Туғилган кун табриги

mushtum2ОҚПОШШОДАН ОҚСАРОЙГА

Ҳурматли устоз ва мураббий, бирга разведка қилишда ишончли хамроҳ!
Кўп миллионли чекистлар ва асл коммунистлар номидан сизни – Ҳиндистон осмонидаги самолётда ўзбек ҳалқига мустақилликни ином этган буюк инсонни – туғилган кунингиз билан чин юракдан табриклашга рухсат этасиз!

Юракни чинлиги шубҳа остига солинаётган ва баьзи ишларда сиздан рухсат сўрашни хожати бўлмаётган бу кунларда бундай мўьтабар ёшга тўлганингизни ўзи алоҳида хурматга сазовордур! Айниқса чорак асрдан бери ўзингиз бошлаган “буюк келажак” иншоотини яна 15 -20 йиллардан сўнг ўзингиз битказишингиз ҳақида қилган ниятингиз ҳар қандай мақтовга лойиқдур! Мен аминман – “буюк келажак” ҳали сизни олдингизда, бизни эса орқамизда кутиб турибди! Доно ўзбек ҳалқи айтганидек, ошини ошаб, ёшини яшаб бўлганингизга қарамай ҳеч тинчий демайсиз. Биз ўзбекларни донолигини яхши биламиз. Чунки уларни 5 миллиони билан 20 йилдан бери ёнма-ён яшаш шарафига муяссар бўлмоқдамиз. Улар томонидан сизнинг дўстона танқидингиздан тўғри ҳулоса чиқарганини ва ҳар қандай дангасачиликни йиғиштириб оғир мехнат билан нафақат ўзларини ҳақларига, балки минглаб миграция ва полиция ходимларимиз ҳақларига ҳам муносиб ҳисса қўшаётганликларини алоҳида таькидламоқчиман.
Давлат рахбарлигини биринчи кунидан сиз лоқайд аҳолини баьзи қатламлари билан қаттиқ кураш олиб бораётганингиз ҳаммага маьлум. Айниқса мажбурий мехнатга буйин тоб бермай сиёсат, дин ва шунга ўхшаш бемаза нарсаларга чалғиган, сиз ҳадя етган мусаффо осмон ва истиқлол шарофатидан ношукур бўлганларни Жаслиқ, Товоқсой, Олмалиқ ва бошқа-бошқа жойларда тартибга чақираётганингиз биз учун катта намуна мактаби бўлиб қолмоқда. Кези келганда Россиянинг Магадан, Мордовия ва Колима ҳудудларида баьзан бўш қолган ГУЛАГ меҳнатхоналарини сизга алоҳида хурмат юзасидан бепул ижарага беришга тайёрлигимизга ишонтираман! Балки менга ҳам сизнинг тажрибангиздан фойдаланиб у ердаги баракларга баьзи Баракларни жойлаштириш насиб этади, деган умиддаман.
Мухтарам устоз! Давлатни бошқариш борасида сиздан ҳарқанча ўргансак кам, ўрганадиган соҳалар эса жуда кўп. Масалан Андижон шахри майдонида ўзбошимчалик билан йиғилганларни зудлик билан қатлом қилиб, мингдан ошиқ қурбонларни “беҳит” дафн қилганингиз Чеченистон ва Шимолий Кавказ воҳасида узоқ йиллик урушга барҳам беролмаган бизнинг харбийларимизга катта ўрнак бўлиб қолаётганлигини алоҳида урғулаган бўлар эдим! Шундай экан, хозирда биздан Украинага тасодифан бориб, кўнгиллик ҳолда тасодифан урушда тасодифан вафот қилиб қолган баьзи ҳарбийларимизни “беҳит” ҳолатда кўмишда сизнинг оталарча маслаҳатларингизга доимо мухтожмиз!
Сизга табрик ёзар эканман, узоқ йиллар мобайнида президентлик сайловларида мунтазам ғалаба қозониш саньатингиз мен учун зўр намуна ва доимий мўлжал эканлигини яна бир бор таькидламоқчиман. Айниқса сайлов томошаларига Акмал Саидов каби тажрибали раққос билан бир қаторда ҳар гал янгидан-янги ўйинчиларни жалб қила билиш маҳоратингиз бизнинг сайлов циркимиздаги Г.Зюганов ва В.Жириновский каби мохир клоунларимизни лол қолдириб келмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, март ойида ўтказиладиган президент сайловларида яна бир бор ғалаба қозонганингиз билан ҳам табриклашга ижозат бергайсиз!
Хурматли дўстим! Бугунги улуғ кунингизда нафақат сизни, балки дунёни турли бурчакларида, жумладан Женева, Лос-Анжелес, Лондон, Дубай шахарларида истиқомат қилаётган қизларингиз, қайниларингиз ва невараларингизни менинг хам турли давлатларда саргардон юрган қизларим ва куёвларим номидан самимий табриклашга ижозат этасиз! Чунки сиз билан бизни бола-чақа, оила, кундалик юриш –туришимиз ва кундалик уруш-тиришимизда ўхшашликлар кўп! Айниқса бизни оилага янги қўшилган ёш келинчакни сиз қўл остингизда улғайганлиги менда доимо фахр туйғуларини уйғотади.
Мухтарам юртбоши! Шу кунларда биз олиб бораётган тинчликсевар сиёсатни кўра олмай, мунтазам равишда бизга нисбатан ғаламуслик қилмоқчи бўлаётган турли давлат рахбарларини ҳулқ – атворлари биз коммунистларда қаттиқ нафрат туйғуларини уйғотмоқда. Бу нафратда одам баьзан уларга нисбатан бор кучимизни ташлаш ҳаёлига ҳам боради. Нима бўлганда ҳам бизни бирлигимизни ҳеч қандай куч синдира олмайди! Ҳатто пул бирлигимизни аллақачон синган кучи ҳам синдира олмайди. Чунки аминман – умр бўйи пешона тери билан орттирган арзимас бойликларингизни доимо Мурунтов тиллолари ҳолида сақлашга ҳаракат қиласиз!
Табригимни якунида мен сизга, мухтарам устоз, сиз мўлжал қилган пахта мустақиллигига эришишда, нефть мустақиллигига эришишда, дон мустақиллигига эришишда, гуруч мустақиллигига эришишда, мош мустақиллигига эришишда, нўхот мустақиллигига эришишда доимо омад ёр бўлишини истаб қолардим. Ёшингиз улуғлигини ҳисобга олиб бу йўналишларда ўзингизни кўп ҳам қийнаманг ва уринтирманг. Чунки вафодор шогирдингиз бу ишлар натижасини қоғозда шундай махорат билан ажойиб қилиб чизиб қўядики, бу буюк мақсадларга эришганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Мустақилликни мустаҳкамлашда чарчаманг, давлатни ҳар томонларини темир панжаралар билан занжирбанд қилиб ўрашда сизга куч – қувват тилайман!
Жаслиқ дуоларидан сизни, Қрим мусулмонлари дуоларидан мени яратганни ўзи асрасин! Қилаётган катта ишларимизни охири бахайр бўлсин, оллони ўзи сақласин!!!
Сизга алоҳида хурмат билан укангиз ОҚПОШШО!

Оқпошшо табригини сизга етказган М.Мансур. 30-январ 2015-йил.

%d bloggers like this: