Сойим Исҳоқов

kuzКўклам адоғида куз

(Роман)

Ўнинчи боб
Кўпкаридан кейин Сангин полвон Жўрабек ва Абдуллабеклар ҳузурида ер ўпиб, меҳмонларини бир кечага ўз ихтиёрида қолдиришларига изн сўради. Бекларнинг розилиги билан Саримсоқ полвон билан Мулла Исломни уйида меҳмон қилди. қўлидан келганича хизматларида бўлиб,узрхоҳлик билдирди. Эртасига, кўпкаридан кейин бекларнинг розилиги билан шоп мўйлов-Аширмат полвоннинг уйида меҳмон бўлишди. Шу билан тўрталаси ажралишмай қолишди. Отасининг топшириғи бўйича Бухоронинг муқаддас қадамжоларини уларнинг ҳамроҳлигида зиёрат қилишди. Бу орада вақт топиб, Мулла Ислом иккаласи Бухоро мадрасаларида тахсил олаётган Ёзкечувлик талабаларга қўй сўйиб зиёфат беришди. Мўл-кўл садақа улашишди. Бухородан қаршигача, ундан Чоржўйгача бўлган жойлардаги катта кўпкариларда ўзбек, тожик ва туркман полвонлари билан беармон улоқ чопишди, кўплаб янги дўстлар ортдиришди…
Чоржўйдаги бир кўпкари сира ёдидан чиқмайди. Ўшанда кўпкари бошланиши олдида, негадир, чоржўй муфтиси уни мазахлашга уринди:
-Ҳали кўпкари ҳавосида юрган болакайга ўхшайди, бизнинг отлар бу болакайни тепкилаб ўлдириб кетмасмикан?-деди.
Туркман тилида тез гапирганидан, нима деганини Саримсоқ полвон яхши тушунмади. Нуфузи баланд бўлганидан, тушунишганига қарамай, бухоролик шериклари ҳам «лом» деб оғиз очишолмади. Сангин полвон ўз-ўзидан қора терга тушаверди. Яқиндагина ўзи ҳам шу муфтининг гапини қилганини эслади чоғи.
Унинг нима деганини Саримсоқ полвонга кейинроқ айтиб беришди. У бепарво кулиб қўйди-ю, зиддига кўпкари бошлангач, гуриллатиб улоқни олаверди. Бу ҳол вилоят муфтисининг ғашига тегдими ё анчайин синамоқчи бўлдими, сайисини имлаб ёнига чақирди. Унга табласидаги* ҳеч кимга бўйин бермай келаётган айғирини келтиришларини буюрди. Муфтининг отхонаси яқин-атрофда эканми, сайислар кўп куттиришмади.
Айғирнинг зўр ва ҳаддан зиёд асовлиги бир қарашдаёқ кўзга ташланарди. Шу пайтгача чапдаст туркман тобгирлари эплолмаган отни қандайдир келгинди бир чавандознинг мина олишига муфти ишонмасди. Овсарда* тўрт одам зўрға тутиб турган айғирни шунчаки кўз-кўз қилиб, Саримсоқ полвоннинг попугини босиб қўйиш ниятида эканлиги билиниб турарди. Овсардаги иплар шундай боғланган эди-ки, от қаёққа ташламасин пўлат мосламалар жағларини омбурдай қисиб, уни тинчлантиришга мажбур қиларди. Шундай отни минолса, бу полвоннинг ҳалоли бўлсин, минолмаса… садқаи сар!
Саримсоқ полвон отига дам бериш, бошқа от топилса алмаштириб чопиш ниятида четга чиқди. Фурсатни ғанимат билган муфти ёнига бориб, айғирига ишора қилди:
-Шул ади миналярмисингиз, Палван?-деди.
Овсарда, юввош тортиб турганига қарамай Саримсоқ полвон ҳам унинг қутурган йўлбарсдан кам эмаслигини пайқади. Шунинг учун муфтининг нуфузига қараб ўтирмай, гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди:
-Миноламан, Бек ака, лекин элингиздинг полвонлари уни минолмаганини тан олсангиз…
Муфти ноқулай аҳволда қолганини атрофдагиларга сездирмаслик учун андава тортишга тушди:
-Гўзингиза яман ат яли гўринярми?
–Буни овсари олинса биламиз.
-Авсари алинса бул ади кимсе тутмак билмез.
-Бундан чиқдики, ҳали одам минолмаган.
Муфти ростига кўчди.
-Биза шейле палван дал.
-Ундай бўлса минаман.
Сангин полвон энди муфтидан ҳам тап тортмай:
-Уни минманг, Саримсоқ,-деди ҳавотирланиб.-Йиқитиб майиб қиладу-ув!
-Таваккал, Сангин ака, «таваккалчининг ишини худо ўнглабди» деган гап бор-ку.
Тилидан бу жонкуярнинг бухоролик эканлигини пайқаб, муфти Сангин полвонга олайиб қаради. Аммо машҳур бекларнинг отини чопиб юрган полвонлигини таниб, тилини тишлади. Саримсоқ полвон эса уни тинчлантириш учун:
-Дуода бўлинг, Сангин ака,-деди.
-Омин, сизга худо ёр, пирлар мададкор бўлсу-ун, алло-оҳу акбар!
Саримсоқ полвон юзига фотиҳа тортгач, чап қўли билан отнинг жиловидан жингиртоб қилиб пастга босди. Иккинчи қўли билан айил-пуштонининг нечоғлик мустаҳкам тортилганини текшириб кўрди. кўнгли тўлди шекилли, узангига оёғини қўйиб, «лип» этиб эгарга ўтирди. Безовталанаётган отнинг ирғишлашига йўл қўймаслик учун сувлиғини қаттиқ тортиб, бошини умровига ёпиштириб қўйди.
-Овсарини олинг!-ҳайқирди атрофида ҳайратланиб турган сайисларга.-Нега оғзингизни очиб турибсиз!
Довдираб қолган сайислар бу дағдағадан ўзларига келиб, от бошидан овсарли нўхтани тезлик билан силиб олишди. Ён-атрофдагилар тум-тарақай қочиб, майдон йўлини кенг очишди.
Айғир бўй бермай, устидаги чавандозни ирғитиб юборишга ҳаракат қилди. Буни эплолмагач, бадтар безовталаниб, майдоннинг у тарафидан-бу тарафига олиб қоча бошлади. Саримсоқ полвон бари бир аяб, яхшилик билан йўлга солишга уриниб кўрди. қараса, йўлга тушадиган тури йўқ: гоҳ осмонга сапчийди, гоҳ кетини отади. Ўзини ҳар тарафга ташлаб, бошқа чавандозларнинг ҳам жонига тегди.
Айғир билан олишавериб Саримсоқ полвоннинг тоқати тугади. Жаҳл билан жиловидан қаттиқ тортганди, сувлиғи эзувини ҳар икки томондан йиртиб юборди. Оғзи қонга тўла бошлаган от шундан кейингина етакка юриб, ўзини тўдага урди.
Айғир тўдага урди! Не-не зўр отларни умрови билан суриб, нариги отларга қапиштириб ўзига йўл очарди. Оғзидан қизил кўпик сочарди. Энди у тақдирига ҳам, устидаги суворийга ҳам тан берганга ўхшарди. Бошқа отларни куч билан суриб бориб, ўртадаги улоқни ҳам босиб-янчиб ўтавермоқчи эди. У ўзи чекаётган бутун азиятлар ана шу улоқ туфайли эканлигини ҳали билмасди. Устидаги бераҳм суворий жиловини яна нега тортганини тушунмади. Аммо оғзидан қизил кўпик сачратиб пишқирди-да, жойида тақа-тақ тўхтади. Сувлиқ ботганидан жағлари қаттиқ оғриб, кўзларида юлдуз чақнади.
Саримсоқ полвон энгашиб, улоқнинг орқа оёқларидан маҳкам ушлади ва буклаб олдинги оёқлар билан бириктиргач, отнинг тўши томонга тортди. Жиловини ўз ҳолига ташлаб, айғирнинг бўйнидан маҳкам қучоқлади. Оёқлари билан биқинига қаттиқ ниқтаб, юришига ишора берди. Югандан юраги олинган саркаш отнинг бу ниқташдан жон-пони чиқиб, олдинга суриб кетди. У гавдасини тиклаб, улоқни осонгина тақимига босиши мумкин эди. Унда ўнлаб қўллар улоққа ёпишиб, отнинг илдам илгарилашига имкон бермасди. Шу кетишида ҳам баъзиларнинг этигини тагчарми, баъзиларнинг узангиси бошига урилиб оғритар, кимлардир улоқ ушлаб кетаётган қўлини юқорига кўтаришга бехуда уринарди.
От тўдадан чиққан заҳоти Саримсоқ полвон қаддини чаққон ростлаб, улоқни тақимига олди. Бошқа отларнинг суриш-туртишидан қутилган айғир марра томонга юлдуздай учиб борарди. Устидаги суворийнинг жиловини салгина тортишига ҳам сергаклик билан итоат этар, у истаган йўналишга аввалгидай ўжарлик қилмай буриларди. Пишиқ кўнга мустаҳкамланган оғзидаги сувлиқнинг нима эканлигини энди жуда яхши билиб олганди. Баъзи-баъзидагина ҳайвонлиги қўзиб буни унутгандай бўлар, пишқириб чайнаб уни оғзидан чиқариб ташлашга интиларди. Аммо оғзидаги сувлиқ ўрнига қип-қизил кўпик ва биқинига саланглаб урилиб келаётган жундор улоқ бадтар чўчитарди. Суворийнинг юганни ғазабланиб тортиши ҳаммасидан дахшатлироқ эди. У шунисидан кўпроқ қўрқар ва ўзида қўрқув туйғусини қўзғайдиган бошқа ҳамма нарсага чор-ночор чидар эди. Чидам аста-секин итоаткорликка кўниктирар, итоат жонини ортиқча азобланишдан қутқарарди…
Минглаб томошабинларнинг олқиши ва қийқириқлари остида Саримсоқ полвон улоқни маррага элтиб ташлади ва айғирнинг бошини буриб майдондан чиқиб кета бошлади. От энди юввошланиб, бошини адл кўтарганича бир текис йўртиб борарди. Шундагина у отнинг оғзи қонаб, кўпик аралаш қон ерга томиб бораётганини кўрди. отга раҳми келди. Эзувларидан сизиб томаётган қон гўё ичига томаётгандай беҳаловат бўлди.
От пишқириб тўхтаганида рўпарасида тиржайиб турган муфтини кўрди. унга эътибор бермай, орқароқда овсарли нўхта кўтариб келаётган сайисларга бақириб юборди.
-Энди бу овсарнинг кераги йўқ, овсарлар? Уни мининг-у, тезда таблага элтиб, эзувига кигиз куйдириб босинг, туркана дори-дарманини қилинг. Энди жўн нўхтадаям тураверади бу.
Нотаниш полвоннинг дағдағаси сайисларнигинамас, ҳатто муфтининг ўзини ҳам чўчитиб юборди. Сайислардан бири таваккал қилди, айғирнинг жиловини астагина унинг қўлидан олиб, чаққонлик билан эгарга ўтирди. От итоаткорона илгарилай туриб, ҳали жаҳлдан тушиб улгурмаган суворийсига кўз қири билан одамга ўхшаб қандайдир мунис нигоҳ ташлади. Бу билан у, гарчи жағларини йиртиб юборган эса-да, қайта овсарлатдирмагани учун Саримсоқ полвондан миннатдор бўлиб кетаётгандай кўринди.
Шунданми, полвоннинг кўнгли юмшаб кетди. Буни муфти ҳам сезди.
