Муаззам Иброҳимова

muazzamЭРКАК

(Ҳикоя)

Дунё бевафо. Ҳамқишлоғим  Раҳим  тоға ахийри   омонатини топширибди.

 Бояқиш олтмишга ҳам кирмаганди.  Бироқ,  бу  марҳумга нисбатан “ Ахийри қутулибдида  бечора” дея  юзларга фотиҳа тортилди.

… Тошкентга келишганида  эр- хотинни   истамайгина  кутиб  олгандим.   Фақат, ташрифлари  боиси,    томоғда пайдо бўлган хавфли шиш эканини  билиб  юмшадим.

Унинг касали анча аввал бошланган экан.  Ташхис аниқланиб, вилоят онкология диспансерида  кимётерапия  муолажасини  ҳам бошлашган.  Аммо  қон босими кўтарилиб   ахволи оғирлашгач, уйга жавоб беришган экан. Бир оз  муддатдан сўнг, холати яхшилангандай бўлибди.  Кузгача  яхши  юрибди, куч-қувват, иштаҳага  ҳам  кирибди.   Бироқ,   дард қурғур    қайта қўзғабди.

 Хотини шанғиллаб тушунтиргандай бўлди:

-Айб ўзидада!   Икктагина  химия  олиб, қолганини  олмади.  Ўзича яхши   бўлиб  қолдим  деб, ўттиз кун  рўза тутганларига ўлайми?  Дўхтири “катта-катта енг, иммунитетиз бақувват бўлади!”  деб уқтирганди. Кошки қулоқ солса! Ёш бола бўлсаку, уриб-сўкиб мажбур едирсам.  Иштаҳаси йўқмиш?! Арзимаган нарсаларга сиқилаверганидан кейин иштаҳа бўлармиди? Тавба!  Вой  ҳамма нарсани ичига   ютади.  Дунёнинг  бутун  проблемаси  шу  кишига  қолгандай ўйланавериб  шу  касал  ўлгурни  ортириб  олди.

Унга бир ўқрайдиму тилимни тийдим. Бу хотинни эшитишни ҳам у билан  гаплашишни хохламасдим.

Одамлар бежиз  уни Шайтоной  дейишмайди.

 Ўшанда  ҳам,    эр  “Мени шу ахволга тушишимга сабабчи сенсанку!” дея айта олмаганди.

Беморни кўрикдан ўтказишди.  Сўнг уни   ташқарига чиқариб аттанг дея бош чайқади:

– Афсус ўсимта анча катталашиб қолибди. Томоқдаги онкологик ўчоқ  икки карра хавфли ва анча агрессив бўлади.    Уни  нур билан кичрайтириб, кейин операция қилишдан бошқа чорамиз йўқ.  Наманганга бориб  нур терапиясини оласизлар.  Ўсимтани   кичрайтириб олиб ташлаймиз.

 Уларни водийга кузатиб қўйдим.

Уч ойдан сўнг, Тошкентда операция қилдиришди.  Жонлантириш бўлимида ётган   ҳамқишлоғимдан хабар олгач,   профессорнинг олдига кирдим.  Бир вақтлар ўзимга ҳам сабоқ берган нуроний  домламиз   чуқур  хўрсинди:

– Қизим, сендан  яширмайман. Ўсимта анча илдиз отгани учун ҳаммасини олиб ташлашнинг  имкони бўлмади.  Одатда нур терапиясидан сўнг  ҳажми  кичраярди.  Бу беморда   акси бўлган.  Даволашга ҳаракат қиламиз….

Мутахассисдан  бу хабарни эшитиш,  “ Имконият жуда оз.  Барибир ўлади. ”  деган ҳукмни  эшитиш билан тенг   эди.   Мен билан бирга кирган хотини  йиғлаб юборди .

 Бу аёлнинг  йиғлаганини  биринчи марта кўришим эди. Дилозор, тошюрак   Ширинда ҳам юрак бор эканда?  Эрига ачиндими ёки  ёки ғафлатдаги  имони уйғондими била   олмадим.

…  Раҳим ака  бор йўқлиги билинмайдиган одамлар сирасига кирарди.  Болалигимизда , уйимиз биқинидаги  самоворга ҳамманинг дадаси кирар, фақат  Соҳибанинг отасигина    кўринмасди.  Тенгқурлари йиғилиб, соя-салқинда  отамлашиб  ўтирганда,   у жазирама иссиқда ҳам, қаҳратон қишда ҳам  томорқада куймаланиб юрар,  хизмат сафарига ҳам  кўп борарди.  Аҳён-аҳёнда,  битта марака ёки тўйда кўриниш берибгина,  тириклигини   эслатиб турарди.

 У  аламини   меҳнатдан оларди.   Бировга  ёрилмас,  ҳамма  хабардор бўлган оиласидаги муаммоларини ҳеч ким хал   қила олмаслигини ҳам  яхши биларди.

  Айтишларича, бу муаммолар анча аввал бошланган.

 …Эридан сўнг, уч болани ёлғиз катта қилган   Саври хола  тўнғичини уйлаш пайига тушди.  “  Раҳимжон!   Раҳимжоним энг яхши, энг ақлли қизга муносиб”деб , етти маҳалла қизларини суриштириб  совчи  жўнатарди.  Қани  оёқлари ўзига бўйсунсаю,  шахсан ўзи,  қизларни  кўрикдан ўтказса. Қани қанотлари бўлсаю,  энг оқила қизгинани  топиб манглайидан ўпса!  Ўғли бировни севмади. Ёки суйгани бўлса ҳам, андиша қилди.  Ниҳоят  чеккароқ бир қишлоқдан қўхликкина қизнинг дараги чиқди.  Ақли-хушини ҳам обдон мақтаган  таниши   икки хотин билан бориб оқини ҳам олиб келди.

Бир дунё орзу-умидлар   билан  тўй бошлаган  шўрлик она   шодиёнани деразадан кузатди.  Ёр-ёрлар садоси остида кириб келган келини ва ўғлини дуо қилиб, ёшларга оқ фотиҳа берди. Икки ёшнинг  пешонасидан ўпиб, Яратганганга шукроналар келтирди.

 Келин бўлмиш оддий оиланинг  саккизинчи боласи экан.  Уч-тўттагина  лаш-луш билан  остона хатлаган  қизгинанинг сепи хотинларга ёқмади. Бу  хонадонга қиз бераман деганлар,     Раҳимжонни куёвликка кўзлаганлар кўп эди.

Висир-висирлар қулоғига етган Саври хола  ғийбатнинг тилини  чўрт кесди:

-Менга унинг бойлиги керак эмас. Худога шукур,бир умр тўқ яшадим. Бу макон ўнта келинни бола-чақаси билан  боқади.   Ўғилларим иккитагина. Мендан кейин  уч боламга меҳрини аямаса , улардан ширин сўзини  дариғ тутмаса бўлди!”

Ўғил  ҳам , онанинг гапини маъқул кўрди.

–             Онамни хурмат қилинг! Отамнинг ўлимидан сўнг бизларни  ўкситмадилар.  Синглим туғилгач  дардга чалиниб ётиб қолганлар.  Сизгача кир-чир, ош-овқатни эплаганимча ўзим қилдим. Шу…  Уларнинг кўнглини олинг!

     Шириннинг  юзлари  қизариб эрининг гапларига астагина “ хўп бўлади” дея жавоб  қайтарди.

Каттакон ховлининг  маликасига  айланган қизгина  жаннатга тушиб қолгандай еттинчи осмонда эди.  Уйлар данғиллама бўлмаса ҳам , ҳар қалай  катта бўлган хонадонидан хашаматли.   Гир айлана боғдаги мева-чеванику гапирмаса ҳам бўлади.  Шафтоли, анор, олма, анжир…Хуллас кўнглинг  тусагани  топилади.  Қизлик уйида  бу неъматлар анқонинг уруғи эди.  Отаси, ака-укалари ҳам боғ-роғ билан астойдил шуғулланишмаган.  Дарахтларнинг меваси саноғлик эди.  Бу ховлида манзара буткул бошқача.  Баҳри дилинг очилади.   Қайнонасининг айтишича, раҳматли эри ҳам қўли гул боғбон экан.   Раҳим акаси ҳам тинмайди.  Тўйнинг эртасигаёқ   қўлига ток қайчини олиб, боғ оралаб кетганди. Келинчак  аллақандай дарахтга улама қилаётган эрининг олдида ўтириб ишини  кузатди.  Бир дарахтга бошқасининг  новдасини  уланаётгани   қизиқарли  эди.  Бир оз ёрдамлаш ҳам   бўлди.  Бироқ, тезгина зерикиб қолганди.

