди. Аммо рўй берган хатони тузатиш фурсати ўтганди…
Содиқ полвон кўпкарига йўқроқ эса-да, курашларда кураги ерга тегмай келаётган ёш полвонлардан эди. Фалон жойда кураш бўлармиш деб эшитса, юз чақирим нарида бўлса ҳам пиёда кетиб қоларди. қишлоғининг оқсоқоллари Мулла Мистоқ билан мулла Тўхтамишлар уни ёмон кўзлардан асраш мақсадида, кўпда бунақа йиғинларнинг дарагини билдирмай кетишарди. Бироқ Содиқ полвон йиғин дарагини қайси йўллар биландир бари бир билиб оларди. Тун бўйи йўл юриб бўлса-да, ўша тўй ёки сайилгоҳга ҳамқишлоқлари ортидан етиб борарди. Олишувларда елкаси ерга тегмай қайтарди…
-Бу тахлит кўпкарида нима бор сизга, полвон ака, журинг кетдик,-деди у Саримсоқ полвоннинг ёнига бориб.-Ғирромлик эмас бу… Бу камситишга ўхшайди…
Саримсоқ полвон афсус билан бош чайқади. Кўпкарини ташлаб кетолмасди у. Шундай қилса ёнини олаётган чавандозлару ишқибозлар ҳам ортидан эргашишлари тайин. Бировнинг қанча орзулар билан ўтказаётган кўпкариси бузилади. Бунга йўл қўйиб бўлмасди. қолаверса, бугун унга эргашиб кўпкарини ташлаб кетадиганларнинг қанчаси эртага маломат тошларини отаркин ортидан? Бунисини ҳеч ким билмасди.
-Йўқ, ука,-деди Содиқ полвонга маъюс тикилиб.-Бу ўз дастасини ўзи кесиш бўлади. Бугунчалик, нима бўлса-да, шу ерда қолаверганим маъқул.
Саримсоқ полвон чортоқ томон кетатуриб, ортидан Содиқ полвоннинг хазин овозини эшитди. У баланд овозда кимнингдир ғазалини ўқирди. Бироқ уни тинглаб ўтиришга вақти йўқ эди…
Содиқ полвон ниҳоятда кучли хотирали, шоиртабиат йигит эди. қулайроқ муҳитга тушиб қолганида, албатта кучли ижодкор ёки йирик олим бўларди. Аммо оилавий шароити кўтармади. Шу туфайли ўткир муллалардан сабоқ олиб, билимдон дин вакилига айланди. Бу «айби» учун ўттиз-қирқинчи йилларда неча бор ОСОБОТДЕЛ идорасига қатнади. Саримсоқ полвон билан шу идора остонасидаям неча бор учрашди…
Саримсоқ полвон чортоқ олдида ғуж бўлиб турган чавандозларга қўшилгач, тепадаги баковулга қараб:
-Бир улоғи ҳаромга чиққанминан Саримсоқдинг бир жойи камайиб қолмайди, баковул,-деди.-Ташлайверинг кейинги улоқди.
Улоқ ташланди. Саримсоқ полвон тўдани ёриб кириб уни олди-ю, ҳеч кимга ушлатмай нариги маррага элтиб, сомоннинг ўртасига ташлади ва ишқибоз-томошшабинлар ҳам эшитадиган овозда:
-Буни устоз Эгамберди полвон номига ёзинг, баковул,-деди.-Ҳозир у кишининг қўлини* олиб келдим.
Энди майдонда ким бор-халиям анчайин чавандозлар билан нимчаки полвонларми ё зўрлар ҳам тушдими-буниси билан иши бўлмади. Рухсат берилгач, у бу улоқни ҳам ҳеч кимга ушлатмай нариги маррага олиб бориб ташлади ва яна ҳамма эшитадиган қилиб бош баковулга деди:
-Бунисини Мавлон полвоннинг қўли деб ёзинг!
Кўпкари қизиб борарди.
Саримсоқ полвон гоҳ Файзулла махсумнинг отларини, гоҳ Жуманбойникини, гоҳ Бўтабойнинг бўз отини галма-гал алмаштириб минар, полвонларни гала-галаси билан суриб кетар, ҳеч кимга улоқ бермас эди. Ҳориш-чарчашни унутди. Кўпкарининг бошида майдонга тушмаган полвонлар ҳам таомилни унутишди: учинчи улоқдан бошлабоқ ёппасига отга минишди. Фақат Эгамберди полвонгина томошабинлар орасида қолди. У шогирдининг аламини тўлиқ ҳис қилганидан, унга омад тилаб ўтираверди.
Бундай пайтларда полвон мардум отасини унутади. Бундай пайтларда полвон онасини унутади! Бундай пайтларда полвон, худонинг ўзи кечирсин-у, яратганни ҳам унутади. Бундай пайтларда унинг эътиборида бир нарса-камситилган шахси ва улоқ туради. Эгамберди полвон буни ҳам биларди. Билгани учун ўз шаънини ҳимоя қилаётган полвонга ҳалақит беришни истамади. Бошқалар… Бошқалар буни тушунишмади!
Саримсоқ полвонни таниб бўлмай қолди. У афсоналарда тилга олинадиган девга, аждарга айланиб кетганди. Оломонни домига тортмоқчи бўлаётгандай пишқирар, баъзан улоққа икки-уч полвон илашиб қолса, ғайрати тошиб қийқирар, йиқилган-суринганига қарамай ғайритабиий бир важоҳат билан ҳаммасини судраб кетарди…
Кўпкари қизигандан қизиб борарди.
Саримсоқ полвоннинг қони қўрғашиндай қайнарди. Май ичгандай маст эди. Жунуни қўзиган телбадек нима қилаётганини ўзи билмасди. У фақат чопишни, чопишни ва улоқни қандай бўлмасин тортиб олишни ўйларди. Липиллаб атрофидан у ёқ-бу ёққа ўтиб турганлар нима ўзи! Одамми, отми-илғаёлмасди. Осмонда у ёқдан-бу ёққа танда қўйиб сузаётган булутми, қуёшми-буни ҳис қилолмасди. Ўзи ер юзида отда чопаяптими, учиб юриптими-буни билмас эди. Билгани-ю кўргани улоқ. Улоқ, марра. Марра улоқ. Яна қайси полвоннинг қўлини олиб келганини баковулларга баланд овозда айтиш. Онгида шуларгина муқим сақланиб қолганди.
Ҳаво илиб, дим бўлиб кетганга ўхшади. Ўн олтинчими-ўн еттинчи улоқни олгач, эгнидаги жун чакмонини ечиб, чортоқнинг олдига, шундоққина ерга отиб ташлаб кетди. Кимдир югуриб тушиб уни ердан кўтариб олди. Юз-кўзи ва бадани сув-сув тер. Буни ўзи сезиб-сезмасди. Кўзлари жуда ачишиб кетганидагина уни манглайи аралаш апил-тапил артарди. От алмаштирганидагина сал ўзига келарди. Шунда Файзулла махсум узатган ярим қўлчагина* муздай сувни ютоқиб ичиб оларди. Атрофга қараб одамларнинг ҳануз иссиқ кийимларда ўтирганидан ажабланарди. Нима бало, йўргагида совуқ чалганми буларни? Бунча ўраниб олишмаса?
У сув бўлиб оқарди, ўт бўлиб ёнарди, мис бўлиб қизирди!
Ўнинчими улоқдан буён оломоннинг ҳайқириғи тинмасди. Биринчи улоқ ҳаромга чиқарилган пайтда бетараф турганлар ҳам Саримсоқ полвон тарафга ўтиб олгандилар. Баковуллар шармисор эдилар. Гарчи ҳали-ҳозир уларни айблашни ҳеч ким ўйламаётган эса-да, қаторасига чиқарилган ўн етти улоқ оғир айбнома эди. Бунақа айбномалар сони тобора кўпайиб борарди…
Йигирманчи улоқни сомонга ташлаб от алмаштириш учун келгани-да, Файзулла махсум суяброқ маслаҳат солди:
-Энди тўхтата қолсангиз бўлармиди, Полвон?!
-Йўқ!-чўрттасидан кесди у.-Ҳали улоқ тегмай қолган бир-иккита ёш полвонлар бор. Шундай қизиқ кўпкарида улар ҳам қуруқ қолмасин-да!
Файзулла махсум унинг ниятини аллақачоноқ фаҳмлаганди. Ёзкечув ва ундан ташқаридан шу кўпкарига келган-келмаган атоқли полвонларнинг ҳар бирига биттадан улоқни «инъом» қилди. Орада кўпкарининг баковулларини тайинлаган тўйбошиларни ҳам «қуруқ» қўймади. Томошабинлар-у чавандозларнинг зукколари шундагина унинг ниятини тушуниб етишди: Саримсоқ полвон ўзини камситмоқчи бўлганлардан қасос олаётганди. қон чиқармай жон олишнинг энг қулай ва мақбул йўлини топган эди у.
Кўпкарининг бошида бош баковул: «Йигирма бешта солимимиз бор»,-деганди. Бу совринларнинг қанчаси кетиб қанчаси қолганини Саримсоқ полвон билмасди. Саноқни унутиб қўйганди. Лекин таниқли полвонлар билан тўй мутасаддиларини бирма-бир «сийлаб» чиққани эсида. Ёш полвонларни ҳам тилга олиб ўтолса ёмон бўлмасди. Бугунги ёшлар-эртанинг эгалари. Булар кимлар эди? Ўгатда Сидиқ полвон, Коризқудуқда Содиқ полвон билан Амир полвон, молтопда Туроб полвон, Янгиқўрғонда Абдулла полвонлар бор. Унинг билган-таниганлари ҳозирча шулар. Ҳай чопаверсинчи, қолганлар бўлса яна эсига тушиб қолар…
У ўз номига улоқ олишни ўйламасди. Бугун унга бунинг кераги ҳам йўқ эди.
Кўпкари авж нуқтасига кўтарилиб борарди. Бошқа полвонлар ҳам жон олиб жон бергудек бўлишарди. Полвонлик шаънини асраш навбати энди уларники эди. Кўпкари майдонида жавлон ураётган мана бу аждаҳодан ҳеч бўлмаса битта улоқни суғуриб олиб бўлармикан? қўлидан ақалли битта улоқни узиб олиб, ўзлари билган мулойим ва хушфеъл Саримсоқ полвонга «сийлов» қилолган полвонгина полвон номини кўтариб юришга муносиб! Бўлмаса ҳаммаси бекор, ҳаммаси ёлғон, ҳаммаси сохта! Ўпкани тепалаб майдонга тушиб юрмай, Эгамберди полвонга ўхшаб ўтирсин бир четда…
Кўпкари авж нуқтасига чиқди.
Майдон одатдаги кўпкари майдонларига ўхшамай қолди. Энди у чанги осмону фалакка ўрлаётган жанг майдонига ўхшарди. Бир гала суворийлар қутуриб улоқ талашишар, бир-бирларига томоқ йиртиб ўшқиришар, суриб бориб йиқитиб кетишарди. Йиқилган суворийлар томошабинлар ёрдамида отларини тутиб олишиб эгарга ўтирардилар-у, ўлар-тириларига қарамай ўзини қайтадан тўдага уриб кетишарди. Кўпкари ҳам одатдаги кўпкариларга ўхшамасди. Бунда чавандозлар улоқ эмас, бамисоли жон талашишарди…
Томошабинлар бир лаҳзага бўлсин ҳайқиришдан тўхтамасдилар. Саримсоқ полвонни алқашар, мақташар, қийқириб далда беришар, ора-сира қайсидир полвонни кашталаб сўкиб ҳам қўйишарди. Кимларнингдир ҳаддидан ошириб бақираверганидан ўпкаси бўғзига тиқилиб, овози чиқмай қолди. Сувдан чиқариб ташланган балиқдек, оғизини каппа-каппа очар, товуши чиқмагач, елкасидан нафас олиб тинимсиз ҳарсиллашарди. Полвонлар ҳеч қаерда бу кўпкаридагидек кўп сув сўрашмаганди. Файзулла махсум Саримсоқ полвоннинг ниятини фаҳмлаганида яқинроқдаги уйларнинг биридан бир кўза сув билан битта қўлча келтиртириб қўйганди. Яхши қилган экан, кўп ўтмаёқ сув тилаганлар кўпайиб кетди. Бироқ у Саримсоқ полвонга ҳам, бошқаларга ҳам ярим қўлчадан ортиқ сув бермади. Бу сув полвонларга урвоқ ҳам бўлмасди. Иложлари қанча! Айниқса, Саримсоқ полвоннинг танглайи қувраб, ичи куярди. Ўзига қолса ўша кўзани бир зумдаёқ кўтарарди. Баъзи полвонлар юзимизни ювамиз деб айёрлик қилишарди. Бунга у зиқналик қилмасди-ю, юз ювиш баҳонасида кафтидаги сувни симирибгина ичаётганини сезса, қўлига уриб тўкиб юборарди. Файзулла махсум ҳам раҳм-шафқатни унутиб қўйганга ўхшарди. Полвонларнинг соғлиғидан муқаддасроқ нарса йўқ эди унга!
Қамчи, узанги ва отларнинг туёқлари урилавериб, Саримсоқ полвоннинг қўллари қонаб кетди. Манглай ва юзларининг ҳам бир-икки жойида қон йилтирарди. Албатта ҳеч ким унинг қўли ё бошига атайлаб урмаган. Улоққа энгашганида беихтиёр тегиб кетади узангилар. Бу атрофларда фақат Мавлон полвон билан угина қўлқоп киймай тушишарди тўдага. қанча чопишсалар ҳам бирор жойларига доғ теккизишмасдилар. Ўша куни бунинг иложи бўлмади. Ўша куни Саримсоқ полвон ўзлигини унутган кун эди…
Кўпкари охирлаб келарди: чортоқдан сўнгги улоқ ташланди. Тасодифий чавандозлардан тортиб, полвонман деб юрганларнинг ҳам айримлари тўдадан чиқиб кета бошлашди. Охирги улоқнинг талоши ваҳимага айланиши сезилиб турарди. Таниқли полвонларнинг деярли ҳаммаси асабий ҳолатда, юзлар булутли осмондай тунд. Саримсоқ полвон улардан кам жазавага тушмаётганди. Охирги улоқни ҳам олиш унга сув билан ҳаводай зарур эди.
Тўдада одамнинг камайгани бирмунча ўнғайлик туғдирарди-ю, лекин полвонлар Саримсоқ полвончалик ҳолдан тойишмаганди. Бирор тадбирини топмаса, панд еб қолишига кўзи етиб турарди унинг.
Улоқни тўдадан Ҳуббим мўлтони билан Худойқул полвон чиқариб кетишди. қишлоқлари бошқа бўлгани билан иккаласи бир жойнинг одами. Бу йўл-йўлакай иккаласининг тил бириктириб олишига имкон берарди. Бироқ Саримсоқ полвон уларни яхши билади: Ҳуббим мўлтони Худойқул полвонни мирламайди. Худойқул полвон ҳам уни менсимасди. Яширин рақобат умумий тил топишларига тўсиқ бўлиши турган гап. қаердадир бари бир тортишишлари шарт эди. Кетларидан отини тақаб бораверди. Кутганидай, ҳарифлари марранинг ярим йўлига етиб-етмай тортишиб қолишди. Тортишишган пайтлари отлари бир-бирларига қапишиб қолар, сал тўхташса оралари озроқ очиларди, оралари очилган пайтда Саримсоқ полвон отини қамчилаб, оралиққа суқулиб киролди. Эгарқошга тақалиб келган улоқни силкитиб кўтариб, ўзининг олдига ўтказиб олди.
Зўрлигидан ташқари, Ҳуббим мўлтони тажрибали чавандоз эди. Орага Саримсоқ полвоннинг кириб олишига имкон бериб, хато қилишганини тез англади. Улоқни олдинги оёқларидан ушлаб кетаётганидан, эндиги уринишлари бефойдалигини сезди. Бошқа одам бўлганида, балки, силкилашиб кўрарди. Аммо ҳозирги ҳолатида улоқ Саримсоқ полвон учун нақд бўлиб қолганини тушуниш қийин эмасди. Шунинг учун:
-Хўлўлинг бўлсун, Саримсўқ, ол улўғний,-дея улоқни қўйиб юборди.
У қўйиб юборган оёқларни чапдастлик билан чап узангисининг қайишидан ўтказиб, тақимига мустаҳкам босиб олди. Энди Худойқул полвонга таслим бўлишдан бошқа чора қолмаганди. Саримсоқ полвоннинг ўзи ҳориган бўлса, унинг оти ҳориган. Шунга қарамай улоққа чакамуғдай ёпишиб келарди. Осонликча жон берадиган тури йўқ эди.
Ногаҳонда Саримсоқ полвоннинг барча томирлари яна ҳаракатга келди. Кўз олди қоронғилашиб, баданлари қайтадан қизий бошлади. Чарчоқ ҳиссини бутунлай унутди. Бир хаёлида ўнг узангисини ҳам улоқнинг устидан ўтказиб, пастга куч билан босмоқчи ва отни чап томонга кескин қайирмоқчи бўлди. Шунда Худойқул полвон заранг ерга тос тепаси билан ағдарилиб тушарди. Бир дақиқа ўйланиб, унга ачинди ва аҳдидан қайтди. Гуноҳи нима? Улоқни тортишаётганими? Кўпкари бўлганидан кейин ҳар кимнинг улоқ олгиси келади-да. Марра эса яқин.
У Худойқул полвонни йиқитиб кетса томошабинлар қувонишади, маст туядай айқиришади, қойил бўлишади. Лекин зарурияти йўқ пайтда шундай қилиши инсофга тўғри келмасди. Улоқ эгарида, бир қисми чап тақимида мустаҳкам қистирилиб турибди, оти чарчамаган. Демак, рақибини йиқитишнинг кераги йўқ. Улоқ, насиб қилса, бари бир уники.
У ўнг оёғини улоқнинг устидан оширди ва Худойқул полвонга:
– Эҳтиёт бўлинг, ака-деди-да, отнинг сағрисига аччиқ бир қамчи урди.
От қутуриб олдинга сапчиди. Худойқул полвон улоққа илашиб ўз отининг бўйнига тушди. Уни қўйиб юбормаса, Саримсоқ полвон судраб кетиши муқаррарлигини англагачгина таслим бўлди: «Энағардинг кучини-и-и,-деди хаёлида.-Яна йигирма беш улоққаям туриш беради бу!» Амаллаб эгарига қайта ўтириб олгач, бош эгиб майдондан чиқиб кетди.
Саримсоқ полвон улоқни сомонга ташлагач, Файзулла махсумнинг ёнига қайтиб отдан тушди. У узатган сувни қолдирмай ичди. Бир қўлча сув билан тер ва қон аралашиб кетган юзлари ва бўйнини ювди. Кимдир елкасига ташлаган чакмонни кийиб ўз отига минган пайтда, ҳаллослаб бош баковул етиб келди.
-Солимларингизди нима қиламиз, Полвон ака?-Сўради ўнғайсизланиб.
-Нима қилишларингизди номма-ном айтувдим-ку,-Саримсоқ полвон хотиржам жавоб берди.
-Сиз айтган одамлардинг бирортасиям солимди олмаётир…
-Унда от эгаларига бўлиб беринг. Полвонлар олишмаса, бугунги солимлар шу бедовларники бўлиши керак.
-Биз ўзаро келишиб, бу галги «от емидан» воз кечдик,-деди Жуманбой кулиб.-Солим ўз ихтиёрингизда қолади.
-Унда ҳаммасини Турмат мингбоши билан Саттор қозининг ихтиёрига ўтказинглар, бева-бечораларга инсоф билан бўлиб беришсин…
У ёнидагилар билан қисқагина хайрлашиб, бошқа бир сўз демай тўдадан чиқди-кетди. Оришлининг ортидаги йўлга тушганидагина кўксига муздай шамол урилиб, сал ўзига келди. Чакка томирлари ҳануз лўқиллаб турса-да, ўтаётган кунидан мамнун бўлди: ҳеч кимни ранжитмади, ҳеч кимга озор бермади. Мақсадига ҳалол тортишувларда етди шекилли. Бундай кунларнинг садағаси кетсанг арзийди!
Тарихда бир кўпкарининг ярим совринини, борингки, кўпроғини ҳам олиб қўйган полвонлар бўлган. аммо кўпкари чопиладиган юртларнинг бирортасида барча соврунни бир ўзи олиб қўйган полвон бўлмаган. Шунинг учун бу кўпкарининг довруғи Ёзкечувдан ошиб, узоқ-узоқларга тарқалди. Бундан тўй эгаси ўзида йўқ шод эди. Ҳолига қараб атиги йигирма бештагина соврин тиккан ва уни битта полвон олиб қўйган эса-да, ҳурсанд эди. Чунки Саримсоқ полвоннинг номи тилга олинган жойда унинг исмини ҳам тиркаб кетишарди: «Фалончининг тўйида…» Ҳафталаб кўпкари берган туман қўйли бойларнинг тўйи ҳам бунчалик довруғ таратмаганди.
———–
*Соқи – сахий
* қўли-гали, навбати маъносида.
* қўлча-сопол, мис ва бошқа металлардан ясалган кружка

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.