-Сиз ҳич киминг битирмежек ишин битирдингиз, Палван,-деди дилдан елкасига қоқиб.-Хапа бўлип дурмангиз, ягши йигит, ади гиса вагтда шипалаерис. Сизи бир син эдиб гўрян, мелул ўлмангиз.
-Отингиз зўр экан,-деди Саримсоқ полвон.-Уни минган чавандоз сира доғда қолмайди. Фақат яхши тарбиятласалар…
-Айданингиз юрегиме жубт душти, Палван, инди шейле идерис.
Муфти ёнидаги ходимига нимадир деди. Афтидан «ўрис дўхтирни чақиринглар» деди шекилли. «Ҳар қалай, уларнинг дўхтирлари бор экан-ку, отни ростдан ҳам тез тузатишса керак», ўйлади у…
Шу куни Саримсоқ полвон майдонга қайта тушмади. Катта совринларга от солишни ўйлаганида, кўз олдига оғзидан қонли кўпик сачраётган от келаверди. Шу сабабли кўпкарининг бошида олган беш-олти улоғи ва айғирини жиловга солгани учун муфти томонидан қилинган каттагина тортиқ билан кифояланади.
Бир йилча илгари ҳам шунақа бир ҳодисага дучор бўлганди у…

* * *
Улоқчи полвонлар элга танилгани сари атрофида таниш-билишлари кўпайиб боради. Саримсоқ полвон ўн етти ёшларидаёқ Жиззах ва Самарқанд ҳудудларида танилиб қолганди. Жомбойдаги бир тўйда сўфиёнлик Абдусаттор домла, Ҳамроқул деган кишилар билан танишди. Улар полвонни шериклари билан ўз юртларига олиб кетишди: «Бизнинг кўпкариларни ҳам кўриб келасизлар».-дейишди…
Панжикент атрофларидаги катта-кичик кўпкариларда у дарҳол кўзга ташланиб қолди. Шу туфайли «уйга қайтамиз» деганларига қўймай, янги ошнолар Моғиёндаги катта кўпкарига олиб кетишди.
Моғиён аҳолиси асосан тожиклардан иборат бўлса-да, ораларида қачонлардир, қандайдир сабабларга кўра бориб, ўрнашиб қолган ўзбеклар ҳам кўп эди. Тўй эгаси Ургут томонлардан борган ўзбеклардан эди. Элатдош сифатида Саримсоқ полвонларни илиқ кутиб олди ва Облоқул понсад деган кишиникига кўндирди.
Облоқул понсад от ишқибозларидан экан. Меҳмонларидан айримларининг оти кўпкарига ярамаслигини билгач, уларни отхонасига бошлади.
-Биздаям чўбирлардан беш-тўрттаси бор,-деди тавозе билан.-Полвонлар кўздан кечирсалар, манзур бўлганларини сайислар кўбкарига тайёрлаб туришади.
Саримсоқ полвоннинг оти катта кўпкарига ярамасди. Шу сабабли отларни кўриш учун у ҳам чиқди. Облоқул понсаднинг отлари чакана отлардан эмасди. Саримсоқ полвон буни бир қарашдаёқ фаҳмлади. Аммо ёши бошқаларга нисбатан кичик бўлганидан орқароқда индамай турди.
Дастлабки икки тулпорнинг эгаси бор экан. Кейинги учтасини отхонага бирга кирган полвонлар танлашди. Унга яна икки отдан бирини танлаб олиш қолди. Энг четдаги қора айғир кўзига кучли ва чопқирга ўхшаб кўринди: бурун катаклари катта, оғзи кенг, пешонаси дўнг, бўйни узун, иягининг таг қисми ингичка, бели калта, кўкрак ва ўмровлари кенг, туёқлари катта-хуллас бедовларга хос ҳамма белгилар унда мавжуд эди. Шу сабабларга кўра ўшанисини танлади.
-Буни минолмайсиз-ов, Полвон,-дея Облоқул понсад мийиғида кулиб, бошини чайқади.-уни боя меҳмонхонада кўрганингиз зўр полвонимиз-Худойқул полвон ҳам минолмаган. Уни вақти-вақти билан яккамихга узун боғлаб совутяпмиз. Уруғ олиш учунгина асраб юрибмиз.
-Мен ҳам бир уриниб кўрайчи, Бой ака,-Саримсоқ полвон илтимос оҳангида гапирди, -Таваккал-да. Сайисларингиз айтганларимди қилишса бўлгани.
-Ҳай, бир уриниб кўринг. Сайисларнинг хизматидан кўнглингиз тўқ бўлсин. Мабодо буни минолмасангиз, кейингисида чопаверарсиз.
-Отни чўмилтирса бўладиган каттароқ оқин сув борми бу атрофда?-сўради у сайисларга ўгирилиб.
-Бизга муннўй обиравонлар мўл,-деди ёши улуғроқ сайис кулиб.-Буюринг, меймон.
-Отди хуфтондан кейин совуқ сувда яхшилаб чўмилтирасизлар. Кейин шамол эсиб турадиган совуқроқ жойга бошини эголмайдиган қилиб, қантариб боғлайсизлар. Саҳарда мени уйғотсаларингиз, яна нима қилишни маслаҳатлашамиз.
– Майлаш, ако…
Кўзларига Саримсоқ полвон жуда ёш кўриндими, унинг қора айғирни мина олишига на Облоқул понсад ишонди ва на сайислари.
Отни кўпкарига тайёрлаш усули уларни бадтар ҳайратлантирди. Аммо барча топшириқларини кўнгилдагидай адо этишди: саҳар пайти кекса сайис уни уйғотиб чиқди.
-Отни кўрунг, меймон,-деди шивирлаб.-Ўлой деб қолли…
Чўмилтирилгач очиқ жойга қантариб қўйилганидан, тоғ салқинида айғир роса таъзирини еганди. қаттиқ совқатганидан кўзлари косасидан ирғиб чиқай деб турарди. Саримсоқ полвон буни пайқагач, яккамихдаги ипни озроқ бўшатдирди. Бир боғ беда олдириб келиб, гул ва япроқларини эринмай тозалади. қуруқ поясини отнинг олдига солгач, сайисга тайинлади:
-Отга бошқа ҳеч нарса берманг. Эрталаб эгар-абзалини созлаб, кўпкари майдонига чиқараверинг. Айил-пуштон ва югани пишиқ бўлсин…
Томошабинларда ёш полвонларга қизиқиш ҳар доим баланд бўлади. Ҳали кўпкари бошланмай турибоқ у ҳақда турли фикрлар айтила бошлайди. Айниқса узоқдан келган полвон тўғрисида биров эҳтиёт бўлиброқ, пардалаброқ гапирса, бошқаси ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ерга уради. Полвоннинг ўзи бу гаплардан бехабар. Билган тақдирида ҳам мақтов ва камситишларга бирдай чидашга мажбур. Кимнинг нимага қодирлигини майдондаги сурдаклар кўрсатади. Бироқ унгача ишқибозларнинг сабри чидамайди: ўзининг озроқ тажрибаси ва полвоннинг ташқи кўринишига қараб ошиғич хулосани чиқариб қўя қолишади. Баъзан натижа кутганларидан бўлакча бўлиб чиққанидан ҳайратланишади ҳам. қарийб ўн пуд тош босадиган полвоннинг тақимидаги улоқни унинг ярмича келмайдиган қандайдир болакай юлиб кетадиган пайтлар бўлади.
Моғиёнлик томошабинларгинамас, кўпкаридаги барча чавандозлар ҳам Саримсоқ полвонга алоҳида қизиқиш билан қарашди. Облоқул понсаднинг Худойқул полвон эплолмаган отини бу йигитчанинг миниш талабида чиқиши, кўпчиликка анчайин чиранчоқликдай туюлмоқда эди. Худойқул полвоннинг ўзи ҳозирча бирор фикр айтмаган эса-да, унинг тарафдорлари: «Бу елўпкани Моғиёнга ажал ҳайдаб келган»,-дея жар солмоқда эдилар.
Жамоат назарига бу тарзда тушиш ҳам дуруст эмасди. «Шу отни минаман», деб яхши иш қилмаганини унинг ўзи ҳам сезди. Бироқ энди ортга қайтиб бўлмасди. Шу туфайли вужудини қамраган ҳаяжонни енгиб, сайислар овсарда зўрға тутиб турган қора айғирнинг юганидан ушлади.
-Ё-о-о пирим!-дея чаққонлик билан эгарга ўтирди.
Овсари олинганини дафъатан сезмай қолган айғир ундан қутулганини пайқагач, шамолдай дувиллаб кўтарилди. Жиловини жингиртоб қилиб тортган суворийсининг қаршилигига дуч келгач, бир пас у ёқ-бу ёққа шох ташлаб қолди. Кейин ўчакишгандай нарироқда кўринаётган тепалик томонга суриб кетди. Орқадан кулги-мазахлаш билан бирга, ҳавотирли овозлар эшитила бошлади:
-Айғир устидаги болани нобуд қилади, тутинглар уни!
-Мурдаша ёбетон!
-Ушла! Тут!
Кулишаётган, шовқин-сурон солаётганларнинг аксарияти негадир ёрдамга шошилмади. Балки шошиб қолишганидандир. От тепаликни айланиб кўздан йўқолгачгина ортидан ўн чоқли чавандоз от қўйишди. Бироқ, қутуриб чопаётган айғирга етиб бўлармиди!..
Жиловга бўйин бермагач, Саримсоқ полвон отни ўз холига қўйиб, орқасига қўл узатди. Думини қайириб, қилидан беш-олти донасини юлиб олди. Чаққонлик билан эшиб, олдинга узалди ва юганни ҳам ечди. Сувлиқ тўқаларига эшилган қилни боғлаб, сувлиқ ўрнига айғирнинг оғзига киритди. Хаял ўтказмай жиловни икки томонга аррадек тортиб-тортиб юборди. Пишиқ эшилган қиллар оғзини тилиб юборгач , айғир сал инсофга келгандай бўлди. Аммо орқага буриб ҳайдаганида яна ўжарлиги тутди. Бўридай қутуриб сапчиётган отнинг кўзларига энди ҳеч нарса кўринмай қолганини Саримсоқ полвон англади. Шу кетишида у бирор жаргами, чуқургами ўзини ташлаб юбориши ҳеч гап эмасди.
Юз бериши мумкин бўлган фалокатнинг олдини олиш учун Саримсоқ полвон юган тўқаларидаги қилни ечиб ташлади. Сувлиқни оғзига қайта солгач, охирги чорани қўллади: от бошини ўнг томонга қайириб тортди. қамчи дастасини тик тутиб, орқаси билан жағига кучли зарб берди. Жаҳл устида қаттиқроқ урган экан, озиқ тишларидан бири қўпорилиб, қамчи дастаси оғзига кириб кетди. Жони оғриган айғир жойида чириллаб айланди-ю, пишқириб, қўпорилган тишини ерга қон ва кўпик аралаш пуркаб ташлади…
Асов бедовларни ўргатувчи тобгирлар йилқиларнинг феъл-атворини умумий тарзда билишидан ташқари, ҳар бир отнинг ўзига хос хусусиятларини ҳам ўрганадилар. Чавандозда эса бундай имконият кам бўлади. У қисқа муддатдаёқ минган отининг феъл-атворидаги яширин жиҳатларни ҳам англаш иқтидорига эга бўлиши керак. Уюрларда олти-етти йиллаб эркин, ярим ёввойи ҳолда юрган сакраш отларни енголишга қодир куч ва тадбиркорлиги шундан кейингина иш бериши мумкин. Ўшанда Саримсоқ полвон қора айғирнинг тишларига зарб беришдан бошқа чора тополмаганди. Жонидан ўткизмаса от унга сира бўйсинмаслиги кундай равшан эди. Боз устига жойларнинг нотаниш ва ноқулайлиги ва ҳар лаҳзада юз бериши муқаррар бўлган фалокат хавфи уни шундай бешафқат йўл тутишга мажбур қилганди.
Миясига урган оғриқ сал босилиши билан айғир саркашлигини яна бошламоқчи бўлди. Аммо устидаги суворий фурсат ўткизмай қамчисини бошқа қўлига олиб, жиловини иккинчи томонга жингиртоб қилиб торта бошлади. Шунда от сезди-ки, у ҳамма тишларини қоқиб олишдан қайтмайди. Бу томондаги тишларига зарб теккизмаслик учун жойида таққа тўхтаб, қийинчилик билан тумшуғини ўмровига тортди.
Саримсоқ полвон айғирнинг, ниҳоят, сесканганини пайқади. Ҳайвон зоти ё қўрққан кишисига, ё тарбиятлаб ўргатганига бўйсинади. Шунинг учун бўйнини ёнига қайиришни тўхтатиб, эҳтиёткорлик билан жиловни бўшатаверди. От ҳам аста-секин бошини кўтара бошлади. Жиловини тўлиқ бўшатганида ҳам у қаддини алифдек ғоз тутиб, жойида қимирламай тураверди. Ортидан ёрдамга бораётганлар етишганида, айғир унинг измига тушиб қолганди. Майдонга биргалашиб киришди. Бироқ Саримсоқ полвон ўзини тўдага урмай турди. Моғиёнликларнинг чопиш усулларини ўрганиш, ҳамда отини жиловга тўлиқ кўниктириш мақсадида атрофда айланиб юрди.
Бу орада бориш-келиши тўрт улоқ олинди: иккитаси Облоқул понсаднинг отларини чопаётган Худойқул полвонга, иккитаси бошқа нотаниш полвонларга насиб қилди. Бешинчи улоққа бориб Саримсоқ полвон ҳам тўдага кирди. Ташланаётган улоқларнинг вазни пастга тушгунича қанча ортиши ва урилиш зарбини чамалаб кўриб, у тушиши мумкин бўлган жойга бориб турди. Бундан баковуллар ҳам, чавандозу томошабинлар ҳам ажабланишди…
Бу ердаги кўпкариларда бошқа жойлардагидек махсус чортоқ қуришмасди. Улоқни баковуллар тоғнинг ўн газча баландлигида туртиб чиққан чоғроққина тош супачага чиқариб, пастга юмалатиб юборишарди. Камида икки пудлик улоқнинг тош тугаган жойдан ерга тушгунича вазни икки-уч баравар ортиб кетарди. Шунинг учун чавандозлар ўзларини четроққа олиб туришарди. Улоқ гурсиллаб ерга тушгачгина унга ташланишарди. Телба айғирни қандайдир йўллар билан ўзига бўйсиндириб, ҳаммани қойил қилган бу йигитчанинг ўзини яна ажал комига уриши бориб турган тентакликка ўхшарди.
-Нима қилўпсиз, ако?-қичқирди тепадаги баковуллардан бири.-Улоғ устизда тушуб майиб қиладу! қочинг эрдан!
-Атайлаб турибман,-Саримсоқ полвон бепарво жавоб берди.-Ташлайверинглар.
Орқароқда турган Худойқул полвон тожикчалаб нимадир деди. «Ўлгиси келган одамни аяб нима қиласан, ташла улоғингни»-деди шекилли-да. Баковуллар бир дақиқа ўзаро маслаҳатлашишиди. Пастга қараб бош чайқашди. Бошқа томонга ташлаш имкони бўлмаганликдан, улоқни одатдаги йўналиш бўйича юмалатишди. Пастдаги телба чавандознинг нима қилишини дурустроқ кўриш мақсадида ўзлари зов четидан бўйинларини чўзиб, пастга қараб туришди. Шу пайтгача ўзларича ҳар нарсани валдираётган оломоннинг дами ичига тушиб кетди: кексароқлар қараб туриб хуни ноҳаққа йўл қўяётгандай изтироб тортса, баъзиларининг кўнглида «бу бола бекорга бу ерда тургани йўқ, улоқни албатта тутиб олади»,деган ишонч ҳам йўқ эмасди. Аммо кўпчиликни қамраб олган даҳшат, бари бир, уларга ҳам юққан эди.
Улоқ бир газча юмалаб тушгач, улкан харсанг четидан пастга палахмоннинг тошидай учиб кетди. Саримсоқ полвон қамчисининг бандагидан маҳкам тишлаганича узангига оёқ тираб, ўрнидан даст кўтарилди. Икки қўлини баланд кўтариб, шувиллаб келаётган улоқни тутиб олди. Уни эгарқошнинг олдига шундай туширди-ки, зарби камида икки марта камайди. Шу туфайли қора айғир елкасига урилган юк залворидан унчалик қийналмади.
Атрофни қамраган сукунат бирдан бузилди: издиҳом ҳаракатга келиб, ҳайрат ва тахсин хитоблари янгради:
-О-о-о!
-Бале-е-е!
-Паҳлавони бузург ин хел бошад, падарашба рохмад!
Ҳар дақиқа ғанимат эди. От бошини буриб ҳайдаётганидаёқ улоқни тақимига мустаҳкамлаб босиб олди. Кўз олдиларида юз бераётган ғаройиботдан лол бўлиб турган чавандозлар шундагина ўзларига келишди. Ҳай-ҳай сурон билан ортидан от қўйишди-ю, маррагача бирортаси етолмади. қора айғир бамисоли шамол бўлиб учарди…
Саримсоқ полвон ўшанда уст-устига тўрт улоқ чиқаргач, отни алифдай қилиб Облоқул понсаднинг қўлига топширди:
-Мана, Бой ака,-деди кулиб.-Айғирингиз ҳақиқий тулпор экан. Раҳмат сизга.
Понсад бир-икки зот олингач ё сотилиб, ё сўйилиб кетадиган бедовни сақлаб қолгани ҳамда ишга киритиб берганидан қувондими ё бошқа нарсадан таъсирландими, биратўласи эриб кетди:
-Балли, полвон иним!-деди елкасидаги қимматбаҳо сувсар пўстинини ечиб, елкасига ёпаркан.-Бу айғирнинг нималарга қодирлигини ўзим билардим. Сиз адашмаганимни тасдиқладингиз. Бу пўстин хизматингиз учун хамир учидан патир…
Моғиёнда Саримсоқ полвоннинг обрўси бирдан кўтарилиб кетди. Кўпкари йўқ кунлари элнинг казо-казолари уйларига меҳмондорчиликка чақира бошлашди. қаерга боришса Облоқул понсад билан бирга, унинг қора айғирини миниб борди. У туфайли ёзкечувлик ҳамда суфиёнлик шерикларига ҳам иззат-ҳурмат кам бўлмади.
Кейинроқ қандай сабаб биландир бу воқеани Жуманбой билан Файзулла махсумга айтиб бериб койиш эшитганди: «қалтис ишлар одамга обрў келтириши ҳам, умрига нуқта қўйиб, шарманда қилиши ҳам мумкин»,-дейишди улар. Шу-шу, у бунақа қалтис ишларга қўл урмай қўйганди. Муфтининг етагига қандай кетиб қолганини эса ўзи ҳам билмади.
Отасига узоқ юрмаслик ваъдасини берганига қарамай, Саримсоқ полвон Бухорода бир ойдан зиёдроқ қолиб кетди. қайтиб келганида Исмойилбой қаттиқ ранжиди.
– Энанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада, деганлари шу-да,-деди ўксиб.-Бу юришларинг бор, бизга бир сиқим тупроғинг ҳам насиб қилмай қолади чоғи.
Шу гапдан кейин у узоқлаб кетмай қўйди, Лекин Ўгатдаги бир кўпкаридан кейин…
* Табла-отхона
* Овсар-асов отлар ва туяларнинг бошига кийдирадиган пўлат мосламали нўхта, махсус бошвоқ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.