 Ховли ўртасидан   оқиб ўтувчи шарқироқ сой, унинг биқинидан   биқирлаб  чиқувчи   булоқ- чи?  Унинг сувидан илк маротаба тотиб кўргандаги  таъми ҳамон оғзида.

… Юкли бўлиб қолганини  сезмаган келиннинг   кўнгли айниди.  Синчков  қайнонанинг эса  кўнгли кўтарилиб  ўғлини чақирди. Булоқ сувидан олдириб чиқиб,   пиёлани тўлдириб келинига  тутди.  Ҳеч нарса ёқмай турган келин сувдан бир хўпладию, танаси яйраб,   “ вой , мунча ширин-а!” деб юборганини ҳам билмай қолди.  Саври хола ютоқиб сув ичаётган келинининг холатидан  завқланиб  ҳукм  чиқарди: “Бугундан бошлаб булоқчамизнинг номини  сени шарафингга  Ширинбулоқ деб атаймиз. Невараларим,чевараларим  ҳам  унинг сувидан  ичиб  яйраб юришсин!”

 Зарифжон ва  Зумрадхон келинойисини  жуда яхши кўришарди. Айниқса  Зарифжон.  Саҳар  туриб, пақирчада  кўтара олганча сув олиб, ховли сатҳига сепади. Каттагина супургини аранг кўтариб  терга ботиб супуришга  ёрдамлашади.  Сўнг  дарахтларнинг баланд шоҳидаги, энг ширин мевани топиб ийманибгина узатарди.

                Ҳаммаси чиройли, ҳаммаси рисоладагидек эди.  Аммо, егани олдида, емагани кетида бўлган ношукурнинг  ширин сўзи атиги    бир  йилга  етди.   Кейин, баъри ўзгарди.  Йўқ жойдаги  баҳона билан  жанжал кўтариб,     тинчгина хонадоннинг  тутунини  чиқарди.  Келинойисидан олган мунчоқлик рўмолчаси қўлидан қўймайдиган  беш ёшли   Зумрадни  силтаб, эндигина иккинчи синфга  ўтган  Зарифжоннинг кийимларини ювиб бериш ҳам малол келди.   Болалар бу ўзгариш сабабини тушунмас,  дераза орқали кузатиб ётган  Саври хола   инсофга чақирарди:

-Хай, секинроқ қизим! Уят бўлади!  Кечаям арзимаган сабаб билан овозинг кўтарилди. Хонадонимиздан гап чиқмаган. Қўшниларнинг олдида номусга қолдирма!

Аммо заҳар келин  касалманд қайнонани  ҳам  чақишдан тоймади:

-Сиз индамай ётсангиз бўларди ойи! Бу иккала манқага фақат ман қарайман. Уларнинг кир-чири, ош-овқатидан тўйдим. Тайёр хизматкормана! Келибоқ иккита туғиб олгандай ,гулдек ёшлигимни шу болаларингизга бағшлаб ўтирибман.  Сизи иштон-пиштонингизнику гапирмасам ҳам бўлади!

Саври холанинг қоқсуяк елкалари силкиниб- силкиниб  йиғларди.   Ўзику майли, туртилиб-суртинаётган  кичкинтойларини ҳимоя қила олмаётганидан эзилар,  бировга чурқ эта олмасди

Аммо ношуд келинни на насиҳат, на унсиз кўз ёшлар  юмшатди.  Учта туғиб ҳам ўзгармади. Ҳаётига аралашган қариндош, қўни-қўшни  ҳам дарвозадан ичкари киролмайдиган,    “ички ишларга бурун тиқмайдиган “  қилиб қўйди.

Йиллар шу тахлит ўтаверди.  Умидлари  чилпарчин бўлган онаизор ҳам  кўзи очиқлигича  бу дунёни тарк этди.

Олис юртдан, икки  йилги  харбий хизматдан қайтаётган  Зарифжон келинойисига инсоф киришидан  умидвор эди. Ўшанда   куз эди.  Бояқиш тунда келиб, эрталабгача  эшик қоқибди.  Тонгни  осмон  оқармай қаршилайдиган қишлоқ аҳли уйғонганида  аскар  жамадонига суянганча қўнишиб ухлаб қолган,  дарвоза эса ичкаридан ёпилганча турарди.   Бир оздан сўнг зулфин шарақлади. Биттагина қайнукани кўчада  қолдирган янга  “ Эшитмабман” деган баҳона билан ўзини оқлади.   Зарифжон ишонди. Акаси сафарда экан. Чулдирабтили чиқиб қолган жиянлари билан кўришиб, ҳаммага совға-салом улашди.

Боғ анчагина бефайз,  бир вақтлар маҳаллада битта бўлган  уй  нураб қолган экан. У дарҳол ишга киришди.  Ўсиб кетган шох-шабаларни қирқиб,  уйнинг  таъмирлаб  жойларини  биноидек қилиб қўйди.  Аммо икки ой ўтмай,   аскарликдан орттирган ўша  биттагина жамадони билан  киндик қони тўкилган  хонадонни  тарк этди.  Ўз юмушларига кўмилган  қўшнилар  сезмай, қариндошлар хабар топмай   Зарифни хайдаган Ширин  ўзида йўқ хурсанд эди.  Иккта ўғилга  тенг  мерос –  эллик сотихли ховли  бус-бутунлигича  ўзига қолишни истаган жоҳил аёл  ҳеч нарсадан тап тортмади. Бундан хабар топган   оқсоқолларнинг панд-насиҳати нима бўпти?  Тушига бот-бот киргувчи раҳматли қайнонасининг ҳам нолаларини  писанд  қилмади.

Энди биттагина қайнисингилдан қутулса бўлди.

Биринчи  бўлиб остона хатлаган  совчиларни яхшироқ суриштирмай, тўрттагина кўрпа- тўшаги билан  Зумрадхонни ҳам  ими-жимида тақдирин хал қилди.  Бир донагина  қиз ҳам,  ота уйидан буткул хайдалганини  хис қилиб  борган жойида тошдек қотди.

 Одамлар энди орқаваротда Раҳимахон деб чақираётган эр  баърини кўриб турса ҳам хотинига қарши чиқа олмади.  Икки жигардан битта хотинни  устун қўйган эркакнинг обрўси қолмади.

…Ўн йил деганда, бировларникида яшаб ,устачилик қилаётган  Зарифжонни маҳалла ахли уйга олиб келди.  Соқоли кўксига тушган Қирғиз домланинг пўписаси билан  мерос иккига бўлинди.  Ўттизни қоралаб халигача уйлана олмаган     Зарифжон ўзига берилган ерга шинамгина уй солди.   Кўнгил қўйган қизиникига боришга рози бўлиб, тили “ ширинлашиб” қолган  янга нинг бир оғиз гапи билан эски  уйни ҳам бузиб қайта кўтарди. Устунлару, эшиклари ганждан ишланган, ўзиникидан ўн чандон чиройли иморат қад ростлади.

 Энди уйланса ҳам бўларди. Бир кўча наридаги суйганининг уйига бориш ҳақида ийманибгина  оғиз очди.  Шунда   Ширин яна асл башарасини кўрсатди.  Яна сафарга кетган эрнинг йўқлиги қўл келди.   Ярим  кечаси,  ҳамма ухлагани ётганида ялангоёқ кўчага югуриб чиқиб, аюханнос солди. Одамлар кўзларини ишқалаб чиққанида ёқаси йиртилган маккор хотин  ер муштларди.

 “ Тинчликми?” деб югуриб чиққан  Зарифжонга қўлини бигиз қилиб  хўнграб юборди:

–                    Вой- дод! Вой-дод… Манави гўрсўхта, акаси йўқлигидан фойдаланиб менга ташланди. Болалигидан боламдек кўрганим бошимга бало бўлди.  Бугун эрта совчиликка ҳам бормоқчи эдим.  Ётоғимга бостириб кирди яшшамагур!

Бу бўҳтон, бу энг жирканч  бўхтон  эканини  маҳалла  ахли тушунди.  Аёлнинг мақсади маълум эди.  Ҳамма лаънат ўқиди.  Аммо  Зарифжон кўтара олмади. Яна  ўша    жамадонини қўлига олиб,   энди  жудаям олисларга,  ота ховлининг хумори  тортмайдиган жойларга кетишни маъқул кўрди….

***

… “Овози хирриллаб, деярли чиқмай қолган,  шамдек сўниб бораётган  бемор, йўқловчилардан  жигарларини топиб келишни ўтиниб  сўрармиш.  Фарзандларига  ялиниб, аммаси ва амакисини топишни  илтимос қилармиш. Ҳамма  “Хўп” деб ваъда берармишу,   жигарларидан ҳамон  хабар йўқ эмиш”

Бу миш-мишларни эшитиб,  ишонгим келмасди. Энг жохил , энг  тошбағр  хотин ҳам, бир ёстиққа бош қўйган жуфти халолининг  сўнгги  илтимосига бефарқ бўлмас!   Раҳим аканинг холидан хабар олгани кирдим.  Рангпар касал бир ахвол, хотини эса  қошларини туташтириб    ўсма  қўйиб ўтирган экан.  Жирканиб кетдим. Ўша дамда профессорнинг хонасида тўкилган  кўз ёшлар сохта эканига амин бўлдим.  Бир  тан маҳрами  ўлолмай, ажал билан олишсаю  кўнглига пардоз сиғса!

  Раҳим акага ҳам тасалли,  ҳам ваъда бердим. Аммо қани энди укаси ва синглисининг  манзилини билсам. Онамлардан сўрадим. Ойим  ҳам афсусланиб бош чайқадилар.

– Зумрадхон    неча марта  дарвозадан қайтиб кетганини билмайсанда.   Ўтган йили  Зарифжон ҳам келган экан.  Ўшанда  акаси касалхонада ётган  эди.  “Акангиз командировкада “ деб,   жўнатиб юборибди.  Хозир унинг қаердалигиниҳеч ким билмайди қизим.   Бу аёлга шайтон бас келмаса, бандасининг кучи етмайди.

    Раҳим тоға   яна икки ой шу тахлит ётди. Беморнинг  томоғидан сув ҳам ўтмай қолгандагина  келавериб қон йиғлаган сингилни киритишибди. Ҳеч кимни таний олмаётган акаси меҳрибон онасининг  ифорини  олиб келган жигарини таниб  кўзини очди. Қалтироқ қўллари билан  унинг  кафтидан тутиб, аранг розилик сўради. Пажмурда сингил     рози эканини  айтгач беморнинг  кўзи яна эшикка қадалди.     У  бир кўрпани талашиб, тортишиб катта бўлган биттагина укасини ҳам охирги  марта кўрмоқчи  эди.

Қилдак жонни узилиши ҳам қийин экан.  “Омонатингни осонгина ол!” деб бежиз айтишмайди.  Аммо илдиз отган ўсимтанинг даҳшатли оғриқларидан   умр сўнгидаги виждон қийноғи минг карра азоблироқ эди.

… Таборак Ёсин қирқинчи марта ўқилганидан сўнг,   умр сўниб бораётган нигоҳлардан кинотасмадек   ўта бошлади. Бемор тобора енгиллаб борарди. У  ҳаётнинг энг тинч, энг  мунавввар  бўлакчаси – болаликка қайтганди.

 Ана елкасида кўтариб,  баланд ишкомдан узум уздирадиган  басавлат отаси,  уларнинг атрофида парвона, хали оёқдан қолмаган меҳрибон онаси, синглиси.Қандай баҳтиёр дамлар эдия?  Хайхоттек ховли, аҳил оила.  …Ие, яна укаси йўқми? Наҳотки уни бошқа кўра олмаса?!

-Дадаси сув! Сув беряпман, бир томчи …

Ким у? Гапираётган ким?  Жигарининг дийдорини қийёматга қолдирган дажжолми?

Лабини қаттиқ қимтиб, юзини бурди.  Томизилган сув  гезарган лаблар истеҳкомидан  ёриб ўтолмай,  ёстиққа томди.

….Ана  Ширинбулоқ.  Йўқ, ўзларининг булоқчаси!  Ие, анави чўмилаётган болалар ўзи ва укасику! Зилол сувнинг офтобрўй жилоси  кўзини қамаштирди. Унда ҳам жигарининг   доимо кулиб тургувчи чеҳраси акс этди .

– Кечир, кечир укажоним  пичирлади у.  Мендан рози бўл!

Иниси кулиб, бош силкиди.  Қўлини чўзди.    Раҳим тоға енгил  қўзғолиб, жигари томон қадам ташлади…

Ҳаёт нури сўнаётган  кўзлар катта очилди. Унинг тепасида ўтирган  Зумрадхон  қўрқиб,  қоқсуяк, муздак қўлларга ёпишди.  бир томчи аччиқ  кўз  ёш  аканинг  лабига томди.  Сўнг…

“Акажон!” деган  ёввойи фарёддан  фано   ларзага келди.

%d bloggers like this: