Сойим Исҳоқов

kupkariКўклам адоғида куз

(Роман)

Ўн биринчи боб
Гап ҳам одамлар орасида илонга ўхшаб судралиб юради. Лекин у илондай вишилламайди: «Мен бу ердаман»,-дегандай огоҳлантирмайди. Ишини сездирмайгина бажаради. Заҳри ҳеч кимни ўлдирмаслиги мумкин, аммо кўпларни бир умр ўнгланмайдиган қилиб юборолади.
Ўгатнинг «ориятли» шоввозлари қаробдолдаги воқеани узоқ вақтларгача унутишолмади. Дуч келганда «Саримсоқ қирқиянинг орини туркманнинг бир лиқилдоқ чолига сотди»,-деб юришди. Гапларига хатто «Полвон» унвонини қўшиб айтишни ҳам лозим кўрмадилар. Ўгатликларнинг аксарияти соддадил ва ишонувчан кишилар эди. Шунга қарамай кўпчилик иғвога учмади. «Саримсоқ полвон бир улоқни Эгамберди полвонга ҳадя қилса қилибди-да, у-устози, устоз-отангдан улуғ»,-дейишди. Иғволарга учганлар ҳам бўлди: «Ия шундай бўптими? Полвоним деб юзимизга тутиб юрсак, буям айнипти-да. Хап уними…»-дейишди. Кунларнинг бирида улар кутган пайт келди…
Куз тугаб, ҳали чинакам қиш бошланмаган дамлар эди. Ёғин-сочин кечиккан эса-да, совуқ шамоллар дарахтларни яланғочлаб бўлганди. Ола қарғаларнинг қор тилаб қағиллашлари тез-тез қулоққа чалинарди. Кўк юзини бот-бот палахса-палахса, кул ранг «дағал» булутлар қопларди. Баъзан совуқ шамоллар кучайиб, еру самони чанг-тўзон қоплар, йирик-йирик туяқоринларни дашт бўйлаб ғилдиратиб ўйнарди. қирлардаги қўзиқулоқларни илдизи ёнидан чирт синдириб, учириб жар чуқурларга босарди. Continue reading