Сиёсий ҳангомалар

ia1.jpgСайлаб олди учрашувлари

Кеча “Ахборот”да президентликка даъвогорларни сайловчилар билан учрашувини эьлон қилишди. Cайлов комиссиясини катталаридан бири гапирди. Исми ё Людмила, ё Светлана. Ортиқ майда -чуйдага тўхтамай, гапни пўст – калласини гапирди. Қайта – қайта гапирди:
“… Ҳаммаси текин! Ҳеч қандай пул тўланмайди. Тушундингизми, тў-лан-май-ди! Фақат ихтиёрий равишда! У ҳам бўлса сайловдан кейин. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қатнашиши мумкин. Тошкентданми, Россияданми, Қозоғистонданми – фарқи йўқ! Фақат фуқаролик паспортини кўрсатсангиз бўлди. Свет ва газга вақтида тўлаганингиз ҳақида справка ҳам керак бўлади, Маҳалла комиссиясидан оласиз. Учрашувга 2 соат аввал бориш керак. Регистрациядан ўтказишади. Аэропортда ҳар бир одамни регистрациядан ўтказишига ўхшаб. Эскийўлда бўлади. Келажакка олиб борадиган трасса борку, ўшани Эскийўлида”…
Аммо гапни боплар экан! Жуда тиниқ гапирар экан. Албатта боришга қарор қилдим. Текширса – текширибди, ҳечқиси йўқ. Асосийси – бепулку! Ҳам шунга хурсанд бўлиб, ҳам Баракатопгурни яна кўрар эканман, деб эрта тонгдан бориб олибман. Яхшиям вақтли борганим. Эрта бўлишига қарамай майдонда тумонат одам. Бир тарафда Акмал Саидов ўз тарафдорлари билан нималарнидур маслаҳатлашаябди, сағал нарироқда юзга яқин Хотам Кетмоновни коммунистлари сигарет чакиб туришибди. Қурт сотувчиларини олдида “Лидеп”чилар “Адолат” билан гап талашиб ётишибди. Бири “Россиядаги мардикорларимизни йиғиб олишимиз керак!” деб бақирса, бошқаси “аввал ўзинг ақлингни йиғиб ол, дангаса!” деб гапни чўрт кесади. Яни бири “қўшимча қиймат солиғи адолатдан эмас!” деб гапирса, унга жавобан девдек йигит “Адолат”га тил текказма, номард!” деб муштини кўрсатиб турибди. Сағал қолса солишадиган. Ишончли вакиллар эса бунақа майда – чуйдага эьтибор бермай ўз тарафдорларини рўйхат қилиш билан оввора:
“Тошматов!” – “Бор!”.
“Абдуллин!” – “Я здесь,” деган овозлар.
Негадур асосий даьвогарлардан бўлган Наримон Умаров кўринмайди. Одамларни пичир – пичирига қараганда у кечадан бери Баракатопгур билан каолиция тузиш масаласида ташашиб ётганмиш. Менимча барибир синади. Чунки Баракатопгур учун у ким бўлибди, қанақа зўрларни синдирганда. Айтишади – ку, “ўйнашмагин арбоб билан…” деб.
Бир паст майдондаги ҳангомани томоша қилган бўлдимда, залга киришга шошилдим. “Кираверишда қаттиқ текширади” деб қўрқитишганди, бўлмаган гап экан. Бор – йўғи майка –трусикгача ечинтиришди. Бир пастда – 5 минутга ҳам бормай қайта кийиниб олдим. Олдинги қаторлардан жой танлаб, яхшилаб ўрнашдим. Ҳар бир ўриндиқда даьвогарларни суратлари, Баракатопгурни сайлов программаси. Негадур бошқалар программаларини ёзишмабди. Баьзилари биринчи маротаба қатнашаябди, билмаган бўлишлари мумкин, лекин Акмал Саидов-чи? Учинчи ёки тўртинчи маротаба қатнашаябсан – арзимаган программани ёзсанг ўласанми? Яна элчи бўлганмиш! Менимча, агар у ўз программасини ёзса ўлишга ўлмайдику, аммо қамалиши аниқ. Шуни учун ёзмаган. Ёнидагиларга ҳам маслаҳат берган бўлиши мумкин…
Соатга қарасам, ҳали учрашув бошланишига 1,5 соат вақт бор. Зални иссиқлигиданми, ўриндиқни юмшоқлигиданми бир паст эснаб, мудраб ухлаб қолибман. Ёнимдагиларни гулдурос қарсаклари уйғотиб юборди. Қарасам, президиумда Баракатопгурни бир ўзи йиғилганларга таьзим қилиб турибди. “Қолган даьвогарлар қаерда экан?” – деб бир паст хайрон бўлдим. Қарсаклар тугаб, ҳамма тинчлангач, ёнимда ўтирган одамдан аста шу ҳақида сўрасам – “Улар гапириб бўлишди. Қисқа гапиришди. Сўнг ҳаммасини олиб кетишди, – деб тушунтирди шеригим. “Савол –жавоб бўлмайдими?”-деб сўрасам – “Савол – жавоб бошқа жойда бўлармиш,”- дейди. Ўзи даьвогарларни суратларини биринчи бор кўрганимда шунга ўхшаш шубҳалар туғилганди менда. Майли, буларни ҳаммаси ерунда! Асосийси – Баракатопгурни гапи. Қолганлар нима ҳам дерди. Ёки уларни гапига ким ҳам қулоқ соларди. Парламентда кўпчилик овозни ололмаган бўлсанг, коалицияда қатнашмасанг, ким қўйибди сенга президент бўлишга. Тем более 25 йилдан бери бўлолмаган бўлсанг. Менга қолса, даьвогор бўлишга ҳам бекорга рози бўлибсанлар. Аввалги даьвогорларни охири нима бўлди? Сенларни ҳам шу нарсалар кутаётганини биласанларми? Ёки бу нарсаларни тушунмайсанларми? Яна президент бўлармиш, булар!…
Ниҳоят Баракатопгур микрофон яқинига бориб, сўзини бошлади:
-Қадрли биродарлар! Аввалом бор ҳаммангизни, яна қайтариб айтаман, ҳамма-хаммангизни қучоқлаб, мана шу бағримга босмоқчиман! Қани энди бағрим шунақа кенг бўлса эди! Унга ҳамманглар сиғсанглар эди. Яна қанча – қанча нарса сиғар эди. Уни ҳисоблаб охирига етмасди киши. 25 йилдан бери йиғилганларни, яна 25 йил тўпланадиганларни. Орзуга айб йўқ. Чунки мен ҳали узоқ йиллар сизлар билан бирга ишлаб, қилган ишларни сарҳисоб қилиш ниятим бор. Ҳали куч – қувватим етарлик. Ҳам сарҳисоб, ҳам ҳисоб қилиш ниятимга ҳеч ким қарши бўлмаса керак? , – Баракатопгур қоғозидан кўзини кўтариб йиғилганларга бир назар солиб чиқди, қаршилар бормикан, деган фикрда. Сўнг сезилар – сезилмас жилмайиб қўйиб нутқини давом эттирди, – Мен ҳали Қаршида ишлаганимдан биламан –бизда қаршилар бўлмайди. Хозир ҳам йўқ. Лекин баьзи – баьзи қаршилар чиқиб қолса, уларни шу захоти Қаршига юборамиз. Тўғри айтаябманми? – Ҳамма ўрнидан туриб қарсак чалди, – Мен айтсам агар, туриб қарсак чалиб тўғри қилаябсизлар. Ахир ўтирган одам, ўйлаб кўринглар ахир, ўтирган одам, бу ерда ўтирадими ёки Қаршида ўтирадими, ҳеч вақт қарсак чаладими? – Яна гулдурос қарсаклар… -Демак бу нарсани тўғри десанглар, демак бу менинг сайлов дастуримнинг биринчи банди, деб билиб қўйинглар, тушунарликми? Агар мендан сўрасалар эди, – гапини давом эттирди “катта” – биз ким эдик –ку, ким бўлдик, деб сўрасалар эди, мен айтган бўлар эдим – эй баракатопгур, хамма имкониятлар сизларнинг қўлингизда, деб. Бу ёғига сиздан харакат – мендан баракат.

Қанчалик оғир бўлмасин, мен бу баракатни кўтара оламан, ушлаб тура оламан. Қанчалик кўп бўлишидан қаттиий назар. Миллионда бўладими, килограмм ёки тоннада бўладими, менга фарқи йўқ. Шуни ўзи сизларга берилган катта баҳо эмасми? – Яна гулдурос қарсаклар, – Демак бу менинг дастуримни иккинчи банди, деб ҳисобланглар. Мен-ку аллақачон ҳисоблаб қўйганман.

Энди гапирадигам бўлсам, гап кўп. Дунё нотинч. Украинадаги тўполонларни каранг. Ҳаммаси майдондан бошланди. Баҳорга бориб нима бўлди? “Қрим баҳори”, илгари “Араб баҳори” ва шунга ўхшаш нотинчликлар.

Мана бизларда ҳам баҳор яқинлашиб келаябди. Буни устига бизда майдонлар кўп. Тошкентда майдон, Андижонда майдон ва ҳакозо. Демак ҳар қандай йиғинларга бархам беришимиз керак эмасми? Керакми бизга шу тўполонлар? Тўғри бўладими шунда? Нега қарсак чалмаябсизлар? (…қарсаклар..)

Яна қайтариб айтаман, агар мендан сўрасалар эди, шу сайлов зарурми, деб сўрасалар эди, баҳор пайтида зарурми, деб сўрасалар эди, мен айтган бўлардим – эй баракатопгур, бахор пайти бўлса, экин пайти бўлса, бошқа нарсаларга чалғиб нима қиламиз, деган бўлардим. – Ҳамма ўрнидан туриб узоқ пайт қарсак чалишди, ” сайлов бекор қилинсин”, “ чигит кутиб турмайди”, “бизлар учун ўзингиз денгиз” деган ҳайқириқлар эшитилди, – Демак шу нарсани “тўғри” деб билсанглар, масалани овозага қўйсак, – деб гапини тугатди Баракатопгур. Мажлисни олиб борувчи зудлик билан овозагни эьлон қилди. “Қаршилар – йуқ! Бир овоздан!” Ҳамма яна ўрнидан туриб гулдурос қарсак чалган. Менимча мажлис тугаганига хурсандлигидан бўлса керак. Кўпчилик бир-бирини қучоқлаган, юзларда табассум. Хурсандлигимдан Баракатопгурни мажлисдан чиқиб кетганини ҳам сезмай қолибман. Елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлганига ёнимдаги одамни елкасига қоқиб қўйдимда, сўнг Эскийўлни бозорида яхши сомса қилишини эслаб, сомсага навбат олгани шошилдим.

Сайлов олди учрашув таасуротлари билан баҳамлашган М.Мансур. 07.02.2015-йил. Эскийўл.